ОГАҲИЙ: КИ, ЎН САККИЗМИНГ ОЛАМ ЎН САККИЗ ЁШИНГДАН АЙЛАНСУН

2018- йил 4-сон Адабий жараён Назм

ОГАҲИЙ
(1809–1874)
Ки, ўн саккиз минг олам ўн саккиз
ёшингдин айлансун

* * *
Мунчаким дилкашдурур фархунда дийдоринг сенинг,
Тонг эмастур жон била бўлсам гирифторинг сенинг.

Ҳусн аро гарчи қуёш олий мақом ўлди, вале,
Кўйинга юз қўйғон ул бир ошиқи зоринг сенинг.

Маҳв ўлуб дийдоринга гуллар яқосин қилди чок,
Боғ аро чун кўрдилар гулзори рухсоринг сенинг.

Доми ҳайрат пой бандидур мудом озода сарв,
То тамошо қилди зебо қадду рафторинг сенинг.

Жовидони жонға восил хаста жисмим бўлғуси,
Гар эшитсам бир нафас жонбахш гуфторинг сенинг.

Илтифот айлаб агар кулбамға еткурсанг қадам,
Бош қўюб олингда жон эткумдур исоринг сенинг.

Нетти сурсанг Огаҳийнинг ҳолини раҳм айлабон –
Ким, уларга етти дардингдин бу беморинг сенинг.

* * *

Васл аро мушкил ғами ҳижрон эканни билмадим,
Ҳажр дарди бўйла бедармон эканни билмадим.

Шукр қилмай васлиға тушдим ғами фурқат аро,
Ушбу ғам мундоқ балойи жон эканни билмадим.

Базмгоҳи васл аро эрдим жаҳондин бехабар,
Ҳажр аро тушкач, жаҳон зиндон эканни билмадим.

Оҳким, то кирмагунча ҳажр муҳлик даштиға
Васл базми равзаи ризвон эканни билмадим.

Етмагунча токи жоним комиға заҳри фироқ,
Ёр лаъли чашмаи ҳайвон эканни билмадим.

Жонға осойиш висол ичра етиб шому саҳар,
Ҳажр дардидин ўлум осон эканни билмадим.

Дарди ҳижрон дафъиға, дедимки, тортай соғаре,
Ёрсиз саҳбойи гулгун қон эканни билмадим.

Борча авқотимни беҳуда ўтурдим, гўиё
Умрни бир неча кун меҳмон эканни билмадим.

Огаҳий ёнглиғ ҳамиша айш ила мағрур ўлуб,
Васл аро мушкил ғами ҳижрон эканни билмадим.

* * *

Не тонг сансиз ҳалок ўлсамки, жисмим ичра жонимсан,
Бақойи лаззати айшу ҳаёти жовидонимсан.

Ғамим йўқтур агар ишқ ичра ҳар кун юз карат ўлсам –
Ки, нутқи руҳпарвар дилбари Исо нишонимсан.

Ман аҳли ишқ аро асру хушилҳон булбулингдурман,
Сан аҳли хусн ичра юз гул очғон гулистонимсан.

Не тонг комиға еткурсанг карамдин ушбу қулниким,
Сарири ҳусн узра подшоҳи комронимсан.

Топарман шер ёнглиғ аҳли ишқ ичра товонолиғ,
Десанг токи манга бир хаста шўри нотавонимсан.

Мани лутф айлабон комимға еткурсанг тонг эрмаским,
Нигорим, дилситоним, ғамгусорим, меҳрибонимсан.

Назр бир гўшаи чашминг била қилсанг манга басдур –
Ки, манман бир гадоу сан Сулаймони замонимсан.

* * *
Солди ўт кўнглумга ўғрин боқишинг,
Олди жонимни қараб қош қоқишинг.

Қолмағай кул бўлмайин бору йўқим,
Гар бу эрса ишва ўтин ёқишинг.

То абад йўқтур халосим гар будур,
Бўйнума ишқинг камандин тоқишинг.

Тиғи мужгонинг етурди жонға захм,
Дуржи лабдин қони марҳам ёқишинг.

Хирмани умрим куёр андоқки абр,
Гар бу эрса қаҳр барқин чоқишинг.

Жавринг айёмин дегунг ошиққа ёз,
Гар будур ёзинг нечук оё қишинг.

Ғам чекарда битмади ёлғуз ишим,
Дўстлар, ушбу ишимга боқишинг.

Ер юзин тўфон олур, эй кўзёши,
Тинмайин бир дам бу эрса оқишинг.

Юз назарға ўзга гар қонеъ эмас,
Огаҳийға басдурур бир боқишинг.

* * *

Оташин рухсоринг очсанг аҳли олам ўртанур,
Аҳли олам йўқки, миноранг тора ўрнатур.

Жилва айлаб, юз очиб майдон аро сурсанг саманд.
Ҳам парию, ҳам малак, ҳам хайли одам ўртанур.

Чексам ўтлуғ оҳ ҳажринг бирла гардун ўт бўлуб,
Ҳам куёр хуршид ҳам Исою Марям ўртанур.

Ушбу қадду юз била боғ ичра гар қилсанг хиром,
Ҳам куёр рашк ўтиға шамшоду гул ҳам ўртанур.

Гаҳ-гаҳи лутф айлабон базми висолингға етур,
Тобакай фурқат ўтиға жони пурғам ўртанур.

Илтифоту раҳм изҳор айлабон ҳолини сўр,
Хаста кўнглум ишқинг ўтидин дамодам ўртанур.

Қил тамошо Огаҳийнинг ҳолини ҳижрон аро,
Оҳи ўти учқунидин жумла олам ўртанур.

* * *

Ишқинг ғамида дийдаи гирёнима раҳм эт,
Ҳажринг тунида нолаи афғонима раҳм эт.

Жавринг чекибон жони ҳазин чиққоли етди,
Эй жону жаҳон, жонинг учун жонима раҳм эт.

Торожи фироқинг яланг этти тани зорим,
Бер жомаи васлинг – тани урёнима раҳм эт.

Дардинг чекарам гўшаи вайронада умре,
Ташриф кетур кулбаи аҳзонима, раҳм эт.

Ҳолимни паришон юз уза айлади зулфинг,
Жамъ эт онию ҳоли паришонима раҳм эт.

Эй гул, ғами ҳажрингда кўнгул булбули нола
Токай қиладур – булбули нолонима раҳм эт.

Даврон ситами, ишқ ғами, ҳажр балоси
Қасд этти ҳазин хотири вайронима, раҳм эт.

Бежурм мани ёзғурубон тиғи жафони
Жонимға суруб қолма – манинг қонима раҳм эт.

Ҳайратдадурур Огаҳий то кўрди жамолинг,
Эй ҳурлиқо, дийдаи ҳайронима раҳм эт.

* * *

Юзинг очким, қуёш садқанг бўлуб, бошингдин айлансун!
Янги ой юз тавозеъ кўргузуб, қошингдин айлансун!

Агарчи лаълу ёқут эл замириға муфаррихдур,
Ҳаётафзо ики лаъли гуҳарпошингдин айлансун!

Тану жоним ҳадаф айлаб, ўқу тош отсанг, эй чобук,
Бири ўқингдин эврулсун, бири тошингдин айлансун!

Рақибинг гар эрур хасмим, они йулдош этуб келсанг,
Санга жон садқа бўлсун, жисм йўлдошингдин айлансун!

Чу ўн саккизга етти ёшинг, ол бурқаъ жамолингдин –
Ки, ўн саккиз минг олам ўн саккиз ёшингдин айлансун!

Боқиб кўз учидин пинҳону фош этдинг тағофиллар,
Йўқу борим ҳамул пинҳон ила фошингдин айлансун!