ҲАЛИМА АХМЕДОВА: КЎЗИМ ГАВХАРИДА САЙР ҚИЛАР ДУНЁ

2018- йил 4-сон Адабий жараён Назм

 

Катта танаффуслар

Кузак деразаси осмонга яқин,
Навраста қиз каби нозланар ёмғир.
Ва хазон ҳидидан айланиб боши
Соғинчнинг уйида йиқилар кимдир.

Шаҳарнинг олифта боғларида жим,
Дарахтлар хаёлин чўқийди қарға.
Мискин туйғуларни тўзғитиб шамол
Бир маҳрам излайди дардин айтарга.

…Мен ҳам шамол каби туғёнли бу дам
Кетаман болалик юртига томон.
Тўхтатаолади мени на замин,
Ва на кузак билан топишган осмон.

Хўрлигим келади қандай юпатай,
(Кўнгилга чирмашган бу ҳадигимни.)
Кўсак чувиб катта танаффусларда
Қўллари ёрилган болалигимни…

Мактаб ҳовлисида тикилган чодир
Остида чувардик тинмасдан кўсак.
Тўққизми, ўн ёшда эдик ўшанда –
Ярмида синганди афсона эртак.

Ёмғирми, шамолми бўлиб гоҳида
Қочгим келар эди,
катта танаффусларда.
Олов ахтарардим ғўр ақлим билан
Кеч кузни безаган қиров, музлардан.
(Безгандим мен катта танаффуслардан.)

Кеч куз, мени кечир, сендан гинам йўқ,
Шунчаки бир лаҳза хотирга қайтдим.
Қайси фаслдансан? – сўрашди мендан
Уларга мен сендан эканим айтдим?

Сенинг нигоҳингда боқиб оламга,
Англадим, пушаймон на афсусдамиз.
Кўнгил сабоғидан аллақачонлар
Кетиб, ҳануз катта танаффусдамиз.

Қўшни қиз қўлимга тутқазиб дафтар,
Ийманиб дер: қолсин орамизда сир.
Ўқийман, бир мисра куйдирар кўзим:
“Меҳр бу – кўнгилнинг бошпанасидир!”

Шу иқрор зарбида яшайман узоқ,
Кўрганда алқайман шаффофдил қизни.
Ва дейман: сен катта шоир бўласан,
Алангадан топсанг ҳар битта сўзни.

Онасига десам, асранг, бу қизни,
У дер: шеър – жиннилар машғулотику!
Ва Нуҳ тўфонидан сачраган томчи –
Киртайган кўзимда айланади сув.

Кўнглим мактабида катта танаффус,
Дунё – роботларнинг тантанасидир.
Пичирлаб қўяман гоҳи-гоҳида:
“Меҳр бу – кўнгилнинг бошпанасидир!”

“Янги дунё топдик, ерлар сотилар,”
Эълонлар тарқатилар устма-уст.
Меҳр боғларига кирмайди ҳеч ким ,
Кўнгил мактабида катта танаффус.

Илма-тешик бўлган фазога боқиб,
Тижоратчи олим дер: “Фаразим рост.
Қуёшни парчалай олсак эдик биз,
Тоғдек уюларди энг тоза олмос.”

Қўрқаман, одамзот бир олма янглиғ
Сени ҳам емасми, эй она замин?
Билмаймиз, кўнгилсиз пучдан-пучдирмиз,
Нимадан олисмиз, нимага яқин?

…Ночорни жеркийди бозорчи хотин
Гўё узиб олар юрак парчасин.
– Бемеҳр экансиз, – десам у кулар –
– Қайда у сен айтган меҳр кўчаси?

Кеч куз. Ҳануз кўнгил мактаби очиқ,
Аммо ўқийдиган бирор толиб йўқ.
Бу дунёнинг жангу жадалларида
Ҳақиқий ғолиб йўқ, битта ғолиб йўқ.

Вақт бўлди, кўнгилнинг дарси бошланди.
Муаззам мактабга қайтайлик, эй дўст.
Меҳр манзилини бешафқатларга
Кўрсатайлик ёки айтайлик, эй дўст.

Айтайлик, ҳақиқат чорраҳасидан
Ўтганда айланиб бир дарё каби.
Нурнинг булоғи бор ризвондайин пок,
Шу булоқ бўйида кўнгил мактаби.

Ҳар фасл биздадир, биз фаслдамиз,
Кўксимизда урсин тонгнинг юраги.
Токи огоҳ этсин борлигимиздан
Шаффоф шудрингларнинг тоза жаранги.

Дунё дарвозасин тақиллатайлик,
Уйғотайлик кўча, ҳар бир хонани.
Меҳр мактабида тасдиқлатинг деб
Кўнгил деган буюк гувоҳномани.

Аммо орзуларим янчиб беомон
Барча шошилади кўнгил томонга.
Ва, нафс қони тепган, қизарган кўзлар,
Ёвуз нигоҳини қадайди жонга.

Осмон томирини ушлаб кўраман.
Юраги суст урар, жуда-жуда суст.
Қичқираман, қачон тугайди ахир,
Кўнгил мактабида катта танаффус?

Болалар уйида ғамгин қизалоққа
Ўйинчоқ ясаётган шамолни
Ва кимсасиз чолнинг ёстиқларини
Ювгувчи меҳрибон, ойдин хаёлни.

Ва фалаж боланинг бармоқчасини
Силаётган ўйчан чумолини ҳам.
Бир тунда ақлдан озган телбани –
Дегувчи: малҳам беринг, менга малҳам.

Дарахт тушларини ҳар тун қўриқлаб,
Тонг пардасин очаётган аёлни
Ва дадаси ташлаб кетган мурғакнинг,
Бўғзидаги аччиқ, бетоб саволни.

Қуёш ҳузурига бошлаб бораман.
Ва дейман: Наҳотки, ҳеч йўқ хабаринг,
Кўнгил мактабига боргувчи йўлни
Очиб бермайдими нури заргаринг?

Қуёш дер: Бир лаҳза қолибман мудраб,
Қарая, келибди Исо нафас куз.
Ишон, менга ишон, бўлмайди энди,
Кўнгил мактабида катта танаффус.

Дунёнинг йўлини, ҳаёт йўлини
Шиддатла бураман шу мактаб томон.
Токи ер оналик ҳуқуқи билан
Айлансин ва ишқда кўз очсин осмон.

Яқинда ҳамманинг қалбин эгнида
Толиблик либоси меҳр бўлади
Ва борлиқнинг кўкси ҳарорат билан
Хайригулнинг шивирига тўлади…

Қуёш ҳузуридан қайтарканман шод,
Ўйлайман: “яқинда…”
Бу қанча фурсат?
Замин ва осмоннинг оралиғида,
Дунё кўринади жуда баҳайбат.

Ва телба ёлвориб сўрайди яна:
Менга малҳам беринг, илтимос, малҳам!
Руҳимда қақшаган фасллар билан
Шу телбага ўхшаб қолгандай мен ҳам.

Кетаман яқинда умид томонга,
Йилт этган умидга асирман-асир.
Худи калимамдай қайтараман боз:
“Меҳр бу – кўнгилнинг бошпанасидир!
Меҳр бу – кўнгилнинг бошпанасидир!”
* * *

Нега мен шодмонман бугун бунчалар,
Шамолга яқинман, оловга яқин.
Унутган кунларим, кутган кунларим,
Руҳимга бостириб келмоқда тағин.

Осмон юрагини тўйиб ҳидласам,
Кипригимга қўнди абру найсонлар.
Гулга айланишни ўргандим, бугун,
Гарчи сўлган эдим аллақачонлар.

Умиднинг қақраган биёбонини
Мажнун ашки билан яна суғординг.
О, Тангрим пойингда беҳушман, ахир
“Қайта тирил!” деган пайғом юбординг.

Авжландим, авжимда ёввойи тўлқин
Қалбим дарёларга бошлайди улар.
Бу шодлик шунча зўр, учқуним тегиб,
Куйлаб юбордилар настарин гуллар.

Уфқ танглайини кўтарган тонгнинг
Шаффоф соясида чайқалади сув.
Шамолдай девона, оловдай жўшқин,
Жонимга чирмашди мастона ғулув.

Қарайман, боғларнинг эски қалбида
Олма гули сурар янгича хаёл.
Ва ўтган кунини ювиб, тозалаб,
Дорга илаётир бир ғамгин аёл…

Мен эса қувончдан телба бўлгудай
Ичаман ненидир ҳаёт жомидан
Парвозни унутган мусичаларга
Тинмай гапираман ишқнинг номидан.

Шу кенглик менманми, шу кенглик менми?
Кўзим гавҳарида сайр қилар дунё.
Менга нигоҳини тўлдириб олар
Руҳимнинг руҳида кўкарган само.

Шодлигим жуда кўп, кўтаролмасдан
Майишиб кетади ҳаёт кураги.
Қанчалар шодмонман,
аммо айт Тангрим
Менда йиғлаётган кимнинг юраги?!

Нега мен шодмонман бугун бунчалар,
Шамолга яқинман, оловга яқин.
Унутган кунларим, кутган кунларим,
Руҳимга бостириб келмоқда тағин.