Видо (Достон)

Шарқ юлдузи/ Aprel 16, 2018/ Назм


Йўқотмасанг, топа олмайсан!

I

Бир чинқириқ,
Бир йиғи
Сачраб кетар ҳавога –
Норизо жон аччиғи
Ё исёни дунёга.

Содир бўлди буюк айрилиқ,
Биров билди,
Биров билмади.
Бақодан узилган дилинтиқ,
Бу жон энди фано эрмаги.

Эринмай эланар эллик элакдан,
Синовлардан сира силлиқ ўтмайди.
Ҳаётнинг мағзини баъзан данакдан
Ажратиб олишга умр етмайди.

* * *

Аччиқ-чучук, оқу қора, афсунлик,
Гоҳида тўқ, гоҳида оч – юпунлик,
Балки беш кун, балки, валлоҳ, уч кунлик,
Одам умридир бу,
О, дам умри бу!

Нафсу ҳирс олдида ожиз тафаккур,
Озга қаноат йўқ, кўпига шукр,
Қалб ёнса парча чўғ, ёнмаса – кўмир,
Одам умридир бу,
О, дам умри бу!

Серҳашам қасрлар – қафаслар зое,
Беадоқ орзую ҳаваслар зое,
Беҳуда олинган нафаслар зое,
Одам умридир бу,
О, дам умри бу!

Умиди уммону соҳилдан кечмас,
Рост туриб, водариғ, ботилдан кечмас,
Алдамчи, омонат кафилдан кечмас,
Одам умридир бу,
О, дам умри бу!

Ҳақман деб авраган рўёга ошно,
Ясанган-тусанган дунёга ошно,
Охир кўз ёшга ғарқ дарёга ошно,
Одам умридир бу,
О, дам умри бу!

Неки яралмишдир жозиб ва соҳир,
Унга дил берганлар куйибди охир,
Ахир, ҳар лаҳзада айрилиқ зоҳир –
Одам умридир бу,
О, дам умри бу!

II

Илк бора атрофга боқди у,
Гарчи гўдак жисмида ҳали.
Эзгу ташриф ибтидоси бу,
Кўриш ва Билишнинг аввали…

* * *

Даричаси нақ кунгай
Чоғроққина бир хона.
Хумча топган гадодай
Суюнар ота-она.

Шукроналар қилишар,
Тилларида тиловат.
Уларни элга қўшар
Оллоҳ берган омонат!
Шу парча эт боиси,
Кўкка етар бошлари.
Энтиктирар бахт иси,
Юраклари тошади.

Ҳолбуки, билмас улар,
Бу хумчада нима бор?
Балки олам орзулар,
Балки алам устувор…

Бу муҳаббат теран шу қадар,
Тамомила таъмадан холи.
Йўқдир унда гинаю кадар,
Йўқдир унинг бирор тимсоли.

* * *

Шивалаб-шивалаб ёққан ёмғирдай,
Беминнат меҳрга қониб, тамшаниб,
Пошшолик абадий дея ишониб,
Болалик жўшади Амудай, Сирдай.

Чақмоқлар чақиши чўчитмас уни,
Қарағай қарсиллаб, қулаб қўрқитмас,
Зулматда игнадай йўқолмас, йитмас,
Кундуздай чароғон ўтади туни.

Атрофга аланглар дилида туғён,
Бир лаҳза тин бермас ҳайратлар ҳаргиз.
Орзулари янглиғ бепоён, ҳадсиз –
Терак учларига илашган осмон.

Қўл тутса қўнгудай юлдузлар яқин,
Оқшом ойдинида ойдир овунчи.
Кўксини куйдирар сафар соғинчи,
Балоғат шавқидан кўзларда ёлқин.

Қалбини забт этиб муҳташам билги,
Йироқ-йироқларга шайланди бир кун,
Камоннинг ўқидай учмоғи учун
Ота-она қадди ёйдай эгилди!

III

Ўзликни англамоқ учун бетоқат,
Олисларни кўзлаб қўйилган қадам.
Қанча умидларга завол бешафқат,
Қанча орзуларга қанот мустаҳкам.
Ўзини топажак кечган ўзидан,
Синашта йўлларга алвидо айта.
Арслон сингари қайтмай изидан,
Сўқмоқлар кашф этиб қайта ва қайта…

* * *

Ўнқир-чўнқир, текис, нотекис
Ўнгу сўлга туташган йўллар
Йўловчини қаршилаб беҳис,
Яна мубҳам йўлларга йўллар.

Гўё дарёга тушган томчи
Борар бетин оқим измида.
Йўқ, йўқ, бу тасаввур алдамчи,
Ҳар қатра собитдир ўзида.

Дарёдай тошган йўл – битта ўзанда
Фақат ўз йўлидан юрар одамлар.
Кимнингдир лабида табассум, ханда,
Кимнингдир кўзидан аримас намлар.

Сокин одимлаган, чопганлар қанча,
Адоқсиз манзилда манзил ахтариб.
Бунда йўқотгану топганлар қанча,
Топганлар бой эмас, йўқотган – ғариб.

Гоҳо сафардошга ўхшамас улар,
Зимдан бир-бирига ёвдай қарашар.
Нокас шеригини чалмоқни ўйлар,
Шубҳасиз, жавоб ҳам шунга яраша.

Чиғаноқ бағрида дур эрур пинҳон,
Инсон моҳияти қалбда яширин.
Афсус, буни англаб етмас оломон,
Сувратига қараб сийлар бир-бирин.

Чўлу биёбондан, боғлардан кечиб,
Тоғлардан ошаркан улкан издиҳом,
Ҳар кимса айрилиқ шаробин ичиб,
Унга бериб кетар мезбон деган ном.

Аммо, муваққатдир бу таъриф мутлоқ,
Мезбонлик зеб эмас инсон шаънига.
Меҳмонлик рутбаси ярашгай кўпроқ,
Буни билган банда Ҳақни таниган!..

IV

Йигит йўлга тушдию шахдам,
Кенглик ва тенгликни кўзлади.
Ҳаёт томон ташларкан қадам,
Ўзғир ўй ўзидан ўзади.

Ёнверига сер солиб йигит
Ҳайрат бармоғини тишлади.
Кўзига тўқинди бир тахлит
Ҳаётнинг бемантиқ ишлари.

Мисли бозор: зор, ор, хор ва бор
Аралаш-қуралаш дунёда
Кимлар сийму зарга харидор,
Кимлар ишқ йўлида афтода.

Битта қилни қирқ ёрган олим
Ночор тинглар нодон сўзини.
Қиличидан қон томган золим
Раҳмдил деб айтар ўзини.

Ўтиб борар нафсидан ўзга
Қайғуси, орзуси йўқлар ҳам.
Зеб-зийнатни илмаган кўзга
Қорни оч, дийдаси тўқлар ҳам.

Ўткинчи дунёда, алҳазар,
Мангулик даъвоси – масала.
Чоллар ҳар кун соқолин кузар,
Охират деб қилмас ҳафсала.

Бир қарасанг, ҳамма тақводор,
Оллоҳ дейди судхўру дайди –
Хўжакўрсин ибодат бекор,
Риёкорлар кимни алдайди?!

Суворийлар отини суяр,
Отлар турфа, оқу қорадир,
Лек, жиловни тутолмай куяр,
Умр эса ўтиб боради…

* * *

Ҳушу беҳуш кунлар ўтдилар,
Офтоб балқди, яширди булут.
Қайғу йигит бағрини тилар,
Хуш дамларнинг сафоси унут.
Нима эди келмоқдан мақсад
Ва кетмоқдан мақсад нимадир?
Савол уни эзади беҳад,
Кўнглига бир ғашлик инадир.

Бўронлар бўкирган ўрмонда
Ўйлар оғушида қақшайди,
Донлари янчилган хирмонда
Бани одам хасга ўхшайди.

Вале, шу Хас нафси балоси
Дунёларни айлагай ғорат.
Йўқлик бўлса охир савдоси,
Нечун қурмоқ жумла иморат?

Қайда, асли, энг катта хатар,
Хавфдан холи бўларми олам? –
Коинотнинг қаърини титар
Ўз қалбидан бехабар одам.

V

Йўлини йўллардан излаган ўғлон,
Йўл истаб, йўлларда бўлди саргардон.

Боғу роғ оралаб юрганди бир вақт,
Гуё оғушига чорлагандек бахт.

Шодон одимларди, дуч келди, ногоҳ,
Товонин тирнаган саҳрога, эвоҳ!

Борлиқни куйдириб саратон ўти,
Бошида айланди самум булути.

Судралиб, зўр-базўр юргани сари,
Тишида ғичирлар қум зарралари.

Ташналикдан бўлиб аҳволи хароб,
Дам-бадам кўринди кўзига сароб.

Саробни қувиб у денгизга етди,
Осмонга тўш урган тенгсизга етди.

Водариғ, етдим, деб, ҳар дам адашди,
Йўллар адоғига йўллар туташди.

Тўлқинлар чайқалиб улкан бешикдай,
Гирдоблар бағрига тортди пайдар-пай.
Ҳалокат бўлмоғин сезиб шу лаҳза,
Тушди юрагига қўрқув ва ларза.

Вужудин зил-замбил тўлқин кўмдию
Ё Раб, деб, кўзларин бехос юмди у.

Ўзига таваккул қилган бир чоғда,
Ажабо, ўзини кўрди қирғоқда.

Сафар тугамади, кетди илгари,
Сўқмоқлар оралаб ўрмондан нари…

* * *

Йўл юрди йўловчи, йўли унмади,
Дилистар манзилдан топмади дарак.
Мақомига солиб олдга ундади
Мурвати шайланган кўҳна чархпалак.

Йўрғалаш бир куни жонига тегди,
Жонига тегдию шу рангсиз ҳаёт,
Улуғ донишмандга бошини эгди:
– Умримга тола нур бахш этинг, устод!

Уриниб-суриниб топар, албатта,
Излаган нарсасин сўқир одам ҳам.
Мен эса юрибман нуқул ғурбатда,
Манзилу маконим – барчаси мубҳам.

Лекин соғинаман, ҳар бир ҳужайрам
Кўз бўлар, орзиқар, ҳар лаҳза уйғоқ.
Дийдор илинжида нигоҳим қайраб,
Бедорман, киприклар соқчидай огоҳ.

Пирим, кафтингизда тургандай аён,
Бизларнинг минг йиллик нари-беримиз.
Марҳамат кўрсатиб, айлангиз баён,
Қандоқ манзил эрур борар еримиз?

Ҳар лаҳза умрдан узилган бурда,
Бурда-бурда қилиб танни музлатди.
Ўзимни йўқотиб, айлансам нурга,
Насиб қилармикан висол лаззати?

VI

Ўрнидан қўзғалди илкис оқсоқол,
Ҳис этиб саволнинг балоғатини,
Йўлчи теран шўнғиб бир ғаввос мисол
Изларди ҳаётнинг моҳиятини.

Деди: – Сен заминда беармон юриб,
Излар қолдирибсан ана ҳар тараф.
Ва лекин, ҳаллослаб, шунча югуриб,
Бир қадам қўймабсан ўзингга қараб.

Бесамар йўлларда улоқиб охир,
Тақдирга тан берган бўлолмас ғолиб.
Сен энди сандиқдан чиқолган Тоҳир,
Ўгитлар мағзини чақолган толиб.

Каттароқ очгайсан кўнгил кўзингни,
Зулмату соядан айлабон ҳазар.
Мўъжиза изласанг, топгил ўзингни,
Юрагинг тубига ташлагин назар.

Ичингда ниш уриб, кўкармоқ истар
Қанча офияту қанча касофат.
Бирда шодумонсан, бирида музтар,
Чуқур қафасингда урён масофа…

Хушхабар кутмоқда, хатар кутмоқда,
Барибир, сен олдга юргайсан илдам.
Ғофиллар ўтмоқда, ошиқ ўтмоқда,
Қай бири бахтиёр, қай бири пурғам.

Туман йўл бошида йўлсизлик ёмон,
Аччиқ қалампирдай янчилар тоқат.
Қай томон юрмоқни айтаман бу он,
У йўлдан бир ўзинг ўтасан фақат.

Лозимдир қўймоғинг икки қадамни,
Минг йиллик машаққат тутса ҳам ҳатто.
Бошингга тож қилиб дарду аламни,
Синовдан ўтгайсан мардона, аъло.

Беҳосил умрингга боқма қайрилиб,
Ишққа ёр дамларни безайди шараф.
Афсус, остонамда турар айрилиқ,
Камолинг кўришга бўлмам мушарраф.

Хайр-хўш демоққа бергайсан изн,
Кўз тутиб топганим, дўсти анисим.
Сафарим сўнггида ташрифинг таскин,
Руҳим ҳаволанур, қолади жисмим.

* * *

Билмагайсан, давру даврон ўтгуси,
Вужудингдан дарду дармон ўтгуси.

Жон-жонингни ўртаган тийғи ҳижрон,
Ҳам руҳафзо жону жонон ўтгуси.

Чўл-биёбон, тоғу, дашту баргрезон,
Гулга чўмган боғу бўстон ўтгуси.

Бу майдонда бир вафодор мард қани?
Чин вафодор марди майдон ўтгуси.

Мингта дўстинг бўлса ҳам кам, водариғ,
Гарчи битта – дўст-қадрдон ўтгуси.

Ломаконни билмайин аҳли башар
Айрилиқдан зору нолон ўтгуси.

Эй ажал, сен қасди жонсан музтариб,
Жидду жаҳдинг ҳар дам ёмон ўтгуси.

VII

Ўша йўл
боши ҳам, охири ҳам йўқ.
Эски манзарага тўлиқ
ўнгу сўл.

Ўша ер –
қишлоғу шаҳару пойтахт.
Машаққатли ўша меҳнат,
ўша тер.

Ўшадир
меҳр-оқибат, муддао,
саховат, ғараз, иддао,
шаън, қадр.

Ўзгача
фақат орифнинг нигоҳи,
қувончи, ҳасрати, оҳи –
сўзгача.
Боради
ҳар ён барқ урар эзгулик.
Ҳар он етилар мангулик –
кўради.

Ошади
мақомдан яна мақомга.
Борлиғин бериб илҳомга
тошади.

Пайдодир
қалбида ҳайбат-ҳаяжон.
Завқ ила шавққа тўла жон
адодир…

* * *

Заминда турфа гул, чечак очилар,
Ужмохдан андоза олгандай олам:
Бир танқис, анвойи ифор сочилар,
Одамдай яйрайди, ўйлайди одам,
Заминда турфа гул, чечак очилар.

Хайрли ўй-хаёл дунёнинг боши,
Эзгу сўз ва эзгу амал устувор.
Яхшилик яхшининг доим йўлдоши,
Покдомон дилларда йўқ зарра ғубор,
Хайрли ўй-хаёл дунёнинг боши.

Юз неъмат юз очар ернинг юзида –
Кўнгилга юзланган кўради уни.
Камалак товланар ҳар кундузида,
Каҳкашон базмига мезбондир туни,
Юз неъмат юз очар ернинг юзида.

Гул бўлар, қуш бўлар, гўё туш бўлар,
Роҳат-фароғатга эш бўлар нафас.
Ўздан кечиб бормоқ айни ҳуш бўлар,
Ечилиб, тўкилиб боради қафас.
Гул бўлар, қуш бўлар, гўё туш бўлар.

Борлиққа қоришар одам боласи,
Эй ўрмон, дарёю саҳро, салламно.
Ичию таши бир, бўлмас оласи,
Эй якка-ягона, Танҳо, салламно,
Борлиққа қоришар одам боласи.

Борлиққа қоришар одам боласи!..

Сирожиддин РАУФ