Ўктам МИРЗАЁР: ЮРАКДА ҲАПРИҚАР ЛОВУЛЛАГАН ШАҲД

Адабий жараён

Айтилмаган сўз

 

Бўлар сўзни айтмадим ҳали,

Ҳали излаб умр ўтмоқда.

Сўзлашмоқнинг келмади гали,

Тинглагувчи эса кутмоқда.

 

Қандай бўлар ўша сўз  ранги,

Тафти унинг меҳрча борми?

Унда борми найнинг жаранги,

У қайдадир, дилда туморми?

 

Тубсиз кенгликларга боқаман,

Этагидан тутиб сабонинг.

Булутларни қучиб, оқаман,

Изларида моҳитобоннинг.

 

Эй сизларим, беқарор сўзлар,

От сурасиз, кўксим дупирлар.

Йўлингизда интизор кўзлар.

Қалбда  эса туғён уфурар.

 

* * *

Бош эгиб кирар бўлсанг,

Бошда бошпананг бўлса.

Дардингни тинглагани

Отаю онанг бўлса.

Шириндир парча нонинг,

Шунингдек Ватан бўлса.

Ака-ука қанотинг,

Ҳам синглинг, опанг бўлса.

Елкангдан юк оларға,

Қиз оқил, боланг бўлса.

Меҳрингни ардоқловчи,

Суйгали санам бўлса.

Дўст бўлса қаторингда,

Ғаним тўполон бўлса.

Шу эрур саодатинг,

Шу эрур бахтинг Ўктам,

Тақдирда Ўзбекистон –

Яшнаган чаман бўлса!

 

   Гул бўлиб

 

Кўрганмисиз, аёл гул юлмас,

Лолалар ҳам термайди аёл.

Кўриб, қувонади кўзлари фақат,

Гулга озор бермайди аёл.

 

Келтиргансиз  қачон гулдаста

Ё бир тутам қизғалдоқ юлиб?

Боққанмисиз, юзига аста…

Юрибмизда, биз, эркак бўлиб.

 

Иш, иш, иш – тугамас ташвиш,

Кўзни очиб, юмаверамиз.

Оқшом эснаб ё танда ҳориш…

Бўсағада тураверамиз.

 

Газпечкада вишиллар чойдиш,

Тўлғанасиз кўзни очолмай,

Хотин супа супурар, хомуш,

Кўнглингизга бир сўз тополмай.

 

Осмондаги ой каби тўлиб,

Юлдуз каби чарақлаб кўзи.

Шарқираган жилғадай бўлиб,

Кўнглингизга кирганди ўзи.

 

Энди зинҳор чиқиб кетолмас,

Унга дарддир, тортсангиз ташвиш.

Сизнинг  юзингиздан ўтолмас…

Сизни эса, ҳар кун кутар иш…

 

Майли, гул ҳам келтирманг атай,

Эшикдан бир бора кирсангиз кулиб,

Аёл яшнаб кетади, ҳай, ҳай…

Ўзи кутиб олар сизни гул бўлиб.

* * *

Дарё шовиллайди мисоли ҳаёт,

Кўпиклар қалқади сувнинг юзида.

Гўё авжланади гўзал бир баёт,

Гўё чечак унар кўпик юзида.

 

Дарё шовиллайди мисоли ҳаёт,

Кўпиклар қалқади сувнинг юзида.

Яшаймиз кўпикдан излаб нафосат.

Нилуфар кутамиз кўпик изида.

 

Бир қадам нарида

 

Бир қадам нарида бахтимни кўрдим,

Интизор, кўзида сўнаётир чўғ.

Бир қадам нарида рўпарў турдим,

Қалбимни куйдирди лағчаланган тиғ.

 

Ҳайқирдим. Боқмади. Ҳайрон. Паришон.

– Кутганинг мен – дедим, – ҳей, парирухсор!

Менинг излаганим сендирсан, инон, –

Десам. У хўрсиниб, бир боқди хумор.

 

Наҳот, кўзи кўрмас, тиллари лолдир,

Юракда ҳаприқар ловиллаган шаҳд.

Бир қадам нарида, ажаб не ҳолдир,

Кутиб яшаганим, танимади  бахт.

 

Ҳаёт тўхтамас

 

Кунлар ўтаверар, кунлардан ўзиб,

Бемаҳал очилган гуллардек тўзиб,

Юракка армоннинг суратин чизиб,

Ҳаёт давом этар, ҳаёт тўхтамас…

 

…Излаб борар бўлсанг, рухсорлари йўқ,

Чечаклар тергани баҳорлари  йўқ,

Кечаги кун қани?  Шунқорлари йўқ,

Ҳаёт давом этар, ҳаёт тўхтамас.

 

Умр нима ўзи – бир лаҳза нафас,

Кимларга насибдир бўлмоқ ҳамнафас,

Кимларга бу умр қафасдир-қафас,

Ҳаёт  давом этар, ҳаёт тўхтамас.

 

Қайтай десанг, бир он, имкон топилмас,

Имкони топилса, забон топилмас,

Болалик кунлардай, замон топилмас,

Ҳаёт давом этар, ҳаёт тўхтамас.