Олимжон Давлатов. Бир байт синоати

2012 йил, 2-сон Мумтоз поэтика

mУй бино айлаб ажабтур элни меҳмон айламак,
Улки бу уй ичра беш кун меҳмоне беш эмас.

Алишер Навоий шеъриятида тушунилиши осон бўлган байт ва ғазаллар талайгина. Бундай ғазалларни шарҳлашда одатда шеърнинг бадиий-эстетик жиҳатига кўпроқ эътибор берилади. Жумладан, юқорида келтирилган байтда “беш кун” ва “беш эмас” ибораларида сўз ўйини – тажнис санъати қўлланилгани боис, алоҳида диққат талаб қилади. Бунда шоир “беш” сўзининг туркий ва форсий маъноси (беш сўзи туркийда саноқ сон, форсийда кўп, ортиқ, зиёд маъноларини англатади)ни қўллаб, тасаввурни маъно-моҳият сари ҳаракатлантиради ва қалбда кечинмалар тўлқинини жунбушга келтиради. Бунинг натижаси ўлароқ, “беш кун” ибораси ўқувчини теранроқ мулоҳаза юритишга, тафаккур қилишга чорлайди. Чунки, халқ орасида беш кун ибораси қатори тўрт кун таъбири ҳам қисқа давр, бебақо дунё маъносида тенг ишлатилиши, лекин Навоий шеъриятида тўрт кун дунёнинг бебақолигини англатувчи тавсиф сифатида бирор марта қўлланилмаганлиги ҳам сўзамоллик ҳали шоирлик белгиси эмаслигини кўрсатади. Тасвир ва баённинг зоҳирий гўзаллигини кўзлаб, маъно юкидан озод сўзларнинг оҳангдорлигига қараб шеърда жойлаштириш Навоийдек тасаввури дақиқ шоир учун мутлақо ёт ҳодиса. Шунинг учун, мумтоз шеъриятимизда қўлланилган ҳар бир тимсол, ҳар бир сўзнинг тарихий тадрижи ҳақида маълумот тўплаш, таҳлил қилиш ва муайян шеърга татбиқ эта билиш – тадқиқотчининг бирламчи вазифаларидандир.
Аллома ижодига мурожаат этган аксарият навоийшунослар “Алишер Навоийни англаш учун, энг аввало, у ўқиб-истифода қилган китобларни ўрганиш керак”, деган фикрни тасдиқлайдилар, аммо, афсуски, бу ҳақиқатга ҳамма вақт ҳам риоя қилинмайди. Навоий ижоди таҳлилига бағишланган мақолалардаги иқтибос ва далиллар ҳам, асосан, ХV асрдан кейинги (Ғарб олимларининг фикрларини ҳам шу қаторга киритиш мумкин) манбалардан олинади. Негадир, Навоий даврларигача бўлган адабий-тарихий, диний-фалсафий, тасаввуфий-ирфоний манбалар унчалик муомалага киритилмаган. Навоий ижодини таҳлил қилишда унинг маънавий устозлари – Ҳофиз Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий шеърияти, шунингдек, Мавлоно Жомий ҳузурида “таълим йўсуни ва муқобала усулида” таълим олган, айримларининг номлари “Хамсат ул-мутаҳайирин”да қайд қилинган адабий-ирфоний асарлар бирламчи манба вазифасини ўташи лозим. Ўшанда, байтларнинг замирида етти қават пардага ўралган маъно гўзалликларини инкишоф этиш натижаси ўлароқ қалб ороми, ички руҳий қониқишга муяссар бўламиз.
“Беш кун” ибораси Навоийдан олдин ҳам, Навоийдан кейин ҳам Шарқ шеъриятида кенг қўлланилган. Форс-тожик шеъриятининг йирик вакили, Навоийнинг устози Ҳофиз Шерозий:
Сухан дар парда мегўям, чу гул аз ғунча берун ой,
Ки беш аз панж рўзе нест ҳукми мири Наврўзий,
(Таржимаси: Рамз тилида сўзлайман, гулдек ғунча пардасини оч, чунки Наврўз амирининг ҳукми беш кундан ортиқ эмас).
деса, Навоийни ўзига устоз деб билган туркман шоири Махтумқулининг:
Узангинг тортарлар, тўрт кун кечган сўнг,
Беш кундан ортиқча меҳмон тўхтамас–
деган сатрлари бор. Ҳофиз байтидаги “Наврўз амири” ибораси “беш кун”нинг тарихини Наврўз айёмига боғлиқ урф-одат ва анъаналар ичидан ахтаришимизга ундайди. Абу Райҳон Берунийнинг “Ат-тафҳим” асарида келтирилишича, қадимда аждодларимиз бир йилни ўн иккита ўттиз кунлик ойга (жами уч юз олтмиш кун) тақсимлаб, қолдиқ сифатида қолган беш кунни Наврўз айёмида байрам қилишган. Яъни, бу беш кун йил ҳисобига киритилмаган. Гардизийнинг “Зайн ул-ахбор”ида берилган маълумотга кўра, ушбу беш кун сарой масхаравозларидан бири шоҳона кийиниб, шоҳ томонидан қўшиб берилган шотирлар билан шаҳарни айлантириб, Наврўз айёми амири сифатида ажабтовур ҳукмлар чиқарар, дўконлардан ширинликлар ва бошқа ноз-неъматларни бепул олиб, болалар ва мискинларга тарқатиб бераркан. Наврўз амири беш кун ўтгандан сўнг бирор муддатга яшириниб юришга мажбур бўларкан, чунки одат бўйича агар қўлга тушиб қолса, қаттиқ калтакланаркан. Ҳофиз мозийдаги ушбу одат тарихига ишора қилиб, одам боласининг бу дунёдаги ҳаётини йил саноғига киритилмаган беш куннинг “ҳукмдор”и – Наврўз амирининг ҳолатига қиёслайди ва шу тариқа кундалик турмушда жуда муҳим кўринадиган барча нарса, аслида, ўткинчи-муваққат эканлигини таъкидлайди.
“Беш кун” таъбири ирфоний манбаларда бошқача талқин қилинади. Навоий ўқиб-истифода қилган манбалардан бири – Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Илоҳийнома» асарида дунёдаги ҳаётнинг бешта энг муҳим куни Жунайд Бағдодий талқинида берилган. Биринчи кун “явм ул-мафқуд” – ўтган кун, йўқотилган вақт эрур. Ўтмишни хотирлаб, бекор ўтган замонга афсус чекиш ва олдинги муваффақиятлардан мағрурланиб юришдан фойда йўқдир, чунки мозийдаги шавкат қайтарилмас, ўтмиш хатолари тузатилмасдир. Иккинчиси “явм ул-машҳуд” – бугунги кун бўлиб, ҳар бир киши бу лаҳзалардан тўғри фойдалана билиш, нафс аталмиш душман билан аёвсиз курашиб, ахлоқини тузатиб бориши лозим. Акс ҳолда, бир-бирига ўхшаш кунлар самарсиз ўтавериб, машҳуд куни ҳам мафқуд – бефойда кетиши ҳеч гап эмас. Келажак, яъни эртанги кун “явм ул-мавруд” дея аталиб, бу кун насиб этиш-этмаслиги ҳали номаълум. Хожа Абдуллоҳ Ансорий бу куннинг талқини ҳақида алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай дейди: “Эй азиз, эртанги кунга ишонч йўқдир, ундан бонасиб бўлиш-бўлмаслигинг ёлғиз худонинг ўзига аёндир. Сенга ноаён бўлган нарсага умид боғлашинг нораво, негаки, насияга савдо қилиб, суд(фойда)ни кўзламоқ савдойиларнинг ишидир. Эртанги куннинг ўз вазифалари ва ўз ташвишлари бордир, ҳар бир нафас ҳисобли бўлган бу дунёда бугунги ташвишни эртага қолдириш нотўғри ишдир”.
Тўртинчи кун “явм ул-мавъуд” – ваъда қилинган кун, яъни, бу дунёни тарк этиш кунидир (Махтумқулининг: “Узангинг тортарлар тўрт кун кечган сўнг”, – мисрасини эсланг). Бу – жамийки тирик жонга ваъда қилинган кундир. Ўлим муаммоси – дин,фан, фалсафа ва адабиётнинг умумий ва абадий жумбоқларидан. Цицерон ўлимни даҳшат деб билса, Суқрот аҳамиятсиз нарса сифатида талқин қилади. Като ажални тотли ва гўзал деб мадҳ қилса, Зардушт ўлимни инсоннинг энг хавфли душмани деб билади. Шарқ файласуфларидан Закариё Розий, Ибн Мискавайҳ, Ибн Сино юнон мутафаккирларига издошлик қилиб “Ўлимни эслаш” номида алоҳида рисолалар таълиф этганлар. Аммо, улар юнон олимларидан фарқли ўлароқ, ислом таълимотидаги ўлимни жисмга оид эканлиги, руҳ эса абадийлиги ақидасини асос сифатида олиб, ажални қисматдаги воқелик сифатида қабул қилиш лозим, моддият оламида абадий ҳаётга эришиш йўлидаги барча интилиш ва саъй-ҳаракатни самарсиз, дея баҳолаганлар. Ибн Синодан кейин бу масала муҳокамаси фалсафадан тасаввуф ва ирфон майдонига кўчди. Сўфийлар талқинида, ўлимдан қўрқиш-қўрқмаслик инсоннинг руҳиятига боғлиқдир. Инсон қанчалик моддий оламга боғланган бўлса, нафс унинг устидан ўз ҳукмини ўтказган бўлса, шунчалик ажалдан қўрқади ва уни эсламасликка ҳаракат қилади. Руҳий ҳурриятга эришган кимса эса, ўлимни худди висол онини қаршилаганидек истиқбол қилади. Ижодий ҳаёти шеър билан бошланиб, шеър билан тугаган Мавлоно Жалолиддин Румийнинг сўнгги ғазалини эсланг:

Ўлимим куни қачонки тобутим равон бўлгай,
Гумон қилмагилки кўнглимда дарди жаҳон бўлгай.
Менинг учун йиғлама ва демагил: «Дариғ, дариғ»
Девлар домига тушгайсан дариғ ҳамон бўлгай.
Жанозамни кўрсанг демагил: «Фироқ, фироқ»,
Менга висол ва мулоқот ўшал замон бўлгай.

Тирикликнинг энг муҳим кунларининг бешинчиси “явм ул-мамдуд” – ҳисоб куни, қиёмат куни дея талқин қилинади. Ушбу кун синов тариқасида берилган умрдан тўғри фойдалана билган оқиллар ҳам, ўзини Ер юзасининг мутлақ ҳукмдори билган, ўлимни хаёлига ҳам келтирмаган ғофиллар ҳам азал ва абад мезбони – парвардигори олам ҳузурида бўлиб, қилмишларига яраша мукофот олажаклар. Бу кун одамлар ўз ноқис ақлларига таяниб, тасалли учун тўқиган нисбий ҳақиқатлари чилпарчин бўлиб, абадий ҳақиқат гумон ва шубҳа пардаларини йиртиб, барчанинг кўзига намоён бўлади. Ушбу ҳақиқатга тик қарай билиш нечук олий саодат, қарай олмаслик эса, нақадар оғир мусибат…
Айрим илмий тадқиқотларда таркидунёчилик – пессимистик кайфиятнинг маҳсули, деган янглиш фикр берилган. Аслида, тасаввуф тарғиб қиладиган таркидунёчилик ҳаётсеварликнинг асли ўзидир. Кундалик ташвишларга кўмиб умргузаронлик қилиш, баданни иссиқ-совуқ ва беҳаё кўзлардан сақлаш учун яратилган либоснинг кунора минг рангда турланиши, кўзни қамаштирувчи тақинчоқлар, баланд-баланд кўшклар, муваққат мансаб ва сохта машҳурлик кетидан қувиш, умрдан-да бевафо чиройдан баҳрамандлик учун жонҳалак бўлиш – бу ҳали ҳаётсеварлик эмас. Дунёнинг яралиши, одам авлодларининг пайдо бўлиши, унинг ўткинчи умр майдонида амалга оширажак амаллари, яшашдан мақсад, яхшилик ва ёмонлик, ҳаёт ва тириклик жумбоқлари каби азалий ва абадий муаммолар хусусида фикр юритиш, инсонийлик моҳиятини англаб етиш тириклик аталмиш бебаҳо неъматнинг қадрига етмоқ учун мустаҳкам замин яратади. Аллома Ғаззолий айтганидек: “Киши ўзи маърифат қилган нарсанигина яхши кўра олади, билмаган нарса уни доимо қўрқув ва таҳликага солади”. Навоий беш кунлик дунё ҳақиқатини теран англаган, ушбу ҳақиқат асосида ҳаёт кечирган ва шу сабаб икки дунё саодатига муяссар бўлган улуғ зот эди.