Қорақалпоқ шоирларига

Шарқ юлдузи/ Fevral 2, 2018/ Назм

Эски гап бу: кўзда ёши
Дарё бўлиб бир банда,
Кунда узра ёлғиз боши
Кесилай деб турганда.

Жаллод қўлга болта олар,
Ивирсинар… шу они
Бир ёш йигит елиб келар,
Оҳи чулғаб дунёни.

Бошин қўйиб кундага, дер:
“Мени чопгил, эй жаллод!”
Шериги дер: “Мени ўлдир!
Усиз менга йўқ ҳаёт!”

Иккиси ҳам қўрқмас, ботир,
Иккиси ҳам аломат.
Жонни жонга тикиб охир
Қолишибди саломат.

Қорақалпоқ оғайнилар,
Сизни ўйлаган чоғи,
Тездагина эсга келар
Ўша дўстлик сабоғи.

Айта қолай танти бир гап,
Ошно этай бир сирга:
Икки сатрин қўйсанг мақтаб,
Хуш ёқасан шоирга.
Йўқ, бу фикр йўқотмиш ранг,
Унутма шул ҳақда сен:
Гар шоирга ёқай десанг,
Туққан ерин мақта сен!

Туққан ерга боқиб тўймас,
Чўлдан топиб чиройин,
“Қорақалпоқ” сўзин қўймас
Шоирингиз Ибройим!

Шеър – кўнгилнинг арзандаси,
Нурдан бўлган зувола,
Гоҳ йиғиси, гоҳ хандаси,
Кўнгилларга ҳавола.

Қозондаги жиққа мой, гўшт,
Тандирдаги иссиқ нон,
Оққув қушда момиқдай тўш,
Тулпор отга зор майдон.

Пахта пайкал, кенг, мўл дала,
Қирчиллама гулшан боғ,
Амударё, Тупроққалъа,
Ташна бағир, шўр тупроқ.

Кенг қобоқли, тор мийиқли
Гули гулнор, моҳи нур –
Ҳам тамизли, ҳам тийиқли
Шеъримизга ранг эрур!

Шеърият – бир олтин сарой,
Ватан – сарой бекаси,
Чиройга бой, талъати ой
Бекаларнинг эркаси.

Шу бекага умр тилаб
Покиза руҳ этинг бахш!
Оқ қоғозга қўйингиз лаб,
Оқлик бўлсин дилга нақш!

Ғурбатларда қолсангиз гар,
Ғам чексангиз, бовурдош,
Гуноҳингиз шоир сўрар
Ва кундага қўяр бош.

Сўз дедими, қайтмас шоир!
Бир иш бўлар аломат.
Жонни жонга тикиб охир
Қолажакмиз саломат!

Муҳаммад АЛИ