Устюрт достони

Назм
      Элобод
Салом, Устюрт!
Осиёнинг
Танҳо
Бепоён дашти,
Каспий билан Орол аро
Чексиз майдон –
Кенглик гашти.
Ёзда қайнаб, манзил кўзлаб,
Катта карвон тортган дашт.
Тўрғай сайраб, бўта бўзлаб,
Дил ноласи ортган дашт.
Қиш. Қаҳратон аёз, бўрон
Аждаҳодай пишқирар.
Шарқдан Ғарбгача бепоён
Эримайин қор ёғар.
Кўклам фасли, Устюрт сени
Танимайин қоламан.
Ўтмишингни ўйлаб, ногоҳ,
Узоқ ўйга толаман.
Олис аср. Кўчли карвон
Шамол каби эсиб борар.
Сарбонларни қандай армон
Кўкайларин кесиб борар.
Сурдов изи. Йўл юзини
Чўл довули кўмиб кетган.
Айтинг қани,
Ким билади,
Бундан қанча карвон ўтган?
Карвонларнинг изи қани.
Карвонларнинг ўзи қани?
Сокин чўл ҳеч гап қайтармас,
Ичинда қанча сир ниҳон.
Ҳеч кимга сўз айта олмас,
Неча минг йилликдан буён.
Ҳукмдори бу ёбоннинг
Қудратли чўл ажинаси
Тиним билмай айланади,
Қутирар гармсел, қуюн
Ўрлар осмон тоқигача.
Бу чўлларда макон қурган
Жониворлар ҳоли қийин.
Қум бўрони кўз очтирмай
Йўловчини қийнаб қўяр.
Даштнинг жини ана шундай,
Ажаб ўйин ўйнаб қўяр.
                   * * *
Бир кун Борсакелмас томон,
Устюрт томон йўл олди эл.
Қад ростлади ажиб макон,
Қурилишга боғлади бел.
Кенг йўл қурди, симлар тортди
Қурувчи, бунёдкор инсон.
Чўл жини ғазаби ортди,
Қуюн бўлиб деди шу он:
– Ҳой, одамзот, бу томонда
Не йўқотдинг, келдинг нега?
Жўнаб қолгин бош омонда,
Бу саҳрога менман эга.
Чўлнинг жини сочиб қумни,
Гир айланиб кўкка ўсди.
Шамол бўлиб йўлни кўмди,
Оқшомлари ойни тўсди:
“Субҳон айтиб, тавба қилиб,
Инсон мендан қўрқар”, – деди.
“Адашганин аниқ билиб,
Қўнғиротга қайтар”, – деди.
Қайда, ахир,
Ўжар одам
Орқасига қайрилмади.
Олға босиб, дадил қадам,
Жасоратдан айрилмади.
У мардона қилди меҳнат,
Ишонч билан эртасига.
Янги шаҳар бўлди бунёд
Қип-қизил чўл ўртасида.
Сода завод
Минорлари
Бўйин чўзди кўкка томон,
Бунёдкорлик чинорлари
Янги одам,
Янги замон –
Ўзбекистон – мустақил юрт
Жаҳон бўйлаб таратар донг!
Гуллаб-яшнаб кетди Устюрт,
Халқ бой бўлар келажак тонг.
Юртбошимиз солди назар,
Бойлигини бахш этди чўл.
Нефту, газу, олтину зар,
Ойдин ҳаёт, нурафшон йўл.
Кўз ўнгингда жилоланиб,
Турар эди янги шаҳар.
Чўл қўйнида бахти ёниб,
Эл уйғонар эрта саҳар.
Ким ўқишга, ким юмушга
Эрта тонгдан шошилади.
Сабода таратиб мушкин,
Чўл гуллари очилади.
                 * * *
Чўлнинг жини қолиб ночор,
Чанг кўтарар ҳар замонда.
Қуюн бўлиб изиллар зор,
Устюрт узра кенг ёбонда.
Бир кун янги шаҳар томон
Шоир келди эл обод, деб.
Қулоғига айтди азон –
Шаҳар номин Элобод деб:
– Ла-илоҳо иллоллоҳу
Муҳаммадин Расуллиллоҳ!
Янги шаҳар,
Янги шаҳар,
Сен –  Элобод,
Сен – Элобод,
Сен – Элобод!
Шому саҳар,
Шому саҳар,
Элу юрт шод,
Элу юрт шод,
Элу юрт шод!
Абдулла Ориф оғамиз
Яхшиликни қилиб ният,
Эзгу ўйга қўйдингиз от,
Эзгу сўзга қўйдингиз от,
Эзгу ишга қўйдингиз от:
Элобод бу – Исломобод.
Унутмайди қипчоқ, манғит,
Кенагас, юз, минг, қўнғирот.
Элободда ўғил-қизлар
Номингизни айлагай ёд,
Номингизни айлагай ёд!
     Буюк ипак йўли
Устюрт текислигини кесиб ўтиб,
материкларни туташтирувчи
Буюк Ипак йўли магистрали қурилди.
Сурдов изи. Йўл юзини
Чўл довули кўмиб кетган.
Айтинг қани,
Ким билади,
Бундан қанча карвон ўтган?
Карвонларнинг изи қани,
Карвонларнинг ўзи қани?
Чиқиш-Ботиш…
Манзил кўзлаб,
Гоҳ Машриқ, гоҳ Мағриб томон
Гоҳ йўл топиб, гоҳ йўл излаб,
Дунёни сайр этган инсон.
Ипак йўли – буюк сурдов,
Кўп асрлик тарихи бор.
Ота-бобом сурган бедов,
Карвон-карвон бўталоқ-нор.
Кўз очтирмай қуюн, шамол,
Чангга тўлган еру осмон.
Саҳродаги сароб мисол
Ўтиб кетди неча карвон?
Қудуқларга лол боқар ой,
Сувлари қуриб кетгандай.
Бўшаб неча карвонсарой,
Йўловчилар тарк этгандай.
Қушлар толар бу йўлларда,
Йитиб кетар ёлғиз одам.
Одам тугул бу чўлларда
Адашади кийиклар ҳам.
Карвонбоши хаёл суриб,
Боши оғриб, дарди ортган.
Олти ойдан кўп йўл юриб,
Йўл азобин ҳориб тортган.
Йўловчи юзин тер ювиб,
Кўкайларин кесган армон –
Муздеккина қудуқ суви,
Карвонсарой жонга дармон.
Орзу-армон сароб бўлиб,
Неча аср хароб бўлиб,
Йўл йўқотган карвон безди,
Кўзи толган армон безди.
Қуёш юрти – Ўзбекистон
Мустақил юрт бўлди бир кун.
Йўлга чиқди ойдин, равон
Буюк давлат қурмоқ учун.
Шунда Устюртга ногаҳон
Юртбошининг тушди кўзи.
Чўл очилди,
Бойликка кон
Ернинг ости, ернинг юзи.
Устюрт узра керак йўллар
Кенгликларни бирлаштирган.
Қум ичра қолган кўнгиллар
Армонларин сирлаштирган.
Магистраль йўл устида
Қитъалар қўл ушлашади.
Осиё билан Европа
Борди-келди бошлашади.
Юртбошимиз сўзи билан
Улуғ ишга қўл урилди.
Чекинтириб Устюрт чўлин
Буюк Ипак йўл қурилди.
Минг чақирим,
Мингдан ортиқ
Чақиримга тўшалди тош.
Йўл бор ерда Оллоҳ қўллаб,
Йўлда қолмас кексаю ёш.
Йўловчисиз бўлмайди йўл,
Элдан элга эл келар.
Ҳайрон қолиб боқади чўл,
Машиналар тез елар.
Шундай уста бунёдкорга
Устюрт чўли йўл берди.
Кўз қувнаган навбаҳорга
Қизғалдоқлар гул берди.
Машиналар чироқлари
Яшнаб,
Порлар йироқлар.
Оқбўканнинг улоқлари
Ҳурка-ҳурка ўйноқлар.
Кимсасиз чўл уйғонади
Юлдуз туққан кезларида.
Йилт-йилт этиб ўт ёнади
Экчиэмар кўзларида.
Нурдан чўчиб қочар қулон
Чўлга томон, йўлдан нари.
Тебранади гўзал ёбон
Моялиши, ёвшанлари.
Тонг отади. Чошгоҳ пайти
Чўл гиёҳи кунда қувраб,
Дашт-даланинг қулупнайи
Чўғдай ёнар қизил коврак.
Йўлсоз йигит йўл тузатиб,
Чўл қўйнига чиқар ҳар кун.
Кенглик сеҳрини кузатиб,
Чўл сирини уқар ҳар кун.
Бу чўл унинг туққан ери,
Чўл бўлса ҳам қутлуғ макон.
Киндик қони томган ери,
Устюрт усти она Ватан!
               * * *
Тўхтамайди Устюртда йўл
Гўзал воҳага энар.
Кўз ўнггингда яшнаб гул-гул,
Обод эллар бошланар.
Қўрғон, гузар, овулларнинг
Етмайсан сон-саноғига.
Отдан тушсанг, ҳар бир уйнинг
Айланасан қўноғига.
Бухорою Самарқандга
Бу йўл сени олиб борар.
Икки ёни боғлар,
Пахта
Далалари қолиб борар.
Бу йўл – Буюк Ипак йўли,
Нақд Тошкентга борар карвон.
Қайга чўзса, етар қўли
Қуёш юрти – Ўзбекистон!
        Сургил кони
Сургил кони негизида қурилаётган Устюрт
газ-кимё мажмуаси кўлами жиҳатидан жуда йирик
лойиҳа сифатида халқаро миқёсда тилга олинади. Корея
газ корпорацияси “Lotte grupp” ҳамда “STX
Energy” компаниялари консорциуми ҳамкорлигида
қурилаётган бу комплекс келажакда 4,5 млрд.
кубометр газни қайта ишлаш ва натижада 3,7 млрд.
кубометр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг
тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини
ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб
чиқариш имкониятини беради.
Оролнинг қайтган макони
Мўйноқдан кун ботиш томон,
Кенгликларда
Сургил кони
Ястаниб ётар бепоён.
Бунда иссиқ оби ҳаво
Қизитилган тандир мисол.
Ёвшанлар қуврар бенаво,
Олов пуркаб эсар шамол.
Бурғиловчи миноралар –
Чўлнинг темир чинорлари.
Газ қозон,
Газ тоғоралар,
Қувурлар – коннинг торлари.
Бу кимсасиз чўлда гўё
Ўсган каби темир дарахт.
Сеҳру, жоду этди кимё,
Чўл бўйсунди сархуш, карахт.
Ер остидан
Газ булоғи
Қайнаб чиқар дарё бўлиб.
Сургил хазина ўчоғи,
Газ оқади қувур тўлиб.
Газчилар –
Чўл одамлари
Юзин қорайтирган офтоб.
Забардаст, мард
Полвон бари
Чўл шамолидан олган тоб.
Буғдой рангли юзларида
Кулги ўйнаб турар доим.
Ҳазил-ҳузил сўзларида
Гулдай яйраб турар доим.
Мастер йигит чайир, чаққон,
Каскасини олиб қўлга.
Юздан терни артиб,
Шодон
Салом бериб чиқар йўлга:
– Ҳорманг, иним!
– Бор бўлинг! – деб,
Жавоб берар сўзимизга.
Келинг, деган каби кулиб
Тикилади кўзимизга.
Нигоҳида ўжарлик, ор,
Яна теран меҳр ҳам бор:
– Бизнинг Сургил конда, оға,
Меҳмон бўлинг, – дер, беғубор.
Табиий газ бир миллион куб
Ер остидан ҳозир унди.
Бир косадан газ сув ичиб,
Нишонлаймиз шуни энди.
Маъқуллаймиз мийиқ тортиб,
Шўх йигитнинг ҳазилин биз.
Сув ичишга чанқоқ ортиб,
Чўл нелигин ҳис этамиз.
У бизга сув илинади,
Сув қимматдир олтиндан ҳам.
Сувнинг қадри билинади
Чанқагандан кейин одам.
Муздек сувни этамиз нўш,
Ихлос билан, меҳр қониб.
Бир қултум сув неча пул, хўш,
Ким айтади буни, қани?
Сўнг у сўзин давом этар:
– Халқ бойлиги табиий газ
Саноатда кони фойда.
Фикр қилиб кўринг бироз,
Бир кун Сургилда – шу жойда
Мажмуамиз тушар ишга.
Ажабтовур миллионлаб
Рақамларни солиб эсга:
Дейди: “Сургил бу атрофда
Донғи кетган кон бўлади.
Узоқ эмас, яқин вақтда
Қанча ганж хирмон бўлади”.
Ишонтирар газчи-мастер
Қорамағиз ботир ўғлон.
Манглайида ялтираб тер,
Ишга уннаб кетар чаққон.
Исбот учун газчи инсон
Меҳнат қилар ғайрат билан.
Чўл бағрида юксалар кон,
Биз боқамиз ҳайрат билан.
                * * *
Сургил газ-кимё кони бу
Қўнғиротнинг қибласинда.
Зўр саноат майдони бу
Устюрт чўлин ўртасинда.
Устюрт узра пойга чопса,
Ҳансирайди тулпор отлар.
Гар беҳисоб бойлик топса,
Элни ўйлар улуғ зотлар.
Қатор-қатор уй-иморат,
Бинолар бўлди бунёд.
Қўша-қўша молу давлат,
Дунёлар бўлди зиёд.
Саҳро қўйни –
Қизғин меҳнат
Писанд қилмас чанг бўронин.
Газчи аҳли чекиб заҳмат,
Гуллатар давру давронин.
Бутун дунё келиб бу кун
Кўрди завод қурилишин.
Устюртда тан олди очун
Тараққиёт бурилишин.
Минг бор шукр,
Тегмасин кўз,
Халқимнинг мўл насибаси.
Тақдиримда бахт очди юз,
Устюрт – Юртим хазинаси.
Кечаги чўл бугун обод,
Ҳеч қайда йўқ бундай замон.
Ўзбекистон – бахтиёр, шод,
Ҳавас билан боқар жаҳон.
Мустақиллик – буюк бойлик,
Юрт тинч,
Очиқ осмонимиз.
Ватан ҳусни бир чиройлик,
Бахш айладик достонимиз,
Бахш айладик достонимиз.
Кенгесбой
КАРИМОВ