Элбек ШОЙИМ: МИТТИ ҲИКОЯЛАР

2018- 5-сон Наср

БИРОВНИНГ ҲАҚИ

Биз томонларда катталар ҳалигача янги уй қуриб, алоҳида кўчиб чиққан ёш ­оилага рўзғорнинг баракаси бўлади, деб қурби етса сигир, жуда бўлмаса, боқиб катта қиласизлар, дея бузоқ беради. Янги ҳовлига кўчаётганимизда Зарҳол момом сизларга атагандим, деб Узуншох (шохлари кийикникидек узун бўлгани учун бу сигирни биз шундай атардик)ни бизга берган эди. 

Қурилишдан ортиб қолган ёғочлардан томорқамизнинг адоғида оғилхона қурдик. Сигирни ўзгача меҳр билан парваришлай бошладик. Айни қиш чилласида Узуншох болалади. Хурсандлигимнинг чеки йўқ эди, энди қиш бўйи уйимизда қаймоқ-қатиқ бўлади. Онам сигиримизни соғаётганда боласига кўпроқ қолдиринг деб, ўзим унга кўз-қулоқ бўлиб турардим. Бузоқ кун сайин тўлишиб, кучга кираётганини кўриб, буғдой ўримидан сўнг далага мол боққани чиқсак, энг зўр новвос меники бўлади, деб ич-ичимдан севиниб қўярдим…

Ҳар кун мактабдан қайтганимда биринчи бўлиб оғилхонага кўз югуртирардим. Бу сафар ҳам шундай қилдим. Аммо не кўз билан қарайки, молхонамиз айвонида ола сигирнинг ўзи турарди. Нимадир бўлганини сезиб, томоғимга тиқилган йиғини ичимга ютиб, уйга кириб бордим. Айвонда отам бир даста пулни санаб, онамга тутқазаётган экан. Вазиятни тушунгач, кўзимга кўринган нарсани улоқтириб, “Нега уни сотдингиз?!” дея тўполон қилишга тушдим…

Новвоснинг пулига қиш учун буғдой сотиб олдик. Шундагина отамнинг аҳволини тушуниб етдим. Келаси йил бундай аҳволга тушмаслик учун ўзим астойдил ишлашга, лой кечиб далада юргани боис, тез-тез бели оғриб турадиган отамни авайлашга қарор қилдим. Маҳалламиздаги қаровсиз ётган адирликдаги ерга лалми буғдой сепдик. Шу йили об-ҳаво ҳам серёғин келиб, кафтдеккина жойдан мўл ҳосил олдик, ҳатто, тўрт-беш қопини сотдик ҳам. Бу йил буғдойимиз борлиги учун эмас, уч ой олдин туғилган бузоқчани сотмаслигимиздан менинг қувончим чексиз эди. Аммо…

Шундай кунларнинг бирида катта юк машинаси ҳайдайдиган Баҳодир аканинг маслаҳати билан отам унга қўшилиб, “бизнес” қилмоқчи бўлди. Қўшни қишлоқдаги Рўзибой акадан қарз кўтариб, Тошкентга бир машина пиёз олиб кетди. Лекин уч кун ўтмасдан сотилган пиёзнинг пулини ўғирлатиб, қайтиб келди.

Буни эшитган Рўзибой кунда уйимизга келади, қарзини сўраб, дағдаға қилади. Бирорта қариндошимиз ёрдам бермагач, отам унга анча қиммат турса-да, сигиримизни бериб юбормоқчи бўлди. Бузоқчани бериб юборсак, ўғлим яна ўксиб қолади, деб ўйлаган бўлса керак. “Тез орада қарзимизни қайтариб, уни олиб келамиз”, деди отам айбдордай елкамни силаб. Рўзибой ака ҳам шу гапни кутиб турган экан, сигирни арқонидан ечасола, уйига олиб кетди.

Берилган муҳлатда пулни қайтариб беролмаганимиздан сўнг Рўзибой ўғлидан пул бердириб юборибди. Ўғлининг айтишича, отаси сигиримизни сотиб, ўзига тегишли бўлган пулни олиб қолибди. Лекин Узуншохдайнинг икки баробар арзонга сотганини эшитиб, отам сўкинди. Онам роса йиғлади…

Бировнинг ризқи бировга буюрмас экан. Орадан бироз вақт ўтиб, Узуншохнинг ўлигини Рўзибой ака қўшнисининг тракторига ортиб, адирга, кўмгани олиб кетаётганини кўришибди. Айтишларича, уйига олиб келгандан бери емиш емай қўйган сигир бора-бора озиб-тўзиб кетган. Ўша куни эрталаб Рўзибой ака Узуншохни ўз арқонига ўралиб, ўлиб ётган ҳолда кўрибди. У сигирни сотмаган экан…

 

Қотиллик 

Суюн қассоб саккиз йил деганда фарзанд кўрди. Тилаб-тилаб олган ўғлининг исмини Тиловмурод қўйди. Кунларнинг бирида хотини, “Ўғлимизга қараб туринг, қўшни қишлоқдаги опамни кўриб келай, анчадан бери бетоб ётибди”, деб йўлга отланди.

Орадан бир соат ўтиб, ваҳима билан югуриб келган қўшни аёл сигири емлаб қолганини, сўйиб бермаса, ҳаром қотиб қолишини айтиб, илтимос қилди. Қассоб шошганча ўғлининг бешикда жимгина ухлаётганидан фойдаланиб, пичоқини олдию, кўчага отланди.

Қўшнининг қорни шишиб ётган сигирини ҳалоллаб, бешикда ёлғиз қолган ўғли эсига тушдию, уйига шошди.

Дарвозадан кириши билан қаршисидан оғзи қонга беланган “Олапар” чиқди. Лабини ялаб ғингшиб, думини ликиллатаётган итини кўриб, Суюн қассобнинг эси чиқиб кетди. Наҳотки, бешикдаги ўғлини… “Олапар” ундан олдин остонага югуриб кирди. Йўлакдаги қон изларини кўриб, қассоб хаёлига келган фикрдан ўзини йўқотиб қўйди. Жон ҳолатда сўкинганча ёнида суйкалаётган итнинг қорнига пичоқ тортиб юборганини сезмай қолди. Жониворнинг қай аҳволда жон бераётганига ҳам қарамасдан ичкарига отилди. Аммо не кўз билан кўрсинки, Тиловмурод ухлаб ётган уйда катталиги товушқондай келадиган каламуш қонга беланиб ётарди.

 

Шиппак

Ёз бўлди дегунча қишлоғимиз ўртасидан оқиб ўтадиган анҳордан чиқмас эдик. Турли қитмирликлар ўйлаб топиб, чўмилишга борган болаларнинг кийимларини беркитардик, орқасидан пойлаб бориб, устига тупроқ сепиб қочардик. 

Саратоннинг чилласида айни тушлик маҳал онам бозордан олиб келган янги шиппакни кийиб синфдош дўстим Шерали билан анҳорга бордик. Кийимларимизни тол шохига илиб, Эргаш аканинг уйи томондан сузиб келишга кетдик. Сал юриб, шиппак эсимга тушиб қолди, қайтиб келдим-да, футболкамни толдан олиб, шиппакни ўраб қўйдим. Чўмилиб чиқиб қарасам, кийимлар сочилган, шиппагимнинг бир пойи йўқ. Эссиз, Олапарни бекор олиб келмабман, у кўз-қулоқ бўлиб турарди. Маҳалламиздаги бирорта бола йўлдан ўтаётган бўлса, кийимларимни таниб, шиппагимни сувга отиб юборган, деган хаёлга бордим. Шералининг, “Топилиб қолар, кимдир ҳазиллашгандир”, деганига қулоқ солмай, энди бир пой шиппакни нима қиламан, деб иккинчисини сувга улоқтирдим. Эсизгина, бир кун ҳам киёлмадим, деб футболкамни бошимга соя қилиб, уйга қайтдим. Ярим йўлда Олапаримни анҳор томонга югуриб кетаётганини кўрдим. Кайфиятим йўқлиги учун бунга унча эътибор бермадим. Буни қарангки, уйга киришим билан остона олдида шиппагимни йўқолган бир пойи турар эди. Анҳор томонга югуриб кетган Олапар кўзлари жавдираб, қайтиб келди. Шундан бери шошиб хулоса чиқармайдиган бўлдим.

 

Қарғиш

Қишлоғимиздан беш-олти чақирим узоқда Қоратепа деган жой бор. Одамлар бу ерга ахлат тўкади. Кечагидек ёдимда, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ўйинчоқ машина ясаш учун қўшнимиз Ойбек билан Қоратепага бориб темир-терсак, ғилдираклар олиб келгандик. Ойбекнинг айтишича, қишда бу ерда   қарға роса кўп бўларкан. Бу гапни ота­сидан эшитибди. Қарғалар тунда жарлик ичида ухлар эмиш.

Қиш кунларининг бирида Ойбек иккаламиз Қоратепага йўл олдик. Fира-шира қоронғи тушиши билан қарғалар галасининг кўпи дарахт шохларига, айримлари жарлик ичига келиб қўнди. Биз қўлимиздаги узун таёқлар билан қарғаларга яқинлашганимиз сари улар бир-бирининг пинжига беркинишга ҳаракат қилар эди, аммо учиб кетмасди. Ойбек қўлидаги қопни ушлаб турди, мен қарғаларни таёқ билан уриб ўлдирдим. Кейин уларни олиб келиб, кучукларимизга бердик. Бу ишимни кўрган онам мени роса уришди. Жарлик ичига қўнадиган қарғалар жуда қариб кетган экан, шекилли, Қоравой ҳам уларни емади. Шундай бўлсаям, барибир, кунда-кунора қарға овига бориш одатимизни ташламадик…

Эрта баҳорда сигиримиз болалади. Ҳаммамиздан кўра бобомга яхши бўлди. У киши анчадан бери бетоб бўлиб, иштаҳаси йўқолган. Шифокорлар бобомга кўпроқ сут ичиб туришни тавсия қилганди. Уйда оилавий шароит оғирроқ бўлгани боис, доим сут сотиб олишга пул топилмас эди. Бобомнинг оғзи оққа етиб, анча тетиклашиб ҳам қолди. Ҳар куни сигирни боқиб, сутини кўпайтириш эса менинг бўйнимда эди. Шунинг учун қаерда ўт яхши бўлса, ўша ёққа ҳайдаб кетаверардим…

Бир куни далада қаттиқ жала ёғиб қолди. Ёмғир шиддатидан йўл аранг кўринарди. Сигиримиз уйда қолган бузоқчасига интилиб, югургилаб кетди. Мен анча орқада қолдим. Шунда сигирнинг ўзи уйга борар, дея жала тўхтагунча, анҳор кўприги тагида ўтирдим. Кечга яқин ёмғир тингач уйга келсам, сигир йўқ. Сувда ивиб шалаббо бўлган аҳволимни кўриб, онам нима дейишини ҳам билмай қолди. Сигирни излаб Қоратепа томонга йўл олдим. Йўлда кета туриб онамнинг, “Сигир яна жарга тушиб кетган бўлмасин?” деган сўзлари қулоғимга чалиниб, ўша томонга юрдим. Не кўз билан кўрайки, елинларидан сут оқиб ётган сигиримиз жарлик тубида ўлиб ётарди. Танаси совиб улгурган жониворни у ердан олиб чиқишнинг фойдаси йўқ эди. Унинг устида бир тўда қарға ёпирилиб турарди…

Бу воқеага анча йиллар ўтса-да бобомни ўша онда ўксиниб айтган гапи қулоғим остида жаранглаб туради: “Шу пайтгача болаларимга харом луқма едирмадим, бировнинг ҳақига хиёнат қилмадим, энди оғзим “оққа” етганда бу нима кўргилик? Демак, кимнидир дилини ноўрин ранжитганман ёки ноҳақлик қилганманки, бу менга берилган жазо!” Бобомни кўзида ёш билан кўриб турсам-да, “Бобожон, сиз эмас, аслида мен сабабчиман бу ишларга, қарғаларнинг қарғиши урди!” дейишга журъатим етмади. Мана орадан неча йиллар ўтсаки, ўша дамдаги ҳодисани эсласам, виждоним қийналиб, бўғзимга алланима қадалгандек бўлади.

 

“Гушши”

“Гушши” (Гулзода) бизнинг ён қўшнимиз. У мендан икки ёш катта. Биз жуда яқин дўстмиз. “Гушши”нинг укалари ҳали ёш бўлгани учун уйида эркаклар қиладиган баъзи ишлар ҳам унинг зиммасида. Шунинг учун мол боқишга, уйидаги бузоқларга ўт ўриб келишга бирга борамиз. Уларнинг сигири кўп бўлгани учун мен унга ёрдамлашиб юраман. Ҳар сафар у уйидан оқ нон, турли ширинликлар олиб келади. 

“Гушши”нинг отаси Нусрат ака “Тез ёрдам” машинасини ҳайдайди, уйида жуда кам бўлади. Маҳалламиздаги энг чиройли уй ҳам уларники. Кўчамизда рангли теливизор фақат “Гушши”ларникида бор. Аммо нимагадир унинг бирор марта ўз ҳаётидан мамнун бўлиб гапирганини эслолмайман. У фақат бизлардан ўттиз чақиримча олисда жойлашган Қизириқдаги қишлоқни мақташдан чарчамас эди. Доим: “Тезроқ ёз келса эди, Қизириққа кетардим. У ёқда маза қилиб чўмилиб, таътилни мароқли ўтказаман. Биласанми, у ернинг одамлариям бошқача. Мен шуни аниқ биламан, Қизириқдай чиройли жой бошқа ҳеч қаерда йўқ…” деб юзи қизарарди. Унинг бу гапларидан кейин серсув, боғлари серҳосил қишлоғимиздан ҳам яхшироқ жой деб мақталган бу гўшани ўз кўзим билан кўришга қизиқиб қолдим.

Бир куни отамга Қизириққа бормоқчилигимни айтдим. Аммо у томонларни ери зах бўлгани боис чакалакзор бўлиб кетганини, бунинг устига у ёқда томоша қиладиган жойнинг ўзи йўқлигини эшитиб ҳайрон қолдим. Отам мени у томонларга бормасин деб, атайлаб ёлғон гапирди, деб ўйладим.

Бирпасда ёз ҳам келиб, жазирама кунлар бошланди. Шундай кунларнинг бирида уйимизга Шойим бобом келиб, яқинда кенжа амаким Акбарнинг тўйини бошламоқчи эканини, Қизириқдаги чўпонлардан қўй олиб келишга кетаётганини айтиб қолди. Бобом уйда ўтирган вақтда ҳеч кимга сездирмасдан кўчада турган “ЗИЛ”нинг юкхонасига чиқиб олдим. Мақсадим “Гушши” мақтаган Қизириқни ўз кўзим билан кўриб келиш эди.

Машина манзилга етиб тўхтагач, юкхонадан сакраб тушдим. Шойим бобом мени кўриб: “Ҳа отангни жилигига…” деб “эркалаб” қўйди, лекин уришмади. Мен бобомдан туз босиб, ҳамма томони шўрлаб кетган кенгликларга ишора қилиб: “Қизириқ деган жой шуми?” деб сўрадим. Бобом бошини ирғади ва узоқдан кўринган пастқам уйларга ишора қилиб, “Гушши”нинг момосини уйи ўша томонда эканини айтди.

“Гушши” ғирт ёлғончи қиз экан. Шу кундан бошлаб мен у билан умуман бирга мол боқмасликка, ўт ўришга бормасликка қарор қилдим. Аҳмоқ қилишга мендан бошқа одам йўқмиди? Алдаганини ўзига айтганимда гап тополмасдан йиғлаб юборди…

Орадан йиллар ўтиб мен “Гушши”дан ноўрин ранжиганимни тушундим. Ўгай онаси кўчада ҳамманинг кўзига яхши кўринса-да, лекин “Гушши”га кун бермаган. Қизириқда эса “Гушши”нинг меҳрибонлари – бобоси ва момоси яшар экан.

Элбек ШОЙИМ – 1988 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини битирган. Асарлари республика матбуотида эълон қилинган.