Қорхат

Шарқ юлдузи/ Aprel 27, 2018/ Наср

Ҳикоя

Эрталаб учқунлай бошлаган қор пешин пайти гупиллаб, чинакамига ёға кетди. Учиб-ўйноқлаб ерга, дов-дарахтларга қўнаётган паға-паға қор ҳаш-паш дегунча чор-атрофни ҳарир оқликка буркаб ташлади. Идора деразасидан бу ажиб манзарани кузатиб ўтирган Зариф тобора завқ-шавққа чулғаниб борар, қийқирган кўйи ташқарига отилиб чиққиси, қор қалин тўшалган ерларда умбалоқ ошгиси келарди. Биринчи қор!
Ҳали ёш бўлишига қарамай тепа сочи тўкила бошлаган, биққа семиз ҳамхонаси томон Зариф илжайганича кўз ташлади. Ҳамхона столига мук тушган кўйи шапалоқдек қўл телефонининг ёниқ экранига термилиб ўтирарди.
– Сайфулла, қорхат нималигини биласизми?
– Биламан, – деб минғирлади ҳамхона қўлидаги матоҳдан кўз узмай. – Биринчи қор ёққан пайтдаги ёзишма-да. Бу жа-а алмисоқдан қолган ўйин, ҳозирги замонда ҳеч ким бундай хатлар ёзиб юрмайди…
Зариф оташин мухлисдай чапак чалиб ўтирган жойида ирғишлаб қўйди.
– Ҳа, қойилман сизга, бир умр қорхат ёзган одамдай гапирдингиз.
Ҳамхонасининг ғалати бир жўшқин кайфиятга кириб бораётганидан Сайфулла баттар ажабсинди. Ишга қунишибгина келиб, қунишибгина кетадиган Зариф шуми?! Тилла топган тентакдай мунча ял-ял товланади? Ё… кимдир лавозимини оширишга ваъда бердимикан?
– Ҳа, қорхат ажойиб ўйин-да, – деди Зариф ҳамхонасининг ўзига қизиқсиниб қараб турганига эътибор бермай. – Бу ўйинда ютган ҳам ютқазган ҳам баб-баравар яйрайди, ҳаётнинг таъмини туяди…
Унинг тўсатдан сўзамол бўлиб қолганидан Сайфулла тағин шубҳага борди.
– Дўстим, бугун тушликда оз-моз… – ҳамхона томоғи тагига намойишкорона чертиб қўйди. – А, топдимми?
Зариф Сайфулланинг имо-ишораларига деярли эътибор бермади. Айни пайтда унинг юраги соғинчми, қўмсашми, шунга ўхшаш тотли ҳисларга тўлиб-тошиб борар, тинимсиз ҳазиллашгиси, қаҳ-қаҳ отиб кулгиси келарди. Кўз ўнгида худди қор учқунлари каби олис хотиралар чарх уриб юрар, беғубор болалик қий-чуви қулоқлари остида жаранглар эди. Биринчи қор ёққан кунлари қишлоқда чинакам байрамона кайфият пайдо бўларди. Каттаю кичик бир-бирига қорхат ёзишар, ўйин қоидасига кўра бир-бирини қувлаб юрарди. Роса қизиқ бўларди-да ўзиям…
“Қорхат ёзаман”, – хаёлидан чақиндай чақнаб ўтди унинг.
Лекин кимга ёзсин? Сайфуллагами? Йўқ, бу кўпроқ телефон ўйинларини афзал кўради! Бошлиққа ёзса-чи? Йўқ, унинг ҳузурига бемалол кириб бўлмайди. Аввал котибанинг сўроқ-терговидан ўтишга тўғри келади. Ҳа, топди! Ҳисоб-китоб бўлимидаги Заҳрога ёзади! Гап-сўзларга қараганда, икки йилча аввал эри билан ажрашган экан. Уч яшар ўғли билан ота-онасиникида яшар эмиш. Шу сабабданми ҳамиша тунд, маъюс қиёфада юради. Лекин чиройли аёл! Сарвқомат, қошлари қийғоч, киприклари узун-узун.
“Шу аёлга ёзаман, – тўлқинланиб ўйлади Зариф. – Зора кўнгли кўтарилиб, юзига кулги югуриб қолса…”
У столи тортмасидан бир дона оқ қоғоз чиқариб ихлос билан олдига қўйди. Қорхатга нелар битишини хаёлида пишита бошлади. Эсида, қишлоқдошлари бир-бирларига қорхат йўллашаркан, кўпинча битта тўкин зиёфат қилиб бериш шартини қўйишарди, баъзилари ҳиндча кино томошаси кетаётган кинотеатрга олиб тушишни талаб этишарди. Йўқ, Зариф бошқача йўл тутади. Унинг “Қорхат”и сирли ва жозибали бўлиши керак. Бирор нозик хоҳишни бажариш шартини қўяди. Ана шуниси қизиқ-да…
Ташқарида қор тобора тезлашиб, қуюқлашиб ёғарди. Ўйноқлаб-учиб келиб урилаётган оппоқ учқунлардан дераза алланечук чисирлайди, гўёки сирли шивирлайди, бутун борлиқни қоплаб олаётган оқлик, тиниқлик қўйнига чорлаётгандай туюлади.
Идора йўлаги жимжит эди. Хийла вақт уриниб, ёзиб битирган “Қорхат”ини кафтида тутган кўйи хонасидан чиққан Зариф бўртиқ, тиллатус ҳарфлар билан “Бугалтерия” деб ёзиб қўйилган эшикка рўбарў бўлди. Худди чимилдиққа кираётган куёвдай ич-ичида лаззатли бир ҳадик-ҳаяжон тўлқинланиб турар, юз-кўзида завқ-шавқ, сурур шарпалари кезиб юрарди.
Зариф секин эшикни очди. Аллақандай атир-упаларнинг ўткир ҳиди димоғига урилди. Ҳисоб-китоб бўлимида уч нафар ходим қучоқ-қучоқ қоғозлару жилд-жилд ҳужжатларга кўмилиб, ҳар бири ўз қаршисидаги компьютер экранига термилиб ўтирарди. Улар бўсағада пайдо бўлган шарпадан сергакланиб баб-баравар эшик томон кўз ташлашди.
– Вуй, бу одамнинг хурсандлигини қаранглар! – деб юборди чап тарафда ўтирган аёл. – Лотареясига ютуқ чиққанми дейман.
– Шунга ўхшайди. Агар мукофот-пукофот чиққанида энг аввал биз хабардор бўлардик, – дея луқма ташлади юз терилари ғижимтоб, қировтус сочлари сийрак амаки.
Зариф ўзини ажабсиниб, бош-оёқ кузатаётган ҳисоб-китобчиларга гўёки эътибор бермай дераза томон ишора қилди.
– Қор! Биринчи қор ёғаяпти!
– Ҳа, – деди кимдир энсаси қотиб. – Шу етмай турувди ўзи, энди ҳамма ёқ тарашадай музлайди, совуқни шунчалар ёмон кўраманки…
Хона тўридаги ялтироқ стол ортида қизғиш жемперини елвагай ташлаб алланеларнидир ёзиб-чизиб ўтирган, толим-толим сочлари елкаси узра ёйилган Заҳро умумий бўлим ходимига саволчан кўз ташлади.
– Бугалтерияда ишингиз борми?
– Ҳа, сизда ишим бор, – деди Зариф илжайиб ва қўлидаги тўрт қатланган варақни аёлга узатди. – Мана, бу сизга.
– Нима бу?
– Қорхат. Биринчи қор билан сизни табриклайман.
Умумий бўлим ходими ҳануз ажабланиб турган Заҳрога қўлидаги битикни тутқазди-ю, худди ёв қувгандай хонадан отилиб чиқди. Сўнг узун йўлакнинг нариги бошига қараб лўкиллаб югурди. У “Қорхат”да айнан шу масофада қувиб етиш шартини қўйган эди. Агар мени тутиб олсангиз, ўйинда ютган ҳисобланасиз, мен сизнинг бирор нозик истагингизни бажараман, агар етолмасангиз, мағлуб сифатида менинг бирор сирли тилагимни рўёбга чиқарасиз, деб ёзган эди. Аслида ютса ҳам, ютқазса ҳам аёлнинг бирор илтимосини бажаришни кўнглига тукканди. “Қорхат” ана шуниси билан қизиқ-да…
Бир пайт “Бугалтерия” эшиги шарақлаб очилиб ичкаридан Заҳро отилиб чиқди. Чиқди-ю, йўлак бошида ҳануз илжайиб турган Зарифга юзланиб шанғиллади:
– Эй, Рўзиев, нима бу?! Нима қилганингиз бу?
Аввал йўлак бўйлаб “дуп-дуп” ўтган қадам товушларидан, сўнг аёлнинг важо­ҳатли овозидан безовталанган ходимлар хоналаридан йўлакка чиқишди.
– Мани ким деб ўйловотсиз? – ҳануз чинқирарди Заҳро қўлидаги “Қорхат”ни ҳавода силкитиб. – Ким ҳуқуқ берди сизга бунақа нарса ёзишга?
Зариф чопқиллаганича яна “Бугалтерия” ёнига келди. Ҳалигина юз-кўзида балқиб турган завқ-шавқдан асар ҳам йўқ эди.
– Заҳро, бу қорхат, – деди у хижолатланиб. – Ўқиб кўрдингизми ўзи? Бу бир беғараз ўйин. Биринчи қор ёққан кунлари одамлар бир-бирига ёзишади. Ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак.
– Биламан! Жуда яхши биламан! Ўргатманг манга! Лекин нега сиз манга қорхат ёзвотсиз? Қанақа “нозик хоҳиш”? Нима девотганингизни биласизми ўзи?
Ходимлар ғала-ғовур билан ҳисоб-китобчи аёлни ўраб олишди.
– Қани, биз ҳам кўрайлик-чи…
Заҳро жирканганнамо узатган “Қорхат” қўлдан-қўлга ўта бошлади. Бир парча қоғоздаги ёзувларни ўқиб кимнингдир юзида истеҳзо, кимнингдир юзида таажжуб пайдо бўлди. Афтидан жанжалга пишанг бериш илинжида бўлса керак:
– Жа-а, писмиқ экан-у… – деди кимдир тиржайиб.
Шу пайт йўлакда сарғиш сочлари саватдай ҳурпайган, афт-ангори обдан бўялган Алфера Тагировна – кадрлар бўлими бошлиғи пайдо бўлди-ю, семиз лошини лапанглатганича тўдага яқинлашди.
– Что случилось? Нима гап?
– Рўзиев хат ёзибди, – деди қўлидаги қоғозни унга узатган қоп-қора аёл.
Алфера Тагировна узатмани иштиёқ билан қўлга олди.
– Хат? Қани, посмотрим…
Бир пайт шовқин-сурондан сергакланганми ё қайгадир отланганми, йўлак бошида бошлиқ пайдо бўлди.
– Тинчликми? Нега тўпланиб турибсила?
Бошлиққа кўзи тушди, шекилли, Зарифга хўмрайганича тикилиб турган Заҳро овозини яна бир парда баланд олди.
– Мани шарманда қилмоқчимисиз? Қасдиз борми манда?
Алфера Тагировна қўлидаги қоғозни ҳаволатиб бошлиқ томон йўрғалади.
– Рўзиев Маҳкамовага хат ёзибди.
– Хат?! Қанақа хат?
Алфера Тагировна қўлидаги қоғозга бир кўз ташлаб олди.
– Кўрхат.
– “Кўрхат”?!
– Йўқ, кархат, – деди кадрлар бўлими бошлиғи қўлидаги вараққа яна бир карра синчков нигоҳ югуртиб.
Раҳбар баттар ажабланди.
– “Кархат”?! Нима у?
Алфера Тагировна яна адашганини пайқаб кўкрагида осилиб турган кўзойнагини тақиб, қўлидаги битикка қайта назар ташлади.
– Э-ха-а… қорахат экан.
Бошлиқ бетоқат бош чайқади.
– Нималар девотсиз, Тагировна, қанақа “қорахат”, ким ўлибди, қани, ўзимга беринг-чи.
Семиз аёл қўлидагини тавозе билан узатди.
Зариф қуруқликка чиқиб қолган балиқдек оғзини каппа-каппа очиб саросималаниб турарди. Афтидан, у нелардир демоққа чоғланарди-ю, бироқ ғала-ғовур шаштини қайтарарди.
Тагировна берган қоғозга кўз ташлаган кўйи яна ичкарига кириб кетган бошлиқ кўп ўтмай Зарифни ҳузурига чорлатди.
– Эй, сиз нималар қилиб юрибсиз? – деди у жавдираган кўйи кириб келган ходимни хушламай. – Нима, ёш боламисиз? У ёқ-бу ёғи қирқни уриб қўйдингиз-у…
– Мен… шунчаки… биринчи қор ёққанига қувониб… ҳазиллашгандим, – деб зўрға ғудранди Зариф.
– Ёзишмани яхши кўрасиз, шекилли, а, – деди бошлиқ курсисида нописанд теб­раниб. – Йиллик ҳисоботингиз тайёрми?
Зариф хокисоргина бош чайқади.
– Йўқ…
– Ишни вақтида тугатмайсиз, лекин аллақандай… кўрхатми, кархатми, қорахатми ёзишга фурсат топасиз.
– Узр… мен…
– “Узр” эмиш… Нега унақа ахлоқсиз гаплар ёздингиз Маҳкамовага?
– Мен бироз сирли бўлсин дегандим…
– Хуллас, гап бундай, – деди бошлиқ столга таҳдидли чертиб. – Ёзишни ёқтирсангиз, қани, қилмишингиз ҳақида битта “Тушунтириш хати” ҳам ёзиб ташланг-чи, боринг…
Умумий бўлим ходими ўзича тағин нелардир деб ўзини оқламоқчи бўлди. Аммо бошлиқ унга изн бермади.
– Кўзимдан йўқолинг, дедим сизга!
Зариф тисарилган кўйи хонадан чиқиб кетди.
Қор ҳануз гупиллаб ёғарди. Чор-атроф оппоқ тусга кирди. Бошлиқнинг талабини бажариб ўтирган Зарифга чор-атроф оппоқ кафанга ўралгандек туюлди.
У яна йўлакка чиқди. Ёзганларига яна бир карра кўз ташлаб қабулхонага бош суқди. Котиба жойида йўқ экан. Зариф бошлиқ хонасини очиш учун эшик тутқичига қўл чўзди. Шу пайт ичкаридан ғўнғир-ғўнғир товуш ғира-шира эшитилди.
– Мана, жонгинам, нозик илтимосингиз бажариладиган бўлиб турибди, – дерди бошлиқ кимнидир эркалаган оҳангда. – Рўзиевни ахлоқсиз қилмиши учун кетига тепиб ҳайдаймиз-у, ўрнига укангизни оламиз…
Зариф кўру кар бўлиб, қора терга ботиб қабулхонадан чиқди.
Ташқарида чарх уриб биринчи қор ёғарди…

Луқмон БЎРИХОН