Ҳалима Худойбердиева. Илдиздансиз, тағин илдиз отар ерни унутманг

2010 йил, 3-сон Назм

УНУТМАНГҲалима-Худойбердиева

Елкам халқим елкасига тегиб турмоғи учун,
Бошим халқим кўлкасига эгиб турмоғим учун,
Унга қарши нима келса енгиб турмоғим учун,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

Дардига малҳам бўлайин, хотирин кучлантирай,
Ҳар фарзандини ичга тортайин, ичлантирай,
Ҳар фарзандини юртга боғлайин, бурчлантирай,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

Жужуқларга айтгим келар, қаёнларни кўзлайсиз,
Оҳ, зоҳирга ўч болам, сиз аёнларни кўзлайсиз,
Аммо бу юрт, сирли юртдир, сизам сирли бир найсиз,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

Сиз қуёшсиз, баландлангу ботар ерни унутманг,
Илдиздансиз, тағин илдиз отар ерни унутманг,
Туркистондай қайтиб келиб ётар ерни унутманг,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

БАТАМОМ УЙҒОНИБ ОЛОЛСАМ ЭДИ

Тураётган қушга ўхшайман жуда,
Қушларга ўхшайман уйғонаётган.
Баъзи томирларим ҳали уйқуда,
Баъзи томирларда қонларим қотган.

Хас-хашаклар билан судралиб юриб,
Ўзлик орзусида кетиб борар ёй.
Ўзимча нелардир ғудраниб юриб,
Гулдайин умримни бермоқдаман бой.

Ўзимча кимнингдир ғамини едим,
Кимнингдир кунига юрибман яраб.
Батамом уйғониб ололсам эди,
Учиб кетармидим кўкларга қараб.

БИЛМАСЛАР

Кўрдим, қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари – пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.

Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари,
Боғларининг ширинзабон қушлари,
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.

Отлари-я, қорабайир отлари
“Гижинглайди”, деб ўйласам, додлади,
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади,
Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.

Кузатиб бу дунёнинг ўру қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини,
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.

Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда,
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.

СИЗ КЕЛМАДИНГИЗ

Сувлар қайтиб тушди тағин тоғлардан,
Дўллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.
Улоқиб-улоқиб ўзга ёқлардан
Йиллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.

Тўзғин кўйлакларин кўклаб, янгориб,
Бири қиёғи яшил, бири зангори,
Яратувчинингми олдига бориб,
Гуллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.

Баъзан бетартибу баъзан ботартиб,
Бирин чанглаб, бирин чангларин артиб,
Маним сочларимни оппоқ оқартиб,
Йиллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.

Чинқирдим дунёни бузолмадим, мен,
Денгиз қаттол эди, сузолмадим, мен,
Оёғим занжирин узолмадим, мен,
Сизам келмадингиз, сиз келмадингиз…

ДАШТИ БИЁБОНМАН

Дашти биёбонман. Ҳўлламади ҳут,
Минг йилки чил-чилман бўлмагандай бут,
Мени унутганинг тамоман унут,
Сен томон сузгувчи қайиқ бўлдим, мен.

Қадди шамшод эдим, тўлган ойлардай,
Менга туюлди ишқ-йўлим бойлардай,
Лек, сен ёмон отдинг, таранг ёйлардай,
Ҳажринг ўқларидан майиб бўлдим, мен.

Воҳ, ишқнинг тақдири зумда ҳаллигин,
Мен қайдан билибман тили боллигим,
Қанчалар хуш эди камбағаллигим,
Ғам билан бойитдинг, бойиб бўлдим, мен.

Қул бўлиб, кул бўлиб аросат аро,
Томчи ишқ сўровдим, мен мотамсаро,
Румиймассан, мен деб киймассан қаро,
Кўкингдаги Шамсдай ғойиб бўлдим, мен.

Дашти биёбонман. Ҳўлламади ҳут…

ЎЗНИ ЎРГАТДИМ

Тўлдими, албатта тошаркан у жом,
Мудом тўлмасликка ўзни ўргатдим.
Қорайса, қорайиб келаверсин шом,
Осон ўлмасликка ўзни ўргатдим.

Яшасам-да, боғнинг гиёҳларидай,
Куч, қудрат яширин қиёқларимда,
Топталсам-да тўфон туёқларида,
Синиб, сўлмасликка ўзни ўргатдим.

Билмам, қайда ўсдим, қандай ўсдим, бас,
Бу зер, забар матоҳ – менинг пўстиммас,
Кўкдан тушолмаслар менинг дўстиммас,
Мен пастлик, хасликка ўзни ўргатдим.

Жумлага, жумладан, менга ҳам ривож
Берсин қодир худо, аммо, юпун, оч,
Бахтсизнинг олдида ярқиратиб соч
Бахтли бўлмасликка ўзни ўргатдим.

Тўлдими, албатта, тошаркан у жом…