Абдураҳим ЭРКАЕВ: АБДУЛЛА ОРИПОВ ФЕНОМЕНИ эссе

Шарқ юлдузи/ Avgust 10, 2018/ 2018- 5-сон, Наср

ФАҚАТ САВОБ БОРКИ, ДУНЁ БУС-БУТУН

Шоир 1981 йилда инфаркт ўтказди. Касалликдан аста-секин ўнгланиб, яна эҳтиросларни жунбушга келтирадиган, ўқувчини чуқур хаёлга, ўйга чўмдирадиган шеърлар, кичик лирик поэмалар ёза бошлади. 1982 йилда ёзилган “Ҳайронлик”, “Сенга бу дунёнинг гули, неъмати”, “Савоб”, “Қонуният” каби мавзулардаги битик­ларда яна эҳтирос ва тафаккур кучи уйғунликда намоён бўлади.

Аввалгидай баравж пардаларда куйлаш соғлиқ учун, асаб учун беиз кетмайди, албатта. Аммо Абдулла Орипов бошқача куйлай олмас, мухлислар ҳам ундан бошқача шеърни кутмас эди. Қизиғи шундаки, ўша йиллар у кўпчилик тасаввурида, айниқса, ёшлар тасаввурида аввалдан, азалдан бордек таассурот уйғотарди. Шоирнинг ижоди маънавий, адабий ҳаётимизга шу даражада сингиб, унинг табиий узвий, ажралмас қисмига айланиб қолган эди. Аслида у эндигина 40 ёшга қадам қўйган эди. Кутилмаган мантиқий хулосалари, ноёб, оригинал ташбеҳлари илгари ҳайрат билан қабул қилиниб, олқишлар уйғотган бўлса, энди улар табиий қабул қилинар, гўёки асли шундай бўлиши лозимдек эди. Абдулла Орипов шеърият мухлисларини янги бадиий мезонларга ўргатиб қўйганди. “Савоб” – шукроналик тўғрисида кичик лирик поэма. Бир қисмли симфоник поэма деса тўғрироқ бўлади. Асар юксак пардаларда ва суръатда бошланади. Бошдан-оёқ фикр ва туйғуни ифодалаш суръати, пардалари юқорилигича қолади. Ҳақиқий аллегро, фақат охирги ўн икки сатрида – асар финалида – фалсафий хулосасида пардалар ва суръат пасайиб, аста-секин сокин куйга ўтади.

 

Авжи саратонда ҳансираб, ёниб,

Қоврилиб оловли йўллар тафтида,

Муздайин булоқдан сув ичгач қониб,

Ҳордиқ олганмисан чинор тагида?

Руҳингда сафо-ю танингда мадор,

Умидбахш қўшиқлар куйлаганмисан?

Ўша пайт, ўша он ҳеч қурса бир бор

Чинорни ким эккан – ўйлаганмисан?

 

Шоир ҳар бир эзгу иш савоб эканини, инсон жамиятдан, аждодлардан барча неъматларни, ютуқларни тайёр ҳолда қабул қилиб олишини эътироф этади. Инсоннинг бурчи – уларни сақлаш, янгилаш, бойитиш. Инсон салафлари олдидаги қарзини узиши учун ўзи ҳам бошқаларга яхшилик, яъни савоб иш қилмоғи шарт. Бу – ҳаёт қонуни.

 

Айт, ахир ўзинг ҳам то борсан собит,

Кимсага насиба узатганмисан?

Кўчангдан лапанглаб ўтганда тобут,

Сен уни тўрт қадам кузатганмисан?

Чорасиз бир инсон учраган дамда,

Унсиз сўроғига қилдингми жавоб?

Айт-чи, билармисан, ёруғ оламда

Буларнинг барчаси аталгай савоб…

 

Хайрли иш, савоб бўлмаса, кимдир беғараз чинор экмаса, йўл чиқармаса, кўприк қурмаса, изидан келадиган нотаниш кишиларни ўйлаб, овчи кулбасида гугурт, бир чимдим туз, қуруқ ўтин, чақмоқ тош қолдирмаса, муҳтож кишига ёрдам қўлини чўзмаса, жаҳоннинг бус-бутунлигига дарз кетади, инсон қадр-қиммати йўқолади.

 

Фақат савоб борки, жаҳон бус-бутун,

Фақат савоб борки, азиздир инсон!

 

Абдулла Ориповнинг шеърларида сунъий ўйлаб топилган, ўз қалбидан ўтказмаган фикрлар, образлар йўқ. Шу сабаб улар жуда самимий, ўқувчи юрагига тез йўл топа олади. Шоир фикри, ўйлари, истиоралари замон ва маконда чекланмаслигини айтган эдик. Тарихий бир далилга, воқеага ёки улуғ аждодларимиздан бирининг хотирасига мурожаат этганда ҳам уларни ўз замони, эл-юрт ғам-ташвиши, фахр-ифтихори билан боғлайди. Бобур туғилганининг 500 йиллиги муносабати билан ёзган шеърида ўз ҳолати, ҳозир яшаётган вақти буржидан буюк шоир ва давлат арбобининг халқимиз маънавиятидаги бугунги ўрни тўғрисида мулоҳаза юритади.

 

Мен-ку, оддий одам,

Шундоқ бўлса ҳам

Шукр, бас деганча ғанимларим бор.

Шарт эмас уларга таъриф чинакам

Бири жунунсифат, бирови ҳушёр.

 

Шоир ўзи ҳақида ёзаётгани йўқ. Бу адабий усул. Менда, оддий одамда, шунча ғаним бўлса, Сизда улар беҳисоб ва қудратли кучга эга бўлган. Сиз уларга қандай дош бера олгансиз, қандай уларни енга олгансиз, демоқда.

 

Биз шундай ўтамиз,

Яъни кун кўриб…

Майдагина кучсиз, майдагина зўр.

Ҳаётнинг мана шу буржидан туриб,

Мен Сизни ўйладим, ҳазрати Бобур.

 

Бизлар майдалашиб, бачканалашиб кетганмиз. Кунимиз ўтса бўлгани. Мана шу бачкана ҳаётимиз нигоҳи билан Сизга боқмоқдамиз. Бу ерда яна қўшимча ноадабий изоҳга эҳтиёж бор. 1982 йил ноябрида Л. Брежнев вафот этиб, собиқ Иттифоқда ҳокимият тепасига Ю. Андропов келган эди. У ич-ичидан емирилиб кетаётган советлар Иттифоқини сақлаб қолиш мақсадида барча соҳани қаттиқ сиқувга олди. Мафкура борасида ҳам сиқув кучайди. Ўтмишга, маданий меросга, урф-одатларга муносабат салбий томонга кескин ўзгарди. Ўзбекистонда “пахта иши” бошланди. 500 йиллиги тантанали нишонланиши кутилаётган Бобур шахси ва ижоди танқидга учради. Орадан 1–2 йил ўтиб, миллий байрамимиз Наврўз ҳам тақиқланди. “Майдагина кучсиз, майдагина зўр” деганда шоир ўтмишга лой чаплаб, қадриятларимизни расман тақиқлашдан нарига ўтолмайдиган маҳаллий раҳбариятни назарда тутмоқда. Шеърдаги Бобур таърифи:

 

Сиз – зобит, дастини чўзган дунёга,

Сиз – шоир, мангу бир аланга ёққан.

Наинки бандалар, Сизнинг сиймога,

Не-не салтанатлар кек билан боққан.

 

Эътибор беринг: Сиз жаҳонгир, фотиҳ саркарда демаяпти шоир. “Сиз зобит” демоқда. Зобит, офицер, ўз ихтиёри билан уруш бошлай олмайди. У мустақил сиёсатчи эмас. У саркардага, подшоҳга бўйсунади. Шеърда Бобурга Сиз Оллоҳнинг зобитисиз, дейилмоқда. Чунки олий саркарда, олий подшоҳ Оллоҳнинг ўзи. Сиз у белгилаган қисмат туфайли дунёга қўлингизни чўздингиз. “Мен сизни ўйладим, ҳазрати Бобур” мурожаатида ҳам “ҳазрат” сўзи қўлланилгани бежиз эмас. Бобурнинг саркардалиги, подшоҳлигига урғу берилмаяпти,  унинг улуғлигига, ҳазрат даражасида эканига эътибор қаратиляпти. Бобурга кек билан нафақат рақиблари, не-не салтанатлар ҳам боққани эслатилмоқда. Матн тагида яширин матн бор:

 

Айтинг, не топдингиз Сиз кезиб дунё,

Ҳануз боқишарлар шўришга тўлиб.

 

Бу энди Совет давлати, коммунистик мафкуранинг Бобурга муносабатига ишора. Нега ҳанузгача Бобурга нисбатан кек сақланаётир. Чунки у Темур ва Навоий хислатларини ўзида мужассамлади, улар изидан борди:

 

Баҳодирлик ичра ёр Сизга Ҳумой,

Сиз улуғ зотларнинг изин босган эр.

Назмий саждагоҳда Сизга, ҳойнаҳой,

Имомликка ўтгай фақат Алишер.

 

Бобур – Темур ва Навоий издоши, давомчиси. Уларга ҳар жиҳатдан муносиб: ҳарбда ҳам, ижодда ҳам, буюк шахс, буюк яратувчи.

Совет мафкураси, илм-фани Бобурнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини муносиб баҳоламади, инкор қилди. Аммо адабий меросини инкор қилишга кучи етмади. Ўша машъум совет даврида, ундан “ёлғиз шеър қолди”.

 

Ҳа, ёлғиз шеър қолди, бошқаси абас,

Етти иқлим аро достон нақлингиз.

Не бахт, парчин бўлиб тож деган қафас,

Бизга етиб келди олмос ақлингиз.

 

Шоир дунёда юз бераётган ҳар қандай қабиҳликни, адолатсизликни инсониятга қаратилган хуруж сифатида қабул қилади. Барча разолатлар, жиноятлар инсоннинг ўзидан. Уларни Яратганга, тақдирга тўнкамаслик керак деган ғоя “Тунислик бола” шеърида давом эттирилади. Оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, Тунисдан иш ахтариб келган бир ўспирин (табиийки, бошпанасиз) кўчадаги скамейкада ухлаб ётганда, безори болалар устидан бензин қуйиб, ёқиб юборадилар. Ўша пайт шоир Италияда Данте Жамияти таклифи бўйича сафарда эди.  Хабардан қалби увушган шоир ёзади:

 

Афсус, разолатга ботди бу очун,

Айбни Яратганга тўнкамоқ нечун.

Сенга ўт қўйдилар бир эрмак учун

Римга нега келдинг, тунислик бола?

 

Конкрет фактдан бутун башарият тақдирига алоқадор умумий хулоса чиқаради:

 

Ҳа, олов остида буткул ер юзи,

Тутунга тўлмоқда одамзод кўзи.

Ёниб кетмасайди заминнинг ўзи

Римга нега келдинг, тунислик бола?

 

80-йиллар ўрталарида ёзилган бир неча фалсафий шеърлардан бири “Кўзгу парчалари” деб аталади. Гўёки унда ҳаммага маълум факт – синган, дарз кетиб бўлакчаларга бўлиниб қолган кўзгу бирор предметни яхлит, бус-бутунлигича акс эттира олмаслиги ҳақида баён қилинади. Лекин аслида бундай эмас. Аслида шеърда икки ғоя олға сурилган. Биринчиси – инсон табиати, руҳияти жуда мураккаблиги, уни яхлит тасвирлаб, ифодалаб бўлмаслигидир. Иккинчиси – шоир юраги чил-чил синган кўзгуга ўхшаши, ундан ҳаётнинг, инсоннинг тўлиқ бус-бутун аксини кутмаслик ғоясидир. Яна бир қизиқ қўшимча. Барча халқларда синиқ кўзгуни уйда сақламаслик ирими бор. Синиқ, ёрилган кўзгу омадсизлик, ҳатто кулфат келтиради, деб ҳисобланади. Кейинги йилларда илм-фан вакиллари ҳам шундай фикрга мойиллик билдирмоқдалар. Ёрилган кўзгу бўлаклари акс эттирган ҳар хил тасвирлар энергетикаси бир хил, бир текис бўлмас экан. Бу кишиларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатар, онг остида салбий жараёнлар бошланишига гўёки туртки бўлар экан.

Шеърнинг дастлабки байтиёқ шоир салбий энергетика тўғрисидаги фаразларни жонлантиради:

 

Кўзгу парчалари йўлакда ётар,

Унсиз шарпалари руҳимга ботар.

 

Шоир руҳи биз, оддий одамларникига нисбатан бир неча бор сезгирроқ, нигоҳи ўткирроқ, махсус асбоб-ускуналар – дозиметрлар, микроскоплар билан қуроллангандек. Истеъдод Оллоҳ берган руҳий қудрат, илоҳий файздир. Аммо ҳатто ўша руҳий қудрат инсонни тўлиқ акс эттиролмайди. У шунчалик зиддиятли, шунчалик мураккаб. Шу сабабдан Абдулла Орипов шеърда “инсон” сўзини бош ҳарф билан ёзади.

 

Мени маъзур тутгин, муҳтарам Инсон,

Сувратинг чизолмай турибман ҳайрон.

Бир кун фазилатинг олсам қаламга,

Бир кун қабиҳлигинг ёйгум оламга.

Сенинг бўй-бастингни кўрсатмоқ учун

Кўзгу керак ахир яхлит ва бутун.

Шоир юраги-чи, оламда яккаш,

Ўша чил-чил синган кўзгуга ўхшаш.

 

“Кўзгу парчалари” изидан битилган “Диалектика” шеъри мавзуни бошқа йўналишда давом эттиради: ҳаётга инсон муносабати, баҳолари, руҳий кайфияти нисбий, зиддиятли. Оламни қандай идрок этиш билан боғлиқ:

 

Чора битта: ниятингни эзгуликка бур,

Фақат шунда гўзал бўлиб кўрингай фалак.

Йўқса ҳасрат оғушида ўтгайдир умр,

Бамисоли ўра ичра қолган капалак.

 

Инсон мавзуси Абдулла Орипов шеъриятнинг энг муҳим устунларидан биридир. Мавзу доирасида эса она ва аёл образлари марказий ўрин эгаллайди. Айнан 60-йилларда ёзилган “Аёл” шеъри ва “Онажон” поэма-марсияси, аввал таъкидланганидек,  унга улкан машҳурлик келтирган, норасмий халқ шоирига айлантирган асарлар сирасига киради. Бу мавзуга у бутун ижоди давомида кўп мурожаат этди. 1984 йилда “Офтобшувоқ” шеъри онасини хотирлаб ёзган дилўртар асардир. Уни ўқиб қалбинг бачкана, майда, худбин ҳислардан тозаланади, унда раҳм-шафқат, меҳр-оқибат ва ҳаётга шукроналик уйғонади:

 

Илиқ  томчилаган ёмғир ҳам гоҳо,

Туюлар онамнинг кўз ёши бўлиб.

Она турганидай тепамда гўё,

Баҳорнинг меҳрибон қуёши бўлиб.

 

1985 йилда тахминан май ойида ёзилган “Сени она дедим…” кичик лирик поэмаси аёлга бағишланган. Аёл образи она, сингил, суюкли ёр сиймоларида гавдалантирилади. Уруш ва ундан кейинги йилларда аёл ютган заққумлар, оғир меҳнат, очарчилик, далада бир дона бошоқ топиб олса, ёноқларига ранг ингани Абдулла Ориповга хос эҳтирос кучи билан тасвирланган. Аёл ёр сифатида лирик қаҳрамоннинг бемор бошида гоҳ она каби бедор, гоҳида сингил мисолида туради. Аёл образида замон ва макон чексизлигида афсонавий, бадиий тимсоллар ва реал шахслар бирлашиб кетган:

 

Сен десам минг йиллар саждага келиб,

Пойинга чечакдай тўшалмоғи чин.

Алпомиш ёнида Ойбарчин бўлиб,

Сен – Фарҳод қошида яшаган Ширин.

Сен – Нурхон, Сен – Сора, турибсан шоён,

Улуғ Ўзбекистон сардафтарида.

Меҳнат, шижоатинг оламга аён,

Сен – баҳор чақини замон қаърида.

 

Аёл зоти шунчалик улуғки, унга асрлар, минг йиллар, замон саждага келади, пойига поёндоз бўлиб чечаклардай тўшалади. “Рейхстаг устига қадалмиш байроқ”  ҳам   “Асли Сен силкитиб қолган рўмолинг”. Аёл олдидаги инсоний бурч – унинг шаънини, қадр-қимматини ҳимоя этишдир, дунёни урушдан асрашдир. Чунки уруш аёлни ўстирган фарзандидан, севган ёридан айиради.

 

Мен шарқлик одамман,

Аёл деган сўз,

Менга ҳаёт билан баробар калом.

Оҳ, аёл хўрлигин кўрсатма ҳаргиз,

Ҳаргиз бад бўлмагай аёл деган ном.

Аёлга тиласанг гар толеъ маъсум,

Дунёни оловдан асра, эй одам.

 

80-йиллар ўртасидан “пахта иши” бўйича олиб борилган терговлар судларга оширилиб, ҳукмлар эълон қилина бошлади.

“Ўзбеклар иши” атамаси юракларга нишдек санчилди. Абдулла Орипов қалбида, онгу шуурида булар исён уйғотмаслиги, шеърларида акс этмаслиги мумкин эмас эди. 1985 йилда шоир “Ўзбеклар” номли достон ёзишга киришади. Бундан хабар топган юқори идоралар вакилларидан бири шеърий манзумани ёзмасликни “маслаҳат” беради. Турли сабабларга кўра, бошланғич саҳифаларидан бошқаси ёзилмай қолиб кетади. Ўша бошланғич саҳифаларни шоир мустақиллик йиллари эълон қилди. Парча:

 

Ғубордай тўзғимасин бу ажиб маскан,

Тупроққа қормасин эллар бир-бирин.

Чора ахтарди энди Яратган

Тинчлантирмоқ учун ўзбеклар ерин.

Охир Холиқ келди шундоқ қарорга:

“Иблис қудратимни, майлига, билсин.

Бир зот жўнатайин мен бул диёрга,

То у Ўзбек элин бус-бутун қилсин”.

 

Ойдин бўлмоқдаки, шоир Темурдек халоскор, юрт ва эл озодлигига, равнақига хизмат қилишга қодир йўлбошчи келишини орзу қилмоқда. 1985 йилда ҳали жадидлар асарлари, шу жумладан, Исмоил Гаспиралининг “Темурнинг туркий раҳбарларга танбеҳи”, ундан илҳомланиб ёзилган Фитратнинг “Темур сағанаси олдида” ҳикояси эълон қилинмаган эди. Шоир Темурдек зотга ўзбекларда тарихий зарурат пайдо бўлганини ҳис қилиб, армон билан ёза бошлаган. У конкрет бирор шахсни назарда тутмаган. Шу сабаб унда фақат орзу-армон ифодаланиши мумкин эди. Балки, нажот келтириши мумкин бўлган шахсни теварак-атрофида, Ўзбекистондаги таниган ва тахмин қилган арбоблар ичида кўролмагани манзума ёзилмай қолганининг сабабларидан бири бўлгандир.

Элу юрт дарди, ташвиши шоирни изтиробга солди. Қалбининг қайта тирналган яралари ёнига янгилари қўшилди. “Пахта иши” қатағонлари 1985–1986 йилларда авжига чиқди. Бунинг устига 1984 йилдан бошлаб кетма-кет уч йил қурғоқ келди. Айниқса, Қашқадарё қурғоқчиликдан кўп азоб чекди. Одамларда руҳий тушкунлик кучая бошлади. Маиший турмушда ҳаловат йўқолди. Одамларнинг ўзаро муносабатларида бир-бирига ишонч, меҳр-оқибат пасайди, шубҳакорлик кучайди. Абдулла Ориповнинг “Ишонч кўприклари” шеъри шундай муҳитда туғилди.

 

Юздан парда кетса,

Дилдан диёнат,

Меҳр ришталари зимдан узилса,

Юракларни босса шубҳа, хиёнат,

Ишонч кўприклари бузилса;

Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,

Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар,

Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,

Ғазналарга чўзилса қўллар;

 

Драматизм ўсиб, маънавий инқироз сабаблари салмоғи ортиб бораверади. Диққат қилинса, шоир бирор гапдан кейин нуқта қўймаган, чунки сабаблар саноғи тугагани йўқ.

 

Болалар руҳига ҳаёт деган дарс,

Манманлик уруғин жойласа;

Ошиқлар кўчада маъшуқасин эмас,

Кимнингдир қадамин пойласа;

 

Ёшлар ҳаётдан қандай сабоқ олмоқда? Улар кимга эмас, нимага кўнгил қўймоқда? Мансабпарастликками, мол-дунёгами? Халқнинг дардини куйлайдиган, унга маънавий озиқ берадиган, ҳис-туйғуларини тарбиялайдиган шоирлари-чи?

 

Элнинг шоирлари ғаним зотлар каби,

Бир-бирларин ғажиб есалар;

Минбарларга чиқса кўча-кўйнинг гапи,

Андишани қўрқоқ десалар…

 

Нуқта ҳамон йўқ. Маълумки, уч нуқта, бир томондан, саноқ давом этиши мумкинлигини, бироқ тўхтатилганини англатади. Иккинчи томондан – мулоҳазаларда бурилиш бўлишини билдиради. Ҳақиқатан:

 

Бундай юртда энди қирғин шарт эмас,

Вабо ҳам қочади ундан йироққа;

Ҳатто дарёлари қурир басма-бас,

Ҳатто тупроқлари тушар титроққа.

 

Аҳвол оғир, аммо нажот халқнинг ўзида. У ўзида барча бало-қазоларни енггани куч топиши шарт. Шоир шунга умид қилади:

 

Халқим, бундайларни кўргансан азал,

Кўп чеккансан, улар озорин, доғин.

Сен енгиб ўтгансан, лекин ҳар маҳал,

Халқим, топинаман ўзингга тағин.

 

Шоир ҳам ўзининг, ҳам халқининг кўнглини кўтаришга, адолатсизликка қарши курашга рағбатлантиришга уринмоқда. Айни пайтда шеър публицистика, памфлет, мафкуравий тарғибот даражасига тушиб қолмаётир. Юксак бадиийлик, экпспрессия, маҳорат сақланиб қолаётир. Бундай шеър энг юқори эстетик баҳоларга лойиқ.

Абдулла Орипов памфлет мазмунидаги шеърлар ҳам битди. Шундай асарларидан бири “Жавоб” шеъридир. Шеър ёзилишига туртки бўлган воқеани шоир менга айтиб берганди. Дунёга машҳур олимимиз Ўзбекистон Фанлар Академияси президенти Обид Содиқов боши устида кўланкалар қуюқлашиб, уни лавозимидан силжитишга тайёргарлик бошланган, ҳар хил ғийбатлар юқорига – Москвага етказилган. Ўзбекнинг барча катталари порахўр деган қарашлар зўр бериб шакллантиришга уринилаётган давр. Москвадан Фанлар Академиясига текшириш учун кимлардир келади. Обид Содиқов уларни бир пиёла чойга таклиф қилади. Дастурхондаги мева-чеваларни кўрган меҳмонларнинг раҳбари “Буларни ниманинг ҳисобига ташкил қилдингиз”, –  дея сўрайди. Обид Содиқов шимларининг чўнтагига шаппатлаб: “Мана бунинг ҳисобига”, –  дея жавоб беради. Шу воқеани у киши учрашиб қолганларида шоирга айтиб беради. Воқеадан таъсирланган, шоир “Жавоб”ни ёзади:

 

Мурувват нелигин билмас меҳмоним,

Кўзи оч, еб тўймас, беқўним гадой.

Пора бўлибдими бир бурда ноним,

Пора бўлибдими бир пиёла чой.

 

Шеър халққа жўшқин хитоб билан якунланади:

 

О, халқим, очиққўл – ҳотамсан азал,

Атойи Худо де, майли меҳмонни.

Лекин нонкўрларни учратган маҳал,

Оғзига тиқ энди типратиконни.

 

Абдулла Ориповнинг 1990 йилда ёзган “Иблис” номли ривояти – сюжетли шеъри бор. Унда Иблис шон-шуҳрат, довруқ илинжида ерга тушади. Турли халқларнинг энг яхши либосларини танлайди. Безаниб улар олдига навбатма-навбат боради. Лекин улар ҳаммаси Иблисни олдига солиб қувади. Шунда у миллий кийимлардан воз кечиб:

 

Бежирим шляпа кийди у дарҳол.

Сержун гарданига илди бўйинбоғ,

Камзулу шимига юргизди дазмол,

Зарҳал кўзойнакдан кўнгли эди тоғ.

Шунда аҳвол тамом ўзгариб кетди:

Иблисни раҳбар деб қарши олдилар.

 

Аввал уни қувганлар барчаси энди саломга келди. Иблис бутун заминни ўзига ватан айлади.

 

Ҳукму фармонини юргизар пинҳон,

Қошу қабоғига кекса-ёш қарар.

 

Шеърда Абдулла Ориповнинг сиёсий бошқарувга муносабати, умуман совет ҳокимиятига мухолифлик кайфияти акс этган. Сиёсий раҳбарлар халқидан, миллий хусусиятлардан йироқ. Улар ўз манфаатлари, бюрократия манфаатларини кўзлаб иш тутади. Халқни иблисдек алдайди, шон-шуҳратга, довруққа ўч. Популистик ваъдалар беради. Иблис бутун сиёсий бошқарувнинг, сиёсий раҳбарларнинг йиғма, мужассам образидир.

Мустақиллик арафасида мафкуравий баҳслар авж олди. Совет даврида обрў-эътибор қозонган марҳум ижодкорлар меросини қайта танқидий баҳолаш бошланди. Бу табиий эди. Аммо бу жараёнда ҳар хил фикрлар, жумладан, улар меросини миллий манфаатларга зид, улар фақат совет тузумининг маддоҳларидир, асарлари аҳамиятсиз деган, кескин бирёқлама, адолатсиз фикрларни зўр бериб тарқатишга уринувчилар  чиқиб қолди. Абдулла Орипов совет даври шоирларига ўз муносабатини билдириб, 1991 йилда “Устозларим” шеърини ёзади:

Менинг устозларим –

Аҳли шуаро,

Руҳимнинг оҳанги – суруридасиз.

Бирингиз китоблар бағридасиз жо,

Бирингиз Чиғатой ҳудудидасиз.

 

Шоир фақат китоблар бағрида қолган, қабрлари номаълум, қатағон қилинган шоирлар (Чўлпон, Усмон Носир ва бошқалар) билан бирга Чиғатойга дафн этилган шоирларни ҳам ўзига устоз билишини тасдиқламоқда. Айнан кейингиларга мурожаат этиб шундай дейди:

 

Ҳасаду хусумат,

Эзмасин нечоқ,

Сиз шеърдан олибсиз аламни доим.

Олис кечаларда айлабсиз чароқ

Куйиб кўмир бўлган қаламни доим.

Бахтиёр кунларни куйла деган он,

Шиорлар битибсиз қонингиз билан.

Ўзи йўқ қўрғонга бўлибсиз қалқон,

Соддадил фидойи жонингиз билан.

 

Абдулла Орипов устозларига муносабатда одамгарчилик ва адолатни унутмади. Улар ҳақда ўзаро суҳбат чоғларида мен шоирнинг тан олиб айтган мақтовларини ҳам, танқидий фикрларини ҳам, ўз дилидаги гапларини айта олмай, салоҳиятини тўла юзага чиқаролмасдан кетганлари тўғрисидаги сўзларини ҳам кўп эшитганман. Баъзан суҳбат чоғида уларнинг қай биридан қанча шеър адабиёт тарихида қолишини фараз қилиб, мендан фикримни сўраб қоларди. Ўйлайманки, савол унинг учун шунчаки қизиқарли эрмак эмасди. Бу фаразларнинг тагида ўз ижодини танқидий баҳолаш, ижодкор ва ҳокимият муносабатлари ва зиддиятларини чуқурроқ англаш, ўзининг бундан кейинги позициясини аниқлашга интилиш яширин эди. Азалдан шоир ва ҳукмдор, шоир ва оломон, шоир эркинлиги ва бурчи масалалари буюк ижодкорларни ўйлантириб келган. Абдулла Орипов бундан истисно эмас. Юқоридаги масалалар устида у кўп ўй сурган, қийналган, ўз-ўзи билан баҳс қилган, зиддиятларга борган. Шоир қай даражада замонасозлик қилиши мумкин? Замонага ён босса, ижоди келажакда қандай баҳоланади, қанча шеъри яшаб қолади?

“Устозларим”да “ҳокимият ва шеърият”, “оломон ва шоир” масалалари нуқтаи назаридан ўтган шоирларга  – устозларга баҳо берилмоқда. Ўтган шоирлар тирик­лигида ҳокимият босимида ижод қилди, истамаганлари ҳалок бўлди, ўлганларидан кейин, замон, мафкура ўзгаргач, мустақиллик йилларида энди уларга оломон даражасига туширилган айрим ёшлар гиж-гижланмоқда. “Кимдан қанча шеър қолади” мавзусини у шоир Усмон Азим билан ҳам муҳокама этган экан. Балким, яна ким биландир бу ҳақда фикрлашгандир. Ҳар ҳолда мазкур масала шоир учун ўткинчи бўлмаган.

“Шоир ва ҳокимият” масаласида кўпинча ҳокимият ғолиб келади. Бўйсунмаган шоирни жазолайди, мавҳ этади, бўйсунганлари эса ижодда ютқазади. Дарди, армони ичида кетади.

 

Номард бу дунёнинг кирдикорлари

Яхшидир, ёмондир – ишингиздадир.

Армонлар, узрлар кетдилар бари,

Кетдингиз дардингиз – ичингиздадир.

Марҳум устозларим,

Раҳматли зотлар.

Энди сиз тинч ётинг маконингизда.

Ўкинманг маломат қилсалар агар,

Абадий бардош бор имконингизда.

 

Самимият ва инсоф билан ёзилган шеър. Бундан бошқа гаплар ортиқча.

 

“Елкамизга офтобнинг

текканлиги рост бўлсин”

 

Мустақилликнинг илк кунларида у “Адолат офтоби”, “Эрк ҳаққи”, “Бирин-кетин ўтиб борар асрларнинг карвонлари” каби шеърларини ёзди. “Адолат офтоби”да шоир бирликка, жипсликка чорлайди:

 

Сафга тизил, набирам, отажоним, тур энди,

Мустақиллик нашъасин, ҳаққинг бордир, сур энди.

Қўлни бериб қўлларга бир тан бўлиб юр энди,

Елкамизга офтобнинг текканлиги рост бўлсин,

Ўзбекнинг ўз ниҳолин экканлиги рост бўлсин.

 

“Эрк ҳаққи”да мазкур ғоя муборакбод этиш ва орзу-тилак сифатида ривожлантирилади. Муборакбод этиш қуйидагича ифодаланади:

 

Қадимий бобо юртим

Қутлуғ бўлсин яловинг,

Ўйлай-ўйлай ташлаган

Қадам муборак бўлсин.

Тағин гуриллаб ёнгай

Ўчмаган қалб оловинг.

Эрк ҳаққига ичилган

Қасам муборак бўлсин.

 

Ижодкор кишилар хаёлан ўзларининг буюк салафлари билан суҳбат қуради. Халқининг ютуқлари ва муаммолари тўғрисида ўйлаб, фалон буюк зот бунга қандай баҳо берарди, нималар деярди деган фикрларни хаёлидан ўтказади. Бу ўй-хаёллар, ботиний суҳбатлар ҳар хил шаклларда уларнинг битикларида аксини топади. Баъзан улар салафлар хотирасига, руҳига бевосита мурожаат шаклида, баъзан эслаш ва тилак шаклида юзага чиқади. Ўзбекистон истиқлолга эришган кунларда, Абдулла Орипов Навоийни эсламаслиги мумкин эмасди. Менимча, унинг “Бирин-кетин ўтиб борар асрларнинг карвонлари” шеъри шундай туғилган. Шеър тагига “1991 йил, сентябрь” дея ёзилган, вақти аниқ кўрсатиб қўйилган.

 

Бирин-кетин ўтиб борар асрларнинг карвонлари

Оҳ, нечоғли хатарлидир унинг ошар довонлари.

Инсон зоти муродига азал-абад етар эди,

Ушалса гар умидвор зот – Навоийнинг армонлари.

 

Абдулла Орипов ижоди мустақил Ўзбекистоннинг дастлабки одимларининг поэ­тик йилномасига айланди дейилса, муболаға бўлмайди. Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТ аъзолигига қабул қилиниб, БМТнинг Нью Йоркдаги бош биноси олдида Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Орадан икки кун ўтиб, “Ўзбекистон давлати” шеъри  яратилди:

 

Ўзбекистон байроғи кўтарилди чинакам,

Ушбу кунни айтингчи, қай биримиз кутмадик.

Зарур бўлган чоғда гоҳ дор тагида туриб ҳам,

Қай биримиз тарихнинг синовидан ўтмадик.

Насиб этмиш бу кунлар, таралсин янгроқ унлар.

Дўстлар билан ёнма-ён қутлайлик бу айёмни

Илоё, бошимизга келмасин қаро кунлар,

Ўзбегим, деб кўтаринг, дўстларим, олтин жомни.

 

Фақат бунёдкорлик, эзгулик халқни яна юксак марраларга олиб чиқади. Бу юксакликнинг, донг таратишнинг ҳақиқий белгиси – мурувват (бу ерда: кўнгил ва ақл сахийлиги, беғараз яратувчилиги) ва маърифатдир (ҳақиқатни билиш, илми-ирфон, фан ва санъат сирларини эгаллаш, юксак маънавият). Бу йўлда адашмасангиз, орангиздан қайноққалб Машрабу Чўлпонлар чиқади, акс ҳолда лолалар баргидек тўзғиб кетиш хавфи бор:

 

Олдиндадир ҳали заҳмат, олдиндадир имконингиз,

Осилмаган не-не Машраб, отилмаган Чўлпонингиз.

Ўтинч ила ҳасратимни насиҳат деб юзга солманг,

Худо инсоф берган куни бармоғингиз тишлаб қолманг.

Муруввату маърифатдир буюкликнинг нишонаси,

Қадам қўйинг  мана сизга донғил йўлнинг остонаси.

Туркистоннинг болалари, Туркистоннинг болалари,

“Пуф” деганда тўзғигудек мўъжазгина лолалари.

 

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинди. “Ўзбек қомуси” шеъри туғилди. Шеър шунчаки Конституция қабул қилиниши муносабати билан кўтаринки кайфиятни ифодалашни мақсад қилиб ёзилган эмас. Унда шоир ўтмишни зирқираган юрагидан ўтказиб эслайди. Шу сабаб шеър ўқувчи юрагини ҳам зирқиратади. Уни ўқиган ҳар киши ниманидир эслаб, энтикиб кетарди. Балки совет даврида яшамаган ёшлар қалбида, ҳатто чорак аср ўтиб, дил туғёнлари босилган бизнинг авлодда ҳам у бугун илгаригидек акс садо бермас. Аммо шеър у ёки бу санага махсус  бағишлаб ёзилган шеърлардан тамомила фарқ қилади.

 

Эслар эдим Бухорийни, Яссавийни ҳам,

Ҳа, ҳа, айри тушмаганди хотиротимдан.

Фақат улар чалинарди кўзимга мубҳам,

Лекин сира кетмас эди хаёлотимдан.

Ҳам Темурбек, ҳам Улуғбек, Алишер, Бобур,

Сизлар тузган ул салтанат – салтанат бўлди.

Улуғ тарих Туркистонга чўнг гувоҳ эрур,

Давлат эдик, давлат эдик, у давлат бўлди.

 

Шоир аждодлар тузган давлат яна давлат бўлганидан (мустақилликка эришганидан) фахр туяди. Биз яна заминга, яшаётган она тупроғимизга лойиқ бўлдик, она тупроқ ҳам бизга лойиқ бўлди, яъни бизники бўлди. Шу пайтгача биз уни бировларга топтатиб қўйиб, унга лойиқ эмас эдик, деган фикр “Сен заминга лойиқдирсан, замин ҳам сенга” сатрларида яширин:

 

Эмукдошим, ай қардошим, қулоқ тут менга,

Ушбу кўҳна каҳкашонда мағрур тутгин бош,

Сен заминга лойиқдирсан, замин ҳам сенга,

Сеникидир энди бу ер, сеники қуёш.

Қўлингда эрк, бошда ялов, тилингда суруд,

Ватанинг бор, бола-боғчанг, ор-номусинг бор.

Ўзбекистон деб аталган муқаддас ҳудуд,

Ўз Давлатинг, Мамлакатинг, ўз Қомусинг бор.

 

Абдулла Орипов мустақил Ўзбекистоннинг давлат мадҳияси муаллифи бўлиши табиийдек туюлади. Бироқ у ёпиқ танловда, яъни муаллиф номи номаълум тахаллусда яширилган танловда ғолиб келганди. Танловда ғолиб бўлган шеър муаллифи кейин эълон қилинди. Изидан ғолиб топилган матнга куй басталаш бўйича композиторлар ўртасида танлов эълон қилинди. Муддат тугагач, Давлат комиссияси бирорта мусиқани маъқулламади. Шунда атоқли композитор, Ўзбекистон ССР мадҳиясининг муаллифи Мутал Бурҳоновга ҳукумат томонидан мурожаат этилади. Мутал ака мен кексайиб қолдим, кучим ҳам, соғлиғим ҳам Абдуллажоннинг ғолиб чиққан матнига муносиб куй басталаш имконини бермайди. Соддароқ матн бўлса, аввалги мадҳия мусиқасидан қисман фойдаланиб, янги куй басталашга уриниб кўраман, деган мазмунда жавоб берган. “Лекин Абдуллажон мен билан бирга ишласин, чунки баъзи сўзларни мусиқага мослаштиришга тўғри келади, шоир қўллаган сўзнинг жаранги тушмаслиги мумкин”, дея шарт қўйган. Буни Абдулла Ориповнинг ўзи  айтиб берган, чунки унда мадҳиянинг янги матнидаги баъзи сўзлар ўрнига  фалон сўзлар қўлланса, яхшироқ бўлар эди, нега ундай қилмадингиз, дея сўрагандим. “Мутал ака бу сўзларни алмаштириш зарурлигини исботлади. Овоз чиқариб хиргойи қилганда ҳақиқатан дастлабки айрим сўзлар мусиқага яхши тушмади”, деди.

Фалсафий мавзуда битилган шеърлардан бири “Буюклик” дея аталган. Унда Муштарий сайёрасига қандайдир бир астероид урилиб, бағрида чўкиб кетгани теран фикрий-мантиқий мулоҳазаларни уйғотади: буюклик ўз йўлидан тоймайди, у мавҳ этиш ниятида ожизликни изламайди. Балки ожизлик буюкликка келиб урилади:

 

Таажжуб қиламан, буюклик асли,

Танлаган йўлидан бурилмас экан.

Зарра буюкликка урилгай, аммо

Буюклик заррага урилмас экан.

 

Шеър ёзилишига туртки бўлган воқеани, афсуски, шоирдан сўрамаганман. У коинот ва юлдузларга жуда қизиқарди. Ўзининг мўъжазгина телескопи бўларди. Коинот тўғрисидаги илмий-оммабоп китобларни, мақолаларни, қўлига тушиб қолса, синчиклаб ўқиб борарди. Коинот ҳақида телевидениеда тарқатилган хабарларга жуда қизиқарди. Балки шундай хабарлардан бирида Муштарийга келиб урилган кичикроқ бир астероид ҳақида эшитиб бу шеърни ёзгандир. Лекин шеър мазмуни Коинотда узлуксиз содир бўлиб турадиган бундай ҳодисаларни эътироф этишдан ташқарига чиқади: инсоний бачканалик, майда туйғулар, ғаразли ниятлар асл буюклик олдида Муштарийга келиб урилиб, қаърида кўмилиб  кетган зарра кабидир. Буюклик, Ватан – Муштарий каби ўз йўлида собит. Унинг бачканалик билан иши йўқ:

 

Муштарий самода мильярд йил кезиб,

Ахир ахтармаган ўша заррани.

 

Абдулла Орипов қайси мавзуда ёзмасин, фикрни жўн шаклда тўғридан-тўғри баён этмайди. Айтмоқчи бўлган ғояларини, мақсадини фалсафий умумлаштиришлар, бадиий истиоралар орқали ифодалайди. Яъни у шеър ёзади, ижод қилади, мафкурабозлик, насиҳатбозлик қилмайди. Буни қайта-қайта эслатишимизнинг сабаби шоир ижодини талқин қилишда бирёқламаликдан қочиш лозимлигини таъкидлашдир. Мустақилликнинг биринчи йилларида иқтисодий қийинчиликлар, мафкуравий чалкашликлар, ноаниқликлар талайгина эди. Айрим кишилар анча қийналиб қолган, ижтимоий мўлжалларини йўқотган эди. “Ватан” номли мухаммасда шоир безовта кўнгилларга таскин берувчи мисраларни битади:

 

Надомат бирла боқғайман ватансизларга ҳар доим,

Эгиб бошини зор йиғлар, агарчи давлати қойим,

Фақир бўлсам-да бор юртим – тожу тахтим, борар жойим,

Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас,

Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

 

Мухаммас тезда қўшиққа айланиб, эфирда янграй бошлади. Уни бир неча ҳофизлар ўз репертуарига киритиб олгани, халқ шундай шеърни кутганидан далолат беради. Таскин бериш мақсадида бошқа яна бир шеър “Бошпана” битилган:

 

То ҳаёт экансан бу олам аро,

Бошингга савдолар тушгай ранг-баранг.

Гоҳида шукр айлаб севинсанг, гоҳо

Жуда кўп нарсадан совур ҳафсаланг…

 

Шеърда тинчлик, осойишталикни, яшаётган муҳитни асрашга, тушкунлик ва бузғунчилик кайфиятига берилмасликка даъват этилади:

 

Фақат табиат бор – илоҳий маскан,

Фақат ўшанга сен беписанд боқма.

Лоақал уни сен танигин, Инсон,

Ёлғиз бошпанангни ўт қўйиб ёқма.

 

Қийинчиликлар ўтиб кетади. Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйиш керак эмас. Ватанингга аччиқ қилма. У сенинг ёлғиз бошпананг. Ундан ташқарида сен мусофирга, бегонага айланасан, илдизларингдан маҳрум бўласан.

Абдулла Орипов ижодида миллатига, халқига, инсонга доимо содиқ қолди, уларни улуғлади. Аммо уларга фақат пуштиранг кўзойнак орқали боқмади, зарур ҳолларда танқид қилишдан ўзини тиймади, надомат ва маломатларини яширмади. “Тафсир” шеъри инсон табиати турлича ва ўзгармас экани тўғрисида.

 

Тузумлар ўзгарса ҳам,

Инсон ўзгармас экан.

Тизимлар ўзгарса ҳам,

Инсон ўзгармас экан.

Жаҳолат даврида ҳам

Авлиё-авлиёдир.

Кафорат даврида ҳам,

Анбиё-анбиёдир.

 

Инсонни ортиқча баҳолаб юбормаслик керак. Унда хислатлар ва иллатлар аралашиб, қоришиб кетган. У фаришта эмас, бўлолмайди, чунки унда фаришталикка хос хислатлар қаторида ҳайвонга ва шайтонга хослари ҳам бор. Улар  инсондаги фаришталикка хос  жиҳатлардан устунлик қилиши мумкин.

 

Шул боисдан Пайғамбар

Уммат ғамин еганлар.

Аллоҳдан бошқасига

Сиғинмагин деганлар.

 

Абдулла Орипов муаллифлик ҳуқуқи уюшмаси Ўзбекистон бўлими раиси сифатида Женевага Халқаро Ассоциация йиғилишларига бориб турарди. Ҳар борганда ажойиб, гўзал шеърлар пайдо бўларди. Уларнинг мавзулари ранг-баранг. Баъзан ифтихор билан мустақил Ўзбекистоннинг халқаро уюшмада ўз ўрни ва овози борлигини куйласа, баъзан ўз жонини хавф остига қўйиб, оловли нуқталардан хабар етказаётган мухбирларни  олқишлаб ёзган. Лекин хорижда ёзган шеърлари орасида манзараларни тасвирловчи, дўсту ёр ва юрт соғинчида ёзилганлари кўпроқ.

Шоир шеърий манзара чизишни яхши кўрарди. “Табиатнинг шеърий тасвирини яхши кўраман” деган иқрорни бир неча марта билдирган. Бошқа шоирларнинг табиат манзараси ҳақидаги шеърларида яхши образлар учраб қолса, дарҳол эътироф этарди. Бундай эътирофларни кўп эшитганман. Хотираси яхши бўлганлиги сабабли улар ёдида қоларди, суҳбат пайти қийналмасдан эсларди. Ўзи манзара тасвирланган шеърларида, албатта, бирор бир ноёб ўхшатишни, ҳеч бўлмаса, сифатлашни топарди. “Женева” шеъри енгилгина бўёқлар ёрдамида бошланади. Сўнг шундай манзарани чизади:

 

Зангори кўл узра чайқалар оққуш,

Майин патларига тўлқин юқмайди.

Йироқда Монблан тоғи ухлайди,

Оппоқ қор чойшабин тагида беҳуш.

 

Тасвир рассом этюдидай аниқ, сўзлар равон, мусиқий усул анъанавий. Аммо… бирданига Абдулла Ориповга хос оригинал детал қалқиб юзага чиқади:

 

Яшил майсазорнинг ипак қатига,

Ниначи шабнамдан қадайди дурлар.

Қуюқ дараларда потрар қарқурлар

Жар солиб теварак, мамлакатига.

 

Ёки:

 

Борлиққа чўкади новвотранг сукут.

 

Ўт-ўланлар, баргларга шабнам тунги салқинлик учун тушмаяпти, уларни ниначилар қадамоқда, шабнамлар-чи – шабнам эмас, балки дур, жавоҳирдир. Қандай гўзал образ! Ёки сукутни, жимжитликни рангда – новвотрангликда кўра олиш учун унга оддий кўз билан эмас, қалб кўзи билан боқиш лозим.

Шоир манзарани яхши кўргани боис тасвирий унсурларга бой шеърлари анчагина. Тасвирий лавҳалар бошқа лирик поэмаларида ҳам кўп учрайди. Шеър ҳар ҳолда тасвирий эмас, ифодавий санъат. Қолаверса, рангтасвирнинг воқеъликни, атроф-муҳитни бадиий идрок этиши фаоллиги ва ҳаракатчанлиги макон ва замонда чекланганлиги туфайли Абдулла Орипов рассом эмас, шоир бўлган. Мусиқачи оиласида ўсса, эҳтимол, ундан композитор чиқарди. Мусаввирлик барибир иккинчи ўринда қоларди. Менимча, пейзажни шеърга солишни яхши кўришининг сабаби, уларда ўткир бадиий нигоҳ, поэтик маҳорат, гўзал образлилик, фантазия – хуллас, барча юксак бадиий ижод унсурлари мавжудлиги, айни пайтда юрак изтироблари, руҳий қийналиш, ҳиссиёт зиддиятлари  соф лирикага нисбатан анча кам талаб қилинишидир. Балки буюк мусаввирларнинг буюк шоирларга нисбатан сезиларли даражада кўпроқ умр кўргани шунинг учундир…

Тамом