Қул УБАЙДИЙ(1486–1546): УЛ ПАРИВАШ ВАСЛИНИ ҚИЛҒИЛ ХАЁЛ 

Шарқ юлдузи/ Avgust 10, 2018/ 2018- 5-сон, Назм

* * *

Гул сори қилмон назар зебо жамолинг борида,

Кўзга олмон сарвни нозик ниҳолинг борида.

 

Қилмади ҳусн аҳлиға ҳаргиз вафо ҳусну жамол,

Қил вафо, эй бевафо, ҳусну жамолинг борида.

 

Истамон ҳайвон суйин, босмон, доғи ичмон ани,

Дамбадам жон бергучи ширин зилолинг борида.

 

Ҳар сори қилса азимат, борғил ул дилдор ила,

Қолма зинҳор, эй кўнгул, андин мажолинг борида.

 

Эй Убайдий, ул париваш васлини қилғил хаёл,

Қилмағил ўзга хаёл ушбу хаёлинг борида.

 

* * *

Ўртанур ҳажр ўтиға жисми фигорим сенсиз,

Куядурмен, нетай, эй лола узорим сенсиз.

 

Равнақи боғу баҳорим эдинг, эй сарви сеҳи,

Топмади нашъу намо боғу баҳорим сенсиз.

 

Ҳар неча кўкдин ўтуб бузди малойик кўнглун,

Оҳу афғоним ила нолаи зорим сенсиз.

 

Туфроғим соврулубон чиқти қуюндек, эй сарв,

Сарсари ҳажр ила гардунға ғуборим сенсиз.

 

Сабр этиб қилмас эдим нола Убайдий ёнглиғ,

Йўқтурур, ваҳ, нетайин сабру қарорим сенсиз?

 

* * *

Кўрар кўзимсан, эй жону жаҳоним,

Севар ёрим, азизам, меҳрибоним.

 

Тараҳҳум қилки, бўлди хоки роҳинг

Тани фарсуда, жисми нотавоним.

 

Кўнгул уйин бузар сели сиришким,

Ҳам ўтлуғ нолаю оҳу фиғоним.

 

Сенинг ишқингда Мажнун қиссасидек,

Эл ичра топди шуҳрат достоним.

 

Убайдийга топилмас олам ичра

Сенингдек мушфиқ, эй ороми жоним.

 

* * *

Шамъ эрур парвонанинг ҳолиға гирён ҳар кеча,

Йиғларам они сўруб мен ҳам фаровон ҳар кеча.

 

Аҳду паймонни танимас тонгға будур турфаким,

Жону кўнглум бирла айлар аҳду паймон ҳар кеча.

 

Кўргали ҳусн авжи узра моҳи тобоним анинг,

Уялиб юз ёшурур ҳуршеди тобон ҳар кеча.

 

Тортамен уммед ила ҳар кун фироқи дардини,

Васлидин қилғайму деб, дардимға дармон ҳар кеча.

 

Айларам бир гул ғамидин нотавон булбул каби,

Тинмайин ҳар лаҳза тонг отқунча афғон ҳар кеча.

 

Ҳолима раҳм айламай кўнглум қушин парвонадек,

Эй Убайдий, ўртар ул шамъи шабистон ҳар кеча.

 

* * *

Фурқат туни айёми висолингни тилармен,

Ҳижрон кечаси шамъи жамолингни тилармен.

 

Ҳайвон суйини Хизр кўзум қошида қўйса,

Найлай ани, кўзумга зулолингни тилармен.

 

Гар жону кўнгул қилса талаб холу хатингни,

Мен жоду кўзинг бирла ҳилолингни тилармен.

 

Тўби қадини кўрмака фирдавс аро кирсам,

Тўбидин ўтуб тоза ниҳолингни тилармен.

 

Зулфунгға Убайдий каби кўнглумни берибмен,

Жоним қушидек донаи холингни тилармен.

* * *

Эшитиб рақам кўйи садосин,

Тилармен ул чаман обу ҳавосин.

 

Балойи ҳажрида бўлдум гирифтор,

Халос этмас балодин мубталосин.

 

Ўзига ёр этиб бегоналарни,

Қилур бегона ўздин ошносин.

 

Ўзумдин кеттиму бордим, эшиттим,

Такаллум вақтида нозук адосин.

 

Убайдий мотами доғида куйди,

Ҳануз олмай дурур доғи қаросин.

 

* * *

Жон чекиб васлиға, эй жон, етгай эрдим кошки,

Бир нафас ширин сўзин эшитгай эрдим кошки.

 

Истабон еттинг висоли давлатиға, эй кўнгул,

Истай-истай они мен ҳам, кетгай эрдим кошки.

 

Новакинг пайкони кўнглумдин ўтмасдин бурун,

Шуълалиғ оҳим била эритгай эрдим кошки.

 

Монеъим ағёр эмиш, эй дўстлар, бор итлари;

Барчасин ўзума ёр этгай эрдим кошки.

 

Эй Убайдий, нотавон кўнглум қушининг сайдини,

Ёрнинг фитрокига беркитгай эрдим кошки.

 

* * *

Эй фалак, туштум айру жонимдин,

Кечалар моҳи меҳрибонимдин.

 

Дер эдим, солма(ғай) мени даврон

Ойириб умри жовидонимдин.

 

Етмадим бот висолиға охир,

Кечмайин жони нотавонимдин.

 

Мени бир дам ойирма, эй гардун,

Фитнаи охирул – замонимдин.

 

Эй Убайдий, не ранж кўрмаймен

Ойру ул шўхи дилистонимдин.

* * *

Неча ғам ўти билан кўйгай кўнгул ҳижрон аро,

Жон доғи ҳайрон бўлуб бу водийи хирмон аро.

 

Новаки мижгонидин кўнглум фигор ўлмай нетар,

Найласун бир норавоне юз туман пайкон аро.

 

Ҳусн боғи ичра йўқтур сен киби гулчеҳрае,

Булбули ошуфта ҳоле мен киби бўстон аро.

 

Суратин жонима қилдиму кўнгул лавҳида нақш,

Тушкали акси жамоли дийдайи гирён аро.

 

Эй Убайдий, шаҳсуворинг зулфи чавгони била,

Ҳар тараф чопса кўнгул гўйин урар майдон аро.

 

* * *

Даво фироқинга, жоно, висол эмиш, билдим,

Вале, восолинга етмак маҳол эмиш, билдим.

 

Малол жонға кўнгулдин, кўнгулга жондин ҳам,

Манга доғи бу иковдин малол эмиш, билдим.

 

Каманд зулфинг айлаб, кўнгулни сайд этган –

Кўзи қаро, ўзи турфа ғизол эмиш, билдим.

 

Вафо жафо(ға) эваз кўнглума қилиб дедиким,

Жафо шикастаға қилмоқ вубол эмиш, билдим.

 

Ҳамиша ишқ тариқин сўрунг Убайдийдин,

Ки, ишқ фаннида соҳибкамол эмиш, билдим.