МИРИЙ: БИР ТАБАССУМ БИРЛА ОНИНГ ДАРДИҒА БЕРГИЛ ДАВО

2018-йил 6-сон Назм

* * *

Ишқинг, эй гул, заъфаронзор этти юз, қаддимни ё,

Эй камон абрў, камон қаддимни қилмиш ғам дуто.

 

Шайъалиллаҳ, деб, сари кўюнг аро туттум Ватан,

Шоҳлардин ул муносиб сўрмоқ аҳволи гадо.

 

Мунисим йўқдур десам, ҳолим, рақибим беадад,

Ваҳким, ҳолим забун, аъдо фузун, кўп можаро.

 

Юзда холингму десам, қолмиш кўзумни мардуми

Тармашиб ҳайрат била боқғанда ул рухсор аро.

 

Эй кўнгулнинг роҳати, кетмиш танимни қуввати,

Хаста жисмимға висолингдин етургил мўмиё.

 

Чун танимдин кетти қувват, талпинай кўюнг сари,

Новаки мижгонларингдин топса шояд жон асо.

 

Эй жамолинг шамъи ёдидин бузуғ кўнглумға нур,

Қоматинг андишасидин хаста жисмимға сафо.

 

Жони беморим кўзунг, бемордин айлантурай,

Ҳадяи жонинг тилаб, айлай тану жоним фидо.

 

Нотавон Мирийға лутфунг соғаридан бер насиб,

Бир табассум бирла онинг дардиға бергил даво.

* * *

Ҳолим табиб англагач, завқ бедаво демиш,

Бедард дилрабо ғамига мубтало демиш.

 

Бедард дилрабо ғамидин тўкса қон кўзунг,

Қон демагил, сулуки ризо тўтиё демиш.

 

Жисмимға новакинг етушурда фиғон чекар,

Ул новакингни шавқида жон марҳабо демиш.

 

Ё қилди қоматимни десам сарф қоматинг,

Қошимға садқа ё қадинг ул қоши ё демиш.

 

Жоду кўзингни фитнасидур жонға юз бало

Десам, кўзумни киприки юз минг бало демиш.

 

Олди қарорим оқу қаро холу оразинг,

Ори париға учрағон оқу қаро демиш.

 

Мирийни шавқ даштида қилғил сағонасин,

Бу даштни ўзига магар Карбало демиш.

 

* * *

Турфа савдолар бошимға солди ул шамшод қад,

Шод қаддимни букиб, паст этти сарв озод қад.

 

Эй насиҳат хайли, қотманг ўзни ушшоқ аҳлиға,

Бош кўтарди фитналар чиқмишму ул бедод қад.

 

Хўблуғда онча қад кўрсатти бедод онча бор,

Дод ани бедодидин афғон солай деб, дод қад.

 

Бул ажаб, ўн тўрт ёши турфа савдо бошида,

Етти ахтар етти ерға бермиш истеъдод қад.

 

Йўқ оғиздин айлагач ширин лабин изҳорини,

Боғ гуллар очти тоғ устида кон Фарҳод қад.

 

Ҳусни Лайлисиға истаб халқни жонин асир,

Ҳажр Мажнунини солди қилғоли обод қад.

 

ҳи қад боғи шавқида наво булбуллари,

Кўп наволар топти Мирий ондин айлар ёд қад.

 

* * *

Тушумға учради ул сарв қадди сарвосо,

Бу навъ тушға ярайдурки, қилсам ўзни фидо.

 

Кўзумда уйқу, не уйқуки, бахти бедорим,

Қоронғи кулбам аро келди ул қуёш сиймо.

 

Қилибман анга тазарру ниёз шартида,

Қулиға кўрсатиб ойини лутф ул мирзо.

 

Қўюб бошини аёғига, ёлвориб Мирий,

Гадои кўйи бўлиб, топти шавкати дунё.

* * *

Жунун айласам, айб айламанг жамолини кўргач,

Нетонг, тутошса кўнгул юзда хатту холини кўргач.

 

Сарири ҳуснида маҳбублар эмас сенга монанд,

Узор сафҳасида хол эрур мисолини кўргач.

 

Хаёли бирла ҳазин хотирим эрур хурсанд,

Биҳишт васлича бордур онинг хаёлини кўргач.

 

Фироқ даштида ёди висоли бергай жон,

Не навъ шарҳ этайин ногаҳон висолини кўргач.

 

Қошини кўрсаму қурбони жон не тонг қилсам,

Тавофи Каъбани топдим, бугун ҳилолини кўргач.

 

Дедики, холиму эркин узоринг устида жоно,

Дедики, нуқтаи жонинг дурур камолини кўргач.

 

Қўлингда тиғ недур қош қиличи етмасму,

Ки, Мирий бошидур илгингда хуш бу ҳолини кўргач.

 

* * *

Мени айларга ул ой вола, зулфидин таноб этмиш,

Чу қилгач, воласи гул юзиға кокулдин ниқоб этмиш.

 

Юзин нурига кўзёшимни тўксам, айб қилмангким,

Тўкар ёш туш чоғи наззора ҳар ким офтоб этмиш.

 

Жафолар бирла тийдим жонға изҳори эмас мумкин,

Ниҳони дарду доғинг узв-узвимни кабоб этмиш.

 

Муборакбод эттинг, ошиқға ўлмаклик муборакдур,

Муборакномайи қатлимни ул олижаноб этмиш.

 

Очилди хома, сочти ашк бошидин оёқ айлаб,

Ул ой шарҳи жамолим қил дебон, ногаҳ хитоб этмиш.

 

Лабинг ширин, қадинг насрин, юзинг раъно, кўзинг шаҳло,

Кўнгул Фарҳодини ғам тоғида бехўрду хоб этмиш.

 

Чаманким, боғбонсиз гуллари равнақ қачон топғай,

Қизилдур лола рухсори ониким, гул ҳисоб этмиш.

 

Олурда хома нозук, панжаси нозук хаёл этгач,

Таҳайюр бармоғини Моний тишлаб изтироб этмиш.

 

Неча Беҳзод ул ойни сурати зебосини тортар,

Ўзини сурати девордек масту хароб этмиш.

 

Узори мусҳафи устида кўз солди очиб гўё,

Ҳамоно хомайи Мирийга байти интиҳоб этмиш.

 

МИРИЙ (1830–1899) (тахаллуси; асл исмшарифи Очилдимурод Неъматилла ўғли) – шоир ва хаттот. Каттақўрғондаги Нақибхўжа ва Бухоро мадрасаларида ўқиган. Каллиқўрғон мавзеида қозилик қилган. Унинг мукаммал девони, иккита баёзи, қатор эпик асарлари сақланган. МирийнингҚиссаи Салим Жавҳарий”, “Рус­там ва Суҳроб”, “Маждиддин ва Фахрунисодостонларида комил инсон ҳақидаги илғор фикрлари акс этган. “Раъно ва Зебодостонини форсийда ёзган.

Мирий ФирдавсийШоҳномасининг бир қисмини ва Ҳусайн Воиз КошифийнингАнвори Сухайлийасарини шеърий йўлда туркийга таржима қилган.