Қисса

Чироқ ўчган заҳоти ҳужра зулматга чулғанди. Қизиқ! Деразадан на шамол, на тўзон, на иссиқ, на совуқ кира олади. Лекин қоронғилик кира олади. Ўзи билан бирга қўрқувни ҳам етаклаб киради. Кундузи бирортаси ҳам ёдга тушиб, кўз олдида эласламайдиган қўрқинчли алланимабалолар пайдо бўлади. Ҳужрада кўзингни очиб ётасанми, юмиб ётасанми, барибир, номини билмайдиган, жисмини сўзда ифодалаб ёки тасвирлаб бўлмайдиган нарсалар кўринади. Қоронғилик нақадар даҳшатли!
Еркин наридан-бери кўрпани юзига тортиб, ухламоқчи эди, бироқ ухлай олмади. Чип-чип терга чўмди. Кўрпадан бошини чиқарса, алланимабалолар келиб қоладигандай туюлади. У чидами тугаб, кўрпанинг бир чеккасини қайириб, кўзини очди. Эркин нафас ола бошлади. Ёнида ойиси ётганлигидан қувонди, ўзини сергак тутди. Энди бояги қўрқинчли нарсалар кўз олдидан ғойиб бўлди. У очиқ кўз билан ётганига ўзини ишонтирмоқчи бўлгандек, киприкларини бир-бирига теккизиб, ушлаб ҳам кўрди. Хонадаги жиҳозларни худди кўриб тургандек хаёлидан ўтказа бошлади. Хона эшигининг ўнг томонида бўш лаган. Унинг сувини ётарда онаси ташқарига чиқариб тўкканини биларди. Девордаги михда онасининг пальтоси, рўмоли ва битта чопон ҳар доимгидек осиғлиқ турибди. Ҳужрада булардан бошқа устига юк йиғиб қўйилган сирли эски сандиқ бўлиб, унинг ҳам бўёқлари ўнгиган, қандай рангдалигини билиш қийин. Қовурғага кийикнинг қўш шохи илинган наматча осиб қўйилган. Хаёли шуларга етиб келганида, кийик шохи бирдан қимирлаб кетди. Соқоли селкиллаб, кавш қайтаришга киришди. “Менга бунча тикилавермасанг”, дегандек, гоҳ-гоҳ кавш қайтаришдан тўхтаб, Еркинга узоқ тикилиб турди. Кўзларининг ўткирлиги-чи… Гапириб юборай дейди-ю, яна жимгина кавш қайтаришда давом этади. Сўнг тағин термилиш. Бирданига маъраб юборди. Еркин чўчиб тушди. Мугуз осиғлиқ ўрнидан сакраб тушиб, сузиб оладигандек туюлди унга. Қўрқинч тобора кучайиб бормоқда. Аста-секин онасининг юзини силади. Онаси унинг қўрқаётганини сезганми, йўқми, митти қўлчалар юзини силаганида қимирламади ҳам. Уйғотишга ойисидан қўрқди. Бундай пайтда у доим: “Ётсанг-чи, ҳали ухламаяпсанми? Озгина кўз илинтириб олайлик. Ҳозир даданг келса, ухлашга қўядими?” – деб ёнига ағанайди.
Дадам қаерларда юрган экан? У эртароқ келганида қўрқмаган бўлардик. Ҳар куни ичиб келади. Ароқ қаёқдан топила берар экан-а? (Бу онасидан эшитган гапи эди.) Қаерларда ичиб юрар экан? Кимлар оғзига қуяётган экан? (Бу ҳам онасининг айтганлари.) Дадаси келиб, уйда жанжал кўтаришини ёдга олганида, эрталабгача келмаслигини истади. Тонг отиши қандай яхши! Атроф нурга чулғанади. Бўрибосари билан ўйнайди. Дадаси эртасига келиб, онаси билан хоҳлаганича уришаверсин. У уйдан чиқиб кетади-да, ташқарида юраверади. Кун бўйи ёнида Бўрибосар бор экан, ҳеч нимадан қўрқмайди.
Еркинга дадасининг ичиб келиши ва ойиси билан жанжаллашиши шундай бўлиши керакдек туюларди. Ичиб келишидан қанча қўрқмасин, ароқни ташлашига ҳам ишонмасди. Гўёки унинг ичиши шартдек эди. Чунки онаси ҳар доим “Ичкиликсиз яшай олмайсан, ичишни ташласанг ўласан”, – дея жаврарди. Майли, ўлмай қўяқолсин, ичиб юраверсин, жанжалдан сўнг эртасига “билмай қолибман” деб ёлворади, ҳатто йиғлайди ҳам. Катта одамларнинг йиғлагани ёмон-да! Йиғламасдан ичиб юраверса бўлмасмикин? Ичмаса ўладиган бўлса Айимбет божбоннинг ола итидек кўмилади-да. Ўлганларнинг барчаси ер тагига кўмилади деб ойиси айтган эди-ку.
Айимбет божбоннинг ола ити бирданига тирилиб келгандек бўлди. Ҳали устидан тупроғи аримаган. “Мени нега кўмдинг”, дегандек тишларини иржайтириб, ириллайди. “Ҳаф” этиб тишлаб олай деди. Еркин яна чўчиб тушди. Кўзи илинаётган экан.
Кийик шохи яна кавш қайтара бошлади. Қўрқинчли махлуқлар атрофни қоплади. Ҳужра ичи тобора тўлиб бормоқда. Тезроқ тонг отиб, кун чиқа бошласа эди. Қўрқув ғойиб бўларди. Кун қаерларда юрган экан? Тўқайнинг нариги томонида. Ўркач-ўркач қумлардан ҳам нарида. Куннинг қаердалигига аниқ кўзи етмайди, кўп-кўп “нари”ларни ўйламоқчи эди, улар ҳам тугаб қолди. Ҳозирча кундан умид йўқ, содир этилганларини эртага айтади. Уйга ёруғликни киритиб юбориб, ўзиёқ уйғотади. Барча айтганларини узоқ, эринмасдан тинглайди. Ҳозир эса ойиси уйқуда, қўрқинчдан ажратиб олувчи ҳеч ким йўқ.
Еркин пиқиллаб йиғлай бошлади. Кўз ёшлари юзини ювмоқда. Онаси дарров ухлаб қолаверади.
– Ҳов, Еркинжон! – онаси бағрига босди. – Сенга нима бўлди?
Еркин баттар ҳўнграб юборди. Боши онаси кўксида. Бурун қўрқинчдан йиғласа, энди қувончдан йиғлаётир.
– Қўй, йиғлама, Еркинжон. Нимага йиғлаяпсан, қўрқдингми?
– Ҳа!
– Қўрқма. Ёнингда мен борман. Ўғил бола ҳам йиғлайдими? Онасининг ёнида ётиб ҳам қўрқадими?
Чиндан-да онаси ёнида ётган бола ҳам қўрқадими? Ойиси-ку ҳеч нимадан қўрқмайди. Бировга бериб ҳам қўймайди. У ухламайди, фақат ухлаганга ўхшаб ётади.
Еркин уйқуга кетди.
Қуёш Еркин билан қўл силкиб хайрлашди.
– Ухлаб қайтаман, – деди у юзида илиқлик товланиб.
– Мен билан ухласанг бўлмайдими?
– Бўлмайди-да. Менинг ҳам ухлайдиган уйим бор.
– Ҳар куни кетиб қолаверасан. Ақалли мен билан бир кеча қолсанг бўлмайдими? – деб ялинди Еркин. – Сен кетишинг билан атрофни қоронғилик қоплаб олади. Сендан бошқа ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган қўрқинчли балолар пайдо бўлади. Сен уларни кўрганмисан? Аттанг, сенга кўринмайди-да. Сендан қўрқишади-да.
Еркин қуёшдан қўрқиб, яшириниб қоладиган бундай бало-қазоларнинг ўзидан қўрқмаслигидан хафа бўлди. Қуёшдек кучли ва ўткир нурли бўлишни орзу қилди. Аттанг! Қуёшдек юқорига чиқа олганида ҳамма нарсани кўрган бўларди. Дадасининг қаерда юрганлигини биларди. Ҳатто уйига ҳам кузатиб бирга кириб келишарди.
– Қаерларда юрган экан? Тракторни ағдариб, ўлиб қолмаса яхши эди!
Ойисининг ичдан пичирлаб айтган бу гапларидан Еркин ваҳимага тушди. Дадаси ўлиб қоладигандек туюлди. “Трактор ағдарилиб кетса, у ўлиб қоладими?” деб сўрашга ойисидан қўрқди. Яна ўйлади. “Қандайдир йўллар билан бу гапни эшитган бир куч тракторнинг бир ғилдирагини кўтариб юбормасин-да”.
Олисдан трактор овози эшитилгандек бўлди. Еркин нафас чиқармасдан қулоғини динг қилди. Трактор овозидан уй ичини қамраб олган қўрқинч, шубҳа-гумон булутдек тарқалиб кетди. Ва ўша овоз эшитилиши билан деразадан, эшикдан, унинг тешикларидан қоронғида кўзга кўринмайдиган махлуқлар ҳам чиқиб қоча бошлади. Еркин дадасининг кириб келишини бетоқат кута бошлади. Бироқ анчагача эшик очилмади. Унинг ташқарида иркилиши уйга бошқа қўрқинчни киритиб юборди. “Қораманглай, нега кирмаётир? Бугун ҳам ичиб келган-ов…” деган ойисининг гап­лари Еркиннинг қўрқинчини бундан-да оширди.
Энди ота-она ўртасида одатдагидек жанжал бошланади. Ойиси қунишиб ўтирганича йиғлаб-сиқтайди.
Боймурот сўкинганича кириб келди. Еркиннинг митти юраги ҳаприқиб, дукирлаб, ҳали ўтиришга ўрганмаган қалдирғоч полапонига ўхшаб елвираб турибди.
– Ойгул! Қаёқдасан? Ўрнингга ҳам ётиб олгандирсан аллақачон?
Еркин қалтирай бошлади. Юраги аллақандай кучли кафтда тургандек, кўрпа тагига шўнғиди.
– Нима дейсан? Ҳозир гугуртни топиб олай. Қопилғир, қаёқда қолди?
Еркиннинг қўлида гугурти бўлганида, тез бориб ёқиб юборарди. Хуржунга тиқиб қўя бергунча, Еркинга ҳам биттасини бериб қўйса бўларди-ку.
Гугуртнинг кичик бир чўпи ҳужрадаги қоронғиликни қувиб чиқди. Ҳатто ёруғлик Еркин ётган кўрпа ичига ҳам кириб, кўрпа орасидаги қоронғиликка тегинди. Еркиннинг хаёлига митти қуёш кириб келгандек бўлди. Вужудида куч ва дадилликни ҳис этди.
– Нега трактор овозини эшитганинг заҳоти чироқни ёқмадинг? Ёки кийинишга улгура олмадингми?
– Йўғ-е, ҳозиргина ўчиргандим. Сен келгач, ёқарман девдим.
Ойисининг қўл қовуштириб туришини хаёлан тасаввур қилди. Дадаси овозини кўтариб, дўқ урса, онаси қалтирайди. Оналарга ҳам қийин. Дадаларнинг таёғига тайёрланиши керак. Ҳар куни аҳвол шу. Дадаси кимдандир хафа бўлиб келса, аламини ойисидан олади.
Еркинга бу худди шундай бўлиши лозим шартли ҳодисадек туюлади.
– Қани айт, бугун қаерда учрашдингиз?
Еркин кўрпа ичида ётибоқ, онасининг йиғлашга тайёрланаётганини сезмоқда. Мана, тили билан устки лабини ялади. Кўзидан чиққан ёш зумда ёноғини ювди. Еркин оғзида аччиқ таъмни ҳис этди. Ойисининг лабидаги ёш томчиси унинг лабига теккандек бўлди. Беихтиёр лабини ялади. Тилига лабининг майин туклари тегди.
– Боймурот, қўйсанг-чи. Қаерда ҳам учрашай?
– Уни мен сендан сўраяпман. Ёки учрашадиган жойингни мен белгилаб кетибмидим?
– Йўқ.
– Бўлмасам айт, божбонни қаерда кўрдинг?
– Қўйсанг-чи, Боймурот, ҳеч қайда кўрганим йўқ.
Кўрса нима қилибди? Ҳар куни кўради-ку. Ойим ҳам тўғрисини айтса нима қиларкан? Бугун эшик олдидан ўтиб бораётганида кўриб, салом берди. У “кўп яша, келин”, деди ва йўлидан юриб кетди. Кўрса нима қилибди?
– Сенга айтаяпман. Нега тўғрисини айтмайсан?
– Айта қол, ойи! Кўрганингни айт! – Еркин кўрпа тагида беун “бақира” бошлади.
– Нимани айтай? – йиғламсирай бошлади ойиси.
“Божбонни кўрганингни айт. Шундай десанг урмайди. Айт, айтақол, ойи!” Еркиннинг юраги безовта ура бошлади.
– Айтасанми, йўқми?
Дадасининг овозидан унинг тўр томонга ўтганини пайқади. Онаси букчайиб ўтирганича дадасининг оёғини қучиб, унсиз йиғлаётир. Кўз олдида ойисининг ёш тўла кўзлари, чувалган қоп-қора сочлари намоён бўлди.
– Йўқол нари! Тирғилма менга!
– Мени ўлдир, ўлдирақол!
Еркин терга чўмилди. Енгил нафас олиш учун кичкина қўллари билан кўрпа четини қайирди. Кўрпа очиғидан салқин ва ёруғлик кириб келди. Ёруғлик вужудига дадиллик ато этди.
Ойиси дадасининг оёқларини қаттиқ қучганча, юзини унинг тиззасига босиб ўтирибди. Еркин онасининг юзини кўрмаса-да, бетини ёш ювиб турганини англади.
– Дада! – у ўзи пайқамаган ҳолда югуриб бориб, дадасининг оёқларини қучди.
– Ҳов, Еркинжон, сенмисан? – йирик кафтларини унинг курагига босди. – Менинг зўр ўғлим. Ухламасдан онасини кузатиб юрган сендек боладан ўргилдим! Бу бўлмаганида нима бўлишини Худо билади… Қўйиб юбор оёғимни.
Дадасининг беўхшов кулгиси баъзан якшанба кунлари бозордан барвақт қайтгандагидек қувонч олиб келди.

“Келдингми, қуёш”, – деди Еркин кўзни қамаштирган ўткир нурларга тик қарай олмасдан ўнг қўли билан кўзларини тўсиб. Қуёш нурлари қасддан унинг кўзларини қамаштириб, ўйнай бошлади. Еркин митти кафтларини кўзига тутганича шарақлаб кулди. Чарақлаган нурларга гўдак кулгиси қўшилиб, атрофни буткул чароғон этди. “Кечаси дадам ичиб келди. Ойим билан жанжаллашмади. Салгина койиди-қўйди. Менгаям теккани йўқ. Менинг дадам нақадар кучли! Ҳеч нимадан қўрқмайди. Девларнинг ҳам бошларини юлиб олади”.
Боймурот ҳар гал мастлигида ўзининг кучлилигини айтиб, мақтанарди. Чиндан ҳам унинг бировдан дакки еганини эшитмаган ва кўрмаган Еркин дадасини ­дунёдаги энг кучли одам санайди. Трактор миниб, бирор жойини сал туртиб юбориши билан қучоқ етмас дарахтларни қўпориб ташлайди. Ёхуд осмонга етказиб юкланган ўтинли тележкани осмонга босса-ку, озиқ тишлари қайрилган қобонлар чинқириб ерга ағанаб тушади. Куч дегани шунчалик бўлади-ку! Ойиси уни кўрса қўрқади. Бироқ гоҳида дадаси ичиб келганининг эртаси куни онасига ёлбораётганини эшитиб қолади. Шунга кўра ойисида ҳам куч бор бўлса керак. Лекин дадасининг маст ҳолда келиб, жанжал чиқараётганида бирор марта бўлсин ойиси кучини кўрсатмаётганидан таажжубланади. Ушбу жумбоқнинг ечимини ҳалигача топа олгани йўқ. Бу ҳақда энг яқин дўсти бўлмиш қуёш билан сўзлашди. У ҳам ҳозирча яхшилаб тинглаш, бошини сарак-сарак қилиб маъқуллашдан нарига ўта олмаяпти. Бирор нима деганича йўқ.
Бугун дадасининг кучлилигини яна бир бор кўради. Улар Бўрибосар учови кўприкни қоровуллайди. Берухсат ўтин олувчиларнинг кўзларини жойига солиб қўяди.
– Дада, одамлар тўқайни чопиб ола беришса нима қилибди? – деди Еркин унинг маъносига тушуна олмасдан.
– Нима қилибди? – Боймурот ҳозир ўзи жавоб излаб кўрмаган бу саволни ўзига берди ва шунчаки оғзига тушган сўзни қайтармади. – Ҳеч нима қилмайди. Лесхознинг одамлари тўқайни қўриқлашлари керак.
– Шунда лесхознинг одамларидан бошқалари ўтин олмаслиги керакми? – Еркин бундай уч кун илгари Айимбет божбон билан ўз уйи қошига келтирган икки тележ­ка саксовулни назарда тутганди.
– Олмаслиги керак, – Боймурот шундай дея бемаъни жавоб қайтарди.
– Унда бошқалар ўтинни қаердан олиб ёқишади?
– Қаердан олишса, шу ердан олишсин. Берилмайди, вассалом. Тўқайни лесхознинг одамлари эккан. Илгари сой бўйидаги эски уйларда одамлар яшаган. Улар мана бу тўқайдаги дарахтларни эккан.
– Бўлим бошлиғининг одамлари бир тележка саксовул олди дегандинг-ку.
– Уларга рухсат қилинган. Рухсат қилинганлар олаверадилар.
Ким ўтин олишга ҳақли, кимга мумкин эмаслигини аниқ била олмаган Еркин яна сўрайверишга ботина олмади. Ўтин олаверишга бошлиқ деган одамлар ҳақлидек туюлди. Чунки дадаси маст бўлиб келган пайтлари кўпинча бошлиқларнинг ўтин ортган машиналарни иркканлигини, қўлига пул тутқазганларини иркмасдан қўйиб юборишини талай айтган эди.
Бу гаплар моҳиятини чуқурроқ англамаган Еркиннинг хаёли олисдан эшитилган трактор овозига тақалди. Сўнгра қоронғиликни тилка-пора қилган ёруғлик ҳурккан кўршапалак сингари у томондан бу томонга ўйноқлаб ўтиб турди. Ёруғликнинг та­йинсиз ҳаракатлари Еркинни мазах қилаётгандек. Ҳозир қуёш йўқ. Шу боис атрофни кузатиш менинг чекимга тушган деяётганга ўхшайди. Бе, қуёшдек бўлишга сенга йўл бўлсин? Қуёш дегани зулматнинг кушандаси. Қуёш бўлганида ўтин ортиб ўтган олддаги тракторчининг дадасига нималар келтириб берганини кўрган бўларди. Нимагадир дадаси улар билан илиқ хайрлашди. Трактор юриб кетгач ҳам хурсандлигидан ҳуштак чалиб юборди. Унинг нима қилганини кузатиб борадиган қуёш ҳам аллақачон уйқуга кетган. Аксига олиб Бўрибосар у ёққа жилмай қўйди. Ўзининг бориши бефойда. “Катталарнинг ишига аралашма”, дея қайтариб юбориши аниқ. Энди чираниб туришини кўринг! Қоронғиликни қоқ айириб келаётган ёруғлик Еркинларнинг атрофини кундузгидек ёритди. Тележкасига босиб ўтин ортилган трактор овози қулоққа чалиниши билан Бўрибосар олдига ҳуриб чиқди. У ҳали трактор ёнида ҳуриб, чопқиллаб келмоқда.
Трактор кўприк оғзига кўндаланг тортилган ёғочга ғилдираги тегиб-тегмас тўхтади. Тракторчи сакраб тушиб, Боймурот билан саломлашди.
– Райком юборганди, – деди.
Райкомнинг қанақа кучли одам эканлигини билолмай ҳайрон бўлган Еркин ҳураётган итининг бўйнидан қучиб, катталарнинг сўзига қулоқ тутди.
– Райком-пайкомингни билмайман. Ҳужжатларинг борми?
Девқомат тракторчидан тап тортмасдан сўзлаётган дадаси янада кучлироқ туюл­ди. Бу кучли одамга иш буюрган райком ҳам анойи одам бўлмаса керак. Аммо дадам ундан ҳам қўрқмайди. Қандай кучли!
– Божбонга аллақачон айтилган дегандан кейин…
Девқомат тек турмай телпагини қўлига олиб, йирик бармоқлари билан сочини қимтишга киришди.
– Райком сенинг ўтинингга зор эмас. Унинг номини сотиб нима қиласан? Қани, тракторни уйнинг ёнига ҳайда!
– Бўлди-да, иним. Худо ҳаққи, қўйворақол. Ёлғон гапираётганим йўқ. Райкомнинг туғишган тоғасининг ўтини.
– Кимники бўлса, шуники бўлсин. Қани, тракторни ҳайда!
Отини тирқиратиб Айимбет божбон етиб келди.
– Ҳой, Боймурот. Боядан бери нега иркиб турибсан. Қаерга олиб боришини айтгандан сўнг юбора бермайсанми?
– Нега юборар экан? Ҳужжатсиз юбора олмайман ахир!
– Райкомнинг номи сенга ҳужжат эмасми? Вайсашни тўхтат. Юбор тракторни.
– Унда ўзинг турақол, – деди-ю Боймурот шартта уйига жўнади. Кетидан Бўрибосар ва Еркин эргашди.
– Сен билан эртага гаплашамиз. Яна ичиб олгансан-ку, аҳмоқ!
Дадасининг ичганини кўрмаган Еркин уни оқлаб, “ичгани йўқ, ичгани йўқ”, дея ичдан пичирлаб келаётир.
– Қуёш, сен ухламаганингда дадамнинг ичмаганлигини айтиб берардинг.
Еркинда “дадам қўрқиб қайтди-ёв”, деган ўй пайдо бўлди. Аммо бу ерда ким кимни енгганига ақли етмади.
Боймурот уйга кирар-кирмасдан оёқларини силкиб-силкиб юборди. Этиклар бирин-кетин ечилиб, ўртадаги темир печга бориб урилиб, ерга думалаб тушди. Еркиннинг оёғи учидан кирган ҳадик зинғиллаганича юрагига осилди.
– Ўша ҳайвонни қуритишим керак! Ўшанга илакишма десам ҳам, кўзимнинг ташасини топиб…
– Қўйсанг-чи, Боймурот. Ўзинг борсан, ундай чолни нима қилдим? Ўзингни у билан бир қиёслаб кўргин!
Бу гаплар мазмунига тўла тушунмаган Еркин жанжалнинг босилишини кутди.
Дадаси шунча кучи билан ҳеч нима қилмади. Еркиннинг кутгани бўлмади, лекин дадаси сўзлашдан тўхтай демади.
– Айимбет божбонни билмайсан. У бориб турган ёлпилдоқ. Амалли одамнинг кавушига ултароқ бўлади.
“Одам ҳам кавушга ултароқ бўладими? Амалли дегани қанақа экан. Бўйи дароз, ҳаммадан кучли чиқар”.
Дадасининг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмай, эски сандиққа орқасини тираб тинглаб ўтираркан, Еркин ултароқ бўлаётган одамни кўз олдига келтирди.
– Райком ёки раисполкомнинг яқиниман деса бўлди. Ростми, ёлғонми, аниқлаб ўтирмайди. Бўлса нима бўпти? Божбонмисан, ишингни бил.
“Дадамнинг кучини кўринг, райкомдан ҳам, райисполкомдан ҳам қўрқмайди…”
– Тортишавериб нима қилардинг? Айимбет божбон бежизга қўрқмаса керак. Тағин нонимиздан айрилиб қолмайлик.
Еркин йиғиштириб қўйилган қуроқ дастурхонга кўз югуртирди. Шунда қорни очганлигини сезди. У аста дастурхонга яқинлашиб, қўлига нон олди. Шубҳаланиб эшикка нигоҳ ташлади. Унинг дастурхондан нон олганини ҳеч ким пайқагани йўқ. Дадаси ва ойиси печ ортига ўтиб, бир-бировининг сўзини маъқуллашарди.
Еркин сандиққа суянганича уйқуга кетди. Уйқусида туш кўра бошлади.
Еркиннинг онаси Ойгул билан божбоннинг аёли Фотима оташдон қаршисида сўзлашиб ўтирибди.
– Опа, нимасини айтасан, Боймурот ўқишини битказмаган. Бир-иккитасига кирган бўлса-да, кейинчалик ташлаб кетган. Ўқиганида бир нарса бўлармиди?..
“Ўқимагандан сўнг ҳам ичаркан-да. Ўқишга борсам ўқийвераман, ўқийвераман”. Еркин ўзига шунақа шарт қўйди.
– Албатта, – деди Фотима Еркиннинг хаёлини эшитиб тургандек, маъқуллаган оҳангда. – “Ўқимаган ўнгмас”, деб бекорга айтилмайди. Айниқса, ўқишни бошлаб, кейин ташлаб кетганлардан тузукроқ одам чиққанини кўрмаганман. Ўқимаганлар ғоятда ўжар, оми бўлишади. Бизлар-ку божбоннинг оёғини бир этикка тиқиб қўямиз.
“Менинг дадамга куч кўрсатиб юрган божбон наҳотки, шу аёлдан қўрқса”. У ишонарини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмай, оғзини очганича ҳайрону лол қолди. Дераза чертилди. Еркин қувонганидан “Қуёш”, деб қичқириб юборди. Овози қаттиқ чиқса ҳам, ўзидан бошқа биров эшитмади. Оғзини оғзига босиб сўзлашаётган икки киши Еркиннинг борлигига эътибор ҳам қаратганлари йўқ.
– Тсс, – дея қуёш лабига бармоғини босди. – Жим, гапларига қулоқ осма. Ташқарига чиқ, гаплашамиз.
– Ҳозир чиқаман. Тўхта. Деразадан чиқа олмайман.
Эшикдан чиқмоқчи бўлиб орқасига қайрилганида ойиси ёнидаги Фотиманинг ўрнида Айимбет божбон ўтирганини кўрди.
Айимбет Ойгулнинг билагидан чаққонлик билан ушлаб олди. Қуёш нури онасининг билагидан таралаётгандек бирданига ғойиб бўлди. Ҳужрани яна зулмат қоплади.
– Ҳов, уялмайсанми, Айимбет оға?!
Онасининг ҳадикли овози эшитилди.
– Қачондан буён орзу қиламан. Ахир “Тун ғарибники”, деганлар. Қуёш нури ҳар куни сўниши билан шу вақтни орзу қилардим.
У илгари маст ҳолда келганида Еркин уни қувиб солганди. Яна қувиб юбормоқчи бўлиб ўқталди. Лекин жойидан қимирлай олмади. Бақирди, овози чиқмади. “Қуёш, қуёш, қаердасан, ҳозиргина бор эдинг-ку? Тез етиб кел!”
Аллақандай оғир нарсанинг тагидан чиқаётгандай тушунарсиз сас узуқ-юлуқ қулоққа чалинади. У ниманинг саси, аниқлаш мумкин эмасди. “Қуёш, божбон тағин келди. Келса айт, дегандинг-ку. Қайга кетдинг?”
– Бола бор-ку, Айимбет оға. У уйғониб кетади. Кетинг, ичгансиз. Уйғонса шарманда бўламиз. Боймурот келиб қолади.
– Тунда бола уйғонармиди, Ойгулжон? Қуёш ботиши билан ухлаб қолади. Шу алкаш бойингни келади деб қўрқма.
“Қуёш, ана, эшитаяпсанми, тез кел. Сен ухлашинг ҳамон ҳаммаси бошланади. Мени сен билан қатор ухлаётир деб ўйлаб Айимбет божбон ойимни урмоқчи бўлиб турибди”. Тушунарсиз саслар секинлик билан кўпая бориб, сўнгра ҳужрани тутиб кетди. Улар зумда ҳужрадан қоронғиликни қувиб чиқди. Еркиннинг овози эшитилиб, қуёш кириб келди. Ҳужра ичида ўзидан бошқа ҳеч кимса қолмаганди. Югурганича далага отилди. Қуёш аллақачон тўқайнинг нарёғига бориб қолибди. Қўл силкиб узая бошлади. Қуёш узоқлашган сари атроф хиралаша бошлади.
Қуёш кетган томонга нигоҳ ташлаб турган Еркинни Бўрибосарнинг овози чўчитиб юборди. Кетидан чопганича борди. Не кўз билан кўрсинки, ўзларидан бошқани унутган Боймурот билан Фотима ярим яланғоч ҳолатда бир-бирини қувлашиб юрибди. Югуришданми, кулгиданми сал чарчашгандек. Дадасининг қўли сал тегиши билан Фотима хандон отиб кулади. Атрофни аччиқ ва қўрқинчли кулги бирозгача қоплаб туради. Еркин уятдан ўртанаёзди. “Дада”, дея қичқириб юборди. Шунда қайдан келгани номаълум катта мушт бошига “дурс” этиб тушди. Еркиннинг бўйни узилиб кетишига сал қолди.
Кўзини очиб бирозгача қайда ётганини билмади. Юрак уриши қулоғида акс-садо­­­­ бермоқда. Қушчадек питирлаётган юраги кўксини қоқ айириб, чиқиб кетадигандек. Дурс, дурс, дурс. Уй ичини тинта бошлади. Кўзи тўрда ётган дадасига тушгандагина ўзининг уйида эканлигини билди ва қўрқинчли ўйлари чекина бошлади. Ёнида, қўл чўзса етгудек жойда онаси ётибди. Иккаласи ҳам кўрпа ёпинмасдан ўрин-ўринларида ухлаб қолибди.
У тушида кўрганларини эслади. Баъзиларини ўнгида ҳам кўрганди. Эрталаб ҳаммасини қуёшга сўзлаб бермоқчи бўлиб ётди. Бироқ эрталаб қуёшнинг чиқишини кузата олмади. Чошгоҳда уйғонган Еркин баландлаб кетган қуёшга узоқ термилиб турди. Сўнгра кечаси кўрган воқеаларини оёқларига суйкалиб, эркаланаётган итига сўзлаб бера бошлади.
– Божбоннинг қизларига қандай яхши. Улар кўп бўлиб бир хонада ётишади. Кўпчилик бўлганидан ётганда қўрқишмайди.
У мактаб-интернатда ўқиётган божбоннинг икки қизига ҳаваси келди. “Мени ҳам олиб кетишмаяпти-да. Ўқисам, у ёқда бўлардим. Тўртинчи синфгача Матеке чўқалоқдаги мактабда ўқишинг лозим дейишади. Шундан кейингина интернатга олармиш. – Еркин ҳозироқ интернатга кетадигандек ҳис қилди ўзини. – Барибир сен ўқий олмайсан. Мени ҳам олиб кет дейсанми? Йўқ, итлар ўқишмайди. Қуёшдан сўраб кўрамиз”.
Итни пастда қолдириб, Еркин баланд теракка тирмашди. Учига чиқиб кафтида турган олмани кўрганида бўм-бўш қалбида баҳор томчиларининг томаётганини ҳис этди. Тирсиллаб томаётган томчилар ёш қалбга бир дунё роҳат, шодлик бахшида этаётгандек. Зангори, оқ булутлар тўдаси шарқдан ғарб томон қўл силкитиб, аста-секин силжишмоқда. Булутлар қуёш билан ҳам худди шундай хайрлашаётир. Кўз олдига келиб қолган булутларни қўли билан елпиб юбориб, борлиқни кафтига жойлаб турган Еркинга гоҳ қизиқиб, гоҳ қувониб жилмаяди. Қуёш билади-да, ахир. Еркин ҳозир буткул чор-атрофни кафтида кўриб турибди. Ўзидан баландда турган қуёшнинг кўз олдида қанчадан-қанча нарсалар турганини ким билади дейсиз. Ўша юксакликка чиқиб олгандами? Ундан асло қайтиб тушмас эди. Баъзида ойисини соғинган пайтларидагина бирров тушиб, чиқарди.
Еркин бирданига учиб кетди. Қанот қоқмасданоқ тобора баландлаб бормоқда. Ҳажми уйдек бумига етиб олди. “Ҳов!” Қуёшни совқоттириш ниятида булут юзига парда бўлиб тутилар экан-да. Қуёшни тўнгдира олмайсан. Унинг кўзини босиб, ерни қоронғиликка ботира олмайман. Ўзим ёрдам бераман.
Еркин учаверди, учаверди. Бир пайтлар ерда ойиси, дадаси ёдига тушди. Ойисини соғина бошлади. У ойисини излаб, пастга энгашди. Ана, ойиси уйдан чиқди. Эшик оғзида тўпланиб турган жўжаларни кўрди. Ойиси қўрага қувиб солди. Уйнинг ўнг томонида ўсиб ётган жинғилнинг учидан синдириб олаётир. Сут пиширар пайтида шундай қиларди. “Ойи”, деб қичқирди. Ойиси овознинг қайдан чиқаётганлигини билмай, атрофига аланглади. Тағин “ойи”лаган овоз эшитилди. Шунда Бўрибосар ойиси ёнига яқин келиб, осмонга қараб ҳура бошлади.
– Бало кўринадими бу чиркинга!
Ойисининг шундай дейишини биларди. Бўрибосар ойисининг оёқларига суйкалиб, баттар ҳура бошлади.
Ойисининг Еркинга кўзи тушди. Оғзини очганича тош қотди. Нималарнидир пичирлаб, сўзлай бошлади. Сўзларини эшитмаётган бўлса-да, айтаётганларини анг­лаб турарди.
– Шўрлик, қаерларда юрибсан? – деди дастлаб. Олислаб кетганлигини билгач, ялиниб-ёлворишга тушди. – Ерга туш, Еркинжон! Сал ерда йиқилсанг, ўласан. Э, Худо, сени осмонга ким олиб борди?!
– Қуёш, – деди бола. – Қуёш олиб кетди. Унинг ёнида юрсам йиқилмайман. Ҳаммасини кўриб тураман. Божбоннинг ўтинни қандай сотганини кўраман. Қирғовулни жўжасидан айириб, йиғлатганини кўриб, қуёшга куйдиртираман. Қуёшнинг ёнидан кетишга қўрқаман.
– Қўрқма, ёнимга келақол, жоним!
– Дадам уришаверади. Кечаси сизлар ухлаб қоласиз. Шунда ёмон қўрқаман. Кўз олдимда қўрқинчли нарсалар гавдаланади. Кийикнинг шохига жон инади. Қўрада қистириқлик турган қобоннинг, отнинг қувбошлари кечаси уйга киради. Сизлар бехабарсиз. Уйғотай десам, овозим чиқмайди. Ўлган ҳайвонларнинг суяги кириб келишига нима дейсиз? Божбон, терисидан телпак тикдириб бошига кийиб юрган сариқ тулки суякларининг йиғисини эшитганда… Сизлар бехабарсиз. Ерда жуда кўп мудҳиш ҳодисалар содир бўлди. Тартибсизликлар юз берди. Осмон тинчгина. Яхшиси, сизлар ҳам келинг. Кел, кел, ойи!
Қўлини силкитаётган Еркиннинг ерга тушиб кетишига бир бахя қолди. Суяниб турган дарахт новдасидан базўр ушлаб улгурди. Яғринига ёпирилиб кирган совуқ бутун вужудига тарқалди. Баданини муздек тер босди. Анчагача юраги ҳаприқиб, оёғида титроқ турди.
Еркин атрофни қайтадан кузата бошлади. Қўрқинч тўла қалбини салдан кейин қувонч эгаллай бошлади. Чор-атрофга сокин нигоҳ ташлагач, яна қуёшга тикилди. Оддий кўзга ташланмас ҳаракатни англамоқ ниятида қуёшга узоқ кўз тикди. Ғарбдан шарқ сари силжиётган булутлар тўдаси қуёшни ғарб томон силжитаётгандек.
“Кечаси қандай бўлмасин сўзлашаман”, деган илинж унинг қалбига чексиз қувонч бўлиб ўрнашди. Қалбидан мустаҳкам жой олган қандайдир кенглик кўнгил хонасини жунбишга келтирарди. Юраги соҳилига сиғмаётган дарё сувидек тошқинлаб, ўз-ўзидан қўшиқ айтгиси келди. Шодлик ва қайғуга йўғрилган қўшиқ бора-бора авжига миниб, атрофга тарала бошлади. Куйни тераклар биридан-бирига ўтказиб, ўйноқи шамоллар овозни олис-олисларга учириб кетди. Тераклар учидан бошланган овоз қалин бутазорлар орасига, тўқай ичидаги кўлчалардаги қўполликларгача тўсиқсиз етиб, сингиб кетди. Баланд тепаликлар, қум барханлари иркинчсиз ўтиб турди. Ҳатто қалин ва қуюқ булутларнинг ҳам орасига кириб бориб, улардан ҳам ошиб ўтди. Қуёшгача бориб етди. Еркиннинг қўшиғини эшитмаган тоғ-тош, тўқай, саҳро-чўл, ҳеч қандай тирик жонзот қолмади. Унинг овози шунчалик қудратли эдики, бутун борлиқ тебранди. Чексиз тўқайзорлар ҳам, қумли чўққилар ҳам, сув тўла дарёлар ҳам, ҳуркак ўрдаклар макон босган кўллар ҳам, ҳамма-ҳаммаси бешикда тебранаётгандек тус олди. Чайқалаётган дарахтлардаги қушлар шохларга маҳкам осилиб олиб, қанотларини кенг ёзиб, оҳангга мос муқомга тушди. Ҳамма-ҳаммасини Еркин ўз кўзи билан кўриб ўтирди. Шундай қилиб унинг қуёш билан қўл тутишиб, сўзлашишга қодирлигини барча билиб олди.
Еркин қўшиқ айтаётиб, қуёшнинг дарахт шохларига илиниб қолганини сезмай ҳам қолди. Дарахтдан сакраб тушди. Бўрибосар икковлон бир-бирини эргаштириб, ғарб сари чопиб кетишди. Дарахтлар ва буталар қошидан ўтаётганларида олисда қўшиқ куйлаётган бола-ку дегандек, Еркиннинг ёнида йўртаётган итига дарахтлар новдаларини чўзиб, бир-бирига узатиб қолаётир. Олдинроқ ушлашган новдалар эса ўзининг зийраклигидан фахрланишаётир.
Итини эргаштирганича югуриб, тўқай ичидаги қум уюмига етди. Қум четига оёғи тегиши билан “бизни ҳам олиб кет”, дея товонига ёпиша бошлади. Қанча олдинга юргани сари қумлар оёғига шунчалик осилишади. Ҳаммаси бирданига “Бизларни ташлаб кетманг, бизлар ҳам қуёшга борамиз. Усиз яшай олмаймиз. Кечаси қўрқамиз”, дея тирмашиб қолар эди.
Еркин қум чўққисига чиқиб, нафас ростлади. Қуёш катталашиб, ер чеккасига яқинлашиб қолибди. Ернинг энг чеккасига бориб, оёғини осилтириб, уфқда осилиб турибди. Оз-моз ер устини кўриб олай деб қараб турибди.
У қўлини бирдан бўшатмасдан, аста-секин пастки шохларга туша бошлади. Секин пастлаб бораётир.
“Тўхта, қуёш”, деди Еркин ҳеч кимга эшиттирмасдан. Бироқ унинг шивирлаганини қуёш эшитиб қўйганди. “Эртага эрталаб барвақт учрашамиз. Уйингга қайтавер, Еркин”.
Ҳар қачонгидек, Еркиннинг нияти бугун ҳам амалга ошмади. У чўққайиб ўтирган итига кўз ташлади. Бўйнига қўл солди. “Илож қанча, – деди Бўрибосар узун тилини ликиллатиб. – Бугун ҳам қолиб кетдик. Эртага эрталаб бирга жўнаймиз. Қайтайлик”.
Бўрибосар кетишга ҳозирланиб оёқларини чўзиб керишди.
Еркин энди боягидек югурмади. Бўрибосар чопгиси келиб, боланинг олди-ортига чиқиб кўзини қиздириб келмоқда. Бўрибосар Еркиннинг югурмаётганидан ҳайрон. Ҳар қалай ит-да, итлигини қилиб, ҳар бутага сўқлигиб, йўртиб келади. Гоҳ-гоҳ тилини йиғиб-қўллаб, қайта чиқаради. Атрофдаги қоронғилик қуюқлаша бошлади. Еркиннинг уйига боргиси йўқ. Қуёшнинг изидан етиб олгиси келди. Турган жойидан кўтарилиб, учиб кетди. “Вов-вов, мени ҳам олиб кет”, дея ғингшиган итига ҳам, “ҳов, қаёққа боряпсан”, деган дарахтларга ҳам жавоб қайтармасдан баландлайверди. Қанча тез учган сари, олдидан гувуллаб чиққан шамоллар тўсқинлик қилишмоқда. Кўк шамолдан энди қутулдим деганида, сариқ шамол олдини тўсади. Қизил, яшил… Барини қўли билан ҳайдаб, учиб келмоқда. Олисдан қуёш кўринди. Олтиндек ярқираган сариқ от устида баландга чиқиб қуёш кутиб турибди. Еркинни кўриши билан оти кишнаб юборди.
– Келганинг яхши бўлди. Тонггача ер юзини айланамиз, – деди қуёш. Бош ки­йимининг манглайига қадалган кафтдек нарса ярқираб кўзни қамаштиради. “Ҳе-е, бутун борлиқни ёруғлантирувчи шу нарса экан-да”, деб ўйлади.
– Мана, олиб кетмасанг ҳам етиб келдим.
– Келишингни билгандим. Учишда давом этамиз.
“Бу қанақаси бўлди, ҳар куни кўрганимда бунақа учмасдан силжиб юрувчи эди-ку”.
– Жадал учиб юрмасак борадиган жойимизга улгура олмаймиз, – деди Еркиннинг фикрини билгандек қуёш.
“Итни ҳам олиб келишим керак экан-да. Уям бизлар билан қидирар эди. Қуёшнинг отига мингашиб олсак-чи”.
– Вов, – деди Бўрибосар Еркиннинг хаёлини уқиб. Еркин итининг ҳуришидан хаёлини йиғиштириб олди. Ҳеч қаерга учмасдан уйи яқинидаги жийдазор ўртасидаги сўқмоқдан юриб келаётган экан.
Бўрибосар ғашланиб ҳура бошлади. Ит ҳураётган томондан мушукнинг миёвлаган аччиқ саси эшитилди.
Еркин уйида қолган мушугини эслаб, ити ҳураётган тарафга қараб югуриб кетди. Кўзига ёвуз мастон кампир эласлади. У мушукни ўлдирмоқчи бўлаётир. Еркин кўзларини ишқалаб, қайтадан қаради. Фотима, ростдан ҳам Фотима. У мушугини бўғаётир. Бўрибосар ҳам Фотиманинг нима қилаётганига тушунмасдан бошини сарак-сарак қилмоқда.
Еркин Фотиманинг қошига чопқиллаб етиб борди. Фотима мушукни чипқиратиб бўғаётир. Мушук муқаррар ажалдан қутулиш ҳаракатида.
– Вой, қўлимни тирнади-ёв!
Еркинга кўзи тушди.
– Қаққайиб нега турибсан? Жўжа ейишни кўрсатиб қўяман бунга! Қарғалар кўзини ўйишсин бу чиркиннинг.
Учиб-қўниб мушукнинг кўзини тумшуқлари билан чўқилаётган қарғалар кўз олдида эласлади.
– Ҳой, сенга айтяпман! Нима қип турибсан?
Еркин бора солиб Фотиманинг қўлларига ёпишди.
– Қўлимни эмас, мушукнинг оёғидан ушла.
– Қўйиб юбор мушукни, осма!
– Йўқол, ярамас!
Шундай дея тиззаси билан уриб юборганди, Еркин орқасига қўлларини тираб ўтириб қолди.
– Осма эмиш, жўжани тирик қўймаса нега осмас эканман? Осаман!
Еркин учиб туриб, тағин қўлига ёпишди. “Қўйиб юбор!” Бу гал уриб юборгани билан йиқилгани йўқ. Мушук Фотиманинг семиз бармоқлари остида тишини такиллатиб, чинқираётир. Кўзлари каттайиб, қинидан чиқиб кетай деб турибди. Мушукнинг талпиниб, миёвлаши Еркиннинг жисмига пичоқдек санчилиб, жонини ачитди.
Ажратиб олишга кўзи етмагач Еркин кутилмаганда Фотиманинг билагига тиш урди.
– Вой, кўрнамак, сен қайдан келдинг? Итнинг боласи!
Кўз олди ярқ этди. Ёруғликдан умидвор Еркин ён-атрофнинг тўнтарилиб бораётганлигини сал пайқаб қолди.

Еркиннинг онаси, дадаси билан бирга ўтириб овқатланмаганига анча вақт бўлди. Доим қуёш билан юради. Ернинг бир четидан иккинчи четига ҳар куни бирга боради. Қуёш билан юрганда чой ича олмас экан. У ойиси билан ўтириб чой ичишни истади.
– Энди икковимиз доим бирга юра бермайлик. Мен бора олмаётган олис-олисларда қалдирғочлар бор. Шунга мен бориб келай. Сен ернинг юзасини кузатиб тур, – деди қуёш Еркинга.
У бир ўзи қолишдан қўрқса-да, тепада туришини эслаб розилик берди. Қуёш йўқлигида ҳаммасини бир кузатиб кўрай.
– Ёдингда тут, – деди қуёш йўлга тушиш олдидан. – Ерда нима содир бўлса ҳеч бирини эътибордан соқит қилма.
Қуёш бирдан илдамлашди. У узоқлашган сайин атроф хиралаша бошлади. Қуёшсиз ер юзасини кўриб бўлмаслигини англаган Еркин орқасидан бақира бошлади. – Тўхта, қуёш! Сен кетсанг қоронғи бўлади. Атрофни кўра олмайман ахир!
– Бақирма! Бақирма! Бақирма!
Овоз у ёқ-бу ёқдан акс-садо берди. Бу буйруқ ҳар хил овоздан анча вақтгача так­рорланиб турди. Турли ҳайвонларнинг суяклари бирин-кетин тизилишиб кўз олдидан ўтаверди. Орасида тулкининг ҳам, қуённинг ҳам, шоқолнинг ҳам, қашқирнинг ҳам скелетлари бор. Улар Еркинга қиё боққанича инграб-қақшаб, ўқрайиб ўтишмоқда. Кетидан гоҳида учиб ёввойи паррандалар терилари келаётир. Еркинга бариси танишдек туюлади. Ҳам қувончли, ҳам қўрқинчли манзаралар давом этмоқда. У “божбоннинг қопқон, тузоқ қўйиб тутган, милтиқда отиб олган овлари-ку”, деб ўйлади. Ўлган нарсалар ҳам тирилар экан-да. Улар орасида одам скелети пайдо бўлди. Фотима! Божбоннинг хотини. Сўррашиб тишини-тишига уриб келмоқда. Еркиннинг ёнига келганида тишини ғижирлатиб ўтди. Унинг кулиб ёхуд ғижиниб бораётганлигини билиб бўлмасди.
Илонни кўринг. Унинг ҳам суяги бўлар экан-да. “Шақиллаб” харакатлангани сари суяклар бир-бирига тегиб, қўрқинчли сас чиқаради. Ичида битта жўжа тухумни нари-бери юмалатиб, бемалол ўйнаб юрибди. Илоннинг эгри жойига етганда қиялик томонга иккаласи бирдек қулдирайди.
Бўғинлари шақиллаб мушук пайдо бўлди. Жағини кенг очиб, эснади. Курагини кериб, ҳайбат чекди. Аллақачон ёнидан ўтиб кетган илон ҳам қайтиб келиб, оти­лишга шайланди.
– Менинг ўлимимга сен сабабчи бўлдинг, – деди мушук ғижиниб. – Доим қуёш билан юрганинг боис сен билан гаплаша олмагандим.
– Мен сени ундан қутқазмоқчи бўлдим-ку, – унинг овози чиқмади.
– Мени ўлдирганда ҳам бу бор эди. Битта жўжаси ва тухумини ютганим учун божбоннинг хотини ураётганида қўрқиб турди, – деди илон сигир оёғидан тушиб қолган тушовга ўхшаб буралиб.
Барча скелетлар Еркин томон силжий бошлади. Уларнинг олдида Фотиманинг суяги юмалаб келаётир. Олдига келганида оёғи билан тепиб юборди.
“Шақир, шақир, шақир!!!”
Еркин “ойи”, “дада” дея овози борича бақирди. Унинг овозини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади. Қочмоқчи бўлганди, оёқлари ўрнидан қўзғалмади, қўллари ҳаракатга келмади. Кўзи ҳам юмилмади. Томоғи қуриб, ютина олмади.
“Ҳа-а!”
– Ҳов, Еркинжон, қўрқаяпсанми?
Овоз олис-олислардан эшитилмоқда. Бироқ кўзига ҳайвонлар суягидан бошқа ҳеч нима кўринмайди. Ўкириб йиғлаб юборди.
Парда орқасидан онасининг қораси кўринди.
– Бу мен, Еркинжон, кўзингни оч!
Онасининг ёнидалигини билгач Еркин қувонганидан йиғлай бошлади. Қўрқинч кўзёши ила чекинди.
Еркин атрофга бепарво қарайдиган, катталарнинг гапларидан ҳадиксирайдиган, қандайдир хавф-хатар босиб келадигандай хавотирда юрадиган бўлди. Айниқса, Айимбет божбонни, унинг хотини Фотимани кўрганида худди Азроилни учратгандек қўрқинч ва кекдан жисмини титроқ босарди. Гоҳида улар икки тишли улкан мастон кампирга, ёвуз девларга ўхшаб кетади. Катталарнинг ёвузликларини кимга айтишини билмай қолди. Кучли деб ишонган дадаси ҳам алоҳида кучини кўрсата олмаяпти. Баъзида унинг ҳаммадан кучлилигига қалбида шубҳа туғилади. Хуллас, у катталардан қўрқиб қолди. Бирор ножўя иш қилиб қўйса дарахтга осиб ёки милтиқ билан отиб, ёки қаттиқ таёқ билан уриб ўлдириб қўядигандек туюлаверади.
Катталарнинг кўнглини қандай овлашни билмай боши қотади. Ойиси ҳам Еркиннинг ишларини унчалик хушламайди. Бирон нарсага уннаса, “синдириб қўясан”, “қўлингдан келмайди”, “бузасан” дея яқинлаштиргиси келмайди.
Ҳаммасини қуёшга айтиб, ёрилгиси келади. У билан ҳам сўзлашадиган кун келмаяпти. У қуёш билан қачондир сўйлаша олишига ишонади. Катта бўлгандан кейиноқ ёнига боради. Қуёш билан бирга яшайди. Шунда одамларнинг ёвузлигига танбеҳ бериб қўярди-я, аммо шунгача ҳам…
Ҳозирча унинг итидан бошқа содиқ дўсти, ҳамфикри йўқ. Шу билан ўйнаб, овунади. Чопқиллашиб, узоқ-узоқларга бориб қайтишади. Чарчаса бўйнига осилиб югуради. Ҳар куни қуёш чиқишини қарши ололмаса-да, бетоқат кузатиб боради. Қуёш ҳам қўл силкиб хайрлашишдан зерикмайди. Ҳар куни ер чеккасига боргач орқасига, Еркинлар томонга бир мўралайди. Жилмайиб қўл силкийди. Қуёш ботгач “юр, кетайлик”, дейди Бўрибосар чўнқайган ҳолатини тарк этиб. Икковлон безор қилган эски томга – катталар яшайдиган ерга ноилож чопқиллашиб қайтишади.
…Еркин боис божбонлар уйи билан орани очиқ қилган дадаси қўшни шоликор совхозга қатнаб, ишлаб юрибди. Ичишни, маст ҳолда келишини озайтирди. Айниқса, бундан Еркин қувонди. У бирозгача чироқни ўчирмай дадасини кутиб ётади. Дадаси ҳам ҳар куни бир янгилик топиб келади.
– Ҳали Айимбет божбонни ишсиз қолдиришади, – деди Боймурот оила аъзоларини сўнгги янгиликлар билан таништириб. – Бу ҳақда совхозда гап бўлаётир. Совхоздаги пахтачилик бригадалари ҳам шоличиликка ўтишади. Яна янгидан сов­хозлар ташкил этиларкан. Экин майдонлари ҳам кенгайтирилади. Ўша ҳудуддаги тўқайларни йўқотиб ўрнига шоли экишади. Шундан кейин кўрамиз Айимбетнинг ҳолини. Қанақасига божбон бўлиб юраркан. Тайинли касби ҳам йўқ. Оддий ишчи бўлиб совхозга боришдан бошқа чораси қолмайди-да. Ҳукуматнинг кучига қойилман. “Юсуп уй” атрофидаги тўқайзор теп-текис майдонга айланибди.
“Ҳукумати ким бўлди экан? – деди Еркин ғоятда кучли нарсаларни кўзи олдида гавдалантириб. – Девмикин? Йўғ-е, Мастон кампирмикин? Йўғ-е. Катта одам чиқар! Ҳар нечук кучли одам бўлса керак. “Юсуп уй”даги тўқайзорни текислаган бўлса, қуён болалари қайга кетганикин? Патлари ранг-баранг товланувчи қирғовул полапонлари-чи? Улар қайда кетганикин?” У саросимага тушди. Дадаси тўқайларни қуритганларни нимага мақтади? Энди қушлар, кўллардаги балиқларнинг ҳоли не кечади? Уларнинг қирилаётганини кўз олдига келтириб, дадасига умидли кўзларини тикди, яхши жавоб кутди.
– Дада, шу тўқайнинг ҳаммаси йўқ бўладими?
– Нима деб ўйловдинг, ўғлим? Ҳаммасини йўқ қилишади. Манави биз ўтирган уй ҳам, божбоннинг уйи ҳам шолига ўғит бўлиб кетади.
Дадаси бу гапларни ғурур билан айтарди.
– Унда қушлар, қуёнчалар, кўлдаги балиқлар қаерга боришади?
– Уларми?.. Улар ҳам йўқолади-да. Дунёда парранда-даррандаларнинг уруғи кам дейсанми? Божбоннинг ишсиз қолишини айтсанг-чи!
Шунда Еркин дадасини ҳам, у тилга олган ҳукуматниям азбаройи ёмон кўриб кетди. Ойиси билан ўтин тергани чиққанида, қўзи боқиб юрганида қулоқлари шалвираб, югуришиб юрган қуён болаларини кўп бора кўрганди. Бутазорлар ичида чақириб турувчи қирғовулларни айтмайсанми? Энди-энди учишни ўрганган қирғовул полапонларини Еркин кўриб, завқланарди. Улар билан талай-талай гап­лашганди. Энди тўқай бўлмаса, улар ҳам бўлмайди. Еркин шуларни ўйлаб, қаттиқ ташвишга тушди. Муштдек юрагида аламли оғриқни ҳис қилди.
…Еркин бугун қувончли хабар эшитди. Ёз тугаса, у ўқишга боради. Шунга ёз давомида китоб-дафтар йиғади. Совхоздаги мактабда ўқийди. Ичига кириб кўрмаган бўлса-да, дарахт тепасига чиқиб, мактабни кўрган. Шу мактаб сари ширин хаёллар қанотида неча марталаб учган. Ҳа, бу кунни у сабрсизлик билан қачондан бери кутарди. Мана, етай деб қолди. Доим кулиб турадиган, бошини силаб эркалатадиган муаллимни кўради. Ҳали унга ҳаммасини гапириб беради. Тўқайларни қуритаётган ҳукуматни ҳам, парранда-даррандаларни овлайдиган божбон ва хотинини ҳам, ҳамма-ҳаммасини гапириб беради. Қуёшга боришини ҳам айтади… Балки муаллим ҳам бирга борар…
Дадаси бугун “Алифбе” олиб келди. Қўлтиққа базўр сиғадиган китобнинг ичидаги суратларининг ажойиблигини айтмайсанми?! Турфа хил ранглар кўзни қувнатади. Энди Еркиннинг дўстлари кўпайди. Улар китобда тасвирланган болаларга жуда-жуда ўхшаб кетади. Еркин китобини қўлтиқлаб қўй-қўзи, эчки-улоқларига ҳам, итига ҳам, дарахтлар шохида қўниб ўтирган қушларга кўз-кўзлаб қайтди. Ҳаммасининг ҳаваси келди.
Қуёшнинг қувонганини айтмайсизми? Аттанг, ета олмайди-да, агар ета олганида уям расмларини тамошо қилган бўларди.
– Китобинг яхши экан. Китобингни олиб ўқишингга боравер. Сен қайда бўлсанг ҳам кўриб тураман.
Еркин баттар қувонди. “Демак, қуёш ҳам мен билан бирга бўлади”. Шуларни айтиб, хоҳлаган куйини куйлаб, қўзичоқдек сакраб-сакраб юрди. Еркиннинг китоби бўлганига барча-барча севинди. Фақат Бўрибосаргина бошини бир ён қийшайтириб, кўзи мўлтираб қараб турди.
– Сен нимага севинмайсан? – деди итининг бошини силаганича. – Менинг ўқишга боришим ёмонми? Ҳе-е… – Бирон нарсасини йўқотиб олгандек юзида севинчнинг сезилар-сезилмас излари қолди. – Мени ташлаб кетади деб ўйлаётгандирсан? Ҳозир ойимдан сўраб кўрамиз. Сен ҳам бирга борасан.
– Ойи, ҳой ойи! – деди китобини қўлтиқлаганича кир юваётган онаси қошида тик туриб. – Итлар ҳам ўқиса бўладими? – яхши хабар эшитгиси келгандек ёнига етиб келган итини кўрсатди. – Манави Бўрибосар ҳам ўқишни хоҳлайди.
– Бола деб шунга айтадилар-да. Ҳеч замонда итнинг ўқиганини кўрганмисан? Итни ўқитишмайди.
Бўрибосарга эшиттириб айтилган сўздан Еркин хафа бўлди. Китобини қўлтиқлаб, уйнинг кўланкаси томон кетди.
“Ана, итлар ўқишмайди”, деди Бўрибосарга. Еркин деворга орқасини тираб, оёқларини чўзиб ўтирди. Ит ҳам иккала оёғи устига бошини қўйиб, “хўш, энди нима дейсан”, дегандек кўзларини тикиб ётди.
– Итлар ўқийди, Бўрибосар, сен ранжима. Бирга олиб кетаман, – деди Еркин итининг бошини силаб. Ич-ичидан ити ўқимаслигидан қаттиқ ранжиди.
Шундан сўнг Еркиннинг унчалик кўнгилхуши бўлмади. Дадаси бошқа китоблар келтирганида ҳам аввалгидек севинмади. Ёнидагиларга кўз-кўзлаб мақтанмади ҳам.
Эртага эрталаб Еркин ўқишга боради. Бу кун яқинлашган сари қалбида тўлқин туғён урмоқда. Ҳеч қачон кўрмаган синф, афсонавий ғамхўр муаллимини кўришга интизор. Кечиккан қуёшга мактабга боришини айтиб мақтанди. Қуёш жимгина бош чайқаб маъқуллади. Тунда анчагача уйқусиз ётди. Узоқ сафарга отланадиган одамдек уйи қошидаги ҳамма нарсаларни кўзи қиймайди. Ташлаб кетгиси келмайди.
Кечаси тушида қуёшни кўрди. Секин қалқиб, пардек учиб келиб, қошига қўнди.
– Сен ўқишга кетавер, – деди қуёш Еркиннинг елкасига қўл ташлаб. – Эрталаб кетасан, туш бўлганда қайтиб келасан. Итингга ўзим қараб тураман. Бўрибосар эрталаб узатиб, тушда олдингга чиқади. Барча болалар ўқиётганида, сен қандай қилиб ўқимай юрасан. Ҳозироқ ўқишга кет.
Қуёш шундай деди-ю, зумда осмонга чиқиб олди. Еркин нокасларнинг тўқай ва кўлларга қирон келтираётганлигини айта олмаганидан афсусланди. “Шоли экса илонлар ҳам сув ютиб ўлиб қолади-ку”. У шундай бетартиб хаёлларин жиловлай олмай хуноби ошди.
…Эрталаб барвақт уйғониб, ташқарига чиқса остонада ити кутиб турган экан.
– Сени олиб кетса бўлармикин? Буни дадам ва ойимдан сўраб кўрай-чи. “Олиб кет”, дейишса бирга кетамиз.
Ойиси оғилхонадан бир челак сут кўтариб чиқди.
– Ойи, итни ҳам ўқишга олиб кетсам бўладими? Бўрибосарнинг ҳам боргиси кеб турибди.
– Ўқишга ит эргаштириб бориш бўлмайди. Болалар устингдан кулишади. Итинг сен келгунингча қўзиларга кўз-қулоқ бўлиб туради. Итингга бошқа топшириқларинг бўлса бериб кет. Итинг ақлли, келгунингча товуқларингни ҳам боқиб юради.
Ойгул ўғлининг итини ташлаб кетгиси келмай турганлигини сезиб, кўнглини олди. Ойисининг гаплари қуёшнинг айтганларига қўшимча бўлди.
Еркин дадасининг тракторига минишга чоғланаётганида ити оёғига суйкалиб, хайрлашди. Бироз жойгача трактор кетидан йўрта борди. Еркиндан ҳам муҳимроқ нарсасини йўқотиб қўйгандек улар кўздан йўқолгунча тумшуғи билан ер искалашда давом этди.
Тўқай адоқланиши билан қум тепалиги ёнидаги оқ мактаб кўзга чалинди. Еркиннинг юраги ажабтовур ҳаприқди.
Яқинлаган сари мактабнинг кун еб, ёмғир ювиб кетган девори аниқ кўрина бошлади. Олисдан оппоқ бўлиб кўринса ҳам, яқинидан серлаб қарасанг анча кўримсиз экан. Олд деворларининг сувоқлари тушган. Томидаги учта мўриси бойўғлиларга атаб қурилгандек. Тўзган мўриларга ин қурган бойўғлилар, гўё мусобақалашаётгандек, бирининг кетидан бириси мўрилар ичига бемалол кириб-чиқиш билан овора. Одатда бойқушлар эски томларни макон тутишади. Еркиннинг шу мактабда ўқишига ишонгиси келмади.
– Ана, ўзингдек болалар ўқишга келибди, – деди дадаси тракторни мактаб ёнида тўхтатиб. – Сени обориб партага ўтқазишга вақтим йўқ. Ишга шошиб турибман. Ўқиш тугагач, келган йўлингдан уйга қайтасан.
Ўзидан ёши анча катта божбоннинг қизларидан бошқа болалар билан ўйнаб кўрмаган Еркин қисиниб-қимрилиб, мактаб олдида тўпланиб турган етти-саккиз ўқувчига яқинлашди. “Бунча кўп бола”, – деди у ўзича, турганларни кўп кўриб. Шунча бола билан одам қанақа қилиб ўқийди?
– Кел, кел!
– Биринчи синфнинг иккинчи ўқувчиси.
Катта болаларнинг бу ҳазилидан юзи тандирдек қизиб кетди.
Болаларга қўшилиб Еркин ҳам мактаб остонасидан ҳатлади. Чанги бурқираб турган тор даҳлиздан болалар ғовурлашиб кираётганларида шифтдаги тешикдан бир гала каптар учиб чиқди. Юқорига чиқа олмай қолган бир каптар мактабнинг сиртқи эшиги томон ўзини урди. Кимдир ташқи эшикни ёпиб қолди. Даҳлизга зумда қоронғилик чўкди. Улар ичкарида қолган каптардек у ёқдан-бу ёққа югуришиб юришди. Болалар қий-чувлашиб каптар учган ёққа сумкаларини улоқтиришди. Кетма-кет отилган сумкалар дуч келган жойга тақиллаб тегмоқда. Болалар шовқинидан ҳурккан каптар билан қоронғилик ҳам шифтдаги тешикдан чиқиб камая бошлади. Эшик яна очилганида қоронғилик ҳужрани буткул тарк этди.
Болалар чувуллашиб кираверишдаги катта эшикли хонага киришди. Еркин ҳам улар орасида. Хонага кирар ерда қора рангли катта тахта деворга қоқиб қўйилган. ­Хонада қора парталар. Хона қўш деразали экан. Икковидан ҳам қуёш ёйилиб ­тушиб турибди. “Мени излаб келибди”, деди Еркин қуёш нурларини кўриб, ичдан ­пичирлаб.
Болалар парталарга ўтирмоқда. Бир узун бола: “Сизларнинг ўрнингиз олдинги парталар. Биринчи синфлар шу ерда ўтиради. Қолган парталарда бошқа уч синф ўқувчилари ўтиришади”, – деди.
Еркин энг баланд ерига ўтириб, пастроқ жойига оёғини қўйиб, болаларга юзини буриб ўтирди. Ҳамма гуриллаб кулди.
– Унақа ўтирмайди, – деди бояги узун бола ёнига келиб. – Сен ўзинг ўтирадиган жойингга оёғингни қўйдинг. Китоб турадиган жойга ўтираётирсан. Мана бундай ўтир.
У тўғриланиб ўтиргач, болалар кулгидан тўхташди.
Эскироқ қалпоқ кийган бир киши кириб келди. Синфга жимлик чўкди. Киши бошидан қалпоғини ечиб Еркинга тикилди. Кўзлари Фотиманинг ёнидаги осилай деяётган мушукнинг кўзларига ўхшайди.
– Сен нима қилиб ўтирибсан, хўрозқанддан бўш қолган боладек?
Орқадан “турсанг-чи”, деган овоз эшитилди. Орқасида ҳамма тик турган экан. Бунинг маъносини уқмаган Еркин ҳам ўрнидан турди. Бироқ қаддини тик тутиб туришга партанинг қирраси халал берди.
– Нега икки букилиб турибсан? Чотингда ишкалинг борми?
Танглайини такиллатиб, бошини чайқади. Ҳамма кулиб юборди.
– Салом, болалар, – деди лабини чўччайтириб.
– Салом, муаллим, – деди болалар чувуллашиб. Еркин ҳам илк маротаба муаллимга кек билан салом берди.
– Қани, ўртоқ ўқувчилар, янги ўқув йилини бошлаймиз.
– Муаллим, қўнғироқ чалмаймизми? – деди чаққонроқ биттаси.
– Майли, чала қолинг. Янги ўқув йилида қўнғироқ чалинсин! Манави урпоқлари биринчи қўнғироғини, биринчи муаллимини эслаб юриши керак-ку. Унутаёзибмиз, ўртоқлар, а-а… болалар.
Чаққон бола кесак печ тепасидан кумушранг қўнғироқни олиб ташқарига отил­ди. Еркиннинг қулоғига ферма қўйлари бўйинларидаги қўнғироқ овози эшитилди. Эшикни очиб, биринчи келган бола қўлидаги қўнғироқни урганидан кейингина “бундай қўнғироқ мактабда ҳам бўлар экан-да”, деб қўйди.
– Қани ўртоқлар, йўғ-е, болалар, бизлар маданиятдан орқада қолганмиз. Бўлмасам, манави биринчи синфга келганларни ота-онаси гул кўтариб олиб келганида қандай яхши бўларди…
“Бу пайтлари гул қолибдими? Дарахтлар аллақачон гуллаб кетмадими? Узиб қўйган билан сўлиб қолади. Исириқ, янтоқ… Ҳа, гуллар бор экан-ку”.
– Сен бола, қаердан келдинг?
– Лесхоздан, – Еркиннинг ўрнига кимдир жавоб қилди.
– Лесхозда ўсган одамда маданият бўладими? Маданиятнинг ҳаммаси шаҳарликларда.
Еркин олиб келиб, муаллимга учрамай кетиб қолган дадасидан хафа бўлди. “Муаллимга топшириб кетганида қандай яхши бўларди. Ойим ҳам Бўрибосар билан келса бўларди-ку. Болалар кулишади деди-ёв. Бўрибосар нима қилаётганикин? Йўлни искалаб, мени кутиб юргандир”.
– Бунга қаранг, ухлаб ўтирибсанми? – муаллимнинг товуши Еркинни хаёл денгизидан олиб чиқди. – Бола тарбияси дегани ғоятда қийин масала. Муаллимлик бўлим бошлиқ ёки бригадирлик эмас. Улардек катталар билан ишлашмайди. Болалар билан… Энди дам олинг, ўртоқлар, а-а… болалар. Танаффус.
Муаллим “танаффус” деган пайтда бир бола қўнғироқни ташқарига олиб чиқиб чалар экан-да, “дарс бошлаймиз”, деганида ташқаридан ичкарига чалиб кирар экан. Шундан кейин муаллим такрор-такрор “ўртоқлар, а-а… болалар” дея сўзини давом эттиради. Еркин дарс давомида қўнғироқ тезроқ чалинишини кутиб ўтирди.
– Энди дарсни якунлаймиз, – деди муаллим. – Сичқонлар ҳам қиш озиғини ёзда йиғади. Биз қишки ўтинимизни ҳозирдан йиғайлик. Бизларга ўт ёқиб, ўтин келтириб берувчи сторжимиз йўқ. Ўтинни манави синфга йиғиб қўямиз. Қишда қўл келади. Огоҳлантириб қўяй. Ўтин йиғиш пайтида шўр сувдан ичиб юрманг. Чанқасангиз ариқдаги сувдан ичинг. Сумкаларингизни синфда қолдиринг. Қани, тез чиқинглар. Бу меҳнат дарси бўлади.
Еркин қанақа дарс ўтганлигини ҳам билолмай роса чарчаб қайтди. Ёдида қолгани “ўртоқлар, а-а… болалар” сўзлари билан қўнғироқни гоҳ ичкарида, гоҳ ташқарида чалиб юрган болаларгина.
Олдидан думини ликиллатиб ити чиқди. У мактабда нима бўлганини сўрай бошлади. Еркин “ҳеч нима бўлгани йўқ”, деди ҳаётининг янгидан очилган илк саҳифасига кўнгли тўлмай.
Кечқурун уйдагилар сўраб қўймагач, зерикарли воқеаларни қайта хотирлади.
– Муаллиминг бригадирликни эплолмай ишдан ҳайдалган киши, – деди дадаси Еркиннинг гапларини эшитгач. – Қайнилари райкомда ишлаган пайтлари ўқитувчиликни ташлаб, бригадир бўлган. Яқинлари райкомдан ишдан кетгач, уни ҳам ҳайдаб юборишган. Ўзи уқувсиз ва қўпол одам. Ёнбош муаллим бўлиб, қизилда бир йилча ишлаганди. Энди бу мактабга юборган экан.
Ойгул ҳам, Еркин ҳам Боймуротнинг сўзини ажабланиб тинглаб ўтирарди.
– Илгарилари одамлар муаллимларнинг ҳурматини жойига қўйишарди, – деди Ойгул суҳбатга қўшилиб. – Бу замонда муаллим кўпайиб кетганми? Ёки саводсизларини қишлоққа юбориб, саводлиларини шаҳарда қолдирганми? Ишдан бўшатилган борки, муаллим.
Ит безовта акиллай бошлади. “Унга қийин, – деди Еркин кўрпани қимтиниб. – Бир ўзи қоронғида қўрқаётгандир. Йўқ, ит қўрқмайди. Агар қўрққанида ёлғиз тўқайга бора олмасди. Биронта ҳам ҳайвонни уйга яқин йўлатмайди. Демак баридан-да ит кучли”. Анча ергача ҳуриб борган итнинг овози тинди. Еркин “ҳозир ҳуради, ҳозир ғингшийди, ҳозир талашади”, дея ўқтин-ўқтин нафас олиб, тинглаб ётди. Итнинг овози эшитила бермагач, хавотирга тушди.
Тиқ-тиқ. Қадам саси деворни ёқалаб, эшикка яқинлашди. Эшик олдига келиб, тўхтаб қолди. “Ким экан? Ойим ҳам уйқуда. Ўғри келмадимикин? Ёстиққа бош қўйиши билан пишиллаб ухлаб қолади”. Қўрқинчдан ҳужрадаги қоронғилик исканжага ола бошлади. Жисмини тер қоплади. Ҳужра ичида қўрқинчли тинч­лик ҳукмрон. Ҳужрадаги барча нарсалар ҳозироқ бошланадиган улушнинг ёки қичқириқнинг ким томонидан чиқишини билмасдан ҳайрон.
Тиқ-тиқ. Тиқ-тиқ! Эшик чертила бошлади. Қоронғилик қўрқинчга айланиб, Еркинни баттар исканжага ола бошлади. Еркиннинг қўзғалганини кимдир кўриб қолиб, “ҳаф” деб ютадигандек, нафас чиқармасдан кўксидаги кўрпани боши томон сура бошлади. Кўрпа ҳам қўрқаётгандек секин силжимоқда.
Дук-дук. Дук-дук. Еркин бировнинг эшикни мушти билан ураётганлигини сезиб ётди. “Ойи”, дея бир марта шивирлаганди, овози бўғзида қолди. Иккинчи марта шивирлашга юраги дов бермади. Ташқаридаги одамнинг эшитиб қолишидан қўрқди.
Энди эшикни тақиллатиб тепишга ўтди.
– Оч, эшикни оч!
Еркиннинг томирида қон югурди. Қулоғига ишонгиси келмади.
– Оч дейман эшикни! Қирилиб қолганмисиз?
Эшикни тағин тепди.
– Ойи, ойи, – деди Еркин қувонганидан юраги тарс ёрилиб. – Дадам келди. Эшикни оч деяпти.
– Ҳа-я. Трактор келмаганди-ку.
– Очинг эшикни, – деган Боймуротнинг буйруғи ва тепкиси Еркиннинг гапини тасдиқлади.
– Ҳов, тинчликми? – Ойгул талмовсираб эшик томон юрди. – Нега тракторсиз келибди. Кимсан?
– Мени кутмабмидинг?
Эшикни очиб келиб, Ойгул чироқни ёқди. Зумда хона ичига ёруғлик ва қувонч кириб келди. Дадасини кўриб Еркин шодон жилмайди.
Боймурот ширакайф экан. Устки кийимини ечиб, тўрга отди. Тик турганича этигини ечишга киришди. Ўзи еча олмагач, “этигимни торт”, дея Ойгулга амр қилди. У чаққон ўрнидан туриб, этигини торта бошлади.
Дадасининг ойисига қўпол муносабатда бўлиши Еркиннинг ғазабини келтирарди. Ҳозиргиси ҳам ўтиб тушди. Ойимга нега бақираверади? Кучли одам ҳамиша устун бўлади деб ўйлайдиган Еркин дадасининг кучлилиги ёдига тушиб, фикридан қайтди. Аммо унинг дастурхон устидаги сўзлари ҳаммадан ўткир эканлигини бекорлагандек.
– Трактор йўқ, – деди Ойгулга. – Топширдим. Топширганим йўқ, тортиб олишди. Бошлиқнинг жиянларидан бирига трактор керак бўлиб қолганга ўхшайди.
– Охир-оқибат ниятига етибди-да, – деди Ойгул. – Қачондан бери қариндошлари кўпайиб қолибди. Бизни четламаса эди деб ўзинг ҳам айтиб юрардинг-ку.
– Нима қилайлик. Замон лаганбардору, қариндош-уруғларники бўлса. Ҳаммаси бир уруғнинг одамлари бўлгандан сўнг мени сиғиштирармиди. Бариси ювиндихўрлар…
– Ўзинг ҳам келишиб ишлай демайсан. Бир нима деса доим қаршилайсан…
– Бегоналар улар орасида ишламаслиги керак. Ахир улар тонналаб шоли, машиналаб ўтин-чўп ўғирлашади-да. Буни бошқалар кўриб қолишади. Баъзида менинг ҳам ташишимга тўғри келади. Талай ташиганман ҳам. Шуларни айтиб қўяди деб қўрқишади. Ўтган гал сўз олишиб қолганимиз ҳам бор. Қандай жим турасан? Одамнинг бундай ҳаракатларга чидаб ишлаши қийин. Тонналаб шолини бир чуқурга ташитиб, юзини тупроқ билан кўмаётир. Мен дастлаб тушунмадим. Совхоз раҳбарлари топшириғи бўлса керак деб ўйладим. Кейинроқ билсам, бўлим бошлиғи давлат бойлигини ўмараётган экан. Чидай олмадим. “Устингдан тегишли жойларга арз қиламан”, дедим. Эртасига не кўз билан кўрайки, ўрадаги шолидан асар ҳам қолмабди. Шумлигини қаранг. Қисқа фурсатда қайгадир яширишнинг уддасидан чиқибди. Шундай келишмовчилик оқибатида тракторимдан айрилдим. Уни кечагина аскарликдан келган болага олиб беришди. Топган баҳонаси “Сен ароқни кўп ичасан. Ҳайф сенга трактор”. Ичганда нима? Бу замонда ароқ ичмайдиган одамнинг ўзи қолибдими?! Ичсам ўз пулимга ичаман. Ичиб, иш қолдираётганим йўқ. Шуларни ўйлаб ёниб кетаман. Тўғриси, уларни кўриб аламимга ичаман. Эҳ, нимасини айтай. Ғирт аҳмоқ, нокаслар раҳбарлик қилишади. Уларнинг ўзлари эмас, столи ишлайди. Суянадиган акам ёки пулим бўлганидами. Афсус, дипломим йўқ-да. Техникумни тугата олмаганимдан ҳозир пушаймонман. Эҳ, аттанг! Бир бошлиқнинг арзандаси сабабидан техникумдан ҳайдалдим. Ҳодиса бундай бўлганди. Ароқни сувдек симириб юрган пайтимиз. Лекцияга ҳам кечикиб келардик. Ароқ сабаб, ПМК бошлиғининг гуруҳимизда ўқийдиган боласи билан яқин ошна тутиндик. Бир куни икковимиз лекцияга ичиб келдик. Ошнам гуруҳдаги бир бола билан жанжаллашиб қолди. Уларни ҳам безор қилган бўлсак керак-да. Жўрам жанжаллашаётганини кўриб, тек тура олмадим. Бориб айирдим. Лекин ўқитувчимиз мастлигимизни пайқаб қолиб, милиция чақириб, бериб юборди. Кетаётганимизда “Энди бу ерга қадам босманг, ўқишдан ҳайдаласизлар”, деди. Ҳайдалсам, ҳайдалгандирман дея овулга жўнадим. Бир ойдан кейин техникумга борсам бояги бошлиқнинг ўғли, ошнам ўқияпти. Менинг ҳайдалганлигим хусусида эса директорнинг буйруғи осиғлиқ турибди. Мана, ҳақиқат. Дунёда аслида ҳақиқат борми? Шуларнинг касрига шаҳарда тентираб, ичишга баттар ружу қўйдим. Ичсанг салгина бўлса-да, дардларингни унутиб енгил тортасан. Йигит боши ғовғали деганлар. Йигитлик кўчасидан юрмаганлар ниманиям билишади. Бизнинг раҳбарлар ичиб юрганни масткунамликка йўйишади. Катта шаҳарлардаги обрўли лавозимларда ишлайдиган аксарият одамлар ичкиликсиз овқатланишмас экан, бундай кишиларни “арақхўр” деб аташ инсофданми? Ёниб кетасан, ёниб!
Еркиннинг дадаси раҳбарларнинг ғирромлиги, аҳмоқлиги, ичишнинг тўғрилиги хусусида узоқ вайсади. У ўзини “бу дунёда ноўрин жабр кўриб келаётган ягона ҳақиқатчил инсон” деб таъкидлади. “Яхшиларга амалпарастлар жой беришмайди”, деб нолинди. Сўнгра хўрлиги келиб, ўксиб-ўксиб йиғлашга тушди.

Еркин одамларнинг шоли ўғирлашига ишонгиси келмади. У ундай кишиларни ёмон кўриб қолди. Унинг кўз ўнгида эшикни ўғирлаб бораётган божбоннинг хотини гавдаланди.
Еркин далада ўйнаб юриб, сузма халтани ўғирлаб қочаётган қўшнисининг қанчиғини пайқаб қолиб, дарров ойисига билдирди. Улар итнинг изидан бориб қўрага киришса халта аллақачон йиртилган экан. Шунда Фотима итни катакка киритиб, роса савалаган ва “Энди қашқирнинг қанчиғидек, унча-мунча қўзини елкасида олиб кетаверади”, деганди.
Еркин шундагина ит ва қашқирнинг қанчиғи ўғрилик қилишини эшитди. Эндиликда эса одамларнинг ҳам ўғирлик қилишини эшитаётир. Қизиқ, улар қанақа қилиб ўғирлар экан?
– Расво замон бўлди-ку, – деди ҳали мастлиги тарқамаган Боймурот қўлидаги пиёлани дастурхон четига қўяркан. – Одамларнинг ҳаммаси фақат ўз фойдасини ўйлашади. Ўқитувчилар бўлим бошлиқ, бригадир бўлишади. Совхоз марказидаги каттакон уч қаватли минг бола ўқийдиган мактаб директори яқинда шоли қабул қилувчи бўлиб ишга жойлашибди.
– Директор шоли қабул қиляптими?! – Ойгул рост айтяптими дегандек қайтадан сўради.
– Ҳа, нимасига ажабланасан? Ўқитувчилар омборчилик қилишмоқда.
Еркиннинг ўқитувчидан ихлоси буткул қайтди. Уларнинг нимага шундай қилаётганига фаҳми етмаса ҳам, муаллимлик яхши иш эмас экан деган фикр хаёлидан кечди. Ундан ҳеч ким қўрқмайди.
– Ҳозир пулинг ёки амалинг бўлиши керак. Шундагина одамлар сендан ҳайиқишади. Пули йўқ, амали йўқ, суянчиғи йўқ мендан ким ҳам қўрқсин? Шундай бўлгач тракторимни тортиб олишди-да.
“Дадасининг суянадиган кишиси йўқ экан-ов. Нега энди, пули бор эди-ку. Бир қопчиқ пулни кўрсатса қўрқмас эканми? Пулдан нимага қўрқишаркан? – унинг хаёллари сачраб кетди. Саволига жавоб тополмаётганида, олдида яна бир савол кўндаланг турди. – Дадамнинг шунда кучсиз бўлганими? Ким кучли ўзи?”
– Қариндошинг омборчи бўлса тегинмасди, – Боймурот Еркиннинг фикрларини ўқиётгандек жавоб қайтарди. – Ҳозир омборчидан кучли одам борми?
– Омборчи, шоли қабул қилувчининг кучи нимада?
Еркиннинг хаёлидаги саволни ойиси берди.
– Во-ей, қизиқ одамсан-да. Бундоқ қилиб айтганда омбордаги нарсаларни ўғирлаб, сотадилар. Минг-минг сўмлик пул бўлади. Бу пуллар министрлар, райком, райисполком ўртасида тақсимланади. Шундан унинг сўзи – сўз, гапи – гап. Шундай бўлгач, омборчилар қутурмай, ит қутурсинми?
Еркинга катта одамларнинг ҳаммаси даҳшатли ўғрилар бўлиб туюлди. Ҳеч нимага ақли етмади. Аниқроқ хулосага ҳам кела олмади. Кимларнинг кучлилиги яна жумбоқлигича қолаверди. Бироқ омборчи, министр, райком, раисполком, бошлиқ деганларининг ҳар қалай оддий эмас эканлигини англади. Аммо уларнинг қандайлиги, хавфли томони, кучлилиги номаълумлигича қолаверди.
Бир куни дадаси “Шаҳарга кўчиш керак”, деган таклифни айтиб қолди.
– Шаҳарда очдан ўлиб қолармиз, – деди Ойгул таклифга қарши чиқиб. – Ҳозир зўрға кун кўриб турибмиз. Шаҳарда ҳамма нарса пуллик.
– Шаҳарликлар очдан ўлаётганлари йўқ. У ерда юз сўмдан кам ойлик йўқ. Иккаламиз ишга кириб олсак ёмон бўлмаймиз. Бу ерда кунни тонгга улаб, ўлиб-тирилиб ишласанг ҳам оладиган маошинг қирқ-эллик сўмдан ошмайди. У ерда саккиз соат ишлаб берсанг бас. Сен билан Худонинг иши бўлмайди.
– Уй-жой масаласи қандоқ бўлади? Уй йўқ-ку.
– Бу ёғидан ташвишланма. Уй кўп. Истаган одам ижарага беради. Бир йил-ярим йил ижарада яшасак, кейин уй қуриб олармиз.
Шаҳарга кўчиш ҳақидаги гап-сўзлар Еркинга алоҳида таъсир қилди. У энг муҳими шаҳарлик бўлиб яшашига қувонди. Чунки ўқишга қатнаган озгина давр ичида шаҳар ҳақида жуда кўп эртаклар эшитди. Бирининг тепасига бири қурилган қават-қават уйлар, чумолидек ғимирлаган кишилар, ҳисоб-сонсиз машиналар, умрида илк бор кўрган Қобилбекнинг дўконига ўхшаш дўконлар. Ундаги кўзни қизиқтирувчи ҳар хил нарсалар, тепасини босганда жаранглаб, танаффус бўлганлигини билдирувчи сеҳрли қўнғироқлар кўз олдидан бир-бир ўта бошлади. Фақат номини эшитиб, ўзини кўрмаган нарсаларини хаёлида жонлантирди. “Уй тепасига уйни қандоқ қураркан? Машиналар худди чумолилардек тизилишиб юрса керак”.
Янгилик кун сари ҳавасини ошира борди. У қувончини ити Бўрибосар ва қуёшга билдирарди. Тиррув-тиррув… Турналар тизилишиб жанубга қайтишмоқда. Еркин ҳар куни уларнинг овозини эшитиши билан то улар кўздан ғойиб бўлгунларича орқасидан қараб туради. Улар сафида олисларга учишни истайди. Яқинда шаҳарга кўчиб кетиши ёдига тушиб, фикридан қайтди. “Оқ йўл, турналар. Яқинда бизлар ҳам сизларга ўхшаб бу ерни тарк этиб, шаҳар сари учамиз”, дея қўл силкитиб, хайрлашиб қоларди.
Еркин катта-катта умидлар оғушида юрар, яқин кунларда бошланажак эртаклардагидек ҳаётни орзиқиб кутарди. Яхши одамларни соғинди. Ишончи комил, янги макон унга ширин орзу-умидлар, қувончли дамларни ҳадя этади. Ҳамма-ҳаммаси ўйлаганидек бўлади. У ерда қуёш билан доимо учрашиб туради.

Еркинларнинг кўчиши адоқсиз қайғу билан бошланди. Не тонгки, у ўзининг энг яқин дўсти, сирдоши – Бўрибосаридан айрилди. Шаҳарга ит олиб бориб бўлмас эмиш. Ити билан тўқайзор ичидаги уйда қолишини ўйлади. Бўрибосаридан ажралишни олдинроқ билганидами, кўчишга асло розилик бермаган бўларди. Машинага юклар ортилиб, жўнаш арафасида турганидагина билиб қолди. Машинага чиқмасдан итини қучоқлаб йиғлади. “Олиб кетайлик”, деб йиғлади, ёлворди. Бунга жавобан дадаси елкаси оша мушти билан қаттиқ зарба туширди. Айтгани бўлмади, ит қолди. Ғингшилаб, йиғлаб-йиғлаб қолди. “Мениям олиб кетинг”, дегандек, чангли йўлларда машина кетидан узоқ чопиб борди. Сўнгра сой қирғоғидаги тепаликда чўнқайиб ўтирганича, машинани аччиқ кўз ёшлари ила кузатиб қолди.
Мана, чиройли булбуллар сайраган тўқай ҳам, шалпангқулоқ қуёнчалар ҳам, қуйруқ пати ўроқдек эгилган, доимо кун нурида товланиб тургувчи қирғовуллар ҳам, вафодор ити Бўрибосар ҳам, кўплаб марта ёлғиз ўзи, “қовун-қовун” ўйнаб, соя­сида беғам болалиги кечган тўранғиллар ҳам, ҳаммаси-ҳаммаси ортда қолди. Уларсиз қалби бўм-бўшдек. Ҳалитдан соғина бошлади. Ҳали босиб ўтилиб бўлинмаган овул йўлини, унинг иккала бўйидаги буталарни бирма-бир кўздан кечирди. Улар ҳам қиймасдан қолаётгандек, машина кетидан югуришиб, Еркинлар билан кетишга талпинаётгандек туюлди. Машина катта йўлга бурилаётганида “ярқ” этиб қуёш нури кўзига урилди. Еркин кўзида қотиб қолган ёшларни артиб, қуёшга беун термилди.
– Хафа бўлма, – деди қуёш майин жилмайиб. – Бўрибосарингни ўзим кўриб тураман. Сенинг қаердалигингни унга айтиб тураман. Балки сени кўргани борар.
Еркин ҳам майин жилмайди. Унинг юзидаги кулги изларидан чексиз қувонч, ишончни пайқаса бўларди. Шаҳарга яқинлашиши билан изғиган одамлар, машиналар Еркиннинг хаёлларини тўзитиб юборди. Итини ҳам унуттира бошлади. Бири тепасига бири қурилган уйлар тизилишиб, аллақандай бир девнинг ўйин учун солиб кетганидек таассурот қолдиради.
Еркинлар минган машина шундай кўп уйларни ортда қолдириб, бир уйнинг ёнида тўхтади. “Шунчалик кўп уйдан, уй етмайди дегани нимаси. Ойим шаҳарда уй кўп бўлишини билмаса керак-да”.
Қорни осилган бир киши томорқасининг чеккасига қурилган мўъжаз уйга бошлаб келди.
– Мана, нарсаларингизни шу ерга туширинг, – деди тепакал. – Бу келинми? Баракалла!
Боймуротнинг топган уйи шу экан.
– Илгари узоқдан қатнашган қариндош бўлсак, энди яқиндан жон қўшни бўламиз. “Қиёмат куни қўшнидан”, деганлар. Манов кенжатойингизми? Жуда яхши!
Еркиннинг шаҳардаги ҳаёти мана шундай бошланди. Ҳозирча ҳамма нарса ҳали очилмаган сирли бир воқеадек бўлиб турибди. Одим сайин бир янгилик. Гоҳи-гоҳида кўчадаги итларни кўрганида беихтиёр Бўрибосари ёдига тушади.
Тун ҳамма ерда ҳам бир хил бўлиб, қуёшни соғинтираркан. Шаҳарнинг фарқи – тунларда юлдузларни сириқлар бошига илиб қўйгандек, беҳисоб чироқлар порлаб турар экан. Ҳозирча уларни зулматнинг ваҳимали ва жирканчли ҳаракатлари буркаб тургандек. “Аммо қуёшга тенг кела олмайди!”
Шаҳар мактаби қишлоқникига нисбатан катталиги, ўқувчилари кўплиги, тахта поли билангина фарқланиб турарди. Еркиннинг бу ерда ўқий бошлаганига икки кун бўлди. Божбоннинг хотинига ўхшаб хўмрайиб юрадиган шаҳарлик ўқитувчи Еркинга унчалик ҳам маъқул тушмади. Ўқрайиб қараганида қочгани жой топа олмайсан.
– Шаҳар мактаби овул мактаби эмас, – деди келган куниёқ ўқитувчи. – Дарс қолдирмайсан, ҳар куни тайёрланиб келасан. Кечикиб келиш кечирилмайди.
“Янги келган бола”, дея ўқувчилар Еркинга ҳурпайишиб қарашади. “Қишлоқи”, дея унча менсишмайди. Қўшни аёл ҳам қўполлиги билан божбоннинг хотинига ўхшаб кетади. Кеча ўқишдан қайтаётганида томорқасига киргани учун қўшнисининг мушугини аямай савалаётганига кўзи тушди. Аёл кетгач, Еркин ерда жонсиз чўзилиб ётган мушукнинг ёнига бориб, жунини силай бошлади. Азбаройи раҳми келганидан беихтиёр кўзлари ёшга тўлди. Алламаҳалда мушукка жон иниб, секин бошини кўтарди. Еркин ярадор мушукни қўлида кўтариб, қўра дарчасидан уйига ўтказиб қўйди.
Эрталаб Боймурот барвақт ишга отланди. Ойиси ҳар куни Еркинни мактабга кузатиб иш излагани кетади. Кўчама-кўча, идорама-идора юриб иш топа олмай ҳориб-чарчаб кечқурун уйга келади. Шаҳарда маҳкамалар кўп бўлишига қарамасдан, ҳеч биридан иш топа олмади. “Умидсиз шайтон” деганларидек Ойгул бугун ҳам бир идоранинг эшигини қоқишга улгуриш учун Еркинни шошилтирди. Еркин ҳам уйдан тезроқ чиқа қолмади. Ўқишга борай деса мушугини ташлаб кетишга кўнгли чопмайди. Мактабга ўзи билан бирга олиб кетишга ойиси рухсат бермаслиги аниқ.
Еркин онасидан яшириб, мушугини қўйнига тиқиб, мактабига жўнади. Қалби севинчга тўла. Ўтаётганлар кўриб қўйсин дегандек, ёқасидан мушугининг бошини чиқариб қўйди.
– Бу нимаси? – деди ёнгинасидан ўтаётган бир ўқувчи мушукка кўзи тушиб. – Ўқишгаям мушук олиб борадими одам?
– …
– Майли, олиб боравер. Муаллим мушугингни қўлингдан юлиб олиб, деразадан отиб юбориб, ўзингнинг ҳам кетингга бир тепади ҳали…
Еркиннинг қалбини қайғу эгаллади. Мушугидан ажраб қолиш хавфи одимлаган сари яқинлашиб келаётгандек. Агар деразадан отса… Мушукнинг ҳолига вой. Итидан айрилгани камдек, мушугидан ҳам айрилиб қолса-я?
– Кирсанг-чи, бола! Дарслар бошланиб кетди-ку! – навбатчи ўқитувчининг шундай буйруғи уни синфга шошилтирди.
– Ҳе, нимага кеч келдинг? – деди ўқитувчи шундоқ ҳам совуқ юзини янада совутиб.
Қўйнида аранг нафас олаётган мушук қимирлай бошлади. Сўнгра энгаги остидан калласини чиқарди. Болалар дув кулишди.
– Бу тағин нимаси? – дея ўқитувчи яқинлаша бошлади. У пальтоси тугмасини ечган заҳоти мушук ерга сакраб тушди.
Энди деразадан отиб юборади, деб ўйлаган Еркин болаларнинг қаттиқ кулгисининг аччиқ қийқириққа айланиб бораётганлигини англолмай қолди.

Шаҳарда қуёш билан учрашиб, сирлашиш қийин бўларкан. Баланд уйларнинг ортидан қуёшнинг чиқаётгани ҳам, уйқуга бораётгани ҳам кўринмайди. Туш пайтида баландда учратасан. Сўзлашган пайтингда ҳам эшитмайди. Қуёшга қараб гапираётганингни одамлар ҳам кўриб қолишади. Қуёш шаҳардан узоқлаб ўтаркан. Шунданми, одамлар ўртасида бетартиблар кўп учраркан. Қуёш ботмай тепаликлардан қараб турганида уларга кўрсатиб қўйган бўларди-да.
Қуёшдан итини сўрай олмаганига анча вақт бўлди. “У ҳар куни қуёш билан суҳбатлашиб, менинг қаерда юрганлигимдан хабардордир”.
Бундай фикрлар Еркиннинг миясида ҳар куни такрорланар эди. Қуёшдан узоқлаб кетганига кечалари қийналиб ётади.
Шаҳарга келгач, иш жойлари уч марта ўзгарди. Дадаси ҳам ўзи сингари ишсизлар билан топишиб олди. Ойгул чиқиндиларни ортувчи бўлиб ишга жойлашмаганида ким билсин ҳоллари нима кечарди?
Бир куни Боймурот уч йигитни эргаштириб келиб, кайфи сафо қилаётганида уй эгаси келиб, уйни тезда бўшатиб қўйишини талаб қилди.
– Келаси йилдан бошлаб мебель нархи ошаркан, – деди у. – Шунга бу йил арзон вақтида икки-уч стенка олиб қўймоқчимиз. Уни шу жойга қўймасак, бошқа жой йўқ.
Стенканинг нималигини билмаса ҳам Еркин уйга баҳайбат бирон нарсани олиб келиб, ўзларини чиқариб юборишини тушуниб қийналди. Ойиси ҳам…
– Сен хафа бўлма, биродар, – деди биринчи киши Боймуротнинг елкасига қоқиб. – Бизлар билан мармар суваш ишига ўтсанг ҳаммаси жойига тушади. Лекин унгаям таниш керак. Бизларда анча-мунча дипломли йигитлар, муаллимлар ишлашади.
Мастларнинг ажабтовур гап-сўзлари, шаҳардаги тушунарсиз ҳаракатлардан Еркиннинг боши қотди. Айниқса “Пулинг бўлса уй оласан”, деган сўзлари уни таажжублантирди. Уйнинг пулга сотилишини илк марта эшитган эди у. Чунки овулида қанча уйлар эгасиз ётибди. Уларни сўраётган битта ҳам одам йўқ. Шаҳарликлар қўлига нима илинса шуни сота бераркан-да.
Тун ярмида эшик қоқилди. Ойгул ишдан чарчаб келиб, ўзини тўшакка отарди. Бугун ҳам тош қотиб ухлаётганди. Боймуротнинг иши соатли бўлмаганлиги боис, дам олишга туннинг хоҳлаган пайтида келаверади. Бунга уйдагилар ҳам кўникиб қолишганди.
Дадасининг овозини эшитиб Еркин чаққонлик билан эшикнинг илгагини туширди. Дадасининг ширакайфлигини пайқади. Жисмига қўрқинч ўрнашди. Бориб ойисини уйғотди. Ойгул эрининг яна ичганлигини ўғлидан эшитиб, “ўрганган одат қолмас экан-да”, дея ичидан норози оҳангда минғиллади.
– Бизлар бир баракасиз халқ бўлдиг-ов, – дея бошлади сўзини ичкари кириши билан. – Бу раҳбариятданми ёки ўзларимиздан? Билмадим, нимага ўхшаб кетдик. Бундай хўрликка кўниб, чидаб юргандан ўлган афзал. Ўлиш керак. Ёки бўлмаса…
Бу даҳшатли гапни эшитганида Еркин титраб кетди.
– Нима гап? Тинчликми? – деди Ойгул мулойим оҳангда эрининг тўрга улоқтирган кийимларини йиғиштираётиб.
– Сен нимани ҳам билардинг, хотин. Потратнинг бари шу ёқда экан. Ёниб кетасан, ёниб.
– Нима гап? Тушунтириброқ гапирсанг-чи?
– Мен йигитларнинг гапи билан мармар сувоққа бориб юрсам, бизларни қуллардек ишлатаётган экан-да! Қул эканмиз.
– Ким ишлатаётган? Нега қулсизлар?
– Нега, нега? Ҳар квадрат метрига қирқ сўмдан пул ёзиб, шундан уч сўминигина бизларга бераркан. Қара, шунга ҳамма кўниб юрибди. Ҳатто, дипломли йигитлар – муаллимлар ҳам сиртдан келганларнинг берганини олиб, ишлаб юрибди. Ҳақи учун тортишай демади. Сиртдан келганларнинг ҳар бирининг тагида “Жигули”, бурунлари осмонда.
Бу гаплардан кейин кўп ўтмай Боймурот пичоқ еб, касалхонага тушди. Палатадошларининг айтишича “ўлди” деб ташлаб кетишибди. Умри бор экан, тирик қолибди.
Она-бола зор-гирён йиғлашди. Ойгулнинг ноласи оламни тутди.
– Кўзсиз Худо, – деди фарёд уриб. – Биз бечораларга бир назарингни солма­динг-ов.
Еркин Худонинг кимлигини аниқ билмаса ҳам, ўзларига ёрдам бермаётган бераҳм бировдир дея фаҳмлади. Кимлигини сўрашдан тортинди.
Дадаси пичоқнинг озоридан уйда узоқ ётиб қолди. Даъво қилиб, ҳеч қайга бормади ҳам. “Барибир пуллик кишига бас келиб бўлмайди”, дея ўйлади. Уй ичида бўлаётган гап-сўзларни жимгина тинглаб ўтирадиган Еркин бошқаларнинг ўшанақа енгиб юравермаслигини ичдан туяр эди. Ҳали катта бўлсин, буларнинг ҳаммасини қуёшга айтиб беради. Ундайлардан дадасининг ўчини олиб беради.
“Қандай бўлмасин қуёшга дуч келаман”, дея ўйларди у.
Боймурот кечаси билан қаттиқ оғриб чиқди. Бот-бот ҳушидан кетиб, алаҳсирайди. Аллакимларнинг исмини айтиб, сўкинади. Тонг отгунга қадар Еркин ухламасдан ойисига кўмаклашди. Эрталаб Еркиннинг ҳам ҳарорати ошиб, боши лўқиллаб оғриб чиқди. Ўқишдан қолди. Ойгул чиқиндилар ортадиган ишига қўшимча кеча-кундуз ишлайдиган болалар боғчасида ҳам фаррошлик қиларди. Иккала беморни уйда қолдириб, Ойгул ишга кетди.
Тушликдан кейин Еркин дастурхонни зўрға йиғиштирди. Дармони йўқ. Эмак­лаб бориб, тўшакка ётди. Кўз олдини қалин туман қоплаб, қўрқинчли нарсалар пайдо бўлди. Сўнг қуёшни, овулида қолган итини кўрди. Шод-хуррам ўйнади. Қуёш билан суҳбатлашди. У борган ерларга борди. Кўзини очиб қараса, кўп йиллардан кейин қайтиб келгандек туюлди. Ўз уйида ётганлигини сезгач, бир неча кун ухлаган бўлсам керак деб ўйлади. Ўрнидан базўр туриб, каравотда ётган дадасига қаради. Ухлаётган экан. Унинг хаёлига тўсатдан синфдошлари билан муаллими кириб келадигандек сезилиб, аста силжиб уй ичини тартибга келтира бошлади. У синфдошларининг келишига сўзсиз ишонди. Ботир ва Олим бетоб бўлиб қолганида муаллими болаларни олиб борганди.
– Бетоб болаларнинг ҳолидан албатта хабар олиш керак, – деганди шунда муаллими. – Бетобнинг кўнглини сўрасанг, соғайиб кетгандек ҳис қилади ўзини. Қувонади, дўстликнинг қадрига етади. Сўнгроқ Сарсенгулнинг папасидан ҳам ҳол-аҳвол сўраймиз. Катта одам. Базанинг бошлиғи. Қизининг синфдошлари ташрифидан у ҳам қувониб қолади. Боши осмонга етади. Ўзим бошлаб бораман.
Еркиннинг кўз олдига уларнинг келишга тайёрланаётгани келди. Ўз-ўзидан севинди, жилмайиб ҳам қўйди. Ўқувчиларнинг муаллим билан келиши қандай яхши-я! Дадам ҳов, Еркинжоннинг синфдошлари, муаллими келибди-ку, дея қувониб, ўрнидан туради. Улар бирин-кетин бориб, ҳол-аҳвол сўрашади. Тез кунда соғайиб кетинг, дейишади. Еркин уларни кўз олдида жонлантирганича деворга суяниб анча ўтирди. Бироқ Еркиннинг ўйлаганидек бўлмади. Кечқурун ишдан ҳориб-чарчаб ойиси келди. Буларга қараб унсиз термилаётган Боймуротга:
– “Тез ёрдам” чақирайликми? – дея ишда эшитганларини баён қила бошлади. – “Тез ёрдам”ни чақирсанг келади дейди. Касалинг оғир бўлса касалхонага ўзи элтиб ётқизади дейди.
– Эй, докторингни қўйиб тур. Соғаярмиз-да, – деди Боймурот уларнинг келишига ишонмай.
– Одамлар айтганга чақира қолайлик дегандим-да.
– Бизлардекларнинг чақирганига келмаса кераг-ов…
Бу сўз Еркиннинг баданига игна санчгандек таъсир қилди. Чиндан ўзларининг кимлигини ўйлади. Доктор келмайди. Муаллим ва синфдошлари ҳам келмайди. Катта ишдагиларга борсалар керак?
Соғайиб ўқишга борганидан кейин муаллим ҳам, ўқувчилар ҳам ундан касал бўлиб қолдингми деб сўрашмади. Сўрайди деган умиди бутунлай пучга чиқди.
– Справканг бўлмаса оғриганингга ким ишонади сенинг? – шу гапи билан муаллим Еркиннинг сўнгги умид учқунларини ҳам сўндириб ташлади.

Еркин кундан-кунга ўқишдан совий бошлади. Мактабда ҳаммадан кучли, қўрқинчли кишиларнинг болалари кўп экан.
– Сен мактаб директорини уриб кетай дединг-ку, – деди Олим югуриб синфга кирган Еркиннинг эгнидан итариб.
– Директорни мен урдимми?
– Нима энди, уриб кетмоқчимидинг? Ҳов, сен зўрсан-ку, – дея Олим Еркинни менсимай эгнидан тортди.
Еркин уни итариб юборди. Олим чалқанчасига йиқилиб тушди. Синфдагилар чувуллаб юборишди.
– Олимни йиқитди-ку.
– Сен кимга куч кўрсатаяпсан?
– Папаси сени қаматиб юборади-ку.
Ўқувчиларнинг кўпчилиги жўжахўрозланиб Еркинни ўраб олишди. Сарсен деган бола “нега бизнинг жўрани урасан?” деб ёқасига ёпишди. Еркин униям уриб юборди. Йиғламсираб яна ёпишди. Унга Олим ёрдамга келди. Икковлашиб Еркинни дўппослашди. Уларни ҳеч ким ажратмади. Фақат ўқитувчи келиши билан ўринларига тарқалишди.
Еркиннинг қаттиқ хўрлиги келди. Кўзига келган ёш ва ўксикни қайсарлик билан қайтариб турди. Ўқувчилар ҳар томондан қичқиришиб, муаллимга бўлган воқеа хақида ким олдин айтишга мусобақалашаётир.
– Боймуротов, бу ёққа чиқ! – деди муаллим дарғазаб оҳангда.
Еркин дадил қадам ташлаб, муаллимга яқинлашди.
– Қани, сен нимага тинч юрмайсан? – қулоғидан тортди. – Эчкининг орқаси қичишса чўпоннинг таёғига суйканади дейишади. Олимнинг отаси сени ота-онанг билан қўшиб сотиб юборади-ку. Министрнинг ўғлига нега суйкаласан сен аҳмоқ?! Омборчининг ўғлида қандай ишинг бор эди?
“Омборчи” деганида дадаси айтиб келган мактаб директорлигини қўйиб, омборчи бўлган киши ёдига тушди. У бизнинг мактабимиз директоридан ҳам кучли экан-да.
Муаллим қанча бақириб-чақириб, қулоқларини бураса ҳам Еркин йиғлагани йўқ. Қайсарлик қилиб тураверди. Энди Еркиннинг ёмон ва қўрқинчли одамлар тўғрисидаги рўйхатидан манави министр, омборчилар жой эгаллади. У буларнинг ҳаммасини жирканчли кишилар сирасига киритди.

Ўз йўлидан кетиб бораётган Еркиннинг рўпарасидан милиционер чиқиб қолди. У бирдан мушукни учратган сичқондек типирлади. Шунда у “милицияда имон бўладими, шунчаки юрсанг ҳам қамаб ташлайди”, деган дадасининг мастликда айтган гапларини ёдига туширди. Еркин қўл-оёқлари бирданига совиб бораётгандек. “Милиционер ҳозир ёнида тўхтаб “нима қилиб юрибсан?” деб сўрайди. Ўқиш пайтида қочиб юрганингни билса, билагингдан маҳкам тутиб, қамаб ташлайди. Дадам, ойим қаерда юрганлигимни билишмайди”.
Милиционер ёнидан ўтиб кетди. Еркин “Ухх” деганича оғир нафас олиб, юришини илдамлатди. Милиционер ундан олислаётган эса-да, орқасига бурилиб, чақириб қоладигандай туюлди.
Савлатли уч қаватли бино олдига етиб, ичкарига кирмоқчи бўлди-ю, аммо эшик оғзида турган милиционерга кўзи тушиб, шартта ортига қайтди. Кўча оралаб юришда давом этди. Тағин бир қаватли бино олдида тўхтади. Иш сўрайдиган жой шу бўлса керак, деб ўйлаб, кирсамми, кирмасамми деган хаёлда анча иккиланиб турди. Шиша эшикли бино эшиги олдида бир чолга дуч келди.
– Ҳе бола, нима қип юрибсан? Кимни излаб келдинг?
– Иш излаб келдим, – дея жавоб қайтарди Еркин.
– Иш? – сўради чол боланинг гапини янглиш эшитмадимми дея хаёл қилиб.
– Ҳа, ота, ишлай дегандим.
– Ота-онанг борми? – ўсмоқчилади чол. – Сен ҳали ишлашга ёшлик қиласан. Катта бўлганингда бу ердан сенга иш топилмас ўғлим. Бу шаҳарда сен тугул, катталар ҳам иш топа олишмайди.
У юра-юра бозорга бориб қолди. Аёллар белларига этак тутиб, манти, пирожнийлар сотишмоқда. Кабобпазлар кўмир тутунини бурқиратганича, сихларга терилган кабобларни елпиётир. Еркин қаттиқ очиққанини сезди. Манти сотаётган семиз аёлнинг қаршисида бироз туриб қолди. Оғзидан сўлаги оқиб, егиси келиб, туриб қолди.
– Энди манти ўғирлагани чиқибсанлар-да? – шундай деб семиз аёл Еркинга тикилди. – Қаранг буларни, уйларидан овқатланмай қўйган. Ота-онаси шунга ўргатгандир-да.
Еркин чопганича одамлар орасига сингиб кетди. Хўрлиги келиб, йиғлаб юборишдан ўзини аранг тутиб турарди. Ойим ҳам мен каби очиқиб олдига келган болани қувиб юборса керак. Бир манти берганида камиб қолармиди?
Пиёдалаб станция томон қадам ташлади.
Вагон қошида йиғилишиб ўтирган йигитлар ёруғ оламда ўзларидан бошқа киши йўқдек, осмонни бошига кўтариб кулишиб, чақчақлашиб ўтиришибди.
– Ҳов жўра, сен нимага келмадинг? – деди биттаси ёнида турган Еркинни энди кўриб тургандек. – Ана, бўшаган шишалар. Олгин-у туёғингни шиқиллат.
– Мен иш ахтариб келдим, – деди Еркин унинг ишорасига тушунмасдан. – Менга шиша керак эмас.
Ҳаммаси гурра кулишди.
– Сен тугул бу ерга отанг ҳам яқинлай олмайди, – деди девқомат биттаси мўйловини тикрайтириб. – Яхшиси, анави шишаларни олгин-да даф бўл.
Ўтирганлар еб қўядигандек ялт этиб қаради. Олти жуфт кўз бераҳмликнинг алангали оловини пуркаб тургандек туюлди. Еркин кўзини босиб, ҳўнграб йиғлаганича ўз йўлидан югуриб кета бошлади. Орқасидан “Тўхта! Тўхта!” деган овозлар эшитиларди. Ўтирганларнинг аччиқ ва жирканч кулгиси чор-атрофни тутиб кетгандек гўё. Темирйўл вагонлари ҳам, йўл четидаги тепаликлар ҳам, бари-бари қаҳ-қаҳ уриб кулаётгандек. Кимга ва нимага кулаётганлигини билишмасди.
Еркиннинг оёғи бир нарсага илиниб кетиб, юзтубан йиқилди. Пешонаси, тиззаси тошга урилди.
Анчадан кейин ҳушига келди. Ҳамон кулгининг жаранги қулоқлари тагида янграб турарди. У эмаклаганича, у ёқ-бу ёққа қулоқ тутди. Атрофда жимжитлик. Оғзидаги тупроқни артди. Оғриётган бошини ушлади. Икки чаккаси зирқиллаб турибди. Кўзлари қинидан чиқиб кетгудек. Митти қўлчалари пешонасидаги муштдек ғуррага тегди. Қалбида аллакимларга чексиз нафрат уйғонди.
Унинг кўзи тепаликда чўнқайиб ўтирган итга тушди. Соғинчдан кўзига ёш келди. “Бўрибосар”, деди у. Бўм-бўш қалбини баҳорнинг сарин шабадасининг лаззатли ифори тўлдирди. Ит қошига келди. Еркин эпчиллик билан уни тутиб олиб, бўйнидан қучди. Кўзига ёш олди. Қушларни, онларни бари-барини соғинди. Уясига кириб улгурмаган қуёшга нигоҳи тушди. Ўрнидан отилиб турди.
– Юр, кетдик, Бўрибосар! Юр, юр! – деди итни шошираркан, қалби севинчдан хаприқиб. – Сендан бошқа Бўрибосарларга борамиз. Тез юр, қуёшга етиб оламиз. Қуёш бизларга ҳаммасини айтади. Энди қуёш билан бирга бўламиз. Унга ҳаммасини сўзлаб бераман. Юр, юр! Тўхта, қуёш! Бугунча ухламай тур! Ухлама, қуёш! Сен ухласанг, ҳамма қилмишга қўл уришади. Ухлама, қуёш, ухлама!

Бекназар
ЕРНАЗАРОВ

Саҳифа 215 марта ўқилган.