ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНЪАТ АРБОБИ ИБРОҲИМ ҒАФУРОВГА

Адабий жараён

Муҳтарам Иброҳим Усмонович!

Авваламбор, Сизни камолот ва донишмандлик фасли – табаррук 80 ёшингиз билан самимий муборакбод этаман.

Эл-юртимиз Сизни ноёб истеъдоди ва самарали ижоди билан жамиятимизнинг маънавий ва ижтимоий равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган атоқли маъри- фатпарвар адиб, йирик олим, фаол жамоат арбоби сифатида яхши билади ва юксак қадрлайди.

Сизнинг йигирманчи аср ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган буюк сўз санъ- аткорларининг мураккаб ва ибратли ҳаёт ва ижод йўлига бағишланган теран адабий тадқиқотларингиз, “Гўзалликнинг олмос қирралари”, “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Ям-яшил дарахт”, “Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат” сингари ўқувчилар қалбидан чуқур жой олган китоб ва рисолаларингиз ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигининг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.

Айни пайтда адабиёт ихлосмандлари Сизни бадиий таржима соҳасида ўзига хос мактаб яратган, миллий адабиётимиз хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшган беназир ва моҳир таржимон сифатида эътироф этадилар.

Ўзбек китобхони Сизнинг заҳматли изланишларингиз туфайли жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини, жумладан, Лев Толстой, Ги де Мопассан, Фёдор Достоевский, Жеймс Жойс, Эрнест Хемингуэй, Фридрих Ницше, Габриэл Гарсиа Маркес, Чингиз Айтматов сингари бетакрор ижодкорларнинг асарларини ўз она тилида ўқишга муваффақ бўлди.

Юксак малакали ношир ва ҳассос публицист сифатидаги Сизнинг фидокорона хизматларингиз мамлакатимизда нашриёт-матбаа соҳаси ва миллий журналисти- камизни равнақ топтиришга катта ҳисса бўлиб қўшилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Доимо янгиликка интилиб яшайдиган, жонкуяр ва меҳрибон устоз сифатида кўп йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ёшларга сабоқ бериб, кўплаб истеъдодли шогирдлар тарбиялаганингиз ҳар томонлама таҳсинга лойиқдир.

Ватанимиз мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб Сиз Олий Мажлис депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари сифатида демократик ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш, хусусан, миллий қонунчилигимиз асосларини мустаҳкамлаш ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида жон- бозлик кўрсатдингиз.

Сизнинг мамлакатимиз тараққиёти ва жамиятимиз равнақи йўлида олиб бо- раётган кўп йиллик самарали хизматларингиз давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари ҳамда “Ўзбекистон Респуб

ликаси санъат арбоби” фахрий унвони билан тақдирланганингиз барча адабиёт мухлисларини албатта қувонтиради.

Ватан ва миллатга, сўз санъатига садоқат ҳақида сўз борганда, жамоатчилигимиз, халқимиз, биринчи навбатда, ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган Сиз каби илғор фикрли зиёлиларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга олиши табиийдир.

Мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнлар янги, юксак босқичга кўтарилиб, ҳал қилувчи кучга айланаётган бугунги кунда Сиз сингари чуқур би- лим ва ҳаётий тажрибага, фаол ижтимоий позицияга эга бўлган, қалби, виждони уйғоқ замондошларимизнинг ҳаётдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Сизнинг мана шундай улуғ ва табаррук ёшда ҳам фаол ва жўшқин ижод билан шуғулланаётганингиз барчамиз учун, аввало, навқирон истеъдод эгалари учун юксак ўрнак ва ибрат намунасидир.

Ижод ва илҳом завқи Сизни ҳеч қачон тарк этмасин!

Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, янги-янги асарлар қувончи доимо ёр бўлишини тилайман.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти