Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: ИККИЛАНМАЙ ҚАЙТА БОШДАН БОШЛА ЙЎЛИНГНИ!

2018-йил 6-сон Назм

   Шукр

Суратимда хушқилиқ, хандоним ўзим билан,

Сийратимда зулмату зиндоним ўзим билан.

 

Пишган кузги буғдойдай қушга таландим десам,

Шукриллаҳ, чин мағзим, чин доним ўзим билан.

 

Қушлар бирам чорлади, йироқ беҳишт боғларга,

Кетмадим, жон қоришиқ маконим ўзим билан.

 

Бир аёлман бахт туйган, гоҳо бахтидан куйган,

Салтанатим, саройим, султоним ўзим билан.

 

Сизни жоним ичинда жоним дея асрадим,

Ҳеч кимга кетмагайсиз, то жоним ўзим билан.

 

Тоабад яшаб келди, энди кетгай то маҳшар,

Иймоним ўзим билан, виждоним ўзим билан.

 

Олдимдан оққан сув

 

Яшамоқ фароғат, яшамоқ азоб,

Бекорга эгилмас сиздан бошқа кўк.

Кўнгилларин овлаб, умрим бўпти соб,

Сизнинг кетишингиз хаёлда ҳам йўқ.

 

Олдимдан оққан сув, беқадр сувим

Умрида бир яйраб ёзилмаганим.

Бор туриши шафқат, бори сир сувим

То қуриб қолгунча сезилмаганим.

Бошқалар ёнимдан кетмасин дебман –

Вақт топиб уларга борибман тонг-кеч.

Бошқаларга озор етмасин дебман –

Сизга ҳам етишин ўйламабман ҳеч.

 

Бошқаларга чопдим шаҳар, кентда мен –

Бир қайтариб ё бир кесатмадингиз.

“Менам ғаниматман, менам кетаман” –

Деб, нечун бир бора эслатмадингиз?

Онам, онам-а?!.

 

 Сени қайда асраюрман

 

Сени қайда асраюрман, билурсан,

Ҳар хил кўздан пана, жонда, ичимда.

 

Сенинг ишқинг минг томир, минг ҳужайрам,

Куйиб-куйиб оқар қонда, ичимда.

 

Менга бир сен шараф, шерик бўлурсен,

Дунёсидан пушаймонда, ичимда.

 

Дўсту ёрон уй ичинда, хиромон,

Кабутарлар пешайвонда, ичимда.

 

Ичимда сен борсан, сен – ишқ аланга,

Шу ишқ мени кўтаргайдур баландга.

 

           Нечун шодмен,

гоҳо…

 

Менинг карвонларим чарчади чоғи,

Туялар тиззалаб ётаётгандай.

Кўксимдаги ўқлар – неларнинг доғи,

Ҳалиям янгидай, ботаётгандай.

 

Йўллар тунга қараб кетди чамаси,

Имиллаб силжийди умр кемаси,

Синчков тикиламан, ҳорғин ҳаммаси,

Аммо, нечун гоҳ тонг отаётгандай?

 

Неча савол бўлдим, неча минг ечим,

Минг ёлғон қулатди, тиклади минг чин,

Умр тунга оққан, аммо мен нечун,

Бу йўллардан энди ўтаётгандай?

Умр тунга оққан –

яримманми, бут,

Гоҳ-гоҳ томчи ташлаб ўтади булут,

Кўнглимга қарасам, бир четида ўт,

Кўнглимнинг бир чети тутаётгандай.

 

Кўрсатмоқ бўлибми читим, заримни,

Шамол силкитади пардаларимни,

Ютқаздим-ку, барча карталаримни,

Нечун шодмен, гоҳо ютаётгандай?

Нечун?!.

 

 Шукур Бурҳон

 

Гулдурак гулдураб ўтди-да, кетди,

Одамларни ҳайрон этди-да, кетди.

Вужудини олиб кетгани билан,

Руҳи руҳимизга етди-да, кетди.

 

Юлдузни туширмоқ бўлсалар кўкдан,

Юлдузни топтамоқ истаган они.

Овози келади, норози, ўктам,

Ўт кўзлари келар Шукур Бурҳоннинг.

 

Ўлим гарчанд бизга жилов бермас куч,

Усиз ёғиб ўтди биринчи қорлар.

Аммо, ҳамон, баъзан менга келар дуч,

Кўкрагида Шукур Бурҳони борлар.

 

Бу нотекис ҳаёт, тўфонда, селда,

Руҳи гоҳ тўлиб, гоҳ бўшаётганлар.

Бугун кўпроқ бўлса қанийди элда,

Шукур Бурҳон билан яшаётганлар.

 

 Бу беш кунлик дунёда

 

Сочларим шода-шода,

Соқий, узатгин бода,

Бу беш кунлик дунёда,

Айт, неча кун шўхдирмиз?

 

Ай, дунё, сендан дод-а,

Нелар келмайди ёд-а,

Айт, қайси қир, қиёда,

Сайдмизми ё ўқдирмиз?

 

Симларимиз таранглар,

Холис айтгич эранлар,

Баҳойимиз сўранглар,

Ермизми ё кўкдирмиз?

Келди-кетди тонггу кеч,

Мурод ёр ўлмади ҳеч,

Кўнглимиз тўлмади ҳеч,

Гарчанд, кўзи тўқдирмиз.

 

Дунё, шод ё тушкунмиз,

Учар-кетар қуш-ку биз,

Боғларингда беш кунмиз,

Олтинчи кун йўқдирмиз.

 

Сочларим шода-шода,

Соқий, узатгин бода,

Бу беш кунлик дунёда,

Айт, неча кун шўхдирмиз?!

 

Қайта бошлаш

 

Кўриб қолсанг, яқин келиб қолган ўлимни,

Иккиланмай қайта бошдан бошла йўлингни.

 

Тажриба бор.

Йўлнинг ўнқир-чўнқирларини

Энди яхши биласан, сен.

Таниш барча куй.

Ортга ташла ҳаётингнинг кир-чирларини,

Кийилмаган қуш тумшуқли туфлиларинг кий.

 

Қайта бошлаш истаклари: куйдир, булоқдир.

Қаттиқ иста.

Муғаннийсан.

Куйиб чаласан.

Елкангдаги босиб турган тошни улоқтир.

Енгил учгин.

Баланд учгин, учаоласан!

 

Парво қилма.

Гоҳ бемадор титраса тиззанг,

Қаддинг кўтар.

Кўтар яна йўлларнинг чангин.

Ювгин.

Кетсин вужудингни қоплаётган занг,

Қарабсанки, янгисан, сен!

Яна яп-янги!

 

Ҳаёт йўлин қайта бошлаш –

мумкиндай, нақддай,

Гар шу истак ич-ичингда ўсса дарахтдай.

Бир аёл қайғуси

 

Мен ёниб тугамагунимча,

Сиз менинг кимлигимни билмадингиз.

Имант ЗИЕДОНИС

 

Қоронғида эдингиз,

Мен чорламоқчи бўлдим.

“Тун ютиб кетмасин” деб,

Кўзи тўрт соқчи бўлдим.

Бу дунёни унутиб,

Сизга пойлоқчи бўлдим.

Э, воҳ, сиз мен тарафга

Бир қадам жилмадингиз.

Мен ёниб тугаяпман,

Сиз ҳамон билмадингиз.

 

Жилғадай гирдингизда

Чопганим-чопган бўлди.

Сиздан мўъжизаларни

Топганим-топган бўлди.

Қадаҳдай қирғоғингиз

Ўпганим-ўпган бўлди.

Бўшаган жом экансиз,

Қайтиб ҳеч тўлмадингиз.

Мен ёниб тугаяпман,

Сиз ҳамон билмадингиз.

 

Мен оҳ урдим, оҳ кекса

Ёшларни тирилтирди.

На кекса, на ёш, бори

Дилдошни тирилтирди.

Сиз тирилмадингиз. Йўқ

Ё… ёки ўлмадингиз.

Мен ёниб тугаяпман,

Сиз ҳамон билмадингиз.

 

Билмадим, мисмидим ё

Тилла танга, кетдим ҳайф.

Умрим бўйи бесамар,

Кирдим жангга, кетдим ҳайф.

Қоронғида, ботқоққа

Михланганча, кетдим ҳайф.

Қай оловларда куйиб,

Ўтди жон билмадингиз.

Мен ёниб тугаяпман,

Сиз ҳамон билмадингиз.

 

Ўзимнинг йўлим

 

Барча юрган йўллар барчага тегиш,

Бошқачароқ йўлни мен излаб кўрдим.

Бошқачароқ чиқди мен қўйганим ғишт,

Бошқачароқ қурдим.

 

Қабул қилиш қийин бошқачароқни,

Гар етиб ортсада ўзимга дардим.

Жиғига тегдимми қутурган тоғни,

Елкам тошбўрондан қабарди.

 

Ниманг ортиқ сенинг, ортиқ қаеринг,

Ўрмоққа чоғланиб ўткир чалғидай?

Буйруқ қиладилар, йўлдан қайиринг –

Барча юрган йўлдан юрсин чалғимай.

 

Аранг оёқдаман.

Титрар бош, қўлим

Ва, лекин, кўзларим қамашар нурдан.

Мен очган йўлдир бу.

Ўзимнинг йўлим,

Қолса, ўз йўлимда қолади мурдам.

 

Барча юрган йўллар барчага тегиш.

 

Чорлангиз

 

Чорлангиз, сиз ул баҳорни чорлангиз,

Кўнглида баҳори борни чорлангиз.

Бул тириклик, бул базмнинг жонини –

Йироқдаги азиз ёрни чорлангиз.

 

Мен у билан дунё маликасиман,

Усиз бахтнинг титилган ёқасиман,

Усиз мени енгар ёғий, ёсуман,

Тим қора сочима қорни чорлангиз.

 

Ул келмаса, ўтда кулман, сувда ғарқ,

Ул келмаса, бўлсам керак жувонмарг,

Чорлангизки, келмаса у жувонмард,

Ортиқча бошима дорни чорлангиз.

Чорлангиз, сиз ул баҳорни чорлангиз…

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА – Ўзбекистон халқ шоири. “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси. 1947 йилда туғилган. Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ), Горький номли Олий адабиёт курсида таҳсил олган. Шоиранинг йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган.