Ибн СиноМеҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан!
Сен, Абдуллоҳ ал-фақиҳ ал-Маъсумий, мендан ишқ ҳақида қисқача бир рисола ёзиб беришни сўраган эдинг. Қуйида сенинг истагингни бажо келтириш ва сенга манзур бўладиган бир рисола битишга ҳаракат қилдим ва барча имкониятларимни ишга солдим.
Рисола етти фаслдан иборат: Ҳар бир жонзотнинг жавҳаридан келиб чиқадиган ишқ тўғрисида; Оддий жонсиз мавжудотлар (маъданлар)га хос севги ҳақида; Ўзларига хос миқдордаги озиқланиш қувватига эга бўлган мавжудотлар (ўсимликлар) севгиси ҳақида; Ўзига хос тириклик меъёрига эга бўлган ҳайвоний руҳ, жавҳар эгалари севгиси ҳақида; Ёш, ёрқин, гўзал хилқатларнинг ишқи ҳақида; Аҳли диллар ишқи ҳақида; Хулосалар.

Аввалги фасл
Ҳар бир жонзотнинг жавҳаридан келиб чиқадиган ишқ тўғрисида
Оллоҳ томонидан бошқариладиган ҳар бир мавжудот (жавҳар эгаси) ўзи учун хайрга ва камолотга интилади ва ўз табиатидаги шаър – ёмонлик деб аталувчи нуқсонлардан қутилишга ҳаракат қилади. Ўша ёмонлик, аслида, модданинг илк ҳолатида мавжуд эди. Зеро, ҳар қандай ёмонлик ва нуқсон модданинг илк ва номавжудлик ҳолатидан келиб чиқади. Юқоридан бошқариладиган барча мавжудотлар туғма ишқ ва табиий ҳирс (истак)га эга бўлади. Бундан: севги интилиши нарса (ашё)нинг мавжудлиги сабабчисидир, деган фикр келиб чиқади.
Барча мавжудотларни учта белгисига қараб тоифаларга бўлиш мумкин: Ўзига хос камолотга етишганлар; Охиригача нуқсонга ботганлар; Иккала ҳолат ўртасида иккиланувчи, табиатан оралиқ ҳолатда турувчилар.
“Нуқсонларга охиригача ботганлар”, деб таърифланувчилар мутлақ номавжудликка яқин ва мавжудликдан барча алоқалари узилган, шунга кўра, уларни “мутлақ номавжуд”, деб таърифлаш ва уларни номавжуд нарсалар қаторида ўрганиш мумкин. Булар бўлиниши бўйича ёки фикран мавжудот қаторига қўшиладиган бўлса-да, уларни моҳият (жавҳар)ли борлиққа қўшмаслик керак. Мавжудлик иборасини уларга нисбатан фақат мажозий маънода қўллаш лозим. Шундай қилиб, ҳақиқий мавжуд нарсаларни ё расолик, камолотга эришган ёки табиати бўйича фазилатлар ва нуқсонлар ўртасида иккиланиб турувчи, деб таърифлаш лозим бўлади. Муайян бир мукаммалликка интилиш сабабли умумийликка эга бўлган нарсалар туғма севги орқали кечади ва уни ўзининг такомиллашуви билан боғлаш мумкин.
Бу – сабаб жиҳатидан ва “нима учун?” деган савол қўйилиши жиҳатидан ҳам аниқ-равшандир. Чунки (1) бирорта олий тамойил асосида бошқариладиган якка (индивидуал) жавҳар ўзига яраша такомиллашувдан бебаҳра эмас; (2) Бундай жавҳарнинг ўз-ўзидан эришган малакаси такомиллашув учун етарли бўлмайди ёки юқоридан бошқариладиган жавҳар ўз-ўзидан баркамол бўлган илоҳий нур моҳияти ҳисобланади. Шунга кўра, (3) ҳар бир якка жавҳарда такомиллашувга олиб келадиган бу тамойилни айрим файласуфлар тушунганларидек, якка мавжудотларнинг ҳар бирига алоҳида хос бўлган такомиллашув, деб ўйламаслик керак. Шундай экан, Вожиб ул-вужуд барча мавжудотлар учун умумий бўлган ишқни бериши зарурий бўлади. Бу билан илоҳий нур тарқалиши (тажаллий) туфайли ҳосил қилинган умумий камолотни – умумий мукаммаллашувни сақлаб қолиш, бу дунёда оқилона тартиблар ўрнатилиши туфайли пайдо бўлган камолотни йўқотмаслик заруратидан келиб чиқади. Шундай қилиб, бундай севги – юқоридан бошқариладиган барча мавжуд нарсалар зарурият маҳсулидир ва ажралмас хусусиятдир. Акс ҳолда, бу умумий ишқни сақламоқ, уни номавжудликдан асрамоқ ҳамда йўқликка юз тутганда қадимги ҳолатга қайтармоқ учун бошқа бир севги (ишқ) керак бўлур эди. Бундай ҳолда ана шу икки севгининг бири фойдасиз ва ортиқча, деб ҳисобланган бўлур эди.
Табиатда эса илоҳий тартиб бўйича ортиқча ва фойдасиз нарсанинг ўзи йўқ (яъни табиат бекаму кўст яратилган). Аммо умумий ва мутлақ севгидан ташқари севги ҳам йўқ. Илоҳий бошқариладиган (юқори тамойил асосида бошқариладиган) ҳар бир нарсанинг мавжудлиги туғма ишқ (яшаш ишқи) билан боғлиқдир.
Шу далилдан келиб чиқиб, аввал айтганимиздек, бундан янада юқорироқ поғонага ўтамиз, яъни Олий Мавжудот томонидан бошқариладиган нарсаларнинг Худонинг қудрати билан яшаши жараёнларини қараб чиқамиз. Ва биз айтамизки, эзгулик (хайр, яхшилик, неъмат) ўз-ўзидан севимлидир. Агар шундай бўлмаганида, бирон юмушни бажарувчи, хоҳиш-ирода эгаси мақсадли ҳаракат қилмаган бўлур эди. Агар эзгулик шунчалик севимли бўлмаганида эди, унга эришмоқ йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат фойдасиз бўларди. Шунга кўра, яхшилар яхшиликни севади. Ёки ишқ ҳақиқатан ҳам мутаносибликни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Бу севги, йўқолган севги сари интилишнинг ўзгинасидир. Агар бундай бўлмаса, у йўқликка кетиши мумкин эди. Барча мавжуд нарсалар ўзига тўғри келганларни қўллаб-қувватлайди ва йўқотилган нарсаларга қараб интилади. Асл яхшилик эса барча мавжудотларга хайрхоҳлик ва ҳақиқатга тўғри келадиган нарсани ният қилмоқдир. Сўнгра маъқуллаш ва интилиш ҳам, инкор қилиш ва жирканиш каби ҳаракатлар мавжуд нарсаларнинг яхшиликка мойиллиги ёки мойил эмаслиги билан боғлиқ ҳолда кечади. Зеро, нарса ўз-ўзидан фақат хайрлилиги учун маъқулланади. Тўғри маънодаги эзгулик нарсалар кўринишидаги моҳиятан соғломлик ва хайрлилик белгиларига қараб аниқланади. Яхшилик шунинг учун севимлики, у ўзича яхши ёки бошқа яхшиликларни келтиргани учун хайрлидир. Ишқ қандай турда бўлмасин, у ё нимагандир эриштирувчи ёки эришилиши зарур бўлган туйғудир. Шу нарса аниқки – у барча нарсадан севимлидир. Нарсаларнинг яхшилиги ошган сайин севги манбаининг қадри ҳам, шунингдек, яхшилик сари ишқий интилиш ҳам ортиб боради.
Демак, ўта қутлуғ ва энг яхшиларнинг ҳам энг яхшиси бўлган зот энг севимли зотдир. Зеро, Унинг Ўзи энг олий яхшиликдир. Энг яхши зотнинг ошиғи ҳам энг яхши зотнинг Ўзидир. (Бошқаларнинг Яратганга ишқи энг мукаммал ишқ даражасига етиши қийиндир.) Зеро, хайрли эзгуликни англаш, унга эришмоқ ва у билан бевосита қўшилиб кетмоқ орқалигина уни сева олади. Хайри Аввал (Мутлақ яхшилик) абадий давом этувчи яхшиликдир ва Унинг Ўзига бўлган ишқи тўла баркамол ишқдир. Шунга кўра, унинг борлиғи (Вожиб ул-вужуд) билан илоҳий сифатлари ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Ишқ бу ерда мутлақ яхшилик, соф моҳият (жавҳар) ва борлиқдир.
Шундай қилиб, барча мавжуд бўлган нарсалар учун ишқ уларнинг борлиғи сабабчиси ёки ишқ ва борлиқ унда айнан ўхшашдир. Маълумки, биронта якка моҳият (жавҳар) ишқдан мосуво эмас. Биз тушунтирмоқчи бўлган нарсалар худди шулардан иборат эди.

Иккинчи фасл
Оддий жонсиз мавжудотлар (маъданлар)га хос севги ҳақида

Оддий жонсиз мавжудотлар уч тоифага бўлинади: Ҳақиқий ҳаюло (дастлабки модда); Ўз-ўзича мавжуд бўла олмайдиган шакллар; Иккинчи даражали (жузъий) нарсалар (акциденция). Ана шу шакллар билан жузъий нарсаларнинг фарқи шундан иборатки, модда шакл­да моҳият касб этади. Шунинг учун ҳам қадимги илоҳиётчилар шаклни моҳият жинсининг бир турига киритиш керак, деб ҳисоблар эди. Чунки шакл мустақил равишда мавжуд бўлган моҳият (жавҳар)нинг узвий қисми ҳисобланади. У ўз-ўзича алоҳида мавжуд бўла олмайди. Чунки дастлабки модданинг табиати (ҳолати) шундай эди. Шунга қарамай, модда жавҳари моҳиятга тегишли эканлигини инкор қилиб бўлмайди. Чунки у табиатан ўзидан-ўзи мавжуд бўлувчи моҳиятларнинг бир бўлаги ҳисобланади. Бундан ташқари, илоҳиётчилар илк модда (ҳаюло)га нисбатан шаклда кўпроқ моҳиятга оид хусусиятлар мавжуд, деб билишади. Бунинг сабаби шундан иборатки, модда жавҳари шу жавҳарга шакл бўлгани учун ҳам мавжуддир: агар шакл мавжуд бўлса, жавҳар ҳам бил-феъл мавжуд бўлиши керак. Шунга кўра, бил-қувва шакл бил-феълнинг бир тури сифатида мавжуддир, дейилади.
Дастлабки ҳаюло (хом-ашё) ҳолатида яширин моҳият касб этувчи, салоҳий, бил-қувва ашёлар қаторига кирар эди. Аммо қайсидир бир моҳиятнинг бил-феъл мавжудлиги илк ҳаюло мавжудлигидан келиб чиқиши шарт эмас. Шунга кўра, у яширин моҳиятнинг (яширин куч-қувватнинг) бир тури ҳисобланади.
Шу тариқа шаклнинг ҳақиқий табиати аниқланади. Шаклнинг бундай ҳақиқий табиатини унча муҳим бўлмаган нарсалар (акциденция – оразлар) қаторига киритиш керак эмас, чунки ораз моҳият касб этувчи асос эмас ва уни ҳеч қандай нуқтаи назар билан ҳам моҳиятга тааллуқли, деб бўлмайди.
Шуни аниқлаб олгач, айтамизки, бу жонсиз оддий якка моҳиятларда ҳам туғма ишқ бўлади. У бу ишқдан ҳеч қачон ажрала олмайди ва ишқ уларнинг мавжудлиги сабабчисидир.
Энди илк модда – ҳаюлога келсак, у қандайдир бир шаклга эришмоғи, шу билан ҳар қандай шаклдан мосуво бўлмоғи ҳам мумкин. Илк материя (ҳаюло) йўқлик манзилидир. Шунга кўра, у (илк материя) бир шаклга эриша олмагач, мутлақ номавжудликдан қутилиши учун бошқа бир шаклга эга бўлиш сари шошилишини тушуниб оласан. Зеро, ҳақиқатан ҳам ҳар бир якка моҳият табиатан мутлақ йўқликдан қочади. У (илк материя) шаклга эга бўлганда унда фақат нисбий йўқлик ҳолати зоҳир бўлса, (умуман) бирон шаклга кирмаганда эса у мутлақ йўқликка дохил бўлади. Бунда нега бундай экан, дея фикрлашнинг ҳожати йўқ. Илк модда (ҳаюло) хунук бир аёлга ўхшайдики, хунуклиги кўриниб қолмаслиги учун у ҳар бир ярашиқсиз жойини енги билан яширишга уринади. Шундай қилиб, илк модда – ҳаюлода туғма ишқ мужассамлашгандир, десак бўлади.
Шаклга келганимизда, ундаги туғма ишқ икки тарафлама кўринишга эга:
1. Унинг (шаклнинг) ўз ашёсига яқинлиги содиқлигида мустаҳкам туриши ва ўз ашёсидан уни ажратадиган ҳар қандай нарсадан қочиши;
2. Ўз ҳаюлоси ва табиий ўрнига бўлган содиқлиги ва уларга эришган ҳамда ишқий интилган пайтда у беш оддий унсурдан иборат бўлиши. Шакл ушбу даража-ҳолатлардан ташқари бошқа ҳеч нарсага таянмайди.
Оразлар (акциденциялар)га келсак, уларнинг ишқи ўзлари интилган нарсаларга содиқлиги, навбатма-навбат алмашиниб туриши билан боғлиқ эканлигида намоён бўлади.
Шундай қилиб оддий (жавҳар) моҳиятлардан ҳеч бири ўз табиатига доир ишқдан мосуво эмас.
Учинчи фасл
Ўзларига хос миқдордаги озиқланиш қувватига эга бўлган мавжудотлар (ўсимликлар) севгиси
Ўсимлик руҳининг уч турли қуввати борлигини қисқача кўрсатиб ўтамиз: Озиқланиш қуввати; Ўсиш қуввати (кучи); Кўпайиш қуввати.
Шунингдек, ўсиш қувватига доир ишқнинг ҳам учта кўриниши бор:
1. Улардан бири, озиқланиш қуввати бўлиб, унинг модда эҳтиёжига мувофиқ зарур бўлган озиқа миқдорини билиши ва унинг табиатига айланган озиқланувчи танада сақланиши; 2. Севгининг иккинчи кўриниши ўсиш қувватига тегишли бўлиб, озиқланмиш тананинг муқобил равишда улғайиши манбаидир; 3. Севгининг учинчи кўриниши кўпайиш қувватига тегишли бўлиб, ўзи пайдо бўлган (нарса)га ўхшаш мавжудот пайдо бўлиши учун интилишидир.
Ўша қувватлар мавжуд бўлса, аниқки, ишқнинг ўша кўринишлари ҳам намоён бўлади.

Тўртинчи фасл
Жонли мавжудотлар – ҳайвоний (жавҳар) моҳият эгалари севгиси
Шубҳасиз, ҳар бир ҳайвоний руҳ ва қувват “туғма ишқ” таъсири билан ҳаракатга келади. Акс ҳолда, ҳайвонлардаги туғма хусусият – зарар келтирувчи нарсалардан табиий қочиш, ҳазарланиш ҳамда туғма ишқ пайдо қиладиган табиий хусусият бўлмаганида эди, ҳайвон танасида руҳ қуввати мавжудлиги қуруқ гапдан иборат бўлиб қоларди. Руҳ қуввати, ҳайвоний руҳ ўзининг барча бўлакларида намоён бўлади.
Ташқи сезги туфайли пайдо бўладиган ҳислар тана учун ё ёқимли ёки ёқимсиз бўлиши мумкин. Акс ҳолда, ҳайвон танаси учун ташқаридан бўладиган таассурот унинг учун фарқсиз бўлиб қолар, зарарли таъсирлардан ўзини ҳимоя қилмаган ва унинг табиатидаги ҳиссиёт кучлари ортиқча ва кераксиз нарса бўлиб қоларди.
Энди ички ҳиссиётларга келганимизда, улар хотиржамлик, ёқимли тасаввур ва шунга ўхшаш нарсалар туфайли пайдо бўлади ва йўқотилганда улар сари кучли интилиш сезилади.
Қаҳру ғазабгача келганимизда (унинг ҳаракати) ўч олиш истаги ва ҳукмронликка интилиш, камситилишдан, ожизликдан ва шунга ўхшаш нарсалардан қочишга интилишдир.
Моҳиятнинг ҳиссиётлар бўлимига келсак, аввалги фаслларда айтилган фикрлар янада тушунарлироқ бўлиши учун озроқ чекиниш қиламиз ва бу фойдадан холи бўлмайди, албатта.
Ишқ икки турли бўлади. Биринчиси – табиий севги. Уни юзага чиқарувчи куч мақсадига эришмагунча, (агар унга ташқи томондан қандайдир қаршилик қилувчи куч бўлмаса) кўнгли тўлмайди. Масалан, тош, уни мажбурлаб жойидан қўзғатувчи куч пайдо бўлмагунча, ўз ўрнида собит тураверади. Бу хусусият озиқа қуввати ва бошқа ўсувчи қувватларда ҳам бор. Табиий ишқ бирон ташқи куч таъсир этмагунча озиқланишда давом этаверади. Ишқнинг иккинчи турига ихтиёрий равишда танланадиган севги киради. Уни юзага чиқарувчи (куч) баъзан бу севгининг зарар келтириши аён бўлса, ўз муҳаббатини инкор қилиши ва ундан воз кечиши ҳам мумкин. Масалан, хўтик узоқдан бўри яқинлашиб келаётганини сезса, қанчалик оч бўлмасин, ўзи еётган арпани ташлаб, қочишга тушади. Хўтик учун бўридан келадиган зарар ем емоқдан келадиган лаззатдан устундир.
Баъзан иккита ошиқ битта маъшуққа эга бўлади. Тағин улардан бири табиий, иккинчиси эса эркин танлов хусусиятига моликдир. Масалан, кўпайиш (насл қолдириш) мақсадида пайдо бўладиган севгини олиб қарайлик: бунда севгини келтириб чиқарувчи куч ўсимликдаги кўпайиш, ҳайвонлардаги насл қолдириш қуввати туфайли содир бўлади.
Шунга таяниб айтамизки, ҳайвоний сезги қуввати оддий одамлар учун янада аниқроқдир. Уни тушунтириб ўтирмаймиз. Ақлсиз ҳайвон нимани севса, ўсимлик қувватлари ҳам ўша озиқага интилади. Тўғри, ўсимлик қуввати севгисидан шундай ҳаракатлар пайдо бўладики, буларни табиий, тубан (ҳатто) энг тубан турга ҳам киритиш мумкин: ҳайвоний қувватлар севгиси эса ихтиёрий ва юқори ҳамда мумтоз турга тааллуқли, шунчалик ёқимли ва ажиб манбалар асосида кечадики, айрим ҳайвонлар бунда туйғулар қувватидан фойдаланадилар. Шунга кўра, кўпчилик (одамлар) тасаввурида севгининг бундай тури фақат сезгиларга тааллуқлидек бўлиб кўринади, аммо аслида, у туйғулар қувватидан келиб чиқади. Бунда туйғу кучи қандайдир ўрталиқ восита сифатида иштирок этади. Ҳайвоннинг ҳиссий қуввати баъзан ўсимликлар қувватига табиийлиги билан ўхшаб кетади.
Шундай қилиб, бу қувватлар ҳаракати бир-биридан ихтиёрий ёки ихтиёрсизлигига қараб фарқ қилади. Ақлсиз ҳайвонлар Оллоҳ ато этган туғма табиий ишқ ва ирода, ихтиёр воситасида ўзига ўхшаш (зот) қолдириш учун ҳаракатга келсалар-да, бу ерда бевосита мақсад сари интилиш йўқ. Ёки бундай севгида икки хил билвосита мақсад кўзланган бўлади. Мен бунда қуйидагиларни кўзда тутаман: аввало, ўсимлик ва ҳайвонларнинг насл қолдириши Оллоҳ таоло инояти туфайли содир бўлади. Аммо пайдо бўлган наслнинг ҳаётий бардавомлигини хоҳлаган тарзда ўзгартириш мумкин эмас. Зеро, туғилиш ва ўлим – барҳақ.
Ҳар бир яратиқ махлуқ учун (қисмат) қазо ва қадар бор. Унда яратилган ҳар бир жон (нафс) белгиланганидан бир дақиқа ортиқ ёки кам умр кўрмайди. У борлиқ – мавжудлик давомида ўзига ўхшаш насл қолдириш истагида бўлади ва шу мақсадда уларда (Оллоҳ инояти билан) тегишли восита ва аъзолар пайдо бўлади. Яна шуни айтиш мумкинки, ақлсиз ҳайвон ҳар томонлама ҳақиқий табиатга эга бўлган ақл қуввати жиҳатидан юқори жонзотлар даражасидан пастда туради. Улар ҳар томонлама (куллий) ривожланган жон (нафс) эришган мақсадларга эриша олмайди. Шу сабабга кўра, унинг ҳиссий қуввати маълум мақсад сари интилиши жиҳатидан ўсимлик қувватини эслатади.
Мазкур фаслда биз аниқлаб олган нарсалар келгуси бобларни яхши тушунишимизга хизмат қилади. Биз Оллоҳ инояти ва Ул олий зотнинг мадади билан ушбу рисолада айтмоқчи бўлганларимизга албатта эришамиз, иншаоллоҳ.

Бешинчи фасл
Ёш ва ёрқин чирой билан ажралиб турадиганлар ишқи ҳақида
Мазкур фаслга киришдан аввал тўрт банддан иборат муқаддимани тақдим этамиз.
1. Бирор руҳий қувватга бошқа бир юқори даражадаги, мумтозроқ қувват қўшилса, у кейингиси билан алоқа натижасида ўзининг ёрқинлиги ва гўзаллигини тағин ҳам оширади. Чунки юқори даражадаги қувват паст қувватни қўллайди ва мустаҳкамлайди; ундаги хавфни бартараф этади ҳамда малака ва устунлигини оширишга мажбур қилади; ҳар хил усуллар билан унга гўзаллик ва эзгулик бахш этади. Ҳайвонларнинг ҳиссий қуввати уларнинг ўсиш қувватига ёрдам беради, қаҳр-ғазаб кучи эса ўзига катта зарар келтирувчи кучлардан ва барча бало-қазолардан ҳимоя қилади (то табиий ўлими етиб келгунча). (Яна бир мисол:) ақлий қувват ҳайвоний (қувват)га мақсадга эришмоғи учун унинг сифати ва ҳимматини ошира бориш йўли билан ёрдам беради. Буни ўз шахсий мақсадини кўзлаб амалга оширади. Худди шу сабаб билан кўпинча одамнинг сезиш ва интилиш қуввати ўз чегарасидан ўтиб, ақлий қувват даражасига кўтарилади. Шунга кўра, айрим ҳолатларда фақат ақл кучи билан етишадиган мақсадларнигина кўзлайдилар.
Тасаввур қуввати соҳасида ҳам аҳвол шундай: ақлий қувват (тасаввур кучидан) у ёки бу йўл билан ўз мақсадини амалга ошириш учун фойдаланади, тасаввур қуввати эса ақл кучи унга мурожаат қилаётганидан фойдаланиб, шундай даражада катта журъат пайдо қиладики, гўё мақсадга ўз кучи билан эришгандек сезади ўзини. Бундан ташқари, у ақлий қувватга қарама-қарши туриб, унинг сифатлари билан безаниб, ҳолатларини ўзлаштириб, бунинг устига, ақлий қувват ўзини нима деб ҳисобласа, у ҳам шуни даъво қила бошлайди ва ўз тасаввурида дил ва ақлга ҳаловат бахш этувчи ақлий тушунчалар моҳиятига тафаккур билан эмас, тасаввур билан етдим, деб ўйлайди. Бу ҳолат хожаси қулидан кўпроқ фойда тегадиган бир ишни бажаришда ёрдамлашиб юборишни илтимос қилган-у, мақсадга эришилгач, қул барчасини хожамсиз ўзим бажардим, бу ишни бажаришга хожамнинг қурби етмайди, деб ўйлайдиган ва ҳатто ўзини хожа ўрнида кўра бошлаган қулга ўхшайди. Аслида, бу қул ўша топшириқни умуман бажармаган, ҳеч қандай топшириқ ҳам олмаган эди. Худди шундай ҳол одамнинг интилиш, истак-хоҳиш қувватида ҳам баъзан учрайди ва унинг йўлдан озишига сабабчи бўлади. (Бу ишни ақлим билан эмас, истагим билан бажараман, дегандай.)
2. Одамдаги ҳайвоний руҳ сезги, хаёл-тасаввурда, жинсий алоқада, ҳужумкорлик ва жангариликда алоҳида-алоҳида ҳаракат қила олади ёки таъсирлана олади. Бироқ шунга қарамасдан (одамнинг ҳайвоний руҳи) ақлий қувватлар билан ҳамкорлик қилганида айрим хайрли хусусиятлар ҳам касб этади. У шундай ҳаракатларни бахайр ва аниқ бажарадики, шунга кўра, сезги, ҳис пайдо қилувчи ашёларда ҳайвонлар ҳеч қизиқмайдиган ва эътибор қилмайдиган, масалан: яхши табиий қоришма, тўғри ва мос шакллар унинг эътиборини тортади.
Одам, шунингдек, тасаввур қувватини ёрқин ва чиройли нарсаларни ҳис қилишга ҳам қаратди. Унинг тасаввур қуввати ва ҳаракати деярли ақл кучига ва ҳаракатига тенглашади. Ҳусн аҳли, камолот касб этган, мутаносиб ва мафтункор хилқатлар кўнглини овлаш учун барча жиҳатлардан фойдаланиб, қаҳр-ғазаб кучи туфайли пайдо бўлган ҳаракатлар билан ҳам устунлик ва ғалабага интилиш мумкин.
Баъзан (одам ҳаракати) ақлий ва ҳайвоний руҳ-нафснинг биргаликдаги иштироки билан бўлади. Ақлий қувват жузъий ашёлар ҳақидаги фикрлардан индукция (истиқроъ) йўли билан куллий – умумий хулосага келишда тасаввур кучидан фойдаланади. Ақлий қувват шу йўл билан ақлий тушунчаларни билишда тасаввурдан фойдаланиб ўз мақсадига эришади. Шунингдек, ақлий қувват фақат роҳатланишга интилувчи ҳиссий қувватни қазою қадар ҳукмига бўйсундириб, наслни сақлаш, шулардан энг муҳими – одам наслини сақлашга мажбур қилади. Озиқланишда тўғри келган нарсаларни емасдан, танлаб, фақат нафсни қондиришни кўзламай, наслнинг энг яхши кўринишларини, яъни энг яхши одам шахсини (индивидни) сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Ёки бор ғазаб ва нафрат кучини бошқа баҳодирлар билан бирга ўз жонажон шаҳри ва юрти тупроғидан босқинчиларни қувиб чиқаришга қаратади. Инсон ақлий қувватлари заминидан келиб чиқиб ақлий тушунчаларни фикр-мушоҳада қилиши, юксак мақсадларга, охират саодатини, Оллоҳга яқинлик каби мақсадларга интилиши мумкин.
3. Оллоҳ томонидан фарз қилинган ҳар бир амалда хайр бор ва унга интилмоқ зарур. Бироқ дунёвий истаклар орасида шундайлари ҳам борки, улар олий (илоҳий) мақсадларга ҳалақит қилиши мумкин. Шунингдек, дунёнинг майда-чуйдаларига берилиш, майда истакларни қондириш билан овора бўлиш одамни улкан ишлардан, олий мақсадлардан чалғитади. Майда-чуйдаларга берилиш катта ишларни йўққа чиқаради. Масалан, тиб илми бўйича, бурундан кўп миқдорда оқаётган қонни бир уқия кўкнори ейиш билан тўхтатиш мумкин. Аммо озгина миқдорда ичилган кўкнорининг одам ҳаётига ва келажакдаги соғлиғига тузатиб бўлмас таъсири ҳақида ўша пайтда ўйлаб кўрилмайди.
Шундай қилиб, ақлсиз ҳайвонлардаги ҳайвон руҳи (нафс)га тегишли нарсаларнинг кўплиги ҳайвон учун зарарли бўлмай, аксинча, нафс қувватининг бойишига ёрдам беради, бироқ ақл қуватига етказадиган зиён-заҳмат сифатида мен “Ат-Туҳфа” китобимда таъкидлаганимдек, одам учун айб саналади. Бундан юз ўгирмоқ ва қочмоқ зарур.
4. Ақлий руҳ ҳам, ҳайвоний руҳ ҳам нимаики текис ва мутаносиб бўлса, бамисоли ҳамоҳанг товушлар, мазали таомлар каби нарсаларни хуш кўради. Ана шу нарсалар ҳайвон руҳи учун табиий бўлса, ақлли жон эгалари учун илоҳий ғояларни мушоҳада қилишга сабабчи бўлади. Нимаики ишқнинг дастлабки мазҳари (Вожиб ул-вужуд)га яқин бўлса, у мукаммал ва мутаносиб, ундан бевосита кейин намоён бўладиган нарсалар ҳам мутаносиблик ва уйғунлик сифатларига эришади. Ундан (Вожиб ул-вужуддан) узоқлашиш эса кўп майда бўлакларга ажралиб кетишга (касрат), номувофиқлик (дисгармония), номутаносибликка олиб келади. Бу ҳақда метафизиклар яхши тушунча беришган. Қачонки, ақлли жон гўзалликка (жамол ва камолга) етишса, уни меҳр ва эҳтирос билан мушоҳада қилади.
Биз айтамизки, одамдаги ташқи чиройни (бу ёшлик ва нафислик ҳам дейилади) ҳар бир ақлли мавжудот хуш кўради. Бундай хусусият ё битта ҳайвоний қувватга тааллуқли ёки иккаласи (ақлий ва ҳайвоний қувват)нинг биргаликдаги иштироки натижаси, деб қараш мумкин. Агар бу фақат ҳайвоний қувватга тегишли бўлганида, оқил кишилар уни нафислик ва ёшликка йўймас эдилар. Одам (бирор нарса устига) ҳайвон каби ташланганида айб-нуқсонлар гирдобига тушиб, оқил нафсга катта зарар келтирган бўлади. Бу – оқил нафснинг иши эмас. Яккам-дуккам нарсаларни ҳис-туйғу орқали қабул қилиш эмас, балки абадий ақлий тушунчаларни идрок қилиш унинг доимий вазифасига киради. Севгининг бу турида икки томон (ошиқ ва маъшуқ) иштирок этади.
Буни бошқачароқ йўсинда тушунтириш ҳам мумкин: агар одам гўзал қиёфани ҳайвоний қониқиш учун севса, у бузуқилик қилганлиги учун гуноҳкор сифатида маломатга лойиқдир. Агар одам гўзал қиёфали (киши)ни мушоҳада асосида севса, биз юқорида тушунтирганимиздек, уни камолот воситаси ва эзгуликка яқинлашиш шодлиги сифатида қараш мумкин. Чунки у илк ва соф манба (Вожиб ул-вужуд)нинг ҳамда севгининг соф манбаи ва мазҳари бўлмиш Оллоҳга тобора яқинлашаётганлигини ҳис эта бошлайди. Бу эса уни янада кўркам ва нафис, ёшарган ҳолатларга муносиб бўлишини таъминлайди. Шунга кўра, чиройли қиёфа эгаларининг қалби ўткир ақл ва фалсафий мушоҳадаларга бой бўлмайди ҳамда ўзини очкўзлик ва тунд талабларини намоён қилувчи ва у ёки бу даражада гўзал қиёфага эга бўлмаган кишиларга эргашмайди. Зеро, одамнинг башариятга хос камолот касб этиши пинҳоний, жибиллий юрак қаъридаги яширин соф севгига лойиқдир. Пайғамбар (с.а.в.) дейди: “Ўз ҳожатингни чиройли, очиқ юзли кишилардан изла”. Чунки гўзал юз ва қадди-қомат фақат соф табиий таркибда бўлади ва соф мутаносиблик ва табиий таркиб кишига ёқимли хулқ ва нафис сифатлар ато этади. Аммо баъзан одам келишмаган қиёфага эга бўлса ҳам, ботиний сифатлар бўйича гўзал бўлиши мумкин. Буни икки жиҳат бўйича тушунтириш мумкин: Ё қиёфанинг хунуклиги илк (табиий) таркиб шаклланишидаги ички нуқсонлар туфайли келиб чиқмаган, балки ташқи тасодифий бузилишлар таъсирида пайдо бўлган ёки гўзаллик табиий бўлмаган, сунъий пайдо қилинган бўлиши мумкин. (“Одат кишининг иккинчи табиатидир” – дейди файласуфлар). Яна шундай ҳоллар ҳам учрайдики, баъзиларнинг ташқи қиёфаси гўзал бўлса-да, одатлари гўзал бўлмайди. Буни ҳам икки ёқлама тушунтириш мумкин: ё инсон хулқи ва характерларидаги хунуклик табиий таркиб шаклланиб бўлгандан кейин қандайдир ўткинчи бир қиёфага кириб қолиши ёки кучли одат туфайли пайдо бўлиши мумкин.
Гўзал қиёфага нисбатан пайдо бўлган севги уч хил хоҳиш-истак билан кечади: 1. Қучоқлашув; 2. Ўпишув; 3. Қўшилув, жимоъ.
Учинчи хоҳиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, унинг пайдо бўлиши фақат ҳайвоний нафс (руҳ)га боғлиқ. Дарҳақиқат, бу жараёнда ҳайвоний руҳнинг ҳиссаси катта, бу ерда у восита сифатида эмас, иштирокчи сифатида қатнашади, уни (воситадан) фойдаланувчи (иштирокчи) деса ҳам бўлади. Бу, албатта, жирканч ҳолат. Бироқ ҳайвоний қувват ақлга тўлиқ бўйсунмагунча ақлли севги бўла олмайди. Шунга кўра, севувчи кишининг хоҳишига шубҳа билан қараш, у ўз севгилисининг кучли истаги учун “йўлдан уряптими” ёки мақсади ўзига ўхшаш насл қолдиришми? Бунинг эса (насл қолдириш) эркаклар учун иложи йўқ: аёллар учун эса (никоҳсиз эркак билан қўшилув) шариат томонидан ман қилинганлиги туфайли қабиҳлик ва ифлослик саналади. Севгининг бундай турини фақат эркакларга, у ҳам бўлса, ўз никоҳидаги аёли ёки канизаги (чўриси) билан жинсий алоқа қилганида рухсат этиш мумкин.
Қучоқлашиш ва ўпишиш масаласига келганда, уни муҳокама қилиб ўтирмаса ҳам бўлади. Агар севувчи одам ўз севгилиси билан яқинлик қилиш ўз истагида бўлганда нафс севгилини силаш ва кўриш сезгилари орқали ҳам истагини қондиришга ҳаракат қилади. Шунга кўра, у қучоқлашувдан лаззат олади. Нафс руҳий фаолиятнинг бошланишидир. Қалб икки томоннинг ҳамнафаслиги билан севги манбаига қуйилади. Шунинг учун ҳам ўпишни хоҳлайди. Аммо қучоқлашиш ва ўпишиш жузъий равишда салбий эҳтиросларни уйғотиши мумкин, улардан сақланиш керак. Аммо ёш болаларни ўпиш, одамларнинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишлари бундан мустасно. Ўпишда, қучоқлашда шаҳвоний ҳирс иштирок этмаса, у гуноҳ ҳисобланмайди.
Кимнинг қалби шундай ишқ билан лиммо-лим бўлса, у ёш ва гўзалдир. Зеро, ишқ гўзаллик ва ёшлик демакдир.
Давоми келгуси сонда
Маҳкам Маҳмуд ва Зайниддин Баҳриддиновлар таржимаси

Саҳифа 1 149 марта ўқилган.