УЛУҒ АЛЛОМАЛАР МЕРОСИ – МУСТАҲКАМ ЭЪТИҚОД АСОСИ

Публицистика

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига тақдим этган Мурожаатномасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланганини алоҳида қайд этди. Шулар қаторида давлатимиз раҳбари буюк алломаларимизнинг ёдгорлик мажмуалари қошида ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, тасаввуф, калом ва ақида илми каби диний-маърифий йўналишларни ўрганиш бўйича махсус мактаблар ташкил этилганига эътибор қаратгани бежиз эмас.
Бинобарин, бугунги кунда мамлакатимизда, бир томондан, фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб, хусусан, диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш руҳида тарбиялашга, иккинчи томондан, кўҳна заминимизда яшаб ўтган улуғ алломаларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод қилиш ва бой маънавий меросини атрофлича ўқиб-ўрганишга катта аҳамият берилмоқда. Биргина Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг мотуридия мактаби намояндаси Абу Муин Наса­фий зиёратгоҳини реконструкция қилишга доир ташаббуси бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Улуғ аждодимиз Абу Муин Насафий XI асрда яшаган, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир. Ушбу улуғ зот 1027 йили Насаф яқинидаги Ибсан (ҳозирги Қовчин) қишлоғида туғилган ва узоқ муддат Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳарларида илму ижод билан шуғулланган, 1114 йили 87 ёшида Самарқандда вафот этган. Абу Муин Насафий  ёзган ўнлаб китобларнинг аксарияти калом илми масалаларига бағишланган. Ана шу нодир китобларнинг ўнлаб қўлёзма нусхалари дунёнинг кўплаб кутубхоналарида сақланмоқда.
Буюк бобомизнинг илмий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир. Шу маънода, давлатимиз раҳбари 2017 йил 24–25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи асносида бу улуғ зотнинг Қарши тумани, Қовчин қишлоғидаги муқаддас қадамжосини обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, ушбу масканда кутубхона ташкил этиш ва аллома асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича амалий тавсиялар бергани айни муддао бўлди.
Бу ҳақда сўз борганда, албатта, 2017 йил 15 июнда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти маънавий мерос масаласига алоҳида тўхталиб, “Кейинги вақтда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қилаяпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ”, дея қайд этганини эсга олиш лозим.
“Мисол учун, Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар”, деди мамлакатимиз раҳбари.
Ўшанда Насафий бобомиз (тўлиқ исм-шарифлари: Абул Мўъийн Маймун ибн Муҳаммад ибн Мўътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафий ал-Макҳулий) зиёратгоҳида муаззам мажмуа барпо этиш, бу улуғ зотнинг китобларини таржима қилиш ва нашрдан чиқаришнинг муҳим аҳамиятга эга экани ҳақида ҳам сўз борди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида динимиз равнақи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк азиз-авлиёлар, аллома зотлар хотирасига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари, илмий марказлар фаолият кўрсатаётганига эътибор қаратилди.
Президентимизнинг: “Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади”, дея билдирган қимматли таклифлари асосида бу ерда ана шу илмий мактаб ўз фаолиятини бошлади.
Бинобарин, ақоид илмида битилган жамики манбалар, шарҳ ва ҳошияларда Имом Абу Муин Насафий номи тилга олингани ҳамда унинг “Табсират ал-адиллати фи илм ал-калом” (“Калом илмида далиллар тилга кирганда”) асаридан иқтибос келтирилгани ёки унда баён қилинган ҳукм эътироф этилганини кўриш мумкин.
Айрим манбаларда ушбу китобнинг “Табсират ал-адилла фи усул ад-дин ъала тариқат-ал Имам Аби Мансур Мотуридий” (“Абу Мансур ал-Мотуридий тариқатига биноан дин усулларини аниқ далиллар билан шарҳлаш”) деган тўлиқ номи истифода этилган. Шунингдек, бу ном “Табсират ул-адиллафи калом” (“Калом илмида далиллар изоҳи”), “Табсират ал-адилла” (“Далиллар изоҳи”), “Табсират ул-адилла” каби шаклларда ҳам қўлланилади.
Иброҳим ибн Абдураҳмон Узрий (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ҳар бир замонларда адолатпеша инсонлар (мўътадиллик) ҳаддидан ошганларнинг нотўғри талқинини, лаёқатсиз кимсаларнинг асоссиз тасдиқлашини ҳамда нодонларнинг таъвилларини инкор этган ҳолларида бу илмни ҳимоя қиладилар”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Муҳаммад алайҳиссаломнинг ушбу ҳадиси шарифида тўғри йўлдан адашган, асоссиз нарсаларни ўзларига “ҳужжат” қилган ҳолда, бошқаларни чалғитадиган, илмсизликдан ояту ҳадисларни нотўғри таъвил ва талқин қиладиган кимсаларни тўғри йўлга соладиган, мусулмонларни соф ақоидга бошлайдиган инсонлар ўз замонасининг адолатпеша инсонлари, дея зикр қилинмоқда. Имом Абу Муин Насафий ўз замонасининг ана шундай кишиларидан бири бўлган. У зот Мотуридий ақоидининг бизгача етиб келишида катта хизматлар қилган.
Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” китобида Имом Мотуридий таълимоти ниҳоят даражада мукаммал ва тушунарли тарзда баён этилган. Шу сабабли у асрлар давомида калом илми бўйича асосий қўлланмалардан бири сифатида эъзозлаб келинади.
Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” ҳамда Имом Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” китобини ўзаро қиёсий таҳлил этган олимларнинг фикрича, “Абу Муин Насафийнинг шоҳ асари “Табсират ул-адилла” Имом Мотуридий (р.а.)нинг “Тавҳид” китобидан кейинги китоб саналади. Балки ушбу асар “Тавҳид” китобига шарҳ, тафсир ва баён деб эътибор қилинади. Чунки “Табсират ул-адилла” асари кўп ўринларда “Тавҳид” китобининг услубларини баён қилиб, унга нисбатан кенг қамровли ва тафсилотлар билан бойитилган асардир”.
Араб тилини ўрганиш бўйича Француз илмий институти тадқиқотчилари ҳажми минг саҳифадан ортиқ бўлган “Табсират ул-адилла” китобини 1990 ва 1993 йилларда Дамашқ шаҳрида икки жилд ҳолида нашр эттиргани ҳам бу асарнинг улкан маънавий қийматидан далолат беради. Ушбу нашрни тайёрлашда асарнинг 1269 йили Бухорода Муҳаммад ибн Ҳасан ибн ал-Ҳусайн исмли хаттот кўчирган ва Мисрдаги Искандария шаҳри кутубхонасида, шунингдек, Қоҳирадаги “Дор ул-кутуб ал-Мисриййа” ва машҳур ал-Азҳар университети кутубхоналарида сақланаётган мўътабар қўлёзмаларига таянилган.
Имом Абу Муин Насафийнинг илм аҳлига яхши таниш бўлган яна бир китоби – “Баҳр ал-Калом фи илм ал-Калом” ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Ҳозирги кунда “Баҳр ал-Калом” асарининг қўлёзма нусхалари Дубай, Дамашқ, Бағдод, Қоҳира ва Искандария шаҳарлари кутубхоналарида сақланмоқда.
Маълумки, замондош алломамиз Убайдулла Уватов 2007 йил баҳорида Англияга илмий сафарида Британия музейи кутубхонасида 100 дан зиёд Насаф ва Кеш алломаларининг бизга номаълум асарларини излаб топишга муваффақ бўлди. Олим 2008 йилда Саудия Арабистонида ҳам бўлиб, насафийлар ва кешийлар илмий меросини тадқиқ этиш билан жиддий шуғулланди.
Профессор Убайдулла Уватовнинг таъкидлашича, Имом Абу Муин Насафийнинг “Баҳр ал-Калом фи илм ал-Калом” китобида келтирилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки ҳадиси фавқулодда аҳамиятга моликдир.
Биринчи ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар”, деган бўлишига қарамасдан, халифалик устида икки кун баҳс бўлган. Бу ҳол муборак ислом динимиздаги дастлабки ихтилофларнинг пайдо бўлиши, деб баҳоланади.
Иккинчи ҳадис: Сарвари оламнинг “Мендан кейин халифалик ўттиз йил, ундан кейин амирлик, подшоҳлик ва ҳоказолар бўлади”, деган фикрлари нақадар тўғрилигини алоҳида қайд этиш зарур. Чиндан ҳам, бу муддат, яъни ўттиз йил тўғри йўлдан юрувчи халифалар – чорёрлар пайтида тугаган. Ҳозирги вақтда “халифалик”ни орзу қилиб юрган баъзи кимсалар учун ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу ҳадислари асосли жавобдир.
Бундан ташқари, Имом Абу Муин Насафийнинг “Ат-Тамҳид ли қовоид ат-тавҳид” (“Тангрининг ягоналиги асосларига оид бошланғич таълим”), “Ал-Умда фи усул ал-фиқҳ”, “Китоб фи-т-тавҳид”, “Тасаййуд ал-қавоид фи илм ал-ақоид”, “Муқаддимат фи одоб ал-баҳс” каби асарларида ҳам ақидавий масалаларнинг талқини салмоқли ўрин эгаллайди.
Шу ўринда Қашқадарё воҳаси заминида Насафий нисбаси билан юритилган яна кўплаб улуғ зотлар камолга етганлиги ҳақида ҳам мухтасар тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, Абу Муин Насафийнинг катта бобоси Макҳул ан-Насафий (вафоти 930 й.) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан, алломанинг бобоси Муътамид ибн Макҳул ан-Насафий эса ҳанафийлар орасида катта обрў-эътибор қозонган зотлардан бўлган.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки Қашқадарё воҳасининг икки йирик шаҳри – қадимда Нахшаб, Насаф номлари билан аталган бугунги Қарши ҳамда Кеш номи билан машҳур Шаҳрисабз тарихи Ўрта Осиёнинг боқий шаҳарлари Самарқанд, Бухоро, Хива сингари қадимийдир. Жаҳонда 2700 йиллик тарихга эга бўлган шаҳарлар унча кўпчиликни ташкил этмайди. Вилоятнинг асрларга бўйлашган бу икки муаззам шаҳрининг олис кечмиши, бой тарихи ва зафарларга тўлиқ бугунги куни унинг ҳар бир фарзанди қалбида юксак миллий ғурур туйғусини уйғотиши табиий.
Насаф ва Кеш алломалари фаолияти бўйича алоҳида изланишлар олиб борган фидойи зиёлиларимиздан яна бири – раҳматли шоир ва публицист, таниқли жамоат арбоби Насриддин Муҳаммадиев (Носир Муҳаммад)нинг маълумотларига қараганда, Насаф IХ–ХII асрларда мусулмон оламида “мадина” (яъни, йирик шаҳар) деб юритилган 8 та шаҳар – Мадинаи мунаввара, Бағдод, Исфаҳон, Нишопур, Марв, Бухоро, Самарқанд билан бир қаторда маълум ва машҳур бўлган.
Абдулкарим ас-Самъонийнинг (1113–1167) “Ал-Ансоб” (“Насабнома”) номли асарида Насаф ва унинг атрофидаги 50 дан ортиқ қишлоқларда етишиб чиққан салкам 180 нафар алломанинг номлари қайд этилган. Ас-Самъонийнинг ёзишича, Насаф атрофидаги Косон, Касба, Майморғ, Варасин, Устуғдодиза, Фарғуздиза, Ғубдин, Кожар, Ниёза, Навқад, Ибсан, Базда, Хузор, Суводиза каби қишлоқлар каттагина нуфузга эга бўлган ва насафлик алломаларнинг нисбаларида бу ҳол ўз аксини топган. Агар тарихчи олим ушбу шаҳарда қарийб икки ой яшаганини эъти­борга олсак, унинг бу маълумотлари нечоғлик холис ва ишончли эканига шубҳа қолмайди.
VIII аср охири ва IX аср бошларида Насаф ва Кеш ҳудудларида ислом таълимоти асослари, ғояларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг натижасида воҳада туғилиб вояга етган, шунингдек, Мовароуннаҳр ҳамда ислом таълимоти кенг ёйилган ўлкалардан таълим олиш, илм ўрганиш мақсадида келган шахслар томонидан Қуръон тафсирлари, Ҳадислар моҳияти ва фиқҳ илмининг асослари ўрганила бошланган. Натижада ушбу ҳудудларда ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган.
Хусусан, Абу Абдураҳмон Муъаз ибн Ёқуб ан-Насафий IX асрда яшаган ислом олимларидан бири бўлиб, бу улуғ зот 834 йили ўз маблағи ҳисобидан Насафда жоме масжиди, сўфийлар учун работ ва сув манбаи қурдирган. Кўплаб шогирдлар етиштирган, ҳадисшунослик борасидаги изланишлари билан шуҳрат топган.
Насаф вилоятининг Варасин қишлоғида туғилган тарихчи ва ҳадисшунос олим Абул Ҳорис ал-Варасиний ан-Насафийнинг ўнлаб асарлари орасида “Китаб муфахарат аҳл Насаф ва Кашш” (“Насаф ва Кеш аҳлининг ифтихорлари”) номли китоби ҳам борлиги эътиборга моликдир. Ушбу аллома талабалик йилларида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий, Туфайл ибн Зайд ат-Тамимий, Мусанно ибн Иброҳим ал-Ғубдиний (Ғубдин – Қарши туманидаги қишлоқ) сингари ўз даврининг машҳур шахсларидан таълим олган.
Шунингдек, 914–943 йилларда яшаган шоир, файласуф ва давлат арбоби Муҳаммад Нахшабий, тилшунос ва адабиётшунос олим Абу Усмон ан-Насафий (952 йили вафот этган), олим ва фақиҳ Ҳусайн ибн Хизр Насафий (1033 йили вафот этган), фиқҳ ва ҳадисшунослик, тарих ва филология соҳасида кенг қамровли билимлар соҳиби, “Насаф ва Кеш тарихи” номли икки жилдли (бизгача етиб келмаган) китоб муаллифи Абул Аббос Жаъфар ан-Насафий (962–1041), Насафдан 4 фарсах узоқликдаги Устуғдодиза қишлоғида таваллуд топган муҳаддис Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Муҳаммад ал-Устуғдодизий ан-Нахшабий (1018–1066) номларини тилга олиш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Насафлик яна бир фиқҳшунос олим Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ шамс ул-аимма ал-Ҳалвонийнинг “Ал-Мабсут” номли асари ўз даврида довруқ қозонган. Ал-Ҳалвоний тахаллуси олимнинг ота касби ҳолвачилик бўлганига ишоратдир. Тарихий манбаларда унинг 1056 йилда Кешда вафот этгани, сўнгра Бухорода дафн этилгани қайд этилган. Янги маълумотлар эса олимнинг мақбараси Қарши шаҳридаги Қовчин қишлоғида эканидан далолат бермоқда.
Айниқса, Х асрда Аҳмад ибн Тадёний, Ҳаммад ибн Шокир ан-Насафий, Абдулмўмин ибн Халаф ан-Насафий, Ал-Лайс ибн Наср ал-Кожарий, ХI асрда Абдулазиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабий, Муҳаммад ибн Аҳмад Баладий, Ал-Ҳасан ибн Али ал-Ҳаммадий ан-Нахшабий каби олимлар бутун ислом оламида танилган. Шунингдек, “Зубдат ул-ҳақойиқ” китоби муаллифи Азизиддин Насафийнинг асарлари ўрта асрлардаёқ Европада маълум бўлган.
Ҳадисшунослик ва ҳанафий мазҳабининг таниқли фиқҳшуноси Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Баздавий ан-Насафий 1009 йилда Насаф яқинидаги Базда қўрғонида (Пазда, ҳозирги Фазли қишлоғи) туғилган. Унинг “Канз ул-вусул ила маърифат ул-усул” асари “Усули Баздавий” номи билан машҳур.
Қомусий олим, шоир, тарихчи ва фиқҳшунос Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий эса 1069 йили Насаф шаҳрида таваллуд топган. Умрининг охирида Самарқандда яшагани учун баъзан исмига “ал-Мотуридий” нисбаси ҳам қўшиб айтилган бу аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг устози бўлган.
Нажмиддин ал-Насафийнинг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд уламолари зикрида қанддек ширин китоб”) номли асарида 60 дан ортиқ Насафий, Косоний, Касбавий, Баздавий нисбали, шунингдек, ўнга яқин Кеший нисбали алломалар, хусусан, Имом Бухорийнинг содиқ дўсти Тоҳир ибн ал-Ҳусайн ан-Насафий ал-Майтманоний, эллик йилдан ортиқ Насафда қозилик қилган Абу Зайд Туфайл ибн Зайд ат-Тамимий ан-Насафий, шайх Абулйуср Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумотлар келтирилган.
Жумладан, Абулфазл аш-Шаъбий ибн Абдуллоҳ ал-Афроний ҳақида маълумот берар экан, муаллиф: “Насаф яқинидаги Афрон қишлоғида туғилган бу аллома илм бобида мисли хазина, ҳадис толиблари учун эса битмас-туганмас манба эди”, деб ёзган.
Бу ҳақда фикр юритганда, Афрон (Офурон) Қарши туманидаги ҳозирги Оброн қишлоғи эканига эътибор қаратиш лозим. Шу тариқа Нажмиддин ал-Насафий ўз асарида Қашқадарё воҳасининг шаҳар ва қишлоқларида яшаб ижод қилган кўплаб алломалар, шу жумладан, Насафдан – 63, Кешдан – 8, Касбидан – 6, Фазлидан – 3, Ғубайдийда (Ғубдин), Устуғдодиза, Косон, Тадёна (Фудина) қишлоқларидан 1 нафардан, жами 85 нафар фозил зотлар ҳақида муҳим маълумотларни баён этган.
Бундан ташқари, Ҳофизиддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий (1310 йили Бағдодда вафот этган) ҳам замонасининг машҳур имоми, фиқҳ илми билимдони, атоқли муҳаддис сифатида танилган бўлса, Шамсиддин Сўзаний, Муайидиддин Насафий, Зиёуддин Насафий, Сайидо Насафий, Ломеи Насафий, Насим Маҳрам, Дастур Насафий, Тоҳира Насафий сингари шоирларнинг асарлари адабий давраларда кенг эътибор топган.
Кези келганда, ЮНЕСКО Бош анжуманининг 2017 йил 30 октябрь – 14 ноябрь кунлари бўлиб ўтган 39-сессияси қарори билан тасдиқланган ЮНЕСКО иштирокида 2018–2019 йилларда нишонланадиган қутлуғ саналар қаторида шоир Миробид Сайидо Насафий (1618–1707) таваллудининг 400 йиллигини нишонлаш кўзда тутилганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Асосан форсий тилда ижод қилган Сайидо Насафий ўзидан бой адабий мерос қолдирган бўлиб, унинг лирик ва эпик асарлари – ғазал, рубоий, қитъа, маснавий каби мумтоз жанрларда битилган асарлари ҳажми 18 минг мисрадан ортиқдир.
Абу Туроб Нахшабий, Қусам Шайх, Баҳоуддин Қишлоқий сингари тасаввуф шайхлари фаолияти ҳам Қарши шаҳри ва унинг атрофларида кечгани диққатни тортади. Масалан, 806 йили Нахшаб шаҳрида туғилган ва умри давомида 40 маротаба ҳаж зиёратига пиёда борганлиги учун Шарқда сабр-бардошнинг юксак тимсолига айланган Абу Туроб Нахшабийнинг номи Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонида ҳамда Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асарида эҳтиром билан тилга олинган.
Қусам Шайх ва Баҳоуддин Қишлоқий эса Баҳоуддин Нақшбанднинг илк устозлари сифатида тарихда қолган. Қусам Шайх ҳаётининг Насаф билан боғлиқлиги хусусида сўз борганда, айни пайтда Фудина қишлоғида мангу ором топган бу зот Хожа Аҳмад Яссавийнинг шу юртда яшаб қолган эвараларидан бири эканини қайд этиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Эътибор берилса, Насафий нисбасини олган алломаларнинг бир қисми айнан Насаф шаҳрида, бошқа бирлари эса Насафга яқин жойлашган қишлоқларда таваллуд топганига амин бўлиш мумкин. Зотан, Қашқадарёда Иккинчи жаҳон урушидан то бугунги кунгача 120 дан зиёд қадимги ва ўрта аср шаҳарлари, қишлоқ ва қалъалари тадқиқ қилингани, айниқса, мустақиллик йилларида Қарши шаҳрининг учта қадимий ўрни бўлмиш Ерқўрғон, Қалъаи Заҳҳоки Морон ва Шуллуктепа, шунингдек, Кўҳна Фазли, Узунқир, Сангиртепа каби ёдгорликлар ўрганилиб, воҳанинг бир неча минг йиллик тарихи қайта тиклангани буни яна бир бор илмий асосда исботлаб берди.
Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда вилоят марказида “Насафий ва Кешийлар меросини ўрганиш илмий маркази” фаолият юритаётгани эътиборга лойиқ. Бундай ташаббуслар, энг аввало, ёшларимизда эл-юртимиз тарихига қизиқиш уйғотибгина қолмай, айни чоғда, улуғ аждодларимизга нисбатан ҳурмат-эҳтиром туйғуларини ривожлантиришга хизмат қилиши билан ниҳоятда муҳимдир.
Яна бир муҳим далил – бугунги кунда Қарши хаттотлик мактаби вакиллари, хусусан, Муҳаммад ан-Насафий, Муҳаммад Саид Насафий, Искандар Насафий, Мирзо Исомиддин Насафий, Мирзо Абдулқодир Насафий каби моҳир хаттотлар қўли билан битилган кўплаб асарлар дунёдаги турли давлатларнинг қўлёзма хазиналарида сақланмоқда.
Насафлик номдор меъмор Али Насафий чизган тарҳ негизида 1370 – 1380 йилларда Шоҳи Зинда меъморий мажмуасидаги мақбаралардан бири тикланган бўлса, ХV аср охири – ХVI аср бошларида яшаган ҳофиз ва бастакор Маҳмуд Насафий муайян муддат Темурийлар саройидаги санъаткорлар гуруҳида хизмат қилган. Хусусан, “Исфаҳон”, “Ҳусайний”, “Ироқ” мақомларида бир неча “Нақш”, “Амал” ва “Савт” яратган ушбу бастакорнинг “Нақши Маҳмудий” оҳанги машҳур мусиқий асарлардан ҳисобланади.
Чиндан ҳам, Ўрта асрларда Насаф ва Кешнинг номдор фарзандлари нафақат шариат ва фиқҳ, адабиёт ва илм-фан, мусиқа, меъморчилик ва хаттотлик соҳаларида довруқ қозонган, айни чоғда улар Амир Темур салтанатининг таянчи ва суянчи, Соҳибқирон шонли қўшинининг ўзагини ҳам ташкил этган. Бунга бир яққол мисол келтирамиз.
Тарихий манбаларда ёзилишича, 1402 йилнинг 28 июлида Анқара шаҳри яқинидаги Чубуқ водийсида Амир Темур билан Усмонлилар султони Боязид Йилдирим аскарлари ўртасида кечган ва Соҳибқирон ғалабаси билан якун топган жангга гувоҳ бўлганлар орасида Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III томонидан Амир Темур ҳузурига йўлланган элчилар – Пайо де Сото Майор ва Эрнан Санчес де Паласуэлос ҳам бўлган. Жангдан сўнг Туркистон амири элчиларни қабул қилган, улардан испанлар давлати ва қиролнинг ҳол-аҳволи ҳақида суриштирган, зиёфатларга таклиф этиб, кўп ҳадялар берган.
Элчиларнинг қайтиш пайти келганида Соҳибқирон икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида улар билан бирга қобилиятли беклардан Муҳаммад Кешийни ҳам мактуб ва совғалар билан Кастилияга элчи қилиб жўнатган. Кеший у ерга эсон-омон етиб бориб, мактуб ва совғаларни Қирол Дон Энрике III га топширган.
Шу ўринда Амир Темур элчисининг шахси ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Унинг номи баъзи бир манбаларда “Муҳаммад қози”, “Муҳаммад ал-қози”, кейинги, янги тадқиқотларда эса “Муҳаммад Кеший”, “Муҳаммад ал-Кеший” тарзида келтирилган. Маълумки, Амир Темур Насаф ва Кеш олимлари, диний ва дунёвий илмлардан хабардор, хорижий тилларни биладиган қобилиятли шахсларни ўз саройига ишга жалб этган. Улар турли лавозимлар қатори элчилик вазифасини ҳам адо этишган. Масалан, Муҳаммад Кеший Соҳибқироннинг элчиси сифатида маълум муддат Испанияда яшаб келган бўлса, Мавлоно Абдуллоҳ Кеший Амир Темур томонидан Миср султони Фаражга элчи қилиб юборилган.
“Кеш” сўзининг “қоз”га айланиб қолиши масаласини Европа тилларининг ўзига хос талаффуз талаби билан ҳам изоҳлаш ўринлидир. Масалан, ҳатто Руи Гонсалес де Клавихонинг ўзи ҳам баъзан тарихий атоқли номларни ва жойлар номини турлича ишлатган. У Тўхтамиш номини бир ўринда – Тотамих, бошқа жойда – Керамих, яна бир ўринда – Тетанис деса, Табриз шаҳри номини эса Торис, Турис, Таурис қабилида турлича шаклларда қўллаган.
Амир Темур, одатда, Европа мамлакатларига масиҳийлик дини пешволарини элчи қилиб юборган. Франциско, Франциско Садру, Султония шаҳри архиепископи Иоанн ана шундай вазифаларни адо этганлар. Мисол учун, 1402 йилда Иоанн Франция ва Англия қиролларига Соҳибқироннинг хатларини олиб борган. Мусулмон дипломатлардан фақат Муҳаммад Кешийгина Европага боришга муяссар бўлган. Бу ҳам унинг қобилиятидан, бир неча тилларни, эҳтимол, Европа тилларидан бирини билганлигидан далолат беради.
Ўша даврда Амир Темурнинг шуҳрати бутун Европага тарқалган. Шу сабабли Муҳаммад Кеший Кастилия Қироли Дон Энрике III ҳузурида катта ҳурмат-эътибор билан кутиб олинган. У Қирол саройидаги ва йирик зодагонлар қасридаги қабулларда иштирок этган. Қирол унга Руи Гонсалес де Клавихо бошчилигидаги ўз элчиларини қўшиб, ҳурмат-эҳтиром билан Самарқандга кузатиб қўйган.
Шу тариқа 1403 йили испан элчиси Клавихо билан бирга юртга қайтган Муҳаммад Кеший узоқ ва машаққатли йўл босиб, 1404 йилнинг август ойи охирларида Самарқандга етиб келган. Соҳибқирон Кастилия элчиларини ўша йили 8 сентябрь куни Самарқанд ташқарисидаги Дилкушо боғида қабул қилган. Шу элчилар орасида Муҳаммад Кеший ҳам бўлган, деб гувоҳлик беради тарихий манбалар. “Улар билан яна Темурбек томонидан Испанияга юборилган элчи ҳам бор бўлиб, унинг устидан у ердагилар кулишар, чунки элчи кастилча, яъни испанча кийимларни кийиб олган эди”, деб ёзган Клавихо.
Бу ишончли маълумотлар, шубҳасиз, олис тарихда Кеш ҳам Насаф каби йирик маданият марказларидан бўлганини кўрсатади. Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Кеш шаҳрилик уч нафар улуғ муҳаддис ва имом – Абу Муҳаммад (Абдуллоҳ ибн Абдулҳамид ибн) Наср (Ибн Ҳумайд) ал-Кашший, (Абу Муҳаммад) Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Дорамий ас-Самарқандий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (р.а.) номларини тилга олган. Машҳур тарихчининг фикрича, ўша вақтда диний масалалар ечимини ўрганиш учун олам аҳли Кешга ёғилиб келавергани туфайли бу шаҳар “Қуббатул илм ва адаб” деган ном билан башарият назарига тушган.
Туркиядаги Сулаймония кутубхонасида яна бир кешлик аллома – Аҳмад ибн Мусо ал-Кеший қаламига мансуб “Мажмуъ ул-ҳаводис ва-н навозил” асари сақланмоқда. Бу китоб 1155 йилда ёзилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар атрофлича ўрганилмаган.
Ўрта асрларда Кешда Шамсиддин Кулол ал-Кеший, Ҳазрати Башир, Мавлоно Хожагий Имканагий сингари азиз авлиёлар ва машҳур тасаввуф шайхлари, Абд ибн Яҳё Киссий (Кеший), Абдуллоҳ ибн Али ибн Аҳмад ибн Амийрак Киссий, Абдуллоҳ ибн Ҳасан Киссий, Абдураҳмон ибн Муҳаммад Кеший, Абу Аҳмад Исо ибн Жунайд ан-Наҳвий ал-Адийб ал-Киссий, Абу Иброҳим Ишоқ ибн Иброҳим ал-Боб ал-Кеший ал-Самарқандий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Мансур Кеший каби қирққа яқин муҳаддис ва алломалар, Хўжа Абулбарака Фироқий, Айюб Шаҳрисабзий, Лозимий Кеший, Нажми Кеший, Ҳаким Шаҳрисабзий каби шоирлар, ўнлаб моҳир хаттотлар яшаб-ижод қилган.
Қашқадарё тупроғидаги Хўжа ибн ал-Жарроҳ, Солмони Пок, Хўжа Шамсиддин Кулол, Ҳазрати Башир, Ҳазрати Султон, Султон Мирҳайдар, Лангар ота каби ўнлаб зиёратггоҳ ва муқаддас қадамжоларни халқ ихлос билан тавоф этади. Ўз нав­батида, бу муборак юрт заминида камол топган шундай улуғ аждодларимизнинг тарихини, фаолиятини, маънавиятимиз хазинасига қўшган ҳиссасини ҳар томонлама ўрганиш, тарғибу ташвиқ қилиш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандия таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари, Имом Мотуридий ва Имом Абу Муин Насафий ақоидлари асосида тарбия қилаётганимиз бежиз эмас. Бинобарин, маънавий ҳаётимизни, шу жумладан, маърифий ислом, таъбир жоиз бўлса, маърифий тасаввуфни мана шу улуғ алломаларимиз, пири комил аждодларимизнинг номлари билан боғлаймиз.
Зеро, Мовароуннаҳр ёхуд Марказий Осиё минтақаси мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб йўл-йўриқларига амал қилади. Бинобарин, ўз мазҳабини маҳкам тутган ҳар қандай мусулмон бошқа мазҳабларга нисбатан ҳам иззат-икром руҳида бўлиши лозим. Аммо ақидавий масалаларда фақат “Аҳли Сунна вал-Жамоа” эътиқоди тўғри, бошқа фирқа ва оқимлар эътиқоди ботил, деб билишлари зарур.
Ҳозирги вақтда бутун башарият глобаллашув замонида, ғоялар кураши ўта фаоллашган, баъзи экстремистик кучлар ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олиб, ғаразли мақсадларда фойдаланаётган даврда яшамоқда. Бу қалтис ва мураккаб вазиятда биринчи навбатдаги вазифа шуки, мусулмонларнинг ўзи ақидапарастликдан халос бўлмоқликлари шарт. Акс ҳолда, дунё миқёсида тинчлик ва барқарорликка эришиш ниҳоятда мушкулдир.
Глобаллашув асрида жаҳонда тинчлик ўрнатишнинг энг муҳим тамойилларидан бири диний бағрикенглик ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, ҳар бир инсондан эътиқодида мустаҳкам бўлган ҳолда бошқа динлар, бошқа эътиқод ва анъаналарни ҳам ўрганишни тақозо этади.
Аслида ақидапарастлик деярли барча диний эътиқодларда мавжуд экани сир эмас. Шу нуқтаи назардан, инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган бир пайтда диндан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган турли оқимлар фаолиятига муносиб баҳо бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир.
Президентимиз Парламентга тақдим этган Мурожаатномасида ҳозирги кунда Ўзбекистон китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланаётганини айтиб ўтди. Аммо бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмаган, улар олимлар ва ўз ўқувчиларини кутиб турибди.
Давлатимиз раҳбари жуда асосли равишда уқтирганидек, ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкин. Зеро, улуғ аждодларимиз асарларидаги ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, барча одамларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган теран маъноли фикр ва ғоялар бугун ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотган эмас.
Афсуски, биз ана шундай ноёб мерос ворислари, шундай бойлик эгалари бўлатуриб, уларни ҳар томонлама ўқиш-ўрганиш, халқимиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёшларимизга, жаҳон ҳамжамиятига етказиш бўйича ҳалига қадар етарли иш қилмадик. Ҳолбуки, диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Лекин маърифат, маърифий билимлар, ислом ҳуқуқи бўйича кенг тушунчалар, аввало, ота-боболаримиз бизга қолдириб кетган мана шундай мўътабар китобларидадир.
Ушбу муаммонинг негизига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон китоб фондларида мавжуд қўлёзма асарларнинг атиги 15 мингтаси каталоглаштирилгани, аммо шу озгина қисм қўлёзмалар ҳам ҳатто рақамлаштирилмагани, яъни электрон шакл­лари яратилмагани бу борадаги аҳволни аниқ-тиниқ кўрсатиб турибди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ҳудудида ислом цивилизацияси эришган ютуқлар ва бу борадаги бой маънавий меросимизни тизимли асосда чуқур ўрганиш ва ҳар томонлама илмий-амалий таҳлил қилишни таъминлаш мақсадида ушбу йўналишдаги илмий ва диний асарларнинг ягона каталогини тузиш мақбул иш бўлар эди.
Бўлажак каталогдан миллий ва хорижий кутубхоналарда сақланаётган турли тўпламлар, жумладан, литографик ва қўлёзма манбалар, тарихий ҳужжатлар, археологик топилмалар, ёдгорликлар ва осори атиқалар каби маърифий ислом ғояларини тарғиб этишга қаратилган барча тарихий манбалар жой олиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Давлатимиз раҳбари мунтазам эътиборимизни қаратиб келаётганидек, униб-ўсаётган фарзандларимиз тафаккурини ақоид масаласида Имом Абу Муин Насафий каби улуғ алломаларимиз маънавий мероси негизида тўғри шакллантириш – ёшлар, таъбир жоиз бўлса, бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишда энг оқилона маърифий йўлдир. Табиийки, буларнинг барчаси халқимиз, айниқса, вояга етаётган баркамол авлодимиз онгу шуурига соф эътиқодни сингдириш, ёшларимизни комил инсонлар этиб тарбиялашда бевосита кўмак беради.

Акмал САИДОВ