Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: ЁЛҒИЗ. (Қисса)

2018-йил 6-сон Наср

Бир бор экан, бир йўқ экан, қади-им ўтган замонда, йўқ, айни бизнинг замонда, Тошкент деган томонда, шаҳарнинг Эшонгузар отлиқ депарасида мулла Ростгўй деган одам яшаган экан. Муллалиги учун ростгўйми, ростгўйлиги муллалигиданми – билиб бўлмас экан. Болаликдан кўп мактаб кўрган, хат-саводли амаки экан. Кўрган-эшитган воқеаларидан турфа мақолалар ясаб ташлайверар, ёзганларини дам газит, дам журналларда бостиришни одат қилган экан. Унинг ёзганларини одамлар талашиб-тортишиб ўқийдирган бўлишибди. Бунга сайин Ростгўй амаки ғайратига ғайрат қўшилар, қанча кўп рост гапни ёзсам одамлар ўқигани сайин билими ошади, билими ошгани сайин фикри-зеҳни тараққий топади, бунга сайин яшаш тарзи янгиланади, деб қаттиқ ишонар экан. Матбуот жони-дили ва бирдан-бир ишонгани-инонгани экан.

Хуллас, кунлардан бир куни мулла Ростгўй аччиқланиб юра-юра мардуми авомнинг фикр-ўйига таъсир кўрсатармикан, одамларни ғафлат уйқусидан уйғотармикан деган умид-истакда “Йиғинди гаплар” деган шапалоқдеккина мақола ёзибди. Қаттиқ ёзибди, ачитиб-ўймалаб оладиган қилиб ёзибди. Киноя ва пичингларни қалаштириб ташлабди. Мақола…

– Қодиров!

Темир эшик қулоқни қоматга келтириб шарақлаб очилган замони, ички тартибга биноан, Абдулла қалқиб қад ростлади, пинагини бузмоқчи эмасди, лекин уни сўраб киришганини эшитдию вазмин ўйлари тўзондек тўзиб кетди. Зулмат эшигининг ҳар сафар очилиши уни озодликка олиб чиқиши мумкинлигидан умидини узмаганди. Бу мазлумлик бугун ё эрта, эрта ё индин барҳам топажагига унинг ишончи комил. Кўп ўйлади ахир, ўйлаб ўйининг адоғига етмади ахир – кулди, ранжиди, аччиқланди, тутақди, яна кулди. Қандай бемаънилик ахир бу? Қанча ишлари ўлда-жўлда қолди, журналнинг юмушларини айтмасинми!?

Эртагимизни давом эттирамиз. Шундай қилиб, Ростгўй амакини ҳе йўқ, бе йўқ ҳибсга олишибди!

– Иби, журналга мақола битгани эвазига зиндонбанд этиш одати ҳам борми большевойлар юртида?! – дея ёқа тутибди Ростгўй амаки. – Қулингизнинг фаҳмича, зиндон бошқача бўларди, шекилли.

Ростгўй амакининг назарида у қамалмагандек, негаки, неча кун, неча тун темиру сиймондан ясалган хос ҳужрада якка-ёлғиз бир ўзгинасини “асраб-авайлаб” сақлашибди. Гаплашай деса бир кас йўқ, тоқат қилиб ўтираверай деса амакининг феъли тор, дунёда энг ёмон кўргани – бекор ўтириш экан, бекорчиликни жинидан баттар ёмон кўрар экан. Дунёда энг оғир жазо – одамни бекор қолдириш деб ҳисоблар экан.

Эмаса-чи, Абдулла кўнглига тугиб қўйган гапи қанча, уларни битта-битталаб талай оломон, бозор тўла оломон ўқийдирган тарз-услубда ёзса борми! Ёзганлари пайдар-пай журналда бостирилса!.. Илло кутилмаган бу англашилмовчилик…

“Алҳазар!” деб юборибди Ростгўй амаки. У ҳамон ҳибсга ташланганлигини анг­лашилмовчиликка йўяр, шунча кун ўтса-да, ҳар темир эшик очилиб-ёпилганида ана чиқаман, мана чиқариб юборишар деган умидда кўзлари тўрт бўлиб кутар экан.

Бироқ Абдулла ҳамон ҳайрон – кимсан, қайдан кеп қолдинг бу ерга, қай гуноҳ ишларга қўл уриб қўйдинг дейдиган банда йўқ, тўрт томони – бошининг тепаси, оёғининг ости сиймон девор – ёлғизхонада ўзи ёлғиз…

– Оллоҳни паноҳига!

Абдулла тўққиз кунлик ёлғизликдан сўнг кечагина қаватига келиб қўшилган шеригига қаради. Миқтидан келган, қадди дол, ранги заҳил, турқида қўрқув қотиб қолган ҳужрадошининг нигоҳидан тайинли маъно уқмади. Бу одам гапирганида лаби қимирламас, қараши, афти заррача ўзгармас эди.

– Иншооллоҳ!..

Абдулла эшик ёнига етганида ортига ўгирилди. Бир зум ҳаяллашининг жазосига дағдаға-ла айтилган “Чиқинг!” деган амр қулоғига игнадек қадалди. Бундай “илтифот”нинг мазмунини фаҳмлаб улгурди у.  Демак, озод қушга айланиши даргумон…

Ростгўй амаки йўлакка чиққан замони икки соқчи қуршовида қолгани, эшик тарақлаб ёпилиб, шарақа-шуруқлаб қулфланганини кўргандагина батамом қоронғи зиндоннинг нақ тубида сақланишга ҳукм этилганига иқрор бўлибди.

– Юринг!

“Айнан кечаги томошанинг ўзгинаси”, деди ичида Абдулла.

Тўладан келган, қора чўтир юзли, қўнғиз мўйлабли, чамаси ўттиз беш-ўттиз олти ёшлардаги афти кесакдек совуқ соқчи – Абдулланинг юраги шиғ этиб кетди – турқи Ҳомиднинг ўзгинаси-ку! Фақат бу нусха рўманда тасвирланган Ҳомидга қараганда у қадар узун бўйли эмас, сергўшт, кўзлари сўник.

– Тавба! – деб юборди Абдулла. – Ҳомиднинг ўзгинаси-ку!

Ростгўй амаки билан Абдулланинг тахмини бир жойдан чиққанини айтинг: ҳар иккиси ёши катта соқчини Ҳомидга ўхшатишибди. Фақат Ростгўй амаки тилини тия олмас экан.

– Афтининг қоралигини! Айнан Ҳомиднинг турқи! – Шундай деб у индамаса тиккасига соқчининг афтига савол қотгудай ниятда тилига эрк берибди. – Қаерларда қорайгансан, ўртоқ? Асли наслинг қора эмас, кўр кўзга ҳам кўриниб турибди, кейин қорайгансан, кейин. Одам офтобда қораяди аслида. Сен эса мана шу нурсиз йўлакларда юравериб қорайгансан, панжараларнинг қорасидан қорайгансан, дийданг қотган, яъни қорайган! Сўнгра дийдангда бижғиган қоракуя дийдорингга урган…

Ташқаридан қараган одам дарҳол пайқаши қийин эмас – ёши катта соқчи хизмати обдон бадига урган шекилли, эринчоқлик билан алпанг-талпанглаб қадам ташламоқда. Абдулла қўлларини ортига боғлаган кўйи қўнғиз мўйлаблидан икки одим ортда унга эргашди. Айтди-ку, кечаги томошанинг ўзгинаси! Кеча икки нозир шу узун йўлакдан бошлаб кетди уни. У кетаётиб йўлакнинг икки томонида темир эшиклар саф тортганига эътибор берди, “саёҳат” тугаб қайтаётганида эса ҳар бир эшикнинг одам бўйи баравар ўрнида майда сим тўр тортилган дарча борлигини, ҳар бир дарчадан ғимирлаган шарпа – ё қўрқув, ё илинж, ё қаҳр тўла нигоҳлар аланглаётгани кўз олдидан лип-лип ўтди.

Ундан икки одим орқада эргашиб келаётган ўспириннинг энгил-боши хийла униққан, ўзи ҳали у қадар қорайиб улгурмаган, рангпар, қадам олишларидан ўзига ишончи етишмаслиги, қўрқоқлигидан далолат бераётганди.

– Шак-шубҳа йўқ, узоққа бормай бу жойларнинг нуқси шу йигитчага ҳам урмай қолмайди, – дебди Ростгўй амаки. – Қораяди, қизғимтир қора одамга айланади.

Ўспирин соқчи ўйинчоқ ўйнаётган боладек биқинига осилган калит шодасини бир силтадию, ундан керагини тутиб олиб панжара-эшик қулфига суқди.

– Юр-е!

– Айтмадимми? Манавинақа ҳомидларнинг бари қадимги девлардан, иблислардан тарқагани аниқ!

Шу дамда Ростгўй амакининг шартакилиги Абдуллага ёқиб тушди. “Ҳомид”нинг оғзидан гуп этиб қўланса ис бурқсиди. “Чекмаяптию!” деб ҳайрон бўлди Абдулла. Ҳайрон бўлдию хаёли бошқа ёқда – қаёққа бораётгани, неча муюлишни ортда қолдираётгани, нечта эшик очилиб-ёпилаётганида эди. Ҳар сафар навбатдаги эшикдан ўтиш чоғида соқчиларнинг ўрни қай тариқа алмашаётганини пайқамай қолаётганидан ҳайронлиги ортарди Абдулланинг.

– Инс-жинслар одамларнинг кўзига кўринмай учиб юради! – деб изоҳлабди Ростгўй амаки бу аҳволни. – Бу нусхаларнинг инс-жинсдан нима кам жойи бор?!

Абдулла эса Ростгўй амакидан ўзгачароқ фикрлаётганди. Ахир шулар ҳам миллатдошларимиз-ку, шуларнинг ҳам ота-онаси бор, оиласи – бола-чақалари бордир. Ростгўй амаки айтмоқчи, булар хизматлари ортидан девларга, жинларга айланиб кетсалар, охир-оқибат фарзандларининг тақдири нима кечади?!

Йўлак дам тораяр, дам кенгаяр, айрим жойларда бир томон кета-кетгунча девор, иккинчи томон эса яна боягиндай дарчали темир эшиклар, дарчаларда турфа шарпалар, безовта нигоҳлар…

Абдулла айнан кечаги манзил сари боришаётганини, олдинда ва ортда унга ҳамроҳ бўлиб борувчилар бугун ўзгарганини, фақат кеча Абдулла ўзини жудаям ёлғиз ҳис қилган бўлса, бугун унинг садоқатли ҳамроҳи бор –  Ростгўй амаки унинг жонига ора кираётганди.

Ўнг томондаги девор тугаб, ўнгу сўл, тепасию оёқ ости темир панжарали осма йўлкага етишди. “Кечаги жой” – нечанчи дафъа хаёлидан кечди Абдулланинг. Олт­миш одимлар ўтилгач эшик келади, олдинда бораётган қўнғиз мўйлабли соқчи эшикни очиб кўздан ғойиб бўлади, Абдулла ўспирин соқчи билан ёлғиз қолади. Соқчи миқ этмайди, Абдулла сўз қотмайди, қатъиян ман этилган оғиз очиш, бинобарин, темир панжарадан ясалган осма йўлакда муаллақ тураверишади.

Ростгўй амакини бошлаб кетаверишибди-кетаверишибди ва бир маҳал ба­ла-анд темир панжара йўлакда, худди оёғи ерга тегмаётгандек муаллақ ҳолатда ёлғиз қолдиришибди.

Шу вазият-ҳолат такрорланишига амин эди Абдулла. Ана, қўнғиз мўйлабли соқчи қалин тунука қопланган эшикни очиб, ичкарига ўтди. Кеча ҳам шундай бўлган – Абдулла ортидаги соқчи билан ёлғиз қолганди. Бу қандай қилиқ, соқчиларнинг муддаоси нима – Абдулла тушунолмади. Қўнғиз мўлабли “қора” эшик ортида гумдон бўлса, ёнидаги “қорача”га сўз қотмоқни кўнглига тугди. Теварак-атрофда, ҳу-у пастда ғимирлаган одам шарпаси кўринмади, панжарали осма йўлак, унга қўшилиб бу икки “елкадош” ҳамроҳ қора-қура ҳам муаллақ туришибди. “Бир терак бўйи келар-ов?” кўнглидан кечди Абдулланинг. Хотирасида жонланган ўйи таъсирида кулимсиради, ҳовлисидаги ҳовуз бўйидаги ёлғиз терак, кекса додасининг теракни пуллаш ва унинг пулига Қултепадан чўри хотин сотиб олиш ҳақидаги ўтинчи лип этиб ўтди хаёлидан. Терак омонмикан? Шамол-памолда ағдарилиб-нетмадимикан? Рўзғордан қийналиб қолган ака-укаси кесиб сотиб юборишмаганмикан?.. Ўспиринга зимдан нигоҳ югуртирди, буни пайқаган соқчи ўзини бир қадам ортга олди. Кўзини олиб қочарга жой тополмади чоғи, калит шодасини шиқирлатиб, шундан далда олгандек енгил тортди. Абдулла ўсмирнинг белига осилган калит шодасига разм солди. “Ихтиёрида шунча калит бўлган пойлоқчи билан қўлида бирорта калит бўлмаган маҳбус орасини озмунча масофа, жарлик ажратиб турадими?!”

– Биқинида нечта калит бўлса тили ҳам, қўли-оёғи ҳам шунча! – дебди,  Ростгўй амаки ичида кесатиб.

Сўз айтишга изн берилса, Абдулла унинг калитларига қараб ўтирмасди-я, икки оғиз жумлада эсини киритиб қўярди-я! Бунга ишончи комил Абдулланинг, бироқ ўсмирнинг яна бир устунлиги – соқчи гапириши мумкин, Абдулла эса маҳбус – чурқ этиб оғиз очишга ҳақсиз!

– Чурқ этиб оғиз очишга у ҳақсиз, сен истаганча гапиравер, Абдулла, – дебди Ростгўй амаки.

Эртак шу ерига етганда Назифа қизи ҳайрон бўлиб қарайди адасига, Ҳабибулла ҳам анойи эмас, “Ростгўй амаки сиззи исмингиззи қаердан билади?” деб ўсмоқчилайди. “Ростгўй амаки зийрак экан-да, кимдандир билиб олибди”, деб чалғитади ўшанда Абдулла ўғлини.

Эртак ҳали давом этади, албатта. Ҳозир эса…

 

Ёши катта соқчи кириб кетган томондан итларнинг калта-култа акиллаши чалинди қулоғига. Абдулла оғиз очиш фурсати етганини сезди.

– Сўроққа оборишадими?

Абдулланинг бир оғиз саволи ўсмир соқчининг кўксига бамисоли мушт бўлиб тушди. Йигит илкис силтаниб бир қадам ортга тисарилди.

– Терговчи тайинлашдими?

Соқчининг оёғидаги этикнинг нағали темир панжарага урилганидан учқун сачради. Мелиса боладаги қўрқув калит шодасига юқди, унга қўшилиб темир панжарадан ясалган осма йўлка қалтирай бошлади – ҳосил бўлган беўхшов шовқин бу икки “ҳамроҳ”нинг инсон сифатида бир-бирига тамомила ёт ва бегона эканликларидан дарак бераётгандек эди.

Ўспирин жим бўласанми-йўқми деган важоҳатда оёқларини кериб, белига тиралган қўлида… таёқни чангаллаб олган, ранг-қути гезарган, рўпарасида турган маҳбусга тиккан кўзлари косасидан чиқиб кетгудай важоҳатда олайган, ўзи дағ-дағ қалтирарди.

Дунёга ўт кетдими, деб ўйлади Абдулла. Баногоҳ ваҳший йиртқич билан юзма-юз қолган одамга ўхшайди. Икки оғиз савол йиртқичми ёхуд шу савол қаршисида ёввойи таҳликага тушган манави одамнусхами?! Эссиз, одам!..

– Бунча ўтаканг ёрилмаса! Ўзингни бос! – деди умиди пучга чиққан Абдулла ҳафсаласи пир бўлиб. – Кимдир оғзингни сирачлаб ташлаган бўлса, қўй, гапирмасанг, ундан нарига!

У айтар сўзини шипшиб улгурдими, йўқми, ортидаги эшик тўсатдан шарақлаб очилди. Чамаси эшик қулфланмаган, қўнғиз мўйлабли соқчи узоқ кетмаган, балки атайин маҳбусни синовдан ўтказмоқ ниятида эшик ортида пусиб, қулоқ солиб турганди.

– Син бунда кил! – деди у ўспиринга ўдағайлаб. – Син ҳам бу Ростгўйга қўшилиб отиласан!

Ўтакаси ёрилаёзган ўспирин ҳовлиқиб Абдуллани четлаб шеригининг ёнига ўтди, эшикни қаттиқ ёпиб, икки қайта ғирчиллатиб қулфлади.

– Йеер, китдек! – Тўнг овози эшитилди қўнғиз мўйлабли “қора”нинг.

Абдулла осма темир қафасда ёлғиз қолди. Панжара, панжара. Бармоқдек қалин­ликдаги темир панжара. Қуюқ қора рангга бўялган. Абдулла ёлғиз, бунинг устига муал­лақ. Қўлларини эркин қўйиб осма темир қафас бўйлаб юрди-ўйлади, қайтди-ўйлади. Нима ёки ким ҳақида ўйлаётганини аниқлолмади. Фикрини тиниқлаштиролмаган дамлар овоз чиқариб, ҳатто ўзи билан ўзи гаплашиб ўй суриш одати бор эди, аслида хаёл суриш учун ҳам нималарнингдир номини, кимларнингдир исмини тилга олишга тўғри келади. Хаёл ҳам сўз билан тирик. Сўзсиз хаёл оқишдан тўхтайди, кўлмакка айланади. Номлар, исмлар тилга олинмаса, ўй-хаёл жойидан силжимай қолиши шундан. Устига-устак оёғи ердан узилган, ер билан осмон ўртасида муаллақ…

– Жонингни сақла! Жонингни ўйла! Жонингни сақла! Жонингни ўйла! – деб такрорлар эмиш Ростгўй амаки меҳрибонларча, иккала соқчи кириб кетган темир эшик томонга муштини дўлайтириб.

Абдулланинг эти жунжикди. Анавилар қаёққа ғойиб бўлди? Атайин уни ёлғиз қолдириб аллақайси туйнук-тирқишдан кузатишаётгандир? Ёлғиз-танҳо  одамнинг муаллақ ҳолда қолдиришганидан ҳузурланишаётгандир? Эҳтимол унинг асабини тоблаш ниятида меҳрибонлик кўрсатишаётгандир?..

Тўқима эртак шу ерга етганда узилди…

 

Агидулин “Муштум” журнали ходимлари, фаол муаллифлари билан оға-инидек бўлиб кетди. Терговчи томонидан чақирилган ходим белгиланган манзилга ўша заҳоти қуюндек учиб етиб келар, чақирилмаган тақдирда эса ўзининг давлат аҳамиятига молик муҳим тергов жараёнидан четда қолиб кетаётганидан ўпкалангандек мунғайиб рўбарў бўлар, қизиғи – барча гувоҳу шоҳидларнинг кўргазмаси пировардида бир қора нуқтага – Қодирийнинг ашаддий жиноятчи эканлигини фош этишга бориб тақалар, бунга сайин Абдулланинг бошқа “жиноят”лари тахлам-тахлам қоғозларда жамланаётганди.

Абдулла ёлғизхонага ташланганига сал кам бир ой бўлаёзганда унинг жиноий ишига яна бир варақ қўшилди.

 

ҚАРОР

Тошкет ш. 1926 йил апрель ойининг 3-куни. Мен Ўрт. Осиё СО ПП ОГПУ вакили Агидулин  “Муштум” журналининг 28-сонида босилган Жулқунбой томонидан таҳрир қилинган Хуршиднинг “Бон-Бон” мақоласини шу бугун ўқиб кўриб чиқар эканман

АНИҚЛАДИМ:

1/ “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририяти томонидан берилган тушунтиришлардан маълум бўлдиким, мазкур мақола муҳаррир томонидан босишга рухсат этилмаган, бироқ муҳаррирнинг “босилмасин” деб чеккан имзоси Абдулла Қодирий томонидан қасддан ўчирилган. Натижада мақола босмахона томонидан қабул қилинган  ва журналнинг кўрсатилган сонида босилган.

2/ Яъни ЖПК 128, 129, 142-моддаларига биноан 116-моддани назарда тутиб

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

Фуқаро АБДУЛЛА ҚОДИРОВНИ ЖК 116-моддаси бўйича жиноят содир этганлигидан келиб чиқиб, унга қўшимча айблов эълон қилинсин.

СО вакили             Агидулин

“Розиман”              Карпилов

“Тасдиқлайман”    Белский

Айблов менга 3/IV–1926 йилда берилди

Ўзимни айбдор деб ҳисобламайман     (Айбланувчининг имзоси)

Ахборот нусхаси … Прокурорга

Вакил                    Агидулин (Имзо)

Белский прокурор Бондаревдан келган ҳужжатларни бирма-бир, синчковлик билан кўздан кечирди. Гувоҳ сифатида сўроқ қилинган босмахона раҳбари Степан Левченко, журнал ходимлари ва муаллифлари Хуршид Шараф, Комил Алимов, Шермуҳамедов, Хусаинов, Зиё Саид кўрсатмалари билан танишди. Катта ва қалин дафтарига алланималарни ёзиб қўйди.

 

– Ўйнатиб келишдими?!

Абдулла ҳамхонасининг товушигина эмас, унинг туси-турқи ҳам ўзгариб қолганини дарҳол фаҳмламади. У “ўлан тўшаги”га айланган ёлғизхонасидан чиқиб унга қайтиб келгунича юз берган ва дилига тугиб улгурган саргузашт-эртакни мароқланиб оқизмай-томизмай ҳамхонасига сўзлаб беришни, шу йўл билан “Индамас”ни сайратиб юборишни дилига тугиб келганди, не кўз билан кўрсинки, мутлақо бошқа кимса – қорамағиздан келган, қилтириқ, ранги заҳил, хум калласи тап-тақир қилиб қирилган, шалпангқулоқ, кўзлари чақчайган, яктагининг олди очиқ, кўринишдан ўзидан ёшроқ бир нусха уккиқараш қилиб турарди. “Ўбдон ёзадиган қуйма тип – Ялангтўш-ку!” деб унга бир қарашда лақаб қўйиб улгурди Абдулла. У қоғозга тушириш чоғида яна-да сайқал бериш ва ниҳоясига етказишни мўлжаллаган эртак тафсилотини ҳам унутди, ҳужрага кўз югуртириб, янги ҳамхонасига дурустроқ назар солиб улгурмай, эшик шарақлаб ёпилди, қулфланди.

– Омадинг бор экан-де, ука!

Абдулла “Ялангтўш”га бир сония тиккасига қараб турди-да, гап-сўзсиз жойига чўкди. Хийла фурсат тўзиган хаёлини жиловлай олмади.

– Нега индамайсан? – савол қотди янги шериги.

Абдулланинг пешонаси тиришди, бироқ саволни жавобсиз қолдирмаслик учунгина оғзига келган гапни қайтармади:

– Қанақа омад?

– Ман билан тушганинг омад-де, окаси! Ман ёнингда бўлсам, мушугингни биров пишт демайди-де!

Абдулла мийиғида кулимсиради.

– Мушугимни қўриқлаш учун қўйишдими с…с… “Пишт” дейишларини кутиб тоқатим тоқ бўлди, а?.. – Абдулла янги танишни “сиз”ласинми, “сен”ласинми, “ака” десинми ёки “ука” десинми – шунисига иккиланди. У эса кўзини лўқ қилиб “ука”лашдан чарчамасди. Афтидан акалик қилишни ёқтирадиганлар хилидан кўринди.

– Эркакмисан?! Қўрқмай, чўчимай гапиравер-де! Ҳаётда паст кетма, ука!

– Сиз нега қамал… қандай маҳкум?..

“Ялангтўш” яйраб кулди. Олис бир тарихни сўзлаб беришга чоғланган ривоятчидек, чордана қурганича зах сиймон ерга жойлашиб ўтирди-да, кўрсаткич бармоғини Абдулла томон нуқиб-нуқиб уқдиришга киришди:

– Янгилардан экансан-де, окаси. Так, бу жойларга биринчи зиёратинг-де. Молодойсан, солягасан. Кўп нарсани тушунмайсан… Билиб қўй, турмада ётган зекдан зекни фарқи бор. Қулоқлар бор, ҳеббим-ҳезалаклар бор, крутойлар бор, тушундингми? Ман – ўғил бола аристонман, ўғил бола!.. Нима ёзасиз, ўзи? Ёзувчиларни додаси эмишсиз. Бизага ўхшаш замондан ортда қолган омиларни майна қилиб ёзармишсиз, шу гап тўғрими?! Ёзсанг, ундан нарига, одам боласидан қўрқсам ҳез бўлай – ҳар нарса бўлай, билдингми?! Хашаки одамга ўхшамайсан, так, узоқ ўтирмайсан, тавбангга таянтиришади, синдиришади-де, эшикни очишади – пир этиб учасан-кетасан. Ҳў-ў осма йўлакда оёғингни остига қарамабсан-де, окаси?

“Бунақаларни “блатной” дейишади турмадагилар. “Блатной!” Ғирт ўзи! Ўзги­­наси!” – кўнглидан ўтказди Абдулла. Ўтказдию афти бужмайиб кетди –  “блат­ной”нинг оғзидан пойма-пой чиқаётган гапларни астойдил эътибор билан тинглашга тоқати етмади, уларнинг қай бири рост-қай бири ёлғонлигини фарқлашга тоқати ҳам етмади.

– Оёғим остида… нима? – дея олди, холос.

Ҳамхонаси кети билан сурилиб, Абдуллага яқин келди. Пичирлади:

– Сани осма панжара йўлда ёлғиз қолдиришди. Сан анави кўппаклар қайтиб чиққунича анграйиб туравергансан. Тўғри қилгансан, ажаб қилгансан!

– Хўш? – ҳамон гапни тўла тушунмади Абдулла.

– Ўша жойда оёқнинг остида дарча бор, так, одам сиғадиган туйнук. Қопқоғи кўтариладиган. Энди етиб боргандир?! – “Ялангтўш” шундай деб бехосдан қалампир чайнаб юборган одамдек афтини бужмайтириб, бошига ёлғондака муштлади.

Абдулла қизиқиб кетиб жилмайди, бош тебратди. Ҳамхонаси энсаси қотиб чақчайган кўзини қаерга олиб қочишини билмай, ғудраниб сўкинди:

– Даюслар!

Шу пайт эшикнинг туйнуги очилиб, “Овқат” деган овоз эшитилди.  “Ялангтўш” ўрнидан туриб мис товоғини олди, эшик томон юзландию тўхтади, Абдуллага бирров назар ташлаб истар-истамас унинг товоғини ҳам олиб эшик ёнига борди. Таом тарқатувчи – новдадеккина маҳкум бола мис товоққа чўмичда шилдир шўрва қуйди. Кутилмаганда “Ялангтўш” туйнукка бетини тақаб овқат қуяётган йигитчанинг ортида турган миршабга ўдағайлай кетди:

– Ўв, сўтак! Сан бу хатага яқин йўлама дегандим! Чаккангдаги қулоқми, ё аммамни чучварасими?!

Миршаб йигит қути ўчиб дўриллади:

– Тек! Тек-к! – деди у овозини баландлатиб “Ялангтўш”га. – Ҳаддингдан ошма, Илон! Жойингга ўтир!

– Ҳаддимдан ошаман-де! Ўтирмайман! Қўлингдан нима келади?! Айтувдим-а, турқинг ёқмади, деб! Жиним суймаган одамми-чи, ғиппа бўғаман – ўлдираман-қўяман! Ҳавасга ўлдираман! Биласан-а, нечтасини гумдон қилган бўлсам, пичоқ ишлатмадим, чилвир ишлатмадим – ҳаммасини маши қўлларим билан бўғиб ўлдирганман! Тил тортмай, кўзи оқиб тушган ҳаммасининг!

“Ялангтўш” шундай деб, ажойиб-ғаройиб бир юмушни қойиллатиб қўйган одамдай хириллаб кулди. Абдулла шу тобда айтишга арзирли сўз тополмади. Кимнинг ёнини олишини ҳам билмади.

– Билиб қўй, ука, – деди икки қўллаб овқатланишга шайланаётган “Ялангтўш” ҳамон ғазаб ва нафратидан тушмай, – булар билан фақат мана шу тилда гаплашиш керак! Сан дўқ уришни эпламасанг, санга дўқ уришади. Одам ўрнида кўришмайди. Зек – одам эмас улар учун, аристон – бит, аристон – бурга, аристон – кана, муха! Манга ўхшаш одамхўрдан, санга ўхшаш ёзғувчидан ўнтаси тўққиз пул уларга. Манга эса анавинақа ҳеббимларни юзтаси бир пул, воҳ-ҳо-ҳо!.. Овқатингни ич! Оҳ-оҳ-оҳ, бунақа жонон ювиндини уйингда хотинчанг ҳам пишириб беролмайди!

Абдулла истар-истамас мис товоқдаги шўрвани қошиғида кавлай бошлади. Жини суймаган одамни бўғиб ўлдиришдан тап тортмайдиган… одамхўрга рўпара келгани сабаблари ва оқибатларини тош-торозига солишга уринди. Лақаби Кўршапалак бўлиб қолгани сабабини ҳам суриштирмади. Узоқ ўйламай унинг “муборак” исмини “Ялангтўш”дан “Илон”га эмас, “Бўғма”га ўзгартирди.

– Хотин борми? – Кутилмаганда савол қотди “Бўғма”.

Абдулла унинг афтига қарагиси келмади. Атайин товоғидаги таомдан кўзини узмай, истар-истамас уни кавлашда давом этди. Шунда “Бўғма”да қандайдир авлиёлик қобилияти бордек туюлиб кетди. У Абдулланинг хаёлидан кечаётган, кўнглининг бир чеккасида йилт этган фикрни шу заҳоти  илғаб олаётган, айни ўша мавзуда гап очаётган эди.

– Шу баландадан нима қидирвоссан?! Ундан кўра мани афтимга қара-де, ука, мискангга қарамай паққос тушир, ўлиб қомайсан!

Абдулла унга тик қаради.

– Хотиндан нечта?

– Нечта бўлиши керак? – Саволга савол билан жавоб қайтарди Абдулла. У “Бўғ­­­­­­ма”­нинг валдир-шалдир вайсақилигидан энсаси қота бошлаганини, унинг маҳбуслик борасидаги кўпни кўрганлигини пеш қилишлари ёқмаётганини бетига айтиб ташлагиси келаётганди. Рўпарасида – қўл етгудек масофада ўтирган мана шу тайин-тутуруғи йўқ, “Бепарҳез-беҳирад!” деди ичида шивирлаб Абдулла. Гап-сўзларидан бу ёруғ дунёда қўл урмаган номаъқулчилиги қолмаган “Ғассоб!”[1] деди аччиғидан тишларини ғичирлатиб, одамхўр, бўғма илондан-да ваҳшийроқ махлуқ билан гурунглашиб ўтиргани, унинг алмойи-алжойи саволларига жавоб бераётганидан ўзини ҳақоратланган ҳис этаётгани, бироқ ичидан нималар кечмасин барини ташқарига чиқармаслик эпини топаётгани йиғилиб алам-андуҳга айланиб, жон-жонидан ўтиб бораётган, шунинг баробарида бундай “суҳбати жонон”дан қачон қутилишини тасаввурига келтиролмаётган ёхуд… бирор қалтисроқ вазифани гарданига юклаб, атайин унга қўшиб қўйишган бўлсалар-чи?! “Бўғма” йиртқич сиртлондек пайт пойлаётган бўлса-чи?!

“Бўғма” апил-тапил хўриллатиб, нимани оғзига солиб, жиғилдонидан нималар ўтаётганига ҳам парво қилмай “жонон ювинди”ни паққос туширди, товоқчасини ялаб-юлқаб қўйди. Сўнгги луқма нонни чайнай туриб, боя бошлаган гапини адоғига етказди:

– Мани уч марта олиб боришди ўша туйнук тепасига. Лўҳ эмасман-ку, дарров тушундим-де, “Мана, санларга!” дедим. – “Бўғма” чап кафтини ўнг билагининг ўртасига кўндаланг қўйиб, муштини дўлайтирди. Ғазабини тўкишда давом этди:  – Дарча қопқоғини очиб, ўзимми пастга ташлармишман! Каллам билан сеймонга тушиб, парча-парча бўлиб, қонимга беланиб ётармишман-де!.. Мен-а?! Ман учта одамми бўғиб тинчитганим учун ўтирган бўлсам, так, қўлингдан келса, мани ҳам бўғ! Бўғиш қўлингдан келмаса – бўғизла, ос, отиб ташла, хунаса! Осонгина қутулмоқчи, хезимкашлар!

Абдулла оғир ўйга чўмди. Осма панжара йўлакда оёғининг остига қарамаганини, қопқоғи очиладиган туйнук кўринганини эслолмади. Манавининг тузсиз алжирашидан ҳозиргина кўнгли ағдарилаёзган бўлса, энди унинг гапларига маъни киргандек туюлди. Истаса-истамаса эшитаётган вайсақиликдан мияси шишиб кетди. Кўнглидан ўтаётган ўйларини беихтиёр ғўлдираб ошкор қилиб қўйди:

– Ғалати… Ақл бовар қилмайди… Кимлар ўйлаб топаркин шуларни?..

– Нимани?

– Одамларни жонига азоб бериш… Ўз жонига қасд қилишга мажбурлаш…

У кўп ўйлади, неча қайта шубҳа-гумонларга борди, матбуотга ёзганлари учун авахтага ташлаш, тавбасига таянтиришга уриниш, ёлғизликка маҳкум қилиш – наҳотки, шуларнинг бари маҳаллий маъмурлар, миршабу полислар, зобитлар томонидан ўйлаб чиқилган бўлса?! Бу аҳволдан Акмалбой, Йўлдош Охун бохабармикан? Ёки бу катталарнинг катталиги сомонхонагачами? Жилови Масков томонлардами?.. Ўша Масковдаги каттаконларга бағишлаб яна битта “Йиғинди гаплар”ни битса, уни, “Салтанат улуғлари кечаю кундуз бепоён мамлакатни олийшаън чароғон кунларга олиб бориш чораларини излашаётган бир пайтда” деб бошласа…

“Бўғма” яна авлиёлик қилди. У яна бир карра ҳамроҳининг оғзидан чиққан эмас, у ҳали айтишга улгурмаган – тилига кўчирмаган ўйларига жавоб бўларли топилдиғини айтди:

– Ўтаканг ёрилмасину, укам, афтингга қараганда бу томонларга кеп турадиганлар хилидан кўринасан. Ичинг тўла заҳар, ҳаммаси бўғзингга қадалиб турибди. Икки-уч қамалсанг, айтилмаган гапларни ҳам тушуниб оладиган бўб қоласан, – деди у ҳали дурустроқ танишиб-нетмаган авахтадошини юпатмоқчидек оҳангда. Ва кети билан сурилиб келиб Абдулланинг қулоғига муздай лабини босди. Эшик томон ўғринча кўз ташлади-да, кафтлари билан оғзини тўсиб шипшиди: – Заза[2] ўлгудай қуёнюрак, ўзидан хавотирда… Так, атрофи тўла бўри… Ўзимиззи тепадагилар ҳаммаси зиндиқ,[3] ҳанносни[4] томчисидан тарқаган ж…блар!..

 

Айбланувчига дастлабки тергов тугаши

муносабати билан эълон қилиш ҳақида                    547 рақамли иш

БАЁН

Тошкент ш. 1926 йил апрель ойи 6 кун  ПП ОГПУ вакили СО Агидулин ЖПК 207-моддасига кўра ЖК 116, 72. 105-модда 1-банди бўйича айбланувчи

АБДУЛЛА ҚОДИРОВга

эълон қиладиким унинг иши юзасидан олиб борилган тергов жараёнлари тугалланди. Терговга яна қандай қўшимчалар киритилишини талаб қилиши сўралди ва айбланувчи қўшимча киритгани йўқ

Айбланувчи                (Имзо)

Ваколатли вакил                          (Имзо)

 

Абдулла алламаҳалгача мижжа қоқмади, ваҳоланки, кеча туни билан миясига ўрнашиб олган қандайдир жиннисанғи нағма оромини ўғирлаган, ҳатто кундуз ҳам ўша беҳаловатликдан қутулолмаганди. Абдулла аҳён-аҳёнда такрорланадиган  бундай ҳолатидан ҳайрон бўлар, унинг сабабларини ўзича излар, ҳеч кимсага бу ҳақда оғиз очмас, лекин тайинли ҳеч бир ҳукм-хулосага келолмай, кулиб қўя қолиш билан кифояланарди.

Маҳбусликнинг бешинчи ё олтинчи кунлари эди, шекилли. Ёлғиз, ўй-хаёл уммонига ғарқ бир алфозда, чала уйқу-чала бедорлик орасида кўзи илиндию, ҳе йўқ-бе йўқ… Қудратилла[5] дуторини тинғиллата бошлади. Абдулла ундан кўз узмай тинг­лади. Шу пайт дутор нағмасига қўшиқ сўзлари уланди: “Гулёрахон – Гулёра, Гулёрахон – Гулёра, Гулёрахон – Гулёра”. Не ажабки, кўздай қўшниси Диёр маҳсидўз Абдулланинг ёнига чордана қуриб жойлашиб олган, берилиб хиргойи қиляпти! “Ҳой Қудрат, ҳой Диёр ака, сизлар қаердан пайдо бўлдинглар, бу ерда нима қилиб ўтирибсизлар?!” деб сўрамоққа ҳарчанд лаб жуфтламасин, Абдулланинг тили “Гулёрахон – Гулёра”дан бўшамаса-да! Тонггача айтди. Неча ухлаб, неча уйғониб такрорлади шу хиргойини. Ваҳоланки, ҳў-ў қачонлар бир сафар Диёр амакининг дўконига тасодифан кириб қолган, икки улфати қаторида ўтирган мезбон  “Гулёрахон – Гулёра” қўшиғини берилиб куйлаётгани устидан чиққанди. Бўлгани шу, унутгандек ҳам эди ўша алёрни. У ҳолда қоқ ярим тунда, тағин қаерда ва қай аҳволда ухлаб ётган бандининг хотирасига қаерлардан меҳмон бўлиб келди экан у нағма?! Наҳот унга халоскор оҳанг бўлиб ташриф буюрди “Гулёрахон – Гулёра”?! Сиймон девору темир эшиклардан ўтиб тушида ҳамдард бўлмоқчи эдими  “Гулёрахон – Гулёра”?..  “Диёр амаки соғ-омонмиканлар, хонадонлари тинчмикан, ишқилиб?” дея хаёлан дуо қилганди Абдулла ўшанда. Мана, энди, бу сафар уйқусида яна бир қўшниси Нишон маҳсидўзникига “кирди”. Икки навкар номаълум томон, мавҳум бир мақсадларда етаклаб кетишяптию, ёнида Нишон косиб, “Ракканг гум, ракканг гум”лаб муқаллидлик қилишдан тинмаяпти! Бу етмагандай, диконг-диконглаб ўйинга ҳам тушиб қўяди денг! Абдулла хавотирда, муқаллидвозликни тушунмайди ахир бу тасқаралар, тушунмаган махлуқ ҳазилнинг фарқига борармиди, Нишонбой ака?! Сизни жувонмарг қилмасалар яхши эди, Нишонбой ака!.. Абдулла ўйини ўйлагунича, не кўз билан кўрсаки, Нишон косиб ўнг тараф биқинида ғужанак бўлиб ўтирибди! “Роса пийпалашган!” деб юборди Абдулла унинг қонталаш бетига, эзилган, пажмурда жуссасига қараб. Маҳсидўз ўзи не аҳволдаю дам ингранар, дам “Ракканг гум”лаб қўярди. “Ҳой, Нишон ака, овозингиз чиқмасин, муқаллидлик улуғ санъат, фақат у тушунган фаҳми очиқлар учунгина санъат, гумроҳлар учун эса қабоҳат”, деб такрорлайверди.

Абдулла эшик туйнуги томон кўз қирини ташлади. Соқчилар Нишон акани пайқаб қолсалар, бу ким, қаердан пайдо бўлди, деб сўроққа тутсалар нима жавоб қилади, ахир!..

Хуллас, тонготар  Абдулланинг мияси бирон лаҳза бўлсин “Ракканг гум, ракканг гум”дан бўшамади. Кейин ўйлади, мулоҳаза қилди. Чамаси, кечаги  “кўнгилочар сайри-саёҳат”дан асаблари толиққан, ичига йиғилган ҳақорат, алам, изтиробдан халос этмоқлик ниятида “етиб келган” Нишон косибнинг “Ракканг гум”и! Ягона халоскор ўлароқ ташриф буюрган бандининг серғалаён уйқули шуурига, “Ракканг гум”!

Тунги безовталик, беоромликдан норизоланмаган, ношукрчилик қилмаганди. Тушида ғойибона мадад бериш мақсадида беминнат хизмат кўрсатган Нишон косибнинг ҳаққига дуолар ўқиганди – ундай тунлар ҳолва экан. Бу тун кечагисининг мутлақо акси – энди “Ракканг гум” қаерда, хиргойи сиғадими кўнгилга, ёнгинасида тирик “Бўғма” илон ётган бўлса,  бундай махлуқ билан бир ҳужрада қандай тонг оттиради? Тонгни кўриш насиб этармикан Абдулла? Тонг отмаса-чи?..

Абдулла бетизгин-бежилов хаёлларини жамлаганида шу қадар… ёзишни қўмсадики!.. Қанийди, шу тоб-шу кайфиятда уйидаги ижод хонасида бўлса, лампа шишани ёқиб қўйиб, қўлида қоғоз-қалами бўлса, ичи тўла қайнаб келяпти, тошиб-айқириб келяпти, бош кўтармай, қаторасига етти-саккиз мақолани ёзиб ташларди-я! Оббориб журналдаги, газитдаги дўстларига, сафдошларига бирин-кетин ўқиб берарди-я!.. Дард кўб – давоси йўқ, ҳасрат узоқ – кечалар қисқа, кўзлар кўр, жарт-журт зўр – манзил узоқ, ваҳима катта, тўй бедарак, осмон узоқ – ер қаттиқ, бўйи бир қарич – соқоли икки қарич… Ёдида, “Туркистон” газитига ёзганди шу сўзларни, бошқа ёзганлари ёдига тушди. Ҳамроҳига сездирмасликка уриниб, ичида кулимсиради… Шеър ёзганди: “Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз, Жойи келган чоғида виждонни пулға сотамиз…” Бизникилар “Бўрк ол!” деса, бош олишга ҳозир… От билан эшакка солиқ солинибдур, хайр, солинса солинибдур; бу орада бир камбағалнинг эшаги очлиқда ҳаром қотибдур; хайр қотса қотибдур. Ўлган эшагингнинг солиғини бераверасан, деб фармон чиқарибди калоноғизлар… “Отингдан айланай Мочалов. Исми шарифингни эшитсам бутун борлиғимға сирқироқ кирадир, Мочалов!..”

– Нимадан кулвоссан, укам? Ўзингча кимми майна қивоссан?

Абдулла ёнгинасида “Бўғма” ётганини ҳам унутганди. У тутқич бермас хаёли, қуюқ қора булутлар остида қолган хатар тўла хаёлларига пайдар-пай ёпирилиб келаётган ёзганларини қарийб овоз чиқариб такрорлаётган, такрорлагани сайин хумордан чиқаётган эди.

– Томинг кетиб қолмасин тағин! Қўрқвоссанми?

– Худо йўлида савоб ишга таваккал қилган одам бандасидан қўрқмайди, окам!

“Бўғма” Абдулланинг жавобидаги жеркиш ва дакки оҳангини илғамади, илғаган бўлса-да, пичингдор “окам” сўзи унинг қитиқ патига роса ўтиришган, яъни кўкнори сўрган банги ҳолатига туширган эди. Абдулла эса ўз хаёллари билан маст – мақолаларида ёзган сўзлар, ўхшатишлар, жумлаларни энтика-энтика такрорлашдан ҳузур топаётган эди… Азбаройи Худо, айтингиз-чи, ҳуқуқ деган нарса ўзи нима? Ҳуқуқ нимадан иборат? Гуваламики, уни биз майдалаб ҳожатимизга яратайлик?! Нима ахир? Бунинг жавобини – “ҳуқуқ” деган дарди бедаво бўйнига осиб олғанлардан сўраймиз… Ясовуллар, қозию қуззотлар бу гапка, бу ишларга тушунадирларми?.. Чорсуни соғиндим, Чорсу бозорини!.. Пиёда кезган одамнинг чиққиси келмайди. Атторлик, чархчилик, пичоқчилик, темирчилик, мисгарлик, бешикчилик, тароқчилик, чопондўзу дўппидўзлик, читфурушу  чегачилик, заргарлик, маҳсидўзликлик, эҳ-ҳе-е, нимасини айтасан, қадрдон Чорсу! Кўчаларда йўл усти ош, нон, кабоб, балиқ, сом­са, манти, лағмон, калла гўшти, хасип, нўхотшўрак, бодроқ, ҳолва, обакидандон… Исириқ тутатиб юрганлар, тиланчилик қилаётганлар, қандингни ур, баринг! Оҳо-ҳо-о-й, кеп қолингла-а-ар!.. Ким билсин, бу кунларда кеп қолинглар деб жар солишларга ҳам ижозат йўқдир, ҳойнаҳой?! Ёзгани ёдида: “Эски шаҳарнинг бошдан-оёғи, оёқдан-боши, етти яшардан етмиш яшари қўтур… Эски шаҳарнинг афкори умумияси шу қўтур масаласи билан машғул… Халқ соғлиқни сақлаш бўлими бу тўғрида қимир этмайдир… Эски шаҳарда бўлған мушук-сичқон жангида ўн минг кишининг бурни пачоқ бўлиб, қирқ минг кишининг ияги эзилди…  Пилдир, пис… Гувала, лўмбоз, замбил, Аштак-паштак Темиртак-пистак! Тоғдан лов-лов, Миянг ғов-ғов!.. Бири анбар, Она қизи қайда? Ола була тоғда. Гулдир губ, Пилдир пис!..

Абдулла баралла кулиб юбормаслик дардида кафтини оғзига қопқоқ қилди, ётолмади. Ўрнидан туриб, қоронғи ҳужрага кўз югуртиришга, шу орқали ўзини чалғитишга уринди. Аллақаердан тушаётган ожиз шуъла манбаини беҳуда излади, жуда-жуда топгиси келди – истаги, умиди зое кетди. Кўз олдида Тошпўлат тажанг пайдо бўлди… “Тажанг”ни ёзишга ёзди, журналда эълон ҳам қилди, аммо-лекин, мана, ёнида ётибди ҳақиқий Тажанг! Алҳазар, Полвоннинг ўзгинаси-ку бу! Ҳаётини қиморга тиккан, бор-шудини бой берган, уч-тўрт чақа илинжида одам бўғизлашдан тап тортмаган Полвон![6] Тажангни шу Полвондан олганди, манавиниси ундан ошиб тушди, буниси “Бўғма”! Билмаган нарсаси йўғ-а? Сўраб-суриштиришга ҳам ҳожат қолмаяпти – бир дунё саргузаштларни тўкиб ташлади ўзи, яна сўраб-нетса борми, оғзининг истансаси йўқ!

 

Дастлабки тергов

Тугалланиши ҳақида                           Иш № 547

ҚАРОР

Тошкент ш. 1926 йил апрель 6 кун

ОГПУ вакили Агидулин АБДУЛЛА ҚОДИРОВни айблаш бўйича 547 рақамли ишни кўриб чиқиб ва иш юзасидан тергов жараёни мукаммал ўтказилгани ва эълон қилиш учун монелик қолмаганига эътиборан ЖПК 207-моддасига биноан

ҚАРОР ҚИЛАДИ

Иш юзасидан тергов ишлари тугаллансин, бу ҳақда айбланувчига хабар етказилсин

Ваколатли вакил        Рози

Бошлиқ     Тасдиқлайман

 

Эълон қилинди “  ”             1926 йил

 

(Айбланувчининг имзоси) Имзо

 

Турмадан эсон-омон чиқса Тошпўлат тажангни қайта ёзишни дилига тугди Абдулла. Ёки турма ҳангомаларини алоҳида бир асар қилсамикан? Жулқун эмас, Жубой, Овсар ёхуд Думбул эмас, Гоголнинг Хлестокови муаллифлик қилса, қурмағурнинг тили хўп ўтиришади-да, ўзиям! Ёхуд… Дон Кихотни гапиртирса-чи? “Йиғинди гап”ларни ёзгани учун зиндонбанд этилган Дон Кихот, нима дедингиз жаноби Сервантес?! Ёздингизми, тамом деяверинг, муҳаррир ёнингизга тушмайди, бир товоқдан оби ёвғон ичаётган қаламкаш жўраларингиз кетини бетингизга тутади, бу ёғи тақир сайҳонда ўзингиз ёлғиз, жавобини ҳам ўзингиз берасиз. Санчо Пансони сотасизми, қирчанғи тулпорингизни пуллайсизми, бу ёғи ўзингизга ҳавола. Чидамасангиз, тирсакни тишлаш ихтиёри ўзингизда, жаноб Сервантес!.. Ҳой, “Бўғма”, Дон Кихот саргузаштлари қулоғингга чалинганми, окам?! “Ревизор”-чи? Бу дунёга не муродда келдингу не қисмат йўлларида адашиб юрибсан, хўрозвой?!

Бир каззоб пошшо бўлган экан, – эртак бошлаб қолди “Бўғма” салмоқланиб, тўсатдан, – унинг ҳузурида оғиз очиб сўз айтган мулозим икки-уч кунни ичида гум бўлиб кетаверибди. Буни пайқаб қолган мулозимлар ой ўтибди, йил ўтибди, ўламан саттор оғиз очмасликка одатланишибди.

– Нега гапирмайсанлар? Ҳаммаларинг тилдан қолдиларингми, энағарлар?! – дағдаға қилибди пошшо, шумлиги-каззоблиги тутиб.

– Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз, олампаноҳ, ҳеч кимсада гап йўқ, – дея юкуниб-эмаклаб ялтоқланибди вазири аъзам. – Сиздек етти иқлимда топилмас доно-донишманд инсон турган жойда бошқаларнинг сўз айтишига йўл бўлсин.

– Ҳеч кимда-я? – ўсмоқчилабди пошшо тулкилик қилиб. – Ҳеч кимсанинг ичида гап йўқми?

– Йўқ-йўқ, – қўрқа-писа вазири аъзамни гапини тасдиқлашибди мулозимлар жўровозда. – Ичимизда бирон оғиз сўз қолган эмас.

– Жаллод! – дея қарсак урибди олампаноҳ. Жаллод учиб кириб, ойболтасини кўтарибди:

– Лаббай, шоҳим! Буюринг!

– Бир чеккадан калласини сапчадек уз, манави соқовларни! – деганча бақрайиб қараб ўтираверибди каззоб. Жаллод амрни адо этишга киришибди. Пайдар-пай танидан жудо этилган каллалар салла-палласи, соқол-мўйлаби аралаш-қуралаш қонга беланиб, сапчадек ҳар томонга юмалайверибди. Шунда не кўз билан қарасаларки, калласи олинган ҳар бир мулозимнинг бўғзида тиқилиб, қўйни қумалоғига айланиб қолган сўзлар оёқ остига думалаб-думалаб, тутдай тўкилибди…

– Кунда! – деб юборди Абдулла ғазабини босолмай, тишларини ғижирлатиб. “Бўғма” уни ҳам эртакдаги пошшо мулозимларига ўхшатди, деб ўйлади, шекилли, бу қадар ғазабини жиловлолмай қолганини ўзи ҳам сезмай қолди. – Каллангни узиб ташласа, тананг кундаликка ярайдими?! Нима демоқчисан?! Ман нималарни ўйлаб ётганимми сан қаёқдан биласан?! Санга айтсам, тушунасанми, ақлинг етадими?! Хом каллангга келган сассиқ чўпчагинг кимга керак?! Ё менга ақл сўқивоссанми?! Ким деб ўйлавоссан мани! Бир пас қисиб ётсанг ўласанми?!

Темир эшик дарчасида пайдо бўлган башарадан: “Ҳой Илон! Ишкал, ўчир!” деган дарғазаб овоз келди. “Бўғма”  ётган жойидан бошини кўтариб, ёталоқ чеккасига оёғини осилтириб ўтирди-да, ингичка бўйнини бабоғ хўрозга ўхшатиб чўзганича эшик туйнугини мўлжалга олиб туплади. Болохонадор қилиб сўкинди. Ва бирдан Абдулла томон ўгирилиб, тамомила ҳайратда қолган одамдек мутлақо бошқа оҳангга кўчди:

– Ёзғувчимас, мужик экансану! Забон боракан, дух бо-ор! Манга сакрадинг-а?!. “Илон” десанг ўнта хата наридагилар иштонига сийворади, қойил-е! Ман сани фойдангга ишлавомман, ука. Шайтоним тутса-чи, санга ўхшаган молодойни икки секундда бўғаман-қўяман, калима келтиролмай қоласан. Илло санга қўлим бормади, тушунвоссанми?! Кўзинг бошқача, кўзингни қораси тоза, тушунвоссанми? Ичинг тўла гап – қумалоққа айланмаган, қайнаб ётибди. Так, манга дўқ урма-де…

Абдулла бирдан ҳовурдан тушди, индамаса “Бўғма” яна ақл сўқишдан тўхтамайдиган, қолаверса, у айтаётган гаплар Абдуллани бир қадар мулзам қилаётгандек туюлди.

– Жойингга ёт, ухла, эртага гаплашамиз, – деди у. Жиғибийрони чиққанига қарамай, кўнглининг бир чеккасида “Бўғма”нинг китобдан ўқиб бергандек дона-дона қилиб, шошилмай эртак айтишидан росмана ҳайратланганди ҳам. Бироқ одамхўр Илон, бўғма илон негадир қизиққонлик қилмади, аксинча баттар мулойим тортди.

– Суриштириб келганда, икковимиззи орамизда фарқ йўқ, – овоз чиқариб кулимсиради у. Бу гап Абдуллани янаям энсасини қотирди. Нима деб валдираяпти бу йиртқич?! Индамагани сайин, бошга чиқиб оляптими?! “Нима демоқчисан?” деб сўз қотмоқчи эди, “Бўғма” давом этди: – Сен ўзингга ёқмаган одамларни кулги қиласан, мазах қиласан, мен эса ўзимга ёқмаган одамни ғиппа бўғаман-қўяман. Так что, фарқ йўқ, топдимми?

Абдулла чуқур ўйга толди, қоронғида шеригининг нигоҳини топишни, унга синчиклаб тикилишни истади. Шундай “теша тегмаган” нусхага рўпара келишининг ўзи унинг учун мукофот эди. “Бўғма”нинг ҳар бир гапи алоҳида ҳикояга мавзу бўладигандек энди унга илҳом бағишлаётган, кўнглининг аллақаерларида янги бир асар куртаги уч бераётгандек ҳаяжонлантираётган эди.

– Ҳў, яшанг, окам, – деди у атайин сўзларга алоҳида-алоҳида урғу бериб, – орамиздаги фарқ катта, анча катта. Мен одамлардаги, одамлар табиатидаги иллатни ўлдириш мақсадида ёзаман, сиз эса ўзингиз ёқтирмаган одамни баҳридан ўтиб қўя қолгансиз. Фарқ катта-а…

Орага жимлик чўкди. Абдулла гурунг давом этишини истамади.

– Ухлаймиз, эрталаб давом эттирамиз…

“Бўғма” аксинча суҳбат давом этишини жуда-жуда истаётган, бунинг учун Абдулланинг ҳар қандай хоҳишини адо этишга тайёр эди. Бироқ у ўзидан заррача топ тортмаган ҳужрадошининг раъйини қайтаролмади.

– “Эртага давом эттирамиз” дейсан, – овози жуда ночор, аянчли чиқди унинг, кулимсираши баттар беўхшов эшитилди. – Эрталаб арши аълога равона қилишади мани… Омон қолишим учун эса…

– Қўрқма, отишмайди! – деди қатъият билан Абдулла. Энди у муқаррар ўлими бўсағасидаги бандага ачина бошлаган эди.

– Ҳой, ёзувчи, манга нима десанг дегин, но, қўрқоққа чиқарма, ман қўрқмайман. Онам қўрқиш учун туққанмас мани! Ҳаётда қўрққан одам эмасман. Капалагим учмаган мани, тушунвоссанми?! Эсхонам чиқмаган, ўтакам ёрилмаган! Мани-чи, шу сафар отишмаса, кейинги сафар бир кун чаккамдан қўяди бу хезалак. Отса отар! Илло, сани отишмайди. Айтдим-ку, Эшонгузарингга қараб пир этасан, учасан-кетасан. Фақат, билиб қўй, мани айтганди деб юрарсан, яхши ёзувчи экансан, так что, эрта бўлмаса, индин бари бир қамашади, бунисида бўлмаса, кейингисида отади бу итлар. Нега дейсанми? Негалигини айтайми?.. – У негадир бир зум жим бўлиб қолди, бир зум мулоҳаза қилиб олди, шекилли, кейин айтадиганини айтди: – Манга ўхшаш одамхўрдан кўра санга ўхшаш каллали ёзувчидан кўпроқ қўрқади маразлар! Фақат билиб қўй, дунёга одам бўлиб келдингми, айтар гапинг бўғзингда қолмасин, дивомман, ука! Эркакмисан, бўғзингда қўйни қумалоғини йиғиб юргандан кўра айт, айтадиганингни! Ёз, ёзадиганингни! Ё остидан, ё устидан-де, ўладиган дунёда!

Абдулла жойида ётолмай қолди. Ёталоғидан тушиб эшик ёнига борди-қайтди, яна борди, яна қайтди. Ёталоқ қирғоғига ўтирди-турди. Юрди. Чапани, одамхўр бекас[7] шугина йигит  шу-унча гапни билишидан ўзича мутаассир бўлди. Ўқиганми-эшитганми, ўзи тўқиб-бичадими, фарқи нима, билади-да! Нимаики билса, оғзим бор деб гапираверади!

Хаёллари тўзиб кетган Абдулла ўрнига чўзилди, сездирмайгина чуқур “уф” тортди. Орада пича фурсат ўтди, кутилмаганда “Бўғма” аста ғимирлаб қад ростлади. Қора шарпа юрди – ялангоёқ пайпасланиб, Абдулла чалқанча ётган ёталоқ тепасига ёндамаси пусиб келди-да… икки қўл – икки чангак чўзилиб келиб Абдулланинг елкасига етар-етмас…

– Ёшинг нечада? – савол қотди Абдулла бехосдан, ётган жойида қимирламай. Унинг товуши босиқ, лекин ҳайбатли эшитилди.

“Бўғма” эсанкираб қолади деб кутганди Абдулла. Йўқ, пинагини бузмади, аксинча овози янаям осойиш тортган, ови чопмаган, лекин кейинги уринишидан умидини узмаган миришкор овчидек бамайлихотир эди. У худди тишлаб олишга чоғланган каламушдай оғзини Абдулланинг қулоғига босди. Шивирламади, шипшимади ҳам, йўқ, бамисоли илон ипдек ингичка, қоп-қора тилини чиқариб вишиллади:

– Чиққан заҳотинг, қуённи сур! Қорангни ўчир!..

Дабдурустдан Абдулла тушунмади, англамади, жим бўлиб қолди.

“Нима дединг?” деб сўрамоқчи эди, “Бўғма” гапиришга қўймади.

– Уч кам ўттиз… – деди у овозини баралла кўтариб, шеригининг ёталоғи чеккасига елкаси билан суяниб. – Айтдим-ку, ҳаётда бировни “ока” деган одам эмасман. “Ока” дейишга тилим бормайди…

– Хотиндан нечта?

Абдулла беихтиёр берган саволига кутилмаган жавоб эшитаман деб ўйлаганди, адашмади:

– Мунақаларни сўраб, қонимми қайнатма, ука! Ёзувчи бўлсанг ўзингга, қайтиб сўрама-суриштирма! – деди тутақиб, ҳатто очиқдан-очиқ дағдаға оҳангида.

Бу дағдаға ташқаридагиларга “аталгани”ни Абдулла сезди, сезмаганга олди ўзини. “Бўғма” нари кетди, эшик пойига бориб, икки қўли билан боши-қулоқларини беркитганича, зах сиймон ерга юзтубан чўзилди. Энди пича хотиржам тортган Абдулла ёталоқ қирғоғига ўтириб олди. “Бўғма”нинг кўнгли учун нимадир демоқчи эди, демади. “Бўғма”нинг овози дўриллаб эшитилди:

– Уч хотиндан саккиз чурвақа орттирдим… Илло бирортасини қорнини тўйғазишга ярамадим… Ярамас…

 

Мажбурий узлатхонада ўтаётган кунларининг саноғи ўн тўртга етганида Абдулла “Индамас”нинг маслаҳатини обдон ўйлаб, қатъий қарорга келди – турма бошлиғи номига маҳзари арз йўллади. Унда шу чоққача сўроққа чақирилмагани, нима айб қилганини билмаслиги, ўзини айбдор санамаслиги, зудлик билан сўроққа чақирилишини талабнома мазмунида баён этди ҳамда мазкур талаблари адо этилмаган тақдирда икки кундан сўнг очлик эълон қилишини билдирди.

Бир кун кутди, иккинчи кун кутди – маъмурлардан жавоб бўлмади. Очиғи, Абдулла ўзига нисбатан зинҳор бундай муносабатни кутмаганди. Мартнинг йигирма тўртинчи кунидан берилаётган таомларни қабул қилмади, уларга қайрилиб қарамади, қўл ҳам урмади.

 

ҚАРОР

Тошкент ш. 1926 йил 3 апрель Ўрт. Осиё СО ПП ОГПУ вакили Агидулин 547-рақамли АБДУЛЛА ҚОДИРОВ тергов ишини кўрар эканман, очлик эълон қилган ҳибсда сақланувчи АБДУЛЛА ҚОДИРОВ 10-суткадирки очликни давом эттирмоқда ва уни тўхтатишга розилик билдирмаётганидан келиб чиқиб

ҚАРОР ҚИЛИНДИ:

А.ҚОДИРОВ Тоштузатишуйига ўтказилсин ва унга касалхонада даволаш чораси белгилансин ва зарурат туғилса сунъий таомлантирилсин.

Ушбуни ижро этиш РСО ПП ОГПУ зиммасига юклатилсин.

 

Ихтиёрий очликнинг дастлабки икки-уч куни оғир кечди. Маҳкумни очиқ ҳаво сайрига  чорламай қўйишди. Учинчи куни, шекилли, оқ халатли киши кириб, Абдулладан ҳол-аҳвол сўради, очликнинг асорати оғир кечишини чулчутнинг тўққиз пулидек ҳижжалаб тушунтиришга уринди. Абдулла сўзсиз-несиз, кўз қарашлари билан жавоб қайтарган бўлди, меҳрибончилик учун миннатдорлик билдирди, лекин аҳдидан қайтмади. Тўртинчи кундан очлик жуда-жуда оддий ва табиий ҳолга айланди. Ҳатто Абдулла ўзини ғоятда енгил ҳис этар, қоронғи ва зах ҳужрада у ёқдан, бу ёққа юрар, фикри аввалгига қараганда бирмунча тиниқлашганидан, хотираси панд бермаётганидан мамнун эди. Бироқ кун саноғидан адашганини сезмай қолди. Кунми-тунми, фарқи қолмади. Эшик дарчасидан “Таом!” деган товуш эшитилса, кўнгли кетар, товоғини узатиш тугул, ичкари кириб сузиб қолдиришган шилдиршўрвага қайрилиб қарамасди ҳам. Шундай кунларнинг бирида иттифоқо эшик очилиб… Абдулла мутлақо кутмаган таниш инсонни кўраётганидан аввалига хотира хиралашди, деган хаёлга борди. Бехосдан йиқилиб тушмаслик учун, эҳтиёт чораси сифатида чўнқайиб ўтирди, кириб келувчи кўлагага разм солди. Йўқ, адашмабди, рўпарасида… маҳалладоши Ашрабхўжа амаки ундан кўз узмай қараб турарди!.. Қандай қилиб? Нима учун? Топишганини!.. Маҳалла-кўйда ўзини қўли етмайдиган-сўзи ўтмайдиган мушкул юмуш йўқ деб ҳисоблайдиганлар хилидан. Ҳойнаҳой, “Ёзувчи болани ўзим кўндираман”, деб ваъдани катта қилгандир. Буни Абдулла тахмин қилди ўзича, лекин шу тобда унинг учун чуқур мулоҳаза юритиш ҳам ортиқчалик қилаётган, малол келаётган эди.

Амаки нимадир деди, бироқ у айтган-айтаётган сўзларни Абдулла тугул, шўрлик амакининг ўзи ҳам дуруст англамаётган – негадир у ёш, лекин номи машҳурлаша бораётган маҳалладошини буткул ўзгача аҳволда кўраман деб ўйлаганди. Ҳойнаҳой, у аллақачон синиб улгурган, бурунги шаштидан тушган, инчунин икки оғиз гапда ўз раъйимга юритаман, деб ишонганди. Бироқ айни дамда ҳибсдаги Абдулладан кўра очиқдаги Ашрабхўжа кўпроқ хаёли қочган, паришон, ҳарчанд уринмасин, ўзи “тартибга чақириб қўйиш”ни мақсад қилиб қўйган бандининг кўзига тик қаролмаётганди. Ниҳоят, идроклар, уларнинг изидан сўзлар равонлашди.

– Дурустмисан, Абдуллажон иним?

Абдулла бош ирғади ва шундагина қўшниси қандай қилиб унинг ёлғизхонасида пайдо бўлиши боисини англаб етди. Ашрабхўжа амакининг ташрифидан кўзланган муддао Абдулланинг тақдиридан қайғуриш эмас, йўқ, Абдуллани зиндонбанд этганлар учун манфаатлироқ эди.

Абдулла кишибилмас истеҳзо ила кулимсиради. Ноилож, қўл бериб кўришди.

– Бехавотир, – деди шивирлаб. Бошқа гапни чувалатмади.

– Бибинг, яқинларинг…  ҳаммамиз ташвишдамиз, Абди ука. Очлик иғлон қилиш билан нимага ҳам эришасан? Турган-битгани – ўзингга кони зиён!

Абдулла бош чайқади.

– Ҳаммаси жойида, – деди истар-истамас гапни мухтасар қилиб. – Айтинг, ҳеч ким хавотир олмасин. Сиз ҳам хотиржам бўлинг…

– Ахир…

– Уйдагиларга салом айтинг…

Раҳбарнисанинг аҳволини сўраш учун оғиз жуфтлаганди, эсини йиғди – хотинининг аҳволини бориб-келиб шу одамдан суриштирадими? Ичида:  “Ой-куни яқин эди, эсон-омон қутулиб олсин”, дея илтижо қилиш билан кифояланди.

 

Кун саноғи саноқдан чиқди. Абдулла вақтнинг ўтишини дам ҳарорати ошаётганидан, дам аъзойи бадани қақшаётганидан пайқаб қолар. Шунда бу аҳволда ўйлаётган, дилидан кечаётган барча хотиралари тариқдек сочилиб кетадигандек хавотирга тушар, бибиси тушмагур сопол коса тўла талқон келтириб, еб ол, Абди, ол болам, ҳолдан кетиб қоласан, қўзим деб қўярда-қўймай қистовга олар, хотини, унинг пинжига тиқилган қизи билан ўғли пича наридан мунғайиб унга жавдираб қараб туришар, бу манзара ўрнини қаламкаш биродарларининг танишдан-таниш чеҳралари эгаллар, худди яқин меҳрибонини чорлаётгандек “Муштум”, “Муштум” деб юборар, ҳарчанд бақирмасин овози ўзига ҳам эшитилмас, хаёл оқими “Ўткан кунлар”га етганда ўзани кенгайган дарё мисол сокинлаша-сокинлаша… Отабек ҳардамхаёл, Кумушбиби ҳардамхаёл… Отабек икки ўт орасида, Кумушбиби оғироёқ… хотини Раҳбарниса ой-куни яқин – иккиси ҳам хавотир-изтироб исканжасида… Юсуфбек ҳожининг боши қотган, на оилада-на хонликда муросаи мадора чорасини тополмай тўшаъи охират тадорикига юз бурган. Устма-уст, устма-уст ёпирилиб келаётган қоп-қора булут босимидан ўзини қаёққа уришини билмай қолган Абдулла мошинавори бир хаёл измида Чорсу бозорида келиб қолганини сезмас… бозор ўша-ўша – гавжум, издиҳом, ранго-ранг, ғала-ғовур, ғивир-ғивир, жимир-жимир, қаҳ-қаҳа, воҳ-воҳа, опқолинг-кепқолинг, қўл ташланг, ҳой қани, ҳой мана, ҳў-ў кучингдан, ҳў-ў тилингдан, ғат-ғат, ғат-ғат, тарака-тум, тум-тум, так-тарака тум, тўпланма… қоч-қочиб қол, тўхта хумса, тўхта дедим… отаман, сотаман, осаман, бадарға қиламан сартни боласи… тўпланма, тарқал, тарқал дедим хароми… бозорда тўпланмай онангникида тўплансинми, ҳаммомда тўплансинми ҳанги, ҳў ҳанги!..

 

Абдулла етти ухлаб тушига кирмаганди мана шундай аҳволда қолиши, бор-йўғи матбуотга гап ёзғувчи мухбир-мусанниф[8] бўлса, нимаики ёзса янги жамиятнинг корига яраш, ёмонни камайтириш – яхшини кўпайтириш дардида ёзди. Одамларга ёқадиган сўзни излаб-топиб ёзди. Унга ҳеч ким ёзишни ўргатмади – қўлига қалам тутқазмади – ўзи топди, ўзи ёзди. Услуб яратди. Матбуотда сўз айтиш услубини кашф этди. Оми-оломон ҳаётига янгилик шабадасини олиб кирувчи яккаю ягона куч – матбуот  деб билди. Шу ақидасига қаттиқ ишонди. Матбуот сўзини ҳамма нарсадан, ҳатто жумҳуриятнинг катталаридан, ўша калон курси эгаларининг шаънидан-да устунроқ деб билди. Ундай деса… суриштириб келганда, ўша Акмалча ҳам, ўша Йўлдош ҳам Масков чизган чизиқдан чиқолмаслар! Тур деса туради, ёт деса ётади, от деса отади, қама деса қамайди-да!.. Тавбасига таянтир деса таянтиради-да!.. Бу эса ёзаверди, беармон ёзди, хумордан чиққунча ёзди ва… Ёхуд Масковдаги ўқишини давом эттирса, ўқишини тугаллаб қайтса дурустмиди? Ҳар қалай, журналистлар институтида ўқиса, Неъмат Ҳаким[9] ёзганидек, маълумотини юқорилатса, тағи яхшироқ ёзар, замон матбуоти сирларини тўлароқ ўрганса, аллақандай кулунч бир мақола ёзиб бундайин балоларга қолиб ўтирмасмиди?

Қайдан ҳам Комилнинг раъйига юрди?! Унинг сўзига кириб, ўқишни ташлади, тиниб-тинчимас мақоланависга айланди. Уни Масков ўқишидан олиб қолган ҳам Комилнинг ўзи! Энди “Йиғинди гаплар”ни босилмасдан бурун ўқимагандим дея тониб ўтирибди. “Зимангга олган бўлсанг, жавобини ҳам ўзинг берасан!” деб келадиган балони ўзидан соқит қилди-қўйди, ғалвадан силлиққина бошини олиб қочди – қутулди.

Бир у эмас, Ғози, Санжар, Мирмуҳсин, уларга қўшилиб Зиё ҳам гуноҳнинг барини бир овоздан Абдуллани бошига ағдариб туришибди. Ҳа, бир овоздан! Бундан чиқди, уларнинг барчалари бир томон, Абдулланинг ёлғиз ўзи бир томон! Абдураҳмон Саъдий, изма-из Неъмат тушмагурнинг мақоласида унинг номи буюк инқилобнинг дастлабки олти йили мобайнида ғайрат кўрсатиб меҳнат қилган – ижоддан тўхтамаганларнинг сафида илғорлар қаторида санаганлари сафдошларини сакаротга[10] солмадимикан, ишқилиб?! Ўйлаб кўрса, илғорлик, пешқадамлик – ёлғизлик-танҳоликнинг ўзгинаси! Қўлтиғинг остида ҳеч киминг йўқлиги белгиси экан. “Бўғма” жинига ўтиришмаган нусхаларни ғиппа бўғиб ташлаш одати туфайли ёлғиз,  Исоқ домла калваклиги боис ёлғиз, Жулқунбой эса қалами ўткирлиги, эҳтимол, ҳаддан ташқари куюнчаклиги боис – ёлғиз. Раҳматулло домла омонмилар, ишқилиб?.. “Шундай кунларга қолдик, устоз…” “Оллоҳ таолонинг иродаси, бўтам…” “Алижон домла, тақсир, суҳбатларингизни беҳад соғиндим…” “Таҳаммул[11] тилайман сизга, Абдуллажон, яхши кунлар яқин, иншоаллоҳ!..” Оллоқул, сан қаердасан, қаландар?.. Тозасидан бор, тозаси, кайф-да, дамласам би-ир тортасизма, окам?..

– Абдулло ока, ҳ-ҳо-ой, Абдулло ока!

– Лаббай, келсинлар, Салимбой, қандай шамол учирди?

– Шўрва шира боғлади, улфатлар муштоқ, ока, юрақолинг!

– “Солма”ми, “босма”ми, зиёфат, Салимбой?

– Солма, хотиржам бўлинг, окагинам, хаппаи ҳалолидан – солма![12]

Салимбой овозининг борича ҳа-ҳолаб маҳаллани бошига кўтарди, Абдулла ичида унга жўр бўлди. Яқин атроф мавзеларда донг таратган йўлтўсар ўғрининг тап тортмай кимсан Жулқунбойдек машҳур бўла бораётган ёзувчини ҳамтовоқликка чорлашидан кулгиси қистади. Абдулла учун бу тоифа кишиларнинг солмаю босмасидан кўра, мулоқот тарзи, сўзи, тили қадрли… Чорсу бозоридан чиқиб, Самарқанд дарвоза кўчасига бурилиш жойида, Чуқуркўприкка етар-етмас ўнг ёққа кетган нишаб сўқмоққа бурилди, кенгина ариқнинг қирғоғига келиб чўнқайди. Беш-олти одимда буткул ўзга бир дунёга ўтиб қолгандек ҳис этди ўзини – салқин, сувнинг жилдираб оқиши, майин-майин жилмайиб-қиқирлаб қўйишлари эшитган қулоққа, аъзойи баданга роҳат бағишлайди. Жимжитлик, сокинлик… жони ором олди…

Мираҳмад тажангни айтмасинми?! Хончорбоғнинг палаги тоза чапаниларидан! Зап йигит, мард, дангал. Саратондаги момақалдироқдек кутилмаганда “юр-юр”лаб кеп қолади. “Бироз бандман”, дейди Абдулла. Тажанг ўлақолса сўзидан қайтмайди: “Кейин ёзасан, оғайни, бир бабоғ опкелдим, ўшанга битта ҳекоя бағишламасанг, отимми бошқа қўяман!” деб қисталанг қилаверди. Абдулла таклифни рад этишга кўнгли бўлмади. Шай қилиб қўйган қалам-дафтарини йиғиштириб, Мираҳмаднинг олдига тушиб борди. Мираҳмад тушмагур янги топган бабоғини ҳовлининг ўртасига қўйиб юборди, унга гўшт, дон-дун, анор донасини ташлаб чўқилашини томоша қилинг деб қўймади. Пича чалғитиб тургач, Мираҳмаднинг кенжаси Муродвали сопол лаганга уйиб сузилган паловхонтўрани икки қўллаб кўтариб келиб, супанинг ўртасига тузалган дастурхонга қўйди.

– Ия-ия! – нима деярини билмай қолди Абдулла.

Мираҳмад тажанг беҳазил-бемутойиба муддаосини айтди:

– Жанггоҳдан чиқиб, уйга келсам, би-ир чойхона палов дамлашаётган экан. “Ёнимга Абдулла келиб ўтирмаса, ман бир  чўқим оғзимга омайман”, дедим!

Ошхўрлик тугагач, Мираҳмад тажанг ҳайҳот ушалмас орзусига етишган, ҳаётда армони қолмаган одамдек баттар эриб кетди, хотини борми, ўғил-қизлари борми, барини қаторлаштириб ўтқазиб қўйиб кимсан Абдулла Қодирийдек, кимсан Жулқунбойдек инсон – кимсан замонанинг пешқадам ёзувчиси меҳмон бўлиб ўтирганини етти маҳалла эшитадиган қилиб баралла ва такрор-такрор айтишдан чарчамади. Савол устига савол ёғдирди, қўярда-қўймай уни гапиришга ундади.

– Жинлар базмидан ол, Абди, жинлар базмидан. Мани давримда ўз оғзингдан эшитсин, булар, жон ука! Ўлгунича гапириб юради кейин!

Абдулла сўзга чечан эмасиди. Гапиришдан кўра ўйлашни, хаёл суришни афзал кўрарди. Гапдон, сўзининг адоғи кўринмасларга қараб туриб дам ҳайратланар, дам ич-ичидан ғаши келарди. Шундай бўлса-да, Мираҳмад тажангнинг сўзини ерда қолдирмай, узуқ-юлуқ бўлса-да, “Жинлар базми”ни сўзлаб беришга киришди.

 

“Ўрта Осиё бўйича РНПУ вакилига

ПП ОГПУ Тошкентда ҳисбда сақланаётган фуқаро

Абдулла Қодировнинг онаси – Жосият биби Абдулқодир хотинидан

Илтимос

 

Яқин кунларда ГПУ органи томонидан “Қизил Ўзбекистон” газетаси ва “Муштум” журналида ишловчи ўғлим Абдулла Қодирий ҳибсга олинган.

Унинг қамоққа олиниши мен ва бизнинг оила аъзоларимизга қаттиқ зарба ўрнида қабул қилинди, зеро, бизнинг ўғлимиз қандайдир жиноятга қўл уриши ва унинг эвазига турмага ташланиши ҳақида ўйламаганмиз.

Башарти у қандайдир хатога йўл қўйган бўлса мен ишонаманки, бу унинг мутлақо ёшлиги, тажрибасизлиги ёки бошқа бир кишилар таъсирига тушиб қолгани оқибатида юз берган деб ўйлайман.

Фикримча у катта айбга қўл урмаган, қўл урган бўлса қамоқхонада ўтирган кунларида етарли даражада жазоланган ҳисобланур.

Ушбу билан Сизга илтимос қиламанки, ўғлимга нисбатан қўзғатилган ишни  тез кунда тўхтатиб, уни қамоқдан озод қилсангиз. Зеро, мен ва бутун оила аъзоларимиз туну кун оғир изтироб исканжасида қолмоқдамиз.

Тошкент, эски шаҳар

Апрель 2-кун 1926 йил”.

 

Бойқушлар макони бўлган бир вайронада юз берган воқеа тафсилотини эътиборсиз тинглаш қийин эди… Майдон ўткир нурдан чароғон, тўда-тўда кишиларнинг чағир-чуғури, гижданг-гижданглар, чилдирма, дутор, танбур, ғижжакнинг заиф, аммо юракни қитиқлайтурған товушлари… катта оқ самоварлар, катта дошқозонлар, жиз-биз, жиз-биз давом этар… Юз чоғли ёш-қари базмни авжига чиқарган… “Мана, Ўсар акам ҳам келди! Ҳой, Ўсар акамга дастурхон ёзинглар!” Нима эмиш, аввал базм, бадъаз дастурхон эмиш. “Қорним оч. Қорним ўлардай оч!” деган гапка қулоқ осадиган банда қаҳат. Босиқ ва оғир машқ чалина бошлади. Машқ авжига минди, эзилиб кетдим, ўпкамни босолмайин, пиқ-пиқ йиғлай бошладим. Машқ узоқ давом этди, мен ҳам узоқ йиғладим. Нега йиғладим – ўзимга-да ноаён. Илло машқ ўзи билан бирга мени ҳам битирди ҳисоб! Икки тегирмон тоши орасида янчилган кишидек мажруҳ эдим, забун эдим. Қимир этолмадим. Базм иштирокчиларининг кўз ўнгида ер ёрилмадию ерга кирмадим…

Қаҳ-қаҳ отиб хандон кулишлардан ҳушимни  йиғдим.  Созандалар шўх, ўйноқи куйни чалишга тутиндилар. Аввал ўйнаб бер, аввал муқом, бадъаз таом! Қорним оч, Мираҳмад, ошингни суз, барака топгур!..  Қанақа ош?! Ана, ана, қара, аввал муқом қил!

Ия, ўн беш-ўн олти ёшли норасида қиз, сочлари жингила-жингила, юз-кўзлари дўндиқ, устида яшил бахмалдан бурама қилиб тикилган чиройли делвагай ки­йим. Ҳар қадам босганида оёғидаги қўнғироқлари жиғирлаб кўзни оладир. Ўйноқи машқ, унга жўр рақсдан дунёга бир шодлик, бир руҳ ёғилар, ўликлар тирилаётгандек, ерлар силкинаётгандек, тоғ-тошлар кулаётгандек, юлдузлар рақсга жўр бўлаётгандек, дарахт япроқлари қарсак чалаётгандек! Ана Ҳомид, ана Содиқ, Жаннат хола ҳам шу ерда, Абдулланинг аҳволидан кулаётгандек, бу ердан омон кетмайсан деган маънода чапак чалишаётгандек, Абдулла баданига ботиб кетган ёталоқнинг устидан қуриган хазон янглиғ учиб тушаётгандек… Шу ётиши, шу ўйлари ўзига хуш ёқаётгандек…

У Чорсу бозоридан чиқди-да, катта тош кўчани кесиб ўтиб, Самарқанд дарвозага бурилди. Одатдагидек Чуқуркўприкка етган пайтида “Жинлар базми” ёдига тушади. Кўприкнинг биқинидаги кенгина майдонни ям-яшил майса қоплаган, аҳён-аҳёнда болалар қўй-қўзи ўтлатиб юргани демаса, аксаран кимсасиз, зоғ кўринмас, отаси айтган ҳикоядаги базми жамшид майдони айни шу ер! Хилма-хил соз чалаётганлар қани, рақсга тушаётган қизалоқ қани, қарсак чалаётган, тўхтамай унинг устидан кулаётганлар-чи? Абдулла бир рақсга тушгиси келди десангиз! Бундан баттари бўлмайдими, осмон узилиб ерга тушмайдими, қиёмат қўпмайдими, нари борса, бир жонга – бир ўлим-да, шунга ҳам ота гўри – қозихонами?! “Бўғма”нинг гапи – гап: қўрқмай-пусиб юрмай, юрак ҳовучламай яшаганга не етсин! Топган гапини – айтилмаган, одамнинг бўғзида қолган сўзлар қўйнинг қумалоғига айланармиш!.. Матбуот нима, матбуотда музҳика нима эканини чулчутнинг тўққиз пулидек қилиб тушунтириб ёзди, керак бўлса, оғзаки айтиб беришга ҳам шай. Тушунган одам тушунмаганлар олдида – ёлғиз. “Ҳақ гап бамисоли мағзи аччиқ бодом, уни қадрига етган одамни ўзи қадр топмайди, болам. Ҳаёт азал  шунақа”. Ҳаёт азал шунақа… Шунақа бўлса шунақа-да, қўрқадиган, тили қисиқ жойи йўқ Абдулланинг! У неки гап айткан бўлса, неки ўйлаган бўлса, бари-барчаси матбуотдаги хизматларидан очиқ-равшан! Ёзди у, истасалар, айтишга ҳам тайёр – тавба қиларли маъюб[13] эмас у. Тавбага бўйин буккан банда бандаларнинг энг ярамаси, яхшилар!.. Ўзинг бир ҳақиқатка қонмай туруб ва ўзингнинг хатойингга тушунмай туруб фақат ожиздан қилинган тавба – тавба эмас; ҳам ўзингни, ҳам ўзгани алдашдир, расволиқ-раддибалолиқдир!.. Шўринг қурғур Калпараш! Увол кетган Калпараш! Ҳой, амир Абдулраҳмонхон – қўллари қон, мияси қон, кўзи қон, ичи тўла қон! Хон – қон – жон!.. Отсанг от, майли, оссанг ос майли, оҳ деган, тўғрилик ортидан бош кетса, уҳ деган-воҳ деган номард!.. Чал, нағмангни майдонча! Жинлар созласалар созласинлар созларини! Жинлар базми авжига чиқса чиқсин, тугамаса тугамасин қарсаклар. Масхаралашлар, қаҳ-қаҳалар тинмасин, майли, қорни очлигидан ҳолдан тойса-тойсин Абдулла! Гир айланиб-чир айлансин, қўл-оёқлари чарчоқдан узилиб-ла туша қолсин, хумордан чиқсин Абдулла! Тур, ўрнингдан, ҳой Ҳомид, Содиққа айт, Содиққа, Комил Алини, Зиё Саидни, унга қўшиб Хуршидни бошлаб келсин, бир мўйига олмас Абдулла! Оломон, издиҳом орасида ўтирган ранги захил “Индамас”, унинг ёнидаги “Бўғма” без ўз кўзларига ишониб-ишонмай Абдулланинг бу “ҳунари” нима билан тугашини билолмай аланг-жаланг. Абдулла турган жойида ўйнайверди-ўйнайверди, гир айланди-чир айланди, оёғининг ости – қара, қаранглар, ёлғизхонанинг қоқ ўртаси, сиймон-пиймони, ёталоқ-патолиғи билан аралаш-қуралаш ўйилиб-ўйилиб, ўпирилиб-ўпирилиб, тўзиб-тўзиб ўрама ҳосил бўлди – ҳибсхонанинг тўрт томон девор-певори, панжаралари, туйнукли темир эшиги – ҳаммаси ўрамага ағдарилиб, уларнинг ўрнида яшнаган, чарақлаган, қаҳ-қаҳ отиб оламга нур таратаётган… гулзор пайдо бўлди, гулзор! Раъно гул, зебо гул, жонон гул! Абдулла кўз ўнгида “осмондан тушган” мўъжизани кўриб ҳушини йўқотаёзди. Қаранглар, томоша қилинглар, завқланинглар бу гуллардан-чамандан дея ҳайқиргиси, бундан қаноат қилмай чаппар уриб очилган ранго-ранг гулзор ўртасига чиқиб олиб, бонг урмоқ қасдида оғиз жуфтлади…
Ҳе йўқ-бе йўқ, югура солиб ҳовли чеккасидаги қазноқ эшигини силтаб очди, ичкари кириб тимирскланди – гулқайчисини излай кетди… Жони ўртаниб соғинганди гулқайчини. Топди! Югуриб бояги шиддатда қазноқдан отилиб чиқди, чиқдию ўнг ёққа пастлаб кетган нишаб сўқмоқдан юриб, анҳор ёқасига бориб қолди. Бу ер шу қадар сокин эдики, ҳозиргина уни ҳаяжонга, жунбишга солган манзаралар кўз ўнгида рўёга айланди. Тавба, туйқус болалигига қайтиб қолди. Узун, япасқи харсангтошга омонатгина чўнқайди. Сув ғоятда мулойим ва беозор оқаётганди. Атроф жимжит… Бола-болакай  ўртоқлар бирин-сирин ғиштин кўприк тепасидан сувга сак­рашди, сувда қувалаш бошланди. Оламни болаларнинг, уларга қўшилиб Абдулла – Абдининг шўх-шодумон қийқириғи тутди. Кўприкдан йигирма қулоч сузишлик жойда бир туп қандтек ўрик дарахти ёнига етишганида, эпчил ўртоқлари оқимга қарши сузишга ўтди. Боиси ғарқ пишган ўрик чўлп-чўлп этиб сувга шўнғир, бир зум кўздан ғойиб бўлиб хиёлгина наридан пўкакдек отилиб сув сатҳига қалқиб чиқар, эпчил шайтонваччалар уни  талашиб тутиб олишар ва ўша заҳоти оғзиларига тиқишар, данагини бир-бирларига отиб, “кўзчиқарар” ўйин ўйнашар эди… Вой, қаранглар, хушрўйгина йигит сув ёқасига келиб чўнқайди. Чамаси аср намозига ҳозирлик кўраётган, эҳтимол андек ошиқаётган, ўзига нотаниш бўлган бу ошёнда хийла саросимага ҳам тушаётган, сувдан кўз узолмас, сув сеҳргар, ариқ сеҳргардек кўринаётганди кўзига… Яна чуқур кўприк, яна ғиштин кўприк остидан чиққан сув уч-тўрт қулоч чамаси очиқ ҳавода оқиб ўтгач, қандтек ўрик ёнига, йўқ-йўқ, бутун ихтиёри ила оқим оҳангига ғарқ бўлган бўй етган қиз қаршисиға етар-етмас гўёки унинг таъзими учун бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтурган соҳиранинг сиҳрига мусаҳҳар бўлған каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистагина… Кумуш, Кумушой, худди ўзи – Кумушбиби! Қаранг, қаранглар, у қўл узатиб сув олди, юзини ювди. Кумушбиби юзини чайган сув томчилари билан ариқ ўзгача ҳаракатга келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берди. Қиз иккинчи, учинчи қайталиб юз ювишида бу фитна тағи ҳам кучайди. Отабек, Кумушбиби! Ойкумуш, офтобкумуш! Оғриқлари… паймонаси яқин Кумуш!.. Оғриқнинг биринчи куни ҳеч кимга сездирмай юрди Кумуш. Аммо иккинчи кун буни бошлаб Отабек, ундан кейин Ўзбек ойим сезди. Абдулла-чи?! Абдулла қаерда? Неча кунлаб хабар йўқ ундан. Раҳбарнисанинг ҳоли нима кечди, кечмоқда? Бибим доя айтдилармикан ёхуд ўзлари?.. Ўзбек ойим, Жосият бибим – онаизор. Ҳушёр бўлинглар, ҳушёр! Фитна!..  Сабр!.. Ирода!.. Уқубат!.. Тоқат!.. Матонат!.. Ғози, Комил, Шамс! Отабекка тегманглар, Кумушбибига, Раҳбарнисага кўз тикманглар! Ҳомид! “Бўғма!” Ҳой, “Бўғма!” Қаёққа ғойиб бўлдинг, Ялангтўш, Илон?! Муаллақ осма йўлка, қора панжара, қопқоғи очиқ туйнук!.. Заза… Акмалча… Йўлдош Охун!.. “Бўғма!..” Бир гўр, бир гўр, бир гўр!.. Нега ёздим, кимга ёздим, Калвак? Исоқ домла афтини бужмайтириб, чумчуққараш қилди, ишшайди: “Ҳа, бачам, қулоғингга айтгандима-а, ёзғувчилик – асли шайтони лаъинни касми!..”

– Нима дедингиз, Ҳасанали ота?! Ота!..

Абдулла қаерда, қай аҳволда ётганини дабдурустдан англолмади. Ўз товушидан ўзи чўчиб уйғонди. Кўзини қайта юмиб, қайта очди. Ўн чоғли каравот, бари банд. Ранг-тусидан барчалари бемор… Касалхонами?! Нега? Қачон келтиришди уни бу ерга?! Тфу, лаънат! Суф, лаънат барига! Бари бир, бари  бир оғзимга увоқ ҳам олмайман!..

 

ШОШИЛИНЧ           МАХФИЙ ҚИСМ.

Фуқаро ЖАСИЯТ ҚОДИРОВА

Эшонгузар Бешёғоч қисми 4-маҳаллада

Яшовчи

АРИЗА

Менга турли овозалар орқали етиб келган маълумотга кўра Сизларнинг қамоқхонангизда сақланаётган ўғлим Абдулла очлик эълон қилган ва бу икки ҳафта давом этмоқда. Мен она сифатида бу аҳволдан ғоятда безовтаман ва шундан келиб чиқувчи оғир маънавий аҳволимни ҳисобга олган ҳолда, кексалигимни эътиборга олиб, уни ишончлироқ шахслар ихтиёрига ўтказишингиз ҳақидаги талабимни рад этмаслигингизни сўрайман; яна нималар талаб қилинадиган бўлса – улар ҳақида менга маълум қилишингизни сўрайман.

8 апрель 1926 й.

Тошкент ш.

 

Очлик яна уч кеча-кундуз давом этди. Шифокорлар Абдуллани ўзгача меҳр билан даволаш йўлларини излашар, уни суҳбатга ундашар, судлов жараёнини тезлаштиришни зиммаларига олиб, уни қандай бўлмасин, таомланишга кўндиришга уринишарди. Абдулла турма маъмурларига эмас, шифокорларга ишонди. Уларнинг раъйига юрди. “Шундай рўмон ёзган одамни аянч аҳволга солишибди, инсофсизлар! – деди ёши қайтган шифокор қордай оппоқ сочлари сийраклаша бошлаган бошини чайқаб. – Уч қайта ўқидим, яна ўқийман! Отабекнинг, Кумушбибининг ҳаққи-ҳурмати, Юсуфбек ҳожининг ҳаққи-ҳурмати пича тотининг!” деди у ёлборгудай елкаларига қоқиб Абдулланинг. – Сизни чиқариб юборишади, албатта озодликка чиқасиз!” “Бўғма” ҳам шундай деди: “Яхши ёзувчи экансан, эрта бўлмаса, индин бари бир қамашади. Бунисида бўлмаса, кейингисида отади, кейингисида…”

 

Касалхонадан рухсат теккан Абдуллани қайтиб туйнукли темир эшиклар саф тортган йўлакка бошлаб келишди. Ихтиёр ўзида бўлса, ҳар бир эшик рўпарасида сукут сақлаб тек турар, эшикдаги туйнукка термилганича ўйларга толарди. Бу эшик­лар унинг назарида аллақачон – ўша илк сафар кўрганида эшик эмас, йўқ-йўқ, тик қўйилган улкан китобларга айланиб улгурган, ана энди уларнинг ҳар бирини авайлаб-эҳтиётлаб қўлга олиб варақлар, уларга битилган бирон жумлани назардан қочирмас ва албатта, уларнинг ҳар бирига ўнлаб, эҳтимол юзлаб варақларни ёзиб илова қилган бўлур эди.

– Тўхтанг!

Тўхтади.

Унинг учун тайинланган китобнинг муқоваси очилаётиб инграб юборди.

– Киринг!

Кирди.

Муқова ғингшиб ёпилди. Абдулланинг кўзи нимқоронғиликка кўникди. Чоққина ёлғизхонада ёлғиз ўзи эди. Унинг тасаввурида муқоваси инграб ёпилган бу китобнинг янги саҳифалари бежирим арабий ёзувда қоғозга туша бошлади…

 

ҚАРОР

1926 йил апрель 11 кун Тошкент ш. Тошоблсуд катта терговчиси шу куни Жин. Кодексининг 116 ва 73-моддалари бўйича айбланувчи Абдулла Қодировни сўроқ қилиб ва 1/ Абдулла Қодировга қўйилаётган айблов озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланишидан келиб чиқиб 2/ Қодиров озодликка қўйилган тадирда суд ва терговдан яшириниши мумкинлигини ҳисобга олиб

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

Жиноий Проц. Кодекс 144 ва 158-моддаларига биноан айбланувчи Қодиров Абдулла Тошкент қамоқхонасида сақлаб турилиши унга тушунтирилсин, қарор нусхаси айтиб ўтилган озодликдан маҳрум этиш уйи ва Тошкент области Прокурорига етказилсин

Катта терговчи               Бондарев                          Имзо

 

“Бўғма”нинг башорати яна бир карра тасдиғини топди – темир эшикнинг бу сафарги шовқин-сурон кўтариб очилиши қулоғига у қадар оғир ботмади. Кўнгли алланечук ҳаприқиб кетди. Шундай бўлса-да, “тўйдан аввал ноғора чалинмас” нақлига риоя қилди.

– Лаш-лушингни йиғиштир!

Абдулла соқчига хўмрайди, унинг ўзидан анчагина ёш эканлигига аҳамият берди, бир узиб олишга кучи етарди-я, тилини тийди. Бу каби мишиқилар билан пачакилашиб ўтирмасликка аҳд қилиб қўйганди у. Йиғиштирадиган лаш-луши ҳам йўқ. Титилиб кетган дафтари бор, холос. Абдулла бир дунё гап ёзди, суд мажлисида асқотиб қолишини ўйлаб, газит ёхуд журналга босиладиган мақоласини қайта-қайта ўқигани, матнга сайқал бергани каби ёзганларини ўчирди, тузатди, ўчирди, тузатди.

У соқчи етовида аввал ҳовлига чиқди, бирмунча пиёда юришгач, яна чоққина уйчага кирди.

– Ўтирма! Кутиб тур! Келишади.

Ким келади, кутганига яраша… шу ердан жавобини беришармикан? Ана, деворнинг орти кўча шекилли, мошинанинг гуриллаши, аравакашларнинг кўчани бошларига кўтариб шаллақилик қилишлари эшитиляпти.

Абдулла ҳолдан тойган эди. Унинг учун жисмоний мағлубиятдан кўра маънавий мағлубият оғирроқ, шу боис руҳан синиб қолишдан эҳтиётланар, эҳтиётлангани сайин эса кутиш азоби тоқатини ўртаб юбораётган эди. У ўзининг феълидаги тоқатсизликни яхши билар, жонсараклиги, меҳнат қилиб чарчамаслиги, қаламни қўлдан қўймаслиги, ноҳақлик-жаҳолатга дуч келганда унга қарши нимадир қилмаса, жони ичига сиғмай кетишларининг бари ана шу тоқатсизлиги, жонсарак­лиги туфайли эканлигини яхши биларди. Турмада ўтган кунларида у кечирган изтиробу чеккан азоб-уқубатларнинг бир учи – бекорчиликка тоқат қилолмаслигига бориб тирғалар эди! Бетоқат одам ҳақсизликка дош бериши маҳоллигини бошидан ўтказди. “Ҳақ гап бамисоли мағзи аччиқ бодом, уни қадрига етган одамни ўзи қадр топмайди, болам. Ҳаёт азал шунақа”.

Кексайиб ётиб қолган одам кўп нарсанинг фарқига боравермайди, деб ўйларди Абдулла. Мана, аллақачон юзни уриб қўйиб тўшакка қадалиб қолган Қодирмуҳаммад сарбознинг айнан айтгани бўлди – ҳаммаси биргина мақолада баён этилган оддий ҳақиқатларни тушунмасликдан ё тушунишни истамасликдан келиб чиқди. Шунақаси ҳам бўларкан-да, янги замон, янги матбуотнинг мана шундай йўриғлари, найрангу нағмалари ҳам бор экан. Биргина мақолада, тағин Абдулланинг ё Жулқунбойнинг эма-ас, Овсарнинг тилидан айтилган уч-тўртта нордон гап учун ҳам одам ҳибсга ташланадиган замонларга етишибмиз-да?!

Ниҳоят, эшик очилиб, икки нафар ҳарбийнамо либосли киши кирди. Абдулла истар-истамас уларга разм солди. Қовоғи уюлганлигидан уларнинг ниятлари дуруст эмасдек кўринди. Лекин биттасининг қўлида юпқа папка.

– Суд белгиланди. Хабаринг борми? – сўради ёши каттаси.

– Куни аниқми?

– Аниғи зарурми?

Абдулла индамади.

– Манавини ўқи, – деди ёши каттаси ёнидаги шеригининг қўлтиғидаги қатлам-қатлам қоғозга разм солиб. – Яхшилаб ўқигин-да, остига имзо чек.

Абдулла ўқиди. Ўзининг номидан битилган тилхат экан. Мазмуни – шу-шу, суд тайин қилинган шаҳарга ета-етгунча ёнимда бораётган соқчининг измидан чиқмайман, бесўроқ ҳеч ёққа чалғимайман, дуч келган ҳеч бир таниш-нотаниш билан салом-алик қилмайман, гурунглашмайман. Савол-жавоб алмашмайман.

– Ҳеч бир терговсиз ишни судга ошириш мумкинми?

Кирувчиларнинг ҳар иккиси “шуниям билмайсанми?!” дегандек истеҳзо аралаш Абдуллага бўзрайиб қаради. Жавоб бўлмади.

– Суд қаерда бўлади? – яна савол қотди Абдулла.

– Борганда биласан!

 

Тошкент

Облпрокурорга

Қодировнинг айблов ишини шошилинч почта орқали Давлатпрокуротурасига жўнатинг тчк Маҳбус этап тартибида Самобласттузатишуйига келтирилсин

Давлат прокурори           (Газиев)

1 июнь 1926 й.

Самарқанд ш.

 

Поезднинг у ёндан бу ёнга чайқалиб шарақлаши қулоқни қоматга келтирар, дам-бадам чўзиб-чўзиб берган наърасидан кейин паровоз томондан ёпирилиб келган қора қуюн юқориси очиқ ойнадан ичкарига йиртқич махлуқдай ёпирилиб  вагон ҳужрасини лиқ тўлдирарди. Бундай дамларда бир муддат нафас олмай ўтиришга тўғри келар, Абдулла дам хаёлга толар, дам кўз ўнгида ўтирганча мудраб бораётган пойлоқчи йигитга разм солиб, унинг авзойидан нималарнидир уқишга уринар эди.

Соқчи йигит милтиғини дам у, дам бу қўлига олар, худди биров тортиб кетаётгандек чангалидан қўймасди. Бир неча тунлаб мижжа қоқмаган, шекилли, рўпарасида беозоргина ўтирган маҳбусга зимдан назар ташлар, яна зўравон уйқу зуғуми олдида ожизлиги сезилиб қолаётганди.

– Толиқдингизми?

– Йўқ-йўқ! – деди ҳовлиқиб соқчи ва апил-тапил кўзларини ишқади. – Толиқ­мадим.

– Хизматингиз оғир, иним. Йўлимиз олис, мизғиб олсангиз ҳам бемалол.

Соқчи ичидаги гапни маҳбус топиб айтганидан ҳайрон эди. Азбаройи кўзига ёш келгандек:

– Мулла ака, – деди у иккиланиб, хижолатланиб. – Онам оғир хасталар, туни билан тепаларида ўтирдим. Мижжа қоқмадим.

– Кўриниб турибди, пича мизғиб олинг.

– Сиз…

– Мен? Мен сизни қўриқлаб бораман.

Абдулла кулди, соқчи кулмади.

– Қочиб кетмайсизми?

Абдулла ойнадан лип-лип ўтаётган қишлоқ уйларига, яйлов ва ўтлоқларга кўзини бурди. “Тоза одамига йўлиқибман-ку!” деди ичида.

Маҳбус бу саволга жўяли жавоб ўйлаб топишга улгурмай, соқчи ёнбошига босиб тутган милтиқни  қучоқлаганича пинакка кетди. Абдулла йигитга термилганича ўзининг ва унинг аҳволини солиштирди. “Онам оғир хасталар, туни билан тепаларида ўтирдим. Мижжа қоқмадим”. “Онам оғир хасталар, туни билан…” Абдулланинг йигитга ҳаваси келди. Бибим нима қилаётган экан? Болалар, онаси… эсон-омон қутулиб олибди, яна бир ўғил ато этган яратган эгамга шукр…

Паровоз узоқ югуриб нафаси тиқилган одамдек ҳарсиллай бошлади. Силтаниб-силтаниб тўхташга чоғланди. Ташқаридан бақир-чақир шовқин овозлар қулоққа чалинди. Поезд яна бир қур наъра тортгач, ўша-ўша маромда йўлида давом этди.

Соқчи йигитнинг кўзи чирт юмилган эса-да, афтида беҳаловатлик сезилиб турарди. Бир пайт у чўчиб уйғонди. Айб иш қилиб қўйган одамдек апил-тапил кўзларини ишқади, милтиқни чангаллай туриб рўпарасида хотиржам хаёлга ғарқ ботиб ўтирган маҳбусни кўриб хотиржам тортди.

Абдулла хаёлини бузмади.

Соқчи ўзининг тийрак эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди, шекилли, пича жим кетатуриб, оғиз жуфтлади:

– Қайси моддага биноан судга оширишди?

– “72” ва “105”нинг биринчиси.

– Ҳммм, – деб қошларини керди соқчи тушундим дегандек. – Қачондан буён ҳибсдасиз?

– Уч ой бўляпти…

– Қ…қандай қ…қилиб… Қаерда? Айтингизми ёки?..

Абдулла тушунмади.

– Нимани айтаман? Англамадим, ука, нимани сўраяпсиз?

Соқчи бир силтаниб олди. Ҳурпайди. Авзойидан “Мен сенга ука эмасман”, дегани эди. Шунга қарамай ўз ихтиёридаги бандининг мутлақо одатдаги маҳбусларга ўхшамаслиги қизиқтираётганди уни.

– Давлат раҳбарларининг шаънига оғир ботадиган сўзларни айтдингизми ёки ёздин…

Абдулла енгил тортиб кулимсиди.

– Ёздим, ёздим, – деб юборди бир оғиз сўз билан орадаги гумонларни кўтариб. – Ёзганда ҳам “Муштум”га ёздим.

– “Муштум”га?!

– “Муштум”га.

– Ёзғувчимисиз?!

– Афсус, ёзғувчиман…

Соқчи ўтирган ўрнидан сапчиб, оёққа қалқди. Икки қўллаб тутиб турган милтиғини ёнига қўйди-да, кўзларининг ола-куласини чиқариб ҳам ҳайрат, ҳам савол, ҳам ҳаяжонда Абдулланинг кўзларига тиккасига тикилиб қолди.

– Сиз… Сиз Ж-жулқунбой? Жулқунбоймисиз?!

Ташқаридан қараган одамнинг назарида бу икки йўловчи агар бирининг қўлидаги милтиқни айтмаганда улар оға-инидек ёхуд тоға-жияндек гурунглашиб кетаётганга ўхшарди. Бироқ ёши каттароғи қандай ўй-хаёлларда, кичиги нима ташвишда боришаётгани ҳеч кимсага ноаён. Фақат шу топда милтиқ тутган йигитнинг ҳайратдан сапчиб қад ростлаши ажабланарли бир манзара ҳосил қилган эди.

– Аста, шовқин кўтарманг, – деб уни тинчлантирди Абдулла. – Ўтиринг.

Соқчи жойига чўкди.

– Ўқигандим, – деди у ҳамон ҳаяжонини босишга уриниб, – тоғам қўлдан қўймай ўқийдилар. Бизга ҳам ўқитадилар! Ҳеч ерда эшитилмаган сўзларни қаердан топасиз? Кула-кула ўламиз, амаки! Исмингиз нима учун Жулқун, шуни тушунмаймиз, амаки?

Соқчи шундай деб милтиқни оёғининг остига – узун курсининг панасига суқиб қўйди.

– Ўзбекча исмми, ўзи? Ё…

Абдулла деразадан лип-лип ўтаётган қишлоқ манзараларига хаёли қочди. Рўпарасида ўтирган, саволига жавоб кутаётган одамнигина эмас, ўзининг қаёққа, не савдолар кўйида кетаётганини ҳам унутгандек эди.

– Қишлоқлар… Одамлар… Ҳаёт…

Нега бундай деди, нимани назарда тутди – ўзига-да, ноаён эди.

Соқчининг  тамоман уйқуси ўчган, энди у боядан буён ўз қўл остидаги инсон билан дардлашмай келаётгани ҳиссасини чиқармоқчидек шоша-пиша гапираётган, ичи тўла гаплигини, уларни зудлик билан баён этмаса, йўл тугаб манзилга етиб қолишларидан чўчигандек бир аҳволга тушганди.

– Ёзувчи одам қамаладими?! – У икки томон ойнасидан ташқарини кузатди, чамаси у манзилга қанча вақт қолганини чамалади. Ҳамон ўзини, эҳтиросларини жиловлолмай деди: – Тоғам Жулқунбой ёзмай қўйди, жўрнални қизиғи қолмади, дегандилар! Бир замон касалга чалиниб ёзмай қўйгандингиз, шундайми?

Абдулла бу сафар соқчи йигитга ҳурмат билан разм солди. Бояги беписандлигидан ичида хижолат чекди. Биз “Муштум”ни одамлар ўқимайдилар, бефарқлар дея нолиймиз, мана, ёшгина миршаб йигитча шунча нарсадан бохабар экан, чакки эмас! Жулқунбой бир муддат касалланган кезлари номи журналда кўринмай қолган, бу ҳол муштарийлар орасида миш-мишларга сабаб бўлган, журнал бунга равшанлик киритиш мақсадида махсус тушунча-иғлон берган, демак, омма орасида журнал ва унинг муаллифларига бефарқлик эмас, аксинча қизиқиш юқори экан.

– Бир замонлар ман ҳам мелисада бўлганман, – деди Абдулла соқчига туғилган меҳрини изҳор этиш ўйида салмоқланиб. – Кўнгилли мелисада.

Соқчи кулимсиради.

– Ёзғувчилар мелисада қандай ишлайдилар? – ишонқирамай сўради у. – Мелиса бўлак, ёзғувчилик бўлак касб. Бир-бировидан йироқ…

Абдулла мийиғида кулди, сўнг жиддий тортди, айтди:

– У қадар йироқ эмас, ўхшаш жиҳатлари ҳам бор…

 

Тошкент Облпрокуротура

Маҳбус ҚОДИРОВ Абдулла шошилинч тарзда Самтузатишуйига этап йўли билан ёки имкониятга қараб бир кишилик конвой билан олиб келинсин

Давлат прокурори

8V1 26 й.

 

Тақдири пойтахт Самарқандда ҳал бўлишини биларди Абдулла. Ўша кунлар ҳам етиб келди. Бир-икки кунда суд иши бошланиб қолар, бу ёғи тайин – суд залига кирадию қатор ўтирган дўстларига рўпара бўлади! Сафдошлари, ижоддошлари, матбуотнинг нонини еб юрган, матбуот сўзи, матбуот кулгиси нима эканини беш қўлдай биладиган хайрихоҳларини кўради! Бири олиб, бири қўйиб сўз сўрайди. Орадаги барча шубҳа-гумонлар тумандек тарқайди. Судловчилар – ҳамма ҳайрон, арзимас бир мақола туфайли юз берган англашилмовчиликдан… суд мажлиси ҳазил-мутойибага айланади ва…

Абдулла. Келаётган ким? Кимлар кўринаётир кўзимга?

Комил Алимов. Биз, Жулқун, бегона йўқ қаторимизда.

Абдулла. Мен қайси қаторда?

Комил Алимов. Сен… биз…

Абдулла. Сен, биз – беиз.

Комил Алимов. Нечун беиз, Абди? Нечун?

Абдулла. Қора тутун, қора булут, қора ис-қурум! Наҳот ёруғлик қаҳат?! Қани қолганлар, дўстлар-дарддошлар?

Санжар. М-мен шу ерда…

Абдулла. Сен-да, шу ерда. Ғози қани? Мирмуҳсин, Хуршид?

Зиё Саид. Муродинг не, Абди, муродингни айт?

Абдулла. Муродим битта – сени танқиддир, танқид (заҳарли кулади).

Зиё Саид. (оғриниб) Чаённинг касби нишин суқмоқ…

Абдулла. Чаённинг ниши, билсанг – даво, йўқса итоб – маломат! Ихтиёр…

Ғози Юнус. Ихтиёр кимда?

Абдулла. Обидийда қилмасман асло. Билло, ихтиёр – ҳақда, адолатда! Ялҳак­ликда[14] эмас муқаррар!

Ғози Юнус. Тағин?

Абдулла. Тағи[15] мубораза?! Тағи тағофул[16]?! Суд ишининг дебочасин билгим келадир.

Ғози Юнус. Дебочаси?.. (ўйланиб қолади ва бирдан) Нимага шаъма?.. “Йиғинди гаплар”дан бошланди-ку, бари ҳангама.

Абдулла. Сенга ҳангама! Зирҳинг ҳамон – тағофул, тағофулда ғофилсан, ғофил! Майдон энди – сеники, мард бўлсанг, майдонда ҳангра, биродар Ғози!

Ғози Юнус. (Комил Алимов томон қараб). Айтмадимми?!

Комил Алимов. Надур тағофул? Надур булут, надур қора ис-қурум, Абдил? Биз якдилмиз, ахир, баримиз – шунда!..

Абдулла. Хаҳ-ҳа-ҳо! Хаҳ-ҳа-ҳо! У ҳолда нечун турқингиз заҳил-пажмурда?! Адоват, хусумат бўялган мамлакат рангига?! А, лаббай, сизлар бир сафда, бир сафда!..

 

Т.И.Т.Д. тергов бўлими қошидаги қабулхона мудири

Хизмат хати

1926 й. 22 май

Маълумотнома

Қодиров Абдулла очликни тўхтатгач 9–18 апрель кунлари бизнинг бўлимда ётиб даволанди.

Облсуд учун ёзилди.

22.V.1926

 

“Қани эди!” деб юборди Абдулла. Хаёлида театр учун мўлжаллаб ёза бошлаган саҳнада ёғдирилаётган таъна-маломатлар таъсиридан чиқолмаётганди. Ҳаммалари иштирок этсалар эди, қанча айтар сўзи бор, изҳори истиғфори бор. Гина-кудуратларни тамом унутиб, ёзганларини ўқиб эшиттирса, дўст-биродарлари тингласалар, судлов оқими тамомила ўзанини ўзгартириб… Батаҳқиқ, у суд залида “Муштум” раҳбариятини, қолаверса ижодкор дўстларини кўришига ишончи комил эди. Ҳатто уларнинг қай бирлари сўз сўраб кимсан Жулқунбойни, кимсан Абдулла Қодирийдек сафдошларини ўз ҳимоятларига олиш ниятида бирлари олиб, бирлари қўйиб сўзга чиқишларини, матбуотда кулгили мақола ёзишнинг хос услуби борлигини, “Йиғинди гаплар” оддий ҳазил-мутойиба эканлигини, мақола журналда босилганга қадар ҳаммалари ўқиб, дам маъқуллаб, дам иккиланганликларини судга тушунтириб беришларини кўз ўнгига келтирганди. Не кўз билан кўрсинки, судлов хонасида суд ҳайъати, котиб йигит, давлат қораловчиси, икки нотаниш кимса, соқчи ва айбланувчи, холос. Бошқа ҳеч зоғ йўқ!

– Нима сабабдан ҳимояловчи олишни рад этдингиз? – сўради ҳайъат раиси.

– Нима сабабдан иш юзасидан гувоҳлар, менинг қаламкаш  сафдошларим иштирок этмаяптилар? – саволга савол билан жавоб қайтарди Абдулла.

– Сиз савол эмас, жавоб беринг! – деди ҳайъат раиси.

– Савол бериш ҳуқуқим бўлмаса, талаб этишга ҳаққим бордир?

– Хўш, талаб?

– Дастлабки тергов-суриштирув, юзлаштирув ўтказмай туриб суд  жараёнини бошлаш ҳеч бир қонун-ҳуқуқ талабларига жавоб бермайди. Шундай экан…

– Шундай экан, мана, – деди ҳайъат раиси олдида турган, қалинликда бир-биридан қолишмайдиган икки тўплам қоғоз бойламига ишора қилиб, – манави хат-ҳужжатларга ишонайми ёки сизнинг оғзаки гапингизгами? Билиб қўйинг, судланувчи Қодиров, суд процессининг тили – ҳужжат, ёзувчилик-сафсатабозлик эмас!

Абдулла ҳайратидан оғиз очолмай қолди. Раис бопладимми, деган маънода муғамбирона бош чайқаб, судланувчидан нигоҳини узмади.

– Қандай хат-ҳужжат?.. Сизга қаердан келди?..

– Ҳаммаси имзоланган. Муҳр билан тасдиқланган. Суд учун муҳими – муҳр! Изоҳ…

– Ахир мен билан ҳеч кимса бирон марта…

– И-изоҳ ор-тиқ-ча! Биз бу ерга ҳангама учун йиғилганимиз йўқ. Етар, мақсадга ўтамиз.

– Мақсад нима, ўзи?! – Судланувчининг товуши судловчининг товушини босиб тушди.

– Мақсад – гапни қисқа қилиш! Матбуотда қасддан аксилинқилобий мақола бостириш жиноятига яраша жазо белгилаш! Ҳамонки ҳимоячига эҳтиёж йўқ деб ҳисоблар экансиз, менинг вазифам – сизни огоҳлантириш. Менга ва судга нисбатан даъво туғилишини истамайман. Иш – ғоятда нозик.

Суд раиси “иш нозик” деганда нимани назарда тутди, ўзига аён, лекин Абдулланинг фикрига кўра, нозиклик деганда  – матбуотга кулгилик нарса ёзишнинг, умуман ҳажвия моҳиятини англаш, фаҳмлашнинг нозиклиги  муҳимроқ саналаётганида эди.

– Нозиклиги шундаки, – деди у товушини пасайтириб ва вазминлашиб, – менга қўйилаётган айбнинг аслида айб эмаслигини ёлғиз ўзимгина асосли тушунтириб бера оламан. Ҳеч бир ҳимоячи бунга қодир эмас.

– Хўш, нечун? Қандайига?

– Батафсил ёзиб қўйганман, рухсат этсангиз, бир бошдан ўқиб эшиттираман.

Раис икки ён шеригига бир-бир нигоҳ ташлади-да, “Ўқинг” деб қўлидаги қаламни столга ташлаган эди, қалам судланувчининг товушидаги ҳазинликка дош беролмади чоғи, стол қирғоғига юмалаб борди-да, “тирқ” этиб оёқ остига тушди. Раис пинагини бузмай қора чарм қопланган суянчиғи баланд курсига ясланди. Абдулла дафтар варақларини кафтининг қирраси билан текислаётиб, томоқ қириб олди, шошилмай, бир маромда ўқишга киришди:

– Мен 1926 йилнинг 10 январидан 10 февралигача отпусқага кетуб дам олуб юрганимда бу “Йиғинди гаплар” номли мақолани ёзғанман. Отпусқадан қайтгандан сўнгра 14–15 числада навбатдаги чиқатурған “Муштум” журналининг сони учун материаллар тайёрлағанимда уларнинг ичида бу мақолани ҳам қўшуб, масъул муҳаррир Комил Алимовга олуб борганман.

Абдулла суд раисига кўз қирини ташлади, раиснинг турқида ҳеч қандай ўзгариш-қизиқиш аломатини сезмади. Давом этди:

– Масъул муҳаррир Комил Алимов ҳалиги “Йиғинди гаплар” мақоласини маним қўлумдан олу-уб, – Абдулла атайин урғу бериб ўқир экан, яна раисга ўғринча кўз қирини югуртирди, – ўзунинг кабинетида баланд овоз билан ўқуб берди-и. Ул мақолани ўқуб берган вақтда унинг кабинетида ўртоқ Ғози Юнус, Санжар, Шермуҳамедов ва қонтўршик Халучев бор эди.

Бу гаплар ўқилганида ҳам суд жараёни иштирокчиларининг бирортаси қилт этмади. Ваҳоланки, мазкур ахборот айбланувчининг бўйнига тиркалаётган гуноҳнинг бир қирраси – мақолани ўзбошимчалик билан бостириб юборганлик айбини йўққа чиқаришга етарли далил бўлур эди. Абдулла бир зум ўқишдан тўхтади.

– Давом этинг, – деди суд раиси совуққина.

Абдулла давом этди. Узоқ ўқиди. Тушунтириб, ижикилаб, дона-дона қилиб ўқиди. Кейин-кейин тингловчиларга эътибор ҳам қилмай қўйди. Абдулла ҳаётида бу қадар узоқ ва баланд овозда маъруза ўқимаганди, товуши бўғилди, бироқ ўқишдан тўхтамади. Ваҳоланки, суд ҳайъати аъзолари ҳам, давлат қораловчиси ҳам аллақачон унинг маърузасидан тоқатлари тоқ бўлгани очиқ-равшан кўриниб турар, бироқ улар судланувчининг қонуний ҳуқуқини поймол этишлари мумкин эмаслигини яхши билишар, кейинчалик “судга нисбатан даъво туғилишини истамасликлари” аниқ эди. Бироқ суд раисининг бардоши кўпга етмади.

– Маърузангиз ҳали узоқми? – дея савол қотди у тўсатдан.

– Узоқ.

– Суд жараёни эртага довур танаффус эълон қилади.

 

Ҳаво одамни лоҳас қиладиган даражада бетайин, ланж эди, шунга қарамай иккинчи куни Абдулла яна узоқ ўқиди. Иштирокчилар ўша-ўша – бепарво. Ҳатто тингламаётгандек, истаганингча ўқи, дегандек чурқ этиб оғиз очмас, айбланувчига савол қотмасди. Аввалига бундан ажабланган Абдулла бора-бора кўникиб кетди. Нима бўлган тақдирда ҳам ўқиса, ўқиганлари суд забтномасига[17] киритилса, унинг даъволарига ақли етиб қулоқ осадиган бирор банда топилиб қолар деган ниятда қандай руҳда бошлаган бўлса, ўшандай давом эттирди. Абдулла ўқиб туриб ўйлади, туни билан ўйлади, на бирорта гувоҳ, на бирорта аҳли қалам қатнашди жараёнда. Наҳотки, уларнинг ҳеч бирларини қизиқтирмаган бўлса, Абдулланинг тақдири?! Наҳотки, уларнинг барчалари ундан юз ўгиришган? Бу етмагандай, барча шоҳидлар “Йиғинди гаплар”дан журналда босилгунга қадар бехабармиз деган бўлсалар?! Ахир ўша шоҳидлар Абдулланинг дўстлари, ёронлари, кунда бирга касбдошлари, ўрни келганда, Абдулланинг қарийб ҳар сафар босилган мақоласи юзасидан таҳайюрларини[18] очиқчасига изҳор этиб олқишловчи, лузум[19] топилса, ҳар қадамда маслаҳат сўровчилар-ку!

Учинчи куни эрталабки мажлисда маъруза ниҳоясига етди. Абдулланинг назарида ортиқча изоҳга ҳожат қолмаган, матбуотда кулгили гап айтишнинг ўзига хос сир-асрорини тўла-тўкис баён этиб бергандек эди. Унга қўшилиб бошқа иштирокчилар ҳам енгил нафас олдилар.

– Саволлар борми? – ўлик нигоҳини ўтирганларга тикиб сўради раис.

Жимликни давлат қораловчисининг ясама жиддий ва таҳдидли овози бузди:

– Судланувчи Қодиров! Айтинг-чи, шу вақтга қадар фирқа аъзоси эмаслигингиз сабаби нимада?

Қораловчи киши бундан бошқа қандай савол ҳам берарди. Маърузани дурустгина тинглагани ҳам йўқ, тинглаган тақдирда ҳам айбланувчи жон койитиб айтган гапларига ақли етмаса. Матбуот нима, унда босилган мақоланинг яратилиш услуби нима, тушунмаса.

– Мен маърузамда бунинг сабабига изоҳ бердим, – деди Абдулла.

– Мен такрор сўрадим – сиз ҳам такрор айтинг!

Абдулла бир зум ўйлаб олди-да, жавоби маърузадаги изоҳдан фарқли бўлиб қолмаслиги учун диққатини жамлаб олди. Сўнг қарийб сўзма-сўз такрорлади:

– Бу ҳақли савол. Дарҳақиқат, мен бунда айблиман, чунки маним табиатимда фардликка мойиллик бор. Шу сабаб…

– Фардлик? Қайси маънода?

– Ёлғизлик маъносида.

– Ҳаммаси тушунарли, – деб унинг гапини бўлди қораловчи худди шу жавобни кутгандек. – Менда бошқа савол йўқ.

– Қодиров! – салмоқланиб гап бошлади раис. – Мана, уч кун сўзингизни бўлмай қулоқ солдик. Шундайми? Тингладик, шундайми? – У судланувчидан жавоб кутмай давом этди: – Айтинг-чи, энди ўз қилмишингиздан пушаймонмисиз? Биз учун муҳими, шуни айтинг.

Абдулла тутақиб кетди. Бошқа ҳар қандай латтачайнар саволга тоқат қилиши мумкин эди, лекин бу қадар бемаъни, бетайин, лаққи саволни кутмаганди. Шунча айткан гаплари муҳим эмас экан-да, булар учун! “Уч кун қулоғингга танбур чертдимми, бесавод ифрит[20]?!” деб юборди ўзини босолмай. Яхшиямки, бу иддаоси ичида қолди, сиртига тепчимади.

– Бу савол менга эмас, мақола муаллифи Овсарга берилса ўз тилида янаям тўкисроқ жавоб қайтарарди, – деди Абдулла энсаси қотганини сездирмасликка уриниб, киноя аралаш. – Мақолани мен ёзган эсам-да, Овсарнинг тилидан ёзганман. Барча англашилмовчилик шугинанинг фарқига бормаслик оқибатидир. Маъюблик курсисига ҳам аслида Овсарбойни ўтказиш адолатдан бўлур эди.

Судланувчи тагдор сўз ўйини қилаётганига раиснинг фаҳми етмади. Яна бир неча савол берди, бироқ барча саволлар номигагина берилаётганди. Бунинг устига судланувчининг маърузасида атрофлича равшанлик киритилган саволлар бўлганидан Абдулла уларни такрорлашдан маъни топмас, раисни эса серизоҳ жавоблар у қадар қизиқтирмаётгандек эди. Ўйлаб кўрса, Абдулланинг ҳафсаласи пир бўлган, гўё номигагина давом этаётган жараённинг ўзига, унинг тақдирига мутлақо даҳли йўқдек, шундай экан, савол-жавоб эмас, манави майнавозчилик тугаган заҳоти у йўлга отланади, ниҳоят, уйига – онаси, ака-укаси, аёли ва фарзандларининг қучоғига ошиқади. Ҳамма-ҳаммалари билан ачом-ачомлашиб кўришади, дийдорлашади, янги туғилган ўғилчасини бағрига босиб, унинг жаннатий исларидан тўйиб-тўйиб нафас олади! Шу куннинг ўзида оиласига бошидан кечирган ҳангамаларни – Ростгўй амаки эртагини тонготар оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб беради. Сўнгра эртасигаёқ тонг саҳардан уйғониб, ижод хонасига қамалиб олиб, бир ёзади-бир ёзади! Бир ҳамлада, ҳа-ҳа, хумордан чиққунча бош кўтармайди. Ҳафта бўйи кўчага чиқмайди, келди-кеттини  йиғиштиради – кўрган-кечирганларини, саргузаштларини ҳикоя қилади, йўқ, фельетон ясайди. Эҳтимол, Калвак маҳзумдан кўра йирикроқ китоб ҳосил бўлар?! Уни тугатар-тугатмас, мусаннифлик дастгоҳида яна бир рўмон уч бериб турибди… Ҳа-а-а, мана шу уч ой панд берди, ёзиш гаштидан мосуво этишди  – қисир қолган совлиқнинг ҳолига туширишди! Ёзгани шу уч кунда ўқигани маъруза бўлди, холос. Ўйлаб кўрса, маъруза баҳонасида анча-мунча гапларни қоғозга туширибди, вирди забон[21] қилиб юргандан кўра қоғозга тушса, турган-битгани адабиёт, матбуот аҳлига ҳар жиҳатдан нафи тегмай қолмас!..

Раиснинг тутуруқсиз саволларига жавоб берар экан хаёлининг бир чеккасида қораловчининг саволи гир-гир айланишда давом этаверди. Не сабабдан битта савол билан чекланди у? “Ҳаммаси тушунарли! Менда бошқа савол йўқ”. Нимаси тушунарли? Қандай қилиб ҳаммаси?! “Ҳаммаси” деганда нимага шаъма қилди у? Нимани назарда тутди?

У ҳукм ўқиб эшиттирилаётган дамларда ҳам хаёлларини жамлай олмади. Уч ойдан буён ўйламаган нарсам қолмади деб юрганди, қолган экан. Шуни ўйламаган, табиатидаги фардлик моҳиятини, моҳиятидан келиб чиқадиган оқибатини мулоҳаза қилмаган экан. Ваҳоланки, ҳаётидаги жуда кўп воқеалар – оила тутимидан китобхонликкача, газит-журналчилигидан ёзувчилигигача, жонсараклигидан сафдошларига аямай-нетмай айтадиган тиғдор танқидларигача, Ғози айбситган тилининг заҳар-заққумлигигача, барча-барчаси унинг феълидаги ушбу хусусият туфайли экан! “Санинг қайси бир ёзганларингга ишчи-деҳқон тушунадир?” Ғози Юнуснинг шундай деб ёзганини эслаб, кулимсиди Абдулла, жиддий тортди. Ижодидаги бу “айби” ўзига ҳам маълум. Ким билсин, ушбу “гуноҳи” ҳам ижоддаги фардлиги, яъни адиблик тушунчаларидаги ёлғизлиги боисидандир?! Тушунган одам тушунганлиги туфайли тушунмаганлар орасида тушуниксиздир, ёлғиздир… Илло кўнгилда на шамси ғубороти, на-да тескаричилик мақсад-муроди бор. Қанчалар содда, авом учун тушунарли ёзишга уннамасин, авом-оми ўқувчилар у ёқда турсин, мана, касбдошлари, қалами ўткир Ғозидек сафдоши ҳам аввалбошдан унга тескари ўгирилиб олгани-олган! Ғозида гап кўп. “Муштум” яратилибдики, у билан ўртада мунозара! Мунозара мубоҳасага, мубоҳаса тортишувга, тортишув тош отиш­га айланди. Аччиқ гаплар отишмаси ҳамманинг оғзига тушди.  Тўғри, Абдулланинг тили аччиқ, матбуотчилик юзасидан аччиқ-қурум гапларни кўп ёзди. Унинг қалампир ўхшатишларига дош беролмаган Назир Тўрақул, Ғози Юнус мақола ёзиб чиқдилар. Бироқ уларнинг бари ижод ва матбуотчилик ишларини йўлга қўйиш ниятида қилинган ва айтилган сўзлар эди, холос. Фикрда, фикрчанликда ёлғиз эди, Абдулла. Ўша ёлғизлик мана энди буткул ўзгача тўнда унинг бошига ёпилганди!.. Начора, суд ишида ижоддош дўстлари ёнида туришар деб кутганди. Кутгани зое кетди, умидлари пучга чиқди, ўзини ҳимоя қилиш якка ўзига қолди. Ана, ҳукм – икки йил озодликдан маҳрумлик муборак бўлсин, ўртоқ ёзғувчи! Матбуот кулгиси учун кулгили жазони қабул қилиб олсинлар, ўртоқ Жулқунбой! Ана сизга ёзувчилик эвазига мукофот, фардлик гаштини суриш имкони! Ана сизга тушунганнинг устидан тушунмаганларнинг қаҳ-қаҳаси, ҳукми одили!..

 

Абдулла карахт бўлиб қолди, ҳукмни ўз қулоғи билан эшитдию уни вужудига сингдиролмади. Суд ҳайъати раиси ҳам роса кифтини келтириб, қироат билан, дона-дона қилиб ўқиди. Шунда ҳам ишонмади у, чунки у тасаввурида бундай бўлишини ақлига сиғдиролмаганди. Қандай бедодлик бу ахир! Шу халқ, шу юрт, шу маориф, шу маърифат йўлида жонини тиккан, ҳаловатидан воз кечган, одамлар ўқийдиган сўз излаш, топганини ўхшатиб ёзиш кўйида кунни тунга улаган, ҳали ўйлаганлари, истаганлари, мўлжалга олган тоза ниятлари хирмон-хирмон бўлиб уюлиб ётган одамни икки йил ҳаётдан юлиб олиш кимга зарур бўлиб қолди?! Бундан ким ютади? Кимга қанчалар фойдаю, кимга нечоғлиқ зарар?! Наҳотки, масаланинг бу томонини мулоҳаза қилишга ярайдиган бир банда топилмаса?!

“Ахир!?”, “Наҳотки!”нинг адоғи йўқдек. Бироқ суд иши ниҳоясига етган, галдаги воқеалар одатий оқим ўзанини тарк этмаслиги муқаррар эди.

Қўлга кишан солинди. Аллақандай темир эшиклар тарақ-туруқ қилиб очилди-ёпилди, қанча йўл босилди, қай томонларга ҳайдаб кетишяпти, билиб бўлмади. Билиб бўлмади эмас, билишнинг қизиғи қолмади. Қўрсдан-қўрс, дағалдан-дағал, ҳам қўланса, ҳам тиғдор дағдаға устига дағдаға ёғилаверди:

– Юр!

– Тўхта!

– Қимирлама!

– Анграйма!

– Ўнгга!

– Чапга!

– Аланглама!

– Имиллама!

– Илдам юр!

– Кўзингни оч!

Устма-уст ёғилаётган бу амрларга Абдулла қулоқ солдими-йўқми, уларга риоя қилдими-қилмадими, англаб етгани йўқ. Унинг хаёли шиддат билан ишлаётган – маҳкумлик ҳаётини қандай ўтказишни, нималар билан машғул бўлишни чамалашга тушиб кетганди. Шуури чўл шамолидек шувуллаб аллақаёқларга ғойиб бўлгандек  калаванинг учини йўқотиб қўйган – нима ҳақда ўйлаётганини унутганди. Ҳозир, бугун ё эрта ҳақида эмас – нуқул истиқбол ҳақида қайғураётганидан ҳайронлиги ортаётган, нима бўлган тақдирда ҳам Абдулла ҳар қандай оғир дамларда зинҳор-базинҳор умидсизланмас, умидсизланиш туйғуси унинг феълига ёт эди.

– Чиқ!

Абдулла қимир этмай тураверди.

– Мошинга чиқ, дедим! Гарангмисан?!

– Томошага очиб қўйдими мошинани! Кир ичкарига!

Кимдир орқадан бели аралаш гурсиллатиб тепди. Абдулла базўр ҳушини йиғди. Қора қўнғиз мошиннинг ланг очиқ орқа эшиги рўпарасида турганини элас англади.

– Қўлингни узат! – деган бўғиқ товуш келди мошинанинг ич томонидан.

Шундагина Абдулла мошин ичида ўзига ўхшаш тўрт-беш нафар аристон тиқилишиб ўтирганини кўрди. Унга томон чўзилган етти ёт бегона икки қўл Абдуллани мошинга осонгина чиқиб олишига кўмаклашди. Ёнида, ортида келаётган соқчининг дағдағаси тепкидан кўра қанчалар оғир ботса, икки аристон қўлнинг кўмак истагида чўзилгани кўнглига ажиб шуъла ёқди. “Ёрдам қўлини чўзадиганлар ҳам бор…” деди ичида кўнгли ийиб.

Қора қўнғиз мошин аристон ташишга мослаштирилган: эшиклар тарақлатиб ёпилган заҳоти мошина ичи… тунги “Хўжа Маъоз” мозористонига айланди-қўйди.

 

Ўзбекистон Коммунистик (большев.) партияси

Марказий Комитети

№ 6746                      27/V11 1926 й.

Самарқанд ш.

Олий Судга

Ўз КП(б) МК Матбуот бўлими Сиздан Абдулла Қодировнинг иши бўйича қарорни жўнатишингизни сўрайди.

Ўз КП(б) МК

Матбуот  бўлимининг мудири                  (Назиров)

Котиб                                                       (Гневушева)

 

Олти нафар қисматдош эндиги ҳаёт оқими қай томон нишаб тортишини билмай, чурқ этмай боришарди. Бешала нотаниш кимса ва Абдулланинг дарди-дунёсини қоплаган зимистон қора қўнғиз мошина ичидаги қоронғиликка бир манба каби эди. Ташқарида жавзо олови борлиққа ўт қўяман дейди, ичкарида эса… асов ва қутурган, аммо кўзга кўринмас ел кучайгандан кучайиб борарди. Бунга сайин қора қўнғиз мошин ичи яна бир қат қўрқинч ҳолга кирар, бир-бировининг пинжида нажот топадигандек сиқилишиб ўтирган аристонлар шамолга дош беролмай қарс-қурс синган шох-шаббадек тинмай силтанар, қайси бири “иҳ”раб, бошқаси “мих”раб ёлбориш товуши чиқарарди. Кўкни ўраб олган қора булут эса, тўс-тўсга бўлиниб, қора парда ичидан ярим юзини очган ой номаълум қисмат олдида дов­дираб бораётган маҳбусларнинг манглайини ожизона ёритиб турар, бу манглайга битилган тақдир битикларини ўқиш, уқишга эса бандаси ожиз эди, ожиз…

Негадир Абдулла яна аввалгидек якка ўзи ёлғизхонада қоламан деб ўйлаганди. Ҳар банда борки, ўз ёлғизхонасининг хожаси, ўйга толишдан ўзга нажот йўқ. Шундай ҳолатга тушса у яна бир бошдан ҳамма-ҳаммасини ўйлаб олади, чамалайди, режалаштиради. Бибиси, аёли ва фарзандларига айтадиган гапларини… тағин ким билсин, бу ёғи қандай кечади ҳаёти? Уни  қай томонларга бадарға қилишади? Эҳтимол барини ёзиб қўймоғи, ёзганларини жой-жойига жўнатиш эпини топмоғи даркор. “Муштум”даги ҳамкасбларига атаганлари йўқ эмас, уни кенгроқ, батафсилроқ ёзади, балки… Уларни Абдуллага қарши қайрашган бўлса-чи?! Билмадим… Камерига кириб олай, нафас ростлайман, кейин бир бошдан, ҳа, барини бир бошдан тош-тарозига соладиган мавриди келди, мавриди…

Темир эшикнинг қулоққа ўтиришиб қолган танишдан-таниш шарақлаб очилиши уни ҳушига келтирди. “Қора қўнғиз”да келган олтовлон қисматдошни туртиб, суртиб, тепкилаб эшикдан ичкарига киритишди. Гуп этиб урган қўланса ис димоғни ёриб юбораёзди – ичкарида қора-қура кўланка тирбанд эканлигини Абдулла уч қадам юрганида кўрди. “Ой булутлар остига кирса, улар, яъни бойқушлар роҳатланган каби “чиғ-чиғ-чиғ, ки-ки-ки” қилиб сайраб ҳам юборадилар. Бу вақт шу бойқушлар сайроғи ичидан инграниш каби бир товуш…” Абдулла бор мадорини қулоғига йиғди. Ҳужра адоғида аллақандай ҳашаротлар шипиллаб-вишиллаётганини, чигирткадек тик-тук этиб ирғишлаб яқинлашаётганини сезди. Ўрмалаб, ғимирлаб яқинлашаётган канаю бит мисоли махлуқлар янги келган аристонларнинг  устига қора қурумдек ёпирилишга, оч иштаҳа билан аъзойи баданларини ич ва ташидан ишғол этишга киришди.

– Ё, алҳазар! – дея нола чекиб юборди Абдулла қарийб товуш чиқариб. – Ҳушимдан кетиб қолмай-да. Ўзинг мадад бер, ўзинг! Ўзинг бор – фардлик бегона бандангга, Парвардигор! Ўзинг асра!

– Илонни асфалософилинга жўнатган машими?

Абдулла тушунмади, ваҳоланки, жуда таниш сўз-ку – Илон. Нима?!

Қаёққа жўнатган?! Нега у жўнатади Илонни асфалософилинга?! Қандай қилиб?!

– Буни ёзувчи деб, ғиппа бўғишга қўли бормаган у сўтакнинг. Бу эса уни аяб ўтирмаган – тинчитган-қўйган!

Қоронғи бурчакда ғўнғиллаган, тўнғиллаган, серқават қўланса сўзлар бурқсиди – Абдулланинг боши, боши аралаш кўзи, кўзи аралаш шуури жазиллаб ачиша кетди.

– Бери ке, турқингни кўрсат!

Бўғиқ ва қўрс товуш кимни ёнига чорлаяпти, тушуниш қийин эди.

Абдулла бир одим ҳам ташлашга мадори қолмаганди.

– Ўзинг сўтак, хез! – деди бўғиқ ва қўрс товуш эгаси янаям овози гулдираб. – Бировни бўғадиган одамми, шу?! Илон ўзини ўзи “Ҳиқ-қ!” қилган…

– Жичча ёрдам берворишган… – Гулдураган товуш эгасининг гапини маъқуллади яна бир бошқа овоз.

– Қачон? – деб сўради Абдулла ҳам алам, ҳам ғазаб аралаш. У иккала кўзини чирт юмиб олди. Кўзини очса рўпарасида “Бўғма” пайдо бўладигандек, бироқ, бундан чиқди, у аллақачон жон таслим қилиб бу дунё азобларидан халос бўлиб кетган, бироқ Абдулланинг унга айтадиган гаплари қалашиб келаётган, лоақал ундан исмини сўраб қолмоқчидек, бироқ, бироқ, бироқ!.. – Қачон юз берди бу воқеа?! Айтинглар, қачон?!

…узоқ-узоқлардан мунгли азон товуши чалинди қулоғига. “Оллоҳ акбар” так­рорланди, яна “Оллоҳ акбар”, яна такрор, такрор. Муаззин одамлар эшитмай қоладилар деган хавотирда шекилли, “Оллоҳ акбар”ни тинмай такрорлашда давом этди. Отабек зиёратхона… йўқ, ҳашаротхонанинг темир эшиги шарақлаб очилди. Ўткир чироқ шуъласидан Абдулланинг кўзлари қамашиб кетди. Одам одамни танимай қолди. Ҳаловатини йўқотган ҳашаротлар тумтарақай қоча-қочга тушди.

– Қодиров Абдулла! Ташқарига!

 

Жумҳуриятда аҳвол қандай? Тошкентнинг Чорсу бозорида нима гап? Эшон­гузарда нима сўз? Ўтиб бораётган кунларнинг номи – жавзо. Курраи арз ўз чархпалаги теграсида айланишдан тўхтамаганидек ҳамалдан зўр чиққан саврнинг ўрнини забт этган жавзо ҳам оёқлаб бормоқда. Ҳадемай саратон келади. Абдулла-чи, Абдулла қачон келади? Раҳматли Қодирмуҳаммад бобонинг хонадонидагилар кўзлари тўрт бўлиб, тор кўчадан кўз узмайдилар. Бормаган жойлари қолмади. Мурожаат қилмаган не-не идораю маҳкама остоналаридан тарвузлари қўлтиқдан тушиб қайтмадилар. Жосият биби уч қайта хат ёзди, ёзғувчи ўғлининг айбидан ўтишларини сўраб илтижолар битди. Абдулла очлик эълон қилганини эшитгач, онаизорнинг  томоғидан луқма ўтмади. Икки дафъа Ғози, бир сафар Зиё йўқлади, шекилли, Исоқ домла эса кунда-шунда.

– Ёзғувчилик – шайтонни касми, дедим, неча бор айтдим, йиғиштир шу ишингни, дедим. Беш маҳал намозимда йиғлаб, Худога ёлборяпман, раҳм-шафқатингни дариғ тутма, шу бандангдан, деяпман.

Исоқ домланинг оғзидан тушмади бу сўзлар! Абдулланинг акаси Раҳимбердига ҳам, укаси Қудратуллага ҳам, ҳатто Жосият бибига ҳам неча қайта такрор батакрор айтишдан чарчамади бу сўзларни. Куйиб айтди, жонига ўт қалаб айтди, алам-андуҳ-ла айтди. Раҳбарнисанинг яна бир ўғил туғиб бериши ҳам мусибатзада хонадонга кўпда қувонч олиб келмади. Ва кутилмаганда…

– Вой шўрим, Абди, кела қол болам! Худойимдан айланай, кеп қолдингми?!

Жосият биби ичидан отилиб чиққан йиғини босолмай, эшикдан кириб келган Абдулла томон икки-уч одим илгарилаб улгурмади, оёқларидан жон чиққандек бўлиб, мажолсизланиб чўк тушди. Кампирни ёнидагилар суяб қолишди. Бибининг бетига сув пуркаб, ҳушига келтиришди. Биби кўзини очиб, тепасида ўзига жавдираб термилиб ўтирган Абдуллани кўрди.

– Кимлар сани шу кўйга солди, жон болам…

Жосият бибининг кўзида ёш кўринмади. Абдулланинг назарида ушбу нигоҳдан кўра ишончлироқ, меҳрибонроқ, таъмасизроқ нигоҳ йўқ эди бу ёруғ дунёда. Жосият бибининг назарида эса ўтган уч ой мобайнида ўртанча ўғли фавқулодда улғайиб, ҳатто қаримсиқлашгандек, шунга қарамай унинг оналик туйғуси устун келаётган – Абдулланинг ранг-рўйи хийла кетиб қолгани сезилаётган эди унинг кўзларига.

Бибисининг “ким” эмас, “кимлар” деган сўроғи Абдулланинг миясига тиғдек қадалди. Тутқунликнинг узун куну узун тунлари адоғига етган-етолмаган ўйлари ичида у ҳам “ким”дан кўра “кимлар” деган саволга алоҳида жавоблар излаганди. Неча қайта жавоблар топди, неча қайта топган жавобларидан воз кечди. Нима бўлганда ҳам, лўндасини айтганда, Абдулла кенг омма – оломоннинг кўзини очмоқ ниятида газит-журнални мақолага кўмиб ташлади – ўбдон ёзди, хўпам ёзди, беармон ёзди – тиним билмади, номи оғизга тушди, танишлару нотанишлар тугул ижоддошлари ҳам унинг исмини эшитканда ҳушёр тортадиган бўлиб қолишди.
Ҳавасу ҳасад баҳорнинг бўтана сувидек аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Мана шундай бир паллада “Йиғинди гаплар” чоп этилдию баҳонанинг оёқнинг остидан чиққани асл муносабат – асл ниятларнигина эмас, шўролар сиёсатининг пинҳона кирдикорларини, халқни саводхон қилиш, янгича турмуш тарзига эришиш йўлидаги тарғибот-ташвиқотлар замиридаги асл ниятларни, маҳаллий раҳбариятнинг нималарга қодиру нималар олдида мутлақо ожизу нотавонлигини  ойдай, кундай ёритди-қўйди! Айниқса, яхши ният кўйидаги матбуот сўзини поймол этиш шу қадар осон ва жўнлигидан қаттиқ қайғурди.

 

Ҳаётнинг шафқатсиз оқими янгидан-янги жумбоқларни кўндаланг қўйди Абдулланинг олдига. Саволлар қалашиб кетди. Уларга жавоб топиш учун эса яна фардлик – ёлғизлик уммони мавж уриб чорлай бошлади. У остонадан қадам босиб, кўчага чиқмади. Эртаминан пастак ижодхонасига кираверишда бирров тўхтади. Шу хонани тинтув қилишганди, остин-устун қилиб барча ёзув қоғозларини, чала-қораламаларини бир қопга тиқиштириб олиб кетишганди.

Оппоқ чойшабда чалқанчасига қип-яланғоч ором олиб ухлаётган, ҳануз исм танланмаган чақалоққа узоқ термилиб турди. “Қадаминг қутлуғ келсин, ўғлим”, деб дуо қилди-да, оҳиста ҳовлига чиқиб чоққина гулзор оралаб боғ томон юрган жойида тўхтади. Изига қайтди – ҳовуз бўйига етмай туриб, қулоч етмас терак кундасига нигоҳи тушди. Отаси оғиз солган, хонадоннинг қадрдонига айланган терак кесилибди. Анча бўлган шекилли, кунданинг икки биқинидан кўкарган икки қаламча новда тонгги шабадада ожиз тебраниб турибди.

Боғ салқиндек туюлса-да, саратоннинг нафаси уфуриб турган иссиқдан қочиб қутулиш қийин. Узумзор, у ёғи боғ – олмазор, шафтолизор, ўрикзор… Ҳар бир туп дарахт, ҳар бир ток занги уни соғинган… Дарахт шохлари оралаб тушаётган қуёш нурлари, соялар унга муштоқ… муҳимдан-муҳим, эҳтимол мудҳишдан-мудҳиш хабар етказмоқ ниятида шивирлашаётгандек… Тўкилган ўриклар қорайган, туршакка айланган, данаклар… Кечагина қаерда эди у, бугун қаерда?.. Наҳотки, “Бўғма” йўқ энди? Наҳотки, у ўзини ўзи “Ҳиқ-қ!” қилган?.. “Фақат билиб қўй, дунёга одам бўлиб келдингми, айтар гапинг бўғзингда қолмасин, дивомман, ука! Эркакмисан, бўғзингда қўйни қумалоғини йиғиб юргандан кўра айт, айтадиганингни! Ёз, ёзадиганингни! Ё остидан, ё устидан-де, ўладиган дунёда!” Абдулла қулоғига муҳрланиб қолган бу сўзларни неча қайта такрорлади ўзича. Ҳар сафар ёдига тушганида “Бўғма” билан бафуржа суҳбат қурмаганига афсуслар чекди. “Чиққан заҳотинг, қуённи сур! Қорангни ўчир!..” Қуённи сур! Қорангни ўчир!.. Қуённи сур! Қорангни ўчир!.. Қаёққа суради, қандай қилиб?! Қорасини ўчириш ҳазилми?!  “…бирортасининг қорнини тўйғазишга ярамадим… Ярамас…” Ярамас? Ўзи устидан ўз ҳукми эдими бу сўзлар?.. Илон деган номи бор экан, бу эса аввал “Ялангтўш” деди, сўнг уни “Бўғма”га ўзгартирди. Асл исмини эса сўрамади!.. Уч ой мобайнида кўрган-кечирганларимни “Бўғма”нинг тилидан ёзсам-чи? Ёзувчи дўстларни “Бўғма”га рўпара қилсам, уларни гапиртирсам, на Комилни, на Ғози, на Хуршидни “ока” дейишга тили бормаса, ҳаммасини “ука-ука”лаб ҳездан олиб безга солса!.. Ич-ичидан мириқиб кулди Абдулла. Овсарнинг куни келмаса бас, Овсарнинг!..

Якун қип-қизил майнабозчиликка айланди. Ҳа, майнабозчиликнинг ҳам қизили бўларкан. Икки йиллик қамоқ жазоси эълон қилиниши қайдаю, сассиқ ҳаво бижғиган ҳужрада кана ва бургаларга ем бўла бошламай ўша заҳоти ҳукумат томонидан афв этилиши қайда?! Шунинг ўзидаёқ аён эмасми барча машмашаларнинг илдизи, дебочаси, кирдикорлари! Касбдошларининг бошларини “қовуштирган”, уларни бир одамга айлантирган, бир овоздан кўрсатма беришга ундаган қудратли куч ҳам… “Синдиришади, сўнг учасиз-кетасиз”. Ким айтганди бу гапни? “Индамас”ми, “Бўғма”ми? Илло бу гапда жон бор, бунинг шоҳиди бўлиб турибди Абдулла! Фақат синган қанот билан… Синган қанот билан уча билиш учун қанча қаноат керак? Қайдасан, қаноат?! Қудратингни дариғ тутма, қаноат!

Абдулла дарахтнинг айри шохига қадаб қўйилган тешани қўлига олди. Дастасини силади, дамини томоша қилиб қараб қолди – боғ ўша, дов-дарахтлар ўша, ўт-ўланлар ўша, теша ўша – Абдулла ўша эмасди. Энди унинг олдида ўзгарган – бошқага айланган Абдуллани, эҳтимол янаям ёлғизлашган Абдуллани англаб олишдек мушкул вазифа турарди.

Жимжит кимсасиз боғ ҳовлининг аллақаерида мусича “ку-ку”лади. Боғ жаранглаб кетди. Ҳатто “ку-ку”нинг акс садоси бир мунча лаҳза жаранглаб, сукунат оғушига сингиб кетишга шошилмади. Абдулла нафас олмай унга қулоқ тутди – мусичанинг сокин ҳавога чўзиб-чўзиб “ку-ку”лаши ҳам ўша… Абдулланинг синиқ кўнгли бу қадар мунгли куй ижро этаётган қушни излаб топишни истади. Зеро, бу беозор, маҳзун қуш унинг ёлғизлигига махсус куй басталаётган, унинг хотираларига басталаган куйини Абдулланинг қайтиши шарафига ижро этаётганди ҳам!.. Мусичанинг вужудидан сирғалиб таралаётган бу фиғон… Абдулла охирги дафъа қачон осмонга қараганини эслолмади. Кўм-кўк, тиниқ само уммонида яккам-дуккам оппоқ булут парчалари худди аразлашган одамлардай бир-бирларига яқинлашолмай, силжишни ҳам-силжимасликни ҳам билмай қотиб турар, Абдулланинг назарида Тошкентнинг, йўқ, ўзи яшайдиган Эшонгузарнинг осмонидаги булутлар қадрдонроқ, суюклироқ… бошқачароқ кўринарди…

У оёғининг остига ботган ўрик данагини топиб чўнқайди. Данакни ҳандалакдан беҳроқ силлиқ тош устига кўндаланг қўйиб ўнг қўлидаги теша билан қаттиқ урди. Данак сачраб “қочди”. Абдулланинг чап қўл кўрсаткич бармоғининг учи жазиллаб ачишди. У беихтиёр қўлини силтаб тортди, ўрнидан ирғиб турди. Уҳ, деди, овоз чиқариб кулди. Жони оғриса куладиган одати бор эди азалдан – қандай воқеа юз берганини англаб-англамай теша билан урган бармоғини кўз олдига яқинлаштирди. Кўрсаткич бармоғининг учи – тирноғи аралаш эзилган, тирқираб қон оқарди. Абдулла бармоғининг эзилган учига, жиққа қонга беланган тирноғига қараб туриб ҳам ўзини кулгидан тиёлмади. Бошқа бармоқлари шикастланмаган эди, соғлом эди, уларда оғриқ йўқ, қўли-оёғи оғриқ сезмаяпти, фақат биргина чап қўлидаги кўрсаткич бармоғи – бутун жони шу ерга тўплангандек зирқираётган эди. Абдулла чидади. Ярадор бармоғи лўқиллай бошлади. У оғриқ бошқа бармоқларига, ундан қўлига, ундан бутун аъзойи баданига тарқайди деб кутди. Йўқ! Яраланган бармоғининг икки қўшниси – бош ва ўртанча бармоқ кўрсаткич бармоқдан тирқираб чиқаётган қондан ўзларини эҳтиётлаш учун букланиб олишди. Номсиз бармоқ ва чинчалоқ яраланган қўшнидан йироқ эканликларидан батамом хотиржам эдилар. Қонга беланган кўрсаткич бармоқ ҳавода ёлғиз, муаллақ қолди. У элас-элас титраётганди.

Бармоғини Абдулланинг ўзи шикастлади, бунга ҳеч ким айбдор эмас. Нима қиларди тешани ўйнаб. Тешани соғинган бўлса соғингандир – шу дамда данак чақмаса нима эди – ўрикники эмас, шафтолининг данаги эди, шекилли, тошдан қаттиқ! Тешада ургани билан данак чақилармиди, демак, қон чиқармасдан бошқа иложи йўқ! Боғ юмушларини ўлгудай соғинган бўлса нима – бундай деса, ахир у уйга қайтиб борган куним бош кўтармай гулзорни эпақага келтираман, боғда ишлайман, меҳнат қиламан деб қўмсай-қўмсай дилига тугиб қўйганди. Боғдан чиқмаса, кўнгилнинг олис жин кўчаларида йиғилиб, қайнаб-тошаётган гапларни пайдар-пай қоғозга туширса, уларни газит-журналда бостирса, одамлар ўқисалар, ўқиган сайин кўзлари очилса, дунёни буткул ўзгача нигоҳлар ила кўрсалар, ҳаётлари ўзгарса, ўзбек халқи ҳам дунёда…

– Ада!

Абдулла ўғлининг овозини танидию у қай томондан чақираётганини дарҳол тушунолмай қолди.

– Ада, ада! – дея шошилиб, баралла чақирди Ҳабибулла. Бағаз остидан энгашиб ўтаётиб ток навдасига илинган дўпписи ерга тушди.

– Ҳа, Ҳаби, нима гап?

– Сиззи кўришга ўртоқларингиз келишди, – ҳамон нафаси тиқилиб суюнчи ол­моқ хаёлида ошиқиб хабарлади Ҳабибулла.

Абдулла симиллаб, оғриғи зўрая бораётган бармоғини ўғлидан яшириб ҳаяжонсиз, вазмин товушда танбеҳ бергандек гапирди:

– Дўппинг ерда ётмасин, ўғлим. Аввал дўппингни қўлингга ол, бошингга кий.

Ҳабибулла тезда изига қайтиб дадаси айтганини қилди.

– Баракалла, ана энди гапингни айт.

Ҳабибулла бояги ҳаяжон-бояги қувонч овоз-ла хушхабарни такрорлади:

– Ишхонангиздан сиззи кўришга келишди. Ёзувчи дўстларингиз…

 

 

ТАМОМ

 

[1] Зулмкор.

 

[2] Заза – Сталиннинг катта бобоси, Иосиф ва Заза исмлари маънодош.

 

[3] Мунофиқ.

 

[4] Шайтонни.

 

[5] Адибнинг укаси.

 

[6] “Тошпўлат тажанг” қаҳрамонининг ҳаётдаги прототипи.

 

[7] Ҳеч кими йўқ, ёлғиз.

 

[8] Ёзувчи.

 

[9] Адабиётшунос. Абдураҳмон Саъдийдан орқама-орқа ўша давр адабиёти ва матбуоти ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган, Абдулла Қодирийни пешқадам ижодкорлар қаторига қўйган.

 

[10] Талвасага.

 

[11] Сабр, бардош.

 

[12] Солма – халфана (солиқ солиб) зиёфат уюштириш. Босма – мол ўғирлаб (босмачилик қилиб) сўйиб, улфатчилик қилиш.

 

[13] Айбдор.

 

[14] Иккиюзламачилик.

 

[15] Тағин.

 

[16] Билиб билмасликка олиш.

 

[17] Протоколига.

 

[18] Ҳайратларини.

 

[19] Зарурат.

 

[20] Учига чиққан шайтон.

 

[21] Оғзаки такрор.