ЯНГИЛАНИШ ВА ЮКСАЛИШЛАР ЙЎЛИ

Публицистика

“Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу сўзларида қатъий ишонч бежиз янграмаган.
Қорақалпоғистонда тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар жуда кўп. Улар қаторида Беруний туманидаги Султан Увайс қалъани, Хўжайли туманидаги Миздакхон ­археология ёдгорлигини, Элликқалъа туманидаги Тупроққалъани ва бошқа маданий мерос объектларини айтиш мумкин. И. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи ва Қорақалпоқ давлат Ўлкашунослик музейида жуда қимматли қўлёзмалар, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари сақланмоқда.
Тарихида фахр қиларлик саҳифалар мўлгина бўлган қорақалпоқ ўлкасининг бугунида ёруғ кунлар кўп, эртанги кундан умидлари катта.
Мамнуният билан айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида Оролбўйида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, бугун Қорақалпоғистонда янгиланишлар рўй бермоқда, ҳаётнинг барча жабҳаларида ривожланишлар кўзга ташланмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2017 йилда икки бор Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. 20–21 январь кунларидаги ташрифи давомида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Ташриф якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 та лойиҳа бажарилди. Бу қарийб 4 мингта иш ўрни ташкил этиш имконини берди. 15 декабрь куни Шавкат Мирзиёев яна Қорақалпоғистонга келди. Бу сафар шу пайтгача бажарилган ишларни таҳлил қилиш, барча соҳаларни ривожлантириш бўйича келгуси икки йилда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, саноат, хусусан, кимё ва нефть-кимё саноатини янада ривожлантириш,­ пахта ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда рентабеллиги юқори бўлган бошқа хил экинлар етиштириш, тиббиёт ҳамда фармацевтика соҳасини такомиллаштириш, таълим тизимини яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш йўналишларида ишлаб чиқилган қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Масалан, давлатимиз раҳбарига тақдим этилган лойиҳалардан бири – кам ҳосил берадиган экин майдонларига пахта ўрнига экспортбоп рентабелли экин экишга оид лойиҳадир. Мазкур лойиҳа доирасида Президент кам ҳосил берадиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига 60−80 кунда етиладиган аччиқ қалампир экиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар бериб, ҳар бир вилоятда ушбу сердаромад ўсимликни кўпайтириш лозимлигини қайд этди. Уни экиш, агротехник тадбирларни ташкил этишда фермерларга индонезиялик мутахассислар ёрдам беради. Қорақалпоғистонда 15 минг гектар майдонга Индонезиядан олиб келинувчи, жаҳон бозорида харидоргир бўлган аччиқ қалампир экилади. Биздаги қалампир навларининг аччиқлик даражаси 3,4 баллни ташкил этади. Индонезиядан олиб келинадиган қалампир кўчатларининг аччиқлик даражаси эса 7,8 балл­ни ташкил қилади, яъни дунё стандартларига тўлиқ жавоб беради ва экспортбоп бўлиб, бундай навли аччиқ қалампирнинг ҳар гектаридан 20−27 миллион сўм фойда кўриш мумкин, бу пахтага нисбатан бир неча баравар кўп демакдир.
Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилаётган сармоялар ҳудуднинг юқори суръатда ўсишини таъминлаётган муҳим омиллардан биридир. Масалан, 2016 йилга келиб жами капитал қўйилмалар ҳажми 3,7 трлн. сўмни ташкил этди. Бу 2012 йилга нисбатан 3,4 баравар ўсишга эришилганини англатади. Ўзлаштирилган капитал қўйилмаларнинг 1,7 трлн. сўми хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Юртимизнинг бепоён саҳросида ишга туширилган Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг юксак намунаси бўлган Устюрт газ-кимё комплекси ҳақида алоҳида тўхталиш зарур. Умумий қиймати 4 млрд. АҚШ долларига яқин бўлган ушбу лойиҳа рўёби натижасида йилига 4,5 млрд. кубометр табиий газни қайта ишлаш ҳисобига 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен каби экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Ушбу комплексда 1500 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Бугунги кунда Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Латвия ва Европанинг қатор давлатларига экспорт қилинмоқда.
Қурилиш индустриясини янада ривожлантириш борасида сифатли қурилиш материалларини ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш алоҳида аҳамиятга эга.
Биргина Қораўзак туманида иккита цемент заводи ташкил этилган бўлиб, шулардан бири – “Кarakalpak sement” МЧЖ томонидан 2015–2017 йилларда қиймати 31,8 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган заводнинг биринчи босқичи ишга туширилди.
Нукус шаҳридаги “Нукус полимер” МЧЖда қиймати 22 млрд. сўмлик йилига 8 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулаларини қайта ишлаб, қувурлар ва хўжалик буюмлари маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Қорақалпоғистонда тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлида давлатимиз яна бир имтиёз яратди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 17 март куни Қорақалпоғистон ва Хоразмда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унга кўра, Қорақалпоғистон ва Хоразмда рўйхатга олинган ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар ўзлари ишлаб чиқараётган саноат товарларини экспорт қилиш қисмида валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилди. Фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари, пардозлаш қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2017 йил 1 апрелдан 2022 йил 1 январгача мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Мазкур имтиёз ҳудудда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам, тадбиркорларимиз учун зарур ёрдам бўлди, дейиш мумкин.
Оролбўйи ҳудудини, хусусан, Орол фожиасидан жабр кўраётган Мўйноқ туманини ривожлантириш юзасидан қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Мўйноқ туманига қисқа муддатда 101 километрлик тоза ичимлик сувининг етказиб берилиши Оролбўйи аҳолисига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик намунаси бўлди. Шуманай тумани аҳолиси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бунинг учун 9,3 км узунликдаги сув қувури ётқизилди.
Шу ўринда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг таклифига кўра, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2017 йил 9 август кунги қарорига кўра, Қорақалпоғистонда Тахиатош тумани тузилганини айтиб ўтиш жоиз.
Ўлкамизда асрни қаршилаб яшаётган отахон ва онахонларимиз борлиги бизни қувонтиради. Бу халқимиз турмуш даражасининг яхшиланаётганидан дарак бериш билан бирга, авлодлар ўртасидаги маънавий силсила бардавом эканлигини билдиради. Қанликўл туманидаги Қўсжап овулида яшаётган 102 ёшли Тожигул момо Аллиярова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов Тожигул момонинг уйида бўлиб, Президентимиз номидан онахонга “Шуҳрат” медалини топширди. Тожигул момо бир асрдан зиёд умри давомида кўп синовлар – қатағон йиллари, Иккинчи жаҳон урушининг оғир кулфатлари, урушдан кейинги қийинчиликларни бошидан кечирди. Бутун умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган, бир ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказган, бугунги кунда қатор невара, эвара ва аваралар қуршовидадир.
Иқтисодиётимиз, халқ хўжалиги, турмушимиз ва ҳаётимиздаги бу каби ютуқлар ижодкор зиёлиларимизга илҳом бағишламоқда, бугунги кунда қорақалпоқ адабиёти, маданияти ва санъати янги замон руҳига ҳамоҳанг тарзда ривожланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти адабиёт тарихига назар солиб шундай деган эди: “Оғзаки ижод намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир. Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади”.
Дунёда бетакрор бундай миллий хазинадан куч, илҳом олаётган ижодкорлар миллий ўзлигимизни англаш, одамлар онгу тафаккури ўзгаришига хизмат қилиш, маънавий қадриятларимизни юксалтириш йўлида тиним билмай ижод қилмоқдалар. Ижодкорлар учун яратилаётган имкониятлар кўлами кейинги қабул қилинган қарорларда журналистлар, кино ижодкорлари, спорт усталари, рассомлар, адабиёт ва санъат аҳлининг илҳом қанотлари кучли, қаламлари ўткир бўлишига ундамоқда.
Давлатимиз раҳбари 2016 йил ноябрь ойида Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида бўлиб ўтган йиғинда қорақалпоқ адабиётига катта эътибор қаратиб айтган сўзлари ҳаммамизнинг эсимизда: “Мен кўпинча дўстларимга, уларнинг ўзидан эшитганимдай: “Айт, сен, Ажиниёзнинг қўшиқларидан” деб илтимос қилардим ва улар бу илтимосимни бажо келтиришарди. Шу тариқа мен Жўлмирза Оймирзаев, Хўжабек Сейитов, Тиловберген Жумамуратов, Турдимурод Нажимов, Содиқ Нуримбетов, Аббоз Дабилов, кейинчалик “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга сазовор бўлган Ибройим Юсупов, Тўлепберган Қаипберганов каби улкан шоир ва адибларнинг асарлари билан танишиб, қорақалпоқ халқининг урф-одат ва қадриятлари, дарду армонлари ва орзу-интилишлари ҳақида бой тасаввурга эга бўлганман. Ана шундай устозлар изидан бориб бугунги кунда баракали ижод қилаётган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоирлари ва ёзувчилари Жиянбой Избосканов, Кенгесбой Каримов, Ўрозбой Абдураҳмонов, Гулистон Аннақиличева, Муродбой Низанов ва бошқа ўнлаб ижодкорларнинг асарларини имконим борича кузатиб боришга ҳаракат қиламан”.
Президентимизнинг туманга ташрифидан сўнг Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқти­содий ривожлантиришга қаратилган қарорлар билан бирга қорақалпоғистонлик зиёлилар учун ғамхўрлик намунаси бўлган қатор ишлар амалга оширилди. Адиб­лар, шоирлар, фан ва санъат намояндалари учун боғ барпо қилиш, Ибройим Юсупов номидаги ёш истеъдодлар мактабининг яратилгани, адабиёт намояндаларининг музейларини барпо қилиш юзасидан олиб борилаётган амалий ишлар ижод аҳлини ғоят руҳлантирмоқда.
Қорақалпоғистонда қатор адабий нашрлар фаолият кўрсатмоқда: “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси, “Әмиўдәрья” журнали саҳифаларида публицистик, насрий, шеърий асарлар, ёш ижодкорларнинг илк ҳикоялари, шеърлари чоп этилмоқда, жаҳон адабиёти дурдоналарининг ёш таржимонлар томонидан қорақалпоқ тилига, қорақалпоқ адибларининг асарлари рус, инглиз тилларига таржима қилиниб, нашр этилмоқда. Масалан, “Қорақалпоқ адабиёти” газетасида ёзувчи, адиб Кенгесбой Алламбергеновнинг “Әмир Темир ҳәм Ер Едиге” тарихий мусиқали драмаси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримовнинг “Қысыўмет” романидан парча, “Ўзбекистон” публицистик поэмаси каби қатор асарлар чоп этилгани кўпчиликнинг диққатини тортди.
Қорақалпоқ адабиётининг мустақиллик йилларидаги катта ютуқларидан бири Марказий Осиё халқлари ҳамда бошқа туркийзабон халқлар орасида биринчилардан бўлиб қорақалпоқ фольклорининг 100 жилдлигини босмадан чиқариш ишлари бўлди.
Қорақалпоқ мумтоз шоири Бердақнинг 190 йиллигига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шоирнинг ўзбек ва қорақалпоқ тилидаги икки жилдлик асарлари, Ибройим Юсуповнинг уч жилдлиги, “Қарақалпақ балалар әдебияты” антологияси бир жилдлиги тайёрланиб, нашриётга топширилди.
Президентимизнинг 2017 йил 3 августдаги республикамизда маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш масаласига оид билдирган фикрларига асосан Ўзбекистон Халқ банки Қорақалпоғистон филиали билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тузилган “Дўстлар клуби”нинг режаси бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Ёзувчи-шоирларнинг меҳнати ҳамиша ҳукуматимиз эътиборида. Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан шоир Бахтиёр Генжамурод “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган бўлса, иқтидорли қизлар ўртасида ўтказиб келинаётган Зулфия номидаги давлат мукофотига шу йилнинг ўзида икки қизимиз сазовор бўлди. Ҳар икки йилда ўтказиладиган ёш санъаткорлар танлови – “Ниҳол” мукофотини бирданига уч ўғлонимиз қўлга киритди.
Жорий йилда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқий театрига “Академик театр” мақоми берилди, И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музе­йининг иккинчи ва учинчи биноси фойдаланишга топширилди. 6–7 апрель кунлари Москва шаҳрида Россия ва Ўзбекистон давлатлари Президентларининг учрашуви муносабати билан мазкур музейнинг кўргазмаси Москва шаҳридаги А. С. Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейида ўтказилди.
Ўлкашунослик музейи ва Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театри биносининг қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ижод аҳлида одамларни ортидан эргаштира олиш қобилияти, руҳиятга, қалбларга таъсир ўтказиш хусусияти баланд экан, қорақалпоқ зиёлилари, ада­биёт ва санъат фидойилари албатта бундан самарали фойдаланиб, юртимизга хизмат қилишни ҳам қарз, ҳам фарз деб биладилар. Ахир, халқининг дардию қувончига шерик бўлиш, уларнинг қалбига йўл топиш ва бу йўлда саодатга эришишдан ортиқ олий мақсад борми инсонга!
Зеро, юртимиз ижодкорларининг жамият тафаккурининг эгаларига айланишида озод ва обод ҳаётимиз кенг ва равон йўл очиб бермоқда. Бу мустақиллик, бунёдкорлик, янгиланиш ва юксалиш йўлидир.

Қаҳрамон
САРИЕВ