Даврон РАЖАБ: КЎНГИЛ ЯНА КУЙ ИСТАЙДИ

2018- 5-сон Назм

 Тонг қўшиғи

Мен сени хўб асраб юргандим,

Шуми бахтинг, айт, шуми умринг?!

Гапирсам тин олабошлар тонг,

Йиғлай бошлар баргларда шудринг.

 

Айт, ҳали сен ишонганимми,

Сенга айтганмидим сирларимни

Ҳали сен излаб топинганимми?!

Гапирсам тин олабошлар тонг,

Йиғлай бошлар баргларда шудринг.

 

Сенга борим, бахтимни берсам,

Сийратимни қалбимни йўйсам,

Бутун ҳаётимни сенга топширсам…

Гапирсам тин ола бошлар тонг,

Йиғлай бошлар баргларда шудринг.

 

Гапир, ахир, гапир, гавҳарим,

Бошқа йўқми менга сўзларинг,

Кўзларингда қанча акс этдим?

Гапирсам тин ола бошлар тонг,

Йиғлай бошлар баргларда шудринг.

 

 

 

 

* * *

Ўзингдан енгил гап

кимсасиз уйдек

кўринар файзсиз.

 

Оғири ўзингни ҳам

тортиб кетар, эсиз…

 

Ўзинг билан тенг гап

посанги каби

бориб келиб турар

гоҳ енгил

гоҳ оғир томонга.

 

* * *

Ҳовучларини очган гуллар

вақтга ранг бериш учун

йўлга чиққан.

 

* * *

Осмондан заминга қайтмаган хатим,

Сенга айтган эдим унда дардимни,

Йўқ, дардим эмас севинчларимни.

 

Ҳамон қўлингга қайтмаган мактуб,

Ҳа, билдим, сен мендан ҳамон аразда,

Кунлар ўтар мени билмаган тарзда.

 

Агар олган бўлсанг тўхтарди кунлар,

Шошқалоқ фурсатлар топарди барҳам,

Сен бахтли бўлардинг ҳар лаҳза, ҳар дам.

 

Хаёл

 

Пиёладаги чой совуб қолди,

хотирамдан жой олган

манзаралар

сўзлару

шакллар пиёлада.

 

Эсласанг исийди,

аниқроқ  ўйласанг

жонланиб

қайноқ вақтига қайтади чой.

 

Ҳозирча совуб турибди

пиёладаги чой

ва

ҳеч ким билмайди

чойдаги оламни.

* * *

Бор овозда тинглаб кўр,

сени бошқараётган

ичингдаги куйларни.

 

Ё эсла,

сен қандай кулган эдинг,

бир пайтлар шодликдан қаттиқ.

 

Қайғуларни эслама,

майли,

хотирлама дардларни зинҳор!

 

* * *

Булутлар кўк сатҳидан

Сокин сузиб ўтади,

Бундай дамлар завқидан

Фикр тўзиб кетади.

 

Гоҳ ўхшайди қорларга

Тоғларни босиб қолган,

Гоҳ айланар боғларга,

Гулларин сочиб ёйган.

 

Осмон тубида яйноқ

Лаҳзадек ўтаверар,

Баъзан у қордан-да оқ,

Тўхтамас кетаверар.

 

Елар момиқ абрлар

Олис маконлар сари.

Етмай қолар сабрлар,

Ҳаёт шундай сарсари.

 

Англадим, бахт ҳам шундай,

Ушлаб бўлмас уни ҳеч.

У янграр тинсиз куйдай,

Тинглаб турсанг бўлар кеч.

 

Вақт ҳам шу – кетар оқиб:

Баъзан оқ, баъзан қора.

Ҳавога сурат солиб,

Умринг ўтяпти, қара.

 

 

 

 

* * *

Гулларга кўниккан кўзлар

гул истайди,

чунки,

гулларга кўниккан кўзлар.

 

Шамолга кўниккан юрак

яна шамол истайди,

чунки,

шамолга кўниккан юрак.

 

О, руҳ, яна қайғу истайсан,

Наҳотки

қайғуга кўниккан руҳ?

 

Йўқ,

кўнгил яна куй истайди,

чунки

куйга кўниккан кўнгил!

 

Чеҳрангда

 

Ҳали бир сўз топаман

Чеҳрангга қараб.

 

Ҳали бир сўз топаман,

Чеҳранг қудратидан пайдо бўлгучи.

Тумтарақай қочар ғанимларинг,

Бироқ ўша сўз чеҳрангда ҳамон.

 

қуёшлар

 

Бугун

япроқлар яшил рангда

чарақлар,

чунки,

кўпдан бери

нурлар уйқуда,

истеъфода эди қуёш ҳам.

 

Паға-паға булутларда,

Кўзгуларда,

Одамларнинг кўзларида

қуёшлар

яйнатар

атрофни.

Ҳатто ёруғланар тупроқнинг ранги,

соялар ҳам қамаштирар кўзларни

бугун.

* * *

Тун тонгга айланар оҳиста,

Унутилар ишқ соялари.

Абадийлик синггар бирпасда,

Нигоҳимга чўкар ғоялари.

 

Қандай юмай кўзимни энди,

Борлиғимда бўлса коинот.

Бутун борлиқ сўзимга энди,

Қандай уни гапирай, ҳайҳот!

 

* * *

Ҳамма иш

қўлимдан келади,

дейди,

Ишсиз юрган бу одам.

 

Хотирамда қолди

 

Гапиришингни кутдим.

сўзласанг гулга кирар

хаёлимда сирларинг.

 

Гапиришингни кутдим,

аммо сўзга кирмадинг,

сирларим гулга кирди.

 

Гапиришингни кутдим.

тингладим жимлигингни,

хотирамда қолди жимлигинг.

Даврон РАЖАБ – 1967 йилда туғилган. Беньков номидаги Республика рассомчилик коллежини тугатган. Шоирнинг “Бир томчи юлдуз”, “Бахт шамоллари” номли шеърий китоблари нашр этилган.