“ОШНО ЮЛДУЗЛАРДАН ТЎКИЛАДИ НУР. . .”

Адабий жараён

Ёшликнинг гулгун чоғлари. Қалбим айни ишқ-муҳаббатга тўлган пайтлар. Қайсидир гўзалнинг муҳаббати бутун жисмимга аланга ёққан. Ўша гўзалнинг кўнглини топиш учун йўл ахтараман. Йўлларидан даста-даста гуллар билан кесиб чиқаман, у бўлса юрагимдаги сўнгги илинжни бир зардаси билан чилпарчин қилиб кетади. Тунлари кўзимга уйқу келмайди, денг. Охири, унинг ишқи, рад этилган муҳаббат қўлимга қалам тутқазади. Аммо ёзган шеърларим у гўзалнинг ҳусни-жамоли олдида ҳеч нарса эмасдай туюлиб, ёзаман, ғижимлаб ташлайман, ёзаман ғижимлаб ташлайман.
Кунлардан бир кун қайсидир журнални варақлаб, ундаги бир шеърга кўзим тушади. Аввал шеър кўзларимни оловдай куйдиради, сўнгра бу оташ жон-жонимга етиб боради:

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳро юлдуз милтираб хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим…

Бу ўзининг илк тўплами биланоқ шеърият шайдоларининг қалбини забт этиб улгурган истеъдодли шоир Абдулла Ориповнинг “Биринчи муҳаббатим” шеъри эди. Мен қанчадан-қанча ҳижронли тунлар, ранжу аламлардан сўнг ана шу шеър “етовида” суйганимнинг кўнглига йўл топиб борганман.
Орадан шунча йиллар ўтиб, бугун мен севимли ижодкорим Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг ранг-баранг ижодини – дилбар шеърияти-ю драматик асарларини элимиз юрагидан, унинг маънавий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган, ҳамма фаслда ҳам яшнаб турадиган улкан дарахтга ўхшатаман.
Таъкидлаганимдек, йигитлик чоғимдан Абдулла Орипов шеърияти мени ўзига маҳлиё этган. Инсон чорасизликда баъзан руҳан эзилиб, борар йўлини йўқотади. Худди ана шундай ҳолларда шоирнинг шеърлари ҳар қандай кўнгли ярим, тушкун кайфиятга тушиб қолган одамга кўмакка келишига, уни бадбин ўй-хаёллар исканжасидан озод қилиб, қалбига бир олам умид бахш этишини кўп бора ҳис қилганман. Асл шеърият ҳамма вақт турфа дийдиёлардан баланд туради, кишилар кўнглида ҳали ҳеч ким юрмаган хаёлий сўқмоқларни кашф этади, тоза, бетакрор ҳис-туйғуларга ошно қилиб, тирикликнинг қувончу ташвишини завқ-шавққа айлантиради. Худди ана шундай сеҳр-жоду мужассам Абдулла Орипов шеъриятида, десам янглишмаган бўламан. Шу боис, ҳар сафар унинг шеърларини ўқиганимда, бутун борлиғимга куч-қувват иниб, ўзимни тобора яшариб бораётгандек сезаман.
Мен адабиётшунос олим эмасман, аммо яхши шеърнинг баҳосини, қадрини яхши биламан. Яхши шеър Абдулла Орипов шеърлари каби тиниқ ва жунбушли бўлади. Оташнафас шоирнинг ўзига хослиги, ҳеч қайси шоирга ўхшамаслигининг боиси ҳам унинг қаламидан дур бўлиб тўкилган алангали шеърларидир. Бу шеър­ларда инсон нафаси, унинг юрак зарблари сезилиб туради, уларни ўқиб тафаккур қилсангиз, бутун жисму жонингиз болу пардай парвозга шайланиб, ҳалолликка талпинади. Одамнинг одамга биродарлигини англайсиз, анчадан буён дилингизни тарк этган меҳр-муҳаббатни қўмсайсиз:

Йиллар ўтиб кетди гоҳ худ, гоҳ бехуд,
Айрилиқ, ҳижронлар енгдилар мени.
Энди барчасидан узгандим умид,
Кўргим келиб қолди дафъатан сени.

Шоир инсон тақдирига, жамиятда учраб турадиган паст-баландликларга, турфа эврилишларга бефарқ қарай олмайди. У Тангри ато қилган оламни ҳар хил иллатлардан пок, беғубор кўргиси келади. Одамлар қалбидаги эзгулик, мурувват, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларининг боқийлигига ишонади. Шоирнинг “Одамлар” шеърини ўқир экансиз, беихтиёр дилингиздаги одамийлик ҳислари қайта жонланганини сезасиз:

Эй, йўловчи, бўла қол қўноқ,
Уйда борин кўрамиз баҳам.
Тағин ўзинг биласан, бироқ
Қош қорайди, йироқдир йўл ҳам…

Ажралишар, улар ҳаттоки
Исмларин сўрамаслар ҳам.
Улар қайта учрашар балки,
Балки қайта учрашмаслар ҳам.

Абдулла Орипов шеърларида ана шундай ўзбекона лутф, ўзбекона руҳ жуда баланд. Унинг ҳар бир сатрида халқимизнинг минг йиллик қадриятлари, урф-одат ва анъаналари бўй кўрсатиб туради, уларнинг ҳаммаси яхлит бир шеър шаклини олганда эса кўз олдимизда асрий синовлардан мардона ўтиб келаётган жонажон Ватан жамоли намоён бўлади. Шоирнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” шеърини бугун барча, ёшу қари бирдек ёд билади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу шеър шу қадар сеҳр-жодуга эгаки, уни бир бор ўқиганингиздаёқ, бутун борлиғингиз билан Ватаннинг бир бўлагига айлана бошлайсиз:

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Боғларин жаннат деб кўз-кўз этаман.
Нечун ардоқлайман тупроғини мен,
Ўпаман: “Тупроғинг бебаҳо, Ватан!”
Шоир бор ҳис-ҳаяжонини сўзга айлантиради. Ва ана шу сўзларга жону жаҳонидаги самимий меҳр, муҳаббатни қўшади. Йўқ, шоир бу ўринда ортиқча дабдаба, зўрма-зўраки ҳайқириқларга изн бермайди. Аксинча, тирикликка пайванд ҳаёт шамолида тебраниб турган қисмат дарахтидай адл туради ва ҳақиқатнинг алвон уфқини кўнгил кенгликларига пояндоз қилиб, рост ёзади:

Хўш, нечун севаман Ўзбекистонни?
Сабабини айтинг десалар менга.
Шоирона гўзал сўзлардан олдин
Мен таъзим қиламан она халқимга.
Халқим, тарих ҳукми сени агарда
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?

Мисрадан мисрага ўтгани сайин шеърдаги аланга кучайиб боради. Айни пайтда қалбингизда илдиз отган Ватан сурати катталашади…
Ажиб бир ҳолат: Абдулла Орипов шеърлари қат-қатларидан ҳар биримизнинг кўнглимиз мўралаб тургандек бўлаверади гўё. Худди ўша ҳис-туйғуларни сиз ҳам қачондир бошингиздан ўтказгансизу, унинг нималигини англамагансиз. Шоир эса дилидаги саркаш ўй-хаёллари, юракдаги беадад изтироблари, исёну тўфонлари билан унинг нималигини сизга англатади:

Барглар орасига тинмасдан сира
Ошно юлдузлардан тўкилади нур.
Билмайман, қийнайди қайси хотира,
Титроқ юлдуз каби музлаган шуур…

Шеърда акс этган ҳолат замирида драматизм унсурлари кучли, айни пайтда, жуда тиниқ ва нафис. Ҳеч бир мусаввирнинг ранг-баранг бўёқлари буларнинг барчасини бор бўйи билан тасвирлашга етмайди. Шеърнинг жонбахш таъсирини кўрингки, ич-ичимизда анчадан буён ғижирлаб турган муз бир зумда эрийди. Кимнидир қаттиқ соғинганимизни ҳис қиламиз. Ана шу соғинчнинг кўзлари билан дунё­га назар соламиз. Ва ундан кўнгилга ўхшаган нимадир излай бошлаймиз.
Ўзбек шеъриятининг қуёши ҳазрат Алишер Навоий ижоди мана салкам олти асрки, издошлари – адабиётимиз намояндаларининг йўлини чароғон этиб келади. Янаям аниқроқ айтсак, шу узоқ асрлардан буён бирорта мумтоз шоир йўқки, Навоийнинг ижод бўстонидан гуллар термаган бўлса! Худди шу воқеликка муқояса тарзида айтадиган бўлсак, кейинги ярим аср мобайнида Абдулла Орипов шеърияти ҳам замондош ижодкорлар учун ана шундай илҳом манбаи бўлди. Мен ўзимча, дабдурустдан, бундай хулосага келмадим. Аввало, жуда кўп замондош шоирларни ўқидим, уларнинг ижодини баҳоли қудрат таҳлил қилиб, шу нарсага амин бўлдимки, танилган, эл суйган ижодкорларнинг барчаси Абдулла Орипов шеъриятидан қайсидир даражада илҳомланган экан. Шу маънода, мамлакатимиз ҳудудларида бу бетакрор шеърият булоғидан сув ичмаган бирорта ҳам шоир топилмаса керак, деб ўйлайман. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим бир шеърида бу ҳақда шундай ёзади:

Болаликдан мен ҳам шеър деб ёнган эдим,
Не қиларим билмай баъзан толган эдим,
Ориповдан қарзга олов олган эдим –
Бу қарзимни бугун айтсам, ҳалол бўлгай.
Бундай самимий эътироф ва иқрорлар Абдулла Ориповнинг ҳар бир сафдош, шогирд ва замондошлари қалбида бор, десам сира ҳам адашмайман. Худди шундай кўнгил изҳорини Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қуйидаги тарзда ифода этган:

Сизга ошно бўлдим болалик кездан,
Сиздан ранглар олдим сўзимга аён.
Эл қатори қарздор эдим мен Сиздан,
Ўзимнинг армоним ўзимга аён.

Ўтган асрнинг 70-йилларида адабиётимизга гулдурос овоз билан кириб келган атоқли шоир Азим Суюн Абдулла Орипов билан “учрашув”ни мана бундай ҳикоя қилади: “Мен “Митти юлдуз”дан чиққанман… 1965 йил эди. Камина саккизинчи синфда ўқирдим. Пайариқ тумани марказида каттагина китоб дўкони бўлғучи эди. Чўнтагимдаги пулим “Гул ва кўнгил” деб ёзилган, ичида ўнта шоирнинг китоби жойлашган қути – тўпламга етди. Мана шу жилд ичида Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз” деган китоби ҳам бор эди.
Китоб дўконидан чиқар эканман, автобус бекатигача китобни гоҳ тўхтаб, гоҳ суриниб варақлаб улгурдим. Ҳаяжон чўғи вужудимни куйдирарди. Бу китоб варақларида илоҳий бир тўлқин борлигини юрагимга жо қилдим. Ҳафтадан сўнг “Митти юлдуз” менга ёд бўлди…”
Бундай адабий таъсирлар кейинчалик ўз йўлини насрда, публицистикада ёки илмда топган замондошларимиз тақдирига ҳам тааллуқлидир. Бизнинг бу фик­римизни бугун кўплаб турли соҳа вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари ҳам тасдиқлайдилар.
Дарҳақиқат, Абдулла Ориповнинг кўпларга ибрат бўлгулик ижоди, ижод йўли борлигини баралла айтиш жоиз. Бу йўл, балки ўзига хос ижод мактабидир. Чунки, юқорида таъкидлаганимиздек, адабиётимизда қандайдир мавқега эришган ижодкор бўлса, албатта, унинг ана шу мактаб сабоғи хусусида ўз мулоҳазаси мавжуд. Олимларимиз келажакда шу йўналиш бўйича илмий изланишлар олиб боришни давом эттиришади. Қолаверса, бундан илм аҳли ҳам, ижод аҳли ҳам фақат ютади.
Энди нокамтарлик бўлмасин, замонамизнинг улуғ шоири билан юзма-юз ўтириб суҳбат қурмаган бўлсам-да, мен ҳам у даврабошилик қилган шеърият кечаларида кўп қатнашганман. Ўша кечалардан бири Абдулла ака “Шеър ёзиш фақат шахсий изтиробларингни қаламга олиш дегани эмас. Аксинча, юракда тўлқинланган, ёзмасанг бўлмайдиган дунё дардини чин дилдан ҳис этиб, руҳингда алангалатиб сўнгра қоғозга тушириш чинакам шеърдир”, деган эди. Шоир ўз ижоди билан ўзбек шеърияти тор, биқиқ, маҳдудлик қобиғида қолиб кетмаслиги учун бир умр курашиб яшади.
Абдулла Ориповнинг “Тулки фалсафаси”, “Илтимос”, “Хато қилишингни кутарлар” каби кўнгил изтироблари силқиб турган бир қатор шеърларида ҳаётнинг номукаммаллигидан зада бўлган қалбнинг бетаскин фарёди сизилиб туради. Назаримизда, у бутун дунё аҳлини одамийликнинг юксак белгиси бўлган аҳилликка, бағрикенгликка чорлашдан чарчамаган ҳақиқат овозида бонг уради:

Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Қалбингни ёқмасин шубҳа ва сўроқ.
Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,
У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ!

Ҳақиқий шоирлар, асл шеърларгина дунёни ҳар қандай ҳалокату фалокатлардан асрашга қодир. Абдулла Орипов шеърияти ҳам ана шундай ҳақиқат ва поклик устига қадалган туғдир. Унинг маржондек тизилган сатрларида кўнгил нигоҳини кўриб қоласиз.
Шоирнинг “Соғинч” номли шеъри менинг қалбимда чуқур ўрнашиб қолган. Нимагадир тушкун, эзгин пайтларимда уни бот-бот такрорлаб ўзимга, ўзлигимга қайтаман. Ушбу шеърда мен англамаган қандайдир афсун бордек гўё. Агар ишонмасангиз, шу дамда бу шеърни мен билан биргаликда такрорланг. Беихтиёр қалбингизга самовий нурлар оқиб кираётганига амин бўласиз:

Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғизоёқ йўл…
Барча ташвишларни унутиб шодон
Қайтгим келаётир қошингга буткул.

Сездингизми, шеърда бепоён денгиздай мавжланган кенглик ишқи, соҳир нигоҳларни соғинган туйғулар мавжи бор. Шунинг учун бўлса керак, томирларингизда сокин оқаётган қон гупуриб, қалбингизни уфқларга туташган уммондай тўлқинлантиради.
Бадиий ижодни қисмат деб билган истеъдод соҳиблари адабиётнинг қайси жанрига мурожаат қилмасин, ҳеч бир муболағасиз, шу жанр ривожига туртки бўладиган асарлар яратишган. Шу маънода, Абдулла Ориповнинг шеъриятимизнинг мумтоз шакли – ғазал жанрига мурожаати ана шундай гўзал натижаларга сабаб бўлган. Унинг деярли барча ғазаллари дилтортар қўшиқларга айланган. Абдулла Орипов ғазалнависликда руҳнинг ўзига хос оҳангини топа олгани боис мазкур йўналишдаги битиклари юрак­ларга олам-олам завқ бағишлайди. Шоирнинг “Кетмоқдаман” радифли ғазали барчамизга ёд бўлиб кетган. Айниқса, ушбу ғазал билан айтиладиган қўшиқ сеҳри шу қадар кучлики, уни тинглаб туриб, ажиб хаёллар оғушига чўмади киши.

Яхши қол, эй дилбарим, дилда кадар, кетмоқдаман,
Ишқ аро энди ҳолим зеру забар, кетмоқдаман.

Нақадар дилга, тирикликка яқин байт. Негадир ундан ўз кечмишингизни топгандай бўласиз. Қисмат қуёшида товланаётган армон қирралари гўё кўксингизга ботади. Сиз эса унинг оғриғида ҳаёт мазмунини топасиз…
Шоирнинг “Бу кун” радифли ғазали ҳам жондаги аланга билан оромижонлик қилади:

Ваҳки, ишқ саҳросида қолдим беишқ танҳо бу кун,
Чиқма, Қайс, оҳим билан ёнмоқда ул саҳро бу кун.

Шарҳи дил этмай туриб рад этди ёрим бўйлаким,
Қисмат омин айтди, айтмай зарра бисмилло бу кун.

Нун лабинг узра сокин қолди ҳилолдек ҳолатим,
Ҳарф ўйин айлай десам, ўзга эрур имло бу кун.

Мумтозлик даражасидаги ушбу ғазалда ишқ ва ошиқлик ҳолати шу қадар жунунга уйғунки, беихтиёр ҳайрат бармоғини тишлайсиз. Ва тўлқинли байтлар кўнглингизга худди уммон ҳайратини бахш этгандай бўлади. Абдулла Орипов туйғулар рангини моҳир мусаввирдай яхши билади. Қолаверса, жанр хусусиятларини яхши билган ғазалхонлар байтлар замирида яширин шеърий санъат унсурлари, сўз ўйинларидан битмас-туганмас шавққа тўладилар.
Шоирнинг бедилона тўртликлари инсон ҳаёти, унинг мазмун-моҳияти ҳақида баҳс юритади, мушоҳада учун имкон яратади. Тўрт қатор шеърга бутун бошли олам муддаосини сиғдира олиш – чинакам санъат. Санъат бўлганда ҳам юксак маънолар санъати. Шоир ҳар куни нигоҳимиз тушадиган нарса-ҳодисалардан ёки инсонларнинг ўзаро муносабатларидан, чархнинг айланиши-ю жамики борлиқ бағридан сир-синоат ахтаради.

Тингла, бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади.
Иккови бир-бирин егунича то
Ўртада бу дунё адо бўлади,

дея шоир олам аҳлини ғафлатдан уйғотгудай ичкин бир овозда ҳайқиради. Бу ҳайқириқда қанчадан-қанча инсонларнинг бошига кулфат ёғдирган, тараққиётнинг кушандаси бўлмиш ҳасадгўйларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан нафрат мужассам. Мазкур шеър таъсирида қанийди, биз одамлар бир-биримизни тушуниб, қадрлаб, қутлаб яшасак. Беғубор туйғулар шудрингида дунё нечоғлиқ мунавварлик касб этган бўларди.
Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеъри мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг юрак харитаси, мундарижасига ўхшайди. Бу шеърда тарихий кечмишимиз хронологик тартибда бадиий воситалар орқали акс этгани боис уни юртдошларимиз севиб, ёддан ўқиб юришади. Шундай фахр-ифтихорга лойиқ шеър. Она юртимизнинг олис ўтмиши, бугуни ва эртасига ташланган назар шу қадар тиниқки, шеърни ўқиб туриб кўз ўнгингизда гўё тасвирлар жонлангандек бўлади:

Кўз олдимдан кечар асрлар,
Кўз-кўз этиб нуқсу чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар,
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка – сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл маъшали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон Ватаним маним.

Абдулла Орипов шеърияти кўплаб тадқиқотларга мавзу бўлгулик. Аммо мен оддий бир мухлис, бетакрор шоир ижодининг оташин шайдоси сифатида у ҳақда кўнглимдан тошган фикр-мулоҳазаларимни мухтасаргина баён этдим.
Кўпинча марҳумлар ҳақида бугун у орамизда йўқ, деб гап бошлаймиз. Мен эса бу масалага бошқача ёндашаман. Инсоннинг умри унинг қилган эзгу ишлари билан ўлчанади. Демак, Ватани, эл-юрти ободлиги, фаровонлиги, одамларнинг маънавий оламини бойитиш, юксалтириш йўлида жон чеккан инсонлар ҳаёти, умри боқийдир.
Шу маънода, абадият осмонининг марказида чарақлаб турган ёруғ юлдуздан бир нур ҳар куни кўнглимизга тўкилади, қалб ойнасида акс-садо бериб, мардона жаранглайди:

Мен шоирман, истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим…

Абдуғани   СУЛАЙМОН