* * *

Менинг ота юртим Қашқадарёда,
Онамдай муқаддас келар саҳарлар.
Буюк Ипак йўли ўтган саҳрода
Эртакдай кўкка бўй чўзар шаҳарлар!
Мовий Шаҳрисабз, жаннатий кентим,
Шариф шаҳарларнинг шарафи сенсан
Илдизингни излаб борсам бетиним,
Неча минг асарлар қаърига тенгсан.
Бу кўҳна дунёнинг қалбига тенгсан!
Ўтган, ўтаётган ҳар онинг азиз.
Рум ё Чин тожидан авлороқдир шаън,
Коинот тоқида сен қолдирган из.
Самоват қўлида олтин косадек
Гир айлана тоғлар салтанатида;
Мағрур чўққиларнинг кифтида туриб,
Бир сирни ўқийман кўнгил қатида…
Сен – яширин сирсан,
Сен – яширин дур!
Сени билмаганлар юрт қалбин билмас!
Токи яшар экан чўққилар мағрур,
Маҳв этмоқ бўлганлар ҳеч яқин келмас!
Тарих қиличини суғуриб кўр-чи,
Воқиф бўлсанг агар илоҳий сирдан!
Не учун Жаҳонгир яралди экан,
Бутун бир мамлакат бошланган ердан?
Тангри нафасидан покланганмикан,
Азиз-авлиёлар бош қўйган тупроқ?
Юракдан юракка узалганмикан
Нури Муҳаммаддан порлаган чироқ?
Гумбази Саййидон пештоқида лавҳ,
Шамсиддин Кулолнинг ҳужрасида нур?
Доруссаодату Доруттиловат
Балки дониш пирлар кулоҳи эрур?
Балки шу пирларнинг ҳовучларида
Нур бўлиб очилган самовий эшик?
Шу сабаб ҳурликнинг туғи бўлгандир,
Тегина бегим Моҳ тебратган бешик?
Адолат шамшири тушиб самодан
Қаттол қиронларнинг бузди чархини.
Коинот тоқида балки шу инсон
Тузди янги дунё ва Эрк тарҳини!
Не-не асл кўшклар кўкда порлагай,
Ҳиндда ё Хитода кўз очиб чирой.
Тегина бегим Моҳ бўлиб чорлагай
Шаҳри Кеш бағрида улуғ Оқсарой!
Регистон пойида ғичирлаган қум,
Асрий тошлар ёди келтирган изни…
“Бибихоним” узра чарх урган қушлар
Кошинлар қошида қолдирган сўзни…
Улуғбек чўққилар устида туриб,
Эшитган юлдузлар тиловатларин,
Сарчашма қоялар бағрига кўмиб,
Сақлар Али Қушчи китобатларин…
Ҳазрати Ёсинни зикр этиб ётган
Бунда ўсган ҳар гул, гиёҳни, тошни.
Оятал Курсининг наҳрига ботган
Оқсув пойига бош қўйган қуёшни…
Хожа Имганакий шивирларини,
Жаҳонгир руҳидек ўтли шитобни…
Осмон харитасин бағрига босиб,
Коинот китобин очган Китобни!
Мироқи узумин лабидаги бол,
Башир сувларига чўмилган Ойни,
Варганза анорин юзларидай ол
Қалбимнинг Ватани бўлган чиройни!
Ҳеч кимда кўрмасдан севаман, нетай,
Ҳеч кимга алишмай, бўлдим қурбони!
Ўлсам ҳам ўларман бағримга босиб,
Ҳеч кимга бермасман сендай маъвони!
Эй менинг қалбимнинг жаннати, Ватан,
Кўзим қароғига айланган юртим.
Ҳисор тоғларида наъра тортган шер
Шиддатида эркнинг яловин кўрдим.
Руҳимда уйғонди аждодлар руҳи,
Томирда кўпирди Темурий қоним!
“Сен кимсан?” сўрадинг, “Мен сенингдирман!”
Эй қалбим онаси Ўзбекистоним!
Ҳисор тоғларидан учган турналар
Ҳимолай чўққисин ошиб қайтади.
Ҳазрати Султондан бошланган сувлар
Дарё ўзанидан тошиб қайтадир.
Кумуш булоқларни ўпган гиёҳлар
Эшитса исмингга бўлади хумор.
Туғдона гулидан тўкилган дона
Олтин бешикларга бўлади тумор!
Нега сенга қайтмай ҳар тонг, ҳар саҳар?
Ахир бир он бўлсин кетган эмасман!
Сени соғинаман бағрингда туриб,
Ҳали юрагингга етган эмасман…
Менинг ота юртим Қашқадарёда
Осмонни кўтариб ўсади тоғлар…
Онам пок руҳидек мовий маъвода
“Алҳамду…” ўқийди гуллар, гиёҳлар…
Ҳеч кимга ўхшатмай севдим мен уни,
Ҳеч кимга алишмай бўлдим қурбони.

Сев мени!

Оловли
вулқонни ютгандай замин,
Кўтаргани каби жаннатни осмон,
Қовжираб кутгандай томчини саҳро,
Сақлагани каби сиррини уммон!..
Сўнгги нафасдаги…
бир ютум ҳаво…
Ҳаёт каби азиз, қадрли жондай!
Ўлса хиёнатдай,
қолса – бахтсизлик,
Кетса – бирга кетадиган имондай;
Руҳлар оламида бирга туғилиб,
Бирга ўладиган ёлғиз ёр каби,
Осса ўзин осиб,
бироқ ўзгага
Ўзини бермаган баланд дор каби!..
Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан,
бориб
Ғаюрлар бошига ёғилган тошдай,
Қаҳратон қишларни
бепарво ёриб,
Яшринган ғоримга кирган қуёшдай!..
Бу ғаним тошларга аччиқма-аччиқ,
Қисмат йўлларига қарама-қарши,
Худонинг қошидан келган
Нур янглиғ,
Кўтариб келгандай муҳаббат Аршин!..
Сев мени!
Мен сени севганим каби!
Кўзларим кўзингда турсин жаранглаб…
Руҳингга туташсин
Исмим гулхани,
Шундай ёнки, ҳеч ким тутолмасин лаб!
Қаҳримда,
зулмимда,
борим-йўғимда
Шу қадар севгинки, сўрмасдан: “Нега?”
Наинки – бу дунём,
у дунёмда ҳам,
Сендан ўзга инсон бўлмасин эга!..
Сев мени!..

* * *

Яқинлашар юракка баҳор,
Кунлар яқин келади бахтга.
Саҳарларда айта бошлайсан,
Сирларингни оппоқ дарахтга.

Сўрамайсан ҳеч кимдан узр,
Ўпаётиб гулу майсани!
Бошинг узра тўкиб ўтар нур
Гўзал Мартнинг абри найсони.

Булбул ғазал айтар арузда,
Гоҳ сарбастда,
Йўқ бунда чеклам.
Урф бўлгандай шарқона тусда
Миллийлашиб боради кўклам.

Айланади ошиққа – не бор,
Бугун ҳар сўз ишққа доирдай.
Масрур ўтар кўчадан Баҳор
Энг зўр шеърин ёзган шоирдай.

Ҳеч кимсага келмайди малол;
Япроқларга лабингни босиб,
Севса бўлар энди бемалол
Кечалари ақлдан озиб!..

Сен юз бурган

Сен юз бурган ҳазин кечада
Юзинчи бор барг тўкди чинор.
Бардошларим синган кўчада,
Севгим, ахир, сенга нима бор?
Осмон,
осмон,
бечора осмон,
Тунда йиғлаб тўкди дардларин.
Унутилди ўтган ишқсимон
Дарахтларнинг юпун барглари…
Ёнди, ўчди, сўнгги чироқ ҳам,
Деразага тикилган хиёл,
Сирларини тунларга айтди,
Ёмғирларда ивиган Аёл…
…Юзларингга юзим босгали
Кўнглим эди – энг чиройли тахт.
Сен чиқмадинг…
хабар олмадинг…
Эшигингдан йиғлаб қайтди Бахт…
* * *

СИЗНИ ЖОНДАН СЕВГАН ЭДИ У,
Севган эди ҳаддан ташқари.
Боқмадингиз бирор марта ҳам,
Қолиб кетди бахтлардан нари.

Қолиб кетди Тангри қўлида
Ва ҳеч кимга бермади қайтиб.
Зулматларнинг олис йўлида
Ўтди ойдин қўшиқлар айтиб…

Ёлғизликнинг маъюс қаърида
Аталганди у Сизга ахир.
Ўша Турна Аёл бағрида
Очиларди дунё кутган сир!

Бермадингиз унга бир имкон,
Ё бир назар, ё сокин сурур.
Ғоратларнинг комида бежон,
Мангуликка сўнди ўша Нур!

Аммо тағин тушларингизда
Излаяпсиз не учун, ё-ҳу!
…Чақирасиз энди бир умр,
Қайрилиб ҳам қарамайди У!..

Јилон

Адирларни оралаб ўтиб,
Чиққан каби гўё осмонга,
Асрларни оралаб ўтиб,
Етиб бормоқ керак Ғилонга.
Бир-бирига суяниб турган –
Уйлар асли банду банд элдир.
Одамлари бир буюк содда,
Ошиқдилу донишманд феълдир.
Бу қишлоққа адашиб келган
Инсон бўлар энг азиз меҳмон.
Том бошига югуриб чиққан
Тандирлари узатади нон.
Чашмалари юрагингизнинг
Ғамларини кетсалар чайиб,
Ҳурлар ювган кўйлагингизни
Офтобрўйга қўйишар ёйиб…
Кечалари Ойсупасида
Нурлар ичиб юлдузлар билан,
Қанотингиз ўса бошлайди
Суҳбатлашиб кундузлар билан…
Қайда эди беҳишт, изламанг,
Минг бир кеча афсонасидан,
Жаннат асли бошланар Ғилон
Тош йўллари остонасидан.

Зебо МИРЗО

Саҳифа 49 марта ўқилган.