Евгений ЕВТУШЕНКО: Шуурим неларни хотирламоқда

2018- 5-сон Назм

                   * * *

Мажнунтол тагида ўйларга толдим,

Кездим қирғоқларни  бесадо, бесас.

Қандайин  бахтиёр этай севгилим,

Бунга  минбаъд  балки иложим етмас.

 

Оздир унга болалар, тўкин  ҳаёт,

Меҳмондорчилигу кинолар аҳён.

Қолдиқсиз ва тугал керакман, ҳайҳот,

Мен эса бор-йўғи қолдиқман,  аён.

 

Замон дарахтига елкамни тутдим,

Шохлари елкамни кетди-ку ўйиб.

Севгилимга эса қолмади елкам

Йиғламоғи учун бошини қўйиб.

 

Гул тутиш ўрнига ажин тасвирин

Чиздим севгилимнинг юзига  кўп бор.

Эрлар  разиллик-ла хиёнат қилар,

Шўрлик аёллар-чи, аламдан ночор.

 

Севгилимни қандай этолсам бахтли,

Не қилиб бўлсада, беролсам шодлик.

Унга илк қадамнинг ўзида тақдир

Қуртлаган ҳаётни  айлади тортиқ.

 

Қувончни қўяйлик,  уларни мудом

Бир сўздан ранжитиб қўямиз дарров.

Аёлни йиғлатиш ҳаммага осон,

Бахтиёр этишни билмас ҳеч биров.

                      * * *

 

Яшил бедазорлар шовулламоқда,

Қарағай шамолда қарсиллаётир.

Шуурим  неларни хотирламоқда,

Мен ҳам қачонлардир ўламан охир.

 

Аммо томлардаги тарнов ёнида

Пайдо бўлар ногоҳ каптарбоз бола.

Биламан, ўлмоқлик ваҳима жуда

Ўзим ва муҳими, бошқаларга ҳам.

 

Ўлим туйғусисиз йўқ ҳаёт ҳисси,

Қумга сув сингари сингмасмиз бизлар.

Марҳумлар ўрнига келар тириклар,

Аммоки… уларда ўзгача ҳислар.

 

Ненидир англадим, айни, ҳозирда,

Еган калтакларим кетмабди бекор.

Унутдим ҳаммасин, бўлса хотирда,

Эсладим барини, унутдим не бор.

 

Гўдаклик – майин у қорларни ёдлар,

Фасли балоғатда  сайҳонлар –  яшил.

Англадим, ҳаётда не бир ҳаётлар,

Неча сулувларга боғладим кўнгил.

 

Бахтнинг кўзларида нодонлик зоҳир,

Енгилтак аёлга ўхшаб кетар  бахт.

Ғусса нигоҳида саволлар оғир,

Кўзингга аламнок тикилади шахт.

 

Бахт гўё осмондан заминга боқиш,

Бахтсизлик оламни кўрар рўйи рост.

Бахт – хоин сингари алдамчи хоҳиш,

Ғусса одамларни ҳеч қачон сотмас.

 

Авваллари эдим ёвқур ва шодон,

Бахтим кулолмади, шукр Худога.

Имконсиз нарсани истаган эдим,

Барча истакларим дўнди рўёга.

 

Мен сизни севаман, яхши одамлар,

Бахтга интиласиз туғилган ҳамон.

Мен энди бахтлиман абадул-абад,

Чунки изламасман бахтни ҳеч қачон.

 

 

Менга шу ям-яшил бедазор бўлса,

Тилларимдан  музни олиб ташласам.

Муҳими, чивиндай митти жон билан

Ўлимдан нарироқ   яшай бошласам.

 

                      * * *

 

Қайиқдамиз, шарросдир ёмғир,

Қўлим  музлаб рулга ёпишган.

Сен севмассан, қўрқаман, ахир,

Қўрқаман, мен сени севишдан.

 

Тошаётир  бир соқов ҳасрат,

Ёқут Серафимнинг кўзидан.

Ўхшаб Колимадаги олов

Гулханидан чиққан тутунга.

 

Қопқора чой, мисоли қатрон,

Тузукмиди, балки қанд ташлаш:

–  Айт, Серафим, бахт ўзи  нима?

– Бахт  менимча, узоқроқ яшаш!

 

Ётар чоғинг  бўлса-да, жўра,

Оламан, лек, сени қисту бас.

“Жуда  узоқ яшашдан кўра,

Яхшимасми, севги бир нафас?”

 

Серафим ҳам қайтарар жавоб,

Кўзларини юмганча мудроқ:

– Яхши – фақат бу ҳам  хавфлида,

Кимки  севса,  яшолмас узоқ.

 

Ёқут, чўқчи  билади буни,

Патрондайин кунларни асрар.

Қиммат тушар ҳиссиёт  бизга,

Ҳаётимиз пичоқдай қирқар.

 

Олтин топди дарёдан Борис

Ва олтини бошига етди.

Мана, нега ишқдан қўрқамиз,

Ўша  олтин вабодай худди.

 

Қўрқитмасин ёнғин рўёдай,

Ўчир ўтни, босиб тепкила.

Бу оловнинг тутуни аччиқ,

Ҳатто, энг бахтиёр севгида.

 

 

Суҳбатимиз шундай узилар,

Колиманинг зулмат тунида.

Ёмғир тортган кумуш чизиқлар

Ярқиллайди аёл танидай.

 

Тортилгандай мисли таранг тор

Шаррос ёмғир кучаяр бу чоқ.

Узоқ умр менга не даркор,

Чин ошиқлар яшамас узоқ.

Евгений ЕВТУШЕНКО – Атоқли рус шоири. 1933 йилда туғилган. Ижодкорнинг ўттиздан зиёд шеърий, насрий, публицистик китоблари нашр этилган. ­Евгений Евтушенко 2017 йилда вафот этган.

Рус тилидан Абдумажид АЗИМ

таржимаси