УСМОН АЗИМ: ХОДИМЛАР БЎЛИМИ БОШЛИҒИ (ҳикоя)

2018- йил 4-сон Адабий жараён Наср

 

Биров ишдан кетса, ишхона деган ғовур-ғувур жойдагилар бирдан адолатли фикрлай бошлайдилар. “Э, бекор бўлди-да!”, деб қолади кимдир кечаги ҳамкасби ҳақида. Ҳамма шу фикрга қўшилади. Бошқа биров тўғрисида “бори нимаю, йўғи нима” тариқа – шунчаки бирров гапиришиб қўйишади – қайтиб эсга олишмайди. Бошқа бировлар эса, тирик афсонага айланади: “Мана шу одам бизда ишлаган” қабилида фахр билан эслаб юришади. Ишхонанинг тантанали мажлисларида бу идоранинг нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатиб қўйиш учун уларнинг номлари санаб ўтилади.
Умр кўз очиб юмганча ўтиб кетар экан.
Ишхонанинг эшигидан кечагина мўлтирабгина кириб келган ёшгина инсон, “ҳа-ё ҳу” деб нафақа ёшига етиб келганини билмай қолади. Энди кучга тўлиб, обрў-эътиборга эришдим деганингда, бошлиқнинг “ҳамиша сафимиздасиз”, деган ёлғон гапига чин юракдан ишонгинг келиб, бир даста гулни кўтарганингча, ноқулай жилмайиб, негадир ўпканг тўлиб, ишхонангни тарк этасан. Бу жойга энди эрталаблари кечикишдан хавотир олиб, шоша-пиша келмаслигингга негадир ишонмайсан. Ортингга бурилиб қарайсан. Кузатиб чиққан битта-ярим ҳамкасбларинг худди сени курортга жўнатаётгандай ажиб бир хуррамликда, юзларида табассум билан, “хайр” деб қўл силтаб қўйишади. Сен энди ўзингни тутиб туролмайсан. Ичингдан бостириб келган хўрсиниқ кўксингни бир кўтариб ташлайди, кўзларинг намланади. Назарингда ҳеч кимга керак эмасдай бўлиб қолган умрингнинг қолганини кўтариб, номаълумлик сари юрасан. Бу дунёдаги бажарадиган ишингни бажариб, ишлаганингни ишлаб бўлдинг. Энди… У ёғини ўйлагинг келмайди. Шунда миянгнинг пинҳон қатида яшириниб ётган, сени асрашга бел боғлаган бир туйғу не-не тасаллилар билан бу аҳволингга пешвоз чиқади. Қайсидир бир донишманднинг қаердадир эшитганингми-ей, ўқиганингми-ей бир гапи “чарс” этиб эсингга тушади. Унинг айтишича, “одам зоти умрининг охиригача ўзининг ишини бажаришда давом этар” экан. Аммо қанақа иш? Иш ишхонада қолиб кетмайдими?
Ходимлар бўлими бошлиғи Муяссар Қодировнанинг нафақага чиқиши ҳақидаги гап аллақайдан учиб келиб, коридору хоналарда хира пашшадай айланиб қолганда, ишхона ҳамжиҳатлик билан бу гапга ишонмади. Ким кетади? Муяссар Қодировна? Қўйсангиз-чи! Одам ишонадиган гапни айтинг, биродар! Осмон ўйилиб тушади, денг, “хўп” дейин! Йигирма биринчи декабрда, майялар айтганидек, охират қўпади денг, жим турай! Водийлик ишбилармон Миррихда помидор-бодринг сотиб ўтирганлигини америқолик олимлар телескопда кўришибди, десангиз ҳам ишонаверай!.. Аммо Муяссар Қодировна!..
Бу гапни айтган одам бир қадар мулзамликда қолади. Негадир ўзини оқлагансимон гапира бошлайди. Мен ўзим ҳам ишонмайман-ку-я! Энди… эшитганимни айтаяпман-да! Тешик қулоқ! Одамлар ҳам гап деб бир балоларни чайнаб юришади-ей!..
Шодмонбеков эса одатдагидай бу гапнинг довруғини достон қилади. Эмишки, майяларнинг ҳисоб-китобича, бутун ёруғ дунёнинг тақдири Муяссар Қодировнанинг нафақага чиқиш-чиқмаслиги билан чамбарчарс боғлиқ – агар у йигирма иккинчи декабрда ишдан кетса, дунё қоронғу даврдан бир қалқиб, сон-саноқсиз қуёш порлаб турган ёруғ замонлар даврига ўтади; нафақага чиқмаса, инсоният зулмат ичида мунғайиб, чўчиб, кўнгли хуфтон бўлиб яшайверар экан. Ҳозирги эра неча минг йиллардан буён Муяссар Қодировнанинг эраси, уни тугатиш қачонлардир ўлиб кетган дами ўткир майяларнинг қўлидан келмаса, болаларининг эмас, бошлиқларининг суратларини хоналари деворига осиб қўядиган ҳозирги раҳбарчаларнинг қўлидан келмас экан… Афсусланадиган жойи шундаким, бу шовур-шувурлару ўринсиз ҳазиллар Муяссар Қодировнанинг қулоғига етиб бормайди. У бир томону, бутун ишхона бир томон! Ишхона Муяссар Қодировнага сир бермасликка ҳаракат қилади. Чунки тартиб-интизомни пинҳона бузишлар; ишдан кечикиб келингандаги ёлғон бичиб-тўқишлар; ишни қўйиб, коридору фойеда гап сотишлар; чекиш баҳона ишхона олдидаги бир парча боғда сайру томошалар; сохта касаллик варақалари… – барча-барча найрангу фитналарни у аямасдан фош қилган. Юзу кўзинг деб ўтирмаган! “Мана мен” деб керилганлар маошини тўлиқ ололмай, ғазнанинг олдида мўлтираб қолган! У билан ўрлашганларнинг қанчаси ҳайфсан олганини ўқигач, “Эълонлар тахтаси” ёнида ранги оқариб, кўкрагини чангаллаганча, лолу карахтликда қотмаган дейсиз! Ишдан ҳайдалганлар-чи! Катта-матта одамлар ишхона эшигидан қон йиғлаб чиқиб кетганлар! Унга қасдма-қасд нафақага кетиш учун ариза ёзган Олим Жўраевич дегани зўриққанидан қон босими ошиб, уйига етар-етмас, тилидан қолиб, йиқилиб тушмадими? Тушди! Оқибат, бир ҳафта ўтар-ўтмас, у дунёга бенавбат йўл олди! Йўқ, Муяссар Қодировна билан тортишиб бўлмайди! Аҳрор Валиевич деган бир бошлиқ унга беписанд қараб, нима кунларга тушмади! Ван Гунг деган телба гумаштаси билан санқи рассомларга қўшилиб кетди. Тунов кун ўрисларнинг телевизори Прансиядаги бир шаҳардан шу тўнкани кўрсатиб қолди. Елкасига тушган сочини от думи қилиб боғлаб олибди. Соқоли ўсган. Аллабалоларни алжияпти. Бўёқ чалпиб ташланган аллақандай расмни кўрсатиб, “бахтлиман” дейдими-ей! Хуллас, дунёни бузишга қасд этганларнинг бетартиб сафига қўшилгани аниқ. Агар Муяссар Қодировна Прансия бўлганида, бу баттолнинг елкасига тушган сочини кестириб, беш-ўн йилгинага Ўрисиянинг Сибирига меҳмонга жўнатарди! Минг таассуфким, Муяссар Қодировнага ҳатто биттагина одамни ўша совуқ жойларга жўнатиш ҳуқуқи берилмаган. Дунё эса тартибсизликдан қулай-қулай деб турибди! Тартибсизликни дастуриламал билган бу дунё ҳали кўрганини кўради! Муяссар Қодировналарни кўп эслайди!
Аммо “ўт бўлмаса, тутун қаердан чиқади?” деган гап бу гал ҳақрост чиқди. Муяссар Қодировнани ҳам ғафлат босдими, ёхуд майялар каромат қилганидай, давру-давронининг куни битганмиди, уни чақиришиб, “шундай фикр бор”лигини айтишганда, ичидан бир силкиниб қўзғалган доду фарёд бўғзига тиқилган бўлса ҳам, ўзини босди. Индамайгина ариза ёзди. Чунки “шундай фикр” пайдо бўлгандан кейин, қаршиликнинг фойдаси йўқлигини у жуда яхши билади. Бу мулоҳаза инсониятни рамкада ушлаб турадиган улкан тартиб-интизомнинг муҳокамадан озод темир қонуни эканлигини ҳам тушунади.
Ишхона негадир у билан мулозаматсиз хайрлашди. Ҳатто уч-тўрт кишини чақириб, номига йиғин ҳам қилинмади, ими-жимида жўнатиб юборишди. Муяссар Қодировна ўрнига келган ёшгина қизга ишни топширди-да, бошини мағрур кўтариб, ишхонадан чиқиб кетди. Ҳеч ким кузатгани ҳам йўқ. Ишхона негадир хоналарга бекиниб олди. У кетаётганда коридорлар бўм-бўш эди.
Муяссар Қодировна шаҳар четидаги кўпқаватли иморатнинг пастки қаватида – бир хонали хонадонда яккаю ёлғиз яшайди. Фарзанди йўқ, эр ҳам қилмаган. Унинг ҳар лаҳзада кўриниш бериб турадиган темир иродали феъли эркакларга ёқмаган. Эрликка номзодлар бир-икки кўриниш берганларидан кейин ғойиб бўлганлар. Ўзини негадир “Муяссар Қодировна” деб таништирган бу қизнинг телесухандонлардай сўзни чертиб-чертиб гапириши-ю, раҳбарларга хос бўйруқнамо оҳанги эркакларни чўчитган. Натижада эрликка номзодлар ошиқлик мақомига кўтарилмасдан, жуфтакни ростлаганлар. Аммо бу қисқа давр ичида улар дунёнинг тораётганини ҳам, осмоннинг пасаяётганини ҳам, руҳларини аллақандай маҳобатли қудрат босиб, беҳаракатлик маҳкам тутиб бораётганини ҳам ҳис этиб улгурганлар. Бу қизнинг атрофида гўё ҳаво йўқдай эди. Эрликка номзодлар қочиб қолганларидан сўнг, ойлаб-йиллаб нафасларини ростлаш билан овора бўлганлар ва анчагача аёл зотига қараёлмай юрганлар.
Муяссар Қодировна эса ўзини ишга бағишлади. “Кўз-қулоқлик” вазифасига жон-жаҳди билан амал қилди. Иш учун ўзини ҳам, бировларни ҳам аямади. Эрга тегиб олмаган лаззатларни ишдан – вазифасини аъло бажаришдан топди…

Аммо
энди
бир хонали бу уйда
ёлғиз ўзи
нима қилади?

Нима қиларди, роҳат-фароғатда кун кечиради! Идорани тартибга соламан, деб ишдан чиққан асабларига дам беради. Худога шукр, овунаман деса, юмуш кўп; саёҳат этаман деса – бутун дунё қўл чўзгулик жойда! Ана, теле… Йўқ, нима эди? Тилинг кесилгур Шодмонбеков нима дер эди? “Ойнаи жаҳон”!.. Адо бўлгур шу гапни тўғри айтган! Керак бўлса, ойнаи жаҳон, ана, қаршингда! Телеочқичнинг истаган мурватини боссанг, хоҳлаган жойингга саёҳат қиласан; қўшиқчилар минг муқом этиб, ашула айтиб беради; истаган машҳур одаминг ҳаётини авра-астарини қолдирмай ҳикоя қилади – отаси асли ким, энаси ким билан юрган, кўкидан қанча тўлаб, башарасини операция қилдирган, эри билан нимага яшамайди, ким билан яшашни орзу қилади… Бу гаплар қулоғингнинг қитиғини келтирса ҳам, зерикмайсан! Уялибгина бўлса ҳам томоша қиласан! Айниқса, сериаллар! Бу каналда тугамасдан бунисида “опажон, бизни ҳам томоша қилинг!”, деб турибди.
Муяссар Қодировна шундай қилди! Аммо томошабинлик ҳам осон иш эмас экан. У аввал ордона қолгур ишхона билан бўлиб, ойнаи жаҳонни томоша қилишдан чиқиб қолганига иқрор бўлди. Бу кинони кўраман десанг, буниси ўтиб кетади, бу сериални бошласанг, униси бошланиб қолади… Улгуролмайсан! Муяссар Қодировна, албатта, бундай тартибсизликка бепарво қараб турмади. Бир ой ичида масалани жиддий ўрганиб чиққач, зарур чоралар кўриш учун ҳаракатга тушди. Аввал газета киоскига… Йўқ, нима эди? Тилингга тескан чиққур Шодмонбеков нима дер эди? Ҳа, “кўшк”! Хуллас, газета кўшкига бориб, энг мукаммал теледастурлар эълон қилинадиган газетани сотиб олди. Уларни эринмай ўрганиб чиқди. Ўзи учун керакли кўрсатувларни бир бошдан белгилаб олди. Кечқурун бериладиган кўрсатувлар эртага – кундузи қайтарилишини ҳам фаҳмлади. Демак, кечқурун кўришнинг имкони бўлмаган киноларни ёки кўрсатувларни эртага кўрса бўлади. Уларни ҳам бирма-бир белгилади… Хуллас, ҳафталик яшаш дастури тайёр! Муяссар Қодировна ҳаёти тамоман ўзгарди. У энди уй ичида бемалол юрмас, вақти телевизорнинг ҳукмида – реклама пайтлари югуриб бориб, чой қўяр ёки овқат учун пиёз арчар; дўконга чопқиллаб бориб, чопқиллаб келар; йўл-йўлакай учраган таниш-билишларига салом берса ҳам, сўрашишни омонат этиб, зинғиллаганча уйига ўтиб кетаверар эди. Қўни-қўшнию, қариндош-уруғларнинг тўй-маъракаларига боришдан ҳам зиғирча маъни топмайди. Кўпинча бормай қўя қолади. Мабодо борса ҳам, хуноби хун бўлиб ўтиради. Безовталикка чулғаниб, очарчи нима деб вайсаётганинию, отарчи нима деб бақираётганини эшитмай, қовоғини уйганча, тўрсайиб олади – ундан тарқалаётган диққинафаслик атрофни шу қадар тутадики, дастурхон атрофидагилар карахт аҳволга тушади. Бечоралар бу ноқулайлик қаердан келаётганини тушунмай, у ёқ-бу ёққа зимдан назар ташлашади; кулиш нари турсин, ҳатто баландроқ гапирмоққа ҳам журъат этишмайди. Муяссар Қодировнанинг улар билан нима иши бор! Ахир, “Сени кўрмасам, ўламан” сериалининг бир юз иккинчи қисми ўтиб кетаяпти! Ўн дақиқадан кейин, “Сен менинг ҳаётимсан”нинг ўн бешинчиси бошланади. Ахир, теле… йўғ-е, “ойнаи жаҳон” бекорга бу киноларни кўрсатмаётгандир! Одамлар кўрсин дейишгандир ахир! Булар эса ҳаммани овора қилишяпти! Йиғилиб, овқатни паққос туширишдан мурод нима?..
Муяссар Қодировна ўрнидан нохос забт қўзғалиб, ҳеч кимга эътибор бермай, жиддий қиёфада ташқарига равона бўлади. Унинг бу кетишидан шундай важоҳатли куч тараладики, тўй эгалари “э, ўтирсангиз бўларди”, қабилидаги манзират сўзларини ҳам айтолмай, ортидан ҳайрон қараб қоладилар.
Дастурхон атрофидан эса бирдан диққинафаслик кўтарилади – аллақандай енгиллик оралаб қолади. Меҳмонлар эркин нафас олиб, бир-бирларига кулибгина қарайдилар, бироқ ҳалиги диққинафаслик қаердан келди-ю, қаерга кетганини тасаввур ҳам қила олишмайди. Бу ҳол бирпасда унутилади – “олинг-олинг” бошланади, қизишган жувонлар “қарсо-қарси”га рақс тушади, ҳатто кампирлар ҳам қўшилади; эркакларга ҳам журъат қайтади – дунёни бошига кўтариб айюҳаннос солаётган отарчи мусиқани енгишга уринганча, бор овозда кучаниб, суҳбатлашмоқчи бўлишади. Аммо бу шовқинга бас келолмай, иложсиз қолишгач, яхшиси, қадаҳларни тўлдиришни маъқул билишади. Муяссар Қодировна бирпасда эсдан чиқади.
Одамлар шунақа! Ҳамма нарсани бир пасда эсдан чиқаришади. Хотиранинг мазаси йўқ! Кун ўтса бўлди! Кеча нима бўлган эди, эртага нима кечади? Ўйлаб ўтиришмайди. Ҳатто бу аёлдан бошланиб, дунёга таралаётган, ўзларини ҳозиргина ҳайиқтириб турган бу Кучни ҳам бирпасда унутишади!
Муяссар Қодировна эса бу пайт ҳаллослаганча етиб борган, эшикхонани шиддат билан очиб, ичкари кираётган бўлади. Лекин у эшикни қанча шиддат билан очган бўлса, шунчалик авайлаб ёпади. Гап шундаки, эшикка пружина ўрнатилган. Пружинанинг бир учи эшикка маҳкамланган бўлса, иккинчи учи кесакига михланган. Агар авайлаб ёпмасангиз, тарақлаб кетади. Бу мослама тартибни яхши кўрадиган Муяссар Қодировнанинг ташаббуси билан амалга оширилди. У парвойи фалак қўшниларини йиғиб, агар пружина қўйилса, эшик анқайиб ётмаслигини, эшикхона ёт кўзлар назаридан холи бўлишини, уйнинг эгалик эканлиги билиниб туришини уқдирди. Тушунмаганларга қайта-қайта тушунтирди. Ахир, эшик энг муҳим нарса! Очиқ эшик – эгасиз кўча! Пружина қўйилса, истасанг-истамасанг, ёпилади-қолади. Бунинг устига, тартиб-интизом бўлади. Санқиб юрган яхши-ёмон искаланиб, бош суқмайди. Тартибсизликдан Худо асрасин!
Шахсан ўзи бош бўлиб, харажатга пул йиғдирган. Доим кайф қилиб юрадиган бешинчи қаватдаги қўшниси уста Аҳмадни “Висол” деган пивохонадан шахсан топиб келиб, пружинани ўрнаттирган. Иш битгунча бошида қаққайиб турган. Бу ҳам ўша ишхонадаги Ван Гунгнинг… Йўғ-э… номинг ўчгурнинг исми нима эди?.. Ҳа, ўшанинг бири – бетартиб. Ароқнинг исини олса, Алпомишнинг чоҳидан ҳам “пир” этиб учиб чиқади! Опа мана шундай неча-неча пишиқдан-пишиқ ўйларни бошидан ўтказиб, қоққан қозиқдай қатъийлик билан бир қадам нари жилмаган. “Опа, бораверинг, ўзим ўрнатаман”, деганига қулоқ солмаган. Устанинг кўз олдида эса пиво! Сап-сариқ, кўпириб турган оромижон! Эндигина бир ҳўплаганда, бу балойи қазо етиб келганини қаранг! Аммо уста “миқ” этмаган. Бир ишга, бир “опа”га қараб – пешонасига тўппонча тиралганини кўриб турган асир каби ишлайверган, ишлайверган, ишлайверган… Унинг назарида, ойлар, йиллар, асрлар ўтиб кетган! Аммо бу опа вақтнинг ўтганини сезармиди? Башарасидан заҳар тўкиб, унга тикилганча тураверган, тураверган, тураверган… Не-не оғир ишларни ўйнаб-кулиб бажарадиган уста Аҳмад терлаб-пишиб кетган.
– Опа… – деб гап бошлаган у яна, ҳеч кимдан сўрамай, ишбошқарувчилик масъулиятини зиммасига олган бу аёлга Худодан инсоф тилаб.
– Мен опа эмасман! – деган опа, унга инсоф-пинсоф керакмаслигини муз уфурган оҳангда оламга ошкор айлаб. – Муяссар Қодировнаман!..
Уста жунжикиб кетган.
– Уйингизга кириб ўтираверинг, дейман-да… – деган бўшашибгина. – Дам ол-и-иб… Битқазсам, ўзим айтиб чиқаман…
– Ташвишимни қилманг. Мен ишдан қочмайман! – деган Муяссар Қодировна. Сўнг Муқбил тошотарнинг каттагина “тош”ини қайси бир замонлардан топиб, унинг нақ бетига аямай отган: – Одамлардай ишни ташлаб, пивохонага қочишни ўйлаётганим йўқ.
Шунда уста бу хотин ўйлаётган ўйидан ҳам хабардорлигини, шунчаки бошида гунг қарғадай дўнмаганлигини, балки бу дунё унга топширган муҳимдан ҳам муҳимроқ постда аллақандай яширин вазифани сидқидилдан адо этаётганлигини бутун вужуди билан ҳис қилган. Муяссар Қодировна ҳақиқатдан ҳам ўз постида – бечора Аҳмадни қатъий назорат остига олмаса, дунёнинг иши битмаслигини чуқур англаган ҳолда, кўнглидан не-не ўй-хаёллар кечиб, сабр-тоқат билан турган. Ахир бу дунё ҳам мана шу уста Аҳмаднинг худди ўзи! Одамларини қаттиқ тутмасанг нималар қилишмайди! Бири пивохонага чопади, бири бозорга, яна бири чойхонани маскан этса, бири ўйнашиникига!.. Баъзилар эса анақа… Ван Гунгга (бўйнинг сингурнинг исми нима эди!) ўхшаб, расм чизади… Уларнинг бу юришида дунёнинг юмушини ким бажаради? Деворлар идраб, эшигу дарвозалар ланг очилиб кетади-ку! Очиқ эшикда сиру асрор қоладими? Ахир казо-казо мартабаю мансабларнинг, не-не идоралару маҳкамаларнинг обрўйи, одамларни ҳуркитадиган савлати эшикларининг маҳкамлигидан-ку! Келган одам эшик олдида озгина тўхтаб, у ёқ-бу ёққа қарасин, ўпкасини босиб олсин, шавкату сулукатни кўрсин, юрагига салгина ҳадик тушсин! Юрагида ҳадиги йўқ одам, ахир, хатарли! У ҳеч нарсадан қайтмайди! Агар бундай кетаверса, Шодмонбековга ўхшаганлар идораларнинг теграсидан панжараларни ҳам олиб ташлашни талаб этишади!
– Уф-э!.. – деган уста Аҳмад сўнгги бурама михни ўрнатиб бўлгач, пешонасининг терини кир қўли билан артиб. – Қутулдимми, оп… Муяссар Қодировна!
У яна “опа” деб юбормаганидан хурсанд, Муяссар Қодировнага қараб илжайган.
– Уста Аҳмад, – деган жаҳлдан энтикиб Муяссар Қодировна. – Қамоқхона эмасман, мендан қутулгани. Мен…
Шу пайт йўлакда учинчи қаватдаги Зулхумор лайлак пайдо бўлган. Қўлида селофан халта! Ичида муштдайгина алламбало – келяпти хиргойи қилиб! Бармоғини қирсиллатиб ҳам қўяди. Бу ёруғ оламда бир ўзи яшаётгандай! Унга катта-кичикнинг фарқи йўқ. Дунё тўпиғига чиқмайди! Устида ҳемирилик кўйлак, оёғида артилса, ойда-йилда бир артиладиган арзон хитойи тапичка, сочи таралмаган, юзида бахтиёр табассум – кунгабоқарнинг пўчоғини атрофга бетўхтов пуфлаб, ялло қилиб, келяпти!.. О, бу хотин! Худо одамни ҳам шундай яратадими? Бирор танишининг қораси бир чақирим нарида кўринса ҳам, овозини борича бақириб, салом беради, учинчи қаватдаги уйининг деразасидан, қарши уйнинг балконидаги қўшнилар билан сўрашади; ҳар соатда “дом”ларнинг ортидаги бозорчага бориб келгани келган. Ҳеч қачон иккита нарса олмайди. Битта-битталаб ташийди: бир чиққанда нон, яна бир чиқишда пиёз, яна бир чиққанида туз… Улар ҳам оз-озгинадан – кўпроқ олсам, кўчага чиқолмай қоламан, деб ваҳимага тушса керак.
– Муяссаар опа! – деб олисдан бақирган Зулхумор лайлак. – Ассалому алайкум!
– Секин, Зулхумор, секин, – деган Муяссар опа.
Лайлак парво ҳам қилмаган. У гап сочадиган мошинадай, йўл-йўлакай тевараккка гап тараб келаверган..
– Айтганингизни бажармай қўймайсиз, опа! – Муяссар Қодировнанинг қатъиятидан бахт топгандай, унинг башараси бир товоқ табассумга айланган. – Уста Аҳмад ҳам қўлга тушибди-да! Ассалому алайкум, Аҳмаджон! Қўлга тушдингизми? О, бу киши сизга Поти анқовингиз эмас! Алдаб бўпсиз! Пивохонанинг тагида бўлсангиз ҳам, томида бўлсангиз ҳам, топиб келадилар! Аммо Потингиз тилло хотин – сизга чидайди…
Уста ичига оғриқ киргандай афтини бужмайтирган. Опанинг қаҳри келиб, илон монанд заҳри келиб, тўлғониб кетган. Аммо Зулхуморнинг парвойи фалак – доим тўлиб-тошиб турадиган гап халтасидан вайсашни тўрт тарафга сочиб келаверган.
– Вой, пружина ҳам ўрнатдиларингми? Халтура қилмадингизми, Аҳмад? Сиз бажарган ишни уч кундан кейин бошқа устага қайта қилдирардик… Лекин яхши бўпти! Каллангиз ишлайди, опа! Қойил! Овора бўлганларингга яраша ўзи ишлайдими?..
“Бу жойда мендан бошқалар ҳам бор”, деб ўй хаёлига ҳам келтирмайдиган Зулхумор эшикни зарб билан ланг очган-да, қўйиб юборган. Таранг тортилган пружина эшикни палахса тошдай учириб, кесакига бор бўйича қарсиллатиб урган. Нохос “та-а-ақ” этган овоздан Муяссар Қодировна чўчиб тушган, юзи бир бужмайиб, ёқасига “туф-туф”лаган. Уста Аҳмаднинг пешонаси эса тиришган.
– Аммо бизнинг хизмат битди! – деган у ҳозир машмаша бўлишини аниқ сезиб. – Кетдим. Ишим кўп.
У пивохонанинг олдида озодлик зориқиб кутаётганини бутун вуужуди билан туюб, қанот қоқмасдан ўша тарафга учган.
– Аммо зўр бўпти! – деган гапни автомат ўқидай сочаркан, устанинг кетишига зарра ҳам парво этмай Зулхумор. – Пушканинг… Нима эди, отинг ўчгур… Ҳа, замбилнинг… Йўғ-е, замбаракнинг ўзи бўпти!
– Зулхумор… – деган опа.
– Эшикмисан, эшик! Қарсиллатиб, очиб-ёпаверамиз!
– Зулхумор!..
– Ҳа, опа!..
Аёл Муяссар Қодировнага қараган. Қараган-у… унинг юзидаги ифодани кўргач, гапи милтиқнинг стволига тиқилиб қолган ўқдек бўғзида тўхтаб қолган. Осмон ўйилиб тушган бўлса керак, деб ўйлаган. Ва бу ишда ўзининг ҳам катта айби борлигини бирдан англаган.
– Нима қилдим, опа?.. – деган у ниҳоят, бўшашиб. – Нима қилдим?
Опа ҳатто ўзининг айбини ҳам сезмайдиган бу хотиндан кўз узмай, ингичка лаблари қаҳрдан янада ингичкалашиб, минг ғазабли афсусда бош чайқаган:
– Бу кишимнинг орзусини қаранг! Эшикни қарсиллатиб очиб-ёпармиш!.. Бу дунёда маданият бор, Зулхумор! Тартиб бор! Тушундингми?
Зулхумор Лайлак тушунмаган.
– Қандай ёпай, опа? – ҳайрон қолган у. – Очсам, ўзи қарсиллаб ёпилиб кетяпти-ку. Мана…
У яна эшикни бир тортиб очган-да, қўйиб юборган. Таранг пружина эшикни яна қарсиллатиб, кесакига урган.
Опа энди чидаб туролмаган.
– Бефаросат! – деган опа ва бу сўз шу лаҳзада заррача ҳақорат эмаслигини, балки бу аёлнинг феълу атворига қуйиб қўйгандай ярашганини шундоқ ҳис қилган.
– Вой, опа, менда нима айб? – Лайлак парво ҳам этмаган. – Бу эшикка пружина ўрнатганнинг фаросати бўлмаса, мен гуноҳкорми? Уста Аҳмадни сўкинг! Шундай юмшоққина эшикни эшикхонанинг бетига қарсиллатиб соладиган қилиб қўйибди! Эшикмас, шапалоқ! Мана, қаранг, ўзидан ўзи!..
Зулхумор яна эшикка қўл узатган. Ҳозир гумбурлаб ёпиладиган эшик, дунёни остин-устун этадигандай, опа унинг билагидан илдам тутган.
– Бас қил-э!
Муяссар Қодировнанинг овози шундай қатъий жаранглаганки, Зулхумор Лайлак карахтланиб, тутилиб, таъбиридан адашган. Ҳа, ҳаётида биринчи бор гапиришга тили айланмаган! У бу аёлнинг овозидан кимлардандир элас-элас эшитгани қандайдир қўрқинчли воқеларнинг шарпасиними-ей, аллақачон ўтиб кетган, энди эртакнамо туюладиган даҳшатли замонларнинг ҳавода қолган аллақандай қудрати эпкиними-ей аниқ туйган – бадани жимирлаб, хавотир аралаш ҳайронликда опага чўчиб қараган. Чунки бу қудратниннг эпкини шу аёлдан таралаётганини, эҳтиёт бўлмаса, бу эпкин беаёв гирдобга айланиб, қаърига тортиб кетишини ҳам дафъатан сезиб улгурган! Негадир кўзига опа ҳам ҳеч кимга сир бермай, писиб ётган, аммо пайти етса, бир ҳамла билан дунёни эзиб-эзғилаб ташлайдиган улкан йиртқичга ўхшаб кўринган.
Зулхумор ҳўнграб йиғлаб юборган.
– Нима қилдим? – деган у йиғи аралаш. – Нима қилдим? Бундай ёмон қараманг, опажон! Шу қурмагур эшик очиқ турса ҳам бало урмас эди. Пружинага бало борми? Ҳамма жойнинг эшигини ёпиб ташлаяпмиз! Очиқ эшик қолмади…
У бирдан яна хато гапираётганини Муяссар Қодировнанинг юзидаги жиддийлик ниҳоятда қуюқлашганидан фаҳмлаган.
– Узр, опажон!.. – деган ёшли кўзларини мўлтиратиб. – Узр. Доим бир балоларни валдираб юбораман. Бувим “сен тилингдан топасан”, деганлар. Ҳақиқатдан ҳам… Айтинг, қандай ёпай, опажон?
Муяссар Қодировнанинг лабларига табассум югурган.
Эшикнинг қандай очиб-ёпилишини аллақандай йўриқномадан аллақачон ўқиб, ёдлаб олгандай, илмини намойиш эта бошлаган.
– Мана бундай ушлайсан-да, секин тортиб…
Шу пайт тепа қаватдан тушиб келётган Фотима зинада пайдо бўлган. У эшикхонанинг нимқоронғилигида аёлларга арвоҳ монанд кўриниб кетган. Эшикни очиб-ёпишни машқ қилаётганлар чўчиб тушганлар.
Воҳ, бу хотиннинг бешарпа юриши! “Қилт” этган сас чиқармайди! Доим рўбарўнгга яқин келганда кўрасан! Ерга қараб, салом беради-да, бошини кўтармай, ўтиб кетаверади. Ҳеч кимга эътибор бермайди. Гўё ичида кимдир бор. Ўшанинг айтганини бажаради. Ўшанинг айтганини эшитмасдан қолмай, деб ўйлаганиданми, ҳамиша жимгина юради. Авваллари узун сочи бўлар эди. Ичидаги одамдан шошилинч буйруқ келганми, бир кун кутилмаганда калтагина сочда кўриниш берган. Қўшни хотинларнинг гап қўзғаб, “очилибсиз”, “ярашибди” деган гапларига эгган бошини кўтармай, “раҳмат” деган-да, ўтиб кетаверган. Яна бир кун атрофдаги “дом”дагиларни лолу ҳайрон қолдирганча ҳижобга ўраниб чиққан. Барча лолу карахтликда қолган. Муяссар Қодировнадан бошқа аҳли аёл қўлини кўксига қўйиб, салом берган. Аммо Фотима ердан кўзини узмасдан, пичирлабгина саломлашган-да, йўлидан қолмаган. Аёллар унинг бу кўринишини муҳокама этиб, бирор қарорга келмасдан, у яна ўзгарган. Барқ уриб елкасига сочилган сочларини ҳилпиллатганча, тиззасини ёпиб-ёпмайдиган кўйлакда эшикхонадан чиққан. Дунё билан иши йўқ, кўзини ерга тикиб, овози ўчирилган телевизордай товуш чиқармай, қайгадир шошилибгина илдам кетган. Бу аёл гўё бу дунёнинг ўткинчи дўконида ўзига мос либосни танлаб, ёқмагач, ечиб қўяётгандай; ўзига турфа қиёфаларни тинмай танлаётгандай – ичидаги одамнинг йўриғига биноан нималарнидир тинмай излаётгандай… Бу изланишларнинг қўшнилар кўзидан пинҳон ботинида эса барчага ноаён, фақат унгагина аниқ кўриниб турадиган нимадир бордай эди. Аммо Фотиманинг ҳар қандай қиёфасида ҳам қўшнилар бу аёлга ботиниб ҳазил-ҳузил қилишолмас, аксинча, иззат-ҳурматини жойига қўйишарди. Тўртинчи қаватда яшовчи олим Раҳимжонов эса, ниҳоятда жиддий тарзда: “Бу жувонда гап кўп. У ўзини излаяпти”, деган.
Мана, ҳозир ҳам у ўша бесас, тезкор юришида зинадан тушиб келяпти.
– Вой! Юришингиз қурмасин, Поти, – деган Зулхумор. – Одамни ўтакасини ёрай дедингиз-а! – Ва одатича, ҳозиргина кўзёш қилиб турганини унутиб, машғулотларининг маъносини тушунтира кетган. – Қаранг, Поти, эшикка пружина қўйдирилди. Уста Аҳмадингизни опам пивохонадан топиб, қўл-оёғини занжирлагандай олиб келиб, ўрнаттирди. Энди эшикни қандай очиб-ёпиш кераклигини ўргатаяптилар.
Фотима бир зум тўхтаб, бу гаплар унга алоқаси йўқдай, бошини хам қилиб эшитган-да, индамайгина уларнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлган.
– Шошманг, Поти, – деган эшик очиб-ёпишнинг нақадар муҳим иш эканлигини энди чуқур англаб етган Зулхумор жон куйдириб. – Сиз ҳам кўринг. Опа, кўрсатинг, Поти ҳам билсин!..
Фотиманинг юзида ҳеч қандай ўзгариш зоҳир бўлмай, тўхтаган.
Фотимадан кўз узмай турган Муяссар Қодировна унинг бировлар ташаббусу меҳнатини қадрламай ўтиб кетишидан кўнгли оғринганини сездирмай, ўзига ярашиқ виқор билан эшикни қандай очиб-ёпилишини намойиш этишга киришган.
– Эшикни бундай ушлайсан-да, пружинанинг тортишига қараб куч ишлати-и-иб, очасан. Ташқарига чиқиб олганингдан кейин, қўйиб юбормасдан, аста-а ёпиб қўясан…
Опанинг гапи тугамасданоқ, Фотима “тушундим” дегандай бош ирғаб, шарпасиз бурилганда, индамай кетаверган. Муяссар Қодировна тушунтириш ишларини тамом унутиб, ортидан қаҳр-ғазаб билан қараб қолган. Ҳатто юзлари қизариб кетган.
– Бировнинг гапини гап демайди-я! – деган у ўртаниб. – Ахир одобнинг ҳам тартиби бор. Икки бирдай одам гап уқдириб турибдию, арвоҳга ўхшаб ўтиб кетаверадими?
– Аммо лекин… – Зулхумор ҳозиргина қандай аҳволга тушганини бирдан эсидан чиқариб, Фотиманинг тарафини олган: – Шу Поти зўр одам экан. Билмас эканман, опа! Елка қисиб юрганини кўриб, саҳронинг хаси, чумчуқнинг саси, деб юрибман. Йўқ, бу Поти мусича бошқача экан! Бир ойча аввал телевизорни қўйсам, мусичайи беозор телевизорни шундай тўлдириб турибди! Галстук таққан учта дуппа-дуруст одам таърифини қилди, таърифини қилди – достон қилиб юборди. Бир хорижлик одам “Фотима Эшмуродовадай одамлар кўпайса, дунё яна ҳам меҳру муҳаббатли бўлар эди”, деди. Эмишки, у кишим бирбало жонғармасининг…
– Нима? Жонғарма? Жонғармаси ҳам чиқдими? – деган опа фиғони фалакка чиқиб.
Фиғони чиқмай бўладими! Ахир, бинойидай ўрисча ёзиб юрилган эди! Бировнинг хотини талоқ бўлаётгани йўқ эди! У ўрисча иш қоғозларни минг бир азобда ўзлаштириб, далолатномани ҳам, мажлис қарорини ҳам, буйруқлару маълумотномаларни бирпасда қойилмақом қилиб ёзиб ташлайдиган бўлганда, бу адо бўлгурлар ўзбекча ёзишни расм қилишди! Давлат тили дейишдими-ей!.. Муяссар Қодировнага қанчалар азоб беришди!..
– Ҳа, шунақаси бор экан, опа! Шунақаси чиқибди! Анақа… Ҳа, “хайрия жонғармаси” дейишди.
Опа Зулхуморнинг нима деётганини энди фаҳмлаган:
– “Фонд” дейишгандир, Зулхумор! “Хайрия фонди” дейишган.
– Ўз қулоғим билан эшитдим, опажон! “Жонғарма” дейишди!
– Тилларига қоқилиб ўлгурлар қайдан топишади бу сўзларни!.. Аммо у Худо жонингни олгурларнинг шу сўзини эшитганман… “Жонғарма” эмас… Тилимнинг учида турибди-я… – Муяссар Қодировна бу сўз тепада учиб юргандай, диққинафаслик билан осмонга қараб турган ва ушлашга қийнала-қийнала, охири тилига қўндирган: – “Жамғарма!..” “Жамғарма! Хайрия жамғармаси!..”
– Хуллас, опажон, Поти шу хайриянинг аъзоси экан! Топган-тутгани ўшаники экан! Одамлар берганини ҳам олиб, етимхоналарга, қарияларнинг ғарибхоналарига тарқатар экан! Ўзи овқат еёлмайдиган касалларнинг оғзига қошиқда овқат тутар экан! Опа, бало экан бу Поти!.. Шундай ҳурматим ошиб кетди!.. Ҳавасларим келди!.. Жимгина юриб, қилган ишларини қаранг бу мусичани!
Зулхуморнинг бу гапларидан энди Муяссар Қодировнанинг энсаси қотган:
– Нима, шу ишларга Фотимадан бошқа одам ўлиб кетган эканми? Етимхоналарга ҳам, касалларга ҳам давлат қарайди. Нима қилади давлат ишига аралашиб, ундан кўра, пивохона теграсида итдай айланиб юрадиган эрига қараса бўлмайдими?
– Вой, опажон, Фотима шу эрини яхши кўради. Уста Аҳмад билан улар етимхонада бирга бўлишган экан! Ўшоқдан бир-бирини топишган экан! Ҳеч кими йўқ-да! Ота-онаси ҳам, ака-укаси ҳам шу Аҳмад! Ичишини айтмаса, уста жуда яхши одам!..
Зулхумор сайраб кетган! Бирпасда баҳор келган кўнглидан гулларни анқитиб, булбулларни сайратиб мақтаган. Уста Аҳмад бу дунёда тенги йўқ одам! Зулхумор уйини таъмирлайман, деганида, пул сарфлаб ўтирасанми, ўзим қилиб бераман, деган. Кундуз қаерлардадир юмушларини бажариб келиб, кечаси бир пайтгача ишлаган. Шунча ишни қилиб, бир тийин ҳам олмаган! Болаларингга сарфла, деган! Фотима ҳар кун овқат қилиб чиққан. Овқат еяётган эрига термили-и-иб ўтирган! Шундай термилган, шундай термилган!.. Эри ҳам овқатдан аҳён-аҳён бош кўтариб, унга “Поти…” деб қўяр экан. Шундай айтар эканки… Зулхуморнинг йиғлагиси келар экан! Фотима эса жилмайиб қўяр экан. Шундай жилмаяр эканки!.. Эру хотиннинг бир-бирларига меҳрибонликларини айтиб адо этиб бўлмас экан!..
Муяссар Қодировна унинг гапини бўлишга мажбур бўлган:
– Майли, Зулхумор, – деган у қуруққина қилиб. – Фақат эшикни очиб-ёпишга эҳтиёт бўл! Қўшниларга ҳам айт!
Аммо Зулхумор айтармиди! Опадан қутулганига шукр қилганча, хиргойини авжидан олиб, тепа қаватга равона бўлган. Шу билан опанинг насия гапини тамом унутган. Эшик эса қарсиллаб ёпилаверган! Қарсиллаганда ҳам, сериалнинг энг қизиқ жойига келганида гумбурлаган. Опа эса эртаси “эшикни авайлаб ёпинг!” деган эълонни ўқловдай ҳарфлар билан ёзиб, эшикка ёпиштириб қўйган. Шунда ҳам барибир эълонни писанд-мисанд этмайдиганлар топилган. Муяссар Қодировна охири қўшниларнинг умуммажлисини ўтказишга мажбур бўлган. Барчани йиғиб, эшик қандай очилиб-ёпилишини намойиш этган. Шундан сўнг эшикни ёпишда хатога йўл қўядиганлар жуда камайиб кетган. Баъзан кимлардир билиб-билмай бу хатони такрорласа, Муяссар Қодировна сериал кўриб ўтирган бўлса ҳам, шашт туриб, балконнинг деразасини очган-да, ромдан адолатнинг тимсоли мисол кўриниш бериб, гуноҳкорнинг пўстагини қоққан. Бу хатога йўл қўйган гуноҳкор неча алвон кечиримлар сўраб, опанинг темир панжасидан омон қолган. Фақат ўн еттинчи хонадон соҳиби – кўзойнак тақиб юрадиган паришонхотир олим Раҳимжонов ҳар гал хушмуомалалик билан илжайиб, қўлини кўксига қўйганча, узрини айтган бўлса ҳам, яна такрор ва такрор бу хатога йўл қўяверган. Тўғри, у эшик қарсиллаб ёпилган заҳотиёқ нима қилиб қўйганини доим англаган: эшикка негадир жилмайиб қараганча, карахтланиб тўхтаб қолган, аммо бўлар иш бўлган – балкон деразаси очилиб, тинчлик ва тартиб қўриқчиси Муяссар Қодировна аллақачон ромдан унга қаҳр билан қараб турганига кўзи тушган.
– Уйингизнинг эшигини ёпиб юришни удда қилолмайсиз-у, – деган опа, бу одам билан жиддий гаплашмаса, мақсадга эришолмаслигини тушунгач. – Шогирдларингизга нимани ўргатасиз?
Раҳимжонов ноқулай илжайганча, яна қўлини кўксига қўйиб, кечирим сўрамоқчи бўлган-у, улгуролмаган.
– Менга кечирим сўрашингиз керак эмас, – деган опа гарангсираб турган Раҳимжоновга кетма-кет зарба бериб. – Эс-ҳушингизни йиғиб олинг! Қўшниларга бундай беписанд бўлманг! Олим деган номингиз бор! Тартиб-интизомга риоя қилинг!
Раҳимжонов имтиҳонда жавоб беролмаган талабадай хижолатдан терлаб кетган.
У ниҳоят қўлини кўсига қўйиб, нимадир демоқчи бўлганда, дераза аллақачон ёпилган, Муяссар Қодировна эса ғойиб бўлган.
Қаттиққўллик билан кўрилган бундай чора-тадбирлар ўз кучини кўрсатган – чамаси бир ойлар ичида барча қўшнилар эшикни очиб-ёпишнинг шундай ҳадисини олишганки, мушукдай бесас чиқиб, бесас кирадиган бўлишган. Қўшниларни тартибга солганидан Муяссар Қодировна бахтиёр – сериалларни роҳату фароғатда томоша қиладиган бўлган.
Хуллас, кўрилган қатъий чора-тадбирлар натижасида тартиб-интизом ўрнатилди.
Аммо эшикнинг қарсиллаб ёпилиши барчанинг эсидан чиқиб, қўшниларнинг ҳадди-ҳаракати худди Муяссар Қодировна ўйлагандай изга тушган маҳалда, бир қарашда арзимаган воқеа рўй берди.
Сериаллар орасидаги танаффус пайти уй олдидаги йўлакчада банияти шифо айланиб юрган Муяссар Қодировнанинг қаршисидан, одатича завқу шавқ билан хиргойи қилиб, Зулхумор лайлак чиқиб қолди.
– Ассалому алайкум!.. – деди у бидиллаб. Аммо салом берди-ю, таъбиридан адашиб, бирдан тўхтаб қолди. – Ана уни қаранг, ана уни қаранг… – деди Зулхумор, опанинг боши оша нимагадир ҳайрат билан тикилиб. – Ана, ана…
Муяссар Қодировна ўгирилиб қаради ва кўпқаватли уйлар орасидаги йўлакчадан келаётган бир тўп қуроқ одамларга кўзи тушди. Олдинда икки катта бозор сумкани аранг кўтарган Фотима, ортидан аллақандай лаш-лушларни қўлтиқлаган уста Аҳмад, ёнида елкасига кўрпа-тўшак ортмоқлаган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги йигит, улардан сал нарироқда беш-олти қаппайган тугунларни қўшбоғлаб елкаларига илиб, қўлларига ҳам аллақандай халтачаларни тутган, негадир бошини танғиб боғлаган ёшгина аёл, тўрт-беш қадам орқада эса катта-кичик иккита бола йўртганча, уларга эргашиб келяпти. Болалардан бири скрипка ғилофини қучоқлаб олган, иккинчисининг икки қўлида икки боғлам китоб. Улар шу юришда, эшикхонага бурилишди. Фотима қўлидаги сумкаларни ерга қўйиб, пружинали эшикни зўриқибгина очди. Ҳамроҳлари бирин-бирин ичкари кирдилар. Лаҳза ўтгач, юкни қаергадир қўйган уста Аҳмад чиқди-да, хотинининг қўлидан сумкаларни олиб, яна изига қайтди. Фотима ўзини ичкарига олиб, эшикни Муяссар Қодировна кўрсатгандан ҳам зиёда этиб ёпди.
Эшикнинг очилиб-ёпилишида бирор нуқсон йўқ эди. Хавотирланиб қараб турган Муяссар Қодировна ҳам бирор айб тополмади. Аммо Зулхумор негадир “уҳ” тортди. Ҳақиқатдан ҳам, Фотима ва ҳамроҳларининг ўтишидан ҳавода аллақандай орзу-умид ва матонат уфурган, аммо бу сурур ниҳоятда залворли – суякларни қисирлатадиган даражада оғир эди.
– Во-ей! – деди Зулхумор.
– Нега вой-войлайсан? – деди ҳеч нарса сезмаган Муяссар Қодировна. – Одам кўрмаганмисан?
– Билмасам…
Зулхумор бу пайт негадир оғир-босиқ одамга айланган, гапдонгина феълу атворига бегона тарзда ўйланиб турар эди.
– Хўп, опажон, мен борай…
Аёл оғзидан тушмайдиган хиргойисини ҳам унутиб, эшикхонага қараб кетди. Муяссар Қодировна унинг ортидан ажабсиниб қараб қолди. Зулхумор негадир Фотимага ўхшаб, бошини эгганча, жимгина кетиб борар эди.
Уйига кириб, телевизор қаршисидаги креслога чўккан Муяссар Қодировна эса, Фотимани негадир ижирғаниб эслади. Ўзи бир етимхонадан чиққан аёл бўлса! Каталакдай уйда яшаса! Нима қилади бунча меҳмонни лаш-лушлари билан уйига киргизиб! Эси йўқ! Ҳеч эси йўқ! Бетартиб!.. У Фотима ҳақидаги ўйларини охирига етказа олмади. Сериал бошланди.
Муяссар Қодировна хато қилди! Уч кундан сўнг Зулхумор эшик қоқиб келди. Унинг ҳовлиқиб хабар беришича, келганлар меҳмон эмас экан! Ҳеч ҳам меҳмон эмас экан!
– Жуда валдирайсан, Зулхумор, – деди опа ўйлагани нотўғри чиқаётганидан оғриниб. – Меҳмондан бошқа яна ким келади? Эшикдан киргандан кейин, меҳмон-да! Бувим “тешикдан кирган сичқон, эшикдан кирган меҳмон”, деб, кўп гапирар эдилар…
– Вой, улар эшикдан кирганлари билан меҳмон эмас экан, опажон!
– Бўлмаса, ким бўлади? – деди Муяссар Қодировна чиндан ҳайрон қолиб.
– Меҳмон эмас экан, опажон! Ҳеч меҳмон эмас экан! Улар энди уста Аҳмаднинг уйида яшар экан!
Опа нималарни кўрмаган! Аммо Зулхуморнинг гапидан бир қалқиб тушди.
– Фотиманинг уйи икки хоналими?
– Икки хонали, опа!
– Икки хонали уйда бунча одам қандай сиғар экан?
– Билмасам… Поти ўйнаб-кулиб юрибди-ку! Жуда қувониб юрибди! Лекин уйи зўр тақирланган!
– Нима қилинган?
Зулхумор ўйланиб қолди.
– Тақирланган… дейишадими, опа?
Муяссар Қодировна ҳам ўйга толди. Барчани овора қилди булар! Ўрисча гапирилаверса, осмон ўйилиб тушармиди!
– Ҳозир… ҳозир… Тилимнинг учида турибди!.. – Бирдан Муяссар Қодировнанинг юзи ёришиб кетди: – Томир!.. Томир!.. Томирлаган!
Зулхумор чўчибгина опага қаради:
– Йўғ-е, опа… Уй дарахт эмас-ку, томирласа!
Опа гап қайтарганни ёқтирмайди. Зулхуморни силкиб-силкиб ташлади:
– Ўзинг билмасанг, билганнинг гапига кўнмасанг! Вайсаганинг вайсаган!..
Аммо Зулхумор бу гапга эътибор бермади. Бирдан юзи бир рапида қувончга айланди:
– Топдим, опа! Топдим!.. Таъмирланган!.. Ана шу Фотиманинг уйи зўр таъмирланган! Уста Аҳмаднинг қўли гул-ку! Кирсангиз, оғзингиз очилиб қолади! Бир бало қилиб бўяган! Хоналар саройдай катта кўринади! “Нимага бундай кўринади?”, десам, уста кулиб, “Кўнгли кенг одамнинг уйи шунақа бўлади”, дейди. Деворларига расмлар осилган! Ромлари шундай чиройли!
– Кимнинг расми? – опа хаёллари қаерларгадир бориб, дафъатан шубҳаланди.
– Ҳеч қимники эмас, анақалар чизади-ку!..
Муяссар Қодировнанинг кўнгли бирдан хуфтон бўлди! Кўз олдига Асрор Валиевич ва Ван… Йўғ-е!.. Лақаб орттирмай ўлгур!.. Боқибой… Ҳа, Боқибой келди!.. Шу мусича Фотимаю, уста Аҳмад ҳам ўшалардан экан-да! Айтдим, юришлари бошқача!
– Ана у болалар ҳам, опажон, нақа экан!
– Қанақа экан?
– Кичкинаси искрипка чалар экан, каттаси расм чизар экан! Ўша чизадиганининг расмларини Поти эъзозлаб, коридорига осиб ташлаган. Уста Аҳмад билан иккаласи томоша қилиб, тўйишмайди, опа. Бошларини сарак-сарак қилиб, “зўр” деб қувонишади. Бир кирсам, кичкинаси искрипка чалди. Опа, бир оғир куй! Йиғлагиларим келиб кетди!.. Бу ўлгур ўрис мусиқа ҳам одамни йиғлатар экан! Телевизўрдан кўрсам, ғингшимай ўлсин, деб, дарров бошқа жойга бурардим-а!.. Нимага эшитмаганман, опа?
Муяссар Қодировна чидаб туролмади:
– Э, ҳадеб йиғлайверасанми? Ёлғонни ҳам дўндирасан! Сенга гап бўлса бўлди!
– Вой, ёлғон айтсам, тил тортмай ўлай! Шундай чалади, шундай чалади… Уста Аҳмад эса уларни мақтагани мақтаган! Айтишича, бу болаларга Худо берган экан! Доҳий дедими-ей, даҳо дедими-ей!..
– Шу алкаш уста Аҳмад бу гапларни қаердан билар экан?
– Билар экан, опажон! Билар экан! Мен ҳам ҳайрон қолдим! Сиз ҳам шу болаларни бир кўринг, опа! Расмларига қарасангиз бир йиғлайсиз, искрипка эшитсангиз, икки йиғлайсиз, уста Аҳмад билан Потининг қувонганини кўриб, адойи тамом бўласиз!
– Бу болалар қариндошлари эканми?
– Йўқ, опа, буларда қариндош борми? Етимхонада ўсганлар-ку. Уста билан Поти қайси бир тупканнинг тубига борганларида, шу болаларни Худо учраштирибди. Ота-онасининг қўллари қисқа экан. Буларнинг нақаси пойтахтда, яхши муаллимларнинг қўлида тез нақа бўлар экан. Шунга кўчириб олиб келишибди.
– Ота-оналарини кўриб турибсанми?
– Йўқ, опа! Улар тонг саҳардан ишга кетишар экан…
– Нима иш қилишади?
– Худонинг иши кўп-ку, опа! Мардикорчиликка боришар, кўча супуришар, бозорда олди-сотди қилишар… Ризқларини тергани кетишган-да. Ҳа, болаларнинг отаси “мен умримни шу болаларимга бағишлайман. Улар Ўзбекистоннинг номини ҳали оламга машҳур қилади. Фотимахону Уста Аҳмаднинг ҳиммати билан йўлнинг бошига чиқдик, энди, Худо хоҳласа, шу адоқсиз йўлдан кетаверамиз”, дебди!
Қанақа адоқсиз йўл? Қаёққа кетишади? Ўзбекистоннинг куни шуларга қолганми? Буларнинг хаёлида нима бор? Асрор Валиевич билан ана у ўлгур… Ван… Боқибой ҳам шундай тушунуксиз гапирар эди! Булар шунча кўпми? Булардан қутулиб бўлмайдими? Мана, ҳатто унинг эшигининг олдига етиб келишди!
– …Опа, Поти уста Аҳмад билан иккала болани етаклаб юрибди. Кичкинасини кампазитўр музиқа ёзадиганларга, каттасини… нақаларга кўрсатишибди! Ҳаммаси “Қойилмиз!” дебди. Бугун “Қойилмиз!” деганлар билан бирга, болаларнинг кичигини глир деган мактабга олиб кетишди!
Зулхумор яна нималарнидир узоқ гапирди. Аммо Муяссар Қодировнанинг кўнглига шундай ғашлик тумани чўкдики, дунё кўзига тор кўриниб кетди, қулоғига бошқа гап кирмади. Тинмай вайсаётган қўшни аёлнинг қаршисида лолу карахтликда туриб қолди. Зулхумор гапдан тўхтамаяпти! Хурсанд! Хўш, у нимага хурсанд бўляпти?
– Сен нимага хурсанд бўляпсан?
– Билмадим, опа! Аммо лекигин болаларнинг чизган расмини кўрсангиз, скрипка чалишини бир эшитсангиз! Ичим қувончга тўлди! Бу Потини қаранг! Аҳмадни қаранг! Тўрт бирдай жонга текин бошпана бериб, яна шоду хуррам! Ҳеч кимга ҳавасим келмаган менинг ҳам, шуларга ўхшагим келди-я!.. Потига, мени хам музейларга элтинг, дедим, кампазитир музикага ҳам боравераман, дедим!.. Поти мени қучоқлаб олди! Шу хотин шундай яхши!..
Бу дунёга бир бало бўлди! Мана, умрида бирор бир рассомнинг суратинию, бирор композитор мусиқасини томоша қилмаган Зулхумор лайлак ҳам уларни мақтаяпти. Бу тоифа одамлар дунёни бузишини нега ҳеч ким англамайди? Ахир бутун бир ишхона нима бўлди? Остин-устун бўлиб кетишига озгина қолди-ку! О, булар хатарли!.. Бетартиб одамлар! Индамасанг, дунёни чаппа айлантирадилар!..
– Хўп, хайр. Мен борай, опа! Уларнинг келишига бир қошиқ овқат қилмоқчи эдим. Кўчадан оч-наҳор келишади…
Зулхумор шошилиб, ғайрату шиддатга тўлиб хайрлашди. Шиддатининг шошқини шундай зўр эдики, Муяссар Қодировнанинг эшигини беихтиёр қарсиллатиб ёпиб, ташқарига отилди. Опа сесканиб тушди. Лайлак кечирим ҳам сўрамади. Фақат зиналардан тапиллаб, тепага югуриб кетаётгани эшитилди, холос.
Шу Лайлак чин юракдан қувоняпти! Нодон! Уй-жойини ташлаб, лўлидай кўчиб юрган шу рўдаполарга ақлли одамнинг ҳаваси келадими? Топганлари бир орқа кўрпа-тўшагу, скрипкага бало борми? Ё буларга ҳеч нарса писанд эмасми? Молу дунё, мансабу мартабага қайрилиб қарашмайдими?.. Уларга нима керак?
Дунё ҳавосини “ўша”лар дафъатан олиб қўйгандай, Муяссар Қодировнанинг бирдан нафаси қисилди. Балконга чиқиб, деразани очди. Дунёда чиндан ҳам ҳаво йўқдай эди! Улар ҳавони ҳам олиб қўйишдими?.. Ё… уларга қўшилмаганларга энди ҳаво йўқмикан? Опа давомини ўйлашдан ҳам қўрқди. Кўзларини юмди.
Аммо бу тўс-тўпалон дунёда бирпас тин олиб бўладими? Ногаҳоний “ур-э!” деган ҳайқириқдан ўзига келди. Қаршидаги уйнинг бурчагидан қўлидаги скрипка ғилофини ғолибона силкитганча, рўдаполарнинг кичик ўғли югуриб чиқди. У еру осмонга сиғмай, ҳайқириб келар, гўё бола эмас, бола қиёфасидаги қувонч чопиб келаётгандай эди.
– Ур-э-э!.. Зулхумор хола!.. Ур-э!..
Тепа қаватдаги деразанинг шақирлаб очилгани, сўнг Зулхуморнинг ҳовлиққан овози эшитилди:
– Ўқишга кирдингми?! Глирга кирдингми?!
– Кирдим!.. Глиэр мусиқа мактабига олишди! Глиэрга! Зўр экансан, дейишди!.. Зўр, дейишди!..
Уй бурчагидан боланинг ота-онаси, акаси, Фотима ва уста Аҳмад кўринди. Улар ҳам ойдай яйраб, офтобдай порлаб келишар эди.
– Зулхумор хола!.. Эшитинг!.. Зулхумор хола!..
Болакай Зулхуморнинг деразаси тагидаги асфальт йўлакчага қўлидаги ғилофни қўйди-да, шоша-пиша ичидан скрипка ва камонни олди. Пойида – чанг йўлакда очилиб қолган ғилофга парво ҳам қилмай, скрипкани ияги тагига қўйди. Оёқларини кериб, кўкрагини кўтарди. Энди у Зулхумор лайлакка эмас, гўё дунёга концерт беришга шайланган маэстро эди! Мана, кўзлари ним юмилди, камонни торлар устига қўйди ва… мусиқа таралди! Армон каби ҳазин садо инсон билан юраги ўртасидаги чегараларни бир лаҳзада бузиб ташлади. Учинчи қаватдаги Зулхумор мусиқа садоси янграши билан келган жойида тўхтаб қолган Фотима бошчилигидаги “маэстро”нинг ишқибозлари, осмондан тушгандай пайдо бўлган Раҳимжонов домла, ҳовлидаги сим дорга кир осаётган аёл, белини қўлига тираганча, унга гап сотаётган кампир, уйлар орасида кун бўйи соғлигини қувиб изғийдиган нафақадор чол – Эркин ака, ҳар кун эски “Волга”сини ювишни канда қилмайдиган Йигитали, қўлбола турникда осилаётган бўзболалар – икки иморат орасидаги барча сомеликда қотдилар. Мусиқа эса тобора авжланиб, ўзига сиғмай мунгли нола этар, юракларнинг қат-қатларини аллақандай энтиктирадиган, орзиқтирадиган, беихтиёр кўзга ёш келтирадиган тушуниксиз дардлар билан нозик оғриқларда ўртар, ҳовлига тангадай жой қолдирмай соя ташлаган улкан чинорларга чулғанар, ўзини аямай тупроққа отар, латиф бир парвозда хаёллар ҳам етмайдиган баландларга ҳаволанар, дунёга сиғмай, изиллаганча юксаклардаги кимгадир илтижо этар эди. У кимга илтижо этаяпти? Мусиқани яратган инсоннинг юраги бу мусибатли дардларга қандай дош берган? Бу болакай бу оғриқларни қаердан билади? Ё шу мурғак жонни Қодир Парвардигор одамларга чексиз-чегарасиз дардлар борлигини етказиш учун дунёга келтирганмикан? Бу дардларни бандаларига етказгани миллиардлаб одамлар орасидан шу норасидани танладимикан? Нега у дунёга сиғмаяпти? Дунё шунча торми? Қайси кенгликларни истаяпти бу бола?.. Ё, Парвардигор!
Болакай эса мусиқанинг нолаларида дош беролмаётгандай эгилиб-букилиб, ажиб бир тўлғонишда – скрипканинг торларини аямай, ҳамон кўзларини юмиб, камон тортади. У ўзини тамом унутиб, оҳангга қўшилиб кетган, қайсидир – одамлар кўзидан пинҳон дунёларга бориб қайтаяпти…
Скрипка жони чиқаётгандай, бўлиниб-бўлиниб фарёд кўтарди-да, тўхтади. Сукунат чўкди. Негадир қўлларини кўксига қўйиб, мусиқа тинглаган Раҳимжонов домла ёқасини ушлади:
– Тавба! Тавба! – деди у. – Худойим! Мўъжизангни қара!
Сўнг болага қараб таъзим қилди-да, бор куч билан, сидқидилдан қарсак чала бошлади. Унга Фотима ҳам, уста Аҳмад ҳам, болакайнинг ота-онасию акаси ҳам, учинчи қават деразасида турган Зулхумор ҳам, ҳовлида ишини унутиб, анграйиб қолганлар ҳам жон-жаҳди билан унга жўр бўлдилар. Турник тагидаги ўспиринлардан бири ҳатто жўшганича, “браво” деб ҳам ҳайқирди. Ҳозиргина мусиқага ўртаниб жўр бўлаётган болакай эса, яна зумда қувончга айланди. У улкан концерт залини тўлдирган томошабинларнинг гулдурос олқишига миннатдорлик билдираётган маэстро қиёфасида скрипка ва камон ушлаган қўлларини баланд тутди-да, аввал фалакка юз тутди, сўнг эса тўрт томонга қойилмақом таъзим бажо этди.
Дунё аллақандай мастона байрам кайфиятига бурканган эди.
Раҳимжонов домла болакай тарафга олқаб гапиринганча, югуриб кела бошлади.
– Э, болам-а!.. Э, болам-а! – У шоду хуррамликда балқиб турган “маэстро”ни маҳкам бағрига босди. Юзларидан ўпди. – Ўзингни эҳтиёт қил-э! Бундай чалма-э! Сенга жонинг керак эмасми? Эҳтиёт бўл-э!..
У беихтиёр қўлларини дуога очди.
– Биру бор Парвардигор-о! Қодир-о! Самад-о! Аҳад-о! Шу болани ушбу кўйга мубтало этибсан! Энди ўзинг асра! Йўлини ёруғ қил! Яхшиларга ҳамдам эт! Ёмонлардан асра! Шу мурғак жонни ҳамиша паноҳингда тут! Омин!..
– Омин!..
Барча ихлос билан юзларига дуо тортди.
Муяссар Қодировна уларга қараб тураркан, нафаси баттар қисилди. Улар кўп экан! Дунёни забт этишган экан! Буларнинг шаштини қайтарадиган одам, наҳотки, қолмаган бўлса! Ҳовли оталарининг уйими, концерт бергани! Қарсакка бало борми? Каттаю кичиги ақлдан озган…
У ортиқча тоқат қилолмаслигини сезиб, бекитгани деразага қўл чўзди. Аммо шу пайт Зулхуморнинг овози дунёни тутди:
– Зафар!.. Зафаржон!.. Зўр чалдинг!.. Қойил! Қойил!..
– Зулхумор хола! Ҳозир бораман! Ҳозир! Сизга яна чалиб бераман! Ҳозир!..
Болакай шошилиб, ерда ётган ғилофга скрипка ва камонни солди-да, дунёни унутиб, эшикхонага қараб югурди.
Эшик зарб билан очилиб, қарсиллаб ёпилди.
Бу нимаси? Булар бу кетишда дунёни бузади! Ҳозир бир таъзирини берсами!.. Аммо Муяссар Қодировна ташқарига чиқиб, бу беодобга танбеҳ беришга журъат этолмади. Ҳаяжондан жўшиб, қувончнинг завқу шавқида бирлашган бу одамларга ҳозир ёлғиз ўзи қарши туролмаслигини англади. Аламу иложсизликдан деразани ёпишни ҳам унутиб, гангиб борди-да, каравотга бор бўйича ўзини ташлади.
Хуллас, тартиб бузилди! Шунча меҳнату заҳмат ҳавога учиб кетди! Келгиндиларнинг икки боласи ҳам Муяссар Қодировна ўйлагандай, тарбия кўрмаган зумрашалар бўлиб чиқди. Улар бола эмас, дунёни бузадиган аллақандай тўфоннинг худди ўзи: эрталаб эшикни ғажирлатиб очиб, югурганча эшикхонадан чиқишади – ортларидан эшик тарақлаб ёпилганча қолаверади. Муяссар Қодировна ҳатто деразанинг ёнига бориб ҳам улгурмайди, фақат қаршидаги уйнинг муюлишидан шамолдай шовуллаб ўтиб кетганларини илғаб қолади, холос. Ўтган йўлларида тартибсизлик сочиб кетадиган бу тўфон болалар тутқич берармиди? Уларнинг ота-оналари ҳам худди шарпадай – қачон кетиб, қачон келишларини ҳеч ким билмайди. Эшакдай ишлаб, ўзларича, умрларини шу бетарбия, одобсиз болаларга бағишлаб юришган-да! Қўшнилар опанинг меҳнатига ҳамон ҳурмату иззат билан қарашаётган – эшикни авайлаб ёпиб-очишни канда қилмаётган эрсалар-да, барибир уларнинг бу ҳаракатлари аввалгидай эмас – бу жиддий ишдан ихлослари кўтарилган, шунчаки ўрганиб қолганларидан – бепарво бажарар эдилар. Ихлосу эътибор энди шу икки шумтаканинг атрофида гиргиттон – иккала уйдаги қўшниларнинг тилида фақат ака-уканинг оламшумул истеъдодидан гап айланар: учрашиб қолганларида, улар ҳақида завқу шавқ суҳбат авж олар эди.
Хуллас, ҳеч кимнинг эшик билан иши йўқ, унинг қандай очиб-ёпилиши муаммосини барча унутган, энг ёмони, Муяссар Қодировнани ҳам эсларидан чиқарган – ҳар гал уйларига яқинлашганларида кўнгилларидан кечадиган хавотир аллақайларга чекиниб, қўшнилар енгил нафас ола бошлаган эдилар. Муяссар Қодировна биргина хонаю митти ошхона тўла изтиробга айланган – бир зум ҳаловати йўқ, ҳатто кино кўраётганда ҳам хаёли кетиб қолар – кўзи экрандаю, нима ҳақида гап кетаётгани тушунмас – кўксидан аҳён-аҳёнда “уф-ф!” беихтиёр узилиб чиқар эди. Наҳотки бу дунёда шу зумрашаларни тартибга чақириб қўядиган, ундан бошқа одам қолмаган бўлса! Наҳотки бошбошдоқлик кўнглига келганни қилса! Наҳотки эшик тарақлаб очилиб-ёпилаверса!
Энди қатъият кўрсатмаса, барча саъйи ҳаракатлари бекорга кетишини опа тушунди. Аввал разведка сифатида қўнғироқ қилиб, уйига Зулхумор лайлакни чақирди. Зулхумор Муяссар Қодировнанинг овозидан ниманидир пайқаган шекилли, одатига хилоф равишда, қопқонга тушишдан чўчиётган қуёндай эҳтиётгина бўлиб кирди. Муяссар Қодировна қўли билан ошхонага ишора қилди. Ўзи стулга омонатгина чўккан аёлнинг қаршисига ўтирди ва унинг кўзларига қурбонни авраётгандай илондай тикилди. Раҳматли устозлари ўргатган: бировнинг сирини билмоқчи бўлсанг, гапирма, кулма, бор иродангни, кучу қудратингни нигоҳингга жамла! Нигоҳинг найзага айлансин! Сўнг суҳбатдошингнинг кўзларига тик қара-да, тикилиб туравер, туравер, туравер… Найза жон жойига тақалиб, безовталанади, тараддудга тушади. Аммо сен найзани баттарроқ ботир. Эту суягидан ўтиб кетгунча кўзингни узма! Ана шунда ютиб чиқасан!
Лайлак ярим дақиқа ҳам чидай олмади.
– Ҳа, опа… – деди у кўзларини олиб қочиб. – Нимага чақирдингиз?..
У негадир қизариб кетди – барча хавотирини енгиб, ҳаққини талаб қилишга журъат этган, аммо ҳали муросадан умидвор одамдай зўриққан алфозда опанинг кўзига туйқус қаради:
– Нима қилдим?..
Муяссар Қодировна юзида расмий жиддият – яна анчагача Зулхуморга тикилиб турди.
– Нималар бўлаётганидан хабаринг борми?
– Нимани сўраяпсиз, опа?
– Эшикни тарақлатиб очиб-ёпишаётганини эшитяпсанми?
Зулхумор опага истеҳзоли қаради. Умрида биринчи бор истеҳзо этишга журъат этди:
– Йўқ… Тарақлаяптими?
– Қулоғинг битиб қолганми? Эшитмайсанми, уй ларзага келяпти-ку!
Опанинг жеркибгина гапиришидан Зулхумор энди муросаю мадора йўқлигини тушунди. Аммо Муяссар Қодировнани кўрганида пайдо бўладиган ҳадик негадир бирдан салқиди.
– Эшитмаяпман. Ким тарақлатаяпти? – деди у ва кескинлик аралашган товушидан ўзи ҳам ҳайрон қолди.
– Ана у рўдаполарингнинг ўғиллари!
Зулхумор тушунмади. Рўдаполар ким? Аммо кўнгилни ғаш этувчи суҳбатни тезроқ тугатишни, бу жойдан тезроқ чиқиб кетишни ўйлаб, беихтиёр ҳамишаги – таралла бедод оҳангга кўчишга уринди. Аммо лафзи барибир одатдагидай ҳавойи жарангламаётган эди:
– “Рўдапо”лар деганингиз ким, опа? Гадоларни айтаяпсизми? Опа, менинг гадом йўқ. Мен нима, гадоларнинг бошлиғиманми?..
Муяссар Қодировна бу сайроқи қуш чулдирашини бошласа, тўхтамаслигини англаб, унинг гапини бўлди.
– Фотиманинг уйидаги келгиндиларни айтаяпман! Кўчама-кўча кўрпа-тўшагини ортмоқлаб юргандан кейин рўдапо бўлмай, ким?
Зулхумор гап кимлар ҳақида кетаётганини жуда оғриниб ҳис қилди. Бироқ қандайдир умид билан овози титрабгина сўради:
– Зафаржон ва Тоҳиржоннинг адаси билан ойисини суриштиряпсизми?
– Нимага довдирайсан? Зафаржонинг ким?
– Нақа… искрипка чаладигани…
– Тоҳиржонинг-чи?
– Тоҳиржон… Каттаси-де… Ҳалиги… Расм чизадигани… – Зулхумор болаларнинг боши устида булутлар қуюқлашаётганини, шу сабаб тадбиркорлик билан – ҳар сўзини ўйлаб гапириши лозимлигини фаҳмлади ва бирдан уларни мақташга тушиб кетди:
– Жуда яхши болалар, опажон! Шундай яхши!.. Опа, бир Потини уйига чиқинг! Зафаржоннинг искрипка чалишини эшитинг! Тоҳиржоннинг расмларини кўрсангиз…
– Скрипкаси бошидан қолсин! Рўдаполарнинг сирқиндилари-да! Нега уларинг эшикни қарсиллатиб ёпади?
Зулхуморнинг боши зирқираб кетди.
– Улар рўдапо эмас… – деди у энтикиб.
– Бўлмаса, ким?
– Яхши одамлар…
– Топган яхшингни қара! Бу яхшиларинг фарзандларига тарбия беришса бўлмайдими?
– Зафаржон ҳам, Тоҳиржон ҳам жуда одобли…
– Бу одоблиларинг нега эшикни авайлаб ёпмайди? Нима, бировга ўтказиб қўйганлари борми? Подшоҳнинг фарзанди эмаски, эркалик қилса! Келгинди одам сал бўйнини қисиб туради! Бу болалар эса мамлакат ўзларига қолгандай, хоҳлаган ишларини қиляпти! Ахир бу уйда бошқа одамлар ҳам яшайди! Бу уйнинг эшиги бор!.. Ўзи эшикни қандай очиб-ёпишни айтганмисизлар? Ўргатганмисизлар?
Опа билан баҳслашмоқ хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлигини Зулхумор аниқ сезиб турса ҳам, негадир қўрқмади.
– Айтганмиз, опажон, айтганмиз… Ҳали улар бола-да! Болалигига боради… Ўзим ўргатганман. “Мана, бунда-а-ай қилиб очасиз, кейин, мана, бунақа-а-а қилиб ёпасиз”, деганман!
– Ўргатган бўлсанг, нега у баттоллар бажаришмайди! Менинг қулоғим кар бўлишига оз қолди! Айтиб қўяй, оқибати ёмон бўлади!
Лайлак бироз тин олди. Ерга қаради. Кўкси оғир кўтарилиб тушди ва бирдан боссиққина гапира бошлади.
– Опа, шу болаларни тинч қўйинг! Улар ҳозир жуда… нақа… бахтли! Иккаласи ҳам ўқишга кирди. Оёқлари ерга тегмай, учиб юришибди! Уларнинг осмонини ер билан битта қилманг!
Муяссар Қодировна гезариб кетди. Бу Лайлак нима деяпти? Кимнинг тарафини оляпти? Бу ҳам дунёнинг тартибини бузаётган ўша рўдаполарга тамом қўшилибди-да! Олма олмадан ранг олади, дейишади-ку! Булар – келгинди! Ҳаммаси келгинди! Булар адашиб бу дунёга келиб қолишган! Аллақайси бетартиб оламдан бу дунёга бало-қазони етаклаб келишаяпти! Ер юзини тўфонгами, тошқингами бостирмагунча, булар тинчимайди. Булар туфайли ҳеч кимда ҳаловат қолмади. Ҳамма безовта… Муяссар Қодировна уларни ўз ихтиёрига қўймайди! Одамларни безовта этишга уларнинг нима ҳақлари бор?
– Огоҳлантириб қўяй, яна эшикни тарақлатиб ёпишса, қўлимдан келганини қиламан! Ўша Фотимангга ҳам айт, дунёни кўзига қоронғи қиламан.
Зулхумор ердан кўз узмай тинглади, ва дафъатан хайр-хўш ҳам демай, индамайгина ўрнидан қўзғалди. Эшикни очаркан, беихтиёр ортидан эргашиб келаётган опанинг кўзига кутилмаганда дадил қаради.
– Ёмон одам экансиз, опа, – деди у жуда сокин, аммо мардона овозда. – Жуда ёмон экансиз.
У эшикни опанинг юзига, қарсиллатиб ёпди. Муяссар Қодировна серрайиб қолди.
Отинг ўчгур Зулхумор нима деган, нима қўйган, ё ҳеч нарса демаганми, аммо ҳеч нарса ўзгармади.
Эшик тарақлаб очилиб-ёпилаверди. Муяссар Қодировна қанчалик ҳушёр бўлмасин, болалар тутқич бермади. Опа ўрнидан тургунча, қоралари муюлишда бир кўринади-да, ғойиб бўлади. Рўдаполарнинг бошқаларига айтай деса, мушукдай чиқиб, мушукдай киришади, қачон кетиб, қачон келишларини билмайсан…
Уларга аталган аччиқ гаплар Муяссар Қодировнинг ичида йиғилавериб, бутун вужудию ўй-хаёлларини қамраб олди. У бу аччиқ гапларни турли-туман кўринишларда ичида такрорлар, рўдаполарни лолу карахт этиб, бурдалаб ташлайдиган янги-янги ибораларни ўйлаб топар, рўпарасида ер билан битта бўлиб қолишларини тасаввур этиб қувонар, аммо бунинг иложи топилмаётганидан уввос тортиб, ўзини деворларга ургиси келар эди. Энг аламлиси, Зулхумор лайлакнинг ўзгаргани! У ҳам эшикни намойишкорона қарсиллатиб ёпадиган бўлди! Опанинг деразадан қараб турганини сезиб турса ҳам, ҳеч кимни кўрмагандай, ҳеч нарса рўй бермагандай, кунгабоқарни қарсиллатиб чақиб, пўчоғини атрофга пуфлаганча, ликиллаб – бепарво юришда бозорга қараб кетади. Опанинг ичи қайнаб қолаверади. Агар эски замон бўлгандами! Шу Лайлакнинг шахсий ишини умумий мажлисга қўйиб, бир муҳокама қилинганидами! Пинҳон хонага этиб, бирортаси ярим соатгина саволга тутгандами! Ўшанда кўрар эди у!
Фақат Фотима ўзгармади. У ўша-ўша – опага зарра ҳам эътибор бермайди – кўзини ердан узмай, салом беради-да, ўтиб кетаверади! Унинг ўзгармаганидан Муяссар Қодировнанинг ғазаби негадир баттар ўт олади. Ҳаммасини шу жувонмарг ўлгур бошлаяпти!
Муяссар Қодировнанинг кўнглини хотиржамлик – сериал кўраётганида туядигани роҳат-фароғат тамоман тарк этган, ўзини мажбурлаб томоша қилгани билан ҳеч вақони тушунмас, мудом ғазабда ўртаниб, фиғони фалакка чиққани чиққан эди. Опа бир куни ўзини ётоқхонадан ошхонага, ошхонадан балконга ўтиб, рўдаполарга айтадиганини айтганча, гапириниб юрганини сезди.
Беҳаловатлик унинг бор-йўғини қамраб олган эди.
Эшик яна тарақлади.
Муяссар Қодировна югуриб дераза ёнига келди. Аммо ҳеч ким кўринмади. Ажабсиниб ҳовлига назар ташлади. Деразасидан йироқроқдаги чинор тагида уймалашиб турган одамларга кўзи тушди. Улар нима қиляпти? Кўнглига хавотир тушиб, шиппагини оёғига илди-да, шиддатли юришда ташқарига чиқди. Чинор тагидаги скамейкада Эркин нафақадор қўлларини кўксида чалкаштириб ўтирибди, бир болакай тик турганча, унга дам-бадам қараб-қараб, катта альбомга ниманидир шиддат билан чизаяпти. Унинг атрофини эса бир тўда одам – Зулхумор лайлак, тўрт-беш ўспирин, мудом дорга кир ёядиган аёл, бир қўлини белига қўйиб гап сотадиган кампир, Йигитали, яна таниш-нотаниш қўшнилар ўраб олган – барчаси альбомда пайдо бўлаётган нафақадорнинг қиёфасига берилиб, ҳайратга тушганча, қараб туришибди.
– Ўхшаяпманми? – деб сўрайди Эркин нафақадор.
– Ўхшаяпти! Ўхшаяпти!.. – дейди барча негадир хурсанд бўлиб.
– Шундай… Шундай… Қимирламанг… Худди шундай жилмайиб туринг!.. Жуда чиройли!.. – Ниҳоятда жиддий самимиятда пичирлайди бола. – Шундай… Қимирламанг!.. Чиройлисиз, амаки… Жуда чиройли!.. Ҳозир… Ажинларингиз ҳам чиройли!..
– Вой, ажинлари чиройли бўлмай кетсин амакингизни, Тоҳиржон!.. – дейди бир қўлини ҳеч қачон белидан олмайдиган кампир.
Ҳамма боланинг ишидан кўз олмай, кулади. Скамейкада бужмайиб ўтирган Эркин нафақадор ҳам жилмаяди. Муяссар Қодировна эса сесканиб кетади.
Тоҳиржон дегани шу экан-да!
– Воҳ! Жуда яхши!.. Чиройлисиз, амаки!..
Боланиинг қўллари тинмай ҳаракатланади.
– Менда кўрк қолганми? – туйқус кўнглини очгиси келиб, гурунг бошлайди нафақадор. – Қирқ йил конда ишлаган бўлсам…
У бир қўзғалиб олади. Кўксида чалкашган қўллари ёйилади.
– Қўзғалманг, амаки! Қўзғалманг деяпман!.. – дейди бола аллақандай тошқинланиб – Гапирмай туринг!.. Илтимос!.. Илтимос!.. Аввалги кўрсатганимдай туринг…
Эркин нафақадор боланинг гапидан негадир оғринмайди. Нега буйруқ беряпсан, демайди. Жилмайганича итоат билан қўлларини чалкаштиради-да, аввалги ҳолатига қайтади. Боланинг қўлидаги қалам эса бир зум ҳаракатдан тўхтамайди. Томошабинлар ҳам яна жиддий тортиб, боланинг альбомида сурат тобора аниқлашиб, ёрқинлашиб бораётганига маҳлиё бўлганча, тиниб қоладилар.
Муяссар Қодировнанинг жони халқумига келади. О, бу бола сеҳргар! Рўдаполарнинг ҳам-м-маси сеҳргар! Ким кўринса, уларнинг сеҳру жодусига илинади! Мана шу бўйи жимжилоқдай мишиқи ҳам барчани авраб олган. Сиркаси сув кўтармайдиган Эркин чолни қаранг! Шу одамга “унақамас, бунақа” деб бўладими? Дунёни сувга бостиради-ку! Юро-юр қилиб, ўлимни ҳам ёнига яқинлаштирмайдиган шундай одам, мана, энди шу жодугарбаччанинг буйруғини миқ этмай бажариб, айтганига кўниб, мўмин-қобилгина бўлиб ўтирибди… Ҳали бу рўдаполар дунёни остин-устун этишини бу тажанг қария қаердан билсин!
Унинг юраги тез-тез ура бошлайди. Назарида, дунёнинг ҳамма эшиклари тарақлаб очилиб-ёпилаётгандай туюлади. Тарақ-туруқдан боши гангиб, қулоғи чингиллаб кетади. Энди шайтонга ҳай бериб, сабру тоқат этса, юраги ёрилиб, мияси портлаши аниқлигини ҳис қилади!
– Тоҳир сенми? – дейди у овози титраб.
Опанинг ичида йиғилиб қолган ғазаб ҳамласи қўшилганиданми, бу савол ёз кунида қайдандир адашиб келган қишнинг изғирини каби совуқ уфуради. Одамлар илкис жунжикиб, Муяссар Қодировнага қарайдилар. Фақат болакай саволни ҳам эшитмайди. Опадан таралаётган совуқни ҳам пайқамайди. У бу саволдан жуда юксакда – Қодир Парвардигор мурғак руҳу жонига бахшида этган Парвознинг қанотида сарсари учар, яратишнинг шавқу завқ иродаси жисмини тамоман қамраб олиб, ўзидан бошқа ҳеч ким сезмайдиган элас-элас пинҳонликлар чегарасига етган – у жойдан ҳамма нарсани, ҳатто Эркин чолнинг юзидаги ажинлар чиройли эканлигини ҳам кўриш мумкин эди. Болани учириб, юрагини ранго-ранг мавжда тўлқинлантираётган бу кучнинг нималигини бола нари турсин, ҳатто даҳо деб тан олинган Устозлар ҳам тушунтириб беролмаган – Илоҳнинг қудрати ила “ижод” аталмиш бесарҳадлик сари бошлайдиган шижоатнинг номини – ноиложликдан – сўз топиб бўладими? – жайдаричасига “илҳом” деб қўя қолишган! Бу Парвозга Муяссар Қодировнаю, унинг саволи қаердан етсин!
Бола тинмай пичирлайди:
– Яхши… Яхши!.. Гўзалсиз, амаки!.. Гўзал!.. Ҳозир!..
Муяссар Қодировна баттар тўлғонади. Нега бу бола уни писанд этмайди? Нега ўзини эшитмаганга олади?
– Тоҳиржон дегани сенмисан? Нега ўзингни карликка оласан?
Опанинг овози ниҳоятда ғазабли жаранглайди. Бу ғазабли ҳайқириқни эшитмаслик мумкин эмас эди. Ҳам-м-ма эшитади! Бола сеҳридан юққан ҳайрат ҳам-м-манинг юзидан сидирилиб, оёқ остига тушади. Бирдан фалакдаги Парвознинг қанотлари шалвираб, чангу тупроққа йиқилади, боланинг ярақлаган руҳининг шиддатидан барча дарвозаларини очиб бораётган сарҳадлар шу заҳотиёқ тақа-тақ бекилади. Сарҳадларнинг даҳшатли залвори эса олислардан лаҳзада етиб келиб, боланинг кўксига, бўғзига тиралади. Эркин нафақадор ҳам бир қалқади-да, боланинг илтимосини унутиб, қўлларини ёйиб юборади, Зулхумор лайлак “э-э…” деганча Муяссар Қодировнадан юз ўгиради, альбомга тикилиб, оғзи очилиб қолган кампирнинг беихтиёр белидан тушган қўли яна жойига қайтади, Йигитали машина ювадиган докани ўнг қўлидан чапига олади, доим кир ёядиган аёл негадир чўчиб, дорда қуриётган чойшабларига бир қараб қўяди…
– Ўзингни анқовликка солма? Сенга айтаяпман?
Бола бозор ўртасида уйқусидан уйғонган одам каби гарангсираб, нима бўлаётганини англамай жовдирайди. Биров олиб қўядигандай альбомни бағрига босади.
– Сен, жувонмарг, нега эшикни тарақлатиб очиб-ёпасан? Сенда ўзи тарбия борми, уйинг эшик кўрмагур!
Бола нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо Муяссар Қодировнанинг важоҳатини кўриб, тили айланмайди. Сукунат чўкади.
– Нима-а? Нима деди-и?
Қўлини белидан олмайдиган кампир сукунатни писанд этмай, олдинга бир қадам ташлайди.
– Нима деди-и-инг?
– Бу бола эшикни тарақлатиб ёпгани ёпган!
Эшикнинг тарақлаб ёпилиши даҳшатини англашга уриниб, халойиқ яна жим қолади.
– Нима-а?..
– Бу бола эшикни…
– Во-я! Во-я!.. – дея унинг гапини бўлади Зулхумор, юзини тахир мева егандай буриштириб.
Томошабинлар енгил нафас оладилар.
Кампир эса яна бир қадам олға ташлайди:
– Шунга шунчами? – дейди у. – Шунга бир норасиданинг бошига дағдаға қилиб келдингми? Уят-э! Бор, уйингга бор-э!
О, булар аллақачон бирлашиб бўлишган! Энди бир ёқадан бош чиқариб, уни таъқиб остига олишяпти!
– Бу болага ҳали кўрсатиб қўяман! Рўдаполарнинг ҳаммасига кўрсатиб қўяман!
Йигитали шахдам юриб, унинг қаршисига боради.
– Опа, боринг!.. Ўзингизни ҳам, одамларни ҳам кайфиятини буздингиз… Боринг, Муяссар опа!..
– Мен Муяссар Қодировнаман! – опа дағ-дағ қалтирай бошлайди. – Билмасангиз, билиб қўйинг!.. – Сўнг болага қараб, жон-жаҳди билан бақиради: – Келгинди! Рўдапо!..
Бола альбомни бағрига босганча, жазаваси тутиб, бақираётган бу хотиндан кўз узмай турар, унинг жиддий тортган юзида бирор-бир ифода йўқ, фақат иякчаси аҳён-аҳён титрабгина қўяди.
– Оббо! – Эркин нафақадор скамейкадан йигитлардай шахт сакраб туради. – Муяссар! Сен, мана, менга гапир! Менга гапир!.. Мен билан гаплаш…
О, булар бунча кўп!
Муяссар Қодировна ичи ёниб кетаётган бўлса ҳам, ўзини мажбур этиб, ортига бурилади. Энди қўлидан келганини қилади! Энди ҳеч кимни аямайди! Ҳали унинг совунига кир ювишмапти! Буларга эшикни қандай ёпишни кўрсатиб қўяди! Уруғини қуритади! Исқиртлар! Рўдаполар!
Ҳовлидагилар эса негадир хижолатли алфозда туриб қолишди. Зулхумор ташаббусни қўлга олиб, вазиятни тикламоқчи бўлади.
– Кўйинглар! Ўзи опа сал нақа-да… Эркин дода! Искамейкага ўтиринг!.. Тоҳиржон айтгандай, қўлларингизни нақа этиб…
Эркин нафақадор скамейкага ўтиради. Қўлларини “нақа” этади.
– Қани, Тоҳиржон! Дафтарингни оч! Чиз!..
Бола қимирламайди. У альбомни биров олиб қўядигандай, кўксига маҳкам босганича, қотиб туради.
– Тоҳиржон! Чиз, болам! – далда беради бир қўлини белидан олмайдиган кампир. – Чизавер!..
Аммо бола қилт этмайди.
– Парво қилма, – дейди Йигитали унинг елкасига қўлини қўйиб. – Қани, ишингни бошла!
Бола жимгина турар, кўзларига эса тубсиз мунг чўккан, эҳтимол, ҳозир тотгани нотаниш хўрликнинг беҳаё жуссасини қаршисида кўриб тургандай, “сенга нима қилган эдим?”, деб сўраётгандай эди. Унинг иягидаги титроқ лабларига кўчгач, бошини эгади.
– Тоҳиржон, чиз!.. – дейди Зулхумор юрак-юрагидан ёлвориб.
Бола “йўқ” дегандай бош тебратади ва бурилиб жўнайди.
Худойим! Бу боланинг кетишини!..
Барча этлари увишиб, унинг отидан қараб қолади.
– Яхши бола экан!.. – дейди мудом дорга кир ёядиган аёл.
Эркин нафақадор кўзларини бармоғи орти билан артади:
– Бу Муяссар Худодан топади, – дейди у.
Муяссар Қодировна кимлигини кўрсатиш ишига жиддий киришиб кетди.
Фотиманинг уйини текшир-текшир бошланди. Уйингдаги одамлар ким? Нима қилишади? Ҳисобдан ўтганми, йўқ? Ҳар кун кимлардир – сумкали, портфелли, қўлида дафтар-қоғоз кўтарган кимлардир қатнагани қатнаган. Маҳалла бошлиғи ҳам шу ерда, турфа нозирлар ҳам икки куннинг бирида кўриниш беради, яна аллакимлар… Муяссар Қодировна балкондаги дераза ёнига стул қўйиб, “кузатив пункти” қуриб олди. Опа кун бўйи бу келди-кеттини деразадан мамнуният билан кузатади. Сериал кўришлар тамом унутилди. Инсон ҳақиқат учун курашганда, мана шундай йўқотишларга ҳам жазм этар экан!
Эшик эса барибир онда-сонда қарсиллаб очилиб-ёпилаверди.
Зинадан бировнинг қадам садоси эшитилмайди, ташқаридан биров келмайди, аммо эшик қарсиллайди!
Албатта, бу – келгиндилар уни масхара этишаяпти! Бесас келиб, эшикни қарсиллатадилар-да, ғойиб бўладилар. Ё… Ҳа-а, тўғри!.. Тўғри! Улар жодугар! Шунча одамни авраганлару, бир эшикка сеҳру макрлари ўтмайдими? Булар дунёдаги барча эшикларни сеҳрлаб қўйишса, аҳволимиз не кечади? Улар барча эшигу дарвозаларни ланг очади! Дунёда тартибсизлик бошланади!
Бир марта Муяссар Қодировна кўнглидан кечган бу хаёлларни ҳатто Раҳимжонов домлага айтди. “Хўш, айтинг-чи, кейин нима бўлади?” – деди. Домла беозоргина кулди:
– Энди… Нима десам экан?.. – деди у опани оғринтирмасликка ҳаракат қилиб. – Кейин ҳаммаси яхши бўлади… Қўрқманг!.. Ўзи булар тартибли одамлар…
Опанинг жон-пони чиқиб кетди:
– Тартибли одам эшикни қарсиллатиб ёпадими?
– Энди бу болалар… бошқача-да!..
– Нима, уларнинг ортиқча жойи борми?
– Ортиқча жойи йўқ… Йўқ… – домла беозоргина қаршилик қилди. – Нима десам экан?.. Уларнинг тартиби… – Раҳимжонов қўли билан фалакка ишора этди. – У ёқда… Уларнинг тартиби фақат Парвардигорга аён!..
Кейин у майингина илтимос қилди:
– Энди… Шу одамларни тинч қўйсак…
Муяссар Қодировнанинг қони қайнаб, миясига урди. Бу ҳам ўшалардан! Ўшалардан! Айтган гапини қаранг! Нега тинч қўяр экан? Ҳеч қачон! Ҳеч қачон!
Эшикхона олдида билинар-билинмас чайқалиб, дард устига чипқондай турган уста Аҳмадга дуч келди.
– Опа… Кечирасиз… Муяссар… …ровна!.. – деди уста мўъжизага дуч келган одамдай довдираб. – Ёнингиздаги одам… қани?
Опанинг кайфи учиб кетди. Бу алкашнинг эси жойидами?
– Қанақа одам?
– Ё… мен кўролмаяпманми?..
– Нималар деб алжираяпсан?
– Ким биландир баҳслашиб, жиғибийрон бўлиб келяпсиз-ку? Ўша одам… қани?..
Муяссар Қодировна ёнига бир қараб олди. Сўнг бу ҳаракатидан ўзи изза бўлиб, уни жеркиб ташлади:
– Ҳе, ичмай ўл!
Уста жеркишдан зарра чўчимади.
– Йўқ… Опа.. Кечирасиз… Муяс… …ровна! Сиз ёнингиздаги биров билан… уришиб келяпсиз. Ўша одам… қани?
– Кўзингга кўринган! Озроқ ич!
Опа қарғаниб, уйига йўналди. Аммо эшикни рисоладагидай очиб-ёпишни унутмади.
Муяссар Қодировна мақсадига етди.
Шаҳар кўчаларию ҳовлиларига куз оралаб қолган кунлардан бирида ниҳоят УЛАР эшикхонадан чиқишди.
Олдинда икки катта бозор сумкани аранг кўтарган Фотима, ортидан аллақандай лаш-лушларни қўлтиқлаган уста Аҳмад, ёнида елкасига кўрпа-тўшак ортмоқлаган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги йигит, улардан сал кейинроқ уч-тўрт қаппайган қўшбоғ тугунларни елкаларига илиб, қўлларига ҳам аллақандай халтачаларни ушлаган, бошини танғиб боғлаган ёшгина аёл, тўрт-беш қадам орқада эса катта-кичик иккита бола – Зафар ва Тоҳир. Зафар скрипка ғилофини қучоқлаб олган, Тоҳирнинг икки қўлида икки боғлам китоб… УЛАР теграларидаги ногаҳон қалинлашган куз ҳавосини аранг ёриб, оғир қадам ташлаб боришяпти.
Кетишди! Ниҳоят, йўқ бўлишди!
Деразадан қараб турган Муяссар Қодировнанг кўнглида беқиёс шоду хуррамлик барқ урди. Томирларига бахтиёрликнинг илиқ лаззати таралаётганини ҳис этди. УЛАР қўшни уйнинг бурчагидан ғойиб бўлгунча бу лаззат оғушида роҳатланиб, қараб турди-да, сўнг енгил бир юришда бориб, телеочқичнинг мурватини буради. Энди хоҳлаган киносини кўради! Хоҳлаган сериалини томоша қилади!..
Аммо…
шу пайт
эшик яна
қарсиллаб
ёпилди.
Унинг товуши Муяссар Қодировна вужудида ҳозиргина барқ уриб турган бахтиёрликнинг анвойи гулларини қилич кесгандай, бир сермаб, яксон қилиб ўтди.
Опанинг ранги оқариб, турган жойида ўтириб қолди.
Опа курашдан чекинмаслик кераклигини яхши билади. Энди шошилинч қўшимча чора-тадбирлар кераклигини, бу ярамаслик кимнинг қўли эканлигини фош этиш, зараркунандаликни томири билан юлиб ташлаш лозимлигини англади. Шу сабабдан, у “Кузатув пункт”ини ўзгартирди – уйидан чиқиб, эшикхона олдидаги қачонлардир уста Аҳмад ясаган бежирим скамейкага мустаҳкам жойлашиб олди.
Энди тартиббузар қочиб қутулолмайди! Энди сеҳру жоду ўтмайди! Унинг кўз олдида биров эшикни тарақлатиб кўрсин-чи!
Ҳақиқатдан ҳеч ким бу ишга ошкора журъат этолмади.
Қўшнилар эшикни авайлаб очиб, авайлаб ёпишар, бироқ улар Муяссар Қодировнага салом беришни тамоман унутган эдилар. Аввалига улар эшикхонадан чиққанда, опа алик олишга ҳозирланиб турди. Бир гал ҳатто элдан бурун “во…” деб аликни бошлаб юборди, бироқ хайрият, ўз пайтида тўхтатиб, масъулият залворидан ҳориган одамнинг “во-ей!..”ига айлантиришга улгурди!..
Салом беришмаса, садқаи сар! Энг муҳими, эшик тарақламаяпти.
Муяссар Қодировна билан ҳазиллашиб бўлмайди! Икки кун каллаи саҳардан бир маҳалгача эшикхона олдидан жилмади. Учинчи кун энди музаффар дамлар етганини, бемалол телевизор кўриши мумкинлигини тушунди. Уйига кириб, энди телеочқичга қўл узатганда, эшик қарсиллаб ёпилди.
У ташқарига отилиб чиқди.
Ҳеч ким йўқ.
Муяссар Қодировнанинг сарсон-саргардонлиги бошланди. Душманлар ниҳоятда айёр эди. Улар энди кўринмай эшикни тарақлатиб ёпишни ҳадисини олдилар. Опа эса дам уйга кирар, дам ташқарига отилиб чиқар – ғазабдан кўкариб, атрофга синчиклаб қарар, ҳеч кимнинг қораси кўринмагач, уйига қайтиб кирар, аммо яна эшик тарақлаб қолар эди.
Муяссар Қодировна – иродали одам.
У энди эшик олдидан бир зум жилмай ўтиришга қарор қилди.
Беш-олти соатлик уйқуни айтмаса, опа ўз “пост”ини бир лаҳза тарк этмай, кузни ўтказди. Совуқ-қирон кунлар келди. У ҳаммани ҳайрон қолдириб, ҳамон ўз “пост”ида эски пальтога ўралиб, титраб-қақшабгина ўтираверди. Охир қўшниларнинг сабр-тоқати тугади. Кутилмаганда Фотима билан Раҳимжонов домла Муяссар Қодировнага рисоладагидай салом беришиб, унинг қаршисида тўхташди.
– Муяссар Қодировна, – деди ним табассум билан домла. – Муяссар Қодировна, совуққа ўзингизни олдириб қўясиз, уйга киринг!
Опа қаҳр билан унга қаради. Индамади.
– Опажон… – деди Фотима.
Унинг овозидан меҳру муҳаббат ифори уфурди. У қандайдир чорасизлик қўйнида қолган опасини учратган-у, аммо уни қандай қилиб қутқазишни билмаётган эгачининг ачинишида Муяссар Қодировнага эгилди. – Ичкари киринг! Ўзингизни қийнаманг! Қора совуқ бўляпти, опажон! Қалтирашингизни қаранг!
– Мени уйга киргазиб, эшикни тарақлатмоқчимисизлар? – Бақирди опа. – Муродларингга етмайсизлар!
– Э, шу пружина ҳам!.. – деди домла ғайратланиб. – Ҳозир Аҳмадни чақириб, олдиртириб ташлаймиз! Ҳаммамиз шу балодан қутуламиз!
Опа ўрнидан туриб кетди.
– Йўқ! – деди пружина олинса, жони чиқиб кетадигандай. – Йўқ!..
Дўхтирлар келишди. Қўни-қўшнилар йиғилишди. Врачлар у ёқ-бу ёқдан опа билан ажиб бир мулойимликда гаплашган бўлишди. Бир-бирларига маъноли қарадилар. Сўнг авраб-сулдаб, Муяссар Қодировнани “Тез ёрдам”га чиқаришди. Фотима ҳам опанинг ортидан машинага кирди. Машина негадир текис асфальт йўлакчадан ортиқча силкина-силкина, катта йўлга чиқиб кетди.
Баҳор келди.
Нечанчи бор бозорга бориб-қайтган Зулхумор хиргойи қилганича, уйининг деразасини очиб юборди-да, телевизор қаршисидаги креслога ўтирди. Кресло ёнидаги чойстол устига қоғозга ўралган кунгабоқарни тўкди-да, экранга кўз ташлади.
– Вой, – деди у туйқусдан қувониб. – Вой!
Экранда Фотима кўринди. У каттагина хонани тўлдириб ўтирган – ҳаммаси бир йўсинда йўл-йўл кийим кийган эркак-аёлларга целлофан халтачаларда совға улашяпти. Нимаси биландир болаларга менгзайдиган эркак-аёллар миннатдорлик билан тортиқни қабул қилишяпти. Ҳаммасининг кўзида қувонч – арча байрамдаги болакайларнинг худди ўзи. “Бояқишлар касал, – деб ўйлади Зулхумор. – Касал!.. Анақа касал!.. Бечоралар! Потини ишини қаранг!.. Вой, Поти!..”
Ёши ўтган бемор аёл ўзида йўқ қувониб, ўрнидан турди. У ҳаяжонланиб шодиёна кулишда Фотиманинг қўлидан совғани олди. Ним таъзим қилди. Фотима уни бағрига босди. Қайта-қайта босди. Юзларидан ўпди. Сочларини силади.
Зулхумор аёлни таниди. Муяссар Қодировна!
– Вой, Поти!..
Зулхумор йиғлаб юборди.