ШУКУР ҚУРБОН: СИЗ АЙТГАН ГАПЛАР СЎЗЛАРИМ ЯШАР.

2018 йил 3-сон Адабий жараён Назм

 

Тақдимот
ёхуд маърифат ҳайкали учун сюжет

Миллий кутубхона.
Кўзларида нам,
Китоб қошида тиз чўкди кекса бир одам.
Худога ширк келтиришми, йўқми бу, билмам,
Кўпчиликка хуш ёқди бу,
Ёқди менга ҳам.

Битилганди унда ўзбек тарихи рўй-рост,
Минглаб йиллик халқ тарихи, замонага хос.
Минглаб йиллик орзу-армон, ҳайрат, ҳаяжон,
Минглаб йиллик фактлар ила битилганди соз.

Олқишлардан титради зал,
Титради юрак,
Тиз чўкди чол туролмади ўрнидан бироқ.
Сизарди кўзёшлари соқолига жим,
Англадикки, ёрдам учун шошилиш керак.

Энг аввало, муаллифлар қўзғалди шитоб
Ва отахон пойига тушди у китоб –
Тегиб кетиб, бехосдан кимнингдир қўли,
Эҳтиромга эҳтиром қайтганди шу тоб.

Ва оҳ тортиб юборди бу ҳолатдан зал,
Балққан эди тайёр сюжет-эскиз шу маҳал:
Тиз чўккан зот. Пойида очилган китоб…
Бўлар эди маърифатга ясалса ҳайкал.

Азизларим

Бирингиз – ўғлимсиз, бирингиз қизим,
Менинг фарзандларим – ҳозирги ёшлар.
Сиз юрган йўлларда қолади изим,
Сиз айтган гапларда сўзларим яшар.

Қандай из, қандай сўз, гап ана шунда,
Сизларга неларни қолдирдим мерос?
Қоврилиб қақшадим қайси бир мунгда,
Қайси қувончларда яйради рўй-рост?

Мўл эди саволлар кўнглим қатида,