Шермурод Субҳон. Сени изладим (шеърлар)

2010 йил, 4-сон Назм

1шеър2

кетмоқдасан
кўзларимга қадаб нигоҳинг
синамоқ учун
севги-сабримни

севганимни
балки билдинг
балки билмадинг
умрим сенга ҳавола
ихтиёрингдадир
бор ила йўғим

етмас сенга оҳ
етмас ўйларим
кутасан мендан
ширин сўз каби
илиқ бир нима

севгидир балки у бир
балки ҳеч нима

2

кетмоқдасан
кўзларимга қадаб нигоҳинг
воз кечдинг наҳот
севги «сўз»ингдан

ман этилмиш
васлинг менга
севги гуноҳим

кўрмоқ истадим
сени мен гоҳо
гоҳо унутмоқ

3

кетмоқдасан
кўзларимга қадаб нигоҳинг
бир ишонч
бир умид солдинг қалбга
яна қанча қувонч

севги тилини ўргатдинг менга
бирда
айрилиқ тилин
бирда висол
бирда ҳижрон
армон тилини

ўргатдинг менга бир бир
фақат қувонч сиққан кўнглингга
нима десамда ёқишин
ёқмаслигин ё

4

кетмоқдасан
кўзларимга қадаб нигоҳинг

биламан
фойдасиздир энди
не десам сенга
кор этмас кўзёш
мисоли севгим

ҳолбуки
сени қайта кўришнинг
баҳонаси эдику
кўчангдан ўтиш

ҳолбуки
олис эди масофа
яқин эдик биз

5

кетмоқдасан
кўзларимга қадаб нигоҳинг

ортда қолдими энди у
ўтли нигоҳу
ўтли бўсалар
ортда қолдими ёҳу
барча барчаси

6

кетмоқдасан
кўзларимга қадаб нигоҳинг

сен мени ҳали кўп эслайсан кўп
унутолмайсан балки
сочларингни мендек гарчи
силар энди ўзга бир ёр

7

кетмоқдасан
кўзларимга қадаб нигоҳинг

қолсинлар майли
севгим каби
сўзларим шундай
сассиз садосиз

* * *

изласам
сени изладим
хаёл кўчаларидан
севсам сени севдим мен

кўзларингдан жой бер менга
сургун қил қама
муҳаббатингга
қурбон бўлай мен

сенсиз ўтса кун
кун эмас
зим зиё кеча
ёлғондир сенсиз
туннинг тунлиги

тушларингга кирсам дейман
чиқсам фолингда
бўлиб бир зум хаёлинг
тортсам диққатинг

айт гулим
сўйла ўзинг
бизга висолдан
яхшиси борми
ёмони борми
ахир фироқдан…

* * *

инонки
юрак гўё
меники эмас-да сеники

* * *

мен узоқ уддалай
олмаган ишни
адоғига етказар
бир зумда қадаҳ

сиз майдан мастсиз
мен бундай бахтдан
сиз ўйинқароқ қиз мудом
мен шўхчан бола
сизни энди тер босар
мени-чи ҳаяжон