Ҳаёт ҳақиқатларини образлар орқали бадиий ҳақиқатга айлантиришда санъатнинг бошқа турларига қараганда адабиёт анча фаол. Шунингдек, инсонларнинг ҳаётга, жамиятга қарашларини шакллантиришда, дунёни идрок этишда ҳам адабиёт санъатнинг бошқа турларидан алоҳида ажралиб туради. Бинобарин, инсонлар ҳаётига, дунёқарашига, тафаккури ва туйғуларига улкан янгиланишлар олиб кирган истиқлол даври қорақалпоқ адабиёти олдинги давр, аниқроғи шўро даври адабиётидан жиддий фарқланади.
Адабиёт жонли организмга ўхшайди. У мунтазам ривожланиб боради. Айрим давр­ларда адабиёт кучли тараққий этиши ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Бу жараёнга бир неча омиллар таъсир кўрсатиши табиий. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, мустақиллик йилларидаги қорақалпоқ адабиёти ривожида икки омил муҳим рол ўйнагани кузатилади: биринчидан, мустақиллик даври адабиётига катта таъсир кўрсатган жиҳат – эркинлик: сўз эркинлиги, мавзу танлаш эркинлиги, образ яратиш эркинлиги. Айнан ушбу омил адабиётимизнинг янгича ривожланишига имкон яратди. Иккинчидан, адабиётда йиллар давомида шаклланган анъаналардан, қолиплардан воз кечиш, янги талаблар ва мезонлар асосида изланишлар олиб бориш зарурати туғилди. “Истиқлол даври адабиёти бош мавзуси қандай бўлиши керак? Унинг қаҳрамони ким бўлиши лозим? Қайси методга таяниб асар ёзилиши керак?” деган саволларга жавоб топиш жараёни, очиғи, осон кечмади, эски андозаларга ўрганиб, мослашиб қолган баъзи ёзувчиларимиз ижодий фаоллигини деярли тўхтатди.
Бадиий адабиёт буюртма билан иш кўрмайди. Асар қайси жанр ёки адабий турда ёзилмасин, ижодкорда айтилиши зарур бўлган фикрлар тўпланиб қолганда, муаллиф шу фикрни изҳор этиши шарт бўлган ҳолатга тушгандагина қўлига қалам олади. Энг муҳими, – бадиий асарга ижтимоий эҳтиёж, яъни кишиларнинг адабиётга талаби бор. Буни кўпгина ёзувчи-шоирларнинг асарлари оммавий тарзда ўқилаётгани, бу асарлар ижтимоий фикрни шакллантиришда алоҳида аҳамият касб этаётганида кўриш мумкин.
Мустақиллик даври қорақалпоқ адабиётининг собиқ мустабид тузум даври адабиётидан фарқ қиладиган етакчи хусусияти нималардан иборат? Бу саволга жавоб беришда мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Аввал ким эдиг-у, энди ким бўлдик” деган машҳур шиорини эслаш ўринлидир. Биз асрлар давомида туркий ва исломий муҳитда улғайиб, унинг қонун-қоидаларига риоя қилиб, Шарқ маърифатидан озиқланиб ўзлигимизни англаган халқ эдик. Тарихнинг жиддий бурилиш нуқталарида Ватанимизга коммунистик мафкура кириб келди ва бир неча ўн йиллар давомида ҳукмронлик қилди. Бу келгинди мафкура миллий қадриятларимизни тан олмади, аксинча уни таҳқирлаш сиёсатини олиб борди. Коммунистик мафкура барча миллатларни бир қолипга сиғдиришга уринди. Маданияти ва адабиётини ҳам бир андозага бўйсундиришга ҳаракат қилди. Шу мақсадда социалистик реализм деган сохта метод ўйлаб топилди. Бу метод адабиётдаги эркинликни чеклади, ижодкорларни миллий руҳда асарлар ёзишига қаршилик қилди, адабиётнинг шиддат билан ривожланишига йўл бермади, оёғига “тушов” бўлди. Бу “тушов”дан қутула олмаган баъзи бир миллий адабиётлар ўзлигини йўқотди. Адабиёт тарихида асрлар давомида яратилган бадиий ижод намуналарининг қайбири “яроқли”, қайбири “яроқсиз” эканлигини ҳам мазкур мафкура “аниқлаб берди”. Адабиётга цензура ҳукмронлик қилди.
Мустақиллик даври эркинлик шабадаси эсиши билан адабиёт мудҳиш “тушов”дан, ёқимсиз иллатлардан халос бўлди. Миллий қадриятларимиз тикланди. Собиқ тузум мафкураси даврида чоп этилиши ва ўрганилиши тақиқланган “Едигей” достони, шоир ва ёзувчиларнинг диний-маърифий асарлари қайта ўрганилиб, нашр этилмоқда. Қизил мафкура даврида “эҳтиёткорона” муносабатда бўламиз деб, ачинарли ҳолатга келиб қолган мумтоз шоирларимизнинг асарлари асл ҳолига қайтариляпти. Адабиётда нима ҳақида ёзиш керак, деган саволга ҳар бир ижодкор ўзича эркин муносабатда бўла бошлади. Нимани ёзмаслик керак, деган савол, умуман, кун тартибидан тушди. Бу жараённи адабиётимизнинг мустақиллик йилларида эришган энг катта ютуғи деб ҳисоблаймиз.
Тўғри, мустақилликнинг дастлабки йилларида баландпарвоз кайфиятга қурилган бадиий саёз асарлар ҳам ёзилди. Афсуски, бозор муносабатларининг адабиётга баъзи ҳолларда салбий таъсири ҳам сезилмоқда. Китоб нашр қилдиришда, унга сарф қилинган маблағни қоплашни асосий ўринга қўйиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Натижада, шунчаки, одамларнинг вақтини “ўғирлаш” учун ёзилган, бадиий жиҳатдан бўш асарлар ҳам нашр этилаяпти. Бадиий сўз соҳиблари ўртасида кучли рақобатнинг пайдо бўлиши, китобхонда бадиий адабиётга бўлган юксак талабнинг юзага келиши билан бундай заиф асарларнинг адабиёт майдонидан четлаштирилиши шубҳасиз.
Бадиий асар ҳаёт ҳақиқатини образлар орқали очиб беради. Замонамиз қаҳрамони образини яратишга эътибор қаратилганлиги ҳам ўша талабдан келиб чиққан. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, биз юқорида тилга олган соцреализм деб аталмиш методнинг асосий хатоси ҳам қаҳрамон образини яратишга қўйилган талаб билан боғлиқ. Яъни бу методда ёзилган асарларда бош қаҳрамон идеали – қандай қийинчиликка учраса ҳам коммунистик мафкура талаблари асосида бажариладиган ишларда доимо ғолиб бўлиши шарт эди. Ўтмиш мавзуси тасвирланган асарларда зиёлилар гуруҳи “нодон”, “меҳнаткаш халқ” деб номланадиган тоифадагилар донишманд қилиб тасвирланарди. Советлар ҳаёти акс эттирилган асарларда эса мафкурани байроқ қилиб кўтарганлар ҳамиша ҳақ бўлиб чиқаверган. Натижада, бадиий асарда ижобий ва салбий қаҳрамонлар яққол кўзга ташланиб турган. Бош қаҳрамон ва унинг тарафдорлари ижобий, унга қарши турганлар эса салбий қаҳрамонларга ажратилган. Муаллифдан уларни оқ ёки қора ранг билан бўяш талаб этилган. Танқидчилар ҳам асарларни шу мезон билан баҳолаган. Бундай талаб оригиналликдан холи, ҳаёт ҳақиқатидан йироқ, эстетик таъсир кучи заиф, китобхонларни зериктирадиган кўплаб китобларнинг яратилишига сабаб бўлди.
Мустақиллик даври адабиётининг муҳим муваффақиятларидан бири ҳам шу хилдаги салбий ҳолатлардан халос бўлганлигидир. Бу давр қорақалпоқ адабиётида, олдинги ўн йилликлардагидек, Ибройим Юсупов ва Тўлепберган Қаипберганов етакчилик қилди. Ибройим Юсупов ҳеч иккиланмасдан истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ янги мазмун, янги тафаккурга мос ва мувофиқ келадиган асарлар яратди. Шоир бу йилларда сайланма асарларининг икки жилдлигини, икки поэтик тўпламини, икки достонини нашрдан чиқарди. Шоирнинг “Ҳар кимнинг ўз замони бор” лирик тўплами қорақалпоқ шеъриятининг сўнгги йиллардаги ютуғи бўлди. Ўша йиллари яратган “Ток тоғидаги ўйлар”, “Турналар”, “Узоқ Малайзия кўчаларида” шеърлари ҳамда “Ватан тупроғи” лиро-эпик достонини шеъриятдаги янги ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин. Шоир шеърларида салмоқли мазмун билан юксак бадиий шакл уйғунлашиб кетади. Бадиий сўз билан поэтик фикрнинг синтезлашиши унинг шеърларига алоҳида жило берган. “Ватан тупроғи” достонида шўролар даврида инсоннинг қанчалик таҳқирлангани, ўша “Қизил сиёсат” деб қанчадан-қанча ватандошларимизнинг ўз юртидан бегона бўлиши, дарбадарликка учрагани қаҳрамонларнинг психологик кечинмалари фонида талқин этилади. Ибройим Юсупов ҳаётининг сўнгги дамларигача шеърият билан, илҳом париси билан бирга нафас олди. Бу ҳақда шоир:

Бурқиб оққан Кегайлининг бўйида,
Ёзда шўх туронгул сояларида,
Илк бора учрашган эдик бизлар ҳам,
Сен мени сеҳрлаб кетгандинг шунда, –

деб ёзди.
Тўлепберган оға ҳам бу даврда, айниқса, теран мазмунга йўғрилган публицис­тик асарлари билан назарга тушди, адабиёт соҳасида бир неча халқаро мукофотлар билан тақдирланди. Ёзувчининг 2003 йилда “Билим” нашриётида чоп этилган “Қорақалпоқман, таваккалчиман” деган китоби адибнинг кўп йиллик ҳаётий ва адабий тажрибалари хулосаси бўлди. Мазкур китоби билан ёзувчи қорақалпоқ адабиётида бадиий ижоднинг, публицистиканинг янги бир шаклини кашф этди дейиш мумкин.
Мустақиллик даври қорақалпоқ адабиётида образлар оламини, жумладан, қаҳрамон образини яратишда муайян даражада муваффақиятга эришилди. Шеърият ҳар қачонгидек долзарблик хусусиятини сақлаб қолди. Замон янгиликларини, давр нафасини фаол ўзлаштирди. Ибройим Юсупов, Улмамбет Хўжаназаров, Тенгалбой Сарсонбоев, Кенгесбой Раҳмонов, Жиянбой Избосканов, Кенгесбой Каримов, Ҳикматилла Айимбетов, Халилла Давлатназаров, Соғинбой Ибрагимов, Бахтиёр Генжамурод, Бозорбой Сейтаев, Гулистон Матяқубова, Набира Тўрешова, Минайхон Жуманазарова, Фотима Мирзабоева каби ўнлаб шоирларимиз янгича илҳом билан ижод қилди. Уларнинг асарларида ҳам эркин фикрлайдиган, ҳам руҳий эркинликка эга фаол лирик қаҳрамонларнинг ҳаққоний қиёфаси гавдалантирилди. Мустақилликкача бўлган даврда аксарият лирик асарларда муҳаббат ҳам сиёсийлаштирилиб, севишганларнинг кечинмалари уларнинг қандай меҳнат қилиши, социалистик мусобақага иштироки даражасига қараб белгиланган бўлса, эндиликда лирик қаҳрамонлар соф туйғулар уммонида суза бошлади. Аслида лирик шеърлар шундай мотивда ёзилиши керак. Бугун лирик жанрлардан ҳам турфа хил чеклашлар олиб ташланди.
Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган публицистик шеърлар эндиликда соф туйғуга йўғрилган лирикага айланиб бормоқда. Шоирлар мавсумийликдан, сохта баландпарвоз кайфиятдан ўзларини бироз чеклаб, ўйчан, ҳаёт ҳақиқатига мос келадиган лирик қаҳрамонлар яратишга ўтди. Шоирларни халқимизнинг ўтмиши тўлқинлантира бошлади. Шўро тузуми даврида гапириш, ёзиш тақиқланган баъзи машҳур шахсларнинг лирик портретини яратишга киришилди. Ватан мавзуси юксак кўтаринкилик, шунингдек, жўшқин туйғу, донишмандона оҳанг билан ёритилди. Истиқлол йилларида яратилган Ибройим Юсуповнинг “Ватан тупроғи”, Бахтиёр Генжамуроднинг “Хитой ипагидаги битик” лиро-эпик достонларини қорақалпоқ адабиётининг шу йўналишдаги энг яхши асарлари сирасига киритиш мумкин. Пейзаж лирикаси эстетик таъсирчанлиги билан алоҳида ажралиб турадиган жанр. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Жиянбой Избосканов бу жанрнинг имкониятларини янада кенгайтирди. У кўпгина асарларида табиат манзараларини чизиш билан бирга, уни инсон тақдирига боғлайди. Шарқ ва Ғарб адабиётига хос лирик шакллар миллий поэзия билан уйғунлашиб лирикамизни янада ранг-баранглаштирди. Шу билан бирга, янги тасвир усуллари ҳам пайдо бўлди. Бироқ баъзи таниқли хонандаларнинг енгил-елпи, савияси паст шеърларни куйга солиб, ижро этиб келаётгани кишини ташвишга солади. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишда ёзувчилар ва композиторлар уюшмаларининг ҳамкорлиги зарур деб ҳисоблайман.
Мустақиллик йилларида Жиянбой Избоскановнинг шоирлик таланти янада тиниқлашди. У ҳеч кимга ўхшамаган йўналишда асарлар ёзди. Шоир лирикаси мазмун жиҳатидан ҳам янги қиёфага эга бўлди. Айниқса, шоирнинг пейзаж лирикаси соф туйғулар асосига қурилгани, образларнинг оҳорлилиги билан характерлидир.
Шеърларда шоирнинг эстетик туйғулари билан мушоҳада салоҳияти уйғунлашиб кетади ва у қаламга олган гўзал манзара китобхонни бефарқ қолдирмайди. Мана, бир мисол:

Кўрганингиз борми гўзални,
Тонг чоғида сачраб уйғонган.
Учқунланиб, ана, қўзғалди,
Сулув эмас, бокира армон.

Бу сиёсий мезонларга бўйсунмайдиган соф лирика намунаси. У ўзининг мусаффолиги, таъсирчанлиги билан ўқувчининг руҳий дунёсини бойитиб эстетик завқ беради.
Бахтиёр Генжамуроднинг “Хитой ипагидаги битик” лиро-эпик достони нафақат қорақалпоқ, балки ўзбек ўқувчиларининг ҳам диққатини тортди. Достонда Ватан тушунчаси ниҳоятда юксак ардоқланади. У Ватанни қандай севиш кераклиги ҳақида яхши тасаввур берадиган асарлардан бири. Бахтиёрнинг кўпгина шеърлари ва “Ўкуздарё битиклари” ўзбек тилида ҳам эълон қилинди. Шоирнинг ижоди ўзбек ва қорақалпоқ адабиётлари ўртасида дўстлик кўприги вазифасини ҳам ўтаб келмоқда.
Проза, жумладан, роман жанри ҳар қандай миллий адабиётнинг тараққиёт даражасини, мавқеини белгилайдиган жанр эканлиги кўпчиликка маълум. Таниқли қорақалпоқ романнавис ёзувчиси Тўлепберган Қаипберганов мустаққиллик йилларида ҳам ижод билан фаол шуғулланди. Бу йилларда ёзувчи ўзининг кўплаб публицистик асарлари ва эсселарини китобхонларга тақдим этди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Шаудирбой Сейитов, Абдулла Содиқов каби ёзувчиларимиз ҳам баракали ижод қилди. Улар қаламига мансуб романлар қорақалпоқ адабиётидан муносиб ўрин эгаллади. Камол Мамбетовнинг “Тўзғиган эл” роман-эпопея­си қорақалпоқ адабиётининг ютуғи сифатида эътироф этилди. Ёзувчи Ўрозбой Абдураҳмонов ўткир публицистикаси билан фақатгина қорақалпоқ адабиётида эмас, ўзбек адабиётида ҳам бу жанрнинг етакчиларидан бирига айланди. Унинг “Оролим – дардим менинг”, “Мирзонинг изи” номли публицистик асарлари рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинди, халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Кенгесбой Алламберганов, Қипчоқбой Матмуродов сингари ёзувчиларнинг романлари, Абдимурот Отажановнинг қиссаларини китобхонлар илиқ кутиб олди. Ҳажвгўй ёзувчилар Муродбой Низанов ва Сайловбой Жумагуловлар истиқлол йилларида самарали ижод қилдилар. Хусусан, Муродбой Низанов бу даврда ўз ижодий услубини янада такомиллаштирди. Унинг “Ёт элдаги етти кун”, “Ақчагул”, “Охират уйқуси” каби қиссалари шулар жумласидандир. “Ақчагул” қиссасини муаллифнинг ижодий муваффақияти ва жасорати намунаси дейиш мумкин. Ўқувчи бу асарни ўқиб, замон қаҳрамонлари қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб топа олади. Ақчагул меҳнатда илғор ҳам эмас, маълум бир соҳада қаҳрамонлик ҳам кўрсатмайди. У ўз оиласининг барча ташвишларини елкасига ортган оддий аёл. Ўша оддийлик ва шу билан бирга ҳаётда ўз позициясига эга бўлиш каби хислатлар уни ўзгалардан ажратиб туради. Бу эса образнинг ўта ҳаётийлигини кўрсатади.
Истиқлол йилларида шеърият сингари наср ҳам жанр жиҳатидан ранг-баранглашди. Детектив ва фантастик жанрлардаги асарлар пайдо бўла бошлади (Садирбой Исмайлов, Амангелди Холмуродов). Эссе, мемуар жанрида кўплаб ижод намуналари яратилди. Касби ёзувчиликдан йироқ, лекин ҳаётда катта тажрибага эга инсонларнинг (Қўнишбой Камолов, Султан Қаниёзов мемуарлари) мазкур жанрга қўл урганини ижобий факт деса бўлади. Бу даврда Шароф Уснатдинов каби таниқли журналистлар насрнинг ҳар хил жанрларида асарлар ёзиб, ёзувчилик қобилиятини синовдан ўтказдилар. Шароф Уснатдиновнинг Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ҳаёт йўлига бағишланган икки китобдан иборат “Шоирнинг ёшлиги” асари, “Сўнгги овчи” қиссаси китобхонлар томонидан яхши кутиб олинди. Гулойша Есемуродова, Саригул Баҳодирова, Гулойим Турсунова, Ҳурлиман Ўтамуродова сингари ёзувчилар ҳам ижод билан фаол шуғулландилар.
Қипчоқбой Матмуродовнинг “Тебранмас”, Олланазар Абдиевнинг “Жинжипирлар уяси” (ўзбекчада “Субҳидам” номи билан нашр қилинди) романлари бирмунча муваффақиятли ёзилганлигини қайд этиш лозим. Қипчоқбой Матмуродов дастлаб драматургияда фаол ижод этди. Роман ёзувчининг насрдаги биринчи асари ва айни пайтда, ютуғи ҳамдир. Адабиётнинг бош вазифаларидан бири инсонлар қалбига эзгулик уруғини қадашдан иборат эканлигини инобатга олсак, роман шу йўлдаги ижодий изланишнинг яхши самарасидир.
Китобхонларга шоир сифатида танилган Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримовнинг роман жанрига қўл ургани адабиётимиздаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Сўнгги беш-олти йилда муаллифнинг XIX–XX асрлар тарихидан ҳикоя қилувчи тўрт китобдан иборат “Оғабий” романи, туркийларнинг VI–VII асрлардаги тарихига бағишланган “Улкан дашт бўрилари” романи, эрамизгача бўлган тарихимиз билан бугунги ҳаётимиз синтезлаштириб тасвирланган “Зардушт” романи эълон қилинди. Мазкур романлар нафақат қорақалпоқ, балки дунё, хусусан, умумтуркий адабиётда ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
Бу даврда драматургиянинг ривожланиш даражаси суст эканлигини афсус билан қайд этиш лозим. Профессионал драматурглар оламдан ўтгач, драматургларнинг янги авлоди деярли шаклланмади. Қипчақбой Матмуродов, Муродбой Низанов, Сайлавбой Жумагулов сингари мазкур жанрда қалами чархланган муаллифлар самарали ижод қилаяпти деб айтиш қийин. Онда-сонда саҳналаштирилган баъзи муаллифларнинг асарлари бадиий жиҳатдан жуда бўш. Лекин киносценарий жанри анча муваффақиятли ривожланаётгани кўнгилга бироз таскин беради. Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муродбой Низанов муаллифлигидаги сценарийлар асосида бир неча бадиий фильмлар суратга олиниб, томошабинларга тақдим этилди. Бу асарлар ­Республикамиз кино санъати ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Мустақиллик йилларида қорақалпоқ адабиётшунослиги ҳам ривожланди. 8 нафар фан доктори, 30 нафарга яқин фан номзодлари тайёрланди. Улар адабиётни умумий йўналишда эмас, аниқ назарий муаммолар негизида ўрганди. Кўплаб монографиялар нашрдан чиқди. Илмий савияси юқори бўлган мақолалар Ватанимиз Ўзбекистоннинг илмий журналлари билан бир қаторда нуфузли чет эл нашр­ларида ҳам эълон қилинаётгани эътирофга лойиқ. Нажим Давқораевдан бошланган илмий мактаб сўнгги йилларда Марат Нурмуҳаммедов, Сирожиддин Ахметов, Кабул Мақсетов, Камол Мамбетов, Абдусаид Пахратдинов, Қалимбет Султанов каби устоз адабиётчилар томонидан давом эттирилди. Кейинчалик, бу олимлар сафига Қалимбет Жаримбетов, Кенгесбой Алламбергенов каби етук адабиётшунослар келиб қўшилди. Академик Жуманазар Бозорбоев адабиётнинг бир қатор муаммолари юзасидан республика матбуотида мақолалари билан чиқиб жонкуяр­лик кўрсатмоқда. Академик Ҳусниддин Ҳамидовнинг адабиётимиз тарихи ва ёзма манбалар бўйича эълон қилган мақолалари бугунги адабиётшуносларимизга ибрат бўлишга арзигулик. Лекин бу соҳада ҳали анча-мунча камчиликлар ҳам бор. Адабиётнинг назарий масалаларига тегишли илмий тадқиқотлар етарли эмас. ­Бадиий асарни структурал таҳлил қилиш, унинг ўзига хослигини аниқлаш усуллари тўғрисида назарий фикрлар деярли кўзга ташланмаяпти.
Адабий танқиднинг ривожланиш даражаси адабиётшуносликнинг бошқа турларига қараганда анча паст. Бадиий асарни баҳолашда умумий фикр билдириш, муаллифнинг кўнглини оғритиб қўйишдан андиша қилиш каби иллатидан қутула олмаяпмиз. 70–80-йиллардаги сингари фақат танқидчилик соҳаси билан шуғулланадиган профессионал танқидчилар етишмаяпти. Тўғри, қорақалпоқ адабиётшунослигида илмий даражага эга адабиётчилар етарли. Бироқ уларнинг аксариятида бадиий асарни баҳолаш учун тажриба, маҳорат, назарий савия, интилиш етишмаётганини тан олмоқ зарур. Адабий жараёнга ўз вақтида холис баҳо берилмагач, адабиётда биз юқорида қайд этган камчиликлар содир бўлмоқда. Адабий танқиднинг методикаси ва методологиясини маҳорат билан ўзлаштирган танқидчилар етишиб чиққандагина, бадиий асарга холис баҳо берилиши мумкин. Бу эса адабиётнинг ривожланиши ва ёзувчи билан ўқувчи орасидаги масофани яқинлаштириш учун замин ҳозирлайди. Энг муҳими, китобхонларда адабиётга қизиқиш кучаяди.
Мустақиллик даври адабиёти ҳақида сўз юритганда адабиётга давлат даражасида ғамхўрлик қилинаётгани ҳақида ҳам тўхталиш лозим. Адабиёт, маданият доимо Юртбошимиз назарида бўлиб келмоқда. Ҳурматли Президентимизнинг ижодкорларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг эмин-эркин ижод билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш бўйича қабул қилган қарорлари шоир ва ёзувчиларимизни янги асарлар устида ишлашга илҳомлантириши табиий, албатта. Ёш ижодкорларимиз Зомин, Дўрмон семинарларига таклиф қилиниб, уларнинг биринчи китоблари кўп минг нусхада “Ижод” фонди ҳисобидан нашр этилмоқда. Бундай ғамхўрликка жавобан шоир ва ёзувчиларимиз янада фаол ижод қилишлари зарур, деб ҳисоблаймиз.
Хулоса қилиб айтганда, адабиёт кўнгил мулки бўлиш билан бир қаторда, халқимизнинг маънавий хазинаси ҳамдир. Халқ бор экан, адабиёт яшайди. Унинг тараққиёт йўли кенг ва равон бўлишини таъминлаш эса ҳар бир ижодкорнинг муқаддас бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Қувончбой ОРАЗИМБЕТОВ

Саҳифа 277 марта ўқилган.