РАЖО

Шарқ юлдузи/ Fevral 2, 2018/ Наср

Ҳикоя

Саратон касаллиги дейишди. У эси оғиб қолгандек бир нуқтага термилиб ўтирди, ўтирди. Касалхонанинг сим каравотига тикилди. Қолган бир ҳовучгина умри ҳам шундай хоналарда, касалхонама-касалхона, докторма-доктор сарсон бўлиб, азобу оғриқлар ичида ўтишини, кун ўтган сайин заҳа еб, ингичкалашиб бораётган ипдек умидларини узолмай у ёқдан-бу ёққа зир югурадиган ота-онаси-ю яқинларини, охирида қўлидаги қушини учириб юбориб умидсиз қолган овчидек куйик кўнгил билан қолишларини ўйлади. Ортидан куйиб-куйиб, касал орттириб олган онаси, отаси қанча яшашини ўйлади. Яшай олишармикин ўзи, деб ўйлади. Ака-укалари неча йилдир куйинишар, эслаганда кўзларига ёш тўлар, аммо қачондир унинг вафоти оғриқ бермай қўяди, ҳаммалари ўз оилалари, фарзандлари, рўзғор ташвишлари билан бўлиб кетишади албатта, лекин ота-онаси… Қатор туриб, кўзларида ёш билан ҳаққига дуо қилаётган ака-укаларини тасаввур қилиб, томоғига нимадир тиқилиб қолгандек бўлди. Болалигида кўп касал бўлган экан. Шунча ташвиш келтирганим каммиди, барибир ўлиб кетарканман, ўшандаёқ кетганимда яхши эди, деб ўйлаб ўтириб тўсатдан сезиб қолдики, ўзининг ўлишига, ҳаммаси шундай тугашига заррача ишонмаётган экан. Даҳшатли нарсани ҳис қилаётган эди-ю, аммо ич-ичидан ўлимни бўйнига ололмасди.
Эндигина ўқишни тугатганди. “Контракт” бўлса ҳам ўқийман, деб тўполон қилганларини, шунча йил қийналиб, тунда уйқусидан кечиб ўқиганларини, уйдагилари юборган пулларига кийим-кечак олмай тежаб, қўшимча ўқитувчи ёллаб тил ўрганганларини эслади. Бекорга қанча пул тўлатибди-я.
Судраб юриладиган юкхонаси бор сумка олишни роса хоҳлаганди, ҳали оларман деб шуниям пулини тежаганди. Корейсча пальто-чи, ўшаям жуда ярашганди ўзига. Курсдошлари ресторанда янги йилни байрам қилишганда пули камлиги учун уни-буни баҳона қилиб бормаганини эслади. Вилоятлар бўйлаб ҳамма курсдошлари саёҳатга чиқишгандаям уйига кетиб қолганди… Тўйлар-чи? 3-4-курсларда бир нечта дугоналарининг тўйлари бўлганда ҳам, йўл узоқ, имтиҳонлар вақти деб баҳоналар қилганди. Ҳали ўқишни тугатиб ишласам, хоҳлаган нарсамни олавераман, уйдагиларимгаям олиб бераман, хоҳлаган жойимга бораман, ҳозир ўқишим керак деб ҳамма нарсани ўзига чеклаган экан-а? Мана энди шу ишни бутун умр қилмаганман, шу нарсани татиб кўрмабман, шу кийимни киймай ўтдим-а деб армон қиладиган вақти ҳам келиб қолибди… Бирор йил ишлаб шунча ўқиганларини қўллаб ҳам кўрмади, ота-онасига ойлигидан совғалар олиб бориб, шунча қийналиб ўқитганларинг учун раҳмат, дейиш ҳам насиб қилмаган экан. Дунёнинг камларини тўлдириш қўлидан келадигандек у ёқдан-бу ёққа югурганлари арзимаган нарса, бир тийин экан.
Эшик қаттиқ овоз чиқариб очилди. Онаси. Кўзларида ҳадик, қўрқув, имконсизлик, даҳшат, яна тушунтириб бўлмайдиган алланарсалар акс этган она унга шундай назар билан қарадики, гўё фарзандини кўзларига жойлаб олмоқчидек, шундай қилиб уни асраб қолмоқчидек.
– Тузукмисан?.. – онаси шундай дедими, ёки бўғзидан йиғига ўхшаш қандайдир овоз чиқдими, у англолмади.
Жавоб беролмади. Мингта сабаб бор эди бунга, аммо сўз сиғмади.
“Бир умр дадамнинг кўнглига қарагани камдек, энди ўлгунимча менинг кўнглимга қарайди шўрлик онам, – дея ўйлади у. – Худди ўзининг кўнгли йўқдек. Оналарда кўнгил нима қилсин?.. Бизга ўхшаган нотавонларнинг кўнглига қараб-қараб, охири шу даражага етадики, ўз кўнгиллари борлигидан ҳам хижолат бўлишади гўё”.
Бунақа нарсалар фақат сериалларда, корейс фильмларида бўладигандек, унинг атрофида бундай бало юз бериши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган эди. Энди эса… Ҳозир ўзини қувноқ, ҳеч нарсани ўйламаётган одам қилиб кўрсатиши мумкин эканини тасаввур қилди-ю, бу худди рўдапо кўйлакка зар ямоқдек ярашмаган нарса бўлишини, бунақа “маҳорат”ни амаллаб эпласа ҳам бунинг ҳеч кимга керак эмаслигини ўйлаб индамади. Онаси аҳмоқмидики, болам тиржайиб турибди экан деб кўнгли хотиржам тортса. Ўзи шундоғам кўп нарсаларга ўзини мажбурлаб яшагани аниқ-ку, энди умри охирлаганда ҳам мунофиқлик қилиб ўзини азоблаши керакми?
– Ҳа-а, яхшиман. Ҳеч қаерим оғримаяпти, – касалхонанинг йўл-йўлли матрасидан кўз узмай гапирди у. – Ўйлайверманг, ойи. Овқат-повқат еб олинг.
“Худонинг айтгани бўлади, минг ўйлаб ўзингизни қийнаганингиз билан пешонадагини сидириб олиб ташлаб бўлмайди”. Бу гапларни ичида айтди. Бундай гаплар худди тегса қонаб кетадиган жароҳатдек, умуман айтилмайдиган, яқинига йўланмайдиган бир вазиятда яшаётганди у.
Ёстиғини, кўрпасини қандайдир ишончсизлик билан тўғрилаб қўяётган онасига қараб бўғзига тиқилган муштдек оғриқни тўхтатолмай қолди. “Ухламоқчиман”. Ёлғиз қолишни назарда тутиб айтилган бу гапни зўрға айтди, онаси чиқиб кетишга улгурмасдан йиғлаб юбормаслик учун муштумини лабларига босди. “Мен нима қилиб яшадим? – яна ўйлаб кетди у. – Болаликданоқ салгина бўлса-да ножўя ҳисобланган ишларни қилишдан “Отанг уришади!” деган қайтариқ остида қайтарилган, худди китобларда ёзилгандек фақат яхши ҳисобланган амаллар, ишларни қилишга, яхши китобларни ўқиб намунали болалардек яшашга одатланган инсон ҳам шундай жимгина вафот этиб кетавериши ҳеч гап эмас экан-да”.
У секин юриб дераза ёнига келди. “Ёмғир ёғсайди…”. Бу тилак ортида ёмғирни яна кўрармикинман деган ўкинч ҳам бордек эди. Дарахтларга қарар экан, ногоҳ дарахт тагидаги ўриндиқ томон нигоҳлари югурди. “Оббо… Бекор…”. Қўлларига таяниб ўтирган йигитнинг кўзига ташланмаслик учун ўзини орқага олди. Неча кунлардан буён илк марта жилмайди: “Жинни!”. Бундан икки ойча олдин дунёда шундай дардлар борлигини ўйламаганди ҳам…
…Баҳор чиқмай туриб куннинг тафти яхшигина сезилиб қолгани ҳақидаги Эсон момонинг ҳасратларини эшитиб келаётган қиз берухсатгина суҳбатга қўшилган “студент”га қараб қўйди. Ёқинқирамаганини сезган “студент” кулиб қўйиб момо билан сўрашишда давом этгани қизнинг энсасини қотирди. Гапга аралашмай жимгина эшитиб келаётган қиз гап мавзуси кактусларга бурилгач, қандай қўшилиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.
– Шу кактус ўлгур гулламайди, шекилли барибир, – ҳовлисининг ҳар қадамида гул ундирадиган Эсон момо лаб бурди. – Йигирма йиллар бўлгандир шуни ўстирганимга, ям-яшил бўлиб тураверади. Ҳеч гуллай демайди. Беш йил бурун Норойникига келган, истудент болаларга гул ўстиришданми дарс берадиган чиройли меҳмон хотин шу очилади, очилсаям жуда-а чиройли очилади деб кетувди. Ўшандан бери кўз тикаман, ё бу бепуштимикин, а?
– Йўғ-е, гулниям бепушти бўларканми момо, – кулгидан зўрға тинган йигит ёшланган кўзларини артиб жавоб берди. – Бизникида очилибди-ку. Кеча ўқишдан келсам ойим хурсанд ўтирган экан, кактусим очилди деб. Чиройли экан чиндан. Қўшнилар ҳам келиб томоша қилиб кетишяпти.
– Вой, чинданми?! – момо ва қиз бараварига унга қарашди. – Очилдими?!
– Ҳа, очилиб турибди, иккита.
– Бориб кўрайлик? – қизнинг тўсатдан айтган таклифидан йигит бироз довдирагандек бўлди, ҳали ўйига етмай туриб Эсон момонинг розилик тарзида айтган сўзидан баттар талмовсираганини сезган қизнинг доим тайёр ғурури бош кўтарди: – Бормайман.
– Нега? – ўзига келган йигит жилмайди. – Қизиқ экансан, бир дақиқанинг ичида икки хил гап айтасанми?
– Юрақол, бир кўриб ўтамиз-да шу мўъжизани ҳам. Сал ичкарига юрсак ҳеч нарса қилмас, уйингга шошиб нима қиласан.
Кампирнинг гапидан кейин қиз ҳам бўйин эга қолди. Тўғрисини айтганда у очилиб турган кактусни кўришга жуда қизиқаётган, шу бир ҳовуч “тиканак” чиндан ҳам шундай гўзаллик ярата олишини ўз кўзи билан кўргиси келаётган эди. Аммо уч кўча нарида яшайдиган узоқроқ маҳалладошининг уйига Эсон момо билан бирровга кириб чиқишни ният қилган қизнинг режаси бузилди. Манзилга етдик деганда момонинг “алмисоқдан қолган” эски “Нокиа”си жиринглаб ҳам эмас, салкам даранглаб кетди. “Ҳа-а? Нима?! Қайси амманг? Ҳозир етиб қолай дедим, мана, боряпман!” Шундай деган кампир буларга бораверинглар, ҳаммаси жойида дегандек қўл силтади-ю, бир зумда ортига қайтиб нариги кўчада кўздан йўқолди. Қиз бироз саросимада қолди, йигит ҳам.
– Киравер, – деди йигит бир дам ўтиб, – Нега турибсан? Даҳлизда турибди.
– Ғалати бўлди-ку, – қиз иккиланиб қолганди. Кирмай деса дарвозага беш-ўн қадам қолган, кирай деса…
– Ҳечқиси йўқ, иши зарурдир-да. Ойим уйдадир, киравер.
Бир зумлик мулоҳазадан сўнг қиз ичкарига қадам қўйди. Бахтга қарши уйда унинг на онаси, на опа-синглиси бор экан. Ҳовлида ўйнаб юрган кичикроқ болакайнинг айтишича, “бувиси билан ойиси” бозорга кетишибди. Қиз унинг рўзғори бузилган синглиси борлигини эслади. “Баттар бўл, – деди ўзига ўзи истеҳзо билан. – Киришга кириб бўлдинг, энди тезроқ кўргин-да, қорангни ўчирақол”. У йигит ҳам бироз ноқулай аҳволда қолганини кўриб турарди. Шунинг учун ҳеч нарса бўлмагандай ўзини қувноқ тутиб ичкарига қадам босди. Эҳ-ҳе… Бу гулларни… Уй эмас, нақ усти ёпиқ гулзорнинг ўзи-ку! Бунча гуллар орасидан гуллаган кактусни қидириб топиш учун кўзлари билан бироз овора бўлди у. Чиндан ҳам кактус гули жуда чиройли бўларкан. Нақ мўъжизанинг ўзи, қўл билан тегиб бўлмайдиган кўримсизгина бир сиқим тикон-у, ундан гул очилиб турганининг ўзи соатлаб томоша қилишга арзийди. Қизнинг кўзлари ёнди: Во-о-ой!..
Дарвоза очилди. Ҳовли кимсасиз, бояги болакай ҳам қаергадир кетган шекилли, ҳаммаёқ жимжит эди. Ҳовли адоғидан, дарвоза тарафдан икки аёлнинг суҳбатлашиб келаётгани эшитилди, йигит ва қиз хижолатликда бир-бирларига қарашди: нотўғри тушунишмасмикин? Қиз анчайин шаддод, жа сал нарсага уяладиганлардан эмасди, аммо йигит негадир жиддий талмовсиради. Қизга қаради:
– Сенга яхшимас. Уй ичига кириб турақол, бирпасдан кейин чиқиб кетасан, – қизнинг ҳайрат билан қарашини кўриб, ўзининг гапидан ўзи хижолат бўлгандек қўшиб қўйди. – Улар… Менга фарқи йўқ, сенга яхшимас-да… – У тезда кўзларини олиб қочиб, қизни ичкарига киритиб юборди. Ичкари хонага киргач, қизнинг тўсатдан жаҳли чиқиб, юзига қон тепди: “Нима, мен енгилтаклик қилдимми, худди жазмани билан қўлга тушган хотиндек бекинаман?! Бор-йўғи гул кўргани келдим-ку, бошқа қўшнилариям келиб туришган экан-ку!”
– Нега бекиниш керак?! – қиз йигитнинг ортидан эшикка томон қадам босди-ю, кечикканини англади, йигитнинг онаси ва синглиси ташқари эшиккача келиб қолишган, қиз эса ҳали ичкари уй эшигида эди. Гуллар ёнида турганида ҳам тушуниш мумкин-у, энди уй ичидан чиқиб келаётганини нима билан изоҳлайди? Шу ерда тўхтади, на у ёққа, на бу ёққа ўтолмай икки хона ўртасидаги эшик пардаси ортида туриб қолди. “Баттар бўл! – яна ўзининг ҳолидан кулиб бояги гапини қатъийроқ такрорлади у. – Гул кўришга бало бормиди бегона ҳовлида, емаган сомсангга пул тўлаб шарманда бўлмасанг эди ҳали”. Қиз кимдир бу хонага кириш учун шартта пардани кўтарса қандай аҳволга тушишини тасаввур қилиб, кулиб юборай деди: “Ёмон хотинлар нима қилишаркин-а?”. Неча дақиқа турганини билмайди, ўзаро суҳбатлашиб турган оила аъзоларининг гап-сўзларидан тасодифан гап ўзи ҳақида кетаётганини сезиб қолди у.
– Ҳа, бир нарса десам, “айтдим-ку”, дейсан ерга қараб, топган гапинг шу. Бошқа қиз қуриганми? Шаддод у, биров бир гап айтса шартта юзига қайтаради, – она ўзининг кўрсатган сабаблари унчалик ҳам ҳақиқат эмаслиги ва жиддий сабаб деб бўлмаслигини сезгандек овозини пастлатди ва қатъий қўшиб қўйди: – Хуллас, уни келин қилмайман.
– Нимаси яхши шу қизнинг? Онамни норози қилиб мен нима бўлдим, ака? Мен-ку майли, чиқиб кетадиган одам эдим, сиз бир умр бирга яшашингиз керак-ку онам билан, онам ўзи хоҳлаган қизни келин қилсин, бола боқиб кўргани шуми? – синглисининг ҳам қўшилгани тешиб ўтди қизни.
“Нима?! – қизнинг юзига ҳайрат, ғазаб ва хижолатдан қон тепди. – Ким тегаркан шу!..” – аламдан тишлари ғичирлаб, сал қолса уларнинг олдига чиқиб, ичидагиларни гапириб ташлай деди. Ҳали у, ҳали бу совчининг камини топиб, кўз солмай юрган онаси бу гапларни эшитгандами?! “Нималар деяпсиз, қайдан чиқди бу гап?! Онам эшигим тагига шу ўғлингиз, қизингиз билан бирга қўшилиб бориб ётиб олсангизам бермайди мени, берса ҳам ўзим тегмайман!!!” – у аламдан тилига қуйилиб келган сўзларни зўрға ичига ютди. Тўғри-да, ҳозир шу ердан чиқса борми, шунчалик осмондаги ой экансан, менинг уйимда, ҳеч ким йўқ маҳал ўғридай бекиниб ўтириб нима қиляпсан ўзинг, демайдими аёл? У нима бўлганда ҳам сабр қилишга қарор қилди, бу ердан шарманда бўлмай чиқиб олсин, кейин ўзи билади нима қилишни!
– Хаёлимда бор эканми шу мени?! Тавба-а, мен нима қилдим буларга? – жаҳл ва аламдан кўзларига ёш қуйилди қизнинг. – Шу лапашанг ўғли менга бир оғиз айтибдими, ё мен бирон нима деб розилик билдирибманми бунга, нега бегуноҳ одамни ўзларича хўрлаб маза қилишаркин-а!.. – у ҳамон тинмаётган гапларни эшитмаслик учун қулоқларини бекитиб олди. Аммо…
– Ойи, – йигитнинг товушини англаган қиз қўлларини пастга тушириб, нафасини ичига ютди: “Қани, нима деркин бу валломат”. – Майли, унга уйланмайман. Номини тилимга ҳам олмайман хоҳласангиз! Керак эмас. Мен сиз хоҳлаганингизга уйланаман, истаганингизни айтаверинг.
“О-о…”. Ҳаммаси бир бўлди-ю, бу гап бир тараф бўлди. Қизнинг жони томоғига келди гўё. “Менда нима аламингиз бор эдики, устимдан шунча гапни айттирасиз-у, бир оғиз оқлаш учун сўз айтмайсиз?”.
– Лекин… Сизни ундан бошқага ишонмайман… Сени ҳам. Фақат шу билан эртага қандай яшашимизга жавоб бера оламан, ишга кетиб кун бўйи онам ўз хизматини ўзи қилмаяптимикин, синглимни кўнглини оғритадиган гап айтишмадимикин, жияним уйимга сиғмай қолмадимикин, уйим тинчмикин деб ўйламай юра оламан, ҳали болаларим бўлса эсли-тарбияли бўлишармикин, Худони танишармикин, ёлғончи бўлишмасмикин деб хавотир олмай яшайман дегандим. Мен сиз хоҳлаган қизга уйланаман, майли у ҳам яхши чиқар, сиз танлайсиз, ишонасиз-ку. Ўзингиз танласангиз, ўзингиз келишиб яшайсиз албатта, майли мен аралашмайман…
Бир зум жим қолган аёлнинг нимадир деб тўнғиллагани, қизининг эса ўз тақдиридан куйинибми, пиқиллаб йиғлагани эшитилди. Қиз секин уй тўрига юрди, шу ёқдаги очилмайдигандек туюлган деразани овоз чиқармай очишни эплади-ю оёқяланг юриб кетди. Йўл бўйи хаёлида сўзлар жаранглади. Кейинроқ қиз англадики, унинг уйига келиш фикрини эшитиб талмовсирагани, онаси келиб қолганида бекинишга ундагани ҳам бежиз эмас, уни онасига ёмон кўрсатишни истамаганидан экан.
…“Энди онасини кимга ишонаркин?” Қизнинг томоғига тиқилган “нарса” яна хуруж қилди, тавба, кўзёш билан томоқнинг нима алоқаси бор экан-а?
Ҳаммаси жойида эди, бундан икки ойча олдин. Ҳамма бахтли, ҳамма хурсанд. Аммо қиз энди сезадики, шу бахтли ва хурсанд эканлигини ҳеч ким билмасди унинг уйида, атрофида. Худди бошқача бўлиши мумкин эмасдек, ҳаммаси қоидаси билан, жой-жойида кечишига кафолат олгандек хотиржам яшашарди. Қиз ҳам ўзича ақлли, ҳамма нарсани билиши ва тушунишига ич-ичидан ишонар, ҳар кунлик ишларини бажариб, ибодатларини ҳам қилгани кўйи бундан қандайдир мағрурланар экан энди билса. Чин дилдан, ўша айтилганидек ихлосни ҳис этиб қилмас экан, чунки унда ҳамма нарса яхши эди-да. Токи ўша оддий томоқ оғриғининг тезда тузалмаётганидан шикоят қилиб борган шифокори уларга даҳшатли ташхисни айтмагунича…
У орадан ўтган бир ярим ой муддат ичида ўзи билан гаплашавериб, йиғлайвериб, тушкунликка тушавериб руҳий зарбаларнинг энг охирги босқичига келди назарида. Бундан пастроқда тушкунликка тушиш учун ҳам жой бўлмаса керак. Боя онасининг аҳволига тузукроқ қараб ўйлаган ўйи ўриндиқда ўтирган йигитни кўргач яна эсига тушди. Балки бироз ўзгариш керакдир? Ўлаётган бўлса, ҳаммани ўзи билан ўлдириш шарт эмас-ку? Бундай бир бурчакда ғужанак бўлиб эмас, сал ибратлироқ ўлим топса ҳам бўлади-ку? Ҳали ҳеч қаери оғримаётган бўлса. Ахир ўлим ҳам фақат бир марта берилади одамга, уни ҳам муносиб кутиб олиш жоиздир балки? Жуда унақа шарафли ўлим топмаса-да, одамга ўхшаб хотиржам, яқинларини омонат билиб, кўнглидагиларни эплаганча бажариш, улгуришга ҳаракат қилган яхшироқ эмасми? У бир фикрга келиб, ўрнидан турди. Ҳадеб ётаверганидан ўрнидан турса боши ҳам айланадиган бўлиб қолибди. Ё бу касаллик аломатлариданмикин? Хаёлига келган фикр­ни қувиб, ювиниш хонаси томон йўл олди. Йўлда учраган турли ҳолдаги, шундай касаллик билан оғриган беморларнинг юзига қарамасликка уринди. Ювиниб, бироз енгил тортиб қайтиб келганида онаси хавотирда оёққа турғизишига сал қолган экан.
– Вой болам-е, қаерда эдинг, нега менга айтмадинг, бирга борар эдим-ку!
– Мен тузукман, ойи. Ҳеч қаерим оғримаяпти, – ҳар кун ўн марталаб такрорлайдиган гапини айтди у. – Жойнамозим билан рўмолим қани?
Шу куни кечки пайтдан бошлаб у дафтарча келтириб, алланималарни ёза бошлади. Эски хаёллари хуруж қилганда ҳаммасини отиб юборгиси келар, бироз вақт ўтиб яна ўзини босиб олар эди. Бирон жойи оғриса эканки, дод-вой қилса ёки шикоят қилса. Ҳозирча кўнглидан бошқа жойи оғримаяпти. Ярамас ажал, индамайгина олиб кетиб қолмоқчимисан дейман, розилик ҳам сўролмай қоламанми деб яниб қўяди хаёлда баъзан, ҳозир сўраса ҳам бўлади-ю, бунга тили бормайди. Ҳадди сиғмайди аниқроғи, қандай қилиб ота-онасига шундай дейди?! Билади, улар барибир рози. Шундай бўлса-да… У куни акасига айтиб кўрмоқчи бўлди бир. Аммо унинг неча кундан бери уйқу кўрмай қизариб кетган кўзларига қараб, нафаси ичига тушиб кетди, тили айланмади. Майли, сўрамай қўя қолади. Шундоқ ҳам норози бўлишмаса керак, хафа қилган бўлсаям унутиб юборишди шу охирги ойларда… Дафтарчасига ёзган ёзувларига қараб баъзан ўзининг ҳам кулгиси қистайди. Нарсалари, кийимлари, ўзи ёқтириб олган севимли буюмларини яқинларига тақсимлаб чиқди. “Тўйингиз бўлса унингизни менга берасиз, бунингизни менга берасиз”, – деб талашиб юрган қариндош қизларга “Ҳеч қайсингга бермайман”, – деган нарсаларини ҳам бериб юборди. Уйдагиларига айтган, қанақа касал эканини ҳеч кимга айтишмайди. Яна кўнгиллари хижил бўлиб юрмасин, нарсаларидан ҳам ирим қилиб… У вафотидан кейин ҳам ўзидан узоқроқ бўлишга уринишлари, жирканишларини сира ҳазм қила олмаётганди. Бир умр шундай тоза-покиза, эгнига гард юқса бош-оёқ кийим алмаштирадиган, битта чивин қўниб ўтган пиёлани обдон тозаламасдан чой ичмайдиган қизга шундай балойи азим дард қаердан ёпишди экан-а?
У яна дафтарига қаради. Ҳеч кимга қўл теккиздирмайдиган, зўрға пул йиғиб олган ноутбукини укасига, бирор ким салгина аямай шитирлатса, жони бўғзига келадиган севимли китобларини китобсевар жиянига қолдирди. Уларни ўз уйида қолдириб бўлмайди, ахир ҳаммасига исмини ёзиб чиққан, варақлар орасига ҳам ўзига ёққан иборалар ёки сўзлар ёзиб, қалам билан белгилаб чиққан. Дадаси уйда турган китобни барибир ўқийди, ҳар гал кўзи тушганда яраси янгиланиши шартми?.. Ўлим олди айтиладиган иймон калимасини ҳар кун юз мартадан ёзиб чиқяпти, у вақт қандай бўлишини билмайди-ку, бехос унутиб қўйса… Қила олиши мумкин бўлган ишлари, қила олмаганлари, кечирим сўраш лозим бўлганлари, кўнглидаги айта олмай қолган, ҳали ҳам айта олмаётганлари икки оғиз гаплари… Ҳаммасини бир-бир ёдлаб, ёзиб қўяркан, дафтарини ҳадди сиғадиган кимгадир қолдириш ҳақида ўйлади. У номаълумликдан чўчиётган эди, нима у, қаер у… Яхши бўлиб кетар, билмаганимга қўрқяпман-да, дея ўзини овутишга уринарди гоҳи. Ҳамма ёнингда, ҳамма энг яқин, ҳамма тушунаётган бўлса ҳам одам доим ёлғиз, дардини жонининг ичидаги одамга ҳам айта олмас, айтганда ҳам ҳеч ким дардига малҳам бўла олмас, бундан дард кўпайса кўпаярки, камаймас экан. “Умрим тўкилай деганда файласуф бўпкетяпманми”, – жилмайди у. – Эсиз, шунча ақл билан ўлиш ҳайф-да”, – маҳзунгина ҳазил қилиб қўйди ўзича. Сўнгги кунларда хаёлида фақат битта истак айланади: “Эй Худо, мени бошқаттан дунёга келтир”, дегандек амалга ошмас бемантиқ истак бўлса-да, буни хоҳлашдан сира ўзини тия олмайди: худди илгари бўлмагандек йўқолиб кетса-ю, ер юзида жасади ҳам қолмаса. Ота-онаси унинг илгари бор бўлганини ҳам унутиб, доимгидек тинч-хотиржам яшайверишса… Жанозада жон узилгудек “болам”лашмаса, тобутининг бир четидан кўтаришмаса… Ҳар тонг қабри устида дуо ўқиб, тупроқ силашмаса… Эҳ, ҳаммаси бирам қийин, бирам азоблики… Қачон ўтиб кетаркин… Сал нарса бўлса олдиндан тушларига кириб аён берадиган рўёлар гўё уни тарк этгандек, умуман тушлар ҳам кўрмай қўйди-я. Уч кун аввал бошқа шаҳарга таҳлил учун жўнатишганидан буён туши билан ўнгининг фарқига ҳам бормай қолди. Ўзи шусиз ҳам уйқудан бегонасираб қолган кўзлари жой синабми, умуман ухлолмай ҳам қолди. У сўнгги кунларда тушларида нариги оламидан озгина бўлса-да хабар берилиб, кўнгли таскин топишини жуда истаётган эди, диний китоблар орқали анча-мунча нарсадан хабардор бўлса ҳам айни пайтда ўзини манзилни аниқ билмай йўлга чиқишга жазм қилган йўловчидек ҳис этарди.
– Акангиз ташқарида битта врачни бўғиб ташладила, – онасининг қўлига суян­ганча ҳовлида айланиб келган, қаттиқ озганидан кўзлари ҳаддан ортиқ катта кўринадиган ҳамхонасининг илк марта жонлангандек эшитилган овози унинг хаёлларини тўзғитиб юборди.
– Мени акамми?! Нега? – дераза ёнига югурди у. – Ўхшатгандирсиз.
– Йўқ, сизни акангиз! Дадангиз, бошқа дўхтирлар зўрға қутқариб қолишди, йиғлаяптила акангиз.
“Охири чидолмапти-да”. Бошини чангаллаб ўрнига ўтирди у. Эшик тарақлаб очилди. Отилиб кирган онаси йиғлаганча уни қучоқлаб олди. “Ҳа-а?.. Оз қоптими?” Унинг хаёлига яшин тезлигида шу фикр келди негадир. Тинимсиз йиғлаётган онаси фақат бир жумла айта олди:
– Касал эмас экансан…
– ..?!

* * *

Оғриқ йўқлиги туфайли бу ерга қайта текшириш учун юборилган қизнинг ташхис натижаларидан ҳайратга тушган шифокорлар у илк бор текширилган шифохонага мурожаат қилиб, вазиятни аниқлаштиришга ҳаракат қиладилар. Оқибатда ўз шаҳридаги онкологик касалликлар шифохонасида унга берилган ташхис натижалари врачнинг эътиборсизлиги оқибатида бошқа беморнинг ташхис натижалари билан адашиб кетганлиги маълум бўлгунига қадар, салкам икки ой давомида гўёки икки дунё орасида яшабди…
Ота-онасини қаритган икки ой… Ака-укаларининг кўзларидаги ёшини қуритган, ухлатмаган, яқинларини бир-бирига янада яқин қилган икки ой… Ноёб, қимматбаҳо ва кераксиз дори-дармонларга кўмилган икки ой… Даволаниши керак бўлган бошқа бир бемор хотиржам яшаган икки ой… У Худога энг яқинлашган икки ой…
Ўз хатосидан ўзи ҳам саросимада қолган ёш шифокор қиз даволанаётган шифохонага келиб ҳам оқибати даҳшатли бўлиши мумкин бўлган айбининг махфий қолишига эриша олмади. Қайтага неча вақтлардан бери хотиржам уйқу нималигини билмаган, асаб­лари узилар даражага келган акасининг муштларидан татиб қолди. Жигаргўшасининг омон қолганини Худонинг бир ҳадяси, буларнинг барчасини Унинг синови деб билган ота ўғилларига шифокорни судга беришларига рухсат бермади. Фақат бир шарт билан: “Ишидан кетсин! Бошқаларнинг боласини ҳам мени боламдек сарсон қилмасин”.
…Эҳ, шартта уйга қайтиб кетишмаса бўларди-да! Шунақа чиройли шаҳардан-а?! Ҳали яна бир сидра кийим қилиши керак, баҳорга кийим олмадиям, манави ташвишларни деб. Сумкасиям урфдан қолибди. Ҳали уйдагиларнинг пулиям қолмагандир, яна бир маош айлангунча кутиб туради, шекилли. Энди шу неча кундан бери касалнинг кийимидек кўриниб қолган кўйлаги билан қайтиб кетадими, эҳ…
У шу хаёл билан ўрнини апил-тапил йиғиштираркан, кўм-кўк осмон ранги акс этган дафтар оёқлари остига тушди. У эгилиб дафтарни олди. Варақларкан, нималар қилмоқчи бўлгани, нималарини кимларга бермоқчи бўлгани ёдига тушиб, кўзларига ёш қуйилди.
“Ҳо-о, бермайман!..” Ҳазил аралаш жилмайиб пичирларкан, кўз ёшларни тийиш­га ҳаракат ҳам қилмади.

Малак
ВОРИСОВА