Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: ЁЛҒИЗ Қисса

Шарқ юлдузи/ Avgust 10, 2018/ 2018- 5-сон, Наср

Абдулла Қодирий таваллудининг

125 йиллигига бағишланади.

Абдулла Қодирий ҳаётидан йирикроқ асар ёзиш ниятим бор эди кўп йиллардан буён. Ниҳоят, ушбу қисса қоғозга тушди. Уни қиёмига етказишда қимматли маслаҳатларини аямаган, буюк адибимиз ҳаёти ва ижодининг билимдонлари – Умарали Норматов, Наим Каримов, Сирожиддин Аҳмад, Баҳодир Карим ва Хондамир Қодирийга миннатдорлигимни изҳор этаман.

Муаллиф

– Отқа қоққан тақадек, сувдан чиққан бақадек, бир мирилик чақадек – маъориф шўросига сало-о-ом!

Маҳсидўзлик кўчаси қиялик эмасми, кунчиқардан кунботар томон – тепадан пастга – бозор майдонига тушаётган илдамқадамлар орасида ҳам, кунботардан кунчиқар томон – пастдан тепага – бозор майдонидан юқорилаётган оғиркарвонлар орасида ҳам текин томошаталаблар ҳамиша ҳозиру нозир – уларнинг аксарияти йўлдан қолиб овоза келган томонга қайрилиб қарадилар. Кўчанинг бозор майдонидан чиқаверишда сўл томондаги олди очиқ чойхона ёнида тик турган икки кишининг бири, шубҳасиз, аёл бўлса керак, бошига паранжи ёпинган, унинг ёнидаги шериги бақалоқ эркак калтабақай қўли билан паранжили аёлнинг эгилиб таъзим айлашига кўмаклашаётган ё бўлмаса уни шу ишга мажбурлаётган одамдек қад ростлаб турар,  тобора овозига зўр бераётганди:

– Ўзи четка буқинуб, шахсиятка тўқинуб, аллакимга чўқинуб – ўғри ушлаганга сало-о-ом!

Шу дамда бу икков аслида учов эканликлари маълум бўлди. Пича нарида турган учинчи шерик бақалоқ эркакнинг товушига ҳамоҳанг жар солди:

– Эшитганлар дармонда! Эшитмаганлар армонда-а!

Бақалоқ эркакнинг овози дадиллашди:

– Кўрунган ер оқ салла, оқ бўлса ҳам бўш калла, оқу қора ҳам малла – Туркистон уламоларига сало-о-ом!

– Ҳа-а, отангга балли! Шу оломонники бари-и!

– Бошлариға соч қўйған, отларини ёш қўйған, фаҳш деганни фош қилған, яна отини ёш қўйған – думсизларимизга сало-о-ом!

– Ҳа-ҳа-ҳо-ҳо-ой, кучингдан ҳо-о, кучингда-а-ан-н!

– Ҳаҳ-ҳа-ҳо-о! Ваҳ-ҳа-ҳо-о!

Ғала-ғовур, қийқириқ авжига минди. Учинчи шерик баралла қарсак чалиб шовқин-суронга пишанг беравурди. Томошаталаблар орасидан ҳайқириқларга аввалига яккам-дуккам, сўнгра кўплашиб олқишлашлар қўшилди. Паранжили аёл миннатдорлик маъносида икки букилиб олқишловчиларга жавоб таъзимини бажо айлади. Йўловчи томошабинларнинг бир қисми бу саҳнани янги чиққан тиланчиликка йўйди, бир қисми кулиб-илжайиб-ажабсиниб томоша қилишда давом этди, яна бир улуши эса гап нимада эканини тузук-қуруқ англамай анграйиб тураверди. Бақалоқ эркакнинг бирдан қовоғи тундлашди, боядан бери кулгига мойил товуши жиддийлашди:

– Масков бориб келибон, минглаб фойда қилибон, ҳафтада гап ейибон, томга карнай қўйибон; – йиғламсираш оҳангида: халқ  қайғусин емайин, мактаб очай демайин; – ғазаб-ла: эллик-олтмиш қўй берган, саккиз кунлаб тўй берган – Туркис­тон савдогарларига сало-о-ом!..

Учинчисининг, яъни қарсакчисининг ота-бобоси тирикчиликни гўяндалик ортидан топган шекилли, товуши ўткир экан, янаям ўтиб тушди:

– Амма-холаси ҳаводор, аҳ-ҳа-ҳе-ей, кучингда-ан-н!!

Чойхона сўрисининг қирғоғида чордана қуриб ўтирган чол кемшик оғзини кўвачадай ланг очиб, яйраб кулди.

– Уҳ қизиталоқ, гап бағда экан-да-а!?

Чол ҳайратини бирор банда қўллаб-қувватлармикан деган илинжда ёнгинасида чой ичиб ўтирган йигитга умидвор мўлтиради, бироқ қорамағиздан келган, юзи думалоққа мойил, норғул йигит бир бурда нон бўктирилган пиёласидаги чойдан кўз узмади. Йигит чолнинг гапини ё эшитмади, ё эшитгиси келмади. Чол унинг найзанинг учидек ўткир нигоҳини пайқади-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Келгинди мусофирмикан, ўзбекчага тушунмасмикан деган тахмин кечди кўнглидан.

– Топиб айтди, – деди учов томоша қўювчининг биқинида тўхтаган деҳқонбашара қария.

– Боплади! – деб уни қўллаб-қувватлади бошқаси. – Ошиб-тошиб ётган дунёсига мактаб очиш эсига келармиди!

– Унинг ўрнига бачавозлик қилади!..

– Давлатингга ўт тушсин!..

– Лутдан баттар қирилсин!..

Томошабинлар тўдаси беҳад зичлаша бораётган бир маҳал учов қизиқчи тўсатдан саросимага тушди. Учови уч томонга сочилиб, издиҳом орасига сингиб кетишга улгурган ҳам эдиларки, осмондан тушдими-ердан чиқдими, кўзлари аланг-жаланг икки нафар норғул эркак беданаюриш қилиб ўтган-кетаётганга, ҳозиргина томошабин бўлиб турган йўловчилар афт-ангорига кимнидир излагандек бирма-бир разм солиб чиқди. Улар истаган кимсалар топилмади чоғи, қандай пайдо бўлишган эса, ўша алфозда гумдон бўлдилар.

Одатда бозорнинг кўча ва майдонларини тўлдириб бораётган йўловчилар қайнаб тошади, оқими тўхтовсиз ўзгаради, бироқ бу сафар ҳозиргина тўпланган издиҳом мавжи янгиланиб улгурмади ҳам – қаердандир пайдо бўлган оломон орасида ипга тизилгандек ёнма-ён саф тортган, оқ яктаги устидан гулдор белбоғ боғлаб олган тўрт чапани йигит карнай-сурнай базмини бошлаб юборса денг:

– Ға-а-а-а-ат, ға-а-а-а-ту-у-у-уға-а-а-ат! Ғарт-ғарт-ғарт!

– Ға-а-а-а-ат, ға-а-а-а-ту-у-у-уға-а-а-ат! Ғарт-ғарт-ғарт!

Тош ётқизилган нишаб кўча нақд тўйхонага айланди. Қуруқ оғизда “чалинаётган” карнай “ғата-ғути”нинг чорловига чор тарафдан қизиқувчилар тўдалаша бошлади. Ўртага тушиб қилпангловчилар ҳам топила қолди. Бу пайтда чойга бўктирган нонини еб битирган йигит овоз чиқармай қилган қисқа дуодан сўнг чойхонадан чиққан, эндигина йўловчилар орасига сингиб кетишга шайланган эди, бехосдан тўхтади. Беихтиёр “ғат-ғат”чилар томошасига чалғиди. Термилиб жойида турганича, карнай-сурнайнинг минг йиллик қулоқни қоматга келтирувчи нағмаларидан ўзгача маънолар топаётгандек “ғат-ғут”чилар томондан нигоҳларини  узолмади. Ичида қўпган аллақандай ғалаён тўфонини бетига кўчирмади. “Бозорга кимлар кемайди дейсиз, – деган мулоҳаза кечди кўнглидан, – бозор – мисоли ажойибхона!”

У йўловчилар оқимидан ўзини беҳроқ тутишга ҳаракат қилганича девор ёқалаб майдон томон юрди. Мошранг бахмал дўпписи остидан кўриниб турган калта қайчиланган сочи, кенг манглайи, ўзига ярашиб тушган ихчам мўйлабчаси тим қора, зулукдек қора кўзлари бир неча одим мобайнида узоқ-узоққа тикилиб борар, икки-уч одим ташлаш асносида эса оёғининг остига тикилганича оҳиста қадам босар, шу қиёфаси-сийратининг ўзиёқ унинг теварак-атрофидан ўтиб бораётган сонсиз-саноқсиз оломондан анчайин фарқли инсон эканлигини англатиб турарди.

“Ғат-ғат”чилар унинг ёнидан ўта бошлашди. Йигит шунда ҳам шовқин кўтараётганларга қайрилиб қарамади, қарамадию ич-ичидан қуюндай  гулдираб келаётган истеҳзони аранг босди. “Бозор-да, – деди ўзича, – ҳар ким топганини кўтариб келади, билган ҳунарини кўрсатади, қўлидан келганича тирикчилик қилади. Истаса кулади-ўйнайди, истаса – йиғлайди, истаса ҳайқиради-қичқиради, истаса – дамини ичига ютади. Биз эса кўрганимизни, эшитганимизни пича ошириб-пича кичрайтириб ёзамиз, холос”.

Шу пайт боягина кўздан йўқолган икки норғул пайдо бўлдию икки томондан “ғат-ғут”чиларни қисиб кела бошлашди.

– Тўхтат! – деди бирови карнайчининг қулоғига.

– Бас қил! – деди бошқаси бошқасига.

– Бор-йўғи “ғат-ғат”-ку, акў, – деди ўзини овсарликка солган учинчи карнайчи. – Сўз йўқ-гап йўқ, ўйин-ўйин ўйнаяпмиз, холос.

– Яхшиликча, аравангни торт, кўса! – деб дўқлади пакана норғул.

– Уйингга бориб ўйна, хунаса! – деди найнов норғул. – Бу ерга одам тўплама!

– Биз тўплаганимиз йўқ, ана, ҳамма ўз йўлида кетиб боряпти. Биз ҳам…

– Кўп “биз”лайверма дедим. Ҳозир полис келса кунингни кўрасан! Яхшиликча, иссиғида!..

Норғулларнинг авзойи, важоҳати ёмон эди – зумда гавжум Махсидўзлик кўчасига ўлик чиққан уйдек сукунат чўкди-қолди. Йўловчилар оқими юқоридан бозормайдон томон югургилаб-зипиллаб, бозормайдондан юқори томон имиллаб-сургалиб чиқиб-тушишда давом этди.

Оғир хаёлга толган йигит қадимий сергумбаз ҳаммом ёнидан ўтгач, ўнг ёқдан бетига салқин шабада урганидан чорбурчак тим ёнига етганини сезди. Баланд гумбазнинг тўрт биқинидан ёш бола эгилиб ўтса бўладиган кенгликда дарча очилган, аввало гумбаз, қолаверса ўша дарчалар шарофати ила ҳаво дим эканига қарамай тимнинг остида сарин шабада ҳосил бўлган, шабада ғувуллаб ўтиб тургани боис айниқса, ҳаво дамқисди кезлари тим ости  нафас ростлашга роҳатижон эди. Йигит аввалдан камбағалнинг ҳовлисидай чоққина шу масканни ёқтирар, оёғи тортди дегунча тимнинг остига келиб, у томондан, бу томонга икки-уч, баъзида ундан-да ортиқроқ ўтиб-қайтар – сайр қилар, сайр асносида муздай қатиғу яхдай айрон, қалампир қўшилган шўртанг қуруту эрмак писта, обакидандону носвой сотувчиларини томоша қилишни ёқтирар, тимнинг бир бурчидаги икки киши сиғар-сиғмас дўкончада доривор гиёҳлар билан савдо қилувчи оқ-сариқдан келган мўйсафиднинг ҳамиша бир киши билан берилиб суҳбат қуриб ўтирганини кўриб, ҳавасланар экан, пайти келиб ўзи ҳам ана шу мулланамо табиб отахон суҳбатига ноил бўлиш орзусини дилига тугиб қўярди.

Тимнинг нариги томони дўппи бозори, эркаклардан кўра аёл сотувчилар кўпчилик, бошига рўмолча ёки нимча ёпинган дўппифуруш аёллар харидорга илҳақ, улар бир жуфт, икки-уч жуфтлаб қўлларида кўтариб турган дўппиларининг бахмалию шойи ипаклари эрта кўклам офтобида кўзни қамаштирар даражада товланар эди.

– Муборак бошингизга манави дўппи хўп ярашади-да, укажон, – деб такаллуф қилди ёши ўтинқираган опоқи.

Йигит бош ирғаб, товуши чиқар-чиқмас миннатдорлик билдирди-да, йўлида давом этди. Унинг қадам олишидан, атрофга кўпда қаранмаётганидан, балки ўзигагина аён муроқабага[1] берилганлигидан ҳам бирор тайинли харид юзасидан бозор ораламаётгани сезилиб турар, буни пайқаган зийрак бозорчилар тезда эътиборларини ундан узишарди.

Йигит чит матолар сотиладиган раста қаторига етганида қадам олишлари янаям сустлашди. Раста қатори нисбатан бирмунча қисқа, номи ҳам ўзига яраша – “Калта раста” эди.

– Ия-ия, ҳа, Абдивой! Қўмсабдилар-да, қўмсабдилар-да?!

Йигитнинг хаёли бўлиниб, овоз келган томон ўгирилди. Тенгқур йигитни таниб, бетига енгил, нимясама табассум югурди.

– Ўзинг нима қилиб юрибсан, Тўлаш?

– Сани изингдан пойлоқчилик қилиб юрибман, Абди! – Тўлаган шундай деб қаҳ-қаҳ отиб кулди. Жиддий тортди. – Мен ҳам илгари ишлаган жойларимни қўмсайман, оғайни. Ахир бир замонлар шу жойларда иш ўргандик, озми-кўпми тириклигимиз ўтган…

– Нафақат тириклигимиз…

Тўлаганнинг қувноқлиги тутиб, яна баралла кулди, унинг елкасига дўстона шапатилаб, “Тушундим, тушундим”, деб ўзини базўр кулгидан тийди.

– Болаликдан ишни пухта қилгансан, Абди. Кимсан Расулмуҳаммадбойга ишга ёллангансан, ҳам унинг уйида яшагансан, ҳам қизига уйлангансан! Худо суйган бандасига қўшқўллаб бергани шудир-да, а, лаббай, қадрдон?! – Тўлаган шундай деб туриб бирдан лаб-лунжини йиғиштирди, овози маъюслашди: – Бобой кўпни кўрган, зап одам эдилар. Ҳ-ҳозир?..

– Икки йил бўлаёзди, фақир…

– Э, аттанг, эшитгандим. Палаги тоза одамлардан эди қайнотанг раҳматли!

Тўлаган шундай деб юзига фотиҳа тортди ва шу заҳоти бояги қувноқ оҳангга кўчди:

– Болаликдан китобга ўч эдинг, беҳуда кетмабди-да? Катта ёзғувчи бўлибсан деб эшитаман.

Абди ўнғайсизланиб қизаринқиради, мийиғида кулимсиради.

– Унчалик эмас, кичик бир ҳавас, холос…

– Кам бўлма, оғайни, сан билан яқинлигимиззи айтиб, мақтаниб юрайлик, ишқилиб.

Йигит тўзиб кетган хаёлларига тин бериши хийла қийин кечди. Рус-тузем мактабини битиргач, иш тополмай уйда ўтириб қолганди. Боғ-ҳовли юмушларини демаса, яккаш мутолаа билан банд. Жонсарак бибиси тоқат қилолмаган, ҳаммаҳалла бўлмиш мулла Зайниддин амакига ёрдам сўраб чиққан, амакининг далолати билан мана шу “Калта раста”даги читфуруш Расулмуҳаммадбойга приказчиликка ёлланган, ёш эканига қарамай шу ерда кў-ўп ҳаётий тажриба орттирган, тақдир экан, пировардида хўжайиннинг тўнғич қизи Раҳбарнисага уйланган… Қанчадан-қанча сувлар оқиб ўтмади ўшандан буён?! Замон ўзгарди, бозор ўзгарди, одамлар ўз… Ўзгардими? Ўзгараяптими?..

Йигит ён-веридан ўтиб бораётган йўловчиларни зимдан разм солиб кузатди. Уларнинг юриш-туришига, энгил-бошларига қаради. Қулоққа чалинаётган гап-сўзларини тинглади. Йўқчилик, ночорлик абгор қилган барчани, бирдан-бир халос­кор – бозор. Тўғри, бозор кезган жондорнинг бугун қорни оч қолмаслиги мумкин, лекин эртага-чи, индин-чи?! Бу аҳволга қаноат қилиб умр кечириш охир-оқибат миллатни барбод этади, йўқ қилади, бир ҳовуч хас-хазонга, супуриндига айлантиради, супуриндига!

Мошинавори бир хаёлда бош чайқади, норозиланганидан пешонаси тиришиб, қорамағиз бети янаям тундлашди. Ҳаммом ортидаги дурадгорчилик растаси томон бориш ниятидан айниди-да, боягина келган йўли бўйлаб изига қайтди. Бирдан-бир нажот матбуотда, ягона халоскор – матбуот! Қандай бўлмасин, одамлар газит-журналга жалб этилмоғи даркор. Шу йўлда барча чоралар кўрилмоғи, ҳеч бир машаққатдан чўчимаслик керак!..

Чорбурчак тимга етган жойида, одатдаги таниш манзарани кўргач, оғир ва адоқсиз ўйларидан чалғиди шекилли, икки қоши ўртасидаги тугун ёзилди. Тим ости театр саҳнасини эслатарди унга. Бу сафар ҳам кўз ўнгида ғалати-ажабтовур манзара пайдо бўлди, аста юриб-қулоғини динг қилганича, саҳна томошаси иштирокчисига айланиб кетгандек ҳис этди ўзини. Ана, тўнини қоп-халтасига қўшиб остига курси ясаган айрончилар йўловчиларни нафас ростлашга, тафтбосди ичимликдан нўш уришга, қозоқ эркак-хотинлар мешларини бетиним чайқата-чайқата қимизхўрларни чорлашмоқда, бир чеккада носфуруш, қурутфуруш, хуллас, кимса борки, сотиш, сотиш ва яна сотиш билан овора – чақирган-нетган, савдолашган-тортишган, кулишган-ўдағайлашган – исталган манзарани, исталган қиёфаларни кўриш мумкин.

Жанда кийган, тўрвасини асо ўрнидаги қийшиқ таёғига танғиган қаландар имиллаб бора туриб, тўсатдан ғалати оҳангда хиргойи қила бошлади:

– Кетади-кетади, нима қаён кетади?

Минғир овозни биров эшитди-биров эшитмади, қаландарнинг қуюқ соқол-мўйлаби орасидан хириллаган овоз баландлашди:

– Кетади-кетади, нима қаён кетади-и?

Иккинчи такрор битта-ярим бекорчининг эътиборини тортди. Қурутфуруш чолнинг ёнида қоқ ерга узала тушган сарпойчан деҳқон, муздай айрондан тани роҳатланиб, шунчаки қаландарга луқма ташлади:

– Ҳой авлиё, нима қаён кетишини биздан сўраяпсанми?

Қаландар учун шу мурожаат айни муддао эди.

– Биламанки, сўраяпман! Ман билганни – сан билмайсан. Сан билмасанг – ман биламан!

– Билсанг, айт: нима қаён кетади?

Қурутфуруш қария, унга қўшилиб айронфуруш, қимизфуруш, носфурушлар қаландарга пишанг бериб “театр” томошасини қиздириб юборишди:

– Айт! Айт! Айтақол!

– Қаландар, ҳо, айтақол!

– Кўрсат, томошангни!

– Бизга томоша бўлса бас!

– Бас! Бас!.. Ҳаҳ-ҳа-ҳа!

– Ҳаҳ-ҳа-ҳа!

– Воҳ-ҳа-ҳа!..

Қаландар тўрвасини заранг ерга қўйди-да, унга тиззалаб чўк тушди, атрофга икки қур аланглаб олгач, қироат ила, санаш оҳангида хиргойисини давом эттирди:

– Ишчининг топқани хўжайиннинг халтасига кетади.

Сарпойчан деҳқон қитиғи келган одамдек қиқирлаб кулиб юборди. Қулоғини янаям динг қилди. Бу ҳол Қаландарни янаям жўшдирди.

– Савдогарнинг топқани ўғул тўйисиға кетади.

– Тўй бўлсин-а, тўй бўлсин! – уни қўллади кимдир баралла. Қаландар унга қош қоқди-қўйди, давом этди:

– Тошканд кўнчиларининг топқани қишлиқ тўкма билан ёзлиқ гапка кетади.

– Яша! – деди тағин бир овоз. Қаландар атрофга аланглади, теграсида бирмунча оломон йиғилиб қолғанини кўриб, илҳоми жўшди:

– Қиморбознинг топқани гарткам билан тўртта ошиққа кетади. Беданабознинг топқани тариққа кетади. Эшоннинг топқани саккизта хотунға кетади!

Бўлди кулги-бўлди кулги. Издиҳом семира-семира, кўпчий-кўпчий тим остидан қайнаб-тошиб чиқди.

– Яна, яна! Нима қаён кетади? – деган савол устма-уст ёғилди. Қаландарнинг муддаоси шул тариқа ушала бошлади. У жунбишга кирди, жазавага тушди. Ўрнидан тура солиб, ҳассаси билан этагини савалай-савалай, “билганлари”ни жар солишда давом этди:

– Эски шаҳар исполқўмининг топқани юқори шефстволарга кетади.

– Ана! Ҳаҳ-ҳа-ҳа! Воҳ-ҳа-ҳа!.. Қайтар, нима дединг?

– Қулоғингни оч, хумса! Эски шаҳар исполқўмининг топқани юқори шефстволарга кетади-и! Отнинг топқани…

Шу ерга етганда оломон қийқириғи тим остидан чиқиб, бозормайдонга таралди. Тимдан ташқарида оломоннинг гуриллаб югургилаган шарпаси чалинди қулоққа. Қаландар гўдак боладек чаққон ирғиб қад ростлади, гўё ҳеч вақодан хабарсиз одамдек, тўрвасини елкасига ташлаганича, ҳассасини дўқиллатиб, йўлга тушди. Лекин одамлар орасини ёриб ўтаётиб ҳам тилини тиймади:

– Отнинг топқани эшакка кетади. Бўрининг топқани тулкига кетади!..

– Эшшак! – деди кимдир.

– Бўри! Бўри! – ваҳима кўтарди бошқаси.

Тим остида тўпланган издиҳом орасини ёриб, икки-уч нафар норғул пайдо бўлди.

– Қани бўри?

– Ана, бўри!

Норғуллар бири олиб, иккинчиси тўнғиллаб, издиҳомни тафтиш қила кетди:

– Ким? Вайсаётган ким?!

– “Эшакка кетади” деган ким?! “Тулкига кетади” деган қани?!

– Ҳеч ким. Ҳеч ким, – деган овозлар эшитилди теварак-атрофдан.

– Тарқалларинг! Тўпланмаларинг!

“Тарқалманглар! Тўпланинглар! Тарқалманглар! Тўпланинглар!” Йигит ичида ҳайқириқ ила такрорлаган даъваткор сўзларини ҳеч ким эшитмади. “Баралла бақирсам-да, дод-фарёд солсам, эшитармикан, бу оломон!” деди ғазабдан кўкариб. Лекин у бир тафовутни – ўзи билан оломон, оломон билан ўзининг ораларидаги масофа жуда-жуда узоқ. Оралиқ бамисоли кўз илғамас дара, тубсиз жарлик, қақраган тубсиз уммон эканлигини ҳисобга олмаётган эди.

Тимнинг ости ҳувуллади-қолди. Норғуллар вазифасини ўтади ҳисоб – тим мудроқ измига қайтди.

 

Шом намози адо этилгач, маҳалла имоми Карим қори одатича  хонақоҳга бир қур кўз югуртирди-да, ён-верида нотаниш намозхонлар қолмаганига иқрор бўлгач, икки-уч одим ортда келаётган ўғли томон ўгирилди.

– Обид қори, қарангчи, ҳовлида деворга газит илинганмикан?

Мўйлаби сабза урган, қадди тик Обид қори сўзсиз итоат билан қиблагоҳининг айтганини адо этмоқ истагида қадамини жадаллатди. Карим қори бир неча намозхонлар қуршовида ҳовлига чиққанида Обидқори қайтиб отасига рўпара келди.

– Дада, газит варағи илинибди.  Қизиқувчилар сероб, бирови ўқияпти, қулоқ тутиб тинглаётганлар бир талай.

Карим қори турган жойидан бўйнини чўзиб, газит варағи илинган томонга қаради, яна ўғлига савол қотди:

– Жулқунбой гап ёзибтими? – Саволининг жавобини кутмай енгил кулимсиди: – Зап гапларни топади-да, тушмагур. Ўзи қозоқми дейман?

– Тўғри айтадилар, тақсир. Варақ олдида турганлар аввалбош ўша Жулқун имзосидаги гапларни ўқишади, – деди даврадошлардан бири. – Номи одамларни оғзидан тушмай қолди. “Муштум” жўрналини ҳар сонида босилади мақоласи.

– Ана холос, кулги жўрнали кўпда бизга етиб келмайди.

– Ул ёзғувчи ўзимиззи тошкандлик бола, тақсир, – деди бошқаси вазминлик билан ўзининг бохабарлигига урғу бериб. – Ҳайтовур, Самарқанд дарбоза томонлардан деб эшитганим бор…

– Э, шундай денг, барака топсин… – Имом бир нафас жим қолди-да,  ҳурмат ўрнида ўзига жавдираб турган шогирду мухлисларга ров кўз югуртиргач, оқ йўл тилаб, фотиҳа оҳангида деди: – Хўш, хуш кўрдик…

Мулойим ва меҳрибонларча айтилган бу сўз аслида ҳурмати баланд имомнинг “Бўлди, ортиқ тўпланманглар. Шу ердан тарқалинглар” деган маънони англатар, бошқалар ҳам бу тарз тагдор илтифот одат тусига кириб бораётганини тушуниб қолишган, унга сўзсиз итоат этишарди.

Масжиддан пича узоқлашгач, ота-бола ёлғиз қолишгандагина Обид қори отасига очиқ мурожаат қилди:

– Дада, – деди у овозини эҳтиёткорона пасайтириб ва отаси ўзи томон ўгирилгачгина сўзини давом эттирди: – Сизни полис маҳкамасига сўрашганди…

Карим қори тўхташга тўхтамадию қадамини секинлаштирди, ўғли томон бошини бурмай туриб сўради:

– Нима дедилар? Қачонга айтишди?

– Кирар экансиз, ҳозир.

– Ҳозир?

– Маслаҳатлари керак дейишди…

– У ҳолда сен уйга қайтавер, мен кириб ўтаман…

Карим қори шундай деб аслида изига қайтиши, чунки масжид биносини айланиб ўтиб, мелиса идорасига бориш йўлнинг энг яқини эди. Бироқ имом йўли олислашса-да, атайин тўғрига юрди, бир боғча-бир майдончани айланиб ўтиб, идорани қора тортиб юрди.

 

У “Туркистон” газитига деярли кунда-кунора боради. Ҳар сафар Абдулҳай[2] қучоқ очиб кутиб олади. Салом-аликни ҳам унутиб, янгисидан борми, деб дарҳол қўлига қарайди. Сиз ёзаберасиз, биз босаверамиз, газитхонлар олқишлайверадилар, дейди мамнуният ила. Абдулланинг ёзганларини сув ўгириб ичишга шаймиз, дейишдан-да, тоймайди, бояқиш муҳаррир.

Кунларнинг бирида гурунг қизиди. Ғози[3] ҳам бор эди. Учов ниманингдир баҳсига киришган ҳам эдиларки, Абдулҳай, нима бўлганда ҳам муҳаррир-да, фикри-зеҳни ўзгача – бир кенгашли гап бор, сизларга аталған, деб қолди. Ғози икковимиз қулоқни динг қилдик.

– Бир кулги жўрнали чиқармайсизларми?

– Кулги жўрнали?

– Қандай бўларкин?..

Абдулҳай гапни қисқа қилди:

– “Қандай бўларкин?” деб ўйлаб ўтиргандан кўра ишга киришинглар, қийини – бошлаб олиш, қолгани йўлини топиб кетади!

Абдулҳай айтгани бўлди – Ғози билан ётиб ишладик, ётиб ёздик, “Муштум”ни эл орасида тарқаладиган қилгунча ҳаловат билмадик, мижжа қоқмадик. Жўрналга ёзғувчилар сафини кенгайтириш қанчалар қийин кечган бўлса,  оммани “Муштум”га жалб қилиш шунчалар осон кўчмади. Ҳар ойда икки дапқир чоп этиладиган жўрналнинг бор-йўқ адади сотилмай-нетмай қайтган пайтлар бўлди. Одамлар ҳали жўрнал ўқишга мослашмаганлари етмагандек, эшитишича, айрим мулла-имомлар, “Ким “Муштум”ни қўлига тутса гуноҳга ботади, диндан чиқади”, деб фатво берибдилар ҳам. Бу қандай бедодлик?! Ўқиса, билса, шу орқали дунёни таниса, англаса, гуноҳми ахир?! Ҳайтовур бу каби жаҳолат унсурлари узоққа чўзилмади, жўрнални бир қўлига тутган киши, унинг навбатдаги сонини интиқ кутадиган, ўқиганларини ёр-биродарлари орасида сўзлаб берадиганлар кўпайди, мухлисга мухлис қўшилиб, жўрнал қўлма-қўл ўқиладиган бўлди.

 

“Муштум”нинг оммалашув борасидаги юмушлари силжиб турган бир паллада йўқ жойда ғалва туғилди – журналнинг энг ишонган, энг қалами ўткир муаллифлари бўлмиш Жулқунбой билан Ғози ораларида гап қочди…

 

– Хайрият, жўрналимиз йўлга тушиб олди, мухлислар сўраб келишяпти.

Тошқин ер остидан мажлиснинг икки иштирокчиси – ёзув курсисининг икки томонида қарама-қарши ўтирган Жулқунбой билан Ғози Юнусга зимдан назар ташлади. Жулқунбой хонанинг узоқ бурчагига қаттиқ тикилган кўйи лабларини қимтиб олган, Ғози эса афтидан ўзини бўлаётган гапга бепарводек тутса-да, аслида қулоғи динг эди.

Муҳаррир Тошқинга қаради.

– Афсуски, мақола ёзғувчиларимиз озчилик. Борлари ҳам кўпчиликка маъқул келадиган гап топишда бирмунча нўноқ.

– Нўноқ-қўноқ гапларни лаб-лунжини ростлагунча Ғози икковимизни эсимиз кетмоқда, – деб луқма ташлади Абдулла. Унинг товуши паст, бўғилиб чиқди.

– Товушингни кўтариб айт, Абди, – деди баралла Ғози Юнус қаламкаш заҳматдошининг гапини тасдиқлаб. – Булар билиб қўйсинлар.

У гапини тугалламасидан бурун, муҳаррир масъул котибга мурожаат қилди:

– Навбатдаги сон учун мўлжалланган мақолалар етарлими?

– Пича чўғи оз, – жавоб қилди Тошқин бўшашиб.

– Тахаллусингиз Тошқин бўлгани ҳолда бу ёқда мақолалар тўлиб-тошиб ётмаслиги чатоқ-да, ўртоқ!

Муҳаррир аскиянинг ўрни келганидан мамнун, шу баҳонада ўртадаги совуқ­чиликни шуваб ўтиш қаловини топгандек эди. Бироқ ўз истагига қарши ўлароқ, шу заҳоти жиддийлашди.

– Сизда ҳамиша аҳвол шу – пича чўғи озлик қилади, етмайди. Етган тақдирда ҳам, биласизлар, ўқувчиларимизнинг ишқини қозонадиган, кўпчиликнинг назарига тушадиган мақолага эҳтиёжимиз катта. Шундан келинг, Мўминжон[4].

Мўминжон муҳаррирнинг саволига жавоб учун оғиз жуфтладию беихтиёр кулиб юборди.

– Сиз айтаётганингиздан бор, – деди у ўзини кулгидан тиёлмай. – Абдулла янги мақола келтирди. Рухсат берсангиз, ўқисам?

Абдулҳай Тожи кўзойнаги тепасидан масъул котибга имо қилди.

– “Маслаку мақсаддан шаммаи изҳор”. – Масъул котиб мақола номини ўқиб ўтирганларга бирров назар ташлади, сўнг матнни ўқишга киришди: – Бу йўлларни қоралағучининг ота-бобоси ҳазрати Одам Атодан тортиб, гоҳи деҳқон, гоҳи мардикор, гоҳо саржинчи, қисқаси шулки, зодагонлар таъбирича, “Бири бит – бити сирка” бўлмай келган ўнқовсизлар синфидандир.

Тошқин шу ерга етганда Ғози Юнус томоқ қирди.

– Мақола каттагина, илло бир бошлаган одам адоғига қадар ўқимагунича қўймайди, – изоҳ берди масъул котиб.

– Сиз ўқидингизми? – савол қотди муҳаррир Ғозига қараб.

– Ўқидим…

Ғози Юнуснинг совуққина овози қулоққа дағал ботди, афтидан у нимадир демоқчию шунга журъат қилолмаётгандек ёхуд мавридини кутаётгандек туюлди. Абдулҳай Тожи жиддий тортиб, унга қаради.

– Бирор фикрингиз бўлса, очиқ-ойдин айтинг, бу ерда бегона йўқ. Ўйлаганимиз, манфаатимиз бир – “Муштум”ни эл ичига ёйиш. Одамларни жўрналхонликка жалб этиш. Шундайми?

Ҳамон жиддий ўтирган Абдулла бош ирғади.

– Мен шуни айтмоқчи эдим, – деб гап бошлади Ғози Юнус. – Жўрналнинг тили, мақолаларнинг ёзилиш услуби хусусинда кенгашмоқни дилимга тугиб юргандим.

Муҳаррир, масъул котиб ва Жулқунбой диққатларини жамлаб гапирувчи ҳамкасбларининг оғзига қарашди. Ғози Юнус давом этди:

– Мен Абдулланинг қалами ўткирлигини, услубини кўп ҳурмат қиламан. Айниқса теша тегмаган гапларни, ибора ва жумлаларни топиб айтиши чандон маъқул. Фақат…

Абдулла гапнинг шайини қай томон оғаётганини илғаб улгурган, зеро куни кеча айни шу мавзуда дўсти, ҳаммаслаги ва ижоддоши Ғози билан пича мубозарага борган, ҳар ким ўз ижод йўсини маъқуллигини уқдиришга уринган, лекин афтидан икков бир-бирларини ўз йўриғига оғдиришга эришмаган эдилар.

У вазмин авзойини ўзгартирмай, қулоқ тутди. Ғози Юнус давом этди:

– Фақат кулгига ҳаддан зиёд зўр берилаётгани менга маъқул келмаяпти. Кулги, мазах, пичинг меъёрдан ошиб кетаётгандай. Қолаверса, Жулқун, дўстим, оғир олмагину, қаламингни сиёҳга эмас, заҳар-заққумга ботириб ёзасанми, нима бало?! Ёхуд сиёҳдонингга заҳар томизиб қўясанми? Тилинг… Мана, ҳозиргина Мўминжон ўқиди. “Бири бит – бити сирка” деган гапни ёзиш шартми? Ўрними?..

Ғозининг кутилмаганда дам мулойим, дам зардали овози ҳаммани жим қилиб қўйди. Ҳатто муҳаррир ҳам, олдида турган қоғоздан бош кўтармай, сукут сақлади. Жулқунбой атайин унинг муносабатини кутди. Шу пайт даҳлизда нимадир тарақа-туруқлаб, шовқин қўпди. Тошқин шоша-пиша ташқарилади.

– Ҳов, нима гап? Ким керак сизларга? – сўради у айвон қирғоғига чиқиб олган икки нотаниш кимсадан.

– Жулқунбой деганларини кўрсак бўладими?

– У кишида нима юмушингиз бор? – овози келди Тошқиннинг.

– Маҳалламиздаги муттаҳамлар устидан шикоят келтирдик, шуни берайлик. Бир абжағини чиқариб, ҳажв қилиб берсин.

– Пича кутинглар, машварат тугасин, ўзи чиқади. – Шундай деб бошқа келувчига юзланди: – Сиз қандай юмуш билан турибсиз?

– Жулқунбой ўзбекми? Бетини кўрмоқчи эдим.

Тошқин ҳозиржавоб, кулгига мойил йигит эди.

– Ўзиям, бетиям ўзбек, ишонмасангиз, ҳадемай чиқади – ўз кўзингиз билан кўрасиз!

Тошқин шундай дедию изига – ичкарига қайтди.

– Ҳар куни шу аҳвол – сени сўраб-суриштириб келувчилар ошиб бормоқда, – деди у Абдуллага қарата. – Демак, жўрнал ишқибозлари кўпаймоқда!

Абдулҳай Тожи Абдуллага фахрланиб, мамнун боқиб қўйди, Ғози оёғининг остидан нигоҳини узмади, Жулқунбой пинагини бузмади.

– Кулгисиз гап… – дея машварат тўхтаган жойидан сўзни улади у Ғозига қарата.  –  У ҳолда сиз айткан нуқул жиддий гапни ўқийдирми, одамлар?

– Мен воқеа ҳаётда қандай бўлса айнан ёзиш тарафдориман.

– Айнан ёзиш тарафдори бўлиш тўғридир, лекин одамлар уни ўқимай қўйсалар жўрналдан не наф? Қолаверса, ман ёзганларим айнан бўлмай, буткул тўқимами? Воқеликка терсми?

Муҳаррир қийин аҳволда қолди, гарчи раҳбар бўлса-да, замонасининг икки атоқли сўз устасининг баҳсига ҳакамлик қилишни ўзига эп билмади. Шундай бўлса-да, баҳсга аралашмасликнинг иложи йўқ эди. Ниҳоят, гап айтишнинг ўнқовини топди.

– Абдулла ўзидан эмас, кўпроқ бозордан – одамларнинг оғзидан топади гапларни, шундайми?

– Секинроқ айтасизми, бозор – гапни кони-да, ахир! – Илова қилди Тошқин.

Шу икки оғиз сўздан орага тушган ўнғайсизлик ниҳоясига етгандек, қолаверса, баҳслашувчилардан қай томон ҳақ эканлиги ойдинлашгандек ҳам эди.

– Топдингиз, – деб унинг гапини маъқуллади Жулқунбой. – Бозорда қулоғингиз динг бўлса бас, ҳар қадамда тўкилиб-сочилиб ётади бундай гаплар. Биз мухбирлар уларга салгина тўн кийгизсак кифоя, қарабсизки, одамлар ўзлари айтган-эшитган гапларни жўрнал саҳифасида ўқисалар, севинчдан дўппиларини осмонга отадилар. “Ман айткан гапни ёзибди” деб юрганлар қанча!

– Ғози, – деди босиқлик билан Абдулҳай, – нўноқ мақолаларни эпақага келтиришдаги меҳнатингизни ҳам, ўзларингиз ёзаётган мавзуларнинг муҳимлигини ҳам жуда яхши биламиз, қадрлаймиз ҳам. Фақат ҳозирча баҳс қўзғамай турсанглар демоқчи эдим. Бу тус мубоҳасанинг мавриди эмас.

Ғози бош ирғади, лекин у қай маънода шундай қилди – йиғилиш иштирокчилари бунда ойдинлик кўрмадилар. Афтидан у ўз фикрида қолган эди.

 

Чорсу бозоридан чиқиб уйи томон йўл олган Абдулла, дам “Муштум” муҳаррири хонасида бўлган сермубозара машваратни ўйлаб кетар, дам боягина бозорда ўз кўзи-ўз қулоғи билан кўрган-тинглаган ҳангамаларни қай йўсинда қоғозга тушириш йўсинини изларди. Халқ билади, айтади – ёзмайди, холос. Биз эса халқнинг билганини, айтганини  излаймиз, топамиз, эшитамиз ва уни қоғозга кўчириб халқнинг ўзига ўқитамиз. Мардум ўзи билган ва айтиб юрадиган гапларни ўқигани сайин матбуотга қизиқиши ортади, қўлма-қўл қилиб ўқийди.

Одамларни газит-журналга жалб этишда ҳам мақсад-маслак бўлмоғи даркор. Қуруқ газитхонлик-журналхонлик билан иш битмайди. Басират кўзларини очмоқ лозим уларнинг. Қандоқ ҳаёт кечирмоқдалар, инсон қавми аслида қандоқ яшамоққа лойиқ –  биладиларми шуни улар?

Абдулла тўхтади, тўғрида – бир-бирига мингашиб кетган лой томлар, чигал калава ипдек чувалашиб кетган жинкўчалар томондан баҳайбат одамхўр йиртқич чиқиб келадию дуч келган каттаю кичикни, одамлар ҳам гапми, бутун Чорсу бозорини қўшиб ямламай ютадигандек, эҳтиёт чорасини кўрмаса… хавфни бартараф этиш эпини топмаса… “…дунёға нима учун келгонини билмай…” Абдулла хотираси тутқич бермай қолишидан хавотирда кўзларини чимириб, диққатини жамлади. Беҳад олис бир нуқтадан нажот истаб қадалиб тураверди, ҳайтовур хотираси панд бермади – Мунаввар қорининг “Тараққий” газетида босилган мақоласини ёдга олди. Хўп ёзган, топиб ёзган, англаб етармиканлар деган ниятда аччиқ, қиличнинг тиғидек ўткир ёзган – дунёға нима учун келгонини билдирмоқликни кўзламоқ зарур, билсин ахир одамларимиз! Билсин, билсин, кўзлар очилсин! Йўқ, яна бир карра, ўн карра йўқким, “…билмаслар, билмаганларини ҳам билмаслар!”

Абдулланинг кўз олди хиралашди. Издиҳом сароб тўлқинлари янглиғ живирлаб-ғимирлаётган майда жондорларга айланди. Жондорлар дам зичлашар, дам сийрак­лашар – пировардида бу манзара ўзгарармикан деган ўй Абдулланинг кўксида ёқилган алангадек аъзойи баданини куйдираётган эди.

– Билмаслар, билмасликларини ҳам билмаслар!..

Буюк Беҳбудий падар ҳаётини, умрини, жисми жонини гумроҳлар боши узра машъала этиб ёқди – билдиларми? Мунаввар қори, мавлоно Фитрат, Таваллони танийдурларми биз журналхонликка даъват этаётган қавм?!

Абдулла бошини кўтаролмай – оёғининг остидан кўзини узолмай қолди. Бир-бир одим ташлаб, уйига етгунга қадар аниқ бир тўхтамга келишни истади. Нима қилмоқ зарур? Қай йўл-қай чора бирлан уйқудагиларни уйғотиш мумкин? Уйқудан, мудроқликдан, танбалликдан?!

 

Илму маърифат ҳам ҳунардан қолди маҳрум бизни халқ,

Маърифатсизлик балосига йўлиқғон бизни халқ.

 

Абдулланинг хотираси кучли эди, пухта эди, метиндек мустаҳкам эди. Ҳамзанинг аччиқ мисраларини ичида такрорладию, одатига кўра, жаҳл отига минди дегунча – ким билсин, ботиний ҳимоя воситаси шекилли, жаҳл-ғазаби ёнида кулгилик бир нима қад ростлар эди. Ушбу одати боис, беихтиёр хаёли Таваллога кўчди.

 

Бошқалар илм изласа, бизлар худойи ош учун,

Эртадан то кечғача бўлдук эшикларда гадо.

 

Сўнгра:

 

Бошқа миллат қилди ғайрат, минди мақсад отиға,

Маҳрум ўлдук лоф уриб, чойхоналарда куну тун.

 

Офарин, домулло Тавалло, офарин! Аччиқроқ, чимдиброқ айтаверинг эмди ҳақ сўзни,  Усто, аччиқроқ! Ғайрат уйи эмас чойхона, ғафлат уйи, уйқу уйи – ҳасратхона! Неча-неча эр йигитлар умри зое – чойхона! Чойхонага қурбон эл қалбида ўқимоққа муҳаббат уйғотмоқлик учун ҳам кўп, рост ва қизиқ ёзмоқлик шарт. Ана, боягина кўрганим-эшитганларимни бўямай-бежамай айнан ёзсам ҳам, андак-мандак авж­лантириб ёзсам ҳам кулиб ўқийди, қизиқиб ўқийди одамлар. “Қорамол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади…”, “Эшагига яраша тушови…” Абдулла эшитган-билган бу сингари қочиримларни ўрни келганда қоғозга кўчирган. Лекин “Аватига чавати, мисқозонга лой тувоқ”ни, “Ит суяк чайнамаса, тиши қичийдир”ни, “Тошка ёмғур кор қилмайдир”ни, “Оғилхона ахлоқ” сингари тагдор ўхшатма гапларни бозордан топди. Бозордан топмаса, ўғри, кисавур, қиморбоз улфатларнинг гаштакларидан “ўмарди”. Мутолаадан топди. Йиғиб-териб юрган шу тоифа қуйма сўзларини жамласа, ўркач-ўркач пахта хирмонига тенг қир-адир ҳосил бўларов!..

 

Кўксингдан гулингни олиб ташлама!

Хаёлинг кўкларда учиб юрганда[5].

 

Абдулла шу дамда ёдида жонланган шеърий мисрадан чеҳраси оловланиб кетди. Уни овози борича шовқин солиб, ён-веридан ўтаётган-кетаётганларни битта-битта тўхтатиб, бети-кўзига тик боқиб жар солиб такрорлагиси келди: “Кўксингдан гулингни олиб ташлама! Хаёлинг кўкларда учиб юрганда…” Барака топ, Абдулҳамид, инжа сўз, инжа ташбеҳ! Илло кўксингдаги гулнинг қадрига еткувчилар танқис, қадрига еткувчилар, Чўлпонбой!..

Абдулла ўзлари яшайдиган Эшонгузар маҳалласи бошланишига келиб қолганини, йўловчилар орасида у билан салом-аликлашаётганлар кўпайганидан пайқади. Одатда у гирдиғумдан келган қоматини тик тутган кўйи тўғрига – кўзларини гоҳ олис-гоҳ яқин оёғининг остига тикиб оҳиста одим ташлар, саломлашганларга жавобан бош ирғаш билан кифояланар, унинг номини айтиб қучоқ очиб қарши оладиганларга рўпара келганида эса, бир кўнгли одамларнинг матбуотга эътибори кучая бораётганидан суюнса, бир кўнгли унинг матбуотда босилган мақоласини тилга олсалар, шунга боғлаб олқишласалар, ўнғайсизликдан ўзини қўярга жой тополмай қолар, шунга биноан бундай хижолатли ҳолатларни четлаб ўтиш ҳадисини олган. Бинобарин, хаёли тўзиб кетишидан ранжиганини сездирмай, чеҳрасига ёруғлик таратиб сўрашишдан ўзга чораси қолмас эди.

 

Карим қори бўлим мелиса идорасига кириб бораётиб, деразадан ичкарида ўн чоғли одам тўдалашиб ўтирганига кўз қирини ташлади. Салом бериб кирди.

– Сизни кутиб тургандик, – деди юқорида ўтирган ярим кишилик-ярим ҳарбий либосдаги залворли ўрис зобити. – Айтар гапимиз кўп эмас, лекин жиддий.

Карим қори бўш курсилардан бирига чўкди. Ён-веридаги таниш-нотаниш кимсаларга бирров нигоҳ югуртиришда, йиғилганлардан фақат икки кимса маҳаллий “қора кўз”лар вакили эканлигига эътибор берди, ичида пичирлаб, юзига фотиҳа тортди. Афтидан йиғилганлар анча-мунча гапни кенгашиб улгуришган, зобит ҳам заҳрини батамом сочиб, сарфлаб бўлгандек эди.

– Хуллас, такрор айтаман, – деди юқорида ўтирган зобит ҳозиргина айтган гап­ларини таъкидлаётган оҳангда мижғовланиб-эриниб, – шаҳарда ва айниқса шу бозор ичи ва унинг теварагида тартиб ҳам осойишталикни сақлаш борасида қаттиқ калтак тушди бошимизга.

У ўтирганларни бирма-бир кузатиб, айтган гапи кимга қандай юққан-юқмаганини чамалаган бўлди. Давом этди:

– Энг оддийси – бозорда оломонни тўдалашишига йўл қўймасликни эплолмаяпмиз. Тушуняпсизларми?! Саломлашсин, омонлашсин – рухсат, сотсин, олсин – рухсат, истаганича тиланчилик қилсин – ол, мунга ҳам рухсат, йўқ, бу халойиқни  нима жин урган – билмадим, сал чалғисанг – тўдалашади, шовқин кўтаради, қўйиб берсанг, тўхтамай бир-бирини хабарлайди! Савдогаридан, лўттибозидан, қаландаридан гадосигача сиёсатдан сўқийди, сиёсатдан!  Тўдалашган ва хабардорликни авжига чиқарган оломон аждаҳога, қутурган махлуққа, офатнинг уясига айланишини биласизларми ўзи?! Неча марта такрор айтаман?! Неча қайта огоҳлантираман?!

Барча йиғилиш иштирокчилари ер чизиб ўтиришарди.

– Миршаббоши, сиз эшитяпсизми? – Ва шу заҳоти “сен”лашга ўтди зобит: – Сен бўшанглик қилаётганингни биляпсанми?!

Карим қори шундагина чеккароқда яна бир ерли аҳоли вакили – маҳаллий аҳоли қисми миршаббошиси Эргаш Шофатҳи ўтирганини пайқади. Миршаббоши ўрнидан оғир қўзғалди, гўдакларча жавдираб, сомеларча бош эгди.

– Ҳамиша бедормиз, ўртоқ бошлиқ, – деди у узрнамо оҳангда, – ҳар қадам, ҳар бурчакда ҳушёр норғулларимиз етарли.

– Етарли эканлигини биламиз, лекин узунқулоқларинг хабарни сенга етказиш ўрнига, тўпланувчи оломонни қулоғига шипшип қўймоқда. Бу ёқдан биззи соллат ва зобитлар етиб боргунларича, оғзи ботир жарчилар айтадиганини айтиб-ишни пишириб, ғойиб бўлмоқда!

Бошлиқ шундай деб миршаббоши томонга бошини буриб, унга синовчан олайди. Миршаббоши турган жойида ҳамма эшитадиган қилиб пишиллади:

– Ҳисобга оламиз…

Бошлиққа бу жавоб ёқмади, у тутақиб ўрнидан ирғиб турди, шу важоҳатда ҳозирнинг ўзида миршаббошининг башарасига тарсаки тортиб юборишга чоғлангандек, алпанг-талпанглаб, унинг тепасига бостириб келди, Эргаш Шофат­ҳининг енгидан юлқиб тортди.

– Ҳисобга олишинг керак эмас менга, тушундингми?! Узунқулоқ сотқин сартларинг бор-ку, ўшаларни қўлга тушириб берасан! Қўлга туширмасаларинг, ўзим топаман ўшаларни! Кейин кимни жавобгар қилишни мендан кўрасанлар!..

Хонага пашша учса билинадиган даражада сокинлик чўкди. Бошлиқ стол устидаги қоғозларини истар-истамас титкилади. Ўтирганларнинг назарида йиғилиш тугагандек эди. Улар бир-бирлари билан кўз уриштиришаётганида бошлиқ қўлида икки-уч варақни тутиб ўрнидан турди.

–  Ҳар иккала қулоқларингга қўрғошиндек қуйиб олларинг! – деди у ва ўқишга тушди: – “Кўчманчи ва ўтроқ аҳоли ўртасида осойишталикни сақлаш мақсадида зарур ва фойдали деб топилган ҳа-ар қандай чораларни кўриш ҳамда сиёсий жиҳатдан зарарли ҳисобланган ҳа-ар қандай шахсни аввал бир, сўнг уч ой турмага ташлаш, сўнгра беш йилгача бадарға қилиш ҳуқуқи берилади”.

Йиғилиш аҳли ялписига бошларини хам қилиб, қулоқ солишди. Уларнинг бу тарз мум тишлаб ўтиришларидан ўқиб эшиттирилган янгилик уларга маъқулми ё номаъқулми – билиб бўлмади. Орага жимлик чўкди. Ҳамон ҳеч кимса чурқ этиб сўз қўшмади.

– Кимга бундай ҳуқуқ берилмоқда, деб сўрашга ҳам ярамайсанлар! – деди хуноби тошиб зобит. – Менга, шу ерда ўтирган сенларга берилди бу ҳуқуқ, тушундиларингми?! Ёки қайта бошдан ўқиб берайми?!

Пичадан сўнг хонага чўккан сукунатни курсиларнинг у ён-бу ён сурилгандаги ёқимсиз тарақа-туруқи бузди. Бошқалар қатори Карим қори ўрнидан қўзғалиб эшик томон икки одим ташлаганида бошлиқ уни тўхтатди.

– Имом домла, – деди у боягиндан овозини пича мулойимлаштириб, – намозхонларингиз масжидда тўпланса тўпланаверсин, мунга ижозат берамиз, хоҳлаганича намозини ўқисин, мунга ҳам рухсат, бироқ мен тушунмайман – намоз тугагач, яна қандай мақсадда тўпланиб, янгитдан ивир-шивирни давом эттирасизлар?

– Намоз тугагач, чиқаверишда тўрт-беш нафар шогирд…

Зобит имомнинг жавобига қулоқ солмади, сўзини зарда билан кучлантириб, давом эттирди:

– Тўртта бўлса ҳам тўпланмасин. Уқдингизми? Уйига борсин, юмушига борсин! Тили узун, оғзи ботирлар масжидда уя қурса, жавобини сиздан сўраймиз!

Карим қори кенг ва дўнг манглайини солинтирди, сўзсиз бош ирғади. Шу пайт бошлиқ асл зобитларга хос ваҳима билан “ҳай-ҳай”лаб ташқарига чиқа бошлаганларни хонага қайтиб киришларини талаб қилди. Афтидан у бирор  зарур кўрсатмани унутган эди.

Йиғилиш қатнашчилари истар-истамас изларига қайтишди.

– Ўтиринглар! – амр қилди зобит.

Ўтиришди.

– Имом домла, – деди у Карим қорига кўзларини дўлайтириб. – Масжидни ҳовлисига газит илиш кимдан чиқди? Одамларингиз масжидга намоз ўқиш учун келадими, газит ўқишгами?!

Карим қори учун бу кутилмаган савол эди.

– Кимдан чиққани менга қоронғи… – деди у салмоқланиб. – Ҳар қалай, ҳукумат чиқараётган газитти ўқийдиганлар кўпайишида хавотир…

Зобит бировнинг сўзига қулоқ соладиган махлуқ эмасди.

– Хавотир бор-йўқлигини ўзимиз яхши биламиз! Сизга топшириқ – бугундан намозхонани газитхонага айлантиришга чек қўйилсин! Тўдалашма газитхонлик… Нимайди, ану?.. – Зобит шиша синиғидан ясалгандек кўм-кўк кўзини юмиб, тақир бошини қашлади. – Ҳаромни нима дейди мусулмонларингиз? Ҳаромни… М-мак, макруҳ! Топдимми?! Тўдалашма газетхонлик – макруҳ, деб фатво чиқаринг, олам гулистон! Қутуласиз-қўясиз, ваҳ-ҳа-ҳа-а!..

Карим қори бошини тиззасига солинтирди. Шу тобда чурқ этиб оғиз очиш ортиқча эди, тилини тишлади. Зобит ўзининг “топқирлиги”дан қувониб кетди чоғи, бу ёғига ҳаддидан ошди:

– Муму кучукчани боқиб олган соқов бор-ку[6], отинг қурсин, ўшанга ўхшаб  ўтираверсаларинг имомлик ҳам ўзимга қолиб кетади! Ваҳ-ҳа-ҳа!..

Пристав имомнинг бетидаги бирор туки ўзгармай тунд ўтиришини кўриб ҳаддидан ошаётганини сезди чоғи, бирдан ҳушёр тортди. Мақсадга кўчди.

– Хуллас, – деди бояги жиддий оҳангда, пўписа аралаш. – Сиз билан келишдик – масжидда одам тўп-лан-ма-син-н! Тамом, вассалом!

У шундай деб бошқаларга ўгирилди. Овозига янаям таҳдидли тус берди:

– “Турон” кутубхонасига танда қўйганлар, эртадан кечга  довур қироатдан бош кўтармайдиганлар билан алоҳида шуғулланурмиз. Лекин кутубхона деворига, яъни кўчага-я, газит-журнал илиш қайси хомкалланинг иши?! Қайси душманни иши?! Қўпорувчилик – бу! Контр-революция!.. Ўз кўзим билан кўрдим, гала-гала, очират дейсан! Биттаси овози борича ўқияпти, қолганлар ха-ха-хо, ха-ха-хо! Саводсиз оломонни йиғиб олиб кимнинг устидан куляпти, кимларни мазах қиляпти улар, шуни ўйлаяпсанларми, эшитяпсанларми, ўзи?!

– Тағин “Муштум” деган жўрнал чиққанини айтмайсизми?! – дея луқма ташлади кимдир хушомад қилиб. – Одамлар орасига тарқаб кетяпти!

– Ана, айтмадимми! Кимга керак ўша “Муштум”?! Сатира жўрнали етмаётувди!  Кулги гап ёзиб бутун авомни оғзига қаратадиган матбуотчи қавми – ўн карра қўпорувчи деяверинг! Матбуотчи кўпайган жойда душманга ҳожат қолмайди. – Зобит гапдан тўхтаб чайналди, сўнг товушини пастлатиб ғудранди: – Гап шетта қолсину, бугун-эрта “Муштум”ми куни битадиган!..

Карим қори қулоғига узуқ-юлуқ чалинган бу таҳдидли минғирнинг тагмаъносига тушуниб етмади. Кўчага чиққан жойида бир зум тин олди, ён-верида ҳозиргина эшитиб чиққан ваҳима тўла дағдағалар юзасидан ҳасратлашадиган кимса йўқлигидан афсусланиб, тек турган кўйи хуфтон намозига айтилаётган азонни жон қулоғи билан тинглади, ундан қувватланди, бирмунча енгил тортиб, масжид томон йўналди.

 

Абдулла боғ ҳовлининг якка тавақали эшигини шовқинсиз очдию отаси ётган уй томондан узуқ-юлуқ сурнай саси келаётганини эшитиб кулимсираб, пича туриб қолди. Ток сўриси остида алланима ўйнаб ўтирган Назифа, унинг изидан Ҳабибулла сурнай овозини эшиттилар чоғи, бирдан сергак тортиб, олдинма-ке­йин қувалашганича уй томон югуришди. Эшикни  оча ўзларини ичкарига уришди. Абдулла ҳамон мийиғида кулиб пастак, лойсувоқ томли уй томон юрди. Боратуриб ичкарида бошланган музокарага қулоқ тутди.

– Бобо, сурнайни ким чалди? – сўради ҳовлиқиб Ҳабибулла.

– Қанақа сурнай? Бу уй сурнайхонами санларга? – Отасининг йўғон, ҳазил аралаш дағал товуши эшитилди Абдуллага.

– Менам битта чалай… – дея ёлборди Назифа.

– Қиз бола-я? Нимани чаласан?!

– Суннайни!

– Манда суннай нима қилади! Аданг келса айтаман, ҳаммангга шарра-баррачи лўлидан сурнай оберади. Қани, мани бошимми қотирмай, борларинг, ўйинингни ўйналаринг. Ҳо-озир ҳаммангни қувиб савалайман!

– Ўнниздан туролмайсиз-ку, – деб тегишди Ҳабибулла бобосига.

– Нима? Нима дединг, тирмизак? Ман туролмайманми?! Тўхта, тўхта дедим!

Абдулла томоқ қирди. Буни эшитган опа-ука, “Адам! Адам келдила!” деганча ўзларини ҳовлига отдилар. Абдулла қизи ва ўғлининг кифтига меҳрибонларча қоқиб қўйди-да, улар ёнида ортиқ тўхталмай, остонадан салом бериб, отасининг ҳузурига кирди.

– Дурустмисиз, дода? Невараларингиз безор қилишмаёттими, ишқилиб?

Қодир бобо аразлаган шекилли, ярим терс ўгирилганича, бир муддат ўғли томон қарамади. Киши кексайганида гўдак боладек бўлиб қоларкан-да, деди ўзича Абдулла кулимсираб. Шунда додасининг кафтида нимадир йилт этганига кўзи тушди. Абдулла ҳозиргина хаёлидан кечган ўйга тасдиқ топгандек яйраб кулмоқчи эди, ота­сининг кўнглига оғир ботиши эҳтимолини ўйлаб, ўзини тийди. Отаси аҳён-аҳёнда ёстиғининг остига яшириб сақлайдиган сурнайчасини олиб, бир-икки қур пуфлаб қўйиш одати бор. Юпқа тунукадан ясалган ўйинчоқ сурнайчадан таралган заиф нағмани тўполончи неваралар ўзлари учун боболари томонидан эълон қилинган чорлов ўрнида қабул қилишар ва боболари ҳузурига отилишиб-қувалашиб кириб келишар, бундан завқланган бобо сурнайчани яшириб, ўзини билмаганга олиб ётаверар, шу гўдакларча эрмакдан ўзича завқ туярди.

– Абди, ке, ўтир, – деди Қодир бобо ўғлига қарамай, ҳамон ўпкаланганнамо ҳузн[7] бир оҳангда. Абдулла сўзсиз отасининг рўпарасига чўк тушиб, қўлларини тиззасига қўйди. Бобо беҳад муҳим юмушдан сўз очаётгандек жиддий оҳангда гап бошлади: – Бир иш қилсанг…

Абдулла қулоғим сизда деган маънода бош эгди, сукут сақлади.

– Ҳовуз лабидаги терак бор-а?

– Бор…

– Ўшани ағдар. Акангни тоби йўқ, уканг қарашсин. Додам айтди де.

– Хўп…

– Ҳамманг ўзларинг билан овора. Сан ёзув-чизувдан ортмайсан…

– Хўш…

– Бибинг қариб қолди шекилли… – Қодир бобо шундай деб бир зум тўхтади, афтидан у хўрлиги келгандек, бир чимдим йиғламсираб олди. Сўнг давом этди: – Мани ҳолимдан хабар олмай қўйди.

– Хўп…

– Ўша теракни ағдар-да, кесиб сот.

– Хўп…

– Чорсуда Қулбозор бор. Ўшатта қул-чўри сотилади, ҳалиям борми ўша бозор?

– Бор… – Абдулла отасининг гапини тасдиқладию қул-чўри бозори аллақачонлар йўқолиб кетганини кўнглидан ўтказди.

– Ўшаттан бир ёшроқ чўри хотин сотиб олиб, уйга опке.

– Хўп бўлади…

– Манга хизмат қилиб турар…

– Хўп, дода…

Абдулла отасидан теша тегмаган инжиқликларни кутса-кутардики, бунақа гапни кутмаганди. Лекин у қандай бўлмасин юз ёшдан ўзиб бораётган падарининг раъйини қайтармаслик, пушти паноҳи эҳтироми ҳурмати у кишига “йўқ” сўзини оғзига олмасликка одатланганди. Бироқ шу ўринда унинг қитмирлиги тутди шекилли, ўзи ҳам аниқ англамай-нетмай отасига сўз қотди.

– Дода, – деди у жиддий оҳангда, – теракни учи кўкка етаёзган, танаси қучоққа сиғмайди, сотсам бир дунё пул бўлар.

– Яхши-да…

– Сотган пулим битта эмас, иккита чўрига етиб ортса нима қилай?

Қодир бобо аввалига ўғлининг муддаосини фаҳмламади, бироз ўтгач англади шекилли, тирсаги билан ёстиқни такя қилганича ирғиб турадиган бир жаҳд ила елкалари, қоқсуяк баданини силкиллатиб кулиб юборди. Яйраб, чеҳраси чарақлаб кулди. Абдулла отасининг очиқ кўксини қоплаган қуюқ ёлнинг қордек, симобдек оқариб кетганига разм солди. Шу аҳволдаги бобойнинг назарида эса мана ҳозир ўғли Қулбозорга борадию битта эмас, бир жуфт чўри аёлчани етаклаб келадигандек эди.

– Хаҳ, гапинг қурмасин сани! Аллаким айтганди, ўғлиззи тили аччиқ деб, тўғри айтган.

“Тўғри гап аччиқ бўлади-да”. Абдулла бу гапни овоз чиқариб айтмади. Балки дилида, дилининг бир чеккасидан ўтказди, холос. Бироқ отаизор кўнгли ила пайқади чоғи ёхуд тасодиф юз бердими, айни шу эътирозига жавоб бўларли насиҳат қилди:

– Ҳақ гап бамисоли мағзи аччиқ бодом, уни қадрига етган одамнинг ўзи қадр топмайди, болам. Ҳаёт азал  шундай…

 

Боғнинг этак томони кета-кетганча бошланиши гулзор, сўнг узумзор, ўрикзор, шафтолизор, ундан нариси қуюқ дўланазор ва теракзор эди. Абдулла одатда кўчадан иссиқлаб келган пайтлари ё узумзор, ё ўрикзор ё дўланазор остидаги бирор соя-салқин ерга кигиз ё бўйра ташлайди, устидан кўрпача тўшайди-да, гоҳ чордана қуриб, гоҳ кўксини ёстиққа берган кўйи ёзишга тутинади.

Бу сафар ҳам у одатини канда қилмади. Савр офтобида иссиқ урганми, бошига дам бермак истади шекилли, сояси қуюқроқ пана жой ҳозирлаб, бир зум ёнбошлади. Боғни оғушига олган жимжитликни мусичанинг ҳазин “ку-ку”си бузди. Абдуллага болаликдан мерос – айниқса қоқ пешин чоғлари, атроф-жавониб, дов-дарахту ўт-ўлангача сукунат оғушига ғарқ бўлган дамлар бирдан мусичанинг дам калта-калта, дам чўзи-иб-чўзиб кукулаши жаранглайди:

– Ку-ку-ку-ку-у!.. Ку-ку-ку-ку-у-у!..

Дунё бир томон, олам бир томон, замину само бир томон – мусичанинг мунгли ва жарангдор “ку-ку”лаши бир томон!.. Ёлғизлик нағмасими, бу мунгли садо, беозор жониворнинг? Ҳамроҳ истаяптими, ёлғизлигидан нола чекмоқдами? Унинг ёлғизлигига дов-дарахт, ўт-ўлан, замину осмон, мана шу боғ-роғ, Абдуллага қўшилиб жамики одамизод айбдормикан?! Гўё бу ёруғ оламда парранда зоти қолмагандек, қолган эса-да, бу бахти қаро мусичани тамом ёлғизлатиб қўйишгандек, унинг нолакор “ку-ку”лари абадул-абад жавобсиз қоладигандек эди. Қани, қаерда ўзи?.. Абдулла ёнбошини болишдан узиб, атрофга аланглади, бироқ унинг хаёлини тўзғитиб юборган мусичани топмади. Уйга кела-келгунча кўнглидан кечган ўйларини бир бошдан хотирламоққа тутинди, тутинса-да, қай мавзуни қоғозга туширмоқни мўлжаллаганини росмана эслолмади. “Вужудимни тўлдирган зардобни тўкиш учун ҳам уйқудан уйғотмоқдаман. Ишчими, деҳқонми, маорифу маданияти, иқтисодию шалтай-балтайи ўзим сингари ғафлат уйқусига банди эканлигидан куймоқдаман. Маҳалла ишсиз, гузар ишсиз, бозор ишсиз – том тешарга уқув, йўл тўсарга юрак йўқ, уйқудан аламни олмай қаён борсин, бу овсарлар?! Ўчоқбошида-қозонбошида эса жой қаҳат, инчунин қаланғи-қасанғи тошини терсин!

Ўлка қай аҳволда-ю, уста Йўлдошнинг куйгани қайси ергача?! Салкам беш минг кишига битта мактаб эмиш! Ола-а, ўқийман деганлари неча ҳовуч. Очган мактабинг неча сиқим, дейдирган жўмард йўқ майдонда”.

Йўқ, қаттиқ кетмади Абдулла. Борини ёзди, аламдан ёзди. Ўқиганлар ҳушёр тортсинлар, ғафлат кўзларини очсинлар. Қалбларига тоза насимлар етиб борсин деган ўйда ёзди.

Мавзу танлашда кўп мулоҳазага борарди Абдулла. Мулоҳазага борар экан омманинг қизиқишини ҳисобга олар, лекин бу билан иш битди дегани эмас. Топган-танлаган мавзусини қандай ёзиш янаям, хусусан, матбуотдан бехабар, газит-журнал деса мудроқ босадиган танбал қавмнинг қулоғидан торти-иб ўқишга-мутолаага мажбурлаш учун теша тегмаган ҳолатларни авомнинг ўз тили-ўз лаҳжасида баён этмоқлик ҳам шарт.

Абдулла ёзганлари ҳаётий чиқишига, қўлига илк бор газит-журнал тутган қавмнинг ҳам онг-тафаккурини ишғол этиш қасдида қалам тутарди. “Муштум”нинг янги сонида босилган мақоласининг мавзуси, ёзиш услуби ўз-ўзидан туғилди. Йил бошидан таътилга чиқиб уйда ўтирди. Ўйлаб кўрса, газит-журналда исм-шарифи кўринмаганига бир ярим ойдан зиёдроқ вақт ўтибди.

Гапни шундан бошлади. “Ўқуғучилар билан дардлашмаганимга қарийб бир ярим ой бўлди” деб ёзди. Кулгини камайтир, ғазабингни жиловла – жиддий оҳангда ёз мақолани, деб ақл сўқигани-сўқиган Ғози. Вой, ақлингдан сани, Ғози! Вой, дўстим, деган тилингга жонимни қоқай! Кулгини, таъна-ўпкани тўкмасанг кимга керак бундай мақоланг?! Меҳрингни бер, диққат ила ўқи,  оғайни, маним мақолаларим – маним дардларим ахир! Ёзар сиёҳим – дардларим, шу боисдан ҳам заҳар у, заҳар. Бўлак сиёҳдан қўлимга қалам тутмайман, Ғозивой жўра!

Боғнинг салқин эпкини бетини, кўксини сийпаб ўтди. Абдулла енгил тортиб, ортиқ хаёл суришни бас қилди-да, қаламини қитирлатиб ишга киришди.

“Эрта тонг вақти алоҳида бир сезги берадир.

Мусаффо ҳаво, майин ва ёқимли шамол куртакдан эндигина чиқиб баҳорни саломлаган ёш ва тиниқ япроқларни елпиб турадир. Баракали ёмғурлардан ке­йин яшнаб кеткан барра майса ўтлар ерлар бетини секин-секин ўпиб-ўпиб кеткан тонг шамолида ҳилпираб-ҳилпираб кетиб, ҳазил қилишгандай бир-бирларини қучоқлайдилар. Бутун ер юзи…”

Бир пайт дўланазор адоғидаги пастак гувалак девор оша икки-уч қизалоқ чеҳралари лип-лип ўта бошлади. Ўша тарафдан дугоналарнинг эҳтиёткорона  қиқирлагани чалинди қулоққа. Бироқ бу шарпалару қиқирлашлар тақир ер устидаги кўрпачада чордана қуриб ўтирган ёзувчининг фикрини чалғитолмади. Ваҳоланки, гувалак девор оша ўғринча уни кузатаётган қора кўз қизлар ўзлари билганларича қўшни Жулқунбойни ғийбат қилаётган эдилар.

– Хат битвотти! – шивирлади қизлардан бири.

– Нималарни битвотганикий, тавба-а-а! – Ҳаяжондан энтикиб илова қилди бошқаси. – Хадич, қўшнингни феъли санга маълумдир ахир? Айт, билсанг!

Дугоналарнинг учинчиси – Хадича узоқ ўйламай вазиятга “аниқ-тиниқ” ойдинлик киритди:

– Ёмон одам бўлса керакки, тинмай ёзади!..

– Астағфируллоҳ, ўзинг асра, бундай одамлардан! Яхшиям ёзишни билмайман!..

– Ўзингга шукр, ман ҳарф ҳам танимайман…

Учала дугона кесак ирғитилиб ҳуркитилган чумчуқ тўдаси янглиғ дув этдию, бехосдан кўча эшикда пайдо бўлган эркак кишининг қораси кўринган замони ҳар учовлари зумда кўздан ғойиб бўлишди.

 

– Улдурким, ман санга айтсам, ёзғувчилик – асли шайтони лаъинни касми!

Шавқ ила қалам тебратаётган Абдулла чўчиб, тепасига келиб қолган киши томон ўгирилди.

– Э, келсинлар, домла! Қандай шамол учирди десам, дов-дарахт тинч, хас-хазон сукутда, қилт этмай турибди. Фаришталардай сездирмай келасиз-а!

– Фариштага ўхшатишинг бир нави, илло, аканг қарағайни учирадиган шамол ҳали осмондан тушган эмас. Сан ёзғувчи бўлсанг, ман, биласанми, кимман?!

Абдулла ўрнидан қўзғалиб, жуссаси бесўнақайроқ, кўринишидан ўзига қараганда хийла ёши улуғлиги сезилиб турган келувчига ҳурмат бажо айлади. Бироқ меҳмон, афтидан ҳозир берган саволига жавоб олиши ғоятда муҳим бир вазифадек кўрпачага қадам босишга ошиқмади.

– Кимлигимни айт, кейин ўтириш қочмас. Мандек бир олиму уламо одамни бу хумсаларга дурустроқ тушунтириб ёз деб неча чакак қоқдим, айтконларим бу қулоғингдан кириб, наригисидан чиқиб қочаётган кўринадир бачам?! Ман қандоқ айтсам сан шундоқ ёз деб неча тайинладим, Насриддин Афандининг йўрғасидай қайсар экансан ўзинг ҳам! Абдулла: “Кимлигингизни менчалик биладиган банда йўқдур, домла?” деб қўшнисининг забонини ўйиб олмоқчи эди, ниятидан қайтди. Қолаверса, Исоқ домла ким билан юзлашмасин даставвал бўрдоқига боқиб қўйган қовоғарилари ғужғон ўйнаётган ғазабдонини шамоллатиб олиш одати унинг учун янгилик эмас, шу дамда алангаи оташ товасида жазиллаб кирган бўлса, зум ўтмай ҳовуридан тушишини Абдулла яхши билар, у кишимнинг инжиқзада нағмаларига кўникиб кетганди. Уч йилдан ошиб боряпти, аҳвол шу…

 

Бошлиқ унча-мунча хизматга терговчиларни ҳузурига чақиртиравермасди. Демак, жиддий ва қалтис бир гап борки, шахсан ўзи шуғулланаётган кўринади.

Терговчи шинам хона томон шахдам бир қадам ташладию ҳарбийчасига кифтини келтириб салом берди. Белский эса аликни  ҳам насия қилиб, томдан тараша ташлаган қабилда муддаога кўчди:

– “Овсар” деганлари ким? Шундай ёзувчини эшитганмисан?

Агидулин довдираб қолди. Бундай саволга жавоб йўқ эди унинг бисотида.

– Сартларнинг текин паловини туя қилишдан бошқага ярамайсанлар! Қўлингга газит оласанми ҳеч?! Газит-журнал ўқийдиган саводинг борми?!

– Бор, ўртоқ начальник! Ҳар куни ўқийман.

Белский ўтирган жойидан туриб, қоп-қора, усти ялтироқ столни айланиб ўтди-да, Агидулиннинг кўзига сўррайиб тикилди. Нигоҳи юмшади.

– Кўзингдан сезиляпти. Ҳатто “Муштум” деган журналниям ўқир экансан…

– Ўртоқ бошлиқ, ўзбекчага тишим ўтмай…

– Кўзингдан сезиляпти дедим-ку, саводсизлигинг, ўқимаслигинг. – У бирдан жиддийлашди. – Мен эса ўқийман. Ҳаммасини ўқийман. Ўқимаганинг учун ҳам бурнингни тагида юрган ашаддий жиноятчини пайқамайсан, кўрмайсан!

– Хўп бўлади, ўртоқ начальник!

– Нима хўп, нимага хўп бўлади?! – У ўзи ишонган терговчини ортиқ гапиришга қўймади. Мақсадга кўча бошлади: – Аги! Биласан, мен сени бекорга чақирмайман. Ишонаманки, чақираман. Тушуняпсанми, ишондим!

– Ишончингизни оқлайман, ўртоқ бошлиқ! Мижжа қоқмай ишлайман. Топшириғингизни адо этмагунимча, ошга ҳам бормайман.

Белский кулишини ҳам, кулмаслигини ҳам сездирмади.

– Бошқа ишларингни йиғиштир, мен айтган иш нозик, – у хона шифтига имо қилди. – Назоратда.

Агидулин бир сескандию ўзини ўнглаб олди. У бунақанги назоратдаги ишларнинг кифтини келтириш бобида устаси фаранг бўлиб кетган, ҳали бирон марта қовун туширмаган эди.

– Ҳужжатларни олишга ижозат беринг, ўртоқ…

– Қанақа ҳужжат? Ҳужжатлар тайёр бўлса сенга куним қолмасиди, Аги! Икки қулоғинг билан эшит. Ёзиб ол!

Терговчи учта сўзни бошлиқнинг оғзидан қандай эшитган бўлса айнан дафтарига ёзди: “Муштум”, “Йиғинди гаплар”. Овсар.

– Ёздингми? Бу ҳақда фақат мен билан гаплашасан, ҳеч кимга гуллаб юрма, тушундингми?!

– Тушундим, ўртоқ начальник!

 

– Улдурки, замона охир бўлди, ини-им!..

Маҳаллада мулла Исоқ домлани танимаган ёш-кекса йўқ эди. Бунга ўлақолса домланинг ўзи ҳам йўл қўймас, бирор-ярим ёш-яланг танимайман деб қолса борми, ҳай-ҳай, Исоқ домла ундай бефаҳм бандага кўз очирмас-кун бермас, дунё­бехабардан олиб, бесаводга чиқарар, сазойи қилишдан ҳам тоймас, хулласи, сиздан улуғ, сиздан доно, сиздан фузало зот йўқ бу маъвода дея тавба-тазарру қилмагунича қочгани жой тополмасди. Бу етмагандай, домласи тушмагур маҳалла масжиди имомчилигига қўшимча ўлароқ ўзини маҳалла-кўйнинг маънавий падари, маслаҳатгўйи ўрнида кўрар, бу “нодир” қобилиятини ўзгаларга кўз-кўз қилишдан ийманмас, мусулмончилик масала-масоидлариданми ёхуд турмуш юмушларига дохилми, хуллас, қандайин муаммо туғилса ўзини бадастир зукко маслаҳатчи деб билар, қиссаи кўтоҳ, бунинг сабабини билишга қасд қилувчиларга айтиладиган гапнинг индаллоси шулким, ҳазратимизнинг камтарона эътирофларига кўра у кишининг бу ёруғ очунда билмаган-ақллари етмаган нимарса қолмаган, инчунин, ўзларини аллақачонлар комиллик  чўққисини ишғол этганлардан ҳисоблар эдилар.

Абдулла Исоқ домланинг довруғини орқаворатдан эшитган, лекин у билан яқин ош-қатиқ бўлган жойи йўқ, қулоғига чалинган узунқулоқ гапларга эса, кўпда эътибор қилавермасди.

У гузар бошидаги маҳалла масжиди биқинига солинган чойхона ёнидан ўтиб келаётиб эди. Одатдаги кунда-шундалардан ҳоли, кимсасиз эди чойхона. Абдулла қадамини жадаллатди. Шу пайт осмондан тушдими, ердан чиқдими, ортидан ўзининг исмини тилга олиб чақирган товушни эшитди-ю, тўхтади.

– Ҳа, намунча, изингдан бирав қувяптими?! Ё, заҳар танг қип қолдими?

Абдулла бу бепарда-беўхшов луқмадан афти бужмайди, саломига яраша алик қабилида жавоб қилмоққа лаб жуфтладию, уни тўхтатган одам маҳалла имоми эканини кўриб, лоп этиб аланга олишга шайланган ҳовуридан тушди. Ҳар қалай довруғи кетган, кимсан Бухорои шариф мадрасасида таҳсил олиб қайтган, қолаверса, ўзидан бирмунча ёши улуғ кимса.

Абдулла совуққина салом берди-ю, танишувнинг давомини кутди.

– Қодирмуҳаммад бобомни ўғлисан-а?

– Шундай, тақсир.

– Дурустмилар, ишқилиб? Кўчага чиқмай қўйдилар дейман?

– Қаричилик, тақсир…

– Шу-ундай файзли инсонни боласи бўлсанг, етти пуштингга ёт иллат қаердан юқа қолди санга, бўтам?

Абдулла томдан ташланган тарашадек беўхшов тарақлаб қулоғига қадалган “шовқин”ни тушунмади – етти пуштига ёт иллат нима? Унга нима юқибди?..

– Ёзғувчилар овсарроқ келади деб эшитканман. Санга ҳам бегона эмас-ов бу иллат? Тагини суриштирсанг, бу ғурбат касми-кор нимаю, шайтонни найранги нима! Муборак китобларда битилган бари.

Абдулла тажанглашди, тутақди, ахир на дунё, на диндан бохабар мана шу тоифа чаласаводларга қолиб кетмоқда миллат тақдири, газет-журналдан қайтараётганлар ҳам шулар. У оғиз жуфтлади, кўнглидан кечган-оғзига келган гапларини айтса борми, қиёмат қойим бўларди-я, буни домла айни вақтида пайқади чоғи муомалани ипаклаштирди:

– Ҳаммасидан бохабарман. Довруғинг чакки эмас кўринадир. Манга қара?

Абдулла тўхтаб, у томон ўгирилди.

– Муштумга ёзади, деб довруғинг кетибди, ҳеч ким йўғида бир билиб қўяй.

– Нимани билиб қўясиз?

Мулла Исоқ домла атрофга олазарак аланглади-да, гўё ўзининг беҳад ақлли саволи суҳбатдошини гангитиб қўйишидан андиша қилгандек сўради:

– Манга бир очиқчасига тушунтир. – У бир қўлини мушт қилиб Абдулла томон чўзди: – Муштум дастурхондек қоғоз эмаски, унга хат битсанг! Уни қаерига ёзасан? Нимада ёзасан? Нимани  ёзасан?

Абдулла қулоғигаям, кўзигаям ишонмади. Кулишини ҳам, кулмаслигини ҳам билолмай анграйди. “Ҳозиргина уни овсарга чиқарган алломаи замон нималар деб алжияпти?” Начора, жуда кўпчилик одамлар газета-журнал нима эканини дурустроқ билмайдилар, бунинг гўё барча айб-кароҳати ўзининг зиммасига тушадигандек жиддий тортиб тушунтиришга киришди:

– “Муштум” деган нарса одамнинг мушти эмас, тақсир, кў-ўп варақдан ташкил топган, ойда икки дапқир чоп этиладиган газитти бир тури – уни жўрнал дейдилар, холос.

– Ҳой чатоқ, вой чатоқ! Тоза олдинг-ку, бачам. Ҳиқилдоқдан олдинг-ку!

Исоқ домланинг ранг-қути гезаргандан гезардию ўша заҳоти ҳушёр тортди, бир юмалаб ўзининг олиму уламо эканлиги ёдига тушиб қолди.

– Шу сан айтқан нарсани билмайди деб ўйладингми? Мани-я?! Сан шўронинг файтонига осилиб, ўрисси афсунига лаққа тушдингу бир юмалаб мусанниф-ёзғувчи бўлдинг-қолдинг, биз эса – бесавод, оми, шундайми, бўтам?! Улдурки, ўқимасам ҳам биламан. Аввал йўқ ердаги гапларни топиб-термачлаб ўша “Муштум” отлиқ газитингга ёзасан, майна қиласан-кулунч[8] қиласан, дуппа-дуруст одамларни маймунга ошно қиласанлар-да, сўнг мушт уриб ағдарасанлар! Шуники билмасам, шунгаки ақлим етмаса мен ким Бухорои шарифда таҳсил кўрган, менким мана шу Эшонгузар маҳалласидан тортиб Самарқанд дарбоза депарасида иззат-ҳурмати баланд домла имомлик обрўйим қатта қолади?! Оббо, бачажоним-а, домла билмайдилар деб ўйлабдилар-да?! Э, чатоқ, воҳ чатоқ! Илло қулоғингда бўлсун, бачам, улдурки, ёзган-нетганда биззи ҳам унутма, маслаҳатлаш, кам бўмайсан, уқдингму?

Абдулла бош ирғади, оғзи бепаровоз-бепарҳез мулла маҳзумдан тезроқ узоқлашиш пайига тушди. У бир неча одим нари борганида, домла турган жойидан жилмай бошини сарак-сарак қилганича, изидан қараб турганини сезди. Домланинг: “Ҳа, бўтам, улдурки,  кенгашли тўй тарқамас, камина ҳамиша – беминнат”, деганини аниқ-тиниқ эшитди.

 

Кўчада иттифоқо юз берган воқеани Абдулла кула-кула бибиси билан акасига ҳикоя қилиб берганди.

– Бўлса-бўлмаса, “улдурки” деявериб энсамни қотирди, – деди у.

– Домланинг ғалатлигини энди билдингми? – деб укасининг устидан кулди Раҳимберди акаси.

– Исоқ шўрлик домла эмас, имому аллома ҳам эмас, Калвак – у, Калвак!

Бибисининг гапига Абдулла акаси билан қўшилишиб кулишди-ю, ака-укадан ҳеч бири “Калвак” сўзининг нима маънони англатишини билишмади. Кейин маълум бўлдики, уларгина эмас, беихтиёр бу сўзни кашф этган Жосият бибининг ўзи ҳам билмас экан.

– Қайдан билай, болам, – деди биби кенг енгининг учи билан пешона терларини арта-арта. Абдулла қўярда-қўймай суриштиравергач, пича ўйланиб туриб, – маъносини билмадиму лекин шу сўз Исоқ домлани феъл-атворига тоза тушади-да!

 

Икки-уч кунгача Абдулла бибисидан эшитган янги лақабни ичида пичирлаб так­рорлаб юрди. Ўзи танлаган “Улдурки”дан воз кечиб, бибисининг ҳурмати, “Калвак”ни маъқул кўрди. Шу сўзни ҳар такрорлаганида кўз олдида мулла Исоқ домла бор бўй-басти, рафтори, гап айтиш одатлари билан бутунисича гавдаланар, унинг қайта-қайта ўзини ўзи алломаи замон деб эълон қилиши, айниқса “Муштум”ни одамнинг мушти деб ўйлагани янгитдан кулгисини қистатар, илк дафъа танишиш-гурунглашиш унда бир қадар ёқимсиз таассурот қолдирган эса-да, негадир ўзида шу одам билан тағин кўришиш, суҳбат қуриш иштиёқи кўз очаётганининг тагига етолмаётганди.

Дастлабки таассурот тўлқинида кулгили бирор нарса битишга жазм этган жойида фикридан қайтди. Тўғри қилган экан, илк суҳбат пировардида сирдош-дўст тутинган Исоқ домла атайин ёш ёзғувчи маҳалладошининг йўлини пойлайдиган одат чиқарди. Абдулла ўзидаги мойилликни сирбой бермай у билан узун-қисқа гурунглардан ўзини олиб қочмайдиган бўлди, ўйлаб қараса, қўшни домла – Калвак думбулроқ, овсарроқ, илло кўнглида қурум-дуди йўқ бир қоп ёнғоқ мисол олашовур нарса экан!

Абдулла тап-тайёр ёзишга лойиқ қаҳрамон топганини англаб-англамай, уни ўхшатиб қоғозга туширишга киришганини ўзи ҳам сезмай қолди.

 

Меҳмон одатига кўра маърузасини бошлади:

– Улдурки, замона охир бўлди, ини-им!.. Ҳаммаёқ расвои радди бало! Нима кўп – ҳуда-беҳуда иш кўп! Ёзвоссанми?

Абдулла бош ирғади. Маъвиза давом этди:

– Шарорат пешалари авжида, биззи фақирлар эса хорликда. Новзанбиллоҳ, новзанбиллоҳ!.. Кийимлар этаксиз, сочлар белга етади. Бунга кўнсанг, эркаклар хотун, хотунлар эса эркак қиёфасига кириб бўл-лди! Ақл кетди, ақл! Ақл кетдими, қулоғингда бўлсин, бола, жамоатдан ақл кетдими, борар йўлимиз, қилар ишларимизнинг оёғи арши аълода-боши қора туфроқда деявер!

Меҳмоннинг ёқасиз яктаги орасидан кўкрак мушаклари бўртиб кўриниб турар, калта ўй нусха кимсан Жулқунбойдек элга танила бораётган ёзувчини бу қадар бемалол ва хўжайинларча ўзига маҳлиё қилиб ўтирганидан ичида мамнунлигини яширмас, айтаётган гаплари чиндан ҳам ёзувчи қўшнисига ёқиб тушаяпти деб ўйлаётганди. Воиз атрофга ўғринча аланглаб қўйди-да, таҳдид ила қаттиқ пишиллади:

– Билиб қўй, Абдил, ман айтганларим бари охирзамон аломатларининг ўзгинаси! Наузанбиллаҳ, ўзинг раҳмингни дариғ тутмагайсан!

Абдулла бетига жиддийлик тусини бериб, меҳмоннинг боши узра узоққа тик қаради. Унинг нигоҳида жиддийлик билан ўйчанлик қоришиб кетган, рўпарасида турган бу инсон айтаётган гапларнинг мағзини чақишга уринар, дам кулгиси қистаса, дам оғир ўйларининг адоғига етолмай, ўйловларини тилига кўчиролмай хуноби ошгандан ошар эди.

– Сан мундо-о-оқ маҳалла-кўйга чиқмайсан. Одамларга қўшилмайсан…

– Ҳм… – деди-қўйди Абдулла эшитилар-эшитилмас.

– Вей, манга қара, бола! Шу ўзимиззи кўчага ҳам қадами етибди ўша касофатларни!

– Қандай касофат?

– Пешин намозига боратуриб муюлишда қип-қизил бир ўрис ўспиринга рўбарў келаманми! Тағин қўлида милтиқ десанг!

– Милтиқ?! Ҳуркиб кеттийзми?

– Мен-а?! Ман ҳуркаманми, бўтам?! Шуни билиб қўй, милтиқдан қўрқадиган пайтларим ўтиб кетган! Ўқиган-илм орттирган алломаи замон учун бул фоний очунда бир бошга – бир ўлим, уқдингми? Уққан бўлсанг, унутма! Хуллас, рўпарамдан келаётган бадбахтга бир ҳунаримми кўрсатай деб чоғланганимми биламан, “Ассалому алайкўм”, деб қолса бўладими?! Ёпирай! Тушимми-ўнгимми? Ўзи сап-сариқ машак! Ғайридиннинг саломига алик жоизми ё ножоиз, деб ўйланиб улгурмасимдан рўпарамга яқин келиб қўлини чўзса десанг?! Вой, нобакор! Вой, нонкўр! Ман киму у ким?! Ёқасидан олай десам, қўлида милтиқ! Олмай десам, қўл чўзиб турибди! Астағфируллоҳ, деганимми биламан, не кўз билан қарайки, тиржайиб афтимга боқиб турган мелиса ўспирин ўзимиззи маҳаллани боласи – Абжал сариқ экан!

Абдулла тиззасига шапатилаб мириқиб кулди. Исоқ домланинг берилиб сўзлаш тарзи юз-кўз аломатларидан-да, юз-кўз аломатлари эса сўзлаш тарзидан-да кулгилироқ, ажабтовурроқ эди. Илло иззатли меҳмон  куладиган аҳволда эмас, Абдулланинг нимадан бу қадар яйраб кулаётгани боисини ҳам англамаётган эди.

– Нимасига куласан, Жулқун, нимасига?! Таги мусулмонни боласи бўлса-а, анавилар шапкани кимларга беради, биласанми?

Абдулла суҳбатдошини обидийдадан тўхтатишни истамай унсиз бош тебратиб маъқуллади. Унинг бу тарз тушунмаганлиги меҳмонга пишанг ўрнида ўтди.

– Чўқинганларга беради! Ҳа-а, алар анойи эма-ас, аввал чўқинтиради, сўғин бошига шапка кийдиради! Мўмин киши шапка кийдими, тамом, Оллоҳу акбар деявер!

– Йўғ-э! – деб юборди бехосдан Абдулла. – Шапка мелисаларни кийими… Ман ҳам бир пайтлар қисқа муддат кўнгилли халқ мелисасида…

– Бир пайтингни қўя тур, бу ёғини сандан кўра пухтароқ биламан, бола! Сан газит-жўрналдан ортмай қолдинг, асл аҳволдан нарисан. Мелиса бўламан деганни аввалбош бутхонада чўқинтиради, кейин эгнига кийим қўндиради. Оҳ дедим, оҳимдан кўчага ўт кетди, Абдил! Ёз, шуларни, битта қўймай ачитиб ёз! Куйдирадиган қилиб, этини ўйиб-ўйиб оладиган қилиб ёз! Бу аҳли имон билиб қўйсин, кўзини очсин!

Бир қўлида чойнакда чой, иккинчисида бир жуфт пиёла тутган Ҳабибулла одоб ила салом бериб пайдо бўлдию суҳбат келган жойида узилди.

 

Кимсан Белскийдек важоҳатли бошлиқ ишонганича бор – Агидулин юқоридан тушадиган, махсус назорат остига олинадиган топшириқларни адо этишда устаси фаранг бўлиб кетган, унга ортиқча йўл-йўриқнинг ҳожати йўқ, ўзи билиб-ўзи ўринлатарди. “Муштум”ни ҳам, “Йиғинди гаплар” мақоласини ҳам, уни  Овсар тахаллуси билан Жулқунбой деган ёзувчи ёзганлигини ҳам бир куннинг ўзида аниқлади, журнал тахламларини столи устига қалаштириб тахлаб қўйди. Эшикни ичкаридан қулфлаб олиб, “Йиғинди гаплар”ни ҳижжалашга тушди. Унинг бир жумласини тушунса, икки жумласига тиши ўтмади. “Роса ўраб-чирмаб, тагдор ёзибди ўзиям!” деган хулосага борди дастлабки ўқишида. Сўнг яна қайта бошидан сўзма-сўз, жумлама-жумла ўқиди. Ўзидан қаноат ҳосил қилмай ўзбекчани сув қилиб ичган татар биродарини топдириб келди, мақолани шошилинч русчага ўгиришни буюрди.

– Жулқунбойни ўқиб тураман, – деди таржимон топшириқни эшитгач. – Лекин бу ёзувчининг ёзганларини зудлик билан русчага ўгириш осон эмас.

Агидулин унга қулоқ солмади.

– Бугун ухламайсан, эртаминан мақолани столим устига қўясан, бошқа гап йўқ! Қуруғини эса, икки ҳисса қилиб шахсан ўзимдан нақд оласан!

Ўзи бошлиққа ваъда қилганидек, ҳатто мижжа қоқишни тамом унутди, уйига ҳам бормай, дастлабки варақ ҳужжатнинг кифтини келтиришга киришди.

“Дастлабки терговни бошлаш ҳақида” деб бошлади уни. Бундай ҳужжатларни йўқдан бор қилишни кўзларини юмиб адо этиб ташлар, бирорта варақ бўладими, икки оғиз кўрсатма, савол-жавоб бўладими – барчасини ай-йнан қонун талаблари асосида – кашта тиккан чевардек, гулини гулига мослаб, рақамини рақамига келиштириб, кифтини келтирар эди.

“Қарор қилинди:

Тошкент шаҳ., 1926 йил, март ойи, 8-куни. Мен, Ўрта Осиё СО ПП ОГПУ[9] вакили Агидулин шу йилнинг 25 февраль куни чиққан, 1 март куни менга келиб тушган “Муштум” журналининг 27-сонини (“Қизил Ўзбекистон” газетаси нашриёти) кўриб чиқар эканман, ундаги муаллиф Абдулла Қодирий “Овсар” тахаллуси остида ёзган “Йиғинди гаплар” мақоласини ўқир эканман мақола мазмунига кўра унинг йўналиши Ўзбекистон ҳукуматининг масъул раҳбарларини обрўсизлантиришга қаратилган. Шунингдек Ўзбекистон компартияси ва совҳукумати томонидан ўтказилган ғоятда муҳим тадбирлар устидан кулган ва уларни танқид остига олганким, мақола муаллиф томонидан очиқдан-очиқ аксилинқилобий мақсадда тайёрланган ҳамда у журналда босиш орқали кенг оммага тарқатилганким, ул эгаллаб турган вазифасига кўра муҳаррир ўринбосари бўлиб хизмат вазифасидан фойдаланган ва уни суиистеъмол қилган ҳолда муҳаррирнинг қатъиян тақиқлаганига қарамай мақолани навбатдаги сонда эълон қилдирган, яъниким ЖК нинг 72 ва 105-модда 1-бандига кўра жиноят содир этилганким, бу ВЦИКнинг 1922 йил 16 октябрдаги қонунига биноан ва ГПУнинг 1922 йилги 287–1923 йилги 362 ва 363 рақамли буйруғига ҳамда ЖПКнинг П.91/123 ва 110 ёки 125-моддасига биноан

Қарор қилади:

Мақоланинг рус тилига қилинган таржимаси иш юзасидан Ўрта Осиё ООПП ОГПУ томонидан қабул қилинди ва РСО ПП ОГПУ томонидан рўйхатдан ўтказилди, дастлабки тергов ишлари бошландиким, бу ҳақда ушбу қарорни ҳамда иш бошлангани ҳақидаги дастлабки билдирувномани ЎзССР прокурорига маълум қилинмоқда.

Вакил – Агидулин

“Розиман” ОО ПП  ОГПУ бош. – Дьяконов

“Тасдиқлайман” – Ўр. Осиё ПП ОГПУ – ваколатли вакил Белский

Аслига тўғри: Тригулов”

 

Бошлиқ ёрдамчиси одатда ҳаммадан барвақт хизматга етиб келарди, Агидулин ундан ҳам илгари шу ерда, чунки у хизмат хонасида тунаган, уйқу қаёқда! – муҳим ҳужжатни шошилинч бошлиққа олиб кириши зарурлигини унинг ёрдамчисига тайинлади.

Белский хонасига кирмай туриб, “Чақир!” деб амр қилди ёрдамчисига. Агидулин шамолдай елиб етиб келди. Қарорни икки қўллаб-авайлаб катта столга қўйди. Бошлиқ пойинтар-сойинтар ёзилган қарор матнини шошмай, тўхтаб-тўхтаб ўқиди. Қошларини чимирди.

– Мақолани таржимаси қани? – сўради столдан икки одим нарида ғўдайиб турган терговчидан.

– Таржима йўлда, ҳозир етиб келади.

Белский бошини чайқади, мийиғида кулимсиради, имзо чекди.

– Киришавер, – деди енгил тортиб мамнун кайфиятда. – Таржимани мен ҳам ўқишим керак.

 

Абдулла Исоқ домла билан ўрталарида бошланган мулоқот тарихини ипидан-игнасигача аҳамиятли деб ҳисоблар, ҳаммаҳалласи бўлмиш бул зоти бобаракот билан қай тариқа биродарлашди, қай тариқа тил топишди – кўп ўйлади, кўп мулоҳаза қилди, таассуротларини ҳикоя тарзида ёза-ёза журналда пешма-пеш босдирди ҳам!

– Йиғиштир, қоғоз-қаламингни! Мук тушиб қоғоздан бош кўтармай қолдинг, а бу кетишда эсар-несар бўли-и-иб ўтирма, бўтам.

Абдулла мийиғида кулимсиради, меҳмонга болишни узатди. Меҳмон ортиқ илтифот кутмади ҳам, болишни биқинига босди-да, бошлаган ҳеч ерда топилмас гавҳар ўгитларини келган жойидан давом эттирди:

– Улдурки, мани дунёга танитдинг – етар, бошқа нарса ёзмасанг ҳам-чи, Абдил, Жулқун деган довруғинг етти пуштингга етади. Бу ёғига тараллабедод қиле-еб, кўк дўппингни яримта қиле-еб юравер, кам бўмайсан!

Абдулла ҳеч бир сўз демай меҳмонга қаради. Ҳақиқатда Калвак маҳзум деб номлаган қаҳрамони, мана, икки йилдан ошди чоғи, “Муштум” саҳифаларидан тушмай келаётир. Ўқиганнинг ҳам, эшитганнинг ҳам оғзида Калвак! Исоқ домла неча қайта уни қисувга олди: мани ёзяпсанми, топган исмингни қара, ўша қизиталоқ Калвак – ман эмасми, деб саволга тутди. Абдулла ўламан саттор сиз эмас, деб туриб олди, баъзида эса, домланинг феъли хўйига разм солаётиб айрим сўзларингиздан фойдаланган жо­йим йўқ эмас, сизнинг ўзингиз-да, манга илҳом бағишлаган деб сирни ошкор этишдан ҳам тоймади. Бундай дамларда Исоқ домла бир мамнун бўлиб кетар, боладай яйраб кетар, яйрагани сари қадди-қоматини ғоз тутганича ён-атрофида Абдулладан ўзга ҳеч кимса бўлмаса-да, ялпайиб-талтайиб қўяр, кимсан довруғи бутун жумҳуриятга ёйила бораётган Жулқунбойдек ёзувчига илҳом берганлигини маҳалла-кўйга чиқиб баралла айтгиси, достон қилгиси келиб қоларди. Ҳушига ўтиришмайдиган сўзлари учун эса Абдулланинг ҳоли-жонига қўймай “ман унақа демаганман, манда ундай гап бўлмайди”га тушиб қоларди. Абдулла эса бадиий асар яратишда шундайин муболаға ва бўяб-бежаш усули борлигини тушунтиргунича, уқдиргунича она сути оғзидан келгудай ҳолга тушар, ҳарчанд уринмасин ҳеч бир гапи Исоқ домлага заррача кор қилмаётганини, уқдиришлари ҳавога учаётганини сезиб турарди.

 

Оила аъзолари кечки таомга йиғилишаётиб Абдулла ичидан гупуриб келган кулгини аранг босиб, ғудранди:

– Исоқ домла хўп ажойиб-да!

– Ажойиб ҳам гапми, – дея кулгига қўшилди Жосият биби. – Кўчада дуч келиб қолсаям ҳеч ерда йўқ гаплар билан йўлимни тўсгани-тўсган. Масков кетганингда-ку, Абдил қачон қайтади, деявериб ҳоли-жонимга қўймади. Номаҳрамлигини унутиб юбориши ҳам калваклигидан-да!..

– Мани ҳоли қўйинглар деб нолийсан-да, ўша одам билан ҳангамалашиб ўтирганингга балли! – Ҳам кесатиб, ҳам норозиланиб деди Раҳимберди.

– Шу одамми гапларини тингласам хумордан чиқаман, ока. Қулоқ солиб ўтирсангиз-чи, гап йўсинини топишига қойил қоласиз, алдайдими-тўқиб чиқарадими, ғалати жойи – нима айтса ҳаммасига ўзи тўла-тўкис ишонади.  Тасвирлашини-ку, асти қўяверасиз! Саҳнага чиқиб театруда ўйнаса ҳам унча-мунча артистдан ўтказиб юборади! У киши топаётган сўзларни ман умримда эшитмаганман.

– Айтдим-қўйдим-да, ука, – жавоб қилди Раҳимберди. – Вақт-бевақт сани уйдан топмаса, додамми ёнларига ҳам кириб бораверарди.

– Раҳматли додамга ҳам бир эрмак эди-да.

– Абдил жон қулоғи билан гапларини астойдил тинглаши хуш ёқади унга.

– Тўғри, шундай, – деб бибисининг сўзини маъқуллади Абдулла.

 

Абдулла боя кундузи боғ қўйнида чала қолган ёзувини адоғига етказиб қўйиш истагида курси ёнига чўк тушганида вақт алламаҳалга етган, оила аъзолари осуда уйқуга кетишган эди. У Исоқ домланинг ҳе йўқ-бе йўқ кириб келиши билан тўхташга мажбур бўлган жойини топди, лампа шиша ёруғида ёзувга кўз югуртирди: “Эрта тонг вақти алоқида бир сезги берадир.

Мусаффо ҳаво, майин ва ёқимли шамол… Баракали ёмғурлардан кейин… барра майса ўтлар ерлар бетини секин-секин ўпиб-ўпиб… бир-бирларини қучоқлайдилар. Бутун ер юзи…” Абдулла бир зум ўйлаб фикрини жамлади-да, жумласи узилган жойидан давом эттирди: “Бутун ер юзи, том-тош, ёғочлар кўк билан безанган…”

Абдулла қаламни қўйиб, ўрнидан турди. Токчадаги газета тахлами орасидан “Муштум”нинг янги сонини  олди. Тик турганича журнални варақлади, “Йиғинди гаплар” сарлавҳали саҳифага тикилганича мақолани кўз югуртириб, ўқишга тутинди: “Ана бу мияси ачимаганнинг гапига қаранг энди! Худоға шукр, қорнинг тўқ, қайғунг йўқ, бас, тинчкина фаройизхонлик[10] қилмасдан оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йўлдош!” “Охунбобоевдек нуфузли раҳбарнинг оти­ни тилга олиб тўғри қилдимми ёки нотўғри? Тилга олмаган тақдиримда… Саркор жон койитиб қилган маърузасини одамлар тушунсинлар учун ёздим бу сўзларни. Афсус, кўп афсуским, оми оломон наздида минг болаға битта мактаб бўлса нимаю, ўн мингига битта тўғри келса сен билан менга нима ҳасрат!

Балки тағинам аччиқроқ ёзиш керакмиди? Ман Йўлдош отанинг маърузасига  эмас, маорифдаги аҳволга аччиқ қиляпман, аччиғим – аҳволнинг забунлигидан! Одамларнинг жонига игнадек суқиладиган сўзларни топишдан муддао ҳам шул ахир. Сўзларимга қанча заҳар қўшсам одамларнинг шунча ўқишга диққатлари ортмайдими, заққум сўзларимдан кўзлари, кўзларига қўшилиб эслари ёшланиб ўқиганларидан шунчалар таъсир олмайдиларми?!”

“Энсамни қотирган гапларнинг яна биттаси, – Абдулла пастроқ тушди, пичирлаб ўқиди: – Анави кун бўлиб кечкан маориф ходимчиларининг қурултойидир. Тўғрисини айтканда, зиёнлиларни фойдали қилиш масаласидир. …Ўртоқ Акмалча…” Жумҳурият раҳбари бўлсанг, мансабингдан ҳуркмайдиган жондор йўғу, нега икки хил гап қиласан, Акмал Икром?! Бир гапнинг ўзида айрим зиёлилар афтига туфургани ҳолда бирдан “тавба-тазарру қилганлар учун фирқанинг қучоғи уларга очиқ!” деб эълон қилиш нимаси?! Фирқанинг қучоғи қайда, зиёли қайда, тавба-тазарру қайда, яхшилар?! Шунчалар ҳам бетайинлик… тутуриқсизлик билан зиёлиларни радга-қаторга чорлаш, даъватлаш мумкинми? Лозимми?! Ёхуд “нима учундир имони сусайиб” деган сўзим оғир ботганмикан, Акмалга? Бундай десам, тавбадан тавбанинг фарқи бор ахир. Шуни тушуниб олсин учун ҳам ёзди-да: “Мен ҳар куни Худоға тўққиз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман. Исёним бепоён бўлганидек… – Абдулла ичидан пўртанадек отилиб чиқаётган ҳароратга эътибор бермай ўқишда давом этди: – Бас, онглағилким, эй Акмал!.. Ҳақиқат олдида бўйин эгиш тавбадир, ўзгаси ғавғодир!”

Абдулла асабийлашганидан ўтиролмай қолди, лабларини қимтиб, кўзларини катта-катта очганча, гўё иддаоси осмонга қаратилгандек юлдуз сочилган самога тикилди. Журналнинг ушбу сони тарқалиши билан бошланган ивир-шивирларни бирма-бир эслашга тутинди.

Орадан икки-уч кун ўтмай “Муштум”чилар орасида болалай бошлаган пичир-пичирга эътибор бермади аввалига, бироқ, ногаҳон пичир-пичирдан ғалати ғавғонинг қўланса иси келаётганини пайқаб қолди. Ваҳоланки, Абдулла ҳамкасб ёзувчилардан кўнгли тўқ, булар мақоладан кўзда тутилган асл ниятни тўғри тушунадилар. Муҳими, журналхонлар қалбида ғовға уйғотишдан, кенг ўқувчилар орасида оғиздан-оғизга ўтишидан умидвор эди, шуни кутганди. Улар қолиб… иттифоқо матбуотчи ёзғувчи сафдошлари ўзларини пана-пастқамга тортаётганлари фаромуш қилиб қўйди уни. Наҳотки, матбуотчи ёзғувчилар англаб етмадилар мақоладан кўзда тутилган муддаони? Англамадиларми ёхуд англашни истамадиларми?.. Комил-ку, сафарда, эрта-индин қайтиб қолар, у ҳолда Зиё, Хуршид… бошқалар-чи? Ҳамма ялписига бир одамдай… бир тентак-бир овсардек бир овоздан тушунмаслиги, англамаслиги мумкин эмас…

Абдулла курси ёнига чўк тушиб, ҳозиргина ёзган жумлаларига кўз ташлади: “Табиатнинг шундай ширин чоғида сурнай, карнай орқасидан ноғора чалиниб кетадир. Буларга қулоқ бериб ётасан; лекин кўб ёта олмайсан, турғинг, шуларга қўшилиб қувонғинг келадир…”

– Дарҳақиқат, – хаёли қочди унинг, негадир кўнгли ғаш тортиб, – Исоқ домла тушмагурнинг гапида жон бор: мани ёз деди, қалам-қоғозингни йиғиштир, мани гапларимми ёз деди.

Абдулла оҳиста ўрнидан қўзғалди, ташқарига чиқиб намчил, лекин ёқимли ҳаводан кўксини тўлдириб нафас олди.

 

Эрта кўклам нафаси келиб қолган, кўнгиллар очиқ ҳавони истайди, лекин ҳали совуқнинг заҳри буткул кетмагани боис, маҳалла чойхонасидаги кунда-шунда шоввозлар дераза кўзларини катта-катта очиб, театр саҳнасида томоша кўрсатаётган артистлар сингари ҳангамани қизитиб ўтиришарди. Негадир шу тобда сўз топилмас, яккам-дуккам луқма ташлашдан нари ўтилмас, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини пайров қиладиган чапани йигитлар гап айтишга баҳона истагандай анграйиб-санграйиб ўтиришарди.

– Ия, ана, гапни устаси ўз оёғи билан келди! Ўз оёғи билан!

Шериклари яшил гулдор қийиғини  елкасига ташлаб юрадиган даврадошлари кимни назарда тутиб чакаги очилганини пайқаб улгурмаган ҳам эдиларки, шундоққина тор кўчанинг бошида кўринган Абуллага кўзлари тушди.

Ҳаммаларининг чеҳраларига табассум югурди.

– Ҳой, Абди, – деб чақирди гулдор қийиқли йигит Хизр бувани учратгандек севиниб. Бироқ у узун енгининг ичидаги беданаси чўчиб кетмасин деган хавотирда қўлини орқасига қайириб, бўш қўли билан имлаб чақирди, қарийб шивирлади: – Бу ёққа қара!

Абдулла маҳалладошларига кўзи тушдию ортиқча илтифот кутмай чойхона томон бурилди. Саломлашдилар.

– Чойхона иссиққина экан, – деди Абдулла кафтларини бир-бирига ишқаб. – Кўклам изғирини баданни ўяди-я!

– Баданингни қиздирадиган ўзимиз-да, – деди ўрта ёшлардаги бошқа бирови энсасини қашиб. – Бир гапдан ол, Абди, зерикиб ўлдиг-у!

– Нима ҳам дейман, – камсуқумлик билан ерга қаради Абдулла.

– Сан шунақа десанг, бизга йўл бўлсин гап айтишка, ука! Сан ўқиган, дунё кўрган ёзғувчи бўлсанг. Биз хат танимайдиган бир оми бўлсак.

– Бундооқ чойхонага чиқиб турмасанг, биззи тўкмаларга қўшилмасанг…

– Таътилда эдим. Эрта баҳор, боғнинг юмушларидан ортолмайсан киши. Янгигина ишга тушдим.

– Яқинда Масковдан келдинг-а?

– Иби, Масков бордингми?!

– Бир йил ўқиб қайтди-ку, эшитмадингми, галварс?!

Абдулла бу ёқда қолиб, унинг Масковга ўқишга бориб қайтгани маҳалладошлари ўртасида қизғин мунозарага айланиб кетди.

– Энди бу билан ҳазиллашиб юрмаларинг, тағи[11], нақд сўз билан  абжағингни чиқаради-я!

– Ўрисча ёзармишсан, бор гапми, шу?!

– Қуйруғи анави эшикка сиғмайдиган думсизларни кони дейишади Масков, бошқасини қўй, шундан гапир, Абди!

Қаҳқаҳа, қийқириқ чойхонага сиғмай кўчага таралди. Даврадагилар вужудлари кўзга айланиб, Абдулланинг оғзини пойлашди. Ҳаммаларининг назарида ҳозироқ “ўз оёғи билан келган” меҳмон улар бошлаган мавзуда бири биридан ғалати ва ажойиб ҳикояларни минг бир кеча қилиб қаторлаштириб ташлайдигандек эди. Бироқ Абдулла кулимсираб, гўё ўқиш умидида Масковга боргани айб ишдек бўйнини қисиб ўтираверди.

– Ҳм, бордик, ўқидик… Қуйруғи эшикка сиғмайдиганларни қўйинглар, илло Масков деганлари тамомила бўлак дунё. Туриш-турмушию қадам олишидан нафас олишигача бўлакча…

– Нимаси бўлакча? Қисинмай гапир-да, ука!

Абдулла жиндек ўйлаб олгач, саволга жавоб қайтаришга киришди.

– Бўлакчалиги… – деди у салмоқланиб, сўнг дадил-дадил сўзлай кетди: – Ўқийман, илм оламан деганнинг саноғи йўқ.

– Йўғ-е! – деди ҳамон бир қўлини орқасига яшириб, беданасини авайлаётган қорачадан келган киши, кўзларининг ола-куласини чиқариб. – Бизга ўхшаш бедана чўқиштираман деган хўроз эркак  ҳам бордир Масковда?

Абдулла Масковнинг бўлакчалигини санашда давом этди:

– Русиянинг тўрт тарафидан ўқиш мақсадини кўзлаб оқиб келаётган йигит-қизлар билан гурунг қурсангиз баҳри дилингиз очилади. Ҳайрат ва ҳавасдан ёқа тутасиз!

– Нечта қиз билан гурунглашдинг? Беш-олтитасини етаклаб кемабсан-да, Эшонгузарга!

– Воҳ-воҳ-воҳе-й-й!

– Оҳ-оҳ-оҳе-е-й-й!

– Жонимми қоқай-й, жонингда-а-а-н!

Сафар таассуротлари қолиб, аския қизиди. Пайров икки бор давра айланмаган ҳам эдики, бир пайт ташқарида икки бегона эркакнинг қораси кўринди. Бири калта чарм пальтода, иккинчиси эса русга ўхшади – узун шинелли – бегонасираб оёқ олишларидан кимнидир суриштириб келишгани сезилди.

– Қарамаларинг! – дея шипшиди ўтирганлардан бирови. – Турқидан исковични ўзгинаси. Ҳа, Абди, Масковдан ол, оғайни! Гапиравер!

Бироқ бунинг иложи бўлмади. Чарм пальтоли эркак очиқ дераза ёнига яқин келди-да, салом берди. “Татар экан” деб қўйди Абдулла ичида унинг лаҳжасини эшитгач. Эшитдию, бирдан юрагининг аллақаерида нимадир чирт этиб узилгандек бўлди. Ахир уни, унинг ўзини сўраяпти бу искович!

– Қодиров Абдулла… Эшонгузар даҳаси, учинчи кўчада яшайди, уйи қаердалигини билмайсизларми?

Ўтирганлар жимгина, овоз чиқармай Абдулла томон ўгирилишди.

– Ман, – деди Абдулла, – ман…

Татар киши кулмоқчи бўлдими, мурданикидек заҳил афтида қандайдир ўзгариш сезилди, бироқ унинг кулгиси жуда хунук, эрта баҳор изғиринидан-да ёқимсиз эди.

Абдулла ҳовлига чиққанида татар йигит катта кўча томон бориб улгурган, шеригининг ёнида қўлларини чўнтагига суққанича ғўдайиб турарди.

– Келинглар, – деди Абдулла суриштириб келувчиларнинг ёнига боргач, қайси оҳангда гапиришини билмай. – Хизмат?

– Тут ваш дом близко? – сўради иккинчи нотаниш киши.

– Не далеко, – жавоб қилди Абдулла.

Кўчага ичкарилаб кетишди. Уйларига етган жойдаги муюлишда орқасидан етиб келган ўғли дадасига салом бердию, чопқиллаганича улардан ўзиб кетди. Ўйнаб юрган экан-да, деб кўнглидан ўтказди Абдулла. Бир кўнгли ўғлини тўхтатиб, Ҳабиб, тезда уйга боргин-да, аянгга айт, меҳмонларга чой ҳозирласин, демоққа оғиз жуфтлади ҳамки, негадир шу юмушни ўғлига тайинлаш ниятидан айниди.

Кўнгли илғаган нохушлик узоқ “ҳаялламай” аён бўлди-қолди.

Иккала нотаниш кимса илтифот ҳам кутмай ҳовлига кириб боришди.

– Ижодхонангиз қайси уйда? – савол қотди татар йигит. Абдулла пастак, лойсувоқ томли уй томон имо қилиб улгурмай, ҳе йўқ-бе йўқ  тўғри бориб эшикни очди-да, шеригини ўзидан олдинга ўтишини кутди, сўнг, “Киринг!” деди Абдуллага амирона. Боланинг овози ниҳоятда совуқ, ёқимсиз эди. Мезбон ҳамон гап нимада эканини англамаса-да, ўз уйида ўзига амр қилаётган кимсанинг раъйига юрди. Ўзи ҳам ичкари киргач, эшикни зичлаб ёпди. Ўрис кимса қаққайган кўйи хонани назардан ўтказди. Кўзига ишонмади чоғи, татар йигитга савол назари билан хўмрайди. Токчада ётган папирос қутисини қўлига олгачгина чиройи очилди.

– “Эпоха” чекадиларми?

– Шундай, – деб папирос қутисини кавлаштирди. Икки дона олиб бирини шеригига узатди.

– Ҳар қалай меҳмонмиз, битта-битта чектирарсиз?

Гарчи сўзлари саволга ўхшаса-да, саволдан кўра амирона тусда, истамай қаёққа борардинг, деган оҳангда эди.

– Бемалол, чекаверинглар, – деди рўйхуш бермай Абдулла.

– Бор қоғоз-поғозларни йиғиштирамиз, – деди ўрис йигит авзойига жиддий тус бериб ва худди ўз уйини саранжомлашга киришган оила бекасидек қўлига илинган китоб борми, дафтар ва варақлар борми, сандал курсиси устига тахлашга киришди.

– Свежий ёзганларингиз борми? – сўради у Абдулладан ва жавоб кутмай узун деворга қоқилган гиламни кўтариб остига қараётиб.

Уй соҳибининг: “Ҳозирча йўқ”, деган жавобига қулоқ ҳам солмай унга юзланди.

– Биз билан юрасиз, уйдагиларга айтинг, шовқин кўтаришмасин! – деди дўстона бир юмуш юзасидан сирлашаётгандек овозини пастлатиб.

Хонадан дастлаб Абдулла чиқди, унинг қўлтиғида ўралган енгилгина кўрпа билан ёстиқни кўрган Раҳбарниса аянинг ранги ўчиб, турган жойида деворга суяниб қолди. Унинг ортида Жосият биби кўринди.

– Ойи, – деди Абдулла хотиржам ва вазмин товушда, –  уч-тўрт кунлик бир юмуш чиқиб қолди, хавотир олманглар, ишим битган заҳоти қайтиб келаман.

Жосият биби кўнгли алланечук хавотирли ўйда, кенг енгини оғзига босганча, овоз чиқармай йиғлаб юборди.

 

Абдулланинг назарида даставвал нохуш хаёлларга бориш ўринсиздек эди. Дастлабки ажабланишлар ва ҳаяжонлар ўтгач эса сабабсиз ич-ичидан кулги келаверди. Қандайдир англашилмовчилик юз берган, шу бугуннинг ўзидаёқ тунда, кечи билан эртага эрталаб узр айтиб озодликка чиқариб юборишади деган қатъий қарорга келди. Ҳатто шу ўй-шу хаёлда гўё ҳализамон эшикни очишади-да, уни бу ерлардан чиқариб юборишадигандек, бордию чақириб қолишгудай бўлса, шошилиб қолмаслик учун шай турган одамдек, темир эшикнинг ёнгинасида чўнқайиб ўтириб олди. Беихтиёр нари кетса дарҳол изига қайтар, тўсатдан чиқишига изн берилса, ул-булни унутиб қолдирмай деган ўйда ён-верига қараб-қараб қўярди. Фақат эрталабга қадар ёлғиз ўзи ўтирган чоққина ҳужра эмин-эркин хаёл суриш, ижодий режаларни кўнгилда пухталаб олиш учун айни муддаодек туюлди. Таътил кунлари қарийб қоғоз қораламади, ҳисобини олса, унинг ёзганларига ихлос қўйиб ўқувчилар билан юзма-юз келмаганига нақ бир ярим ойдан ошибди. Кейинги йилларда унинг ижодида бу қадар узоқ танаффус бўлмаганди. Ўзи ҳам икки кун ёзмай қўйса қўли қичий бошлар, кўкнорини эзиб ичмай қўйган бангидек карахт бўла бошлар, ҳаловатсизланар, дам Чорсу бозорини айланар, дам чойхонага чиқар, дам Исоқ домланинг суҳбатини олар, Мираҳмад тажангнинг гурунгларини соғиниб қолар, “Турон” қироатхонасининг залворли эшикларига кеч оқшом чоғи қулф урилгунга қадар китоб, газит-журнал титкилаб ҳовурдан чиқар, хуллас, кўзи назари тушган воқеа-ҳодисадан, қулоғига чалинган икки оғиз жумлаю луқмадан мақола ясаб ташлаш ҳадисини олганди. Бир ҳисобда рўман устидаги ишлари юришди, у бундан мамнун, “Ўткан кунлар”нинг дастлабки қисмлари журналда босилгач, қўлма-қўл бўлиб ўқилди, ўқилмоқда. Лекин у аллақачон ниҳоясига етган эса-да, йирик асарга сайқал бериш тугамайдиган иш экан, ҳечқиси йўқ, уч-тўрт мақолани пишитса, ­эълон қилдирса, сўнг баҳор оёқламай яна рўмонга, асар воқеалари ичида туғишганлари янглиғ қадрдонларига айланиб қолган қаҳрамонлари даврасига шўнғийди.

Абдулла ич-ичидан пўртанадек отилиб чиққан соғинч эпкинидан қалқиб тушди. Гарчи рўмоннинг бош қаҳрамонлари Отабек билан Кумушбиби эсалар-да, Юсуфбек ҳожига эътимоди ўзгача, унга бағишланган саҳифаларни такрор-батакрор мутолаа қилишдан чарчамас, зерикмасди ҳам. “Ўткан кунлар”га хаёл қочган лаҳзада кўз ўнгида биринчи навбатда Юсуфбек ҳожи гавдаланар, қай воқеага қалам урмасин, ҳар бир сўзи, жумласи, тасвири бичимини яратишда албатта мўлжални Юсуфбек ҳожининг назар-нигоҳидан келиб чиққан ҳолда олишга ҳаракат қиларди.  Гўё рўмонни Юсуфбек ҳожи учун ёзгандек, Юсуфбек ҳожининг андишаси учун яратгандек, андек сакталикка йўл қўйса авваламбор Юсуфбек ҳожининг олдида хижолатли ҳолатга тушадигандек бу файзиёб ва шукуҳли сиймога бағишланган тасвирлар ёд бўлиб кетганди.

“Нега вақтсиз келдинг, Отабек соғми? – Юсуфбек ҳожи Ҳасаналига етмасданоқ бу саволни берди. Ҳасанали эшитмадими ёхуд эшитса ҳам эшитмаганга солиндими, ҳар нечук жавоб бермади.

– Нега индамайсан?

– Отабек саломат…

– Бўлмаса нега вақтсиз келдинг, Отабек қани?

Отабекнинг қамалишидан хабар бериш Ҳасанали учун жуда оғир туюлган эди. Ниҳоят кўзидаги ёшини артди-да:

– Отабек Марғилон ҳокими тарафидан қамалди, – деди.

– Нега, нега? – деди ҳожи, отидан сачраб йиқилишга еткан эди. – Сабаби нима?

– Сабаби маълум эмас.

– Астағфируллоҳ, – деб қўйди ҳожи, ўзини бироз тўхтатқан эди”.

“Астағфируллоҳ!” деди Абдулла Юсуфбек ҳожига таассуф қилиб. Отабек-ку, туҳмат ортида ҳибс этилди, Абдулла-чи? Унинг бу ерда ўтиришининг боиси наҳотки “Йиғинди гаплар”га боғлиқ бўлса?! Оддий бир мазоҳар-ҳазилнамо тусда ёзилган мақола бўлса. Наҳотки, ҳазил – маъюблик[12] курсисига лойиқ кўрилса?! Ахир матбуотда озмунча гаплар ёзилмоқдами? Омманинг кўзини очиш, уларнинг туриш-турмушини янги ҳаёт ўзанига солиш учун қанча ёзилса, қанчалик басират кўзлари очилса шунча оз эмасми?! Қолаверса… тўғри, мақолани ёзди, уни одатга биноан журнал раҳбарларига, шу қатори ижодкор биродарларига ўқиб берди.

“Отабек билан бирга қамалганларни неча киши дединг?” – деб сўради Юсуфбек ҳожи бесар ўй исканжасидан қутулолмай.

– Бир ўзим, ёлғиз ўзим, – деди Абдулла бошини эгиб. Ҳасанали эса: “Уч киши, – деб жавоб қилди. – Бири – Мирзакарим қутидор, иккинчи Зиё шоҳичи, учунчи Раҳмат”.

– Яхши, сен бу тўртавининг ўлтуришларида бўлғанмидинг?

Абдулла дик этиб ўрнидан турди,  гўё рўпарисида Юсуфбек ҳожи тургандек, Абдулла ул зотнинг нигоҳларига тик боққан кўйи бор воқеани ҳикоя қилиб бермоққа жазм этгандек эди.

Мақола тайёр бўлгач, уни “Муштум” журналининг масъул муҳаррири Комил Алиевга олиб бориб бердим. У киши мақолани олган заҳоти уни ўз ишхонасида баланд овоз ила ўқишга тушди.

– Муҳаррир мақолани ўқиши асносида хонада яна кимлар ҳозир эдилар? – савол қотди Юсуфбек ҳожи, хаёлан тафтишни давом эттириб.

– Тўртав… – деб тахайюл қилиб қолди Абдулла, сўнг эслади шекилли, жавоби қатъийлашди: – Ҳа, мендан бошқа тўртав. Булар: Комил Алимов, Ғози Юнус, Санжар Сиддиқ, Мирмуҳсин Шермуҳамедов.

– Мақола юзасиндан қандай хулоса билдирдилар?

– Муҳаррир ўқуб, тамом қилгандан сўнг дабдурустдан сўз айтолмади. Иккиланиб ўйланиб қолди.

– Ўз оғзи ила ўқугани аниқми? Яна кимлар мақоладан бохабар эдилар?

Абдулла ҳаяжонини сездирмасликка уриниб, ўзини зўр ила босди.

– Ўз оғзи ила ўқиди! Алимов мақоланинг айрим жойларини хато ўқуганида мен тузатиб турганим аниқ ёдимда. Яна кимлар дейсизми?.. Ҳа, ҳали Алимовга кўрсатмасимдан бурун Зиё Саидга ўзим ўқуб бердим, ўша ўқиётганим тепасига Хуршид Шамс кириб қолди. Ул ҳам охирига қадар тек туриб эшитди. Шу.

Абдулла “Йиғинди гаплар” чоп этилгач, журнал тарқалгач, Комил Алимов Самарқанддан қайтиб келган куни фавқулодда дарғазаб ҳолича пўписа қила кетганидан шу тобда сўз очгиси келмади. Аслида эса, Алимов “рухсат бермаган эдим” дея дўқ ура кетди, Абдулла бўш келмади, “Масъул муҳаррир сифатида бўшанглик қилдинг, қатъий гап айтишқа ярамадинг!” деб унинг юзига солди. “Бўшанглик қилганим – розилик бермаганлигим белгиси эмасми?!” дея дўқ уришда давом этди Алимов. “Масъулиятни ўз зиммамга олдим, бостирдим”, деди Абдулла можарога нуқта қўйиш истагида.

– Зиммангга олган бўлсанг, жавобини ҳам ўзинг берасан!

Абдулла можаро муҳаррирнинг ушбу зардаси билан ниҳоясига етар деб ўйлаганди, бироқ хом ўйлаган экан, зеро можарога нуқта қўйилмаган, аксинча ҳақиқий можаро энди бошланаётган экан…

– Ҳаммаларига Оллоҳнинг ўзи инсофи тавфиқ ато этсун…

 

– Ўртоқ начальник! Мақоланинг таржимаси келди! – деди хушхабар етказаётгандек тантанавор оҳангда Агидулин.

Белский олдидаги қоғоздан кўзини узмай қўлини терговчи томон чўзди. Терговчи қалин папка ичидан етти-саккиз варақни олиб бошлиққа узатди.

– Менга рухсат беринг, ўртоқ…

– Ўтир, – деди бошлиқ Агидулинга жой кўрсатиб. – Ўқиб кўрайлик.

У шундай деб қўлига олган варақлардаги йирик-йирик ҳарфларда битилган қўл ёзувига кўз югуртира бошлади. Овоз чиқариб ўқиди:

– “Вот уже полтора месяца, как я не беседовал с читателями…” Ҳе! Бир ярим ой ёзмаган бўлсанг, сенга нима ё менга нима, вообше ёзма. Биров сени мажбурладими?!

– Тинмай ёзар экан. Тағин хилма-хил тахаллусда. Топиб, ажратиб олиш қийин.

– “Овсар” нима дегани?

– Овсар… Довдир, Тентак дегани. Идиот-да!

Ваколатли вакил муғамбирона кулди. Дам-бадам товуш чиқариб ўқишда давом этди:

– “У узбека все спит. Рабочий, дехканин, культура, просвещение и экономика…” Тагини тушундингми, ухламаларинг лодирлар, гумроҳлар, уйғонларинг – атрофга қараларинг деяпти Овсар деганинг. Овсар, тентак одам хавфли эмас. Ўзини овсарликка, тентакликка солган одам – хавфли. Жуда хавфли! Бошқа мақолаларини ҳам ўқидингми? Ўргандингми?

Агидулин бошлиқни алдашдан бошқа чора топмади.

– Ўқияпман… Шошмай ўқияпман…

– Илинтирса бўладиган жойи борми?

– Илинтириш ҳам ишми, истасак, бор, топамиз!.. Таржимоннинг айтишича, жуда топиб ёзадиган хилидан экан, сатирани боплар экан, лекин сатирасини таги, айтмоқчиманки, тили заҳар-заққум экан. Ўртоқ бошлиқ, қарадим-кузатдим, ўзиям чарсиллаган йигит. Кўзининг ичи тўла нафрат, қандайдир… ёзган сўзлари сиз билан бизга узилган ўқ! Соғломга ўхшамайди.

– Соғлом бўлса мактаб озлигини танқид қилармиди? Кўчага қара, шу қорни оч оломон мактабда ўқийман деб ўлиб турибдими?! Бу эса пичинг қиляпти, шуни сезмадингми? Республика оқсоқоли билан Марказком котибини калака қиляпти… Миллатчилиги қаерда?

Белский Агидулиннинг афтига қараб саволига жавоб кутди.

– Қайси гапларини “миллатчи” моддасига урамиз? – такрор сўради у.

Терговчи пихини ёрганлардан эди – довдирамади, эсанкирамади, сўзини йўқотмади:

– Суриштириб келганда, аксилинқилобчилиги миллатчилик-да, ўртоқ начальник! Революцияни, совет ҳокимиятини рад этяптими, шунинг ўзи уни ашаддий миллатчи деб айблаш учун кифоя! Тепадагиларга қараб сакраяптими, демак, ҳаддидан ошган, биз эса уни попугини пасайти…

Белский муғамбирона кулди, у ўзи ишонган терговчисининг тулкидек ҳушёрлигидан мамнун эди.

– Бўйнига олмаса-чи? – савол қотди у ўсмоқчилаб.

– Бўйнига олдириш иш эмас.

Ваколатли вакил тагидаги курсини тарақлатиб сапчиб турди-да, икки ҳатлашда хонанинг ўртасида пайдо бўлди.

– Ҳой, аҳмоқ! – деди у муштини терговчининг бошига нуқиб. – Тағин бўйнига олдираман деб ишни пачавасини чиқариб ўтирмагин-а!

Агидулин ҳам шу заҳоти қад ростлаган, саф тортган аскардек қаддини ғоз тутиб турарди.

– Бир мартаям чақирмадим. Чертмадим. Бўйнига олдириш у ёқда турсин, гап­лашмадим ҳам.

Белский енгил тортди.

– Тўғри қилгансан. Нафақат сен, бирортаси гаплашмасин. Анави исковучларингга тайинла, оғиз-бурун ўпишиб юрмасин!

– Тушундим, ўртоқ бошлиқ!

 

Юсуфбек ҳожининг юпанч сўзлари Абдуллага яхшигина тасалли ўрнига ўтди.  Аслида ҳам шундан: ортиқ ваҳима кўтарадиган туси йўқ, мақола нари борса, кўпроқ кулги тариқасида… У худди хаёлининг тубидаги ўйларини уни тўрт томондан қуршаб турган совуқ сиймон девор ўқиб олаётгандек туюлди, биров пайқаб қоладигандек жим бўлди. Таваккалига, йўқ, дангалига Йўлдошиниям, Акмалиниям нишонга олиш нияти йўқ эмасиди. Наҳотки, сезилган бўлса?.. Наҳотки… Қўй, Абди, бўлар иш бўлди, бу ёғига “наҳотки”га бало борми?! Гап битта, бу ёғига мижғовланиш – мардга ёт, деганларидек, ё остидан, ё устидан!.. Бу ҳақда ўй суриш, бу ниятини муҳокамага қўйиш ақлсизлик, лодонлик, яхшиси, чақирсинлар, керак десалар, сўроққа тутсинлар, қаламинг синмагур Овсарбек ҳеч бир саволни жавобсиз қолдирмайди. Мақолада на ҳукуматга, на-да сиёсатга таъна-дашном йўқлигини исботлайди. Умуман матбуотга мақола ёзиш қандай ижодий ҳунар, матбуотда музҳика, яъни кулги нима, матбуот кулгисига ўзбекона муносабат, уни қандай талқин этмоқ даркор, “Йиғинди гаплар”ни ёмонликка эмас, буткул яхшиликка йўйиш – барини тушунтиради, уқдиради.

Кун эса ўтиб бормоқда, хаёл уюри дам зўраяр, дам тақа-тақ тўхтаб қолар, гоҳо эса гирдоб янглиғ қоронғи тубсизлик сари шувуллаганича тушиб кетар, Абдуллага тасалли бериб турган дастлабки кунлардаги англашилмовчиликка йўйиш туйғуси энди тап-тайёр шубҳа-гумонларга айлана бораётган, бир нарсани такрор-такрор ўйлаш, хаёл уммонига такрор-батакрор кўмилишдан тайинли наф тополмагани сари эса… боши оғиб, мошинавори алфозда уста Олимникига бориб қолган Ота­бекнинг аҳволига тушаётгандек эди.

Отабекни қўйиб уста Олимни, устанинг толе кулиб боқмаган тақдирини, унинг кўзи ёриш чоғида ҳаёти забун бўлган аёли… Абдулла бехос қалқиб тушди. Ичига ўт тушгандек жойида ўтиролмай қолди. Ҳужра бандилигининг нечанчи куни ўтмоқдаки, Раҳбарнисанинг аҳволидан фикр қилмади! Ахир аёли оғироёқ, бояқиш гумонасини кўтариб юриш нечоғлиқ оғир кечмасин чурқ этиб товуши чиқмайди. Аёллик юмушларини бибиси билан бамаслаҳт адо этади. Бундан бир қадар кўнгли тўқ эса-да, нега бирор марта хотинини эсламади, унинг аҳволини ўйлаб хавотирга тушмади? Ёки ундан кўнгли тўқмиди?.. Абдулла ўзидан ҳайрон, ўзини танимай қолаётган эди.

Икки “ясовул” етовида уйидан чиқаётиб бибисига қаради, бибисининг ортига пана­ла­ниб турган Раҳбарнисага назар ташламади-я! Нигоҳидаги ёзувларни ўқимади-я! “Ўзинг­га маҳкам бўл, эсон-омон қутилиб ол, онаси”, деб далда сўзини айтолмади-я, лоақал!..

 

Ёлғизликнинг тўққизинчи кунида бир ҳикмат борга ўхшаб қолди. Шу кунлар мобайнида нималарни ўйламади Абдулла?! Адоқсиз ўйларнинг учию қуйруғи чалкашиб кетар, обдан бир бошдан туза бошлаган режасидан чалғиб, калаванинг учини йўқотиб қўяр, кундек равшан хаёллари серқават булутлар оғушида кўздан йўқолган юлдузлар мисоли ғойиб бўлар, қўлга илинмас, тутқич бермас, Абдулланинг ўзи осмон билан замин ўртасида муаллақ ҳолда сузиб бораётгандек, ўзини қўлга олиш, хаёлларини жамлаш, пайдар-пай туғилаётган саволларга та­йинли жавоб топиш қасдида ётар ўрни – деворга маҳкамланган ёталоқ темирини бор кучи билан, бармоқлари лўқиллаб оғригунига қадар чангаллар, аъзойи бадани қақшаб, тер қуйиб кўз ўнгидаги ёлғизхонанинг совуқдан-совуқ манзаралари тиниқлашгандагина ўзининг қаерда ва не ҳолатда ўтирганини англаб етар ва яна қайтиб жавобсиз саволлар уммонига ғарқ бўларди. Тўққизинчи куни ёнига қўйилган ҳамроҳ уни бундай ҳолатлардан халос этадигандек эди. Бироқ Абдулла ўзини камгаплар тоифасидан деб ҳисобларди, ҳамроҳи ундан баттар экан – аҳён-аҳёнда суҳбат жонлангани демаса, барака топгур – Абдулла унга “Индамас” дея тахаллус қўйди – на кун-на тун чурқ этди. Бир сафар Абдулла бошига тушган машмашадан сўз очди, гуноҳим нима – билмайман, деб юборди.

– Қамаб олишдими, гуноҳ топилади, – деди “Индамас” ҳаммага аён оддий ҳақиқатни такрорлаётгандек минғирлаб хотинчалиш овозда. Сўнг узоқ ўйлаб ўтирмай қопқонга тушган сичқондек чийиллаб, “ҳукми”ни ўқиди:

– Тоқатингизни синашяпти. Судсиз чиқаришмайди. Норозилик билдиринг.

– Қандайига?

– Овқат еманг.

 

Айблов хулосаси

 

Ўрт.Осиё ПП ОГПУ 1926 йил 547 рақамли “Муштум” журналининг масъул ходими чиқарувчиси Қодиров Абдулланинг ЎзССР ЖК 105, 116 ва 72-моддалари бўйича иши юзасидан

Абдулла Қодиров, адабий тахаллуси “Жулқунбой”, “Муштум” журналининг масъул ходими ва чиқарувчиси, мазмунига кўра  миллий ихтилофлар келтириб чиқаришга қаратилган ҳамда ЎзССР МИК раиси ўрт. Охунбобоев ва ЎзССР КП МК(б) секретари ўрт. Икромов сиймосида совет ҳокимияти ва компартияни обрўсизлантиришга қаратилган аксилинқилобий мақолани кенг тарқатиш мақсадида тайёрлаган.

Масъул муҳаррир ушбу мақола билан танишгач унинг бостирилишига Абдулла Қодировга рухсат бериш у ёқда турсин, қатъиян таъқиқлаган. Бироқ Қодиров муҳаррирнинг иш жойида йўқлигидан фойдаланиб ва журнални чиқарувчилик вазифасини суиистеъмол қилиб, Обллитда ўрнатилган тартибни алдов йўли билан чалғитиб, мақолани “Муштум “ журналининг навбатдаги 27-сонида бостириб юборган.

ЖК 105-моддасининг 1-банди, 116 ва 72-бандлари бўйича айбланувчи Қодиров Абдулла ўзига қўйилган айбларни қатъиян рад этар экан гўё “Йиғинди гаплар” мақоласи мутлақо аксилинқилобий мақсадларда ёзилмаганини, шунингдек мақола босмага берилишидан аввал муҳаррирга берилгани ва муҳаррир мақолани босиш учун ижозат берганлигини айтди. Ҳақиқатда журналнинг 27-сонини тайёрлашда, матнни ўқиш ва тузатишда иштирок этганлигини тасдиқлади.

Ўзига қўйилган айбларни мутлақо рад этишига қарамай дастлабки тергов ишларида фуқаро Қодиров Абдулла – ўзбек, Тошкент шаҳридан, майда ҳунармандлардан, 30 ёш, партиясиз, хонаки таълим олган,  1917 йилга қадар приказчик ва дурадгор, 1917 йилдан милицияда, Озиқ-овқат қўмитасида, Эски шаҳар профсоюз кенгашида, “Иштрокиюн”, “Қизил Ўзбекистон” газеталарида, “Роста” мухбири, “Инқилоб” журналида ходим, “Коммунист йўлдоши” ва “Муштум” журналларида ишлаган. Муқаддам судланмаган. Юқорида санаб ўтилган моддалар бўйича айблари фош этилди.

Баён этилганлардан келиб чиқиб Абдулла Қодиров Тошоблсудига йўлланмоқда ЖКнинг 211-моддасига биноан облпрокурорга ашёвий далиллари билан ўтказилмоқда.

Айбланувчи Қодиров Абдулла 8 мартдан 3 апрелга қадар Тоштузатишуйига ўтказилган ва Тошоблпрокурори ихтиёрига жўнатилмоқда.

Судга чақиртирилувчи шахслар рўйхати ва ашёвий далиллар илова этилмоқда.

1926 йил апрель ойи 5-кунида тузилди.

СО вакили – Агидулин

“Розиман” ЎртОсиё СО ПП ОГПУ бошлиғи – Карпилов

“Тасдиқлайман” – Ўрт. Осиё ОГПУ ваколатхонаси, ваколатли вакил – Белский.

Аслига тўғри: Тригулов

 

Абдулла ҳибсга олинганининг ўнинчи куни деганда тоқати-тоқ бўлди. Сабр косаси тўлди. Ўн кундирки, бир кимса чақириб ё ҳузурига кириб унинг қамоқхонада тутиб турилиши сабабини айтса, сўроқ ўтказса, айб эълон қилса! Кунда авахтахонага кирадиган, очиқ ҳавога сайр учун олиб чиқадиган миршабларнинг бари бамисоли мум тишлаган.

Қизиқ, Абдулла энг аянч аҳволга тушган ҳолатида ҳам ижодни, бошига ёғилган кўргиликни қай тариқа қоғозда баён этиш эпини излар эди. Бундан гоҳ ажабланса, гоҳ уни ғоятда табиий ҳол деб ҳисоблар, манинг қисматим – халққа қарата очиқ сўз айтмоқ, мурод-мақсадим ҳам шул, дея ишга киришаверарди. Ўн кеча-кундуз ёлғиз қолдирилиши аввалига оғир ботди, жазонинг шу турини раво кўришибди-да, дея истеҳзоли кулиб қўйди. Айниқса ёнига “Индамас” келиб қўшилгач, бу ҳамроҳнинг арвоҳ капалакдай қимир этмай ва чурқ этмай ўтириши қайтага Абдулланинг ёлғизлигини боз таъкидлаётгандай, бетига солаётгандай бўлаверди. Хаёли тутқич бермас, гоҳ ўз тақдирига нисбатан бепарво бўлиб қолар, гоҳо эса уйга қайтгандаги аҳволни кўз ўнгига келтириб, хаёлан воқеий эртак ёзди.

– Ада, қаерга бориб келдингиз? – деб қисталанг қилиб сўрайди  Ҳабибулла. – Сизни роса соғиндим.

Унга Назифа қўшилади. Қиз бола-да, анча ҳушёр, “Чўпчак айтиб беришингизни соғиндим, ада”, дейди бўйнидан қучоқлаб. Абдулла соғинмадими ўғил-қизларини! Соғиниш ҳам гапми?! Вақти келса, эрталаб ишхонага жўнаб кечда қайтгунича соғиниб қоладиган қақилдоқ қизининг теша тегмаган гапларини, ерга урса осмонга сапчийдиган ўғлининг тўполончиликларини.

Фарзандларига қўшилиб, табиий, катталар ҳам суриштириб қўйишмайди. Қаерда ётдинг, шароити қандай экан, қийнашмадими. Оч қолмадингми, ҳоказо ва ҳоказо.

– Ҳаммаларига эртак айтиб бераман! – Абдулла хаёлига келган фикрдан хурсанд бўлиб кетди. – Шу кунларнинг эртаги бўлади бу эртак. Шундай ёзаманки, болажонларга бирдек ёқади, тушунарли бўлади, муҳими, тушунган одам ўзича тегишли хулоса чиқариб олади. Ҳикоями, рўманми, эртакми, муҳими – хулоса!

Давоми бор

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД – 1951 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Ёзувчининг “Ҳовли этагидаги уй”, “Жажман” каби ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. У “Паноҳ”, “Ҳижроним мингдир менинг”, “Оромкурси”, “Чаёнгул” каби қиссалар, “Бозор”, «Донишманд Сизиф» романлари муаллифи.

[1] Муроқаба – мушоҳада.

[2] Абдулҳай Тожи – “Туркистон” газетаси муҳаррири.

[3] Ғози Юнус.

[4] Мўминжон Муҳаммаджон ўғли (тахаллуси Тошқин) “Муштум” таҳририятида масъул котиб вазифасида ишлаган.

[5] Чўлпон мисралари.

[6] И.Тургеневнинг “Муму” ҳикоясидаги Герасим назарда тутилмоқда.

[7] Ҳазин.

[8] Кулги.

[9] Ўрта Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси мухтор ваколатхонаси.

[10] Ҳисобчилик.

[11] Тағин.

[12] Айбдорлик.