Чиммату сочвонини ишқ ўтида куйдирди гул

Шарқ юлдузи/ Aprel 20, 2018/ Назм

* * *

Бу садо, тингланг, қулоқларга қаёқлардан келур,
Билмагайсизму заминдан балки тоғлардан келур.

Бу наво бунча сеҳрли, айлагай дилни селоб,
Бу наво найданми ё “Чўли ироқ”лардан келур.

Бу нафас хушбўй эрур, оламни маст айлар чунон,
Эмизакли ёш гўдакдин ё гиёҳлардан келур.

Бу шивирлашдан баҳор сандиқдан олди сепини,
Бу шивирлаш кўп сирли, тунги боғлардан келур.

Энтикишми ё саодат, бир жимирлайдур кўнгил,
Ё илоҳий сасми бу – билгисиз ёқлардан келур.

Қайдин эшитсин ани ғофил кишилар, бу овоз
Сайёҳ шамоллар бағрида йироқ-йироқлардан келур.

Эй Амир, ўтди нечалар сенгача англай дебон,
Сен умид айла, жавоб сенга огоҳлардан келур.

* * *

Айри этгай гулни боғдан, танни жондан айрилиқ,
Ям-яшил япроққа етгайдир хазондан айрилиқ.

Кимки кетди қайтмади, нарёқда не бор – ноаён,
Айирмишдир бу жаҳонни у жаҳондан айрилиқ.

Дод десанг, осмон эшитмас, ерга боқсанг, ер чўкар,
Чиқоргай дуд нола бирла устухондан айрилиқ.
Излагайдир то ҳануз Қайс топмайин Лайлосини,
То ҳануз ошиққа жой бермиш ёбондан айрилиқ.

Икки дилдир икки соҳил, бир-бирига талпинур,
Ўртада дарё оқар – оби равондан айрилиқ.

Юзларингни тирна, сочинг юл, ёқангни йирт, вале,
Бир нажот йўқ, фарқламас зардобни қондан айрилиқ.

Армондин топмоқ завол гар қисматингда бор эса
Эй Амир, ердан эмас бу, осмондан айрилиқ.

* * *

Бўлмасанг сен, менда найлай икки гавҳар зорини,
Кўр бўлай, борим унутсин борлиғингнинг борини.

Бор эсанг, сас бер, юзингдан ол замонлар пардасин,
Худ маконда шуъла сочсин, оч дилинг асрорини.

Зардобли наҳр ичра умрим хазони оққай абад,
Безамас эркан юзунг то жисму жон гулзорини.

Икки олам сийратида сувратингдан не жамол,
Фанода кўрсат ёр, бир бор бақо дийдорини.

Бераҳмдир вақт шамоли, ёр дилимни овлагил,
Совурмасидан бурун ул жисмимизнинг хорини.

Илоҳа, дил топса боқий бахт билолинг болидан,
Бидоят буржида бўйнимга осай зуннорини.

Топса сен дилдорини басдур Амирга, ҳақ тилаб
Ахтарур бир тола сочингдан ғариб дилдорини.

* * *

Қирқ пари қушдай қўнибдур қай бирини сайласам,
Сочи қирқ қиз, қоши қирқ қиздай парини сайласам.

Сочлари сочбовига сиғмай сабода солланур,
Садафда сочқунча сақланган сирини сайласам.

Афсун айларда азимат аҳлининг ақлин олиб,
Карашмаси куфру кўзи кашмирини сайласам.

Зоҳири – зуҳд, ботини – бут, суврату сийрат аро
Ботинидан ботиниб бир зоҳирини сайласам.

Гулжабинли, инжабелли, не десам бошдан-оёқ
Гул эрурким, аввали ё охирини сайласам.

Қўпти ғавғолар, жонимга мингта таскин етмагай,
Не бўлур сайлаб-сайлаб кофирини сайласам?

Ай, Амир, асран адодан айласа аҳд – айлагай,
Сабрким, дегил: “Саодат – собирини сайласам!”

* * *

Агар ишқ ўти куйдирса, парилар ҳам тўкар кўзёш,
Агар ёр суйса-суйдурса, парилар ҳам тўкар кўзёш.

Муҳаббат офати тўфон, минг бир Нуҳ қолмагай омон,
Кемаси чўкса, сел сурса, парилар ҳам тўкар кўзёш.

Агар ишқ ўтидан учқун тушиб, Қоф тоғида ул кун
Ловиллаб бир чаман қурса, парилар ҳам тўкар кўзёш.

Эрам боғини кез, эй жон, кўрарсан ҳамма маст, шодон,
Шамол ул ўтни келтирса, парилар ҳам тўкар кўзёш.

Муҳаббат бир ибодатдур, ғам чекмак анда тоатдур,
Агар меҳробга бош урса, парилар ҳам тўкар кўзёш.

Ким айтди тошбағир бўлгай, алар суйса оғир бўлгай,
Ҳажр даштида ел турса, парилар ҳам тўкар кўзёш.

Амир, қалбингни юлгин, от, беишқ оламни қилгин мот,
Шояд бир боқса, бир кўрса, парилар ҳам тўкар кўзёш.

* * *

Воҳ, на кўрк бу, юз очиб мен силниким суйдурди гул,
Чиммату сочвонини ишқ ўтида куйдурди гул.

Кўрмадим гул кездиму гулшанни минг йил ул каби,
Гул на жаннатда топилмас бил, деди, билгурди гул.

Билмадим, ким анга бир бор боқди, тупроқ юзига
Тортдию қора ниқоб, устига чим уйдурди гул.

Томоша қилмоқ учун ҳуснин баҳор келгай мудом,
Қутлабон сандиғидан турли либос кийдурди гул.

Ғунчасида ишқ элининг сирлари пинҳон азал,
Муҳаббатнинг тахтида ўз ошёнин қурди гул.

Кимни кутгай, кимга ул зор, билмадимки гулзор,
Бир сарин исла муаттар – хўрсиниб “уф” урди гул.

Эй Амир, сен-да юкингил, на хазонлар ҳасратин
Чекмади ул, воҳ, юзин мангу баҳорга бурди гул.

Амир
ХУДОЙБЕРДИ