БАХТИЁР АБДУҒАФУР:СУЛТОН ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ (Роман 23-боб)

Шарқ юлдузи/ Avgust 1, 2018/ 2018- йил 4-сон, Наср

         Бир кечаю-бир кундуз тўхтовсиз юрганларидан отларнинг силласи қуриди. Бирор жойда тўхтаб уларга дам берилмаса бўлмасди. Бироқ амирлар бу ҳақда султонга айтгани журъат қила олишмас, ҳатто Содирхон ҳам жим эди. Ҳайтовур, султоннинг ўзи нафас ростлашга қарор қилди ва карвонни тўхтатди. Ходимлар дарров унга чодир тикишди. Ювиниб, бирмунча ўзига келиб олган султон негадир Қутлуғхоннинг ўзини ҳузурига чорлади. Чодир ёнида турган Содирхон бу илтифотга аввало ўзи ноил бўлишини кутганди. Султоннинг қароридан кўнглига хавотир оралади. Ортиқ ваҳимага берилишни истамай, ўлгудек чарчаган бўлса-да, чодир ташқарисида кутиб туришни лозим топди.

Қутлуғхон чодирга кирганида султон қалин тўшалган кўрпачалар устида болишга ёнбошлаб ётарди. Чодирга одам киргач қўзғалиб, чордана қуриб ўтирди.

– Ўлтиринг, Қутлуғхон жаноблари! – деди у.

Қутлуғхон шошиб қолди. Султон ҳузурида одатда ўтирилмас, тик турилганича унинг сўзларига қулоқ тутиларди. Кутилмаган таклиф ортида муҳим масала муҳокамаси борлигини Қутлуғхон сезди. Қиличини тўғрилаб, султондан анча пастроқда шундоқ гиламга ўтирмоқчи бўлганида султон:

– Юқорига ўтинг, Қутлуғхон жаноблари! Ёнимиздан жой олинг! – деб қолди.

Ҳали ўтиришга улгурмаган Қутлуғхон тиззалаганича султон қаршисига борди ва тиз чўкканича омонат ўтирди. Султон ёнидаги кичикроқ пўлат сандиқчани очиб ўрам қилинган мактубни олиб, Қутлуғхонга узатди:

  • Қутлуғхон жаноблари, мана шуни бир ўқинг!

Қутлуғхон ўрамни қўшқўллаб олди. Фақат султоннинг назари тушиши лозим бўлган мактубни журъати етиб-етмай очди. Султоннинг таъқиб этаётган нигоҳи остида ўқишга киришди. Сатрлар ичига шўнғий бошлагач эса қаршисида салтанат ҳукмдори ўтирганини унутиб, “астағфируллоҳ!” деб юборди. Охиргача ўқимай султонга юзланди.

– Шундай мактублардан икки-учтаси илкимизга келиб тушмиш! – гап бошлади султон. – Булар амирларимизга юборилмиш.

–Хабарим йўқ экан, султон ҳазратлари…

Султон унинг жавобида икки маънони ўқиди: биринчиси, чиндан ҳам хабарим йўқ; иккинчиси, бундай мактубни олмадим… У бир муддат Қутлуғхоннинг кўзларига тикилиб қолди. Худди маҳкумни тергов қилаётгандек. Буни туйқус кўнглидан ўтказган Қутлуғхон кўзларини ерга қадади, ўнғайсизланди.

– Сизга ишонамиз, Қутлуғхон жаноблари, – давом этди султон. – Сабаби, сиз йигитлик чоғингиздан хонадонимиз хизматидасиз, аввалги юришларимизда доим черик илғорида бўлиб, садоқатингизни қиличингиз ила исботлаб келгансиз. Бу борада сиздан кўнглимиз тўқ.

Султоннинг эътирофидан Қутлуғхоннинг кўзларига ёш келди.

– Менга ҳамроҳ бўлган бу одамлар орасида мен уч кишига ишонаман, Қутлуғхон жаноблари. Бири сиз. Қолганлари Тожиддин Ҳасан ва шахсий фаррошим Муқарробиддин.

Қутлуғхон унинг сўзларидан ҳайратга тушди. Султон нега бундай деяпти? Ёки уни синаяптими? Ахир атрофида шунча саркардалар бўлса! Қолаверса, бари яқин қариндошлари. Султонни ҳимоя қилаётган харас ҳам Содирхоннинг измида. Йўқ, бу сўзлар синов учун айтилмаяпти. Бу мактубнинг ошкор этилиши ҳам бежиз эмас.

– Мактубдан мурод нима эканини билмайман, – султоннинг овози унинг ўйларини тўзғитди. – Буларни ким ёзгани ҳам менга қоронғи. Лекин кўп яқинларимдан, амирлардан гумоним бор.

Қутлуғхоннинг кўнглидан турли хаёллар ўтарди. Султоннинг бекорга шаҳардан-шаҳарга кўчиб юрмагани, бир ерда муқим турмагани балки шу мактублар сабаблидир? У яқинларининг фитнасидан қўрқдими? Бироқ бу ўйлари унга эриш туюлди.

– Мактубни ким ёки кимлар ёзган бўлиши мумкин, Қутлуғхон жаноблари? – туйқус сўраб қолди султон.

Қутлуғхон нима дейишини билмасди. Мактубда султон амирлари Чингизхонни интиқ кутишаётгани, хоқондан биргина ишора етса унинг хизматига киришлари баён қилинарди. Ким Чингизхонга бундай маънода мактуб юбориши мумкин? У ўйлаб ўйига етолмасди.

– Султон ҳазратлари… содиқ қулингиз ожиз…

Султон қўлини мактубга чўзди. Қутлуғхон шоша-пиша уни султонга тутди.

– Қутлуғхон жаноблари, сиздан бир илтимосим бор.

– Қулоғим сизда, султон ҳазратлари, – Қутлуғхон қўзғалиб олди.

– Сиз кўп савашларни кўрдингиз. Жалолиддиннинг ёнида туринг! Жалолиддин ҳали ёш… сиздек кишиларга муҳтожлиги бор! – султоннинг сўнгги сўзлари титраб чиқди. Бўғзига нимадир тиқилгандек бўлиб давом этолмай қолди. Кўзларида ёш кўринди.

Қутлуғхоннинг кўнгли бузилиб кўзларини ерга қадади. Анчагача султоннинг кўзларига қарашга журъат эта олмади. Миясида энди султоннинг сўзлари айланарди: “…Жалолиддиннинг ёнида туринг!” Нега бундай деди? Кўнгли бирор нарсани сездими? Нега Қутбиддин ёки Ғиёсиддин эмас, айнан Жалолиддин? Демак, демак… султон ҳам бутун умид Жалолиддиндан эканига ишонибди-да!

Чодир ташқарисида Муқарробиддиннинг аста томоқ қириб олгани ва овози эшитилди:

– Султон ҳазратлари, таом тайёр, ижозат берсалар ҳозирлик кўрсак.

– Ижозат!

Шошиб қолган Қутлуғхон ниҳоят кўзларини ердан узиб султонга қаради.

– Султон ҳазратлари, рухсат берсалар сизни ҳоли қолдирсам.

Султон бош ирғаб қўйди. Қутлуғхон ўрнидан туриб чодирдан чиқди.

Султон билан суҳбат Қутлуғхоннинг ўй-хаёлларини остин-устун қилиб юборганди. У ўз ўйлари билан холи қолиш умидида султон амирлари ва хараси тўхтаган жойдан нарироққа кетмоқчи бўлди. Тун кирган, самода юлдузлар живир-живир қилади. Қутлуғхон хаёллар билан қанча юрганини билмади. Кутилмаганда нарироқда уч-тўрт кишининг ғўнғир-ғўнғир гаплашаётгани қулоғига чалинди-ю ўйлари узилди. Гоҳ овозлар пасаяр, гоҳ кимдир асабийлашиб баланд овозда гапириб қоларди. Улардан бирининг овозини Қутлуғхон таниди – Содирхон! У куйиб-пишиб гапирарди:

– Султоннинг ўзи ҳам қаёққа кетаётганини билмайди! Бу кетишда ҳаммамизни абгор қилади! Ишончли кишилар Чингизхон тез кунларда салтанатни эгаллашидан сўзламоқдалар!

– Тўғри, лекин бу иш хатарли! – дерди бошқаси. – Султон чериги ҳали кучли. Жалолиддин бугун-эрта доруссалтанага келади, дейдилар…

– Бўлмаган гап! – қизишди Содирхон. – Самарқанд ҳам бугун-эрта Чингизхон илкига ўтур! Чингизхон бир зарб ила Ғазнини ҳам, Гурганчни ҳам олур!..

– Нима қилишни маслаҳат берурсиз? – учинчиси ўртага қўшилди.

– Султонни ўртадан кўтармоқ лозим! – деди Содирхон. – Кейин Чингизхонни олдига борсак бизни қуруқ қўймас!..

Қутлуғхон титраётганини сезиб қолди. Ҳам қулоқларига ишонмасди. Наҳотки бу сўзни султоннинг энг яқин мусоҳиби, ҳам қўриқчиси айтаётган бўлса?! Назарида қандайдир қўрқинчли, алоқ-чалоқ туш кўряпти-ю, Содирхон унда олабўжига айланган. Содирхоннинг сўзлари унинг хаёлларини узди:

– Шу кеча ишни битирамиз! Бу ишни ўзим бажарурмен, ёнимда турсанглар бўлди!

– Маъқул!

– Маъқул!..

Қутлуғхон эҳтиёткорлик билан ортига қайтди. Тожиддин Ҳасанни топди. Тутила-тутила ҳозиргина гувоҳи бўлган фитнадан уни огоҳ этди. Тожиддин Ҳасан дарров хос навкарларни белгилаб, уларни султон чодири атрофига қўйди. Қутлуғхон ва Тожиддин Ҳасан ҳозирча буни султонга айтмасликни маъқул топишди ва чодирдан нарироқда, кўздан холи жойда турадиган бўлишди. Орадан бир муддат ўтгач Содирхон кўриниб, Қутлуғхон сергак тортди. Содирхон бемалол чодирга кирди, соқчилар унинг йўлини тўсишга ҳаддилари сиғмади. Қутлуғхон унинг ортидан юрди ва ҳар эҳтимолга қарши қиличининг дастасидан ушлаб олди.

Содирхон чодирга кириши билан қиличини яланғочлаб, тўшакда ётган султонга зарба бермоқчи бўлди. У қилични баланд кўтарганида кутилмаганда ғалати қалқиб “ҳиқ” деди-ю ортига аста ўгирилди. Ундан икки-уч қадам нарида Қутлуғхон турар, унинг ортида қўлида машъала кўтарган Тожиддин Ҳасан бор эди. Баланд овозлардан чўчиб уйғонган султон бир Қутлуғхонга, бир Тожиддин Ҳасанга, бир жон таслим этаётган Содирхонга қаради. Ниҳоят, нима бўлганини тушуниб:

– Майдонда мардлардек кўксингдан эмас, номарддек ортингдан тиғ единг! – деди тиззалаб қолган Содирхонга.

Содирхон сўнгги кучини тўплаб яна қиличини кўтаришга уринди. Бу сафар Тожиддин Ҳасан унинг елкасига тепиб қулатди. Содирхон бир-икки ҳириллади-ю узилди. Султон нигоҳини ундан кўчириб Қутлуғхонга қаради.

– Қутлуғхон жаноблари, – деди у титроқ овозда. – Сизни бизга Оллоҳ ҳамроҳ қилиб юборди! Тангри таолога бедад шукрлар бўлсин.

– Оллоҳга беадад шукрлар бўлсин, султон ҳазратлари! – деди Қутлуғхон. – Сизни ўз паноҳида асради!..

Тонг ёришар-ёришмас Султон Аловуддин йўлга тайёрланишни буюрди. Яна ўша васваса уни оромини ўғирлаган, ҳамма кўзига ёв бўлиб кўринар, тезроқ бу ердан кетишни хоҳларди. Жўнаш арафасида Қутлуғхонга сўнгги сипоришларни берди:

– Жалолиддин иншоллоҳ Гурганчга қайтмиш! Сиз унинг хизматига боринг, Қутлуғхон жаноблари! Сизга энди ўзимга ишонгандек ишонамен!

– Маъқул, султон ҳазратлари! – қўлини кўксига қўйиб деди Қутлуғхон.

Султон уни бағрига босди, юзини юзига қўйди. Қутлуғхон унинг юзидаги кўзёшларни сезиб ғалати бўлиб кетди. Султон ва Қутлуғхон шу ерда ажрашдилар. Султон ўзига содиқ навкарлари билан тун қўйнига сингиб кетди. Қутлуғхон ўзига қолдирилган бир даста навкар билан Гурганчга юзланди…

 

24-боб. Мақбарасиз ҳукмдор

 

Чағалайларнинг кўнгилни эзадиган, ҳазин қўшиғи соҳилга келиб урилаётган кучли, улуғвор тўлқинларнинг шовуллаши орасида эшитилиб қолади. Қулзумнинг[2] шарқий уфқи булутлардан тамом қора тортган, қорамтир тус олган денгиз нотинч мавжланади.

Фақат яктакда қолган султон Аловуддин соҳилдаги тошларни аста босиб келиб, йиллар давомида асов тўлқинларда ювилаверганидан силлиқлашиб кетган харсангтошлардан бирига ўтирди. Ёмғир унинг юз-кўзларини ювиб, унда-бунда оқ оралаган қуюқ қора соқол-мўйловини ҳўл қилса-да бунга эътибор бермасди. Кўзлари соҳилдаги чўнг қоятошларга урилиб, ювош тортганича ортига қайтаётган тўлқинларни кузатса-да, фикри хаёлини бу тонг кўрган туши эгаллаб олганди. Тушига отаси султон Такаш кирибди. У ўзига қурдирган мақбарадаги сағана тоши устида қовоғини солиб ўтирганмиш. Бир вақт имлаб ўғлини ёнига чорлабди. Султон Аловуддин мураббаъ тарҳли, гумбази кулоҳий, пештоқ равоғи сопол муқарнаслар билан пардозланган мақбарага кирибди. Тобадонлардаги машъалалар пойгумбаз ва гумбаздаги мунаққаш кошинларни ёритиб, хилхонага ажиб сирлилик берармиш.

– Сен ўзингга нима қолдирдинг? – сўрабди отаси.

Султон Аловуддин жавоб беролмай каловланиб қолибди.

– Ҳеч нима қилмабсан-ку!

Султон Аловуддин кўзларини яширишга уринибди.

– Сенинг ҳатто… мақбаранг ҳам йўқ!..

Султон Аловуддин сесканиб кетди. Тобора қутуриб бораётган тўлқинлар шовқинида чағалайларнинг овози ҳам эшитилмайди. Қулоқлари остида отасининг сўнгги гапи янграй бошлади: “Сенинг ҳатто… мақбаранг ҳам йўқ!..” У беихтиёр инграб юборди. Шунда туйқусдан ёдига Асадобод довонида халифа устига тортилган қўшини қор остида қолиб, пароканда бўлгани, чор-ночор ортига қайтаётган қўшинни йўлда турли қабилалар талаганлари, Гурганчга етиб келмасдан эшитган дарвешларнинг жаҳрларидаги: “Халифадир Оллоҳнинг ердаги сояси, кимки унга қилич кўтарса етгусидир Унинг лаънати!” деган сўзлар тушди. У бу сафар алам ва чорасизликдан яна инграб юборди.

“Наҳотки… лаънатга учраган бўлсам!” – аламли ўй унинг юрагини куйдириб ўтди. Йўтал тутиб, унинг зўридан букчайиб қолди.

– Онҳазрат!

Султон овоз келган томонга қаради. Малик Тожиддин Ҳасан қўл қовуштириб турарди.

– Онҳазрат, сизга арзимас муждам бор эди.

– Мужда?! Қандай мужда экан?

Тожиддин Ҳасан бир муддатли иккиланиш ва тараддуддан сўнг гап бошлади:

– Кеча айтган гапингиз қулоғимга чалинмиш эрди. Шунга содиқ хизматкорингиз сизга бир тулпор келтириб эдим.

Султоннинг тунд юзи ёришиб, уюлган қошлари аввалги жойларига қайтдилар.

– Тулпор! Не улуғ мужда! Қани у?

Султоннинг хурсанд бўлиб кетганидан журъати икки ҳисса ортган Тожиддин Ҳасан:

– Онҳазрат, чодирингиз ёнида турибди. Истасангиз ҳозироқ келтирамен, – деди.

  • Хожати йўқ. Ўзим бориб кўрамен.

Султон ўрнидан туриб, чодири томон юрди. Унинг ортидан эргашаркан, Тожиддин Ҳасаннинг ёдига унинг Жайҳун бўйларидаги шикор чоғида, майин шаробдан сархушлигида айтган гаплари тушди: “Агар хоҳласам амири-охуримиз Ихтиёриддин қўл остидаги ўттиз минг отни бир динор ҳам сарфламай икки баробар кўпайтиришим мумкин. Давлатим яйловларидаги чўпонларга биттадан от келтиришни буюрсам бас, отларим олтмиш мингдан ортади”. Тожиддин Ҳасан билинар-билинмас хўрсиниб қўйди.

Жалолиддин отасини Нишопургача кузатиб келди; Қутлуғхонга сўнгги сипоришларни бергач, Хуросон мулклари ҳимояси учун ортга қайтди. Султон эса Нишопурда кўп қололмади – хуфиялар мўғул қўшини ортларидан тушганини сезиб қолишди. Чингизхон султон Аловуддинни тутиш учун моҳир ва қўрқмас жангчилари, ашаддий каллакесарларини юборган, улар бир зум бўлсин султонни нафас ростлашга қўйишмасди. Таъқибчилар алқов, мулк ва амал таъмасида тўхтамас, султонга етай-етай деганида хараснинг жонбозлиги сабаб, ниятларига ета олишмасди. Харас қурбонлар бериб бўлса-да ҳукмдорни қутқариб қоларди. Султон Исфизарга келганида мўғуллар яна унга етиб олишди. Унинг қўлга тушиши аниқ бўлиб қолди. Бироқ, харас яна унинг жонига оро кирди. Ҳатто султоннинг айрим аъёнлари ҳам қилич олиб савашга кирди. Икки ўртада жанг оғир, шиддатли бўлди. Харас ҳам, мўғуллар ҳам кўп қурбонлар беришди. Мўғулларнинг шиддати заиф тортганда султон яна қочишга улгурди ва Давлатободга етиб олди. Шу тариқа, у қоча-қоча Қулзум соҳилидаги бандаргоҳга етди. Энди қочадиган йўл йўқ – қаршисида чексиз кўринадиган денгиз, ортида эса мўр малахдек ёпирилган мўғуллар. Ёғий отлиқлари бандаргоҳда кўриниш берганларида султон бир амаллаб марқобга[3] олинди ва денгиз ичига сузиб қутулди. Орадан бир ой ўтди. Ироқ мулкларидан Боласоғунгача салтанат тузган султон Аловуддин Муҳаммад бир гуруҳ аъёнлари билан кимсасиз оролда ёлғиз қолган. Ҳадик ичра кун санайди, катта ердан хушхабарларни интиқ кутади. Аксига олиб, оролга ҳеч ким келмайди…

Тожиддин Ҳасан кеча тунда марқобда навкарлари билан оролдан қуруқликка яширинча ўтган, озиқ-овқат, сув олганди. Бу нарсаларни келтирган кишининг оти азбаройи ёқиб қолганидан уни икки баробар нархига сотиб олиб, султонга тортиқ этишни кўнглига тугиб қўйганди.

Султон ер тепиниб турган, қоп-қора саман отнинг тизгинидан тутиб, чодири атрофида етаклаб юрди. Совғадан азбаройи хурсанд бўлиб кетганидан Тожиддин Ҳасанга юзланиб:

– Муждангиз маъқул, – деди.

Тожиддин Ҳасан астойдил қуллуқ қилди. Султон содиқ аъёнига ёлғиз миннатдорчилик билдириш билан қаноатланмади:

– Қоғоз ва давот келтиринг!

Уларнинг ортида қўл қовуштириб турган даватдор[4] шошиб қолди. Анчадан бери унинг хизматларига муҳтожлик сезилмаганидан қоғоз ва давот келтириш хийла кечикди. Даватдор асбобларни кимга беришни билолмай, иккиланиб қолди. Султон муншийси ҳозир оролда эмас. Унинг ўзи эса нома ва ёрлиқларни ёзган эмас. Даватдорни бу ўнғайсиз аҳволдан Тожиддин Ҳасан қутқарди – у қоғоз, давот ва сиёҳдонни олди. Бу вақтда ўй суриб қолган Султон Аловуддин хаёлларидан бош кўтариб, энди муншийликка бел боғлаган Тожиддин Ҳасанга юзланди.

– “Мен ким Искандари Соний Султон Қутбиддин Муҳаммад ибн Такаш ибн Эларслон ибн Ануштегин садоқатли ва ҳожатбарор ходимимиз Тожиддин Ҳасанга ўз мулкларимиздан иқтоъ белгиладим…”

У анчагача давом этолмай қолди. Аъёнлар қўл қовуштирганларича унинг оғзига термилиб турардилар. Султон ёнида турган силоҳдоридан қинига дуру гавҳарлар қадалган ханжарларидан бирини олиб, Тожиддин Ҳасанга узатди. Аввалига иккиланиб қолган Тожиддин Ҳасан ханжарнинг нега узатилаётганини англагач, дарров уни қўшқўллаб олди. Бундайин “орол фармон ёки ёрлиқлари” Султоннинг дабдабали муҳри “…” сиз бўлиб, ҳукмдор уларни ўзининг буюмлари: қимматбаҳо узуклар, нафис рўмолчалар ёки Тожиддин Ҳасанга берилгани каби бебаҳо ханжарлар билан тасдиқларди. Чунки султоннинг муҳрларини олиб юрувчи мулозими Исфизардан Давлатободга қочаётганларида мўғулнинг ўқига учганди.

– Ўғлимиз Жалолиддинга элтинг!

Жалолиддин исмини эшитиб, аъёнлар дарров кўз уриштириб олишди. Авваллари тўнғич шаҳзоданинг исми кўп ҳам тилга олинавермасди. Айниқса, малика Турконнинг иродаси ортидан иккинчи шаҳзода Қутбиддин валиъаҳд дея эълон қилинганида аркони давлат Жалолиддиннинг оддий амирлар қаторидан жой олишига ишонди ҳам. Аммо Яратганнинг ёзуғи бошқача экан – замона алғов-далғов бўлди-ю, Қутбиддинни биров эсламай қўйди, энди қувғиндаги Султон илкидан омад кетган, ягона умид Жалолиддин эди. Кейинги кунларда у тўнғичига тез-тез мактублар ёздирар, чопар ортидан чопар юборарди. Мактубларни ўзи айтиб, ёздирар, ўрам қилиниб, муҳр урилгандан кейин эса Жалолиддин ҳақида сўзларди. Ҳатто, кеча оқшом таом учун ўтирган бахтсиз ҳукмдор шарбат тўла идишни қўлига олиб, ўз-ўзидан Ирғиз савашидаги Жалолиддиннинг жасоратидан сўзлаб кетди. Унинг майдонда қандай от чоптириб, қилич сермашини кўрган шоҳидларнинг ҳикоятларини айтиб, кутилмаганда ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборди. Тожиддин Ҳасан ўз кўзёшларига ғарқ бўлаёзган ҳукмдорининг сўзларидан сўнгсиз афсус-надоматларни ўқиди.

– Амрингиз бош устига, онҳазрат, – Тожиддин Ҳасан астойдил юкиниб, қуллуқ қилди.

Султон Аловуддин қўли билан ишора бериб, ёлғиз қўйишларини буюрди. Унинг биргина сўзи ва ишорасига илҳақ бўлиб, қўл қовуштириб турган аъёнлар дарров ортларига чекинишди. Султон холи қолиб, яна денгизга юзланди. Бу сафар унинг сувлари янада улуғвор бир куч билан мавжланар, еру кўкни сувига чўктирадиган важоҳатда эди. Қулзумдан Ирғиз соҳилларигача қудратли салтанат тузган ҳукмдор эса тобора кучга тўлаётган тўлқинлар қаршисида ожиз қолганди.

Чағалайларнинг мунгли қўшиқлари энди анча кучайган эди…

 

25-боб. Шайхул-валитарош башорати

 

Иқтидор соҳиби бўлганида Искандарнинг навбасини эслади-ю, унинг очиқ кетган қўллари хотирига келмади. Тўшакда ётиб, туйқус шуни эслади. Худди табибнинг аччиқ эзиб ичгисини ичгандай Султон Аловуддиннинг юзлари буришди.

“Навбани эсладим, очиқ кетган қўлларни-чи!” Султонни йўтал тутди. Ходимлар йўтал зўридан қийналаётган султоннинг елкасидан олишди. Кундан-кунга кучайиб, давоси кўринмаётган йўтал бирпасда султоннинг вужудида қолган сўнгги кучини ҳам сўриб олди. Йўтал кетиб, хийла ўзига келгач ҳирқироқ овозда сўради:

– Ж-жалолиддин… келдими?

Ходимлар ортида турган Тожиддин Ҳасан олдинга суғурилиб ўтди.

– Онҳазрат, шаҳзоданинг чопари келган! Ўғлингиз ҳозир марқобда эканлар, иншоллоҳ, етиб келадилар, – деди у.

Султон тин олиб, ўрнига чўзилди, вужуди яна бўшашди. Тожиддин Ҳасан бир муддатли тараддуддан сўнг қўлини дастрўмолга ҳафсала билан артиб, султоннинг пешонасига қўйди. Унинг иссиғи баланд эди.

– Жалолиддин… – алаҳсиди султон.

Тожиддин Ҳасаннинг кўнгли бузилиб, кўзларига ёш келди. Анчагача ўзини қўлга ололмай, кўзёшлари юзини ювишига қўйиб берди.

– Жалолиддин… – бу сафар овоз анча заиф чиқди. Бу овоз илгари тахтда савлат тўкиб, виқор ўтирадиган, сўзлари кишиларнинг ваҳмини келтирадиган ҳукмдорнинг овозига сира ўхшамасди.

“Онҳазрат… фикрларини ўзгартирган кўринадилар, – хаёлга борди Тожиддин Ҳасан. – На валиаҳд Қутбиддинни ва на Ғиёсиддину Рукниддинни ёдга олдилар. Фақат Жалолиддин”.

Тожиддин Ҳасан бу уч ака-укадан ҳам, Жалолиддинни аллақандай илҳақланиб кутарди. Гўё Жалолиддин билан аввалги қудрат, шукуҳ қайтадигандек, умидсизлик олган юраклар яна шодликка, масрурликка тўладигандек. Қани энди ўша масъуд дамлар? Аввалги ҳукмфармо кунлар… Тожиддин Ҳасаннинг кўнгли яна увишди.

– Жалолиддин… келдими? – яна сўради султон.

– Йўқ… – деди журъати етиб-етмай Тожиддин Ҳасан.

Султон бошини ёстиққа қўйиб кўзларини юмди. Кўз олдида… саройни тарк этаётган шайхул-валитарош Нажмиддин Кубро ҳазратлари гавдаланди. Бундан йигирма йил аввал у туйқус мажлисни тарк этган, ўзига аён бўлган башоратни айтишни лозим топмаганди. “Демак… демак, ҳазрат буни билган!” – аламли ўй юрагини куйдириб ўтди. У дарҳол ўрнидан туриб олди, ёдига йигирма йил аввал Аламут сафаридан қайтганларидан кейинги воқеалар тушди…

 

Қоҳира қалъаси фатҳ этилганига ҳали кўп бўлмаган. Энди султон Такаш қўшини исмоилийлар пойтахти Аламутни қамал қилган. Бу ердан ҳатто қуш ҳам учиб чиқа олмайди. Хоразмшоҳнинг моҳир мерганлари қалъадан учирилаётган алоқачи кабутарларни уриб туширишади. Уларнинг оёқларига боғланган хатлар султонга пешма-пеш етказилиб турилади. Улардан англашиладики, Аламутнинг аҳволи оғир, фуқаронинг силласи қуриган. Эрта-индин унинг ҳам фатҳ этилишига шубҳа йўқ. Аммо Гурганчдан келган мактуб Аламутнинг жонига оро кирди. Шаҳзода Аловуддин ўғиллик, султон Такаш эса неваралик бўлибди! Султон энди бобо! Қамал чўзилиб кетганидан сўнгги кунларда анча тунд, серзарда бўлиб қолган султоннинг чеҳраси бирдан ёришиб кетди. Хижолатданми ёки ота риоясиданми, ипак чодирнинг бир четида қимтиниб турган шаҳзода Аловуддиннинг ёнига бориб пешонасидан ўпди.

– Ота бўлдингиз, ўғлим, Тангри таоло муборак қилсин! – деди у.

Шаҳзоданинг юзларига қизиллик югурди, кўзларини ерга тикканича деди:

– Қуллуқ, ота…

Султон Такаш бироз ўйланиб тургач аввал ўғлига, сўнг лашкарбоши ва амирларига қаради:

– Гурганчдан келмиш бу қувончли хабардан кўнглимиз тоғдек кўтарилмиш, алҳамдулиллоҳ, – деди у. – Бундоқ кунларда Аламутга омонлик берайлик. Жарчиларга айтинг, шаҳар аҳлини қароримиздин огоҳ этишсин!

– Маъқул, онҳазрат! – амирлар бирдек таъзим қилишди.

– Сиз доруссалтанага эртароқ қайтасиз, – шаҳзодага бақамти бўлиб деди султон Такаш. – Насиб қилса юртга тўй-томошо берурмиз, ўғлим.

Шаҳзода яна қизаринди. Кўзларини ердан узмай “маъқул”, дея олди, холос.

 

* * *

Гурганчда тўй.

Карнай-сурнайлар, ноғоралар овози доруссалтанани тутган. Шаҳар майдонида катта дор тикланган. Машҳур дорбоз Сайфиддин Хевақий шогирдлари билан дор устида ақлни шошириб қўядиган ўйинлар кўрсатади. Дор атрофини чирмовуқдек зич ўраган оломондан ўтилса ҳинд юртида яшаб, ҳар хил ёввойи ҳайвонларни ўргатиш илмини эгаллаб қайтган, халқ орасида “ҳинду морбоз” лақаби билан машҳур Тангриқули йўғонлиги паҳлавонларнинг билагидек-билагидек келадиган кўлвор илонларни рақсга туширади. Дорбозлар ва морбозни ортда қолдириб, тахминан эллик-олтмиш қадамлар юрилса бозор майдонига чиқилади. Бу ерда ҳам халқ тўпланган. Майдонга тикланган кенг супада раққосалар шўх, ёқимли куйларга ажиб, гўзал рақсларни ижро этадилар. Гурганчнинг моҳир раққосаларидан ташқари румо ва ҳинд элларидан келтирилган раққосалар ҳам санъатларини кўрсатадилар. Махсус тайинланган қассоблар, султон отарларидан ажратилган бўрдоқи қўйларни бўғизлаб, қўли-қўлига тегмай ишлаётган ошпазларга етказадилар. Қатор қўйилган дошқозонларда эт қайнайди. Тўй-томоша майдондан кенг тошйўлак билан юриб, султон Аркига кирилса ташқаридагига қараганда анча жонли, завқли томошаларга дуч келинади. Бир қатор тизилишиб ўтиришган хонандаю машшоқлар шўх-шўх куйларни чаладилар. Аввал “Сурнай лазгиси”, сўнг “Алиқамбар” куйлари одамларни сел қилади. Кейин эса ҳофизлар дилтортар қўшиқларни куйлайдилар. Саройдаги аъёнлар ва атроф-жавонибдаги вилоятлардан келган ҳокимлар, элчилар кураш мусобақасининг бошланишини интиқлик билан кутадилар. Султоннинг ўзи полвонлар баҳсига рухсат берган, девон амалдорлари ғолибга қилинажак пешкашларни тайёрлашган. Доруссалтанага ташриф буюрган меҳмон – ноиблар, элчилар, вазирлар ва Олий Девон амалдорлари ўз юртларидан алпқомат, тоғни урса талқон қиладиган полвонларини келтиришган. Кимдир халифанинг девқомат ҳабаш паҳлавонини мақтайди, алоҳида сифатларини таърифлайди. Яна кимдир исфахонлик полвоннинг ғолиб бўлишини тахмин қилади, ўтган йилги Наврўз байрамида шерозлик ўғлонни қандай енгганини сўзлайди. Хуллас, кураш бошлангунча баҳслар, тортишувлар тугамайди. Ниҳоят кураш бошлангани эълон қилинди. Ҳожиблар, вазирлар, амирлар, ноиб ва элчилар “дув” этиб ўрниларидан кўтарилишди. Кимдир Арк айвонидан, яна кимдир эса майдондан туриб курашни кузатмоқчи. Дастлаб жарчи султон Такашнинг ғолибга олий мукофот – икки ёшли қорабайир ҳамда бирмунча тилло динорларни белгилаганини эълон қилиб юборди. Курашни интиқлик билан кутаётган одамлар “ув”лаб юборишди. Кураш бошланди. Ғазнилик полвон бомиёнлик полвонни, исфахонлик полвон эса жандлик рақибини енгади. Ҳамма гурганчлик Шамсуддин полвоннинг гиламга чиқишини кутарди. У майдонда кўринганида оломон жонланди, у ер-бу ердан овозлар эшитилди: “Бардам бўл, Шамсуддин!”, “Бўш келма, Шамсуддин!” Гурганч аҳли орасида бир гап бор: “Паҳлавон Маҳмуднинг қандай бўлганини билмоқчи бўлсанг Шамсуддинни кўр!” Баҳайбат, алпқомат Шамсуддин ўттизга ҳам бормаган, елкаларида биттадан навкарни ўтқизиб, қалъа девори устида югуриб айланиб чиқса ҳам чарчамайдиган йигит. Унинг биринчи рақиби ҳиндистонлик полвон бўлди. Кураш бир дақиқа ҳам давом этмади – Шамсуддин рақибини ердан даст кўтариб, “усули пурёйивали”ни қўллаб, курагини ерга теккизди. Халқ гувуллади, бир овозда ғолибни олқишлай бошлади. Шамсуддин қўлини кўксига қўйиб, халққа таъзим қилди…

Шу пайт доруссалтанага шайх ҳазратлари Нажмиддин Кубронинг ташриф буюргани хабари келди-ю султон курашни ҳам эсидан чиқариб, унинг истиқболига ошиқди. Шайхни Арк дарвозасида қаршилаган султон уни саройга бошлади.

Ҳарамдан чақалоқни олиб чиқишиб аввал султонга тутқизишди. Султон набирасига меҳр билан тикилиб, сўнг шайхга узатди. У эса нафис оппоқ матога йўргакланган, пишиллаб ухлаётган чақалоқни авайлаб, озор етказишдан қўрққандек қўлига олди. Муридлар аввалдан тайёрлаб қўйилган беланчакни келтиришди, шайх унга чақалоқни оҳиста ётқизди. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деди-да, қўлларини кўтариб, қулоқларига теккизди. Кўзларини ярим юмганича азон айтиб, такбир туширди. Сўнг чақалоқнинг қулоғига уч марта пичирлади: “Жалолиддин! Жалолиддин! Жалолиддин!”

Шайхни кузатиб турган султон Такашнинг бўғзига нимадир тиқилиб, кўзлари ёшланди. Ўғли Маликшоҳ ўлганида “ишимнинг муносиб давомчисидан айрилдим” дея роса ўкинганди. У билан шукуҳли, шавкатли кунлари тугагандек эди. Бироқ ҳозиргина қулоқларига азон айтилган гўдак Маликшоҳданда улуғ ишларга қодир эканлигига, хоразмшоҳлар довруғини дунёга танитишига ишонарди.

– Ҳазратим, – титроқ овозда шайхга мурожаат қилди у. – Набирамнинг келажагидан сўзланг!

Шайх ҳазратлари жилмайди. Беланчакдаги чақалоқни – Жалолиддинни яна аста қўлига олди, унинг юзларига тикилди. Ҳазратнинг кўзлари ғалати кенгайди, қорачиғи тортиб кетгандек туюлди. Лаблари титраб, тиши-тишига тегмай қалтирай бошлади. Гавдаси хиёл олдинга эгилди, елкалари учаётгани сезилди. Уни кузатиб турганлар бунинг сабабини дарҳол англашди – ҳазрат таважжуҳ ҳолатига кираётган эди. Руҳоний қуввати олами сағирдан ошиб, олами кабирга сайр қилаётган эди. У ғалати чайқалди, юзида тушуниксиз ифода кўринди. Кўп ўтмай ўзига келгандек бўлди, кўзларини юмганича чуқур-чуқур нафас олди. Девоннинг улуғвор ва кенг золига анчага чўзилган жимлик чўкди. Шайхнинг узоқ сукутга толгани кўпларни, айниқса султонни ўйга, ташвишга солганди.

– Ҳазратим, қандай битикларни ўқидингиз?

Шайх уйқудан чўчиб уйғонгандек унга қаради. Бир муддат тили сўзга айланиб-айланмай турди. Аён бўлган нарсаларни қандай баён этишни билмай қийналди. Кўз олдидан ҳануз олов, қон ва оҳу нолалар ичра қилич сермаётган, қорабайирида мағрур ўтирган суворий йигит кетмасди. Унинг атрофида китоблар, мадрасалар, шаҳарлар ёнади, одамларнинг фарёди эшитилади. Ана шу қонли ва оловли издиҳом ичра Жалолиддин кўздан ғойиб бўлди. Унда шайх ўзини ҳам кўрди – у олов ичида байроқ кўтариб олган…

Шайх салтанат олов ичра қолишини ҳис қилди. Чақалоқ – Жалолиддин эса ана шу оловни ўчириш учун қўлида қилич билан майдонга чиқади. Китоблар, мадрасалар ва шаҳарларнинг ёниши салтанат жиддий хавф остида қолишидан дарак, Жалолиддин билан эса… Хоразмшоҳларнинг шавкати сўнади. Албатта, бу ҳақда султонга очиқ айтиб бўлмайди, қолаверса, бугун доруссалтанада тўй, хурсандчилик.

Узоқ вақт сукутда қолгани туйқус хаёлидан ўтган шайх деди:

– Султон ҳазратлари, Оллоҳ насиб қилса набирангизнинг довруғи бутун дунёга таралажак! Жалолиддин номи салтанатингиз душманлари дилига ғулу солажак!..

Шайхнинг бу жавобидан султон қаноатланмади, ҳам унинг ниманидир яшираётганини кўнгли сезди.

“…Демак, Жалолиддиннинг довруғи… мўғулга қарши курашда чиқажак!” – йигирма йил аввалги ҳазратнинг тилига очиқ-ошкора чиқара олмаган башоратини янада яққолроқ англади султон.

 

26-боб. Умархон Сабурхон қатл этилади

 

Кўкда юлдузлар милтиллайди. Атрофдаги навкарлар, чодирлар ёнида ёнган гулханлар демаганди жимжитлик, зимистон. Кичикроқ чодирлар ўртасида малика Турконнинг баланд ипак чодири. Атрофга юборилган хуфиялар қайтишмаганидан малика Туркон икки кундан бери шу ерда чодир тиктирган.

Қош қорая бошлаганда ҳарам оғаси чодиридан чиқди-да, энг сўнгги чодир ёнида соқчиликда турган Салоҳиддиннинг ёнига келди. Ҳарам оғаси атрофга қараб олиб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач:

– Хизматингиздан Султон хоним мамнунлар! – деди у Салоҳиддинга.

Салоҳиддин қуллуқ қилди.

– Зиммангизга яна бир юмуш юкланади, – Бадриддин Ҳилол яна атрофга қараб олди.

– Маъқул, – Салоҳиддин қўлини кўксига қўйди.

– Умархонни кўздан қочирманг! – овозини хийла пастлатиб деди Бадриддин Ҳилол. – Ёзир сарҳадларига етиб қолдик.

Салоҳиддин “хўп бўлади”, дея қўлини кўксига қўйганича унга бошини эгиб қўйди.

– Умархонни кўздан қочирманг! – такрорлади ҳарам оғаси ва бошқа сўз айтмай чодири томон юриб кетди.

Салоҳиддин ҳайрон бўлди.

– Мумкинми? – Салоҳиддиннинг ортидан мадрасаларда муттасил илм билан машғул толиби илмларникидек мулойим овоз эшитилди.

У ортига ўгирилди. Умархон чодиридан манқал олиб чиқиб, ерга қўйди. Салоҳиддин унинг мақсадини англаб, тайёрлаб қўйилган саксовулларни олди-да, манқалга сола бошлади. Кўп ўтмай, манқалда олов гуриллади.

Умархоннинг ёқимли чеҳрасида мунгли бир ифодани ҳам сезиш мумкин эди. У оловга тикилганича ўйга берилди.

– Жанобларидан бир нарса сўрасам, мумкинми? – сўз очди Салоҳиддин.

Умархон уйқудан уйғонган кишидек унга қаради. Жилмайди.

– Сўранг.

– Кишилардан билдимки, сизга “Сабурхон” лақабини берган эканлар. Бунинг маъниси нима, билсам бўлурму?

Умархон бир сесканиб олди. Сабурхон – умр дафтарининг энг қора саҳифаларига берилган сарлавҳа! Буни айтиш унга осонми? Лабини тишлаганича ўй суриб қолган Умархонни кўриб, Салоҳиддин оғир, ёқимсиз савол берганини англади.

– Сабурхон – сабр-тоқатли дегани, – жилмайишга уринди Умархон.

Салоҳиддин унга саволомуз қараб қолди. Сабр-тоқатли?!

– Мен Ёзир ҳукмдорининг иккинчи ўғли эдим, – ниҳоят ҳикоясини бошлади Умархон. – Отам омонатни топширгач, акам Ҳиндухон вилоят ҳукмдори бўлди-ю… – Умархоннинг овози титради. – Мендан хавфсираб, кўзимга мил тортишга буйруқ берди.

Салоҳиддиннинг вужуди жимирлаб кетди. Тирик одамнинг кўзига мил тортиш… бундан-да қабиҳ иш борми дунёда!

– Акамнинг хос кишиси навкарлар билан келиб, қўл-оёғимни боғлади. Отга ўнгариб, шаҳардан ташқарига олиб чиқдилар. Овлоқ ерда кўзим олдида пўлат симни чўғдек қиздиришди. Кейин, навкарлар қўл-оёғимдан босишиб, ерга ётқиздилар. Акамнинг хос кишиси қизиган пўлат симни қўлига олиб, кўзимга келтирганида дунёни бошимга кўтариб, нолаи фарёд қилдим. Ҳалигача қулоқларим остида овозимни эшитаман. Тушларимга кириб чиқади. Оллоҳга шукр, буйруқни бажаргувчи оҳу ноламдан кўнгли бузилдими, симни улоқтириб, мени ердан турғизди. “Энди ўзингизни кўрликка солиб юрасиз. Шундоқ қилсангиз, ҳам ўзингизни, ҳам менинг ҳаётимни сақлаб қоласиз”, деди. Акам ўлгунига қадар ўзимни кўрликка солиб юрдим. Ўн бир йил. Охир-оқибат, “Сабурхон”, яъни “сабр-тоқатли” деган лақабга эга бўлдим…

Умархоннинг ҳикоясидан Салоҳиддиннинг юраги эзилди. Дунё моли таъмасида ўз укасини кўр қилишдан ҳам қайтмайдиганлар бор…

– Акам ўлгач, Султон хоним Ёзирни ўз мулкларига қўшиб олдилар. Сабаби, акам уйланган аёл Султон хонимга қариндош эди. Акам ўтгач, Султон хонимдан умид қилиб, Гурганчга бордим. Аммо… – негадир Умархон давом этолмади.

Салоҳиддин унинг нима демоқчилигини тушунди. Умархон Ёзирни қайтарар, деган умидда малика Туркон ҳузурига юкиниб борган-у, унинг саройида тутқун бўлиб қолган.

Манқалда саксовул ёниб битиб, унинг ўрнида бир ҳовуч ланғиллаган чўғ қолди. Умархон чўққа тикилганича яна ўй суриб қолди.

– Бу ердан бир кунлик йўл нарида отамнинг қалъаси бор, – бирдан қувноқ овозда гапириб қолди Умархон. – Жуда мустаҳкам қалъа. Баҳорда атрофида шунақа яйловлар кўкарадики, кўзингизни узолмайсиз. Агар Султон хоним ижозат берсалар отамнинг қалъасида қолиб, кичикроқ хўжалик юритаман.

Салоҳиддиннинг лабига табассум югурди. Жилмайганича бош ирғаб қўйди.

– Энди чўғни олиб кирай! – Умархон манқал устига бесўнақай эгилди.

Кутилмаганда ёш боланинг қиқирлаб кулгани эшитилди-ю, Салоҳиддин ва Умархон овоз келган томонга қарашди. Бошида ихчам саллача, эгнида шоҳона кийим, оёғига эса учи қайрилма этикча кийган бола ёғоч қиличини ҳавода сермаганича югуриб келарди. Унинг шошқалоқ ҳаракатидан кимдандир қочиб келаётгани сезилиб турарди.

Умархон манқалдан қўлларини олиб, болага қаради. Ҳарамдаги аёллардан бирининг боласи эканини Салоҳиддин дарров фаҳмлади. У бола томон қадам ташлашга улгурмади. Боланинг ортидан Нури биби шошганича келарди. У ҳам эркакларни кўриб таққа тўхтаб қолди, кўзларини ерга қадаганича узр сўради.

– Қутлуғ хонимлардан бирининг болалари чодиримиздан қочмиш, – кўзларини ердан узмай гап бошлади у. – Унинг қаерга яширинганини билмайсизларми?

– Қўлида қиличи ҳам борми? – сўради Салоҳиддин жилмайиб.

Унинг жилмайиши қизга дадиллик берди. У билинар-билинмас бошини ирғаб, кулимсираган бўлди. Салоҳиддин чодир томон намойишкорона қараб олди.

– Черик шу ерда қўнган! Қуроли пухта! – деди у қизга, бола тушунолмайдиган сўзларни ишлатиб.

Қиз жилмайди. Шунда унинг садафдек йирик тишлари, юзларидаги кулгичлари кўриниб кетди. Салоҳиддин ўзини йўқотаёзди. Унинг қаршисида чин малак бўй бермиш… Бир муддат у ўзига келолмади.

– Черикни олинг-да бизни ундан халос этинг! – Умархоннинг сўзлари уни ўзига қайтарган бўлди. Салоҳиддиннинг фикри тиниқ тортди. Жилмайишга уринди. Лаблари эса ўзига бўйсунмасди.

Қиз чодир томон аста қадам ташлади. Лекин чодир ёнига келиб, тўхтаб қолди. Салоҳиддин уни тушуниб, ўзи ёрдамга ошиқди. Чодир ёнига бориб, ичкарига овоз берди:

– Жаноблари чиқсинлар! Сизни йўқлашмоқда!

Ичкаридан бола чиқиб келди. Унинг қовоқчалари солинган, “сотиб қўйган”лардан жуда хафа эди. Қиз боланинг қўлидан оҳиста ушлаб, етаклади. Бир неча қадамлар ташлагач, қиз ортига ўгирилди-да, миннатдорчилик маъносида Салоҳиддин ва Умархонга бош ирғаб қўйди.

– Бу қизни танийсизми? – сўради Салоҳиддин кўзларини қиздан узиб.

– Ҳарамдаги жориялардан, – жавоб берди Умархон. – Нури биби дейдилар уни. Айтишларича, султон саройида гаровда сақланган ҳукмдорлардан бирининг қизи эмиш.

Салоҳиддиннинг кўнгли эзилди. Тутқун ҳукмдор ва шаҳзодаларнинг Амуга ғарқ этилганликларини қиз билармикин? Салоҳиддиннинг яна қиз томон қаради. Юриши секинлашиб қолган қиз кутилмаганда ортига ўгирилди-ю, бу сафар… Салоҳиддинга қаради. У қизнинг кўзларида ўзига таниш бир нарсани ўқиди. Худди Нури бибини кўпдан бери билади-ю, қиз ва унинг ўртасида сир йўқ… Қиз унга бир муддат тикилиб турдию шартта ўгирилиб, шошганича юриб кетди. Ундан кўзларини узолмай турган Салоҳиддиннинг тилида қизнинг исми қолди: Нури биби!

– Навкар!

Гулдурак овоздан Салоҳиддиннинг хаёллари тўзғиб кетди. У овоз келган томонга қаради. Улардан беш-олти қадамлар нарида малика Турконнинг ўша юзи тиртиқ навкарбошиси қаҳрли нигоҳини тикиб турарди.

– Султон хонимдан фармони олий етмиш! – навкарбоши негадир Умархонга қараб қўйди.

– Султон хонимнинг фармонлари бошимиз устига! – деди Салоҳиддин.

Навкарбоши яна Умархонга қаради. Унинг қарашларига унчалик тушунолмаган Умархон узрини айтиб, чодири томон юриб кетди.

– Умархон Ёзирга етиб бормаслиги керак, фармони олийнинг мазмуни шу! – дағал оҳангда деди навкарбоши.

Негадир Салоҳиддиннинг ёдига Амуга чўктирилаётган ҳукмдорлару шаҳзодалар келди. Навкарбошини кўрса негадир амир Аёз Паҳлавон эсига тушади. Султон Аловуддин Муҳаммаднинг махфий буйруқларини бажаргувчи Аёз Паҳлавон қайси ҳукмдор ёки аъённикида қўнса, ўша бечоранинг тилидан калимаи тавҳид тушмай қоларди. Айтишларича, Аёзнинг ўн минг кишилик қўшини бўлган экан. Унинг қиличидан неча-неча бошлар кесилмаган, қанча-қанча жонлар дорулбақога рихлат қилмаган. Навкарбоши ҳам малика Турконнинг Аёз Паҳлавони эди. Салоҳиддиннинг вужудини титроқ олса-да, ўзини босиб сўради:

– Умархоннинг қонини тўкиш не учун?

Навкарбоши унга ўқрайиб қаради. Унинг нигоҳидан “фармони олий муҳокама қилинмас!” деган маънони ўқиш мумкин эди.

– Умархонни Ёзирда қолдирилса ҳеч ким уни Султон хонимни мўғулга сотмас, дея кафил бўлолмайди!

Шунча йил ёруғ кундан умид қилиб, сабр билан яшаган кишининг етдим деганида ҳаёт жомининг синдирилишида Салоҳиддин улкан ноҳақликни кўрарди. Ёдига Умархоннинг бир неча дақиқалар аввал айтган сўзлари тушди-ю, кўнгли бузилди.

– Умархон бадният эмас, Султон хонимга асло хиёнат қилмас! – иложи борича ўзини идора қилишга уринди Салоҳиддин.

– Навкар! – ғазабланди навкарбоши. – Буйруққа итоат эт! Бўлмаса Умархоннинг қонига қўшилиб, сенинг ҳам қонинг оқажак!

Салоҳиддиннинг қаттиқ қимтилган лаблари титраб кетди. Малика Туркон учун шунча қон камми?

– Менинг қонимни унча-мунча шамшир оқизишга ожизлик қилади! – Салоҳиддиннинг кўзлари ғазаб ва нафратдан ёнди.

Навкарбоши оддий навкардан бундайин жавобни кутмаганидан титраб кетиб, дарров қиличини суғурди. Салоҳиддин ҳам қиличини қўлига олди. Гарчи биринчи зарбани навкарбоши берган бўлса-да, ҳарбу зарб илмида беназир Салоҳиддин бир-икки ҳамладаёқ уни бир четга сиқиб қўйди. Аҳволи танглашган навкарбоши тақдирга тан бериб, қиличини қумга ташлади.

– Енгдинг! – ҳансираб нафас олаётган навкарбоши еб қўйгудек унга тикилди. – Таъриф этганларича бор экансен!

– Умархонни нега ўлдирмоқчисизлар? – сўради Салоҳиддин.

– У… ишончсиз!

– Навкар! – Салоҳиддиннинг ортидан малика Турконнинг овози эшитилди. Салоҳиддин қиличини ортига яшириб, у томон юзланди-ю, кўзларини қумга қадади.

Малика Туркон, гарчи саҳрода бўлсалар-да, улуғвор ва дабдабали кийимларда, ҳарам аёллари ва жориялари қуршовида чодиридан чиқиб келганди. Унинг ўткир ва синовчан нигоҳига дош беролмаган навкарбоши ҳам кўзларини яширишга уринди.

– Сизга фармони олий етмаганмиди? – малика Туркон навкарбошига қайтадан кўз ташлади.

– Қаршингизда айбдорман, Султон хоним! – навкарбоши бошини эгиб, беихтиёр қўлларини қовуштирди.

– Ярим соатлардан сўнг карвон йўлга чиқажак! – қаҳрли овозда давом этди малика Туркон. – Фармони олий ижро этилмасдан карвон қўзғалмас!

– Маъқул, султон хоним!

Малика Туркон навкарбошига бошқа гапирмасдан ортига бурилди-да, юриб кетди. Навкарбоши эса аёллар кетиб бўлгунча бошини эгиб турди. Сўнгра қумдан қиличини олди-да, ўз чодири томон югуриб кетди. Кўп ўтмай, узоқдаги чодирлар томонда шовқин эшитилди. Навкарлар Умархонни чодиридан судраб чиқишди. Унинг салласи ечилиб кетган, фақат яктакда қолган, бечоранинг кўзлари жавдирар, юлқиниб, навкарлар қўлидан қутулишга уринарди. Охири унинг қўлларини қайириб, арқон билан боғлашди. Бунга Салоҳиддиннинг асаблари дош бермади, югурганича бориб, Умархонни арқонлардан бўшатишга киришди. Аммо навкарбошининг ишораси билан бир гуруҳ навкарлар уни қумга босиб, қўл-оёқларини боғлаб ташлашди.

Навкарлар еру кўкни бошига кўтариб додлаётган Умархонни судраганларича чодирлардан анча нарига олиб кетишди. Анчагача унинг ёлворишлари, илтижолари эшитилиб турди. Кўп ўтмай, овози чиқмай қолди.

Салоҳиддиннинг юзларини алам кўзёшлари юва кетди. Малика Туркон ўз жони қайғусида яна қанча бошларга етади?

 

27-боб. Янги валиаҳд – султон Жалолиддин!

 

Соҳил томонда одамларнинг ғовури, от туёқлари дупури эшитилди.

Тожиддин Ҳасан султон чодиридан чиқиб, соҳилда турган катта марқобни кўрди. “Жалолиддин!” Хаёлига оралаган ўйдан унинг юраги ҳапқириб кетди. У марқоб томон тез-тез юриб кетди.

Ўртадан хийла баланд, буғдойранг чеҳра, қора қош-кўзлари чиройли, калта тарашланган соқол-мўйлови ўзига ярашиб тушган йигит нарвон қўйишларини кутмай марқобдан сакраб тушди. Қилич осилган энлик тери камарини ишонч билан тортиб ўзига тартиб бергач, ўзи томон келаётган кишиларга юзланди. Ҳарбий анжом ва яроғида қудрат, нигоҳида қатъийлик, совут тўла-тўкис яширолмаган вужудда ёшлик ғайрати кўриниб турган йигирма-йигирма икки ёшлардаги йигит Султон Аловуддиннинг тўнғич ўғли Жалолиддин эди. У марқобга нарвон қўйишларини кутаётган укалари Қутбиддин, Ғиёсиддин ва Рукниддинга эътибор бермай қадамини тезлаштирди. Жалолиддиннинг ортидан Кузбор Малик сакраб тушиб, унга эргашди.

Султоннинг ипак чодири шамолда енгил титрарди. Жалолиддин чодирга киришдан олдин нафасини ростлади. Анчадан бери кўрмаган отаси билан учрашувдан ҳаяжонланарди. Ичкаридан ҳирқироқ овоз, йўтал эшитилди. Жалолиддиннинг кўнгли бузилиб, томоғига нимадир тиқилиб қолгандек бўлди. “Отам…”

Ичкаридан ҳирқироқ овозда Султон Аловуддиннинг овози эшитилди:

– Ж-жалолиддин…

Жалолиддиннинг кўзлари намланди, зўр бир куч билан бостириб келаётган йиғини зўрға тутиб турарди. У киши билмас кўзларини енги билан артиб, пардани кўтарди-да, чодирга кирди.

Ипак тўшакда рангини олдириб қўйган Султон Аловуддин ётарди. У кириб келгувчиларни таниш учун бошини зўрға кўтарди. Қаршисида бўй берган сиймони кўриб, вужудига куч қайтгандек, томирларида қотиб қолаёзган қон жўшиб оқа бошлагандек бўлди. Бошини кўтариб:

– Ўғлим! Жалолиддин! – деди. У гўё тўнғич ўғли ортида турган бошқа ўғилларини кўрмаётгандек эди. Бундан Қутбиддиннинг ғаши келди. Сир бой бермасликка уриниб, юзидаги ҳамдардлик, қайғуни қуюқлаштиришга уринди.

– Ўғилларим! – Султон Аловуддин Жалолиддиннинг ортида турган ўғилларини энди кўрди. – Қутбиддин! Ғиёсиддин! Рукниддин! Бу ёққа ўтинглар, белимнинг қуввати, кўзимнинг нури, фарзандларим!

Султон Аловуддин беморлигини ҳам унутиб, тўшагида ўтириб олди. Жалолиддин отаси қаршисида тиз чўкди. Унинг ортидан укалари ҳам эргашдилар. Шаҳзодаларнинг ортидан Жалолиддиннинг вазири Шамсулмулк Шиҳобиддин Алп ҳам кириб, қўлларини қовуштирди.

– Вазир жаноблари, сиз ҳам яқинроқ келинг, – сўник овозда деди султон.

Кекса вазир тортиниб, олдинга ўтди.

Султон болиши устидан китоб олиб, уни тавоф қилди. Ҳамма бу китобни таниди. Бу шаҳзода Рукниддин кўчирган Қуръони Карим эди.

Султоннинг қуруқшаган лаблари, ранг қочган юзига қараб, вазирнинг хаёлидан Самарқанддаги машҳур зиёфат ўтди. Дилтортар куй-қўшиқлар авжида, раққосаларнинг санъатига лол аркони давлат пешкаш тарқатишдан чарчамасди. Турфа ноз-неъматлар, анвойи шаробу шарбатлар тортилган. Ҳаммадан ҳам султоннинг очилиб сўзлашиши, бу мажлисдан ошкора завқланиб ўтиришидан одамлар ўзларини хийла бўш қўйиб юборгандилар. Вазир Шамсулмулк Шиҳобиддин жуда яхши эслайди, мажлис ўртасида Рукниддин отаси ёнига бир китоб кўтариб келди.

– Бу қандай китоб? – сўради султон.

– Қуръони Карим, падари бузрукворим. Мен уни сиз учун кўчирдим!

Султон зўр қизиқиш билан китобни қўлига олиб, ихлос билан тавоф қилиб, фақатгина биринчи саҳифани очди. Машшоқлар куй чалишни тўхтатишган, раққосалар четга чиқишган, мажлис аҳли нафасини юткудек ўтирарди. Фақатгина ўртадаги мармар ҳовуздаги кичкина фавворачанинг нозик шилдираши эшитилиб турарди, холос.

– Ҳуснихатингиз бениҳоя беназир, шаҳзода! – мамнун деди султон.

– Қуллуқ, онҳазрат! – Рукниддиннинг келишган, чиройли юзига қизиллик югурди.

Султон мажлис аҳлига бир қараб олди.

– Ўғлимиз Рукниддин туғилгани хабари етганида мен шарқий сарҳадларимизда ғурларни енггандим! Шунга, ўғлимизни Ғурсанжтий исмини қўшиб айтамиз[5]!

Рукниддин отасига бош эгиб, таъзим қилди.

– Шаҳзода Рукниддин Ғурсанжтийга Ироқни топширдик! – давом этганди султон. – Имомулмулк Муҳаммадни[6] эса унга вазир этиб белгиладик.

– Ҳақли қарор!

– Шаҳзода бунга муносиблар!

Мажлис аҳли султон қарорини олқишлади.

Ўша зиёфатдаги икки юзи қип-қизил, қуюқ қора соқол-мўйлови ўзига ярашган, кўзлари сархуш султонни икки-уч йилдан сўнг қувғинда юришига биров ишонармиди? Тақдири илоҳийнинг чархпалаги қачон ва қандай айланишини одам билмайди.

Авзойи бузилганда ваҳимали тўлқинлар ясаб, юқорига ирғитиб-ирғитиб ўйнайдиган Қулзум сувининг қора тус олиши янгилик эмасди. Лекин бугун денгиз ғалати, ажаб қўрқинч кепатага кирган, сув эмас, ҳаммаёқда тим қора ермой[7] кўпириб оқаётгандек, оғирлашган қора булут ҳозир денгизга қулаб тушадигандек.

Сўнгги сўзларини айтишдан олдин султон кўзларини юмди. Фикрларини тартибга солмоқчи, бир фурсат нафас ростламоқчи бўлди. Шунда… шунда кўзларига отаси кўриниб кетди. Унинг ортида мақбара. Лаблари қимирламасада унинг айтмоқчи бўлганларини тушунди: “Сенинг ҳатто мақбаранг ҳам йўқ!..” Султон чўчиб кўзларини очди. Қаршисида отаси эмас, ўғиллари турарди.

– Ўғилларим… – деди у ҳирқироқ ва титроқ овозда. – Ёғийнинг панжаси салтанат бўйнида, у на нафас олишни билади, ва қутулишни. Ёғийнинг тиши салтанат баданига ботмиш, у гоҳ инграб, гоҳ дунёни бошига кўтариб фарёд чекмиш!.. Мен учун қасосни, – унинг кўзлари Жалолиддинда тўхтади. – Жалолиддин ола билмиш! Қутбиддин, Рукниддин, сизлар Жалолиддиннинг сўзига киринг, амрига бўйсунинг!.. Агар… агар ундан айрилсангиз, ҳалок бўласиз! Сўнгги фармонимни эшитинг! Шу кундан эътиборан Жалолиддин тахтимиз вориси! Хоразмнинг янги ҳукмдори – Султон Жалолиддин!

Жалолиддин отасининг кўзларига қаради. Аламдан титраб кетган Қутбиддин эса кўзларини ердан узмай ўтирарди. Султон титроқ қўллари билан оғир, қини турфа қимматбаҳо тошлар, Бадахшоннинг асл ақиқ ва ёқутлари билан зийнатланган қилични олиб, Жалолиддиннинг белига тақди. Ҳали билагида кучи борлигида бундай қиличларни ёғоч тахтадек ўйнатарди. Энди-чи? Қилични ўғлининг белига таққунича жиққа терга ботиб, ҳолсизланиб қоди. Буни ўзи ҳам сезди. “Умрим тугагани рост экан!” – деган ўй миясига яшиндек урилди-ю, вужудини товонигача куйдириб ўтди.

– Ўғлим, отангиздан сизга шу қилич қолмоқда. Оллоҳ пешонангизни ёрлақасин, мендан ололмаганингизни илкингиз билан ўзингизга қайтаринг!

Жалолиддин:

– Хўп, ота! – дея олди зўрға. Томоғига бир нарса тиқилиб қолгандек эди.

– Гурганчга қайтинглар!.. – султонни яна йўтал тутди. Ўзига келгач, давом этди. – Содиқ амирлар ва пароканда қўшинни бир қилиб, мўғулга қарши чиқинг! Салтанатни ҳимоя қилинг!

Султон вужудида ҳолсизликни сезиб, Қуръони Каримни аста болишга қўйди. Сўнг аста ёнбошлади-ю, кўзларини бир муддатга юмди. Шаҳзодалар, амирлар ва бошқа ходимлар унинг қаршисида қўл қовуштириб, нафасларини ютиб турардилар…

…Сўнгги васиятидан бирмунча вақт ўтиб Султон Аловуддин Муҳаммад омонатини топширди. Куни кеча улкан салтанат тузган ҳукмдорга кафанликка ярайдиган мато топилмади. Султон фаррошларидан бири ўз чойшабини кафанликка ишлатди. Муқоррибиддин султонни чойшабга кафанлади. Аҳли хос султон жасадини оролда қазилган лаҳадга қўйди.

Ўша оқшом Қулзум жуда нотинчланган, қора булутлардан атроф-жавониб зулматга бурканиб олгандек эди. Кўп ўтмай момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқлар чақа кетди. Ашур Ада оролини шаррос ёмғир ювади.

Олти юз ўн еттинчи йилнинг шавволи ўтиб борарди[8].

 

28-боб. Илол қалъаси

 

Сори дарёсининг юқори қисмида, улуғвор тоғлар бағрида Мозандароннинг энг мустаҳкам қалъаларидан Илол қалъаси қад ростлаган. Эрталаблари, айниқса баҳорда, қуйидан қаралганда қалъа оппоқ булутлар орасида қолгандек кўринади. Унинг кунгай томонидаги тош деворларда, муттасил намлик ва захдан мохлар ўсиб, яшил, оч бинафша рангга бўяган.

Қалъадагилар бир неча кундан бери жонсарак. Айниқса, қалъа кутволи. Туркон хотуннинг Султон Аловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ҳарами билан Илолга келаётганини чопарлар бир неча кун аввал етказишган. Бунинг устига, қалъадагиларни Мовароуннаҳрдаги катта-кичик шаҳарларни олиб, Хуросон остоналаригача келган, “танасидан тиғ ўтмайдиган” мўғуллар ҳақидаги бир-биридан даҳшатли овозалар тинмаган.

Бугун эрталаб Султон хонимнинг сўнгги чопари келди: Туркон хотун Илолдан бир фарсах нарида! Қалъа кутволи ихтиёридаги бир даста навкарларини эргаштириб, Туркон хотуннинг истиқболига ошиқди.

Қалъадан қуйида, анча пастдан оқиб ўтадиган сой устидаги тош кўприк ёнида катта карвон тўхтаб турарди. Илол қалъаси кутволи, ёшлигидан қилич тутиб, неча-неча мухосараларда сочи оқарган Нусратиддин Али отидан сакраб тушиб, ерга қўйилган тахтиравонга ошиқди. Етгач, астойдил юкиниб, қуллуқ қиларкан, пардаси туширилган тахтиравонга қараб гапира бошлади:

– Илол қалъасига келаётганингизни эшитиб, камина қулингизнинг боши осмонга етди, Султон хоним! Бизларга ҳиммат кўрсатдингиз…

Тахтиравон енгил қимирлади. Парда ярим сурилиб, Нусратиддин Алининг кўзларини ўйнатган турфа тошли узуклар тақилган қўл кўринди.

– Қалъага оз қолдими? – сўради Туркон хотун юзини парда ортида сақлаганича.

Нусратиддин Али шошиб қолди.

– Яқин, жуда яқин қолди, Султон хоним…

– Яхши. Карвонни бошланг!

– Қуллуқ, Султон хоним. Буйруғингиз бош устига.

Нусратиддин Али дарров ўрнидан туриб, нарироқда қўл қовуштириб турган Бадриддин Ҳилол ва Низомулмулкка яқинлашди.

– Ярим фарсахдан мўлроқ йўл, мен ўзим бошлаб бораман…

Чорак соат ўтиб, карвон ланг очиб қўйилган дарвозадан қалъага кирди. Пардасини хийла кўтариб, дарвозани, унинг ортидаги соқчилар ва қалъа саҳнини кўздан кечирган Туркон хотун… ичидан хўрсинди. Шундоқ диққинафас, фақат қушлар эмин-эркин бора оладиган тошқалъада умринг ўтади, деганларида ишонармиди? Асло, йўқ! Бундай дея башорат қилганларнинг ҳатто тилини кестирарди.

Нусратиддин Али аввалдан ҳозирланган хоналарга Туркон хотун ва Султон Аловуддиннинг ҳарамини жойлаштирди. Ҳарамдаги айрим болалар узоқ ва тинкани қуритадиган йўлдан қутулганларини тушунибми, дарров қалъа ҳовлисида ўйинларини бошлаб юбордилар.

Гурганчдан чиққанларидан бери туси ўзгаришсиз қолган Туркон хотуннинг лабига беихтиёр табассум югурди…

 

29-боб. Жалолиддинга мактуб юбормоқ лозим…

 

– Кўринишингдан анча абжир, ёвқур экансан. Исминг нима? – Ҳусомиддин Али аравага юк ортаётган Салоҳиддиндан сўради. У жавоб берди.

– Қулмисан? – собиқ мамлук истиҳола қилиб ўтирмай сўради.

– Амир Қутлуғхоннинг мамлугиман.

– Шундоқ дегин? Сен каби мен ҳам қул ўтганман. Умрим жанг-жадалларда ўтди. Ёшинг нечада, йигит?

– Йигирма бирда.

– Ёш экансан. Савашларга кирганмисан ўзи? – Ҳусомиддин Али истеҳзо билан кулди.

Салоҳиддин жилмайди.

– Умрим сиздек савашларда ўтмади, оға. Ирғиз бўйида Султон Аловуддин Муҳаммад қўшинида мўғул билан савашдим. Мўғуллар Бухорони олганларида хожам Қутлуғхоннинг черигида эдим. Мўғул черикни тўзғитгач, хожам мени Гурганчга юбордилар…

– Ирғиздаги савашда бўлганман, де? – Ҳусомиддин Алининг кўзлари янги-янги воқеалар эшитиш илинжида ёнди. – Шаҳзода Жалолиддин сабаб Султон муҳорабада ғолиб келган дейишади, шу ростми?

Сўнгги қопни аравага жойлаган Салоҳиддин кутволга қаради.

– Шундоқ, оға. Шаҳзода отасининг жонига оро кирганди. Кўп амирлар савашни бой бердик, деб чекинмоққа ўтганларида Жалолиддин бош бўлган қўшин мўғулни тарқатиб қўйганди.

– Баракалла! Яна бир гап эшитганман – Жалолиддиннинг ўзи савашга кирармиш.

– Бу рост! Ўзим кўрганман. Шаҳзоданинг одати шу – қилич яланғочлаб, ғаним устига дадил от солади!

– Воҳ!

– Оға, сиздан бир нарса сўрасам.

– Сўра!

– Айтишларича, мўғул Илолгача келармиш. Бунинг дафъига чора кўрмоқ лозим.

Ҳусомиддин Алининг юрагига ҳадик оралади. У буни ўйлаб кўрмаганди. У чўнг қоялар устида миқтидек турган қалъага хавотир билан кўз ташлади.

– Дарвозалар тамбаланса… қалъани олиш имконсиз! – мужмал деди у.

– Мўғулнинг одатини билмайсиз, – деди Салоҳиддин. – Тошқалъаларни олиш учун қояларни девор билан ўраб, керак бўлса йиллаб кутади. Ҳозирдагинга ўхшаб, қалъага озуқа ва емиш олиб киришнинг йўли тўсилади.

– Қалъа захирасидан хавотирдамисан?

– Асло! Мен бошқа ўйдаман, оға.

– Гапир!

– Шаҳзодага киши юбормоқ даркор! Жалолиддин бувиларини шундоқ ташлаб қўймайдилар.

– Ҳа-я! Олдинроқ хаёлимга келмаганини қара! Мен амир Бадриддинга маслаҳат соламан.

– Маъқул иш, оға. Амир Бадриддин Султон хонимга буни етказадилар.

Араваларга озиқ-овқат ва мешларда сув ортилгач, кутволнинг ижозати билан юқорига кўтарила бошладилар. Қалъага етгач, Ҳусомиддин Али навкарларни юклар билан қолдириб, Салоҳиддинни ўзи билан олди-да, Бадриддиннинг хонасига келишди. Кутвол ташрифдан муддаони англатгач, ҳарам оғаси соқолини тутамлаганича ўйга чўмди. Бир муддат ўй сургач аввал кутволга, сўнг Салоҳиддинга қаради.

– Султон хонимнинг ортидан мўғул қўшинининг келиши аниқ. Қолаверса, хоразмшоҳлар салтанатидаги энг улуғ ҳукмфармони қўлга олиш учун ёғий сара қўшин юборади.

Умрида мўғулни кўрмаган кутволнинг кўзларига тасаввуридаги ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, махлуқсифат ёввойилар кўриниб кетди.

– Султон хонимдан Жалолиддинга киши юборишни маслаҳат берасизларми?

Кутвол хавотирли кўзлари билан Салоҳиддинга қараб олгач, деди:

– Шундоқ.

– Бу… анчайин мушкул! – яна соқолини тутамлаб олди ҳарам оғаси. – Султон хоним шаҳзодани хушламайдилар. Боз устига, айнан Султон хонимнинг хоҳиш-иродалари ортидан Жалолиддин эмас, билъакс Қутбиддинни валиъаҳд дедилар.

– Айтишларича, Жалолиддин бувисига кек сақламас экан! – қизишди кутвол.

– Тўғри, – бўшашди ҳарам оғаси. – Чиқмаган жондан умид, таваккал қилмоқ лозимдур! Ўзга чора кўринмайдир.

– Энди ўзингизга келдингиз! – кутволнинг хийла кўнгли ёришди.

  •         – Унда мен фурсатни ўтказмай, – Бадриддин Ҳилол кафтларини юзига тортди.

Салоҳиддин ва кутвол уни бири илинж, иккинчиси эса ҳадик билан кузатиб қолди.

Орада кўп ўтмади. Ранги қув ўчган ҳарам оғаси қайтиб кириб, уларнинг қаршисида енгилгина чўккалади. У энтикиб нафас олар, худди ит қувган кишига ўхшарди.

– Тинчликми? – ўнғайсиз жимликни юрак ютиб бузди кутвол.

– Бу бўладиган иш эмас! – сўник овозда жавоб қайтарди ҳарам оғаси.

Ўзининг мақоми истиҳоласида Салоҳиддин уни сўроққа тутишдан ўзини тийди. Унинг кўнглидан ўтган ўйни кутвол ўқиб олгандек, мамлук тилига кўчмаган саволни берди:

– Нима бўлди? Очиқ сўзланг!

– Султон хоним тутақиб кетдилар. Жуда дарғазаб бўлдилар. “Қаёқдаги чўри Ойчечаннинг ўғлига юкиниб бораманми?” дея фақирнинг кўнглини роса дилгир қилдилар.

Ўртага яна жимлик чўкди.

– Менга рухсат берсангиз, – Салоҳиддин узоқ чўзилган жимликни бузди. – Зиммамдаги ишларни бажарсам.

Ҳарам оғаси ва кутволнинг кўзларидан ризолик ишорасини олгач, Салоҳиддин қўзғалди.

 

30-боб. Султон Жалолиддин

 

Навбатдаги қумтепадан ошилганида адл миноралари кўкка бўй чўзган, ложувард кошинли гумбазли жомеълар, саройлар ҳам виқорли, ҳам таҳдидли қад ростлаган, кунгурадор баланд деворлар билан ўралган шаҳар кўринди.  Жалолиддиннинг юраги тез-тез ура кетди: Гурганч! Шунча кунлик сафардан ҳолдан тойган вужудига яна куч қайтди. Карвондагилар ҳам манзилга етиб қолганларини кўришиб, ўзгача ҳаракатга, иштиёққа тушиб қолдилар.

Шаҳар дарвозасида Хумор тегин, Қутбиддиннинг тоғаси, султон Аловуддин Муҳаммаднинг Жанд ва Ёркентдаги ноиби Амир Бужи Паҳлавон Қутлуғхон, Шайххон, Эр Буғо, Ҳўжанднинг собиқ ҳокими Темур Малик ва Қутлуғхон Жалолиддин истиқболига чиқишганди.

Тилла суви билан нафис нақшлар туширилган эгар қошига чап қўлини тираб, отни пишиқ тутган, шердек важоҳатли, ҳарб анжомию яроғида ғурур ва савлат ила ўлтирган Жалолиддин султон хонадони хеш-ақраболари, тавобиъ[9] ва лавоҳиқини[10] эргаштириб дарвозадан кириб келарди. Унинг ортидаги мавкиби хоссаси,[11] ҳам хараси ўзгача виқор, дабдаба ва улуғворлик билан хожаси риоясида от қўйиб келадилар. Улардан кўз узмаётган Хумор тегин бошлиқ қипчоқ амирларининг нафаслари ичларида; от туёқлари дарвозахона тош йўлагига урилиб жаранглаган овоз чиқармаганида, оғир жимжитлик чўкиши аниқ эди. Хумор тегин буни туйқус сезди-ю, ботирона бир тусда гердайишга, виқорли кўринишга тиришди. Бироқ ичидаги тушуниксиз титроқ, ҳаяжон бунга монелик қилди.

Жалолиддин Қутбиддин ва Ғиёсиддинни ортидан эргаштириб, Аркка кириб кетди. Акобиру ашроф, уламою фузало ва қора халқ уларнинг ортидан сарой дарвозаси остига қадар эргашиб борди.

Жалолиддин Аркка келиб тушгач, барча амирларга сарой қабулхонасида йиғилишни буюрди. Илгарилари Султон Аловуддин элчиларни қабул қиладиган, ҳукумат ва ҳарб ишлари машварати ўтказиладиган қабулхона дарров гавжумлашди.

Шоҳиларга, кимхобларга ўралиб, нафис ишланган, олтин қуббачалар, олмос, лаъл, забаржад ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган камарлар, қиличлар таққан мажлис аҳлини кўздан кечириб Жалолиддиннинг кўнгли нохушланди, ғашланди. “Бу оломон салтанат ташвишидан кўра ўзининг безаги, уст-бошини бозорга солиш орзусида юрган кўринадир!” – ўй ўтди унинг нотинч кўнглидан. У қалин кимхоб тўшакка ўтирди ва машваратга ҳам ўтиришга ижозат берди.

– Худо раҳмати Султон отамиз Оллоҳнинг омонатини топширдилар, – Жалолиддин нарироқда қўл қовуштириб турган Жондор Маликка қаради. Унинг қарашидаги маънони англаган Жондор Малик Султон Аловуддиннинг ўрам қилинган сўнгги фармонини узатди. Қутбиддиндан кўз узмай ўтирган Хумор тегиннинг нафаси ичига тушиб кетди. Қани энди малика доруссалтанада бўлганида! Қошларини чимириб, ғазабнок овозда бундай мажлисни дарров бекор қиларди. Анави қўл қовуштириб турган амирлар ҳам қочгани жой тополмай қолардилар.

– Ҳазрати отамизнинг сўнгги хоҳишлари, – Жалолиддин ўрамни очди. – Салтанат тахти менга, яъниким Жалолиддин ибн Аловуддин Муҳаммад ибн Такаш ибн Эл Арслон ибн Отсиз ибн Ануштегинга насб қилинди. Фармон султон отамизнинг муборак тамғалари билан мустаҳкам қилинган.

Жалолиддин чуқур сукутда қолган амирларни назаридан ўтказиб, давом этди:

– Остонамизда мўғул турибди. Ўтрор, Ҳўжанд, Самарқанд ва Бухоро илкимиздан кетди. Чингизхоннинг сўнгги умиди салтанатимиз юраги – Гурганч! Ёғийни қарши олиб, мамлакатдан нопок қадамини узишимиз даркор. Шул сабаб, султон отамизнинг пароканда бўлиб, қумга чекинган қўшинларини йиғишимиз лозим. Бул ишга масъулларни тайин ҳам этамиз. Аввало, пойтахт мудофаасига амир Хумор тегин жанобларни тайинладик, – Жалолиддин юзи тунд амирга қаради. У эса қуллуқ қилиб, бош ирғади.

– Музофотларда турган султон отамизнинг қўшин бошлиқларига чопарлар юбориб, уларни Гурганчга йиғиш ишларига Шайххон жаноблари масъул бўладилар.

Амирлар орасида қўл қовуштириб турган Шайххон бош ирғаб, қуллуқ қилди.

– Қурол-яроғ, озуқа заҳираси ҳозирлашга укамиз Қутбиддинни тайин этамиз!

Қутбиддиннинг боши зўрға эгилди. У негадир акасининг кўзларига қарамасликка уринарди. У ўзини хўрлангандек ҳис қиларди. Агар бувиси бўлганида бунчалар ҳақоратланмасди.

– Онҳазрат! – Хумор тегиннинг тили сўзга зўрға айланди. – Доруссалтана мудофааси учун фуқарога солиқ солмоқ лозимдур! От пули, ем пули…

– Йўқ! – деди Жалолиддин кескин. – Сиёсатимизни солиқ йиғишдан бошламайлик.

Сўзи синган Хумор тегиннинг юзидан қон қочди, хийла бўртган ёноғининг юқориси асабий учди. Туркон хотуннинг укаси, нуфузли ва сўзи кескир бу амирнинг шу кунгача сўзи ерда қолмаган, ҳарбу зар, сарфу харажат масалаларида аввало унга қулоқ тутиларди. Малика Туркон ҳам ҳукумат ишларида кўпроқ унга суянарди. Фикри пароканда бўлиб, мулзам тортганидан одамлар орасидан Қутбиддинни излаб топди. Бу сафар унинг нигоҳидан ўзига ҳайрихоҳликни сезмагач, таъзим қилиш баробарида кўзларини ерга қадади… Негадир девонга жимлик чўкди, бир муддат ўтиб бу ўнғайсиз сукутга айланди. Ҳатто одамларнинг нафас олаётгани ҳам сезилмасди.

– Эр Буғо жаноблари! – Жалолиддиннинг гулдурак овози анчага чўзилган сукунатни бузди.

– Онҳазрат! – юзидаги итоат тусини янада қуюқлаштирган Эр Буғо ҳожати бўлмаса-да, олдинга бир қадам ташлаб, бўйнини елкаларига олгудек бўлиб Жалолиддинга термилди.

– Султон отамизнинг салтанат яйловларида уюрлари бор, мудофаа эҳтиёжлари учун амир охурларга хабар бермоқ лозим! – деди Жалолиддин.

– Буйруғингиз бош устига, онҳазрат! – астойдил юкинди Эр Буғо.

– Темур Малик жаноблари!

– Онҳазрат! – қўлини кўксига қўйди Темур Малик.

– Фуқаро орасидан қўшинга сафарбарлик эълон қилинг! Доруссалтана мудофаасига яна черик тўпламоқ даркор!

– Бош устига, онҳазрат! – Темур Малик яна қўлини кўксига қўйиб, таъзим қилди.

Жалолиддин амирларга яна айрим сипоришларни бергач, деди:

– Мўғул бошқа ёғийларга ўхшамайдур! У шундай бир кучга айланадики, йўлида учраган ҳар нарсани қўпориб, ёндириб пароканда қилади. Бирлашмаган бошни қиличи билан узишга-да қодир. Бас, шундай экан, ҳаммамизнинг фикри-ёдимиз ёлғиз ёғий дафъига қаратилмоғи шарт! Ёғий салтанат сарҳадларидан қувиб чиқарилмагунича бизда ҳаловат бўлмайди! Гар фуқарони мўғул таласа, салтанатни нопок оёқлари билан булғаса бизнинг эрлик шаънимиз, ғуруримизга доғ тушгуси, қиёмат қадар номимиз шармандалик, хорлик билан тилга олингусидир!

Жалолиддиннинг сўзлари кўп амирларни чуқур ўйга толдириб қўйди. Ҳатто ҳали ҳам кибр ва тўпори ғуруридан чекинмай турган Хумор тегин унинг мантиқида оқил ҳамда кўпни кўрган кишининг сиёсатини, эрйигитнинг куйинишларини ўқиди. Лекин ундаги тушуниксиз саркаш бир куч Жалолиддинга чин кўнгил ва ихлос билан бўйин сунишга йўл қўймасди. Кўнглининг туб-тубларида Қутбиддинни тахтга келтириш истаги милтиллаб турар, сония сайин кучайиб, улғайиб борарди. Қолган амирлар эса, айниқса Қутлуғхон ва Темур Малик унга тан беришган, Жалолиддиннинг сўнгги сўзлари: “…бизнинг эрлик шаънимиз, ғуруримизга доғ тушгуси, қиёмат қадар номимиз шармандалик, хорлик билан тилга олингусидир” ҳар иккисининг кўзларидан ёшларни оқизганди.

Жалолиддин амирларга рухсат берди. Қутбиддиннинг ортидан кетаётган Хумор тегиннинг хаёлида энди бошқа нарсалар айланарди. Жалолиддин ҳукуматда экан, унинг илки боғланиши, мулкларни эмин-эркин тасарруф қилолмаслигига кўзи етди. Унинг ягона нажот йўли – Қутбиддинни тахтга келтириш эди.

 

31-боб. Қутлуғхон Гурганчда

 

Қутлуғхон султон билан ажралишгач, ўзи билан бир даста навкарларни олиб Гурганчга юзланди. Йўллар хавфли, ҳар қадамда мўғул хуфиялари изғийди. Ҳатто айрим қишлоқларда бутун бошли мўғул отлиқ тўдалари кўриниб қолар, фуқарони талар, султонга содиқ кишиларни изларди. Бундай вақтларда Қутлуғхон яширинишга мажбур бўлар, уларнинг ўзбошимчалигини жимгина кузатишдан бошқа чораси йўқ эди. Бироқ Гурганчда Жалолиддинни учратиш ва ҳаддидан ошаётган бу келгиндиларни жазосини бериш умиди унга куч берар, нафрат ва алам оловига сув сепарди. Кеча-ю кундуз йўл босиб, ниҳоят доруссалтанага кириб келди. Энди салтанат тизгинини қўлга олган Хумор Тегиннинг ҳузурига юкиниб кирди. Бухорони сўнгги кучи қолгунича ҳимоя қилгани, султон билан Нишопурга юзлангани-ю, йўлда Содирхоннинг фитнаси ҳақида сўзлади. Унинг сўзларини қовоқ уйганча тинглаган Хумор Тегин ҳеч нарса демади; унинг ўқрайган кўзларидаги совуқ нигоҳдан Бухоронинг мўғулга фатҳ бўлганига на ачиниш, на афсусни сезмаган Қутлуғхон ажабланганча қолаверди. Анчагача қисиқ кўзларини юмганича хаёлга чўмган Хумор Тегин мужмал қилиб: “қабатимизда бўлинг… саваш кўрган кишисиз”, дея гапни қисқа қилди. Талмовсираб қолган Қутлуғхон нима дейишини билмай турди, сўнг қўлини кўксига қўйиб, қуллуқ қилди. Гурганчда уни кутиб туришни буюрган Шамсуддин Тегинтош билан учрашишни пайсалга солиб, саройда қолди. Ҳар қадамда Хумор Тегиннинг унга ишончсиз қараётганини сезар, ўзини чақирилмаган меҳмондек ҳис этарди. Кўнгли ғашланиб, якка моховга ўхшаб юрганида Жалолиддиннинг Гурганчга қайтгани хабари келди. Неча кундан бери зулмат оралаган кўнглига ёруғлик инди, ўзида йўқ қувонди. Жалолиддин ҳам уни қуюқ қаршилади, отасига хизматларини унутмай, чин дилдан амирлари қаторига ўтишни сўради. Қутлуғхоннинг боши осмонга етди.

Жалолиддининг девонда амирлар билан машваратидан сўнг Шамсуддин Тегинтошни йўқлашни ўйлади. Жалолиддиндан рухсат олиб, уста Жамолнинг уйига жўнади. Энди унинг хаёлида ҳарами эмас, Салоҳиддиннинг қўлидаги ўша мактуб эди. Уни Жалолиддинга бердими ёки йўқми, шуни билишни истарди. Эгарга пишиқ ўтириб, устанинг маҳалласига жўнаркан, ёдига қорахитойлар салтанатига юришни эслади…

…Султон Аловуддининг ғолиб қўшинининг муқаддамгари қорахитойларнинг бош шаҳри Боласоғунга кириб келган. Қорахитой хони Кебекхоннинг қўшини тўзғиган, авом таҳликада. Кўплар кўч-кўронини аравалар, хачирларга юклаб, ўлжа илинжидаги Хоразмшоҳ навкарларидан қочишга тушган. Султон Аловуддин муқамдамгари амир Бадриддин сардор. У вақтда ҳали Қутлуғхон лақабини олмаган, султоннинг хос ҳожиби. Кебекхон хос навкарлари билан Боласоғунни тарк этиб улгурган. Амир Бадриддин – Қутлуғхон навкарлари билан хон саройига кирди, ҳар бир хонасини кўздан кечириб чиқди. Бирор тирик жон йўқ. Эшиклар, деразалар ланг очиқ, пардалар шамоллар қаршисида ожиз тўлғонади… Фақат биргина хонада – хоннинг хос котибига ажратилган девонхонада ёши улуғ, сийрак соқолли, кўринишидан хитойга ўхшайдиган бир қария ўтирар, атрофида ҳар хил қоғозлар, ўрамлар бетартиб уйилганди. Хонага биринчи бўлиб Қутлуғхон кирганди.

– Сиз ким бўласиз? – сўради у қариядан.

– Хоннинг хос котиби бўламан.

– Нега кетмадингиз?

– Мен султон черикига қарши қилич кўтариб чиқмаган бўлсам, – ишонч билан деди қария. – Қолаверса, султоннинг кексаларга қарши қўл кўтарганини ҳеч эшитмаганман.

Кекса котибнинг сўзларидан Қутлуғхон анча хижолат бўлди.

– Булар қандай ҳужжатлар? – сочилиб ётган қоғозу ўрамларга ишора қилиб сўради Қутлуғхон.

– Хон хазинаси, ҳукумат, қўшин сарф-харажат ҳисоблари… Солиқ, ҳирож дафтарлари…

Қутлуғхон оёғи остидаги қоғоз ўрамини олиб ундаги битикларга кўз ташлади. Аллақандай ҳисоблар, рақамлар… Қоғозни котибга узатаркан, ғалати бир нарсани сезиб қолди: котиб кўринишидан кўпроқ ўйма нақшлар ишланган курсига ўхшайдиган… сандиқча устида ўтирарди. Фақат синчиклаб разм солингандагина унинг курси эмас, сандиқчалигини илғаш мумкин.

– Бу нима? – сандиқчага имо қилиб сўради Қутлуғхон.

Котибнинг нигоҳидаги ишонч ва совуққонлик ўрнини саросима эгаллади. Ҳадеганда жавоб беролмай кўзлари жавдиради.

– Нима деяпман? – овозини баландлатиб, таҳдидли сўради Қутлуғхон.

– Сандиқча…

– Ичида нима бор?

– Мактублар…

– Қандай мактублар?

– Хоннинг мактублари…

– Яна-чи?

– Халифа ҳазратларининг мактублари…

– Ўрнингиздан туринг!

Капалаги учиб, ранги қумдек ўчиб кетган котиб қўрқа-писа ўрнидан турди.

Қутлуғхоннинг ишораси билан навкарлардан бири сандиқчанинг қулфини шамшир билан уриб синдирди. Сандиқчанинг қопқоғи очилгач, унда бир неча ўрам қилинган мактублар борлиги кўринди. Қутлуғхон улардан бирини олиб, ипини ечди-да, ўрамни очди. Нафис ипак қоғоздан мушку анбар, яна аллақандай ёқимли, хушбўй ифор таралди. Мактуб арабийда битилганди. Қутлуғхон арабчадан яхшигина хабардор, Қуръондан ташқари кўплаб ҳадисларни арабийда ёд олганди. Шунинг учун мактубни тушуниш унга қийинчилик туғдирмади. Уни охиригача ўқиди-ю, ҳайратдан тили сўзга айланмай қолди. Мусулмонлар раиси ва амири, Олий Девон раҳбари халифа Носир хонни султон Аловуддин салтанатига юриш қилишга чақириб мактуб битганди! Ўзини мусулмон, дин ва шариат хизматчиси ҳисоблайдиган Қутлуғхон кўплар қаторида халифани ғойибона ҳурмат қилар, унинг сўзларига оғишмай бўйсуниш керак, дея ҳисобларди. Лекин мактубни ўқигач, бу ишончга дарз кетди, халифадан кўнгли қолди. Кўнглида мактубни султонга кўрсатиш керак, деган ўйга ҳам борди. Лекин кўп ўйлар истиҳоласида бу аҳдидан қайтди. Хон саройига кирганлардан фақат у халифанинг мактубини ўқиди, қолганларга эса унинг мазмуни махфийлигича қолаверди.

Аммо Қутлуғхон яширган мактубдан ташқари, халифанинг Ғурлар султони Ихтиёриддин Ҳурпуштга ёзган бошқа мактублари ҳам бўлиб, уларда халифа ғурларни ҳам хоразмшоҳлар салтанатига юриш қилишга ундарди. Уларнинг айримлари султон қўлига тушган, бундан эса Қутлуғхон бехабар эди. Чингизхонга ҳам халифа шундай мактублар жўнатганига Қутлуғхон шубҳа қилмас, қорахитойларга ёзилган мактубни Жалолиддиннинг қўлига тутқизишни дилига тугиб қўйганди. Салоҳиддининг қўлига тутқизилган мактуб ўша махфий мукотаба эди. Мўғул тиғига учиб ўлсам Жалолиддин бехабар қолмасин, деган ниятда уни Гурганчга ошиғич юборганди…

Қоронғи тушиб қолганидан уста Жамолнинг маҳалласида одам кўринмайди. Олис-олис қумлардан совуқ шамол эсади. Маҳалла бошидаги яккам-дуккам тут дарахтлари ой ёруғида кўзга хунук, қўрқинчли кўринади. Лекин Қутлуғхон на шамолни, на ваҳшат солаётган дарахтларни сезади. Унинг бутун фикри-ёди Салоҳиддиндаги мактубда. Устанинг уйига етиб келганида эгардан тушмай қамчисининг дастаси билан эшикни тақиллатди. Ичкаридан: “Ким-у!? Ҳозир…” деган овоз эшитилди. Овоз эгасини таниб ғалати бўлиб кетди. Шундагина ҳали ҳам от устида эканини туйқус англаб шоша-пиша ерга сакради. Чопонини тартибга солишга улгурмаганида шам кўтарган уста кўринди. Қоронғида келгувчини танимаганидан шамни баландроқ кўтарди. Ўзига таниш чеҳра, катта ва қўпол сувсар телпакни кўргач беихтиёр тилидан сўз учди:

– Водариғ, Бадриддин жаноблари! Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом, уста жаноблари!

– Худога шукр, саломат экансиз!

Бемаҳалда биров келишидан хавотирга тушган Шамсуддин Тегинтош ҳар эҳтимолга қарши устанинг ортидан чиққанди. У қаршисидаги отлиқнинг хожаси эканини билди-ю, юраги қалқиб кетгандек бўлди. Ўзига келишга улгурмай, Қутлуғхон отидан сакраб тушиб, содиқ мамлугини бағрига босди. Шундагина Шамсуддин Тегинтошнинг тилига сўз келди.

– Хожам!..

Шамсуддин Тегинтош кўпдан бери дом-дараксиз кетган хожасини энди кўрмасам керак, деган ўйга борганди.

– Салоҳиддин кўринмайди? – сўради Қутлуғхон Шамсуддин Тегинтошни қучоғидан бўшатиб.

Аввалига Шамсуддин Тегинтош анча ажабланиб қолди. Ҳарамидан олдин Салоҳиддинни йўқлаш… Буни қандоқ англамоқ лозим?

– Хожам, Султон хоним Салоҳиддинни ўзларига хос навкар қилиб олгандилар.

Қутлуғхон бир муддат унга анграйганича қараб қолди. Салоҳиддин малика Туркон билан Гурганчни тарк этдими? Салоҳиддин шаҳарда эканлигида Жалолиддин бу ерда эмасди. Демак, мактуб ҳали шаҳзоданинг қўлига етиб бормаган.

– Айтгангиздек, ҳарам уста Жамолнинг уйида, хожам!

– Маъқул! – бош ирғаб қўйди Қутлуғхон.

Хожасининг кўнглидан ўтаётган ўйлардан бехабар Шамсуддин Тегинтош таажжубда эди. Қутлуғхон отига минди.

– Мен саройга бораман, Жалолиддиннинг ҳузурига! – деди Қутлуғхон отининг бошини ортга бураркан.

– Маъқул, хожам! – ҳеч нарсага тушунмаган Шамсуддин Тегинтош унинг ортидан ажабланганича қараб қолди.

Доруссалтана томон от чоптириб кетаркан, Қутлуғхоннинг хаёлида яккаш бир ўй бор эди: мактубнинг мазмунидан Жалолиддинни огоҳ этиш керакми ёки йўқми? Балки Салоҳиддин мактубни шаҳзодага бермай, малика Туркон билан кетганида бирор яхшилик аломати бордир?.. Ҳозирча мактубни Жалолиддиндан махфий сақлаб турганлари маъқулмикин? Энди Жалолиддин отасининг тахтини эгаллади, у – султон! Агар махфий мукотабадан огоҳ бўлса, қаршисидаги мўғул қолиб, мактуб битганлар билан муҳорабани бошлаб юбориши мумкин… Қутлуғхонга бу ўйи мантиқли кўринди. Ҳозир Жалолиддиннинг фикрини бўлмаслик оқил ҳаракат бўлади. Қутлуғхон шу ўйидан дадилланиб, отини ниқтади. От доруссалтана томон чопиб кетди.

Шаҳзодалар Гурганчга қайтганидан, қалъа дарвозалари ланг очиқ, кираверишда икки қатор бўлиб, отлиқ навкарлар соқчиликда турадилар. Улар Қутлуғхонни таниб, дарров йўл беришди. У тўппа-тўғри Аркка бориб тушиб, отини соқчи навкарга қолдирди. Саройга кирганида Жалолиддиннинг ҳордиқ олаётганини эшитгач, уни девонхонада кутиб туришни маъқул топди. Шу ўйи билан ўтиб кетаётганида қулоғига хос хоналардан биридан чиқаётган ғўнғир-ғўнғир овозлар чалинди. У беихтиёр қадамини сустлаштирди. Овозларда таҳлика ва таҳдид сезиларди. Унинг таажжуби ортиб, беихтиёр ўша хоналар томон юрди. Хийла очиқ, ўймакор нақшлар туширилган ёғоч эшик ортида амирлар тўпланишганди. У ажабланди. Машваратми бу?! Хумор тегин, Амир Бужи Паҳлавон, Шайххон ва Эр Буғо… Хумор тегиндан бошқалари овозларини пастлатиб сўзлайдилар.

– Султон шаҳзода Қутбиддинни тахтдан маҳрум этибдур! – ғазабнок деди Хумор тегин. – Унинг ўрнига Жалолиддин белгиланибди!

– Салтанат тожи Қутбиддиннинг бошида бўлмоғи лозим! – деди Амир Бужи Паҳлавон.

– Улуғ маликанинг иродаси ҳам шундай эди, Қутбиддин султон! – қизишди амир Эр Буғо.

– Биз ҳам шу ўйдамиз! – деди Хумор тегин. – Агар Жалолиддин тахтга ўтирса, Қутбиддиннинг аҳволи не бўлади? Қолаверса, ҳукумат таянчи биз – Қутбиддинга содиқ амирлар!

– Тўғри! Тўғри! – бир овоздан уни қўллашди бошқа амирлар.

Эшик ортидаги Қутлуғхоннинг таажжуби ҳадди аълосига етди. Бу қандай машварат бўлди?! Остонада мўғул турибди. Доруссалтана хавф остидаю булар не ташвишда?

– Кўп ўйламоқ ва ортиқ кенгашмоқликка фурсат йўқ! – деди Хумор тегин амирларга бирма-бир қараб. – Ягона йўли шулки, Жалолиддинни ўртадан кўтармоқ лозимдир! Адолат қарор топмоғи ва Қутбиддин тахтга қайтмоғи шарт! Буни нафақат биз, балки малика Туркон ҳам истаган.

– Маъқул! Маъқул! – амирлар уни қувватлашди.

– Гурганчдаги султон қўшинини тўплаб, Жалолиддинга қарши оёқлантирамиз, – давом этди Хумор тегин. – Ҳозир Жалолиддиннинг навкари кам, амирлари ҳам Гурганчда эмас. Жалолиддин Қутбиддинга ён беради.

– Хўп маъқул гап! – деди Амир Бужи Паҳлавон.

– Шу тунда Жалолиддинни ётоғида… – Хумор тегин бир муддат сукут сақлади. – Шу тунда уни орадан кўтарамиз!

– Маъқул режа!

– Ҳозирча тарқалишиб турамиз. Шомдан кейин тўпланамиз, -машваратга якун ясаган бўлди Хумор тегин.

Қутлуғхон Хумор тегиннинг сўнгги гапини эшитиб дарров ўзини панага олди. Амирлар бирин-кетин хонадан чиқишиб тарқалишди. Қутлуғхон яширинган жойидан чиқди-да девонга шошди. Унинг юраги асабий урар, нафас олиши тезлашган, қўллари қалтирарди. Девонда уни Хўжанднинг собиқ ҳокими Темур Малик қарши олди…

 

32-боб. Фитна

 

Жайҳун томонидан этни жунжиктирувчи шабада эсади. Шаҳар тун оғушида. Хос хонаси даричаси ёнида узоқ туриб қолган Жалолиддин пахта кийими устидан қалин пўстин ташлаб, манқалда ланғиллаб турган саксовул чўғига қўлларини тутди. Шифтдаги улкан қандилда ёнган ўнлаб шамлар деворларнинг ганчли нақшлари устида кўлкалар югуртириб, ётоққа ажабтовур сирлилик берган. Шабада минг муқомга солаётган, кўшк томондаги хитойи шоҳи дарпардаларнинг нозик гуллари шамларнинг заиф нурларида кўзга элас-элас ташланиб қолади.

Жалолиддин бир ҳафтадан ошган сафар машаққатларидан чарчаган бўлса-да, кўзларига уйқу келмасди. Ким ҳам ўйлабди, шундоқ улуғ салтанат сарҳадидан ёғий ўтиб, унинг бош кентига қадар келишини? Яқин-яқингача Султон Аловуддиннинг юртига биров қўшин тортади, деса киши ишонармиди? Бу чархи дуннинг турфа ишлари қаршисида одам ожиз. Ана шуларни ёдидан ўтказган Жалолиддиннинг кўз олдидан Хумор Тегин ва Амир Бужи Паҳлавонлар ўтди. Отаси Султон Аловуддин Самарқандга келиб, кўп амирлар қаторида Амир Бужи Паҳлавонни ҳам тақдирлаб, унга мулклар иқтоъ қилган эди. Негадир бу иккисининг сиёқи ва қадам олишлари ғалати. Қутбиддиндан умидланиб юрганларида кутилмаганда бошқа шаҳзода тахтга келиши уларни жуда шошириб қўйганини Жалолиддин сезарди. Саройдаги кўп амирлар бувисининг қариндошлари. Улар отасининг буйруғидан кўра, бувисининг сўзларини тан оладилар. Жалолиддин шуниси билан чиқиша олмасди. Аммо, қўлида салкам салтанат тизгини тутган бувисига қарши чиқиш кундага бошини қўйиш билан баробар эди. Қипчоқ амирлар Қутбиддинни тахтга қайтаришга уринишлари табиий. Энг ёмони, бу амирларнинг ихтиёрида Гурганчда камида эллик-олтмиш минг кишилик қўшин бор. Агар амирлар Қутбиддини ёқлаб чиқсалар, унга жуда қийин бўлади. Ҳозир тожу тахт талашиш фурсати эмас. Нима қилиб бўлса ҳам муроса йўлини топиб, пароканда қўшинларни тўплаш, пойтахт мудофаасини пухталаш лозим… Ўйлардан унинг боши оғрий бошлади. У ипак мато қопланган болишга бошини қўйиб, оёқларини узатди. Роҳат инганидан вужуди бўшашди… кўзлари илинди.

…Отаси оппоқ отида ўтирганмиш. Олдинги дабдабали кийимлар, қурол-яроғларда эмас, қордек оппоқ кийимда, яланг оёқ эмиш.

– Ўғлим, ёнингизда хатар!

– Ёнимда?!

– Ҳа, қаршингизда!

Кутилмаганда отаси отидан шошиб сакраб тушибди. Жалолиддиннинг қиличини суғуриб, ҳавода асабий сермаб, аллакимларга ўдағайлаганича таҳдид солибди. Отасининг телбавор қилиқларидан унинг таажжуби ҳадди аълосига етибди.

Кимдир уни туртди. Жалолиддин чўчиб уйғониб кетди. Тўшаги ёнида икки кишининг қораси кўриниб турарди. Кўзларидан уйқу ўчмаганидан бу гавдаларни танимади.

– Онҳазрат!.. – бу Кузбор Малик эди. Унинг овозида ҳадик сезилди.

– Ташвишли хабар келтирдик, – бу сафар Қутлуғхоннинг овози эшитилди.

Ҳали Жалолиддиннинг хаёли ўзида эмасди. Унинг кўз олдидан тушидаги отаси ўтди. “Ёнингизда… қаршингизда хатар!”

– Қандар хабар?! – у дастлаб Қутлуғхонга, сўнгра Кузбор Маликка қаради.

– Фитна, онҳазрат! Фитна! – деди Қутлуғхон.

“Қаршингизда хатар!”

– Фитна, дейсизми?!

– Ҳа, онҳазрат. Айрим амирлар сизга суиқасд қилишни режа туздилар. Уларнинг бошида Амир Бужи Паҳлавон ва Хумор тегинлар туришибди. Амирлар сизнинг ўрнингизга Қутбиддинни тахтга чиқармоқчилар!

– Буни қаердан билдингиз? – сўради Жалолиддин.

– Онҳазрат, Оллоҳнинг марҳамати, уларнинг махфий мажлисларидан воқиф бўлиб қолдим.

– Қутбиддин ҳам мажлисда эдими?

  • Шаҳзода йўқ эдилар, онҳазрат.

Жалолиддиннинг фикри тиниқ тортди.

– Темур Малик қаерда? – сўради у.

– Навкарлари билан шаҳарнинг бош дарвозасида, – бу сафар Кузбор Малик жавоб берди.

Жалолиддин дарров кийиниб, худди муҳорабага кираётгандек жибасини устига ташлади. Дуру гавҳарлар, лаълу ақиқлар билан зийнатланган энли камарга отаси ҳадя қилган қилични тақди. Отасининг фармони сақланаётган тери жуздонни олиб, қўйнига солди. Дубулғасини қўлида ушлаб, нағал қоқилган этиги билан гурс-гурс қадам ташлаганича ётоғини тарк этди. Кузбор Малик ва Қутлуғхон унинг ортидан эргашишди. Девонга элтувчи узун хонадан гурс-гурс қадам ташлаб кетаркан, ортидан қадам ташлаб келаётган амирларидан сўради:

– Қутбиддин ва Ғиёсиддин қаерда? Рукниддин-чи?

– Олампаноҳ, уларнинг қаерда эканликларини билолмадик, – ортидан Кузбор Маликнинг овози эшитилди.

Сарой ҳовлисида кимларнидир бақиргани, от туёқларининг тошга урилиб берган шошқин товушлари эшитилди. Жалолиддин юришидан тўхтади, девордаги машъалалардан бирини олди. Девонга ҳам кирмай сарой ҳовлисига олиб чиқадиган айвонга чиқди. Саройнинг кенг ҳовлиси отлиқ ва навкарларга тўлиб кетганди. Улар орасида дарғазаб амирларнинг қипчоқ лаҳжасида буйруқ бериб, сўкинишлари эшитилди. Жалолиддин фитнанинг бошида чиндан ҳам бувисининг қипчоқ уруғлари турганига ишонди.

– Олампаноҳ, ўзингизни панага олганингиз маъқул! – Қутлуғхоннинг хавотирли овози Жалолиддиннинг ҳушини ўзига қайтарди.

Отлиқ амирлар тахминан беш-олти газ юқоридаги айвонда Жалолиддиннинг ўзи турганини хаёлларига ҳам келтирмай саройга олиб кирадиган эшикларга соқчилар тақсимлардилар.

– Саройдан ҳатто қуш ҳам учиб чиқмасин! – хириллади амирлардан бири.

Жалолиддин овоздан бу амирнинг ким эканлигини таниб, ғазабдан баданига титроқ кирди.

– Олампаноҳ, бу ердан кетиб, Аркни тарк этмоғимиз лозим, – деди Кузбор Малик Жалолиддиннинг қўлидаги машъалага хавотир билан қараб.

Гарчи қоронғи бўлса-да, Кузбор Маликнинг машъалага қараб қўйгани Жалолиддиннинг зийрак нигоҳидан махфий қолмади. У машъалани ерга ташлаб, этиги билан эзғилаб ўчирди.

Улар саройнинг киши назаридан ҳоли шимолий томонига юриб кетишди. Аркнинг шимолий дарвозасида Жалолиддиннинг хос навкарлари бор. Аммо шимолий дарвоза атрофларида ҳам машъала кўтарган отлиқлар тўпланиб туришарди. Уларни кузатаркан, Жалолиддин бу дарвозадан ҳам чиқиб кета олмаслигига кўзи етди. Девор остида тураркан, Жалолиддин нима қилиб бўлса-да, Темур Маликни топиш кераклигини ўйларди. Иложи топиб, шаҳарнинг бош дарвозасига етиб олиши лозим.

Жалолиддин минг азобда исёнчиларни четлаб ўтиб, шаҳарнинг бош дарвозасига етиб келди. Кутганидек, бу ерда Темур Малик отлиқлари билан жангга шай турар, қаршисидаги амирлар унга ҳамла қилишга ботинолмай турардилар.

– Онҳазрат! – Жалолиддин Темур Маликнинг овозини таниди. У отлиқларидан ажралиб, Жалолиддиннинг қаршисига чиқди.

– Гурганчни тарк этамиз. Навкарларингиз ҳозирми?

– Ҳа, онҳазрат!

– Қанча навкарингиз бор?

– Уч юз отлиқ, онҳазрат.

– Яхши, ҳозироқ йўлга тушамиз!

Темур Маликнинг қаёққа борамиз, дея сўрашга тили бормади. У ҳам фитнадан огоҳ бўлганди.

Тун яримлаганда Жалолиддин ўзининг ишончли амирлари ва уч юз отлиқлари билан қалъадан чиқди. Тун бағрида ором олаётган шаҳар тошкўчаларининг тинчини отлар туёқлари дупури бузди. Жалолиддиннинг ортидан Хумор тегин отлиқлари таъқибга ўтишди. Жалолиддин уларнинг таъқибидан қутулиб, Гурганчни тарк этди-да, Хоразм ва Хуросон ўртасидаги бепоён қумликларда кўздан ғойиб бўлди…

 

33-боб. Канизакнинг бетакрор ифори

 

Водий томондан эсаётган шабода анча кучайган.

Қалъа ҳовлисида ёш болалар қийқиришиб ўйнашади. Уларга қараб Салоҳиддиннинг кўнгли анча ёришди. Катталарни қийнаган ғам-ташвишлар бу гўдакларнинг хаёлига қаёқдан ҳам келсин! Улар бошлари узра қуюқлашаётган фалокат булутларини билмай вужудлари билан ўйинга берилиб кетишган… Мўғуллар ҳеч кимга шафқат қилишмайди. Ҳатто, норасидаларга ҳам. Салоҳиддиннинг кўнглига яна ғашлик инди. Агар Ҳолиқи қудрат асрамаса бу тошдеворлар мурғак қалбларга паноҳ бўла олмайди. Наҳот шулар Султон хонимнинг хаёлига келмаса?! Ёки унинг ғурури ақл кўзига парда тортдими? Салоҳиддин ҳаммадан ҳам қувалашиб ўйнаётган болаларга юраги ачирди. Не қилсинки, у қул, хожалар қаршисида тилига эрк бермасликка ўрганган…

Салоҳиддинга кимдир уни таъқиб этаётгандек туюлаверди. Ҳам ғалати, ҳам таажжубли. Негадир у ўзини ўнғайсиз сезиб, бу аҳволига ҳайрон ҳам бўлди. У бир қўли қиличининг дастасидан ушлаганича юришга чоғланган ҳам эдики эсиб турган шамол бирдан кучайдию қаршисидаги айвоннинг пардасини кўтариб, туширди. Унинг ортида эса… Нури биби турарди! Ажаб! Жон ўртагувчи бу малак кўз ўнгида бир сонияга бўй берди, холос. Аммо, бу фурсат қизнинг йирик қора кўзлари, сутга чайилгандек тўлиқ юзини, ғунчадек очилишга маҳтал лабини йигитнинг тасаввурига муҳрланишига монеълик қилмади. Унинг юраги тез-тез уриб кетганидан нафас олиши оғирлашиб, томоғи қуруқшади. Ҳовли ўртасида туриб қолган Салоҳиддин нима қилишини билмасди. Шамол иккинчи марта куч олиб, пардани кўтариб-туширганда қиз йўқ эди. У кетиб қолганди. Салоҳиддин энди енгил нафас олиб, юриб кетди. У қалъа омборига бориб, мешларга сув тўлдира кетди. Шу пайт, Бадриддин Ҳилол ва Ҳусомиддин Али омборга келишиб, уни кузатганларича суҳбатларида давом этишди.

– Мўғул қалъани қамаса заҳирангиз қанчага етади? – сўради ҳарам оғаси.

– Дон-дун, гўшт олти ойга етади, -деди қутвол. – Аммо, негадир сув бизни ташна қилмоқда. Олдинлари бундай бўлмасди…

Бадриддин Ҳилол унга саволомуз қаради. Салоҳиддин ҳам ишини тўхтатиб, қутволга юзланди.

– Сизни тушунолмадим?! – ажабланди ҳарам оғаси.

– Жанобларига тушунтиролмадим. Бирор кун йўқ эдики, Илолда қуёшли кунни тўлиқ кўрган бўлсак. Бошимиздан булутлар аримасди, Худонинг битмиш куни ёмғир-жала…

– Анчадан бери шундайми? – сўради ҳарам оғаси.

Қутвол аниқ жавоб беришга истиҳола қилди. Туркон хотуннинг “қалъага етибди!” деган хабари келган куни эрталабдан қуёш қиздирганди. “Салтанат офтоби энди бошимизга қўнди!”, дея кўпчилик буни яхшиликка йўйди. Маликаи олам қалъадан паноҳ топгач, одамларни роса ажаблантириб, булутлар Илолдан чекиниб, қалъанинг ягона сув манбаи жалаю ёмғирлар ҳам тинди. Султон Аловуддин Муҳаммаднинг онаси келганига анча бўлди, аммо бир томчи ёмғир ёққани йўқ. Энди қалъага ҳар куни водийдан мешлардан сув ташиб келтирилади.

-Бунга эътибор бермабман, – ростини айтишни лозим топмади қутвол.

Ҳарам оғаси ҳам унинг кўнглидан ўтган ўйлардан тахминлади. Ичидан зил кетсада буни қутволга сездирмаслик учун Салоҳиддин томон юзланди.

– Султон хоним сув сўраганлар. Харамни ҳам сувсиз қолдирманг! – деди у шошиб.

– Маъқул, – деди Салоҳиддин.

Ҳарам оғаси ва қутвол қалъа дарвозаси томон юриб кетишди. Уларнинг ортидан кузатиб тураркан, Салоҳиддиннинг хаёлидан қутволнинг айтганлари кетмасди: “…Бошимиздан булутлар аримасди.”. Унинг ёдига Амуга чўктирилган ҳукмдорлар-у шаҳзодалар тушди. Қулоқлари остида эса жулдур кийимли аёлнинг маликани қарғагани эшитилди. “Оллоҳнинг ўзи жазоласин! Оллоҳнинг лаънати бўлсин!”. Худди ўзини лаънатлаганларидек Салоҳиддин сесканиб кетиб, “астағфируллоҳ”, деб қўйди.

– Хожам, бизга сув берасизми?

Қўнғироқдек овоздан Салоҳиддиннинг юраги уришдан тўхтаб қолаёзди. Унинг нафас олиши тезлашиб, бир лаҳзада томоғи қуруқшаб кетди. У вужудида қолган сўнгги кучни тўплаб, катта журъат билан овоз келган томон қаради. Унинг қаршисида кўза кўтарган Нури биби жилмайиб турарди. Салоҳиддин кўзлари сотиб қўймаслиги учун ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди.

– Маъқул, кўзангизни беринг, – деди у иложи борича ҳаяжонмасликка ҳаракат қилиб.

Нури биби чиройли қўллари билан қўшқўллаб кўзани унга узатди. Салоҳиддин синдириб қўйишдан қўрққандек кўзани қўшқўллаб олди. У мешни очиб, ундан кўзага сув қуяркан вужудида қизнинг куйдиргувчи нигоҳини ҳис қиларди. Ўртадаги ўнғайсиз жимликни йўқотиш учун қизни гапга солгиси келар, аммо тилига тайинли сўз келмасди. Ҳайтовур, қизнинг ўзи сўраб қолди:

– Ҳарам аёлларининг айтишларича, мўғуллар маликамиз ортидан тушишган эмиш!

Унинг саволидан Салоҳиддин анча дадилланди. Нури бибининг кўнглини кўтаргиси келди.

– Мўғул аввал Султон хонимнинг қаерга келганларини топиши лозим! Кейин эса, бу қалъани фақат бургутлар забт этиши мумкин.

Қизнинг оппоқ юзида кулги жилва қилди.

– Алҳамдулиллоҳ! Ҳарам аёллари эртаю кеч шунинг ғамида кун қорайтирадилар, – деди у.

– Уларнинг кўнгилларини кўтаринг, Тангри таоло хоҳласа омон қоламиз! – деди Салоҳиддин ниҳоят унинг чиройли кўзларига боқиб.

Нури биби йигитнинг кўзларидан уялиб, кўзасини олиш учун уринди. Салоҳиддин унга кўмакка шошди. Шунда у димоғида қизнинг бетакрор ва ўхшаши йўқ ифорини туйдию боши айланаёзди.

Тез орада улуғвор тоғларнинг чўнг қоялари устидаги Илол қалъаси тун қўйнида кўздан ғойиб бўлди…

37-боб. Наса йўли

 

Кун пешиндан оққан.

Икки кундан бери туз тотмаган, бир қултум сувга зор Жалолиддин эгарда зўрға ўтираркан, қаерларга келиб қолганини билмасди. Чеки чегараси йў саҳрода, сариқ-жигарранг қумтепалар, унда-бунда учраб қоладиган саксовуллар орасида улоқиб-тентираб юришгандек. Гурганчни ошиғич тарк этганларидан сув ва егулик йўқ, камига на бир қуш учади, на бир сайғоқ кўринади. Очлик ва ташналикдан ҳамманинг силласи қуриган. Ора-сира отларнинг пишқириши, қурол-яроғлар, от жабдуқларининг шарақ-шуруқи сукутга толган чўлу биёбоннинг тинчини бузади.

Жалолиддиннинг ортида Темур Малик ва Кузбор Малик ҳам бошларини қуйи солинтирганларича кетиб боришади. Улар ҳам анчадан бери гапирмай жим бўлиб қолишганидан Жалолиддин отининг ўз майлига қўйиб, ўйга берилган. Тожу тахт, салтанат учун кураш шунчалар шафқатсиз бўлишини энди ҳис қилди. Салтанат тахтида отаси барқарор бўлганида бундай нарсалар хаёлига ҳам келмасди. Бойлик, қудрат васвасаси кўзни кўр, қулоқни кар қилиб қўяркан. Бўлмаса, ёғий салтанат дарвозасини чертиб, тиғини қайраётганда фисқ-фасод ўрнига иттифоқ лозим эмасмиди? Ҳукумат тизгини отасининг илкида бўлганида итоат ва садоқат билан хизмат қилишга онт ичган бу амирлар бош кўтарармидилар!? Амир Бужи Паҳлавон, Хумор Тегин… Самарқанддаги ўша базму жамшидда бу амирлар юзларида итоат тусини қуюқлаштириб, Султонга астойдил юкиниб, унинг ҳар бир сўз ва имосига илҳақ ўтирганлари, унвонлар ва мулклар билан тақдирланганларида пешоналари ерга теккудек бўлиб “сўнгги нафасгача салтанат хизматидамиз!”, деганлари Жалолиддиннинг кўз олдидан ўтди… Кейин бошқа нарсалар – Қулзумдаги овлоқ орол, ёлғиз яктакда қолган отаси, олис-олисларда кўзга ташланаётган Гурганч миноралари… Кутилмаганда қумтепалар ортида соқоллари оппоқ, юзлари илоҳий нурдан ёришган, асога таянган бир кекса чиқиб келди. “Йўлимни йўқотдим, деб ўйлама, зеро бунда зўр бир ҳикмат бор!” дебди у. “Қандай, дейсанми? Унда эшит, бу жаҳонда сарсон-саргардон бўлиб юришинг айни шу чўлдан бошланади! Гурганчга қайтмоғинг даргумон, имконсиз нарса бўлиб кўринмоқда…”

У сесканиб кетди – бу совуқ, этни жунжиктирувчи ўйми ёки келажакдан хосиятсиз башорат?! Ёки кўзларига рўё кўриндими?!.. У мубҳам ва кўнгилни оздирувчи ўйлардан қутулмоқ умидида ёнидагиларга қаради. Кўзларига кўринган қариянинг сўзлари миясида айлана бошлади: “Гурганчга қайтмоғинг даргумон…” У бир муддат бу сўзларни тушунишга уринди-ю сўнгсиз даҳшатга тушди. Наҳотки Гурганчни кўрмаса!? У дарҳол отининг бошини ортга бурди. Этигининг пошнаси билан ниқтаб, камига қамчи босиб от елдириб кетди. Жалолиддиннинг кутилмаган қарори-ю ишидан ҳангу манг бўлиб қолган Темур Малик ва Кузбор Малик дарров унинг ортидан от қўйишди.

Силласи қуриган от қумда чопишга қийналар, туёқлари тез-тез ботиб қоларди. Чавандоз эса тезроқ чопишга ундарди. От узоқ чополмади – қумтепага кўтарила олмай мункиб қулади. Отнинг остидан оёғини базўр чиқариб олган Жалолиддин бир амаллаб ўрнидан турди-да телбавори қумтепага чопа кетди. Унинг қуруқшаб, ёрила бошлаган лаблари яккаш “Гурганч! Гурганч! Гурганч!..” дея пичирларди, холос. Кўзлари фақат қумтепани кўрар, шундан ошса муродига етадигандек. Очлик барибир шундай баҳодир йигитга ҳам ўз ҳукмини ўтказди – у қумтепага кўтарила олмай чўккалаб қолди. Оғир ҳансираб тиззалаганича ўтираркан, ич-ичидан доруссалтанага қайтмоқ осон бўлмаслигини ҳис қилди. Қумтепага пойида тўхташган Темур Малик ва Кузбор Малик анчагача сўз очишга журъатилари етмай турди.

– Онҳазрат, сизга нима бўлди? – отдан тушиб, Жалолиддиннинг ёнига келган Темур Малик сўради.

Ҳамон чўккалаб ўтирган Жалолиддин унга қаради. Унинг нигоҳида тақдир ҳукмидан ожиз ва чорасиз одамнинг қисматини ўқиш мумкин эди.

– Ўзим… шундай… – деди у ҳансираб. – Гурганчни кўрмоқ истаган эдим.

Темур Малик ва Кузбор Маликлар бир-бирларига маъноли қараб қўйишди. Жалолиддин ўрнидан оғир қўзғалиб туриб, уст-бошидаги қумни қоқиб ташларкан, яна мавҳум қилиб паст овозда деди:

– Гурганч билан ҳайрлашган кўринамиз…

– Иншоллоҳ, ҳали доруссалтанага музаффар туғларингизни баланд кўтариб борасиз, онҳазрат! – деди Кузбор Малик.

– Иншоллоҳ!.. – деб қўйди Темур Малик.

– Қайтайлик, – деди Жалолиддин. – Навкарлар кутиб қолишди.

Темур Малик дарров Жалолиддиннинг тулпорини келтирди. У эса отга минмай, тизгинни қўлига олди. Темур Малик ҳам, Кузбор Малик ҳам отларини минмай унга эргашишди. Атроф-жавониб бирдек қумтепалар, яккам-дуккам саксовуллар… улардан кейин эса номаълум ва ҳувуллаган келажак. Жалолиддин кўзларини юмди – энди ўйлашга ҳам қўрқарди.

– Онҳазрат! Онҳазрат! – олисдан эшитилган овоздан шундоқ ҳам тарқоқ ўйлари пароканда бўлди Жалолиддиннинг. У шошиб овоз келган томонга қаради. Отидан туша солиб, қумга бота-бота югураётган навкарни таниди-ю кўнглига хавотир оради. У олдинга чиқарилган ҳуфиялардан бири эди.

– Онҳазрат, ташвишли хабар келтирдим! – нафаси бўғзига тиқилиб, оғир-оғир нафас оларкан деди навкар.

– Қандай хабар? – сўради Жалолиддин.

– Шаҳарни топдик, лекин… лекин мўғуллар келаётганингиздан огоҳ бўлган шекилли… Наса атрофларида отлиқ мўғуллар изғиб юришибди.

– Мени кутишаётган эканми? – яна сўради Жалолиддин.

– Шаҳардаги ҳуфияларимиз ҳам шуни тасдиқ этдилар, онҳазрат! Мўғулнинг нияти жиддий!

Шунда Жалолиддиннинг кўз олдида ўша оппоқ соқолли қария гавдаланди. Хосиятсиз башоратни айтишдан муддао не эканлигини фаҳмлади: мўғул орадан кўтарилмас экан доруссалтана йўллари доим ёпиқ! У Темур Малик ва Кузбор Маликка юзланди.

– Навкарларга маълум қилинг, қаршимизда ёғий чериги! – деди у.

Амирлар бир овоздан:

– Хўп бўлади, онҳазрат! – дейишдида анча нарида тўхтаб қолган отлиқлар томон от қўйиб кетишди.

Жалолиддин қаршисидаги ҳуфияга деди:

– Мўғул назарингиздан махфий қолмасин, ҳар бир қадамини кузатинг!

Навкар қамчи ушлаб турган қўлини кўксига қўйиб, бош эгдида:

– Буйруғингиз бош устига, онҳазрат! – деди.

Навкар югуриб ортига қайтиб, моҳир чавандозлардек эгарга сакраб ўтирди.

Амирлар отлиқларни сафлаб, ҳужумга тайёрлаб турганларида олисда от солиб келаётган катта қўшин кўринди. Жалолиддин уларнинг ким эканлигини билса-да ҳар эҳтимолга қарши бир даста навкарларни юборди. Тез орада улар қайтиб келишиб, унинг шубҳаси тўғри эканини тасдиқлашди – булар мўғуллар эди! Жалолиддин эгарига осиғлиқ дубулғасини кийди. Пичирлаб суралардан тиловат қилиб дуо қилди-да отини ниқтаб олдинга чиқди. Навкарларга юзма-юз бўларкан, баланд овозда деди:

– Қаршимизда ёғий! Ортга эса йўл йўқ, қолаверса, одатимизда чекинишлик, қочишлик ҳам йўқ!

Унинг шу сўзлари етарли эди. Навкарлар саҳрони бошларига кўтаргудек “у-у-у-р!!!” солиб юборишди. Жалолиддин биринчи сафдан, Темур Малик ва Кузбор Маликнинг ёнидан жой олди. Мўғуллар анча яқинлашиб қолганларида уларнинг уч баробар кўплигини сезди. Унинг кўзлари ғазаб ва нафрат билан ёниб, бурун катаклари кенгайди. Чап қўли қиличи дастасини асабий мижиқлар, ўнг қўли билан тизгинни маҳкам тутиб, сапчишга тайёр тулпорини ҳовуридан туширгандек бўларди. Энди унинг кўзлари эҳтироссиз, жиддий боқар, сиёқи-ю сумбатида кўп савашларни кўрган аҳли ҳарбга хос улуғворлик бор эди. У: “Оллоҳу акбар!” дея пичирлади-да тизгинни бўш қўйиб, отини ниқтади. “Саваш!” дея қичқирганича мўғул устига ташланди. Қўшин шуни кутиб тургандек бирдан қўзғалди-қўйди! Қиличлар яланғочланган, осмон тоқини забт этган қуёш нурларида живир-живир қилиб қўярди.

Икки қўшин тўқнашиб, сафлар аралашиб кетди. Қилич ва найзаларнинг жаранг-журунги, одамларнинг бақиришлари, отларнинг кишнашлари… Қора туғли қўшин мўғуллар ичкарисига кириб, чопилган ёғийни оёқ остида қолдириб борарди.

Кузбор Малик имкон қадар Жалолиддинни назаридан қочирмасликка уринарди. Хожаси қаерга от солса ортидан қолмасди. Жалолиддиннинг бақувват қўлида оғир қилич мисоли енгил таёқ эди. У осонлик билан қилич сермаб, қаршисидан чиққан мўғулларни чопиб ташлайверарди. Ундан руҳланган навкарларнинг ҳам қўли баланд кела бошлади. Кўп ўтмай савашадиган мўғулнинг ўзи қолмади.

Саваш майдони жасадларга тўлган, оёқ босишга жой йўқ. Эгасиз отларнинг эгари қийшайган ёки узилиб кетган. Нарироқда тўшига найза санчилган от ерга чўзилиб, оғир нафас олади. Ҳар замон-ҳар замонда бошини кўтарадида жон аччиғида пишқириб туришга уринади. Ёрдамга муҳтож ярадорларнинг аянчли фарёди, оғриқ азобида инграшлари киши кўнглини бузади.

Юзида қотиб қолган қонни сидириб ташларкан Кузбор Малик Жалолиддинга деди:

– Нусрат қутлуғ бўлсин, онҳазрат!

– Оллоҳ сизни ёрлақади, онҳазрат! – деди Темур Малик ҳансираб. – Мусулмоннинг қиличини куффор қонига бўяди!

Жалолиддин бош ирғаб қўйди. Негадир кўз олдида яна ўша қария бўй берди. Унинг сўзлари эса миясига қаттиқ ўтириб қолганди: “Гурганчга қайтмоғинг даргумон…” Бу ўйни хаёлидан қувиш илинжида аввал Темур Маликка, сўнг Кузбор Маликка қаради.

– Яраланган навкарларга ёрдам лозим! Ўлжани йиғиштирайликда тезроқ кетайлик!

Беихтиёр кўзлари отининг бўйни ва пешонасидаги қон доғларига тушди. От жиққа терга ботган, ёллари жиққа хўл, танасидан оппоқ ҳовур кўтарилади. Ирғиз бўйидаги савашда ҳам шундай бўлган эмасмиди!? Мўғул ўрдусини янчганларида отнинг боши-ю бўйни, оппоқ тўши қип-қизил бўлганидан худди қон оқаётганга ўхшарди. Аслида бу ёғий аскарининг қони эди. Ғуломлари дарҳол отни артишга тушиб кетишганди.

“Бекорга ўша саваш ёдимга тушмади, Тангри таоло насиб қилса, бундай ғалабалар кўп бўлмиш! Ва мен албатта Гурганчга қайтмишман!” Хаёлидан оралаган ўйдан кўнгли анча ёришди. Оч-наҳор муҳорабага кирганида азбаройи чарчагани, устига-устак оти ҳам оёқларида базўр тургани туйқус хаёлига келди-ю отдан тушди. Қиличини қинига жойлаб, титроқ қўллари (титраётганини энди сезди) билан дубулғасини ечди. “Иншоллоҳ Гурганчга қайтаман!” – ўзи кутмаган ҳолда лаблари пичирлади. “Тақдиримда битилган бўлса буюк аждодларнинг салтанати яна яшагай!” Кўнгли бўшаб, кўзларидан дув-дув ёшлар оқа бошлади. Бир муддат холи қолиш истагида кимсасиз қумтепалар томон юрди.

Темур Малик унинг ортидан ҳавас билан тикилди. Жалолиддин иккинчи марта мўғулни очиқ савашда енгди! Ҳалигача бирорта мусулмон саркарда бунчалик ишонч билан ғалабага эришмаган. Темур Малик ичида унинг ҳаққига дуолар қилиб, Худодан унга омонлик тилади…

 

[1] Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.

[2] Каспий денгизи.

[3] Кема.

[4] Султонликда ёзув қуролларини ташувчи одам.

[5] “Санж” сўзи санчиш маъносини билдиради. Бу сўз шу ҳолида Маҳмуд Қошғарийда учрайди. Ғурсанжтий – ғурларга санчилган ўқ маъносини билдиради.

[6] Имомулмулк Муҳаммад ибн аш-Шадид ас-Савий. У кўп йиллар давомида Хоразмда вазир Низомулмулкнинг ноиби бўлиб хизмат қилган.

[7] Нефть.

[8] 1220 йил ноябрь–декабрь.

[9] Тобеъ аъёнлар, маъносида.

[10] Тегишли, эргашганлар.

[11] Султон ёнидаги ҳарбий аъёнлари, ходимлари. Шунингдек, ҳамроҳлик қилган аслзодалар ҳам бўлиши мумкин.