Ишончнинг қаноти – орзу ва хаёл

Назм

Қиш оқшоми

Қаттиқ кишнаяпти аёз – оппоқ от,
Ялтирайди сувнинг биллур ковуши.
Шамол жон ҳолатда қоқмоқда қанот,
Эшитилар қорнинг оёқ товуши.

Гавҳар ғуддаларин силкитиб сирли,
Норғул қарағайлар чалар қўнғироқ.
Оқшом кундуздан ҳам чиройли, нурли,
Ойна каби тиниқ, сут каби оппоқ.

Кумуш дастурхон ноз-неъматга тўлган,
Тонггача қизийди гурунг, гап-гаштак.
Дарахтлар бўйқизга интизор бўлган
Бўзболадек бўзлаб чалади ҳуштак.

Бир жуфт сўз

Ҳамоҳанг бўлайлик мисли бир жуфт сўз,
Бир жуфт мисра каби бўлайлик бир байт.
Кийик каби саркаш, ҳуркак оҳу кўз:
“Севаман” – деб айтгин, “Севаман” – деб айт!

Муҳаббат изҳори эмасдир гуноҳ,
Юракдаги сўзни айтмоқ эмас айб.
Ғарибингни бахтли айлаб баногоҳ:
“Севаман” – деб айтгин, “Севаман” – деб айт!

Чин севги, аслида, илоҳий неъмат,
Чин севги юракка этилгайдир қайд.
Бир сўзинг мен учун бебаҳо, қиммат:
“Севаман” – деб айтгин, “Севаман” – деб айт!

Устун бўлган эмиш аёл бир маҳал,
Аёллар ҳукмрон бўлганмиш бир пайт.
Бир сўз билан этиб тақдиримни ҳал:
“Севаман” – деб айтгин, “Севаман” – деб айт!

* * *

Олис юртга учдим оққуш мисоли,
Олисдаги яқин дўстга интизор.
Насиб этди, ногоҳ, унинг висоли,
Тушда кўрган каби бўлди бу дийдор.
Кўнгил интилади ҳамон интизор,
Чорлар олисдаги сеҳрли диёр.

Ширин

Ишқ аро ҳижрон ширин,
Дунё аҳлига жон ширин.
Жоним кўринмас кўзима,
Мен учун жонон ширин.

Кимларга буғдой дон ширин,
Кимларга ширмой нон ширин.
Ҳуснингга тўймайман боқиб,
Мен учун жонон ширин.

Булбул учун бўстон ширин,
Гул ширин, райҳон ширин.
Гулдан ҳам хушбўй, гўзал –
Мен учун жонон ширин.

Анор

Юрагимга тиғ урма, жонон,
Ёрилади пишган анордек.
Қизиб қайнамоқда қизил қон,
Туғёнларим ўркачли нордек.

Анорга тиғ урма бекорга –
Юрагимни айла эҳтиёт.
Туя тишли ёқут анорга
Тишларини ботирар ҳаёт.

* * *

Лаззатли ишқингни қалбимга босиб,
Ширин туш кўраяпман, асло уйғотма.
Мендек ошиқ йўқдир сенга муносиб,
Мени йўқотмагин, мени йўқотма!

Чиройингга қулман, бўлиб беписанд,
Кўнглимни қолдириб, ғафлатга ботма.
Сени севгим билан қиламан хурсанд,
Мени йўқотмагин, мени йўқотма!

Биласан, юрагим олтиндан қиммат,
Хазинамни сариқ чақага сотма.
Жонимни аямай қиламан ҳиммат,
Мени йўқотмагин, мени йўқотма!

* * *

Овидий дер: “Севиб, алдайди аёл,
Муҳаббат ёнида албат макр бор!”
Ишончнинг қаноти – орзу ва хаёл,
Ошиқнинг ҳаёти – кутмоқ интизор.

Ёлғон умри қисқа бўлармиш, наҳот,
Ёлғоннинг бўлмасмиш катта-кичиги?
Мен доим ишониб яшайман, ҳаёт,
Рост ишқни кутаман доим ичикиб.

Мен севиб, мен севиб алдаганим йўқ,
Алданмадинг, ахир, севилиб сен ҳам.
Алдов бамисоли заҳарланган ўқ
Текканида омон қолмайди одам.

“Ёлғон, ёлғон, ёлғон! – дейди сулув гул. –
Севгидан алданган одам ўлмайди!”
Ёлғондан одаммас, ўлади кўнгил,
Алдангандан кейин яшаб бўлмайди.

* * *

Кўксимда юрагим – қанотли отим,
Фаришта силарди нурли ёлларин.
Дулдул зотли отим, қуш зотли отим
Севарди парининг оққуш қўлларин.
Отга қарамади оққуш паризот,
Оқшом кишнаб-кишнаб фарёд чекди от.

Сўзлар эдим

Сўзлар эдим бийрон-бийрон,
Тинглар эдинг ҳайрон-ҳайрон.
Куйлар эдим, куйлар эдим,
Булбул каби сайрон-сайрон.

Оҳу кўзинг тийрон-тийрон,
Ҳуснинг сулув жайрон-жайрон.
Сени суйиб-суйиб куйдим,
Юрак бағрим вайрон-вайрон.

Суту қаймоқ айрон-айрон,
Юзингни кўрмаган дайрон.
Қанотим бор, қанотим бор,
Кўнглим учар жийрон-жийрон.

Оҳанг

Бир кўрсам, ойим,
Дийдорингизни,
Гулдек чиройли
Рухсорингизни.
Нола қилурман
Булбул мисоли,
Ишқ бир-ла чертиб
Дил торингизни.

Билдирмадингиз
Изҳорингизни,
Ҳижронда чекдим
Озорингизни.
“Келгайми?” – десам,
Айтди шамоллар:
“Йўқ-йўқ”, “йўқ, асло”,
“Зинҳор”ингизни.

Сийлаб қўйинг бир
Шунқорингизни,
Сиз томон учган
Илғорингизни.
Суйдим ягона
Кўрку чиройда
Осмонга етган
Виқорингизни.

* * *

Қандай яхши,
митти қулоқчанг билан
эшитасан шивирлаган сўзимни.

Қандай яхши,
нозик юракчанг билан
ҳис этасан севги тўла кўзимни.

Қандай яхши,
чиройли оёқчанг билан
босиб ўтасан ўзимни.

Қандай яхши,
ғунча дудоқчанг билан
сезасан шўр кўзёшимни – тузимни.

Қандай яхши,
қизғалдоқ яноқчанг билан
ўпасан қанотимнинг шамолини – изимни…

* * *

Гул ишқида сайрайди булбул:
“Уйғондингми, қизил атиргул?
Ғунча лабинг болини қўмсаб,
Қолиб кетдим ҳижронда буткул!”

Уйғондингми, эй сарви гулруҳ,
Эртакларни тушда кўрган қиз?
Ойдек чеҳранг бунчалар ёруғ,
Ҳуснингга ром бўлади юлдуз!

Уйғондингми, қизил атиргул,
Юзларинг гул, лабларинг ғунча?
Жамолингни соғинди булбул,
Уйғонақол, зор қилма бунча!

Ҳуснинг бутун борлиққа ёқар,
Бунча чирой, бунча гўзал юз?
Ой ҳуснингга суқланиб боқар,
Юлдуз сендан узолмайди кўз!

Рустам
МУСУРМОН