Кўнгил қушим

Ўйлар – менинг кўнгил қушим,
Кўкка учиб, чарх урар.
Ўйлар – менинг ўнгу тушим,
Яшин каби барқ урар.

Ўйлар мени ўзгалардан
Кўрсатади айириб.
Ўйлар менинг кўзларимдан
Таралади ёйилиб.

Ўйлар менинг қувончимдир,
Қувонганим яхшироқ.
Ўйлар менинг юпанчимдир,
Юпанганим яхшироқ.

Ўйлар – менинг бугун, эртам,
Келажагим тотлироқ.
Ўйлар баъзан келмас, эркам,
Келса, йўлим ярқироқ.

Ўйлар – менинг болалигим,
Болалигим ёдимда.
Ўйлар – менинг донолигим,
Донолигим олдимда…

     Эгри чизиқлар

Инсон манглайи дўнг, манглайи қия,
Чизиқлари тўғри пешонасининг.
Кафтлар ҳам теп-текис эмасдай гўё
“Тақдир йўли” тўғри чизилган унинг.

Менга ёқар тўғри чизилган чизиқ,
У қуёш нуридек, шуъла каби тик.
Эгри чизиқлар-чи, қинғир ва қийшиқ,
Эгри чизиқда кўп хавотир, ҳадик.

Баъзан тўғри эмас юрган йўлимиз,
Баъзан тўғри эмас айтган сўзимиз.
Қинғир мактуб ёзар баъзан қўлимиз,
Билиб адашамиз баъзан ўзимиз.

Мисол ер куррасин олсак, юмалоқ,
Дарёлар, кенгликлар эгри из – чизиқ.
Ризқу насибамиз – қайнаган булоқ,
Ҳаётнинг қувончу ташвиши қизиқ.

Бошга тушганини доим кўз кўрар,
Кун тушар айлана чизиқ ичига.
Юракнинг ўзи ҳам эгилиб турар,
Бағрини камондек тортиб ичига.

…Қандай соз эгилса сенга сарв қомат,
Қандай соз эгилган увуқ, чанғароқ.
Фалакда қуёшдек айланар омад,
Эгри чизиқларсиз татимас бироқ.

Эҳ, энди нетаман, бу эгри чизиқ,
Қинғир-қийшиқ бўлиб сиғмас қулочга?
Уларни тадбиркор дўкончи янглиғ
Тортгим келар тўғри метр оғочга.

Яна ўйланаман тўғри ўйимни
Бир қинғир келарда бузиб кетар деб.
“Ким ўйлаб топган, – деб, – бундай ўйинни?”
Устимдан чорчизиқ чизиб кетар деб…

Икки дўстим

Менинг икки дўстим бор:
Биринчи дўстим – Гумон,
Иккинчиси – Таваккал.

Гумон дўстим шум, инжиқ,
Кўнгилдан сир бермайди.
Таваккал ўжар, очиқ,
Айтганимга юрмайди.

Иккинчи дўстим довюрак:
“Орқамдан тез юр”, дейди.
Биринчи дўстим қўрқоқ:
“Шошма, ўйлаб кўр”, дейди.

Соғ бошимни дўстларим
Не савдога солади.
Йўлига юрсам бошқанинг,
Дўстларим кўнгли қолади.

Таваккал билан юраман
Уч-тўрт довон ўтгунча.
Ортимга қараб тураман
Гумон дўстим етгунча.

Менинг икки дўстим бор:
Биринчи дўстим – Гумон,
Иккинчиси – Таваккал.

Улмамбет ХЎЖАНАЗАРОВ

Саҳифа 57 марта ўқилган.