2018 ЙИЛ КЎП НАРСАНИ ҲАЛ ҚИЛАДИ

Адабий жараён

Мана, XXI асрнинг ўн саккизинчи довонига ҳам қадам қўйдик. Ўтган йил ҳаммамиз учун ижобий янгиликлар, мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва ма- даний ҳаётида катта ўзгаришлар йили бўлди. Китобхонлик маданиятини ошириш, адабиёт аҳли меҳнатини  қадрлаш, ижодкорлар  обрўсини кўтариш борасида амал-  га оширилаётган ишлар, жумладан, Адиблар хиёбони ҳудудида Ўзбекистон Ёзув- чилар уюшмаси янги бинога эга бўлгани, ижодкорларнинг моддий томондан фаол қўллаб-қувватланаётгани, Марғилонда Эркин Воҳидов боғи, Андижонда Муҳаммад Юсуф боғи, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия боғининг барпо этилгани, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва шоир ҳайкалининг очилгани, халқимизнинг ардоқли фарзанди Шароф Рашидов таваллуди- нинг 100 йиллиги, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Иброҳим Ғафуровнинг 80 йиллиги нишонлангани, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ва Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг давлат мукофотига муносиб кўрилгани, айниқса, ўтган йилни биз учун ниҳоятда қадрли қилиб қўйди.

Бошланган янги йилдан умидимиз яна ҳам катта. Чунки Ўзбекистон Республи- каси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизга қаратилган янги йил табригида “2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади, деб айтишга барча асосларимиз бор”, деб бежиз таъкидламади. Бу эса давр биз – қаламкашларнинг зиммасига янада катта масъулиятли вазифаларни юклаганини англатади.

Бундан икки йил аввал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан журналнинг даврийлигини ўн иккита қилиб белгилаганда, бу ишимиз таваккалдек кўринган эди: чоғимиз келармикин, муаллифларимиз бизга ишонармикин, агар ишонса, буни оқлай олармикинмиз, ўқувчиларимиз ёнимизда турармикин? Хай- риятки, бу шарафли вазифани адо этяпмиз, муаллифларимиз бизга ишонишди, қўллаб-қувватлашди, сиз – азиз ўқувчиларимиз дўст бўлиб ёнимизда турибсиз.

Сиз билан йил давомида ўн икки бор кўришган бўлсак, шукрким, ўн икки бор ҳам сизга самимий ва илиқ сўзлар айта олдик. Бу йил ҳам сизни севимли ижодкорларин- гиз билан учраштириш, дийдор баҳона дилдаги гапларни айтиш ниятидамиз. Бу йил сиз учун Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз”, Озод Мўъмин Хўжанинг “Паҳлавон Маҳмуд”, Нормурод Норқобиловнинг “Кураш” қиссаларини, Бахтиёр Абдуғафурнинг “Султон Жалолиддин Мангуберди”, Шойим Бўтаевнинг “Еттинчи тонг” романлари- ни, шунингдек, Тоҳир Малик, Эркин Аъзам, Неъмат Арслон, Назар Эшонқул, Со- бир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Исажон Султон ҳикояларини, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Азим Суюн, Абдулла Шер, Усмон Азим, Ҳалима Аҳмад, Эшқобил Шукур каби забардаст ижодкорларнинг шеърларини, янги асарларини тақдим этамиз. Жорий йил сўнггида эса журналда босилган энг яхши насрий, шеърий, публицистик асарлар, адабий тадқиқот муаллифлари учун мукофот кўзда тутилган. Мукофот эгаларини эса сиз – азиз журналхонлар аниқлаб берасиз.

Кириб келган янги йил барчамизга эзгуликлар, омад, бахт қатори бадиий етук асарлар ҳам олиб келсин!