Яхшироқ
Оқ буғдойи туриб сули сепгандан, 
Тоза шоли туриб курмак эккандан,
Бекор қирқ кун қайғу-ҳасрат чеккандан
Тан соғлиқда бир кун хандон яхшироқ!
Дунёга чиқдингми – бахтинг очилса,
Душманларинг оёғингга бош урса,
Ёв бўйсуниб, икки қўлин қовширса,
Кўз олайтиргандан чандон яхшироқ!
Туғилдингми  – хизмат қилгин эл учун,
Жонингни аяма элда эр учун,
Киндик қонинг томиб, туққан ер учун
Ўлиб кетгунингча хизмат яхшироқ!
Ҳеч қачон дўстларинг қилмагин ҳайрон,
Қўлдан келса, солгин душманга вайрон,
Элу юрт бир бўлиб айлангиз сайрон,
Туғилган ер учун ҳурмат яхшироқ!
Ўзга бировларни сайлаб йўлдошинг,
Оқизма ўз дилбарингнинг кўз ёшин,
Ёмон бўлса ҳам у умрлик сирдошинг,
Вақтинча қўл берган ҳурдан яхшироқ!
Одам боласинда бўлсин ор-номус,
Ками юзта бўлсин кўз кўрган таниш,
Тасодифда қўлни қийса бир қамиш,
Шул вақт қон тўхтатган – дўстдан яхшироқ!
Эр йигитга номус керак, ор керак,
Оқкўнгил, қаламқош, севар ёр керак.
Меҳмон келса, кутмоққа ҳам ҳол керак,
Сўймоққа бир эчки – молдан яхшироқ!
“Ассалом!” – деб, отдан тушган ул меҳмон,
Ўтирар уйингни қилиб имтиҳон,
Кўз, оёқли, тилли чўлоқ бир инсон
Ҳунарсиз, уқувсиз қўлдан яхшироқ!
Хон қасд этиб, эл-юрт кетдилар санғиб,
Молсиз ночорларга тушди кўп солғирт,
Қадди узун-тикка, йўғон бир арғит
Сони юз, сафосиз толдан яхшироқ!
Тонг-саҳар уйғониб, юмушга чиқиб,
Қўлингни қавартиб, белингни букиб,
Тиззангни қақшатиб, меҳнатин чекиб,
Еган бир зоғоранг болдан яхшироқ!
Теран ақл керак сўзни тизмоққа,
Тиниқ хаёл керак барин сезмоққа,
Сув ичинда ваҳимасиз сузмоққа
Бир қайиқ юзлаган солдан яхшироқ!
Не асл сўз айтдим, ўтди аёнсиз,
Не хизматлар қилдим, кетди поёнсиз,
Мен ҳам бир жон эдим юртга зиёнсиз,
Хорлик кўрдим, ўлган ундан яхшироқ!
Бердимурод айтар, тополмай Ҳақни,
Ўлиб кетар бўлди очилмай бахти,
Бердимурод – халқни, халқи – Бердақни
Ёлғизиндай кўрар жондан яхшироқ!
       Ҳақлик йўлин бер
Барчани яратган қодир Худойим,
Берсанг, бул бандангга Ҳақлик йўлин бер!
Эгри юрсам ортар менинг гунойим,
Ҳақ қалбимга ҳақиқатнинг нурин бер!
Фалак гардишидан қилсам шикоят,
Тинглаганга ҳасратли бир ҳикоят,
Жабру жафо чекдим мен бениҳоят,
Забонимга адолатлик ҳукмин бер!
Азал амри билан дунёга келдим,
Кабир бўлиб, яхши-ёмонни билдим,
Қайғу-алам билан бағримни тилдим,
Қутилайин, бул қайғунинг эмин бер!
Бой давлатин бергин, беғам яшайин,
Насиба-ризқимни мўлдан ошайин,
Армонсиз ўйнайин, суйиб қучайин,
Менга дунё жаннатининг ҳурин бер!
Дамда ўтган Мағриб-Машриқ орасин,
Буроқ бер, кунимга менинг ярасин,
Жаҳон менга ҳавас қилиб қарасин,
Ҳазрати Юсуфнинг ҳусни-кўркин бер!
Устидан йўл берсин денгизу дарё,
Мени тўздирмасин замону дунё,
Минг йилдан сўнг қандай бўлар, ажабо,
Бир кўрай, Луқмоннинг узоқ умрин бер!
Бўстон бер, гуллари атир уфурсин,
Орасида эл сайронлаб, йўл юрсин,
Қўлимда сўм темир мумдай эрисин,
Темирчи ҳазрати Довуд сеҳрин бер!
Дунёда тилсимлар сирин очмоққа,
Раф-раф миниб, ердан кўкка учмоққа,
Душманни ўз зиндонига босмоққа,
Ер-кўкдаги Сулаймоннинг амрин бер!
Жаҳон хазинасин олсам қўлимга,
Сарф айламоқ учун Ҳақлиқ йўлига,
Бердимурод каби Ҳақнинг қулига
Тангрим, саховатли она меҳрин бер!
Туркистон, Хоразм – масканим менинг,
Бешқалъа, денгизнинг атрофи – элим,
Айшу ишрат орзу айлайди кўнглим,
Менга ҳам давлатли инсон умрин бер!
Бердақ дер, сўзимни айтиб кетайин,
Бахт бўлмаса, кўр умрни нетайин,
Бўлмаса, дунёни хароб этайин,
Қани, менга Исрофилнинг сурин бер!
БЕРДАҚ
Саҳифа 59 марта ўқилган.