Саъдулло Қуронов. Бир театр тарихига назар

Шарқ юлдузи/ Oktabr 16, 2014/ 2012 йил, 1-сон, Санъат

teatr“Халқ уйи”, Ҳамза театри, “Ёш гвардия” театри, Аброр Ҳидоятов театри, Ўзбек Давлат драма театри – санъатсевар халқимиз учун қадрдон номлар. Бу номлар 1919-1924 йиллар давомида азим Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудида барпо этилган театр биносига тегишли. Салкам юз ёшни қоралаган ва ҳамон оҳори тўкилмай келаётган бинода бугун Ўзбек Давлат драма театри фаолият кўрсатмоқда. Биз, бежиз, бино ва театрни айро ҳолда қўйишга уринмадик. Зеро, бино тарихи театрникидан бирмунча олдинроқ бошланади. Бино қурилишида Тошкентнинг бир гуруҳ бойлари жонбозлик кўрсатадилар. Машҳур Зариповлар сулоласининг етакчиларидан бўлган бойлар қурилишга раҳнамолик қилишиб, ўз ёнларидан йигирма тилла тангани бу хайрли иш учун ажратадилар. Бино халқ ҳашари йўли билан, лойиҳа асосчиларидан бири Саид Каримбой ҳовлиси ўрнида қад ростлайди. Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” номли спектакли мазкур театр биносида қўйилган илк саҳна асари бўлган. Тошкентликларнинг энг севимли гўшаларидан бирига айланган театр, дастлаб, “Халқ уйи” номи билан аталади. 1939 йилдан бошлаб, бинода Ҳамза театри ўз фаолиятини бошлайди. Биз фаолиятини ёритмоқчи бўлганимиз Ўзбек Давлат драма театри 1968 йил, Ҳамза театри бошқа бинога кўчирилганидан сўнг ташкил топади. Театрнинг илк номи “Ёш гвардия” бўлиб, Максим Каримовнинг “Дийдор” спектакли билан очиб берилади. Шундан сўнг, “Ўн саккиз ёшлигим”, “Биринчи бўса”, “Учинчи орзу”, “Беш кунлик куёв”, “Отасининг қизи”, “Эзоп”, “Отилмаган ўқ”, “Ҳур қизлар” сингари спектакллар саҳна юзини кўриб, томошабинлар кўнглидан жой олди. Ўша кезлари театрга Эргаш Масафаев бош режиссёр этиб тайинланади. Ширин Азизова, Тўғон Режаметов, Азиза Бегматова, Каромат Агзамова, Исамат Эргашев, Фарҳод Аминов, Мадина Тўхтаева, Доно Бобохонова, Малика Иброҳимова, Ноила Тошкенбоева каби артистлар биринчи ижодий жамоа ҳисобланадилар.
Албатта, янги жамоанинг фаолияти осон кечмаган. Асосан, ёшлардан ташкил топган ижодий гуруҳни олдинда машаққатли меҳнат, тинимсиз изланишлар кутарди. Истеъдодли бу ёшлар жамоасига чинакам санъаткор-раҳбар сув ва ҳаводай зарур эди. Шу маънода, театрдаги ижодий, бадиий юксалиш 1984 йилдан бошланган десак, хато бўлмайди. Боиси, ўша йилдан театрга бош режиссёр этиб Баҳодир Йўлдошев тайинланади. Маҳоратли режиссёр бунга қадар Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрининг бош режиссёри эди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби ва бир қанча Давлат мукофотлари совриндори бўлмиш Баҳодир Йўлдошев қўл остида шаклланган ижодий гуруҳ фаолиятида янгиланишлар юзага келди. Бирин-кетин ХХ аср ўзбек театрининг энг сара спектакллари саҳна юзини кўра бошлади. Айниқса, режиссёр саҳналаштирган “Вейтсайд воқеаси” ва “Қора камар” спектакллари алоҳида аҳамиятга молик. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг «Қора камар» пьесаси асосидаги спектакль театрнинг бадиий савиясини юқори поғонага олиб чиқиш асносида, Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бу спектакль халқимиз ҳаётидаги юксак ижтимоий-маданий воқеа даражасига кўтарилади. Чунки, илк бор бу спектаклда босмачи тамғасидаги чинакам ўзбек ватанпарварининг асл қиёфаси озодлик йўлида, мустақиллик ғояси учун қаҳрамонона кураш олиб борган фидойи ўғлон сифатида ҳаққоний тасвирланади.
Шу йиллар мобайнида, театрнинг мавқеи юксалиб, ижодий гуруҳ республиканинг энг кучли жамоаларидан бирига айланди. Ўзига хос йўналишда саҳналаштирилган “Майсаранинг иши” (1988) спектакли Олмаота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Қозоғистон театрларининг нуфузли «Наврўз» фестивалида бош мукофотга сазовор бўлиб, ижодий гуруҳ Москва шаҳри, кейинчалик эса Германия республикасига гастрол сафарларига чиқадилар. 1989 йил “Шарқ алломалари” номли спектакль Ирландия ва Буюк Британия бўйлаб намойиш этилди. Ўтган давр мобайнида, театрда «Келинлар қўзғалони» (янгидан тикланган вариант), «Фармонбиби аразлади», «Зиёфат», «Маъмура кампир», «Қитмир», «Бухорои шариф» каби спектакллар саҳна юзини кўрди.
1990 йил 24 сентябрдан театр Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек драма театри деб атала бошланди. Шу даврларда театрга Россия, АҚШ, Туркия, Тожикистон мамлакатларидан режиссёрлар таклиф этилиб, “Алвидо, ҳаёт”, “Қирол Лир”, “Гўзаллар ва миршаблар”, “Отелло” спектакллари ўзбек томошабинларига тақдим этилди.
2008 йилга келиб, бу даргоҳ Ўзбек Давлат драма театри деб атала бошланди. Бугун театр ижодий жамоасида Ўзбекистон халқ артистлари Афзал Рафиқов, Элёр Носиров, Дилбар Исмоилова, Азиза Бегматова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Доно Бобохонова, Неъмат Алимов, Жумадилла Раметов, Мадина Тўхтаева, Назира Абдувоҳидова, Муножот Тешабоева, Раъно Зокирова, Ҳошим Арслонов ҳамда Гулбаҳор Йўлдошева, Муҳаббат Абдуллаева, Шоҳида Узоқова каби таниқли актёрлар ва бир қатор ёш ижодкорлар фаолият кўрсатмоқдалар. Ижодий гуруҳга истеъдодли режиссёр Сайфиддин Мелиев ва труппа раҳбари Хадича Ризаевалар бошчилик қилишмоқда.
Ҳозирда, маъмурият ва ижодий гуруҳ театр фаолиятида янги саҳифани очмоқда, десак адашмаймиз. Зеро, ёш истеъдодларнинг кашф этилиши ва театр труппасида уларнинг аҳамияти ортиши, ижодий гуруҳнинг янгиланиб, ёшариб бораётганидан далолат беради. Бу борада, ёш ва изланувчан режиссёр Сайфиддин Мелиев фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Унинг янгича ва ўзига хос йўналишлардаги ижодий изланишлари театрни бадиий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда. Чунки кейинги йилларда саҳналаштирилаётган спектакллар ғоявий-бадиий жиҳати билан нафақат шу театр тарихидаги саҳна асарларидан, балки бутун ўзбек спектаклларидан фарқланиб туради. Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган “Бахт эшик қоққанда”, “Қуроқ”, “Медея”, “Эзгулик йўлида”, “Жийдалийлар”, “Кўкка учган орзулар”, “Мувозанат” каби спектаклларда турмушимиздаги жиддий мавзуларга эътибор қаратилиб, уларда жамиятимизнинг айни дамдаги муаммолари ўзининг бадиий аксини топади. Хусусан, Шуҳрат Ризаев ва Нуруллоҳ Аббосхонларнинг асари асосидаги “Эзгулик йўлида” ва Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи асосидаги “Мувозанат” спектаклларини ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги катта ҳодиса, деб аташ мумкин. Бу спектаклларда мустақилликка эришганимиздан сўнг эришилган ютуқлар, жамиятдаги ўзгаришлар ва муайян воқеа-ҳодисалар силсиласида шаклланган кишилар руҳияти бутун сабаб-оқибатлари билан ифодаланади. Спектакллардаги ҳақиқий ватанпарвар инсоннинг юрти ва миллати равнақи йўлида кечган заҳматлари жамиятимиз аҳли учун ибрат бўлиб, биз улар сиймосида чинакам замона қаҳрамонларини кўришимиз мумкин. Яқиндагина Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Театр санъати ҳафталиги давомида “Эзгулик йўлида” спектакли намойиш этилиб, мутахассислар томонидан замонамиз қаҳрамони сиймосини ёритиб берувчи сара асарлардан бири сифатида эътироф этилди. “Медея” (Еврепид) ва “Кўкка учган орзулар” (Жон Стейнбек) каби спектаклларни ҳам театрдаги ижодий юксалишни кўрсатувчи асарлар қаторига киритиш мумкин. Юртимизда бўлиб ўтган Art Week Style.uz – 2011 санъат ҳафталиги доирасидаги иккинчи Халқаро театр фестивалида Сайфиддин Мелиевнинг “Медея” спектакли махсус диплом билан тақдирлангани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Бу юксалишларда театр бадиий кенгашининг муаллифлар билан қилаётган ижодий ҳамкорлиги ҳам алоҳида ўрин тутади. Албатта, кенгаш томонидан ҳозирги томошабин талабидаги асарлар драматургларга буюртма қилиб ҳам ёздирилади. Аммо Э.Носиров, С.Мелиев, Д.Исмоилова, С.Аҳроров, Х.Ризаева каби ижодий кенгаш аъзолари бу билан чекланиб қолмай, жаҳон ва ўзбек адабиётининг ёрқин намуналарини саҳналаштиришга жиддий аҳамият қаратмоқда. Саҳналаштирилаётган асарлар, асосан, замонавий адабиётимизга мансублиги боис, аксарият спектакллар бевосита муаллифларнинг иштирокида, улар билан ҳамкорликда саҳналаштирилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, бу каби спектакллар томошабин эстетик дидини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Айнан, шундай саҳна асарлари томошабиннинг театрга бўлган муҳаббатини янада оширмоқда. “Медея”, “Эзгулик йўлида”, “Мувозанат” каби спектаклларга томошабинларнинг қуйилиб келиши ва икки юз эллик кишига мўлжалланган ўриндиқларга сиғмай, спектаклни тик турган ҳолда кузатиши фикримизга далил бўла олади.
Театр фаолиятининг юксалишида, маъмурият томонидан олиб борилаётган ишларнинг ҳам аҳамияти катта. Ҳозирда, театрга санъатшунослик фанлари номзоди Саидамин Ахроров директорлик қилиб келмоқда. Талабчан ва табиатан янгиликларга хайрихоҳ раҳбар қўл остидаги бир юз олтмиш уч кишилик театр жамоаси мавқеи кундан-кунга ортиб бормоқда.
Раҳбарият театрга истеъдодли ёшларни жалб этишга жиддий аҳамият қаратади. Ижодий гуруҳнинг саксон фоизи ёшлар бўлиб, улар билан ишлаш ва уларга кенг имкониятлар яратиб беришда ушбу театр олдинги сафларда туради. Бугун театрда П.Норматов, Д.Масаидов, Б.Мирмақсудов, Т.Мирмақсудова, Ф.Мелибоева, И.Муродова, С.Лутфуллаев, Ф.Мухторов, Р. Эгамбердиев, С.Мансуров, Ю. Ҳайдарова, И.Очилов, Н.Тошматова каби ихтидорли ёшлар фаолият юритмоқдалар. Улар нафақат саҳнада, балки, “Ўзбектелефильм” ва бошқа тижорат киностудиялари томонидан суратга олинаётган фильмлар орқали ҳам халқимиз кўнглидан жой олиб келмоқдалар.
Кейинги йилларда театр жамоаси юртимизнинг турли вилоятларига тез-тез сафарлар уюштириб туришни яхши йўлга қўйиб олган. Буни, театрнинг ажралиб турувчи хусусияти сифатида ҳам кўрсатиш мумкин. Ижодий гуруҳ ўзларининг жиддий мавзудаги саҳна асарлари билан турли давлат ташкилотлари ва бевосита театрга келиб спектакль кўриш имконияти чегараланган муассасаларда ҳам намойишлар кўрсатиб туришади. Баъзан, худди шу каби чиқишлар Тошкент маҳаллалари бўйлаб ҳам амалга оширилади. Бу эса театр санъатининг юртимиздаги барча ҳудудларга ва жамиятимизнинг турли қатламларига кириб боришини таъминлайди.
Театрда яна бир хайрли ишга қўл урилган. Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист Жумадилла Раметов ташаббуси билан театр қошида махсус соқовлар студияси иш олиб бормоқда. Бу студияда эшитиш қобилияти бўлмаган ногирон одамлар учун имо-ишорали спектакллар, соқов артистлар ижросида саҳналаштирилиб келинмоқда. Жумадилла Раметов режиссёрлигида саҳналаштирилган “Беш кунлик куёв”, “Қақилдоқ” спектакллари юртимизнинг турли вилоятларида ногиронларга хайрия йўли билан намойиш этилди.
Кейинги пайтларда, мутахассислар ёки санъатга яқин кишиларнинг “Одамлар театрга қайтишмоқда” деган сўзларини кўп эшитмоқдамиз. Албатта, бу гаплар бежизга эмас, зеро, қайси театрга юзланманг қизғин ижодий фаолиятга дуч келасиз. Хусусан, мамлакатимизнинг нуфузли жамоаларидан бири – Ўзбек Давлат драма театри ижодкорлари ҳам томошабинларнинг саҳна асарларига бўлган муҳаббати янада ошишига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Биз эса уларга мана шу заҳматли ва хайрли ишларида янаям зафарлар тилаб қоламиз.