Хуршида. Шеърлар

2013 йил, 3-сон Назм

* * *хуршида

Муҳаббат, муҳаббат, муҳаббат,
Сирлисан, нурлисан, пок лисон.
Арш қадар юксалган эй дарахт,
Илдизинг заминда бегумон.

Заминда, нақ менинг жонимда,
Кўксимдан ўтар ўқ томиринг.
Озуқанг – қайноқ дил қонимдир,
Қаддинг тик этгувчи омилинг.

Зорлисан, орлисан, хормисан,
Бағрингда гоҳ гумон, гоҳ нафрат,
Ёвмисан, ёрмисан, дормисан,
Мен сенсиз йўқдирман муҳаббат,
Мен сенсиз жонсиз тан муҳаббат?!

* * *

Басдир шунча ҳаяжон, титроқ,
Айтаримни айтдим сувларга.
Қайтаримни буюрди қирғоқ,
Ҳожат йўқ деб энди қувларга.

Раҳмат сенга, эй оқар булоқ,
Сирларимни ортиб сийнангга,
Малолидан тутса-да тўлғоқ,
Сездирмадинг мен – кўзи намга,

Ялдо туни ҳорғин ва мудроқ,
Сокин наво чалди муҳаббат.
Ташна дилга ачиндинг, бироқ,
Тилаб кетдинг сабр ва тоқат.

* * *

Бахтнинг рангларини кўра бошладим,
Бири ойда экан, бири қуёшда.
Кулгу жарангини илғаб оляпман,
Гоҳо сойдан келса, гоҳида тошдан.

Ойли оқшомларнинг яллаларидан
Савти наво топдим ўйу ҳавас-ла,
Лайло бўлиб бориб ишқ саҳросига,
Висол завқин туйдим Мажнуннафасдан.

Умр тақрибида яйраш сирларин
Беқарор, безавол еллар ўргатди.
Туҳмат тошларини енгмоқ турларин
Хазонгир фаслимда селлар ўргатди.

Бахт рангин энди сал англаяпману
Ўзимдек зорларга келар ўргатгим…

* * *

Осмон, қуёш, гулзор,
Дарё – жилвакор…
Мендан кўнгил сўраб чирқиллар қушлар.
Сабо юзларимни силар авайлаб,
Япроқлар пойимга пояндоз тўшар.

Борки мавжудотдан тиланмоқ шафқат,
Меҳр излаб топмоқ мумкиндир, аммо,
Сенинг юрагингнинг тафтини туймоқ,
Сенинг тилагингни билмоқ – муаммо…

* * *

Умид қандай яхши,
Умид қандай соз,
Кўзга нур, дилга қўр бергайдир гўё.
Умид борки, танда айланади қон,
Умид борки, юздан таралур зиё.

Наботот қуёшга интилган каби,
Уммонга қўшилмоқ дарё матлаби.
Умидсиз манзилга етолмас инсон,
Умиддан яралар ҳаёт мактаби.

Бедаво дардларни енгмоқлик мумкин,
Тўлғин бўлса қалбда умидвор эпкин,
Умид бор, яшайди муҳаббат, орзу,
Умид бор, дил нафас олади эркин.

* * *

Бирдан маъюсликка бўлдим дугона,
Бирдан борлиғимни қоплади зулмат.
Гарчи, кўрмасам-да, йўқламасанг-да,
Фикратим, сен мени дер эдинг фақат.

Ногоҳ, чалкашдию барча-барчаси,
Ногоҳ, гумон, ўксиш бўлди ҳамроҳим.
Ажаб, бир кунгина ўтдию фурсат,
Бунча тез бурилди сўл ёққа роҳинг?..

Кўксим эзмоқда бир бетайин ҳолат,
Номсиз зерикишлар чорлар дилимни.
Иштиёқ, интилиш йўқолди мутлақ,
Бирдан, кўринмас ғов тўсди йўлимни.

Мен даво қидириб келган бу маскан,
Мени алқаётган шифолар нечун?
Мен фақат сен учун яшамоқчийдим,
Йироқ кетган эдим сендан сен учун…

Андижон