Шудринглар сочган тонг… Мушоира

2010 йил, 2-сон Назм

Салима УМАРОВАшеър3

* * *

Сенинг зарра тупроғингга меҳр бериб,
Ҳар чечагинг, гиёҳингга меҳр бериб,
Кўксим тўлди саодатруҳ туғёнларга,
Ноил бўлдим, ёруғ ният – имконларга.

Заҳмат элин армонларин олиб жонга,
Умидларинг заррасини солиб жонга…
Азобларда минг эврилдим – улуғлашдим,
Ҳақ йўлида дарёдайин тўлиб – тошдим.

Қалб – руҳимга ишқ ҳайратлар берган ўзинг,
Синовлардан синмай ўтдим, олиб тўзим.
Қадим – улуғ, бугун – қутлуғ, эртанг буюк,
Онажоним – Ўзбекистон, ўзинг – суюк.

ЮРТ СЎРА ИСТИҚЛОЛ

Сен келдинг, кўзлари кулиб келдинг, сен,
Не нек ниятларга тўлиб келдинг, сен,
Минг йиллик соғинчим бўлиб келдинг, сен,
Истиқлол исмингдан, жоним, истиқлол!

Мозийнинг қоронғу қаъридан балки,
Қодирий қисматин бағридан балки,
Улус орзулари баҳридан балки,
Сен келдинг истиқлол жоним, истиқлол!

Пойингга жонимни гул қилиб тўшай,
Меҳр – ишқим йўлингга қул қилиб яшай,
Руҳингга қуввату журъатим қўшай,
Сен яшна истиқлол жоним истиқлол!

Бугун шундай суйсам, камолинг ростдир,
Жонинг жонга боссам, иқболинг ростдир,
Қалбимдай асрасам, хуш ҳолинг ростдир,
Ўс, улғай истиқлол, жоним, истиқлол!

Камолга етмоғинг бахтидир элнинг,
Бошида турибсан суронли йўлнинг,
Шудринглар сочган тонг қучар ўнг – сўлни,
Камол топ истиқлол, жоним, истиқлол!

Оллоҳнинг неъмати, муроди халқнинг,
Ватан осмонида чиққан ой балқиб,
Сен десам, ыароғда севинч ёш қалқир,
Боқий бўл, юрт сўра, жоним, истиқлол.

Навоий

Озода ХУШНАЗАРЗОДА

* * *

Ёзнинг илк кунида келиб бир пастда,
Шовуллаб қуйворди кечиккан ёмғир.
Заъфарон майсалар хўрсинди аста,
Сўнгги нафас олди қариб қолган қир.

Деразамни очдим, оҳ, борлиқ тоза,
Бир ажиб енгиллик руҳимга кирди.
Увада булутлар изғиб кўп юрди,
Ёмғирлар тинимсиз ёғмоқда роса.

Илиқ ёмғирларга бошимни тутдим,
Инжудай томчилар ювди юзимни.
Ёмғирларни, эҳ, мен орзиқиб кутдим,
Кечиккан ёмғирдай сездим ўзимни…

* * *

Эркалаб оқмоқдадир Ўрғозсой,
Тошдан – тошга шодон ўйнаб сакрайди.
Оқсоч Қурамага миниб олиб ой
Жилмайиб-жилмайиб ерга қарайди.

Юлдузлар ҳам ухламоқчи чоғида,
Ширин туш кўради норғул йигитлар.
Сукунатни бузиб гоҳи-гоҳида,
Эринибгина вовуллайди итлар.

Келинчактош қоя узра ястаниб,
Уялиб-уялиб ойга қарайди.
Субҳ олдидан енгилгина тўлғониб,
Мамнун бўлиб сочларини тарайди.

Момоларни қувончларга солай деб,
Эшитилди чақалоқнинг ингаси.
Суюнчининг каттасини олай деб,
Қишлоқ бўйлаб чопиб кетди янгаси.

Оҳангарон

ШАҲРИБОНУ

* * *

Хаёлда сузади минг битта тасвир,
Қай бирин танлашни билмай мен ҳалак.
Сенга деб дамланган чойлар ҳам совир,
Бир зайилда қорларга бурканди йўлак.

Оппоқ қор сўзлайди ўз ўтмишини,
Осмонда сузмоқлик бахтмиди, айтинг?
Бирга кутган эдик тонг отишини,
Учмоққа қанотлар тахт эди, қайтинг.

Гарчи, киприк қоқмай ўлтираман жим,
Сиртдан қараганда ёрга ўхшайман.
Аслида, мен худди осмондан сим-сим
Ёғаётган мана шу қорга ўхшайман.

* * *

Аслида, дунёнингни бағри бутунмас,
Нимадир етишмас, нимадир ортиқ.
Кўнгил чорбоғимда шода тут унмас,
Ерга юрагимни қилсам-да тортиқ.

Денгиз армонинг кетсам оқизиб,
Тоғлар сукутида ҳайқириқ яшар.
Булут тўлишганда келар ёққиси,
Инсоннинг ҳавасин келтирар қушлар.

Хаёлим учганда осмонлар қадар,
Негадир хотиржам ололмайман тин?
Ойда ҳам бир талай исмсиз дардлар,
Кимга тўкилсин у кимга суянсин?

Йилларнинг юкидан букчайган хиёл,
Бобом уйидаги қадимий тўсин.
Сойдан тўлиб тошар ўйноқи хаёл,
Дадам кўзларимда кўрарми ўзин?

Узоққа кетолмам, тупроқ – муқаддас,
Дарахтлар пойида хазон берар жон.
Сени кузатаман минг ўйда бесас,
Қайга ошиқасан бунчалар армон?

Андижон

Холиқназар АЛИШЕВ

* * *

Эрта тонг.
Муаттар исларни олиб,
Ўйноқи тонг ели учиб юрибди.
Ўриклар гулидан шимиган болин,
Асалари маҳкам қучиб юрибди.

Эрта тонг.
Бу ўзга тонглардан авло,
Бир тонгки, таърифга ожиз қоларсиз.
Ягона яратди уни таолло –
Исмини эркалаб атади Наврўз…

Эрта тонг.
Бу тонг эл айёми тонгги,
Кўнгиллар меҳрдан қонгувчи бир он.
Оламни тутади гул фасл бонгги,
Гулларга чулғанар шу тонгда жаҳон.

* * *

Бу сувратда жажжигина бир гўдак
Хайрат-ла мен томон боқиб турибди.
“Шу ўзимми?” учрагандан…
Сўрайман
“Шу ўзимми?”…
Ишонмайман кўзларимга.
Ва секин
Хижолату ҳавотир-ла.
Шапалоқдек кўзгуга тикиламан.
Сарғайган, четлари букланган, синган
Бир парча қоғоздаги мурғакка
Ўхшаш аломатлар,
Излар…
Қидираман.
Топилмайди бирор ўхшашлик.
Ҳайрон бўламан.
Шапалоқдек кўзгуга такрор
Хайрат ва савол билан ташлайман назар.
Топдим…
Тиниқ пирпираган кўзлар билан,
Қизариб шишган, ҳорғин кўзларда
Бир хиллик бор –
Хайрат…
Зомин

Саломжон Менгнор ТЕРМИЗИЙ

* * *

Инсонга муносиб истиқбол порлоқ,
Бирлашиб халқ бўлса, бу – иқбол порлоқ.
Халқ ҳаёт меҳвари, ҳақиқий азим,
Ҳақиқат кашфи бу – истиқлол порлоқ.

* * *

Нурингдан бир улуш кўзимда менинг,
Ҳуснингдан бир улуш юзимда менинг.
Меҳрсиз банданг ҳеч бўлмади инсон,
Меҳрингдан бир улуш ўзимда менинг.

* * *

Сирлар оламида инсон ютуғи –
Эзгулик кашфидир, ишлар қутлуғи.
Шундан мазмун топди ҳаёт мукаммал,
Бунда эзгуликдан йўқдир улуғи.

* * *

Мажнун севди қалбин обод этгали,
Озод руҳ-ла ёниқ дилга етгали.
Мен қатраман, сенсан – ишқнинг уммони,
Сени севдим, сенга сингиб кетгали.

* * *

Покликда ҳар доим эзгу намоён,
Вафода диёнат, бу кундек аён.
Лолазор шаънлиги илдиз туфайли,
Яхшилик чашмаси асоси инсон.

Термиз

Фаридахон ҲУСНИДДИНОВА

* * *

Бу шамоллар ўхшайди сизга,
Тутқич бермас, арзанда, хушҳол.
Тартиб билмас, тушмайди изга,
Меҳрни ҳам олади малол.

Бу шамоллар ўхшайди менга,
Кўйингизда саркаш, сарсари.
Гул – япроққа жонин тўшайди.
Хумор этар чаман ифори.

Бу шамоллар бизга ўхшайди,
Севгиларин тан олмас мағрур.
Қилдек жонин қийнаб яшайди,
Ҳамон содда ўша – ўша ғўр.

* * *

Сўз тошлари бунчалар оғир.
Ҳислар ундек кетди янчилиб?!
Ишончимнинг юраги оғрир,
Қирра тошлар тиғи санчилиб.

Куйдиради чўғдек хотира,
Игна тўшак инъом этар тун.
Бир-бир ўчар юлдузлар хира,
Овутади тонг деган таскин.

Қўқон

Эгамберди МУСТАФОЕВ

* * *

Ғунча зеб очгай ҳамиша
Майин эсган саболардин.
Дилим кошонаси вайрон
Бўлур мунгли наволардин.

Умрим карвонини йўлдан
Адаштирган саробингдур,
Ҳануз дилдан чекарман оҳ,
Эришмай муддаолардин.

* * *

Қўш яноғу лаби узра
Ойжамолнинг холи бор.
Ул, уч чиройки, ҳар бирин
Дилга манзур ҳоли бор.

Ёйганида қирқ кокилин
Пеш уриб, тақим аро
Ким они кўргач, дегайлар:
Воажабо доли бор.

Бўйи-бастин бир кўрарга
Неча фурсат кўрдим-а,
Кўрдиму лолдир забоним,
Биллоҳ, они лоли бор.

Адилу, хушрў қоматин
Сарвга монанд этмангиз,
Чунки сарвлар қавли ердан
Кўкка етмоқ фоли бор.

Зоҳиран билмоқ ёшини
Мумкин эрмас, фол очиб,
Ким деди: Ўн етти кавкаб
Воқиф ўлган соли бор.

Тадбири ҳар дам муайян
Элга наф берди, вале,
Меҳнат шижоат сайлида
Бир улусча зойли бор.

Аксини кўрмоққа энди
Халқи кўз илғамас,
Ҳикмати – ойдай жамолин
Кўзгуга тисоли бор.

Тошкент

Зурафо НАРЗУЛЛАЕВА

* * *

Хаёлимда ўша қоракўз,
Юрагимда сўнмайди зиё.
Ёзим ўтди, етиб келди куз,
Мен баҳорга зорман эй дунё!

Бўстонларга юзим тутаман,
Тилларимда ёр исми нидо.
Йўлга боқиб бахтим кутаман,
Ошиқларга армон эй дунё!

Кўксим гоҳ тор армонларимга,
Боқмай ўтса ёр менга қиё.
Орзум сиғмас осмонларимга
Мен бағрингда борман эй дунё!

Толе бергин, айлагин суюк,
Кўзларимдан чекинсин рўё.
Бардошим бор тоғлардан буюк,
Садоқатга ёрман эй дунё!

* * *

Мен бахтиёр қизингман, онажон – Ватан,
Гул каби юз очдим қучоқларингда.
Орзу юлдузларим чарақлади шаън,
Иқболим улғайди қучоқларингда.

Қалбга ғурур тўлди истиқлолингдан,
Дунёга юз очди боболар юрти.
Бошим осмондадур бугун толедан,
Ўзбекистон юзин қуёшга бурди.

Кўзим қамашади, порлаб турибсан,
Меҳр тимсолисан боқсам юзингга.
Юксак чўққиларга чорлаб турибсан,
Бир олам бахт бериб ўғил, қизингга.

Ҳаётимга мазмун ягонамдурсан,
Қалбимда дарахтдай бўй тортган ишқсан.
Умидларни берган сен – онамдурсан,
Тилимда янграган дилбар қўшиқсан.

Нур ичра кўраман келажагингни,
Эртаси нурафшон, қудратли Ватан.
Кўзимга суртаман ҳар чечагингни,
Муаззам очунда шуҳратли Ватан.

Самарқанд