Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Қорақалпоғистон халқи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маърифий ва маънавий-маданий ҳаётида туб бурилишлар юзага келди. Бинобарин, бадиий тизимда, айниқса, миллий романнависликда сўз, ижод ва эътиқодга муносабат жиддий янгиланди. Бунинг натижаси ўлароқ мавзу, ғоя ва тарихий ҳақиқатни ўзгача ўлчамларда баҳолаш тарзи теранлашди. Айнан 90-йилларнинг биринчи ярмида майдонга келган Тўлепберган Қаипбергановнинг “Нариги ­дунёга – отамга мактублар”, Ҳусниддин Ҳамидовнинг “Учқун”, Абдулла Содиқовнинг “Тошда ҳам гуллайди”, Шаудирбой Сейи­товнинг “Ёмон чиғаноқдаги Оқтуба”, Кенгесбой Раҳмоновнинг “Оқибат”, Камол Мамбетовнинг “Туркистон”, Кенгесбой Алламбергеновнинг “Дарё тортилган йиллар”, Абдулқосим Ўтепбер­геновнинг “Дўзах ичида” ҳамда Садирбой Исмоиловнинг “Юрак галактикаси” романларида давр руҳияти бутун мураккаблиги билан сувратланди. Ғоявий-мавзуий, жанрий-услубий ҳамда бадиий-эстетик жиҳатдан малакавий такомиллаш­ган насрда ўзгаришлар кўзга ташланади. Тўлепберган Қаипберганов роман-эссеси тезда ўзга тилларга таржима қилиниб, Орол фожиасига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди.
Турғунлик даври манзараларини ёритишда Шаудирбой Сейитов, Абдулла Содиқов, Кенгесбой Раҳмонов, Камол Мамбетов, Абдулқосим Ўтепбергенов романлари тоталитар жамият турмуш тарзида қоим ҳар хил иллатларни очиқ кўрсатиб берган. Ёши улуғ ёзувчиларимиздан Жўлмирза Аймурзаевнинг “Қора булутлар”, Хўжабек Сейитовнинг “Ҳаёт сўқмоқлари”, Тўреш Алланазаровнинг “Замон гардиши” асарларида сиёсий қатағон ва унинг инсонлар тақдиридаги аянчли оқибатлари ёрқин тасвирланган. Ҳусниддин Ҳамидовнинг романида Октябрь тўнтариши арафаси ва шу давр зиддиятлари истиқлол даври нуқтаи назаридан тасвирланса, Ҳурлиман Ўтемуратованинг “Ҳурлиман” романида Бердақ шоир қизи Ҳурлиман бахши бадиий қиёфаси қайта тикланади.
1990-йиллар иккинчи ярмига келиб ҳаёт ҳақиқатини ҳаққоний тасвирлаш, тоталитар тузум моҳиятини очиб беришга интилиш анча кучайди. Шу нуқтаи назардан, Алтмишбой Султановнинг “Туҳмат”, Ташкенбой Холмуратовнинг “Қирқбўғин”, ­Абдусаид Пахратдиновнинг “Сўзланмаган тарих” романлари эътиборни тортади. Алтмишбой Султоновнинг “Туҳмат” асарида халқимиз фидойи фарзанди, давлат арбоби Аллаёр Дўстназаровнинг 1930 йиллар биринчи ярмида ноҳақ тазйиққа учраши ҳамда қатл қилиниши архив материаллари асосида таҳлилланса, “Қирқбўғин”да турғунлик даврида шахсга сиғиниш, давлат мулкини талон-тарож қилиш иллатлари очиб берилади. “Сўзланмаган тарих” романида муаллиф халқимиз онгига имон, инсоф ҳамда диёнат уруғларини сепган эшон – уламолар 1930-йиллари қаттиқ таъқиб остига олинганлигини ишонарли тарзда етказиб беради. Шунингдек, Тўлепберган Қаипбергановнинг “Қалбим қомуси”, Ҳикматулло Айимбетовнинг “Қора бўро”, Амангелди Халмуратовнинг “Жаннат боғи”, Абдумурод Отажановнинг “Маскансиз-йўналишсиз манзиллар” асарларининг пайдо бўлиши миллий романчилик жанрий тараққиётини белгилайди. Тўрт роман (роман-репортаж, тарихий-биографик роман, мистик-фантастик роман, ҳужжатлаштирилган роман) ички жанрий ўзгаришлар шаклланганлигини кўрсатади.
ХХI аср бошида Ҳусниддин Ҳамидовнинг “Ўз уйим”, Алланазар Абдиевнинг “Субҳидам арафасида”, Кенгесбой Раҳмоновнинг “Илк муҳаббат”, “Соқол”, Ҳурлиман Ўтемуратованинг “Тўмарис”, Абдусаид Пахратдиновнинг “Шаҳидлар қисмати” романларининг нашр қилиниши китобхон руҳий дунёсини бойитишга хизмат қилади. Уларда олис мозий, миллий тарихимиз солномасининг зиддиятларга тўла воқеалари, тадбиркор аждодларимизнинг ибратли ҳаёти, 1917 йилдаги тўнтарилиш, иккинчи жаҳон уруши даврида юзага келган қаҳатчилик, тазйиқ остига олинган бегуноҳ уламолар қисмати миллий мустақиллик мафкураси асосида баҳоланади. Хусусан, “Тебранмас” романида Лепесбой, Эшмуҳаммад охунд, Арзимбет оқсоқол сингари атоқли сиймолар образларини яратишда тарихий воқеалар тўғри танланган. Асардаги анҳор қаздириш, оқсоқол сайлаш, очарчилик воқеалари диққатга сазовор ўринлар ҳисобланади. Ёзувчининг бадиий маҳорати романдаги йўлбарс воқеаси, охунднинг дарёдан от билан сакраши, Лепесбойнинг савдо карвонлари, Наврўз байрами каби воқеаларини суратлашда кўзга ташланади. Улар қаҳрамонлар характеридаги нозик қирраларни очишга хизмат қилган. “Тебранмас” романи ҳозирги адабий жараёндаги салмоқли романлардан бири бўлиб, ёш авлодга ўз халқи тарихи ҳақидаги асл ҳақиқатларни англашга ёрдам беради.
ХХI асрнинг ўнинчи йилларида қорақалпоқ ёзувчилари роман жанридаги изланишларни давр тақозосига мувофиқ анча теранлаштиришга ҳаракат қилишди. Шу нуқтаи назардан Шароф Уснатдиновнинг “Шоирнинг ёшлиги”. Муродбой Низановнинг “Душман”, “Ошиқ бўлмаган ким бор?” романлари, Кенес Смамутовнинг “Сизларга айтиб кетмоқчиман” роман-эссеси, Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” тарихий тетралогияси (“Кўч”, “Ота юрт”, “Оқ халта”, “Хусумат”), Давлетбека Шерниязованинг “Мен сенга ошиқман” ва бошқа асарларнинг вужудга келиши қорақалпоқ маданий ҳаётига кучли таъсир ўтказди. Давр бадиий тизимида Шароф Уснатдинов насри мустаҳкам ўрин эгаллайди. Унинг “Шоирнинг ёшлиги” роман дилогиясининг биринчи китоби аллақачон китобхонлар қалбидан жой олган. Иккинчи қисми бўлса даврий матбуотда нашр қилинмоқда. Муаллифнинг биринчи китобида Ўзбекистон Қаҳрамони, бетакрор шоир Ибройим Юсуповнинг бадиий сўз санъаткори сифатида шаклланиши, машҳур асарларининг яратилиш тарихи, шоир яшаган муҳит, умуман, ижодкорнинг руҳий олами ишонарли тарзда суратланади. Шу мақсадда ёзувчи шоирга дахлдор тарихий-этнографик ва бадиий-эстетик манбаларни теран ўрганиб, уларга сайқал бериб, машҳур шоирнинг ҳаёт ва ижод солномасини тузишга эришади. Муродбой Низанов “Душман” романида ХХ аср биринчи ярмидаги халқимиз тарихи: халқ хўжалигини коллективлаштириш, шўро ҳукуматини мустаҳкамлаш йўлидаги мураккабликлар ҳамда айрим кимсалар шўро ҳукуматига қўйган кўр-кўрона эътиқодининг жамият ҳаётига салбий таъсири таҳлилланади. Тоталитар тузумни кескин фош қилган, бизга номаълум материаллар асосида талқин этган асарлардан яна бири ёзувчи Кенес Смамутовнинг “Сизларга айтиб кетмоқчиман” роман-эссеси ҳисобланади.
Таниқли ёзувчи Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” тарихий тетралогиясининг вужудга келишини истиқлол даври миллий қорақалпоқ насри муваффаққияти сифатида баҳолаш мумкин. Асарнинг “Кўч” дея номланган биринчи китобида Бухоро қорақалпоқларининг катта бир қисмини қипчоқларнинг ота юрти Чимбой шаҳри атрофига кўчиришда ва уларнинг бу ердаги бошқа қардош қабила ва уруғлар билан аҳил яшашига салмоқли ҳисса қўшган Қулчибий образи ҳаққоний тасвирланади. Иккинчи китоб “Ота юрт” дея номланиб, ХIХ асрнинг иккинчи ярми ХХ аср бошида қайсарлиги, мардлиги ҳамда ўзига хос хулқ-атвори билан халқ орасида Хива хонлигида катта нуфузга эришган Ережеп тентак Қулчибий ўғлининг ибратли ишларини тасвирлашга бағишланган. Кенгесбой Каримов тетралогиянинг конфликти, сюжет-композицияси асосларини, бадиий образлар тизимини ҳосил қилишда устозлари Тўлепберган Қаипберганов, Шаудирбой Сейитов, Камол Мамбетов, шунингдек, Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни”, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат” романлари бадиий тажрибасини теран ўзлаштирганлиги сезилади. Кенгесбой Каримовнинг “Оқ халта” романи ҳам мустақиллик даври қорақалпоқ насрида муҳим ўрин эгаллайди. Асар “Оғабий” тетралогиясининг учинчи китоби сифатида ўқувчиларга тақдим этилди. Асарда ХХ аср бошларидаги қорақалпоқлар ҳаётида содир бўлган ижтимоий-тарихий воқеалар, халқнинг иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётидаги ўзгаришлар таҳлилга тортилади. Муаллиф биографик ёндашув воситасида “Оқ халта” йили деб номланган 1915 йилга боғлиқ тарихий воқеаларни чуқур ўрганишга ҳаракат қилган. Натижада ёзувчи шу даврдаги тарихий воқеа ва ҳодисаларга, тарихий шахс ҳаётига, давр тарихий колоритига дахлдор архив материаллардан, илмий-бадиий адабиётлардан, оғзаки ижод намуналари – афсона ва ривоятлардан ўринли ва унумли фойдаланган. Позитив муносабат қуюқлиги ёзувчига тарихий давр бадиий концепциясини яратишда жуда қўл келган. Қорақалпоқларнинг энг қадим ва зич жойлашган Чимбой шаҳридаги ҳудуди Асқарбой, Холмуратбой, Қази Маўлик, Сейфулғабит Мажитов каби тарихий шахсларнинг фаолияти ҳамда ибрати китобхон дунёқарашида ўчмас из қолдиради. Унинг натижаси ўлароқ ёзувчи давр солномасини яхлит ҳолда ярата олган.
Истеъдодли адиб Кенгесбой Каримов яқиндагина “Оғабий” тарихий тетралогиясининг IV китоби бўлган “Хусумат” романини китобхонларга тақдим этди. Романда Россия подшосининг биринчи жаҳон уруши даврида маҳаллий аҳолини мардикорликка олиш тўғрисидаги 1916 йилда чиқарган фармонига нисбатан Чимбой халқи исёни, авж олган кураш ва унинг аянчли оқибатлари, икки ёқлама зулм (рус чоризми ва маҳаллий амалдорлар) ва норозилик кайфияти қаламга олинган. Муаллиф романида XX асрнинг бошларидан 1940–1950 йилларига қадар қорақалпоқ элидаги тарихий воқеаларни қаламга олади. Рус чоризми билан маҳаллий аҳоли, айниқса деҳқон ва ҳунармандлар, оч-наҳор одамлар орасидаги конфликтлар ишонарли ва бадиий нуқтаи назардан мукаммал тарзда ифодаланган. Шу сабабли асарда образлари яратилган Асқарбой, Холмуратбой, Бекман оқсоқол, Убайдулла, Сейфулғабит Мажитов, Қосим Авезов, Суйиншиалиев ва ҳоказо тарихий сиймолар образлари ўқувчи кўз олдида гавдаланиб туради. Айниқса, “Хусумат” романида қорақалпоқ халқининг жасур фарзанди Аллаёр Дўстназаров образининг яратилиши оддий китобхоннинг асарга бўлган қизиқишини янада кучайтиради. Ёзувчи бу асарни ёзишда мустақиллик мафкурасига таянгани, халқимизнинг миллий маънавиятига, умуминсоний қадриятлар мезонида ёндашганлиги сезилади. Айниқса, ёзувчининг тил бадиияти, сюжет ва композиция яратишдаги маҳорати асар қимматини оширган.
Кенгесбой Каримовнинг “Улуғ дашт бўрилари” асари ҳам мустақиллик даври роман жанри тараққиётида муносиб ўрин тутади. Муаллиф туркий халқ қабилаларининг ибтидоий ҳаётидаги қаҳрамонликларини тасвирлаш орқали миллий прозанинг янги зарварақларини очади. Бунда муаллиф Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорликлари, хитой йилномалари, араб, ўзбек, рус ва бошқа халқлар тарихчи олимларининг китобларига суяниш орқали аждодларимизнинг Ватан ҳимояси йўлидаги қаҳрамонликлари ҳақида сўз юритади. Ёзувчи VI–VII асрларда ҳукм суриб, дунё тарихида ўчмас из қолдирган Кўк турк хоқонлиги, унинг таркибидаги кўп сонли туркий халқларнинг яшаш тарзи, ўз эркинлиги учун кураш тасвирига бағишланган “Улуғ дашт бўрилари” романини ёзишда кўп изланганлигига гувоҳ бўламиз.
Хусусан, муаллиф Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорлиги бош қаҳрамонлари Култегин, Тунюқуқ, Билга хоқон ва бошқаларнинг ўз элини ҳимоя қилишдаги мардлиги, жасурлиги ва фидойилигини тасвирлашда ушбу давр туркий қавмлари тили, адабиё­ти, тарихи ва этнографиясини ўрганишга бағишланган илмий адабиётлардаги, топонимик, антронимик, зоомморфик характерли таҳлиллардаги маълумотлардан моҳирона фойдаланган.
Мустақиллик даврида қорақалпоқ романлари имкон доирасида тадқиқ қилинди. Бу йўналишда ўзбек адабиётшунослари Бахтиёр Назаров, Насимхон Раҳмон, шунингдек, Жуманазар Базарбаев, Қурбонбой Жаримбетов, Кенгесбой Алламбергенов, Каримбой Қурамбаев, Қувончбой Оразимбетов, Жонузоқ Есенов, Арзи Пазилов, Зияда Бекбергеновалар тадқиқотлари алоҳида аҳамиятга эга. Аммо мустақиллик давридаги қорақалпоқ миллий романчилиги янада теранроқ таҳлил этилиши зарур.
Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик даврида қорақалпоқ миллий романчилиги ўз тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бу даврда ютуқлар билан бирга нуқсонларга ҳам йўл қўйилди. Аммо қорақалпоқ ёзувчилари тоталитар тузум адабиёти бош қуроли бўлган социалистик реализм методи чангалидан аллақачон чиқиб, ҳаёт ҳақиқати ҳамда инсон тақдирини холис, умуминсоний қадриятлар асосида тасвирлаш ва бадиий образлар яратишда салмоқли ишларни амалга оширдилар.

Пердебай  НУРЖАНОВ

Саҳифа 235 марта ўқилган.