Саъдулла ҲАКИМ: ҲАЁТ МАКТУБИНИ БИТАР ШИВИРЛАБ

Шарқ юлдузи/ Avgust 10, 2018/ 2018- 5-сон, Назм

Кўнгил

 

Осонмас оламни англамоқ тўкис,

Ғубор йўқ боболар иштибоҳида:

“Наҳанг кифтидадир  сув узра ҳўкиз,

Арзу замин эса  ҳўкиз шохида”.

 

Бугун бу чўпчакка ишонмас ҳар  ким,

Ибтидо тарихин  кўпчилик билар.

Заиф  фаразларни этар чилпарчин,

Аллома Ньютон “гурзи”си билан.

 

Бу бор гап. Бош эгиб илм қошида,

Мен уни рад этгум  англаган сари.

Ҳўкиз шохида ҳам эмас, аслида,

Кўнгилнинг устида турар ер шари.

 

Умид шамси сўнса кўнгилда магар,

Фалакда сарғайиб сўлар қуёш ҳам.

Зулмат дарёсига чўкар юлдузлар,

Азалий уйқуга ғарқ бўлур  олам.

 

Дарду изтиробдан ўртанса кўнгил,

Ерку ер, аршга ҳам тушгай  зилзила.

Сулаймон тахтига эришмоқ мумкин,

Бир синиқ кўнгилни овламоқ ила.

 

 

Кўнгилдан қарасанг,  кўнгил кўринур,

Кўнгилдан қидирсанг,  топилар кўнгил.

Кимки дилозордир, кимки такаббур,

Жаннат эшигидай ёпилар кўнгил.

 

Не бахтки, қалби пок  зотларга  инсон

Кўнглининг тўридан жой берур мудом.

Шу сирли  маконда яшар ёнма-ён:

Ой ва қуёш каби одам ва Худо!

 

Навоийга ташриф

 

Хислатли замин бу, саодатга ёр,

Бир ўйлаб қўй, қадам қўйишдан олдин.

Олтин бор манзилда Навоий пойдор,

Навоий бор жойда ҳаммаёқ олтин.

 

Сўз ва олтин… бири эл қалбида гар,

Бири ер бағрида музайян, илло,

Олтинни қидирсанг Навоий чиқар,

Навоийни излаб топасан тилло!

 

Гараша десам

 

Неча йиллар ўтиб, сўз очсам ҳануз,

Тилимга рост келар Гараша десам.

Қирлари оғамдай, гиёҳи – сингил,

Ҳар тоши дўст келар Гараша десам.

 

Чопқир  сувларида тушларим оққан,

Узуми бол бериб онамдай боққан,

Қизлари кўксимда минг олов ёққан,

Гул исли ноз келар Гараша десам.

 

Бобомўла гўё оқсоч дирижёр,

Каклик сайроғига  тўрғай бўлар жўр,

Дарахтлар чайқалиб тинглашини кўр,

Минг йиллик соз келар Гараша десам.

 

Тикони кирса ҳам йўқдир озори,

Дийдори соғинган дилимга дори,

Шунда отам, онам манзил-мозори,

Кўзимга ёш келар Гараша десам…

 

 

 

 

Ҳофиз

 

Дўстлар, сизга айтсам, мен бир шўх бола,

Ўзим машшоқ, ўзим ҳофиз бўлганман.

Қуёшни қиздириб ой шуъласида

Сўнг доира қилиб чалганман.

 

Мени ром этса-да, қушлар хониши,

Руҳимга ёт эди тамом қониқиш,

Юксакларни кўзлаб яшар эр киши,

Ҳаётни мен шундай билганман.

 

Доирам садоси аршгача етган,

Ёмғир жарангидек оламни тутган,

Қўлимдан сирғалиб думалаб кетган,

Ичим куйиб, доғда қолганман.

 

Не бир ҳофизлар бор, донғи қанотли,

Баридан номдори бу – шамол отли,

Дарёча навою ёмғир баётли,

Улардан кўп сабоқ олганман.

 

Ёмғир куйлайверар, куйлайверар қор,

“Ватан дийдоридек йўқ азиз дийдор”,

Ҳатто ғуборнинг ҳам қўнар жойи бор,

Мен юрт меҳрин куйга солганман.

 

Ғофил тушунмагай ошиқ тилига,

Мен кўнгил берганман гуллар гулига,

Бир жоним юз попук юз кокилига,

Бир жоним юз дорга илганман.

 

Билингки, ўшадир ҳофизнинг зўри,

Қалбида сўнмаса муҳаббат қўри,

Ошиқлар уйидир жаннатнинг тўри,

Мен ишқни куйлашга келганман.

 

Нурота тоғлари

 

Рўёб топар бўлса агар армонинг

Жўшиб сўймоқдир унинг чораси.

Нурота тоғлари –  Ўзбекистоннинг

Булутларга сирдош мағрур боласи.

 

Бу кун юрагимда шодумон шукуҳ,

Сизни куйламоққа ўзни чоғлайман.

Порлоқ толеимда сиз борсиз, шукр,

Мавзу изламайман ўзга тоғлардан.

Майлига, кимлардир масту фидойи,

Ҳайбатли тоғларни қилсалар ҳавас.

Ҳар кимга азиздир туғилган жойи,

Буюклик бўй билан ўлчанган эмас.

 

Буюкдир ҳувиллаб ётган даралар,

Буюкдир кафтида гул тутган қоя.

Мангудир ёнғоқзор ёқалаб кетган

Сой узра бургутлар ташлаган соя.

 

Бунда сокитликни севмас табиат,

Жам этмоқ истайди ҳамма нарсани.

Жўшқин сой бир лаҳза булутга турбат,

Бир лаҳза заркокил қуёш маскани.

 

Булутлар бешарпа соялари-ла

Барра майсаларни сийпар ғивирлаб.

Сўнгра мағрур тоғнинг қояларига

Ҳаёт мактубини битар шивирлаб.

 

Чақмоққа тўлқинли осмон керак,

Қаҳрамонлик бўлмас ҳар лаҳза содир.

Ва лекин шеърларга айланган юрак

Фидо бўлмоқликка ҳамиша қодир.

 

Мен сизни севаман сулув наъматак,

Жўшқин булоқларим, севаман сизни.

Ҳеч қандай гўзаллик ўчира олмас

Кўзимга нақшбанд сувратингизни.

 

Бошига оппоқ қор ярашиқ салла,

Бобомўла гўё мўйсафид ота.

Оқил ўғлонлардек паст-баланд қирлар

Чўк тушиб,  пойига бош уриб ётар.

 

Чўққига чиқмоқлик этса гар насиб,

Ҳар қандай кўнгилдан аригай доғлар.

Ўт босган қоядан кўринар ажиб,

Сойбўйи кетгунча узумзор боғлар.

 

Бу менинг қишлоғим – она Гараша,

Шунда гиёҳларнинг хуш ҳамда ўткир

Тансиқ бўйларига қониқиб роса

Олтин болалигим шавқ ичра ўтди.

 

Бунда ҳар неки бор кўнглимга тобон,

Ўсмир қалби билан ёниб-суйганман.

Булутини –  қалпоқ, қорини – чопон,

Ёмғирини – кўйлак қилиб кийганман.

Даштда ҳовуч-ҳовуч дурдай уюлган

Чўпон ўтовида бўлганман меҳмон.

Қиздирилган  иссиқ сарёғ қуйилган

Қатиққа бўктириб кўп еганман нон.

 

Олақоп томонда, ўсмирлик чоғи,

Бир гал кулранг бўри келган юзма-юз.

Ҳамон кўз ўнгимда сарғиш нигоҳи,

У мени кузатиб юргандай ҳануз…

 

…Яна келдим,  гўё уй бекасидай

Чопқиллаб йўлларни супирар шамол.

Тошдевор ёқалаб болалардай саф,

Қўл силкиб қутлайди тераклар хушҳол.

 

Олмалар лабларин қирмизга бўяб,

Япроқ дуррасидан мўралаб боқар.

Ювиниб-таранган Гарашасойдан

Борлиққа ялпиз хуш ифори оқар.

 

Ҳув  ана, тандирдан нон узар аёл,

Иссиқ нон юзида ялтирайди нам.

Юзларим ловуллаб ширмой нон мисол

Мен ногоҳ лабимда сезаман шўр таъм.

 

Четан эрганакли бу уй олдида

Болалик бир лаҳза тўхтатар. Шу чоқ

Оҳу каби ҳуркак назари билан

Бир жуфт нон кўтариб чиқар қизалоқ.

 

Юзларида ширмой шуъласи ёнар,

Қийиқ кўзларида баҳорий чақин.

Ажаб, таниш аёл гўё бегона,

Нотаниш қизалоқ бунчалар яқин?

 

Жисму жаҳонимга ўт туташганча

Ёнғоқзор оралаб ўйчан кезаман.

Тандирдек қизиган бағримдан қанча

Соғинч сўзларини нондек узаман…

 

Тун ила тонг

 

Тун ила тонг оғишди. Кун эврилди зув этиб,

Боғма-боғ кезар аччиқ куз шамоли ғув этиб.

 

Не хавотир безовта қилганини билсайдим,

Кўкка сочилар қушлар дона-дона гув этиб.

 

Қушларнинг кўзларидан ё дарахт шохларидан

Майсазорга тўкилар шода шудринг дув этиб.

 

Олис-олислардан ё қалбимнинг туб-тубидан

Садо келгандек бўлар элас-элас ҳув этиб.

 

Киприкларим тебратиб учар хаёл қушлари,

Шабнам томар юзимга юрак-бағрим шув этиб.

 

Ёр, кўнглимни қуч маҳкам, шунда, охиратда ҳам

Ҳижрон яқин келолмас, дайдиб юрар ув этиб.

 

Мунаввар олам

Машҳур кўз шифокори Ботир Калонхўжаевга

Одамни мунаввар кўрайин десанг,

Дилни ғуборлардан жоиз покламоқ.

Оламни мунавар кўрайин десанг,

Дунёга Ботирнинг “кўз”и билан боқ!

 

Аµил оила

Икки дил бош қўшса  кўкларда боши,

Бошига не келса, рост ростдан келур.

Эр баланддан келса, гар кўнгли тошиб,

Яхши ёр  одоб ила  пастдан келур…

 

Боғ сайли

Тут ҳам боғ сайлига зебо чиқибди,

Ўзига ярашиқ чиройи туғма.

Ҳар япроқ гавҳардан сирға тақибди,

Ҳар бир шох садафдан қадабди тугма.