АНВАР ОБИДЖОН: ТУПРОҚДАН ДОВРУҒ ЯСАЁТГАНЛАР

2018- йил 4-сон. Публицистика

Равшанбек лойга беланган қўлини ювиб бўлиб, биз билан илиқ кўришди. Бир пиёла чой устида пича суҳбат қургач, корхонача тусини олган хонадондаги ишларни кўздан кечиришга тушдик.

Бу йигитнинг етти пушти сополчилик билан шуғулланиб келган, боболари ўз касбидан барака топиб, анча бикир ҳаёт кечиришган экан. Лекин, шўролар даврига келганда, косиб-ҳунармандлар олдида баланд тўсиқлар пайдо бўлиб, кулоллар хонадонидан ҳам файз арий бошлабди.

– Шунга қарамай, отам касбини давом эттираверди, – дея ўтган ишларни эслайди Равшанбек. – Барча ҳунармандлар сингари бозорда таъқибга учрайвериб молимиз касод бўла борди, тирикчилик ўтказиш учун деҳқончилик билан ҳам шуғулланишга мажбур бўлдик охири. Яхшиямки, бу касбдан тугалай безиб кетмай, отамдан билганимча ўрганиб олган эканман, Худога беадад шукроналар бўлсин, мана, кўчатимизни гуллатадиган замонлар келди.

Гап Риштон ҳақида кетаётганини аллақачон пайқаб олган бўлсангиз керак, азиз ўқувчи! Довруғи кўҳна Туркистон оша етти иқлимга таралган, дунёда ўхшашсизлиги билан алоҳида мактаб мақомини олган Риштон сополчилиги ҳануз бу туман аҳлининг асосий ифтихори бўлиб турибди. Ушбу туманда туғилиб ўсган Исажон Султон, Баҳодир Исо, Ғулом Фатҳиддин, Азизбек Анвар сингари қаламкашлар ижодида кулол ва кулолчиликка оид сатру жумлалар тез-тез учраб туришининг сабаби ҳам шунда. Айнан мана шу ифтихор туйғуси мазкур гўша кулолларига куч, сабр-тоқат ато этиб, улар асрий ҳунармандчилигимизнинг бу нодир турини эски замон бўҳронларидан эсон-омон олиб чиқишган бўлса, ажабмас.

Ота касбини қайта оёққа турғазишда Равшанбек кўп қийинчиликларга дучор бўлди. Эскирган дастгоҳларни янгилаб, ишни жўяли йўлга қўйиб олиш учун, ҳатто, рўзғор юмушларига яраб турган енгил автомашинани сотишга тўғри келди. Дастлаб, ясаган идишларининг асосий қисмини Самарқандга олиб бориб, пуллаб юрди – ўзи уста, ўзи савдогар. Қўли мўмайроқ пул кўргани сайин, замонавий ускуналар харид қилди, шогирдлар сони кўпая борди, иши бароридан келаверди. Энди қарасангиз, бошқа кенг ҳовли сотиб олди, ҳовлида янги автомашина пайдо бўлди, кичик устахонаси каттагина цехга айланди. Ҳозир элликка яқин ишчи бор. Бундан ташқари, диёримизда гўзал урф тусини олган – аввало, эҳтиёжманд оилалардаги аёлларнинг, ногиронларнинг касаначиликка жалб этиш орқали моддий аҳволини яхшилашга қаратилган эзгу ишларга монанд тарзда, яна беш юз хонадон маҳсулотга ўз уйида гул чизиб бериш билан шуғулланиб, яхшигина фойда кўряпти. Цехда оштовоғу йиғма салатдон, кўзаю кўра, гулдону ўйинчоқлардан тортиб, қатиқ ивитиладиган чапя-ю, аёллар соч ювадиган боштовоққача, жами уч юз хил атрофида маҳсулот ясалмоқда.

Даромадининг чўғи пастлаб бораётган маҳалларда Равшанбек сополчиликни ота­сининг қистови билан ўрганган бўлса, давр ўзгаргач, унинг фарзандлари бу касбни ўзлари қизиқиб ўзлаштиряпти. Айниқса, олтинчи синфда ўқийдиган Ота­бек, бўш қолди дегунча, усталарнинг ёнидан жилмайди, ўзи пиёла ясаб, ўзи гул чизади. Харидорлар келганида, ўз пиёлаларини боланинг ўзи беш минг сўмдан сотади, шундан минг сўми хизмат ҳақи сифатида ёнига қолади. Ўша минг сўмнинг ортида қанча уринишлар ётишини билсин, пулнинг қадрига етадиган бўлсин деб, Равшанбек атайин шундай қилади. Бола зотидан қизиғи йўқ, бир куни Отабек уч-тўрт синфдошини етаклаб келиб, дада, шуларниям ишга олинг, дермиш.

Сополчиликка мос тупроқни танлаш, ташиб келтириш, лойга айлантириш – жараённинг бошланиши. Кейин ускунада хомпаз идишлар ясалади,  баъзиларининг ичига, четларига бўртма ёки ўйма нақшлар ўйилади, эртаси куни хумдонда пишитилади. Маҳсулот сал тиниққач, гул чизилади, бўёқлари ярқираб туриши учун қайтадан хумдонга солинади. Сопол қўғирчоқларни ясаш янада мураккаб.

Ўзи Тошкентда фаолият юритаётган эса-да, бир оёғи ҳануз ота уйидан узилмаган, Ватанимиз тарихига оид бадиий китобларни “қувиб юриб” ўқийдиган тадбиркор йигит Олимжон Саримсоқовнинг айтишича, бошқа кўп юртлардаги, ҳатто ўзимизнинг Бухородаги кулоллар маҳсулот ясаш учун лойга қўшимча нарсалар аралаштиришга мажбур бўлса, унинг Риштонидаги тупроққа сув қўшилса кифоя экан. Шу боис, тупроғимиз ўзининг нақадар ноёблигини кўз-кўзлаб тураверсин, дегандек, маҳаллий сополчилар идишларнинг тагига ранг беришмас экан. Бунинг замирида она заминга нисбатан юксак эҳтиром, чексиз миннатдорлик ётганини англаб олиш қийин эмас.

Хитой кулоллари – дунёда энг машҳури. Идишларга бўртма усулда нақш беришни улар ўйлаб топган. Шундай бўлса-да, Исроилда ташкил этилган халқаро кўргазмада, риштонликларнинг бўртма усулда безатилган лаганлари хитойлик кулолларникидан қимматроқ баҳода тез сотилиб кетди. Сабаби шуки, Хитойда бўртма нақшлар идишга ускуна ёрдамида туширилса, Риштонда қўлда қилинади. Қўл меҳнати эса ўзининг бошқача бежиримлиги билан ажралиб туради, бу соҳа билимдонлари томонидан алоҳида қадрланади. Шунинг учунми, Равшанбек илгари асосан Қирғизистон, Тожикистон бозорларига кириб борган бўлса, энди Исроил, Жанубий Корея каби давлатлардан ҳам буюрмалар туша бошлади.

Тадбиркор Саидаҳмад Акбаров ҳали ёш бўлишига қарамай, чинни идишлар ясаш корхоначасини ташкил этиб, ўзбекларнинг кундалик турмушида доим керак бўлиб турадиган чойнак-пиёла, коса, лаган, тақсимча кабилар ясашни йўлга қўйди. Сополчиликдан фарқли ўлароқ, чинни идиш ясаш учун Риштон тупроғига четдан бир неча хил хомашё келтириб қўшиш лозимлиги сабабли, бу соҳа анча серхаражат бўлса-да, оғир юмушнинг уддасидан чиқибгина қолмай, хориждан қўшимча ускуналар сотволиб, иккинчи цехни ҳам ишга туширди.

Саидаҳмад ҳозиргача юз нафарга яқин кишини ишли қилди. Улар учун махсус ошхона қурилиб, бепул овқат бериб борилмоқда. Ўртача маош саккиз юз минг сўмдан тепада. Оила қуриб, алоҳида эшик очган ўғли ўз рўзғорини тебратиб туришни ўрганиб олиши ҳам ота-оналарга бир олам қувонч бахш этаверади. Уч нафар фарзандининг каттаси эндигина бошланғич синфда ўқиётган бу навқирон йигит эса, оиласини эплашдан ташқари, неча-неча тумандошига ҳам ризқ топиб бераётгани кўп-кўп ёшларимиз учун ўзига хос бир намунадир. Тасанно, азамат!

Давлатимиз хазинасини чет эл валюталари билан бойитишда туризмнинг аҳамияти беқиёс. Шу туфайли, илгари эътибордан четроқда қолиб келган бу соҳани кескин ривожлантириш учун юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширила бошланди.

Фарғонада бири табиатининг ўта фусункорлиги, бири тарихий обидаларга бойлиги, бири қадимий касб-ҳунарларни ҳануз асраб келаётгани, бошқаси таъмининг оламда қиёси йўқ мевалари билан довруғ солган Қўқон, Марғилон, Шоҳимардон, Сўх, Қувасой, Олтиариқ, Учкўприк, Қўштепа, Қува сингари масканларда чет эллик сайёҳларни ўзига мафтун эта оладиган жиҳатлар беҳисоб. Худоёрхон ўрдаси, Норбўтабек, Камол қори, Саййид Аҳмадхўжа мадрасалари, Модарихон, Убайдуллохон, Хўжа Азиз бува, Али Охунд, Абдулазизхон дада мақбаралари, ҳазрат Ҳувайдо, Йигитпирим, Биби Убайда, Зўрой она, Оқ ота, ҳазрат Али Шоҳимардон, Садкак ота зиёратгоҳлари, минорадор Жоме,  Хўжа Эгиз, Ҳожа Форсо, Оқил мингбоши, Хўжа Илғор, Қиёқ, Подшоҳпирим деб аталмиш кўҳна масжидлар янглиғ диляшнатар жойларимиз, ноёб экспонатларга бой музейларимиз шулар жумласидандир.

Риштон ҳам хорижлик туристлар диққатини ўзига тобора кўпроқ жалб этаётган гўшага айланиб бормоқда.

Кулол Саиджон Аҳмедовнинг хонадонида бўлганимизда, бир нарса алоҳида диққатимизни тортди. Омадни қарангки, бу йигитнинг томорқаси бошдан-оёқ кулолчиликка мос тупроқдан иборат экан. Олисдан қидириб юрмай, хомашёни шу жойнинг ўзидан қазиб олишавераркан.

– Айланасиям, чуқурлигиям тўрт метрга тўрт метр қилиб кавланган жойдан қирқ тонна лой чиқади, – деб изоҳ берди Саиджон. – Бир ойда кўпи билан икки тонна лой ишлатишимизни ҳисобга олсак, ўн сотихли томорқанинг тупроғи ҳали кўп йилларга етади.

Дарвоза ортидаги айвонга қатор-қатор териб қўйилган бири биридан жилвакор идишларни кўриб, кўзимиз қамашди. Буларнинг талай қисми чет эллик сайёҳларга сотилаётганини эшитиб, сира таажжубланмадик.

Туристлар энг кўп ташриф буюрадиган жой – машҳур қизиқчи Муҳиддин Дарвишев “Тоҳир сопол” деб лақаб қўйган,  идишларга безак беришда игна-бигиз қўллаш усулини ихтиро этгани туфайли маҳсулотлари бошқаларникидан яққол ажралиб турувчи Тоҳиржон Ҳайдаровнинг Жалойирдаги хонадони. У устахонага айланган уйи­дан ташқари алоҳида томорқада ўзига хос музей ҳам ташкил этган. Бу макондан деярли барча МДҲ давлатлари, Италия, Хитой, Англия, Жанубий Корея, АҚШ, Испания, Австралия каби олис мамлакатлардан келган туристларнинг оёғи узилмайди. Ҳатто, сайёҳлардан бири, уй эгасидан рухсат олгач, уч-тўрт ойдан сўнг хотини ва қизиниям етаклаб келиб, шу хонадоннинг ўзида бир неча кун истиқомат қилиб кетибди. Бунинг нимаси қизиқлигини сўрашса, ўзбекона шароитда яшаб, фақат ўзбекона овқатларни, бир-биридан ширин меваларни еб, жуда яйрадик, дейишибди.

Тоҳиржон бу жойдаги уйни ота-буваларимиз анъанасига кўра, меҳроб-токчали, вассали қилиб қурди. Ташқи деворларни оқлатмай, сомон сувоқлигича қолдирди. Кенг айвон остига ўрнатилган сўрилардаги хонтахталарнинг атрофига тўшаклар солиб, болишлар қўйиб қўйди. Сотадиган маҳсулотлари девор бўйлаб чўзилган токчалардан жой олди.  Четдаги бостирма остида кўҳна ёдгорликлар кўргазмаси мавжуд. Ундага икки-уч юз йиллик хум, кўза, хамиртоғора, киртоғора кабилар қаторида қадимий омочу қўқонарава ҳам турибди. Бу араванинг бағдодлик эгаси Абдухолиқ отанинг айтишича, ундан бувасининг буваси ҳам фойдаланган экан. Сайёҳлар учун шуларнинг ўзигина бир экзотика эмасми?

Бу йигит ҳали номи унчалик ёйилмаган пайтлардаёқ катта-катта оштовоқларга Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Одил Ёқубов, Неъмат Аминов, Ўткир Ҳошимов, Озод Шарафиддинов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Турсунбой Адашбоев сингари адибларимиз расмини чизиб юрарди. Ҳозир музейдаги бундай расмли товоқлар сони олтмиштадан ошди. Бундан ташқари, жаҳон ва ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларининг шеърлари, темурийлар, бобурийлар, Қўқон хонлари шажараси битилган яна ўнлаб товоқ ва кўзалар бор. Туман ёшлар иттифоқи ташаббуси билан бу ерда кутубхона, устоз-шогирдчилик мактаби очилди.

Хорижлик кезаргонар мўъжизаларга бой юртимизни энди-энди кашф этяпти. Кашф этганлар бошқа юртдошларига ўз ҳайрату ҳаяжонларини кўпроқ юқтиравериши учун уларга янада қулай шароитлар яратиб бераверишдан толиқмасак бўлгани.

Тумандаги бир янгиликни эшитиб, “Страус фарм” фермасига бордик. Дарвозадан ўтибоқ, ўзимни бирданига Африкада юргандек ҳис эта бошладим. Агар, бундан йигирма-ўттиз йил бурун бирон-бир авлиё башорат қилиб, Риштонда туяқушлар пайдо бўлади, деб юборса, уни тентакка чиқаришлари аниқ эди. Мана, дўппи бир айланди-ю, буни энди ҳамма ўз кўзи билан кўриб турибди.

Тадбиркор Фарангиз Азимова бу соҳага қўл уришдан олдин кўп ўйланди, кўп ўрганди. Охири қатъий тўхтамга келди, учта парваришлов ангари, инкубатория корпуси, алоҳида жўжахона, озуқа тайёрлаш цехи, ем омбори кабиларни қуриб, Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасига асос солди. Ўн бешинчи йилда Жанубий Африкадан самолётда бир ҳафталик жўжалар олиб келиниб, парваришлаш бошланди.

Айни кунларда туяқушлар сони бир юз олтмиш уч бош экан. Шулардан эллик иккитаси уч-беш ёшгача, йигирма бештаси йигирма ойликдан ошганлари, қолгани етти ойлик атрофидаги жўжалар. Буларни кўриб, хаёлимда бир мутойиба шарпаланди. Булбуллар, қумрилар, беданалар у ёқда қолиб, ўзбек шоирлари келгусида туяқушлар ҳақида ҳам ёниқ-ёниқ шеърлар тўқий бошласа-я!

– Бу жониворларнинг энг ўзига хос фазилати – очофат эмас, – дейди иш бошқарувчи Ҳусанбой Аҳмаджонов. – Олдига уч баравар кўп озуқа солсангиз ҳам, фақат керагини ейди.

– Булар нима ейди ўзи?

– Цехимизда тайёрланадиган асосий емнинг ярмидан кўпи беда, соя, қолгани макка, буғдой, арпа донлари аралашмасидан иборат. Бундан ташқари, соғликларини яхшироқ асраш ниятида қизилча, сабзи, шолғом, олма, карам сингари қўшимча озуқаларниям бериб борамиз.

Туяқуш ўртача етмиш йил умр кўради, қирқ беш йил давомида тухум беради, етилганлари бир юз қирқ килограммгача тош босади. Халастерин моддаси атиги бир фоиздан сал кўпроқни ташкил этувчи парҳезбоп гўштининг кўриниши ҳам, таъми ҳам қорамолникига яқин, Тошкентдаги айрим ресторанлар доимий мижозга айланиб қолган.

Ушбу жониворнинг кони фойда эканлиги шундаки, гўшт ва тухумидан ташқари, териси, суяги, ёғидан тортиб, тумшуғу пати, тирноғу тухумининг пўчоғигача алоҳида сотилади. Айниқса, териси юқори қадрга эга бўлиб, кўримлилиги бўйича тимсоҳникидан, пишиқлиги бўйича каркидонникидан кейинги ўринда туради. Ошланган терининг бир квадрат метри жаҳон бозорида тўрт юз эллик долларгача баҳоланади.

Озуқа маҳсулотларини сотиб олиш анча қимматга тушаётгани ишни янада ривожлантиришда асосий тўсиқ бўлиб келаётганди. Ниҳоят, бу муаммо ҳам ечимини топиб, бундан буён ўзлари арзон озуқа етиштиришлари учун Марказий Фарғона ерларидан жамоага эллик гектар экинзор ажратилди…

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳужжатини ўзига дастурул­амал қилиб олган фарғоналиклар вилоят халқ хўжалигининг ҳар бир бўғинида бири биридан улкан юксалишларга эришмоқдалар. Булар орасида ўта омилкор ва беҳад меҳнатсеварлиги билан донг таратган риштонликларнинг ҳам муносиб ўрни бор.

Анвар ОБИДЖОН – Ўзбекистон халқ шоири. 1947 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Эй, ёруғ дунё”, “Кетмагил”, “Безгакшамол”, “Даҳшатли Мешполвон” каби шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.