Ўктам Мирзаёр. Ямоқ (ҳажвия)

2010 йил, 1-сон Наср

Уктам-МирзаёрЎктам МИРЗАЁР
 
ЯМОҚ

Ҳажвия

Нозимхон тўра уч сотихли ҳовлисининг деворига пешонаси урилишидан қўрққандек ўртада туриб, чойхона ҳиди унниққан, ёғ ва тердан ялтираб кетган каллапўшини бошидан олиб, куракдай кафтига бир-икки урди-да, қайта кийди. «Хўш», – деди у. Сўнг отаси қачонлардир думбаси тоғарадай-тоғарадай қўй боқадиган, эндиликда рўзғорнинг лаш-лушлари қалашиб ётган бостирма тагига борди. Кўнгли чойхонани тусаб турибди-ю, кириб боришига баҳона йўқ. Борса, уч-тўртта бекорчига ем бўлади.
Хаёл сурганча бош қашларкан, рангги тўқ қизил, бўялаверганидан палахса-палахса бўлиб кетган буюмга кўзи тушди. Қизиқсиниб устидаги доиранинг қосноғини, йиртиқ ғалвир, хом теридан тўқилган чиғилни, боғлам-боғлам қоғозни бир-бир четга олиб, қарасаки, Шокир косибдан қолган этикдўзлик дастгоҳи экан. Қопқоғига эски қоплама қулф илинган. Бус-бутун.
Шокир бува отасининг қадрдони эди. У дастгоҳини гузардаги тут остига ўрнатиб, эртадан кечгача косибчилик қиларди. Нозим ўшанда олти ёки етти ёшларда эди чамаси, аниқ эслайди – дастгоҳдан ўнг томондан тик дастурхон тўшалган сандалдаги ликопчада ўн-ўн беш дона увитилган туршак, бир ҳовуч парварда, кўк чой дамланган турарди. Болалар билан ўйнаб, ютоқиб келган Нозим сўзсиз-сўроқсиз туршаклардан истаганча еб, муздай кўк чойни симириб мазза қиларди. Шокир бува уни уришмас, аксинча ялангоёқ, қорни гумбаздай Нозимни бағрига босиб, «Бўйларингдан айланай, Нозимхон тўрам», – деб бошини силаб қўярди. Нозимнинг бирваракай ҳам хон, ҳам тўралиги шундан.
Шокир буванинг фарзанди йўқ эди. Хотини бўлган-бўлмаганини Нозим эслай олмайди. У оламдан ўтгач, Нозимнинг отаси – Шерим бува этикдўзлик қилмаса ҳам қадрдонидан қолган биргина шу меросни ташлаб юбормади.
Айтишларича, Шерим бува яхшигина қўшиқ айтарди. Дутор чертиб, тебраниб ўтирар, Шокир бува эса унга доирада жўр бўларди. Кўнгил-да! Икки улфат ҳавас учун қилган хонишларни нафақат чойхоначилар, балки, йўловчилар ҳам бир дам тўхтаб, тинглашар эди.
Нозим баъзан-баъзан буваларига ўхшагиси келиб, торгина ҳовлисини бошига кўтариб, радио-телевизорларда эшитган қўшиқларини ванг қўйиб юборар эди.
Топар-тутари ночорроқ бўлишига қарамай, «Элнинг ошини еганман, элдан қарзим бор», деб мард келадиган, ор-номусли одамлар тўй қилса, наҳори ошни ўтказиб бериш учун Нозимхон тўрани ҳофиз сифатида таклиф қилиб туришарди. Шундай кезлардагина эгни янги кийим кўради. Санъаткор аҳли киядиган ялтироқ костюм-шим. Оқ куйлак. Бошда носнусха духоба дўппи. Аммо, бўйинбоғ боғламайди. Ҳазил аралаш шаъма қилсангиз, «У даражага етганимиз йўқ», – дейди илжайиб.
Новча бўйли Нозимхоннинг тўйни ўтказиб қайтиши мароқли: қўлтиғида тор ғилофи, чап қўлида тўйхонадан берилган рисқ-насиба солинган тугунча. Ўнг қўли маҳалладошлари билан сўрашиш учун ҳамиша бўш бўлади. Торгина кўчани тўлдириб, ўнг қўлини кўксига қўйиб, бир-бир қадам босиб, керилиб келаверади. Учраган одам билан узоқ ва батафсил сўрашади. «Хуш кўрдик, хуш кўрдик», – дейди қалин лабларини меҳр билан чўччайтириб. Каттароқлар учрамаса, болаларни ҳам тўхтатиб ота-онаси, буви-бувакалонларининг ҳолини ҳам бир-бир сўраб чиқади. Маҳалладошларининг кўзига бирам ёқимли, бирам одамохун бўлиб кўринадики, боши кўкларга етади. Аммо, ундай кунлар ҳамиша ҳам бўлавермайди-да!
Нозимхон тўра бўш қолса таниш-билишлар «бир жуфт эшитайлик», – деб чойхонага судрашарди. Кунда-шунда улфатлар қўшиқ тинглаб завқланганда яғири чиққан дўпписига уч-тўрт сўм қистириб хурсанд қилишади. Ишқилиб куни ўтиб туради…
Нозимхон тўра дастгоҳни ёруғроқ жойга олиб чиқиб, шу атрофда ётган латта-путта билан чангини артди. Ҳатто суви қишин-ёзин оқиб ётадиган букри жумрак ёнига бориб, латтани намлаб келди-да, ҳафсала билан дастгоҳни қайта-қайта артди. Қоплама қулфнинг тешигига мих тиқиб очди. Шу дам ҳаяжонли пишиллаши қўшниларга ҳам эшитилган бўлса ажаб эмас.
Дастгоҳ қопқоғининг ички томонига турли-туман асбоб-ускуналар тартиб билан терилган эди. Улар эчки чармидан буриб-буриб ҳафсала билан ясалган ғилофларга тикилган бўлиб, устига ёғ, бўёқ, доғ теккан, шунча йил ўтган бўлса-да, елим сўрғичнинг таниш ҳиди анқиб турган латта ёпилган. Шокир бува ишлаётганда шу латтани тиззасига тўшарди.
Дастгоҳга тикилиб ўтириб хаёлга берилган Нозимхон тўранинг фикри ёришди. Ана, Шокир бува дўкон қуриб ўтирадиган тутнинг ости ўт босиб, ҳувиллаб ётибди. Ҳар гал ўтганда болалиги эсига тушиб, юраги ҳаприқиб кетади. Шу тут атрофини обод қилиб, Шокир бува касбини давом эттиради. Ҳар ҳолда бировнинг қўлига қарагандан кўра, шу маъқул эмасми? Ўзи диққинафас чойхона жонига тегувди. Ичкилик, ғала-ғовур, қий-чув. Ширакайф улфатлар «яна битта бўлсин»лашиб жонингга тўйдириб юборади….
Шокир буванинг пойабзал ямашларини кўравериб кўзи пишиб кетгани боис қўли тез ўрганди. Учинчи куни маҳалладош ўқитувчи Нурмат домла бозор сумкасини тўлдириб хотин, бола-чақаларининг оёқ кийимларини ташлаб кетди. «Бир ҳафтадан кейин келасиз», – деганига қарамай кун ўтказиб, айни пешинда яна ҳозир бўлди.
– Шу ишни яхши бошлабсиз, энди айбга буюрмайсиз, туфлигимнинг ости тешилиб, беҳузур қилиб юборди. Шуни…
– Ҳечқиси йўқ. Энди бироз кутасиз, тақсир. Дарс-парс йўқмиди ишқилиб?
– Озодмиз, бугун.
– Шу дейман, ҳозирги болаларнинг ичи тор, дарсда ўтиравериб, зерикиб кетишса керак-а? Шуларнинг калласига бирор нарса кираяпти, деб ўйлайсизми домла?!
– Илм берилади. Олиш уларнинг иши… Менга қаранг, уста, ўзингиз ўқувчи бўлмаганмисиз?
– Бўлганман, ҳамма қатори, бориб юрганман-да, бу ёғи тирикчилик дегандай.
– Ҳа, шу тирикчилик ўлсин-да! Ҳамма айбга тирикчилик қопқоқ. Ўзи ҳам шундай дейишингизни билардим.
– Сабаб? – Нозимхон тўра пойабзал таглашдан тўхтаб, домланинг юзига ажабсиниб тикилди.
– Хафа бўлмасангиз айтаман.
– Эй, ҳали хафаям қиласизми?
– Хўш, – деди Нурмат домла бир дам устанинг қўл ҳаракатларига тикилиб, табассум билан. Саводингиз ҳаминқадар: биринчидан, она тилидан нолсиз, иккинчидан талаффуз умуман йўқ. Қўшиқни бузиб айтасиз…
– Эй, домла, дардингиз ичингизда эканку-а?! Қўшиқларимни шунча одам тушунмаганидан қийқириб эшитишар эканда-а?!
Нозимхон тўра ишини йиғиштириб ёнига қўйди. Ўнг қўлидаги бигизни чангаллаб, тиззасини ликиллата бошлади. Нурмат домла устанинг авзойини кўриб, даъфатан ҳамла қилиб, бигизини тиқиб олмасин, деб курсичасини орқароққа сурди.
– Айтдим-ку хафа бўласиз деб.
– Хафа бўлган номард! Қани айтингчи, қўшиқларимнинг нимаси ёқмайди-а?! Айбимни билиб қўйганим яхши-да!
– Оғринманг ҳофиз, оғринманг, Худойим сизга яхшигина овоз берган. Аммо савиядан ҳам бироз берганда эди… оҳ,…оҳ,…оҳ,…
– А?! – Нозимхон тўра ўйга чўмди. – Тавияни билардим, отам раҳматли ойимни тавия дер эдилар, савия нимаси? Кўринишимми? Худога шукур, яхшироқ кийинсам, анави афти бужмайган артистларингиздан кўркамроқ кўринаман.
– Савия бутунлай бошқа нарса, уста, савлатингиз михдай, – деди Нурмат домла бош бармоғини кўрсатиб. – Савия эса дид билан боғлиқ. Дид эса фаросатнинг ҳосиласи…
– Менга қаранг, домла чайналмасдан гапни лўнда қилаверинг. Бўлмаса ялангоёқ қоласиз.
– Хафа бўлманг-да, энди, айтдим қўйдим-да. Вақтида андаккина билим олганингизда, ҳозир ким билади, балки, катта ҳофиз бўлармидингиз…
– Худога шукур, ҳозир ҳам ҳеч кимдан кам эмасман. Остонамга илтимос қилиб келадиганлар бор. Унчаям саводсиз эмасман, домла! Обрўйим чакки эмас. Минг қўйлининг бир қўйлига иши тушади, деганларидек, мана, ўзингиздай одам ҳам қаршимда ялангоёқ ўтирибсиз-ку.
– Ҳа, энди тўғри, ҳамма ўқимишли бўлиб кетса, ковушни ким тикади?
– Гапни айлантирманг, домла. Қўшиқларимнинг нимаси ёқмайди сизга ўзи-а? Айтаверинг…
– Хафа бўляпсиз-ку!
– Хафа бўлган номард дедим-ку! Бўлди-да энди. Сиз айтмасангиз ким айтади. Камчилигим бўлса тузатарман. Яна ростдан ҳам элга кулги бўлиб юрган бўлмай.
– Ана бу бошқа гап. Ҳар ҳолда мен тилчиман, биров гапирганида талаффузига эътибор бераман. Энди ҳали айтганингиздай, элга кулги бўлманг дейман-да. Хуллас гап бундай, «Самарқандга борсам мен агар» бор-ку, ўшани секин, хиргойи қилаверасиз, мен хатосини топиб айтаман. Маъқулми?
Нозимхон тўра бош ирғади-да, ангишвонадек болғачасини ҳозиргина бостирилган пойабзалнинг таглигига хиргойига мос тарзда тўқ-тўқ уриб куйлай бошлади:

…Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай қайтмайман,
У қон йиғлаб турар ҳар саҳар,
Мен дардимни кимга айтаман…

Нурмат домла қорачадан келган қоқ суяк эди. Киртайиб ич-ичига чўкиб кетган кўзларини юмганича қўшиқни тинглай бошлади. Бошини ўнг томонга сал эгиб, батамом шайдо бўлди. Бироқ қошлари қабоғини беркитди.
…. Қанча оҳу ютмаган эдим…

Нурмат домла бирдан қулочини ёзиб қичқирди.
– Агар саводингиз бўлганда «оҳу» билан «оғу»нинг фарқига борардингиз.
Шоир «Қанча оғу ютмаган эдим…», деб ёзган. Сиз эса «Қанча оҳу ютмаган эдим», деб шундай гўзал қўшиқни расво қиляпсиз. Шоир акамиз бобоколонимиз Улуғбек ҳазратлари тилидан ўғли Абдулатифга «Қанча заҳар тотмаган эдим, камига сен ҳам ҳаётимни барбод қиляпсан», демоқчи билдингизми?
– Менга қаранг, домла, мана туфлингиз, – Нозимхон тўра бир пойи тагланган туфлини домланинг олдига илкис отиб юборди. – Ялинсангиз ҳам унисини ямамайман, борб тошингизни теринг!
Нурмат домла туфлисини олиб, товони йиртилган пайпоғини қоқиб, инқиллаб оёғига илди.
– Менга қаранг, ҳофиз, тўғрисини айтсам, нега жаҳлингиз чиқади-а? Айбингизни тан олинг-да энди! Аслида-ку сиздан таниқлироқлари ҳам авлиё эмас. Биттаси ўзи аёл бўла туриб, «Ларзонингга қурбон ўлам» деб ҳанграйди. Уста, ўзингиз хафа бўлган номард девдингиз-ку! Бунисиниям ямаб беринг. Худо ҳақи, қўлингиз гул экан. – Нурмат домла оёғидаги туфлисини у ёқ-бу ёққа буриб кўрсатди. – Ликиллаб юраманми, болаларга масхара бўлиб?!
Нозимхон тўра қўлидаги болғачасини маҳкам сиқимлаганча анқовланиб домлага тикилди. Бироз шу алфозда тургач, юмшоқ жилмайди.
– Кийик денг?
– Ҳа, шундай.
– Ваҳо-ҳо-ҳо, – бирдан кулиб юборди Нозимхон тўра, – ваҳо-ҳо-ҳо, ваҳо-ваҳо… – Сўнг кулгидан тўхтаб муштини тишларкан, кулгидан киприклари намланди. – Оббо, шу пайтгача анча кийикни ютуб юборибмиз-да-а?!
– Энди қорнингиз тўйгандир? – Нурмат домла бароқ қошларини кериб кесатди.
– А-а, лаббай?
Нозимхон тўра қизариб-бўзариб кетган эди.
– Ё, ё, сиз ростдан ҳам хафа бўлдингиз, чоғи. Сизга қўшиқ айтманг деяётганим йўқ-ку. Айтинг, айтинг бинойидай овозингиз бор, фақат билиб, сўзларни ҳис қилиб айтинг-да, тақсир.
Нозимхон тўра, бирдан жиддий тортиб, қўлини домла томон чўзиб, иккинчи пойафзалга ишора қилди. Нурмат домла дарҳол пойабзалини ечди.
Нозимхон тўра уриниқиб кетган туфлининг у ёқ-бу ёғини соқолга ўхшаш чўтка билан тозалаб, таглигига ўткир ҳидли елим сурди. Елим қуригач, чарм босиб, ангишвонадай болғачаси билан таглик атрофига тўққиллатиб уриб чиқди ва ён томонларини чархга тутиб силлиқлади….
– Саломат бўлинг, – деди Нозимхон тўра, бу гал пойабзални домланинг қўлига тутқазиб. – Келиб туринг.
Нурмат домла тортишув сабабли ўзини ноқулай сезаётган эди. Ёнидан икки минг сўм олиб узатди. Нозимхон тўра пулга қарамай қўлини қайтарди:
– Буниси сизга гонорея.
Нурмат домла бошини чайқаб кулди:
– Гонореямас, уста Нозим, гонорар.
– Гонореями, гонорарми, қайдан билай, шундай деб эшитганман-да? Хуллас, пули тўланган ҳисоб.
– Розимисиз?
– Розиман, розиман.
Нозимхон тўра гап тамом, дегандек, қўлига бошқа пойабзалларни бир-бир олиб, ўз ишига мойил бўлди.
Нурмат домла унинг ҳаракатларини бир муддат кузатиб турди-да, янгидек товланаётган туфлисини бир-бир босиб, у ёқ-бу ёғига қараб: «Раҳмат-раҳмат, уста барибир устада-а?!» – деганича узоқлашди…