Минҳожиддин МИРЗО: ҚУЁШ ЮРАГИМГА СОЧДИ ТАФТИНИ

Шарқ юлдузи/ Avgust 10, 2018/ 2018- 5-сон, Назм

Шивирлама, шаббода

Шивирлама, хаёлим бўлиб,

Лабларимга томизма бода.

Жоним ҳозир кетар тўкилиб,

Шивирлама, менга шаббода.

 

Нафасингни ўхшатдим жуда,

Менга азиз бўлган нафасга,

Қўй, жонимни учирворасан,

Зўрға солдим ўзи қафасга.

 

Шивирлама, менга шаббода,

Қўзғатма дил япроқларини.

Кўтаролмас энди вужудим,

Бу юракнинг титроқларини.

 

Сочларимни силама, кетгил,

Чидолмайман меҳрингга ортиқ.

Қўйгил мени, буткул унутгил,

Энди қалбим ҳижронга тортиқ.

 

Шивирлама, менга шаббода,

Сўнган чўғни қўзғаб нетасан?

Қўйгил энди, ўз ҳолимга қўй,

Дардим айтсам ёниб кетасан.

 

Шивирлама, менга шаббода…

Ватан ранги

 

Гиёҳлардан сўрдим сенинг таърифинг,

Кийиклар кўзидан ўқидим достон.

Юлдузлар қўшиғин тинглаб уйғондим,

Бошимда термилиб ўтирарди тонг.

 

Қуёш юрагимга сочди тафтини

Шундан қалбим сени англади, сездим.

Субҳидам очганда замин кафтини,

Мен масрур кафтдаги жаннатни кездим.

 

Ғурраклар теракда чалар чанқовуз,

Кўрдим юзин сувга чайган гулларни.

Замин улашарди ҳар мурғак дилга

Ҳумо нигоҳидан тушган нурларни.

 

Укамдай силардим яшил майсани,

Синглимдай суйдим мен қизғалдоқларни.

Отамдай чинорга қараб бўйладим,

Меҳри боғ онамдай кездим боғларни.

 

Тоғларинг кўнглимда тиклади ғурур,

Сувларинг қалбимнинг ювди зангини.

Ҳатто чумолилар тилида шукур,

Мен шундан англадим Ватан рангини…

 

Кўксимга яширдим

бир дил суратин

Бекор совурмадим мунис йилларни

Таскин бор, эртамдан сал кўнгил тўқдир.

Тонгга ошно этдим қанча дилларни

Йилларнинг олдида гуноҳим йўқдир.

 

Гоҳ ҳилол, юлдузлар билан тонг қадар,

Суҳбатлар қурардик, учган вақт – ўқдир.

Кўнглимга нақш солиб кетган жилвагар,

Тунларнинг олдида гуноҳим йўқдир.

 

Тақдирга йўярлар ҳар дил қисматин,

Энди у гуллар ҳам, гулзор ҳам йўқдир.

Кўксимга яширдим бир дил суратин,

Гулларнинг олдида гуноҳим йўқдир.

 

 

Кўнгил соғинчи

Кўзларингда қуёшни кўриб,

Эриганди муз қалбим бирдан.

Бошим узра ўриклар гуллаб

Нур олганди дилдаги сирдан.

 

Настаринлар шивирлаб сокин,

Ифорларга кўмгач оламни.

Ҳайрат ила қўлга олгандим,

Қизғалдоқлар унган қаламни.

 

Қанча йиллар ўтди, фасллар

Қайтмади ҳеч у сирли онлар.

Тушларимда мени қуршар гоҳ,

Хушбўй сочлар – садарайҳонлар.

 

Қор қўйнида очилмас лола,

Муз бағрида гулламас дарахт.

Энди қалбим сенга ҳавола,

Баҳорларим олиб кетган бахт…

 

Умид

Мен ўт эдим,

Ёмғирлар ёғди,

Томчилар чун гўё мен сўндим.

Бугунчалик уфққа бош қўйиб,

Эрта эса қуёшдай ёниб,

Тонгни кутиб олмоққа,

Кўндим…

 

Бир дунё бўлса…

Кўрганим рўёмас, нур-зиё бўлса,

Шу нурга бу кўнгил маҳлиё бўлса.

 

Ғунчалар лабида кибру ҳавомас

Гулларга ярашиқ бир ҳаё бўлса.

 

Дилларни боғлаган мудҳиш ўйларни,

Ғуборин ювгали бир дарё бўлса.

 

Дилларни босмаса ҳасаду гумон,

Юракка таскин бир сўз пайдо бўлса.

 

Кўнглимнинг аксини кўрмоқ муродим,

Муҳаббат қўйгали бир дунё бўлса.

 

Она тупроқ

Эй тупроқ.

Эй менинг борим, мунисим,

Эй элим, дунёда суянган тоғим.

Токи, хазонрезлар ҳали олдинда,

Токи, гуллаётган экан дил – боғим,

Мен сени дегайман умрим борича.

 

Бир куни дунёни тарк этсак, шаксиз,

Мунис тупроқ берур бизга бошпана.

Шунда ҳам бўлмасмиз асло юраксиз,

Корингга ярашга шошурмиз яна.

 

Тангри ҳукми билан дон бўлиб унсак,

Бир очнинг ғамини аритар эдик.

Магарда, нур бўлиб кўкларга учсак,

Шунда ҳам йўлингни ёритар эдик.

 

Сеҳрли кеча

Ой тўлиб боқарди кўкдан дунёга,

Юлдузлар ўйнарди гирёна бўлиб.

Тушди у чўмилмоқ бўлиб дарёга,

Тўлқинлар ўйнади қучоғи тўлиб.

 

Қамишлар титради аста шитирлаб,

Соҳилда кўринди йигит, мунис қиз.

Юлдузлар энтикди кўкда милтираб,

Ой нари кетмоқчи бўлди-ю сассиз…

 

Эртаклар чин бўлди, ширин, сирли тун,

Пок эди беғубор икки ёш ўйи.

Уларни чўчитиб юбормаслик-чун,

Ой қайтиб чиқмади сувдан тун бўйи.

 

Бир томчи ёш

Ўтмишимни дилимга жойлаб,

Кечмишимни дилимга жойлаб,

Бир томчи ёш каби тўкилдим

Ўлтирмадим мангу йўл пойлаб.

 

Ҳижрон йўлин сезгандек гоҳо,

Гул бағрини тилади нолам.

Сендан юпанч излаб келаяпман,

Бир йўлчини қабул қил олам.

 

Сенга

Дардларим битаман тунлари ёлғиз:

Гоҳ ҳилол, гоҳ юлдуз бўлар сирдошим.

Қайдадир беором яшайди бир қиз,

Юлдуз бўл бошига сен, эй кўзёшим.

 

Пушаймон гуллари куйдирар руҳим,

Энг гўзал кунларим ўтган кундадир.

Бир сўзим, бир сўзим айтмоғим муҳим,

Сенга айтолмаган сўзим шундадир.

 

Қайга шошиласан

Қайга шошиласан, телбавор руҳим,

Сенга тор келдиму вужуд қафаси?

Ортингга қарамай кетаяпсан нечун,

Сени маст қилдиму булбуллар саси?

 

Қайга шошиласан, телбавор руҳим,

Наҳот интилганга беаёв жабр?

Олдинда бемажол ойлар, йиллар бор,

Олдинда сабрдан яралган қабр!

 

Қайга шошиласан, телбавор руҳим,

Қайда у сен борар макону манзил?

Олдда юлдуз бўлса, изингда ой бор,

Севги бор ортингда, қайрилсанг арзир.

 

Қайга шошиласан, телбавор руҳим?..

 

Хотира

Кўнгил дафтаримни тинмай варақлаб,

Нечун, ўз ҳолимга қўймайсан сира?

Қачонгача юргинг юрагим боғлаб,

Қайга яширинай сендан, хотира?

Минҳожиддин МИРЗО – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. 1965 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Ижодкорнинг “Нилуфар”, “Висол хабари”, “Юлдузим”,  “Кўнглим куртаклари”, “Гуллаш пайти келди, боғларим” шеърий тўпламлари, “Соҳибқирон ёғдуси” маърифий дос­тони, “Саодатга элтувчи қудратли куч” эссе китоби нашр этилган.