Нажмиддин Кубро

Шарқ юлдузи/ Fevral 2, 2018/ Наср

Ҳикоя

Чингизхон уч ўғли – Жўжихон, Чиғатойхон ва Ўктойхонларни Хоразмни ишғол этиш учун улкан қўшин билан жўнатганига ҳам, мана, етти ой бўляпти. Ғалабадан эса ҳамон хабар йўқ. У ўзини безовта қилаётган бу муаммо хусусида тун бўйи ўйлайвериб толиқди, фақат тонг отиш арафасидагина бир соатлар чамаси ором олгач, уйғониб, ўзининг хос ўтовидан ташқарига чиқди. Хоннинг елкасига чакмонини елвагай ташлаб ичкаридан чиқиб келаётганини кўрган икки нафар қоровул аскар таъзимга бош эгишди. Бошқа бир ўтов қаршисида гулхан ёқиб, ўзаро суҳбатлашиб бедор ўтирган лашкарлар ҳам ўринларидан ўрра туриб, таъзим бажо келтирдилар. Бироқ хон уларнинг биронтасигаям эътибор қилмади. Қароргоҳ олдидаги тепалик устига чиқиб, осмонда милтиллаб нур сочаётган хира юлдузларга узоқ тикилиб қолди. Чингизхон ўшанда сипоҳ ишининг бу қадар орқага кетишига биринчи сабаб – Хоразм лашкарларининг мардлик ва шижоат билан ўз она заминини ҳимоя қилаётгани бўлса, иккинчи сабаб – Жўжи ва Чиғатойлар ўртасидаги ихтилоф кучайиб бораётгани эканлигини билмасди. Икки хонзода ўзаро адоват ўтини тобора авж олдиришар, бирининг гапи иккинчисига ёқмас, зотан мақсадлари ягона бўлса-да, ака-укалар жанг қилиш жараёнида бир-бирининг қўшинига халақит бериб, бири иккинчисининг мағлубиятидан қувонар, обрўсини тўкишга ҳаракат қилишарди. Натижада мўғул сипоҳи пашшадек қирилар, Урганч қалъасини истило қилиш ишлари борган сари чўзилмоқда эди…
Хонзодалар ўртасида юз берган адоват ҳақидаги ҳабар етиб келмасидан икки кун олдин Чингизхон туш кўрди. Тушида қоп-қоронғи тунда баланд тоғ қояси устида турганмиш. Остидаги оқ бедови осмону заминни ларзага келтириб гумбурлаётган момоқалдироқ сасидан ҳуркиб, ўзини пастга – тубсиз жарлик қаърига ташлашга уринармиш. Навбатдаги чақмоқ чақилиб, ёмғир шаррос қуяётган пайтда, хуркиб кетган отининг олдинги оёғи аста сирғаниб, даҳшатли жарнинг четига келиб қолганмиш. От жиловини қанча тортмасин, бедовнинг олдинги икки оёғи сирғанишда давом этармиш…
Чингизхон бу хосиятсиз тушдан бироз вақтгача ўзига келолмай юрди. Ўзича йўриган бўлди. Лекин бу хосиятсиз тушни ҳеч кимга айтмади. Агар бировга бу ҳақда гапирса, мўғул лашкарлари ичида унинг ҳарбий куч-қудрати инқирози ҳақида миш-мишлар тарқалиб, мисқоллаб йиққан обрўсига путур етадигандек туюл­ди унга. Ирим қилди…
Орадан икки кун ўтиб, ниҳоят, Хоразмдан орзиқиб кутилган чопар келди. Чингизхон чопарнинг хабарини диққат билан тинглагач, ўша икки кун муқаддам кўрган тушининг таъбирини топгандек бўлди. Отнинг икки оёғи бу – ўғиллари Жўжихон ва Чиғатойхон. Улар ўртасида содир бўлган кину адоват эса салтанатни жарликка етакласа ажаб эмас… Бу ҳолатнинг дарҳол олдини олмоқ зарур. Тезда муншийга ёрлиқ ёзишга фармон қилди. Ёрлиқ ёзилгач, уни махсус чопарга тутқазди ва деди:
– Тезда Хоразмга етиб боргил! Сипоҳ ва ўғилларимнинг уччаласини хабардор қилким, ўзаро адоватни тўхтатиб, иттифоқ бўлишсин. Шу маҳалгача Жўжи билан Чиғатой қўшинга бош эдилар, энди бу икки сарварга бошчи Ўктой бўлғай! Ҳеч ким унинг амру фармонидан чиқмасин! Кимки фармонни бажармаса, қатлға юборилсин! Амримга хилоф иш кўрувчилар бўлса, жон тиғини ғилофидан суғурарман. Ким Жўжи ва Чиғатой сўзига қулоқ солгудек бўлса, муқаррар жазолангусидир!
Чингизхон ёрлиғини олиб кетган чопар Хоразмга кириб борганида, Урганчга яқин қишлоқлардаги уйлар бузилган, ўт қўйилган, вайроналар устида аччиқ қора тутунлар бурқсиб ётарди. Йўл чеккалари, ариқ-зовурлар одамларнинг мурдаси билан тўлиб кетганди. Деярли ҳар бир дарахтда битта, иккитадан мурда дорга осиғлиқ ҳолда шамолда тебраниб турарди. Урганч қалъаси атрофини қамал қилиб турган мўғул лашкарининг сон-саноғи йўқ эди. Ҳадсиз-ҳисобсиз қўшин муаззам денгизни эслатарди. Бир томонда манжанақлар Хоразм ҳисори сари тинмай тош ва тут танасидан кесиб ишланган ғўлаларни отса, иккинчи томондан ёндирилган нефть отувчи ҳарб асбоби тинмай олов сочарди. Лекин қалъа мўлжорларида тоғдек мустаҳкам турган Урганч ҳимоячилари мўғулларнинг тинимсиз ҳужумига бардош бериб, девордан ошиб ўтмоқчи бўлган душманни аёвсиз қирардилар. Худди шундай бир вазиятда чопар Чингизхон ёрлиғини Ўктойхонга топширди. Жанг-жадал бир соат­ча тўхтатилди. Барча сипоҳ қалъанинг кун чиқиш тарафидаги майдонга йиғилди. Фармон ўқилиб, ёрлиқ Ўктойхонга топширилгач, буткул амалдорлар камондай энкайиб, унга таъзим қилдилар, хонзоданинг этакларини тавоф қилиб, юз-кўзларига сурдилар. Жўжихон ва Чиғатойхонлар ҳам падарининг ёрлиғига амал қилиб, иниси Ўктойхон амрига бўйсунишга онт ичишди. Шу билан мўғуллар кўшини орасидаги парокандалик, оғзиолачилик барҳам топди.
Қайтадан жанг бошланди. Ўн минглаган мўғул лашкарлари Хоразм қалъаси гир атрофини ўраб турган ҳимоя ҳандақларини хору хас, дарахт шохлари билан тўлдириб, лашкар ўтиши учун йўл ҳозирлашди. Мўр-малаҳдек мўғул аскарлари қалъа кунгураларига арқон ташлаб, яна бир неча минглари нарвон қўйиб, баланд пахса девор устига чиқа бошладилар. Ҳар бир ўнлик, юзлик, минглик, ўн минглик гуруҳ ўзларига биркитилган қалъа қисмидан ошиб ўтиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Қальа деворлари ёнида ўлиб, ярадор бўлиб ётган одамлар устидан босиб-янчиб ўтиб, сурон солиб уришаётган мўғуллар раҳм-шафқат нималигини билишмас, девор устида оталари ёнида туриб, душманга тош отаётган болалар ва ҳатто аёлларни ҳам камон ўқи билан нобуд қилишарди.
Урганч ҳимоячиларининг бемисл мардлик ва матонат билан уришаётганини кузатиб турган Ўктойхон ўн икки яшар бир боланинг қалъа девори устида туриб, нарвон воситасида юқорига тармашиб чиқаётган мўғулларни тош билан уриб тушираётганини кўриб, ҳайрат бармоғини тишлаб қолди. “Бу юртнинг норасида боласида шунчалик матонат бор экан, уни бўйсундириш осон бўлмайди”, – хаёлидан ўтказди у. Бола ҳар сафар девор устида пайдо бўлганида, унинг ёнига бир йигит келиб турар, қўлидаги қилич билан ён тарафдан қисиб келаётган ёвдан уни ҳимоя қиларди. Шовқин-сурон, қурол-яроқларнинг шарақ-шуруқи остида боланинг чириллаган овози баралла эшитилар, бу овоз Ўктойхоннинг қулоғига ўқдай ботарди. У қулоқларини икки қўли билан бостирганча, боладан қўз узолмай туриб қолди ва ёнидаги туманбошилардан бирига буюрди:
– Ҳўв, анави болани кўраяпсанми?!
– Ҳа, кўряпман!
– Уни каманд ташлаб, ушлаб, тирик ҳолда ҳузуримга олиб келинглар!
– Хўп бўлади, хонзодам!
Болани қўлга киритиш учун қилинган ҳаракатлар наф бермади. Қалъа девори устида турган ҳимоячилар мўғулларга қақшатқич зарба бериб, орқага чекинишга мажбур қилдилар. Шунда Ўктой қўшинда энг моҳир камандбоз деб ном олган бир кўзи кўр Гамбасуренни ёнига чорлатди. Олдида тиз чўкиб ўтирган камандбозга шундай буйруқ берди:
– Сен камандбозликда ном чиқарган одамсан. Кўкда учиб юрган бургутниям каманд ташлаб ушлай олади деган гап сен ҳақингда айтилган. Отам ҳам сени яхши билади. Қани, агар зўр бўлсанг, ҳозир маҳоратингни кўрсат! Ҳув анави болани тирик ҳолда ушлаб менга келтир. Агар бу ишнинг уддасидан чиқа олмасанг, сени мана шу ерда ханжарим билан чавақлаб ташлайман! Тушундингми?! Бор!!!
Камандбоз шериги билан чопиб кетди. Аввал у қалъанинг бола турган кунгурасига каманд ташлаб, ёнидаги шерикларига арқоннинг учини маҳкам тортиб туришни буюрди. Иккинчи арқонни эса мўлжаллаб туриб, болага отди. Сиртмоқ боланинг ўнг қўлига тушган заҳоти зарб билан тортиб юборди. Бола пастга қулади, лекин каманд арқони аввалдан тайёрлаб турилган, кунгурага таранг тортилган арқон кесасига тушгани учун ҳам бола зиён-заҳматсиз ерга сирғалиб тушди. Уни Ўктойхон ёнига олиб келдилар. Боланинг пешонасидан қон оқар, кўзлари нафратли чақнар, тишларини ғижирлатиб, сўкинарди:
– Оғамни ўлдирдингла, анам, опабийим очликдан нобуд бўлди! Сенларни ҳам ўлдираман! Итдан тарқаганлар! Сассиқ мўғуллар! Сенларни бу ерга ким чақирди? Гетинглар, ўз юртингиза, гетинг!
Тилмоч боланинг сўзларини таржима қилди. Ўктойнинг қисиқ кўзларида истеҳзоли ёвуз кулимсираш ифодаси пайдо бўлди.
– Ҳей, бола! Биласанми, мен кимман? Мен сенинг ва бутун халқингнинг хоқони Чингизхоннинг ўғли Ўктой бўламан! Сен эса бир ипирисқи хоразмликнинг чурвақасисан. Агар шу онда буйруқ берсам сени сўйишади!.. Мабодо омон қоламан десанг, отангга айт, бизга йўл очсин… Ёнингда туриб жанг қилган йигит отангмиди?
– Ҳовва, отам! Лекин у ҳеч қачон ўз юртина, халқина хиёнат қилмайди! Ўлса ўладики, сенларнинг бундийин ифлос таклифларингга кўнмайди…
– Ҳозир кўрамиз, – деди Ўктойхон ва болани қалъа девори остига яқинроқ олиб боришга буйруқ берди.
Девор устида турган иккита хоразмлик сарбоз ўзини пастга ташлашга жон-жаҳди билан уринаётган йигитни зўрға ушлаб туришарди.
– Оҳ, болам! – дея фиғон чекарди боланинг отаси. – Жигарпорам! Кўзимнинг оқу қораси! Сени ўлдирмоқчи бўлганлар, мана, мани ўлдирсин! Ҳой, итлар! Боламни қўйиб юборинглар! Жон керак бўлса, мана, мани ўлдиринг! Кучингиз шу норасида болага етдими, ёввойилар!!!
Воқеани кузатиб турган Жўжихон ва Чиғатойхон Ўктойхон ўйлаб топган бу “усул”дан завқланиб, кулишди. Ўктой тилмоч орқали девор устидаги йигитга деди:
– Эй, йигит! Агар болам нобуд бўлмасин десанг, юртдошларингга айт, бизга қаршилик кўрсатмасинлар, дарвозани очиб беришсин! Акс ҳолда болангни қийнаб, бурдалаб-бурдалаб, азоблаб ўлдирамиз. Бизга сенинг ўлигинг керак эмас. Бизга шаҳар ичига кириш учун йўл керак. Шу шартимизга кўнсанг, болани ўлдирмасликка сўз берамиз…
Йигит зорланиб қичқирди:
– Эй, ҳайвон қавмидан тарқаганлар! Сизларда инсоф, диёнат, ор-номус борми ўзи?! Наҳотки кучингиз бир гўдакка етса? Урушмоқчи экансан, мана биз билан уруш. Лекин гўдакка тегма! Шаҳарни қўлингдан келса, куч билан ол! Ватан мен учун муқаддас, уни ҳеч кимга алмаштириб бўлмайди, ҳатто ёлғиз фарзандга ҳам…
– Шундайми?! – бўкирди ғазабдан қип-қизариб кетган Ўктойхон. – Боланинг ўнг қўлини чопинглар!
Икки мўғул аскари боланинг икки қўлини худди қуш қанотидек икки томонга ёйиб, тортиб турдилар. Орқада турган мўғул бошидаги тулки терисидан тикилган тумоғини пешонасидан юқорироққа суриб қўйиб, қилич билан боланинг ўнг қўлини узиб туширди.
– Оҳ, отажон! – чирқиради бола. – Мени қутқаринг!!! Бу ёвуз итлар мени ўлдиражак!!!
– Мана кўрдингми? – деди Ўктойхон йигитга қараб хитоб қиларкан. – Боланг бир мучасидан ажралди. Бунга сен айбдорсан! Агар хулоса чиқармасанг, чап қўлиниям чопамиз!
– Тўхтанглар! Эй, инсон қиёфасидаги иблислар! Болада айб йўқ! Уни қўйворинглар, мен ўзим бориб қиличларингга бошимни тутаман! Лекин қалъани жангсиз топширмаймиз!
– Жуда соз! – деди Ўктойхон қисиқ кўзларини ваҳшиёна ялтиратиб. – Боланинг чап қўлини чопинглар!
Кескир қилич шув этиб боланинг чап қўлини узиб туширди. Узилган қўл ерда бир неча марта сапчиб-сапчиб, қон ва тупроққа беланган ҳолда тинчиб қолди. Бола ҳушидан кетди.
Девор устидаги йигит осмонга қараб нола қилди:
– Эй, Худованди Карим! Сен бу хунрезликка гувоҳсан! Бу ёвузларнинг жазосини ўзинг бер! Шундай қилки, буларнинг насли дунёдаги энг қолоқ, энг тубан қавм бўлсин ва тўзғоқдек тўзсин! Бугунги шон-шавкат, салтанатидан ному нишон қолмасин! Умрлари саҳрою жазираларда ўтсин! Агар шу қарғишларим тегмаса, сендан ризо эмасман!!!
Шундан кейин болани бўғизладилар. Норасида гўдак худди қўзичоқдек типирчилаб жон берди. Ота қалъа девори устида ўғлининг қатлини кўриб турарди. Лекин унинг юраги тош-метиндек қотиб улгурган, кўзларида ҳатто ёш ҳам кўринмасди.
Тўс-тўполонда манжанаққа солиб отилган тош Хоразм қалъаси деворини тешиб юборди. Мўғуллар сурон солиб, тешикдан шаҳар ичига бостириб кирдилар. Худди шу пайтда қалъанинг кун ботиш тарафи дарвозаси ҳам йиқитилган эди. Мўғул лашкари у ердан ҳам дарёдек оқиб кира бошлади. Ҳар бир кўча, маҳалла, уй учун жанг борарди. Мўғулларга энг кўп талофат етказган, қуршовга тушганлар орасида қатл этилган боланинг отаси ҳам бор эди. Урганч қалъаси ичкариси шаҳидлар қони билан бўялди. Одам қонидан пайдо бўлган кўлмакларда кўкпашшалар ғужғон ўйнашарди. Ўлганларнинг сон-саноғига етиб бўлмасди…
Чингизхон Хоразмга юриш қилишдан олдин бутун мусулмон оламига донғи кетган шайх Нажмиддин Кубро ҳақида эшитган ва унга: “Менинг лашкарим юртингизга юриш қилмоқда. Шояд Хоразм аҳволи ғорату қатл билан бартараф бўлғуси. Маслаҳатим шулки, сиз у ердан ташқари чиқсангиз. Дарвешларингизга зиён-заҳмат етказилмагай” деган мазмунда хабар юборган эди. Шайх Чингизхонга муносиб жавоб қилди: “Мана етмиш йилдирки, Хоразм халқи билан яшаб келмоқдаман. Бугунги кунда қазойи илоҳ бало жазосини юборди. Сенинг лашкаринг мурувват нелигини билмасалар, балки ўз халқим билан яғмога дучор бўлганим тузукроқ бўлар. Қонимни шу ерда тўкадиган бўлишса, Тангри фармонидан қочмагум”. Чингизхон Шайхнинг бу жавобидан хайратда қолиб, Жўжихон, Чиғатой ва Ўктойхонларга буюрдики: “Мабодо Хоразмни олсанг­лар, ­Нажмиддин Куброни бутун дарвешлари, яқинлари билан омонликка юборинг. Бир-икки марта олдидан ўтинг, рози бўлмаса, билганингизни қилинг!”
* * *

Урганч қалъасининг ғарбий қисмидаги жомеъ масжиди олдида тўпланган бир неча ўн минг хотин-халаж, қариялар, ёш болалар улуғ шайх Нажмиддин Кубронинг ташқарига чиқишини кутиб туришарди. Узоқдан жанг қилаётганларнинг бақириқ-чақириқлари, қилич-найза ва қалқонларнинг жаранг-журунги эшитилиб турарди. Кўчаларни ўт қўйилган уйлар ёнғинининг тутуни босганди. Шайх жойнамозини йиғиштираётган пайтда бир муллавачча кириб келиб, унга таъзим қилди.
– Не гап, ўғлим?
– Ўктойхон ўзининг хос соқчиларини ҳузурингизга йўллабдур…
– Мақсади недур?
– Ўзига яқин минг одамни олиб, шаҳардан чиқиб кетсин, омонлик бердик, дебдур…
– Уларга шундай жавоб қилинг: Менга тан одамлар минг нафардан кўпдур!
Муллавачча Шайхнинг жавобини ҳовлида кутиб турган мўғул аскарларига етказди. Улар шошилинч чиқиб кетдилар ва орадан ярим соат ўтмай яна қайтиб келишди.
– Улуғ Пирга беш минг одамни шаҳардан олиб чиқиб кетишга рухсат берилди!
Муллавачча масжидга кириб, бу хабарни Шайхга етказди.
Шайх жавоб берди:
– Чиқиб айтинг, менинг қавмим беш мингдан кўпдур…
Мўғул соқчилари қайтиб кетишди. Орадан ярим соат ўтиб-ўтмай Ўктойхон элчилари яна масжид ҳовлисига кириб келишди:
– Муҳтарам Ўктойхоннинг охирги сўзини етказмоқчимиз! Жони керак бўлса, Пир ўн минг одам билан шаҳарни тарк этсин! Агар бу шартга ҳам кўнмаса, ўзидан кўрсин, дедилар.
Ичкаридан жавоб шундай бўлди:
– Бутун Хоразм халқи менинг қавмимдур. Агар уларнинг барисига омонлик берилса, мен розимен. Шаҳарни тарк этурмен. Акс ҳолда, улар билан биргамен, бирга ўлмоққа розимен. Бир умр халқим билан бирга яшадим. Балоларга ҳам улар билан бирга ёр бўлурмен!
Бу Шайхнинг охирги ва қатъий жавоби эканлигини сезган Ўктойхон фармон берди. Фармонга кўра, хотин-қиз, ёш болалар, илм аҳлидан ташқари барча хоразмликлар саҳрога ҳайдаб чиқарилди. Одамларни сўйишга юз минг отлиқ аскар ажратилди. Уларнинг ҳар бири йигирма тўрт нафар одамнинг халқумини кесдилар… Инсон қони дарё бўлиб оқди…

* * *

Саҳро. Қум барханлари орасида қалашиб ётган мурдалар устида қузғунлар учиб юрибди. Этни жунжиктирувчи шамол қон ҳидини олиб келиб димоққа уради. От устида ўтириб, навбатдаги қатлга маҳкум қилинганлар гуруҳини кутаётган мўғул навкарларининг бошидан оёғигача, ҳатто отларининг туёқларигача қонга беланган. Тишлари иршайган бир мўғул аскари ёнидаги шеригига ўз қурбонларини қандай бўғизлаганини завқланиб ҳикоя қилмоқда.
Ниҳоят, навбатдаги маҳкумлар олиб келинди. Уларнинг баъзилари ўзларини вазмин тутса, баъзилари мудҳиш қатл азобини тасаввурига сиғдиролмай қалт-қалт титрашар, атрофда тоғдек уюлиб ётган жасадларга олазарак назар ташлаб, кўзларидан дув-дув ёш тўкишарди. Қумликларда ўсган яккам-дуккам саксовуллар орасида юмронқозиқлар пайдо бўлар, чўнқайиб ўтирган ҳолда одамларга узоқ тикилиб қолишар, бирон хавф сезилди дегунча лип этиб кўздан ғойиб бўлишарди.
Бу сафар қатлга олиб келинганлар орасида эгнига оппоқ матодан узун чакмон кийган, бўйдор, соқоли кўксига тушган бир нуроний чол ҳам бўлиб, унинг атрофида аксарият дарвешлар, бошларига салла ўраган турли ёшдаги уламо ва илми толиблар юриб келишарди. Бу одам зоти муборак улуғ шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари эди. Шайх оҳиста қадам ташлаб келаркан, минглаб шаҳидлар руҳига пичирлаб дуо тиловат қилди. Тиловат тамом бўлгач, ярадор асирлардан бири келиб, унинг оёғига бош урди.
– Пирим, – деди ҳалиги ярадор йигит. – Менинг ўғлим ўн икки ёшда эди. Якка-ю ягона фарзандимни кўз олдимда қийнаб, бурдалаб ўлдиришди. Фақат угина эмас, бутун бошли оила аъзоларим мўғуллар туфайли дунёдан кўз юмди. Айтинг-чи, Оллоҳ таоло бу хунрезлик, адолатсизликларни кўрган бўлса, нега бу ҳаромзодаларга ўз жазосини юбормайдур?! Нега минглаб, юз минглаб бегуноҳ бандаларининг қатлу ғоратига бефарқ қараб турадур?! Ахир ҳақиқат биз тарафда эмасми? Биз бировларнинг юртига бостириб кирмаганмиз, ўз юртимизни ҳимоя қилаяпмиз-ку? Нега шундай? Қани биз умр бўйи сажда қилиб яшаган Худо? Қаерда у?
– Шаккоклик қилманг, ўғлим, – деди Шайх йигитни ўрнидан туришга даъват этаркан. – Яратган ҳамма воқеаларга шоҳид. Бугунги тўкилган ҳар бир томчи қон учун мўғул қавми ҳали жавоб берадур… Ал қасосул минал-ҳақ! Замонлар ўтар, бир кун келиб, босқинчилар бу юртдан абадулабад қувилгай… Бизнинг қонимиз тўкилган жойларда гулзор, боғ-роғлар пайдо бўлгай. Тангри айтмишким, кимда-ким ҳақ йўлида шаҳодат топса, охирати ободдур! Оллоҳ даргоҳига бормоқ, боргандаям ҳақ йўлида заҳмат чеккан ҳолда бормоқ бандаси учун шараф эканлигини унутма… Бошингни кўтар, ўлимга тик боқ! Бу ўлим шараф ўлимидур!..
Жаллодлар Шайхни дарвишлар қуршовидан ажратиб чиқариб, сариқ башара, кўса туманбоши олдига олиб келишди.
– Тиз чўк! – бўкирди туманбоши.
Шайх эгилмади. Ўнлаган мўғул лашкари Шайхни зўрлик билан тиз чўктиришга уринишар, лекин пири муршид мағрур қоя каби эгилишни истамас эди. Ниҳоят, уни зўрлаб тиз чўктирдилар. Жаллод қиличи бўйнига келиб тушмасдан олдин Шайхи бузрук туманбоши қошида қумга қадаб қўйилган душман яловига муборак қўлларини чўзиб, маҳкам ушлаб олди ва зарб ила тортиб йиқитди. Ғазабланган мўғуллар унга жон-жаҳди билан ташланиб, ялов учини Пирнинг панжасидан чиқаришга уриндилар. Лекин Пирнинг бармоқлари яловни шундай маҳкам ушлаб олган эдики, қариянинг бармоқларини қайириб, матонинг учини тортиб олишнинг имкони бўлмади. Дарғазаб туманбоши оғзидан кўпик сочиб, пир устида уймалашиб ётган лашкарларни қамчи билан савалай кетди:
– Ҳе, ит эмганлар! Нон емаганлар! Шунча йигит бир қарияга кучингиз етмадими?! Қочинг, нарироқ туринглар! Мен ўзим…
Мўғул лашкарлари четга тисарилишди. Қилич зарб билан урилди. Унинг визиллаган товуши эшитилди-ю, Шайхнинг боши қум бархани ёнидаги нишаб жойга думалаб кетди. Қон фавворадек отилди…
– Ана энди, яловни олинглар! – дея амр қилди туманбоши.
Кофирлар қанча уринишмасин, яловни Нажмиддин Кубро ҳазратларининг панжасидан чиқариб ололмадилар.
Дини ҳақ илмининг шоҳи, саййидлар шайхи Нажмиддин Кубро ҳақида, унинг кароматлари тўғрисида одамлардан эшитган-билган беш-олти мўғул аскари бу ғайритабиий ҳолатни кўриб, додлаб юборишди ва худди жинниларга ўхшаб ўзларининг юзларини тирнай бошлашди. Туманбошининг ранги бўздек оқариб кетди. Юрагида қўрқув пайдо бўлди. Қалтираган қўллари билан Шайхнинг панжасидаги яловни ханжар солиб кесиб олди. Шундаям душман яловининг бир парчаси пирнинг қўл панжаси орасида қолиб кетди.
Бу воқеа 618 ҳижрий йилда содир бўлган эди.

Қурбанбой ШОНИЁЗОВ