Сен билан баробар туғилган гўдак бугун 26 яшар, алп келбатли, навқирон ўғлон, барчинмонанд, руҳафзо қиз – санам бўлди. Ёруғ чеҳрасидан, шаҳду шижоатидан дилда ифтихор, кўнгилларда умидворлик уйғонди. Айниқса, илму зиё­сини кўрганда, юрак сарафроз ҳислардан тўлғонди. Энг асосийси, у ҳам Сен каби кўз олдимизда дунёга келди, улғайди, баркамоллик оламига қадам босди. Кўнгилларимизга ишончнинг порлоқдан-порлоқ чироқларини осди…
Яратганнинг биз бандаларига берган – энг улуғ неъмати бўлган Истиқлол! Сен ҳам кўз олдимизда дунёга келдинг, руҳу шууримизга жон бўлиб кирдинг – тўлдинг. Не-не заҳматли йўлларни босиб ўтиб, не мушкулу муаммолардан ғолиб бўлиб, бугун 26 яшар навқирон йигит мисол етилдинг. Сарбони оқил юртга кўп яхши ўзгаришларни олиб келдинг. Боиским, кечаги тузумнинг “қолип”лари, “занжир”лари, “ғул”лари бузилди, узилди, синди. Сен боғда ҳам, тоғда ҳам, саҳрою яйлову сувлигу тупроқда ҳам; мактабу мадраса, шифохонаю корхона, не-не кенту қишлоқда ҳам турмуш тарзини ўзгартириб юбординг. Энг асосийси, дунёни “моғору пўпанак”лардан тозаладинг, кўнгилу кўзларни, борлиқни янгиланишларга, бунёдкорликларга тўлдирдинг. Шу асно қалбларда ҳам тадбиркорликка, яратувчанликка муҳаббатни зиёда қилдинг. Ҳар дилни ўзига ишонч ҳисси билан тўлдириб, озодлик, эрк оламини кулдирдинг!
Юртимизда бугун “кўп қадим йўллар” янгиланди. Темирйўл, “довонйўл” ҳамда ҳавойўллар кўпайди. Масжидлар, қадамжолар файзу футуҳга тўлди; момомерос удумлар, бобомерос ҳунармандчиликлар қайта тикланди, бозорлар файзиёб, кўчаю гулзорлар чиройли, уйу остоналар шинам, ишу изланишлар бобарокот бўлди.
Она Ўзбекистон фарзандлари жаҳон спорти осмонида юлдузлардай чарақлай бошлашди. Илм ва ишлаб чиқариши билан оламга юз очди. Ватаний ҳисларга, бунёдкорликларга ошино кўнгилли Ёшлик “бош қаҳрамон”ингга айланди. Ва шоирнинг:

“Ватан, Истиқлолинг муборак, қутлуғ,
Имконлари мўлдир ишбилгич элнинг.
Ватан, биз – фарзандинг юраги ўтлуғ,
Ифтихор жўштирар ҳис этган дилни”,
мисраларини такрорлай туриб, беқиёс яратувчанликка шайланди.
Ана шу боис ҳам бугун Сенга ишончимиз бисёр, умидимиз зиёда. Зотан, Сен барқарор-у бардавом бўлсанг, она халқимизнинг буюк ва чароғон келажагига ишонамиз. Ва шу боис ҳам Оллоҳдан Сенинг боқийлик ва мангуликка дахлдорлигингни чин кўнгилдан истаймиз, тилаймиз!
Шоир айтмоқчи:

Сен эл бахти, Ватан равнақи,
Озодликнинг пок ифорисан.
Бобом-момом юз йиллаб ютган
Армон заҳри, кўнгил зорисан.
Сен юртга файз келтирганинг рост,
Бугун гулга бурканмиш борлиқ.
Сен – соғинчнинг эрка фарзанди,
Ҳурлигингдир бизларга тортиқ.
Улуғ неъмат – энг азиз байрам,
Истиқлолим, мангу – боқий бўл.
То тириклик қадар яшнагин,
Бу ҳаётга қувонч бўлиб тўл!

МуЄаддасим ўзинг,
сен учун яшай!

Ягонасан, муқаддас Ватаним.
Севги ва садоқатим сенга бахшида,
гўзал Ўзбекистоним!

Бир парча еримизда райҳону раъно гулларни ўстириб, уларнинг ифоридан баҳра оламиз. Энг сархил мева берадиган ниҳолларни вояга етказиб, бола-чақамиз билан мевасидан баҳраманд бўламиз. Ортиқчасини қўни-қўшнимизга, қариндош-уруғимизга илинамиз.
Бунинг учун ер чопамиз, ўтоқ қиламиз, дарахтларга шакл берамиз, сув қуямиз. Хуллас, ерга, ҳовлимизга меҳримиз бўлакча. Остонадан ҳатлаб кўчага чиққанимизда ҳам илк рўбарў бўладиганимиз эшик-ора ва томорқада кўзни яшнатадиган манзарали дарахтлару гул ва ток ишкомларини ўстирамиз, бошқа резавор экинлар экамиз. Бу жойларга ҳам алоҳида эътибор билан қарашга интиламиз. Уй-иморатимизга, кўчаларимизга, шаҳару қишлоғимизга-да алоҳида меҳр-эътибор билан қараймиз.
Айниқса, бу гўшалардан хийла узоқлашиб, сиҳатгоҳгами ёки бошқа узоқроқ сафаргами кетадиган бўлсак, юрагимизда ажиб бир соғинчли туйғу туюб, шунинг баробарида кўнглимиз ортда қолаётганини ҳис қилиб, дилимиз маъюсланади. Ҳатто ҳар гал узоқроққа – хизмат сафарига кетаётганда ҳам транспортга чиқар эканмиз, кўнглимизнинг қаеридадир бир соғинч рангидаги безовталикни ҳис қилиб, ўйчан бўлиб қоламиз. Балки болаларимиз ортда қолаётгани учун шундай туйғуни ҳис қилаётгандирмиз, деган ўйга борамиз дафъатан. Бироқ таътил пайти аҳли оиламиз билан бирга йўлга отланганимизда ҳам барибир ўша таниш туйғудан кўнглимиз тўлқинланаётганини ҳис қилаверамиз…

* * *

Эслаймиз, анча ёш эдик унда. Чет давлатлардан бирига ўн икки кунлик саёҳатга олиб боришди. Хаёлимизда ўн икки йилча туюлди бу сафаримиз. Ортга қайтгимиз келаверди, бўғзимизга кўзёш тиқилиб, куну соатларни санаб, зерикиб, бўларимиз бўлди. Балки онажонимизни соғинганимиз, волидаи муҳтарамамиздан биринчи марта узоққа кетганимиз учун шундай бўлгандир, деб ўйлагандик ўшанда.
Ниҳоят, ортга қайтарканмиз, поезд қорли юртлардан чиқиб, пойтахт шаҳарга кириб келаётганда илк кўзимиз тушган шафтоли дарахтининг қийғос очилган нафармон гулини кўриб, бўғзимизга пўртанали кўзёш тиқилди. Ўзимизни аранг қўлга олдик… Буни баҳор соғинчига йўйдик ўша лаҳзада.
Қишлоғимизга кириб келаётганда эса илк бор беда экилган майдондаги мавж уриб турган қоракўрпа – йўнғичқага, тўмтоқ бошли тутлару лойқа сув тўлғониб оқиб ётган анҳорга, ариқ рошидаги хас-хашаклар орасидан аранг кўзга ташланаётган митти-митти ялпизлар шодасига, кечагина ёққан ёмғирдан тупроғи пилч-пилч лойга айланган сўқмоқ йўлга, лойсувоқли, пахса деворли ҳовлимизга – ҳар бирига кўзимиз тушганда, ўзимизни бениҳоя бахтиёр ҳис этдик. Ҳамма-ҳаммасини кўзу кўнглимизга жойлаб олгимиз, бағримизга бир йўла босиб, ҳар гиёҳу гулни, ҳар зарра тупроқни ўпгимиз келаверди. Ана шу пайтда эса юқоридагидай бўғзимизга тиқилиб келган кўзёш тизгинсиз равишда қуйилиб, юзларимизни юваверди…
Ҳаж – ниҳоятда улуғ ибодат. Бундай ибодатга етказган Парвардигорга беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. То Ҳаж жараёни ўтиб бўлгунча ҳатто кунлар, саналар ҳам эсимиздан чиқиб, ибодат амалларига ошиққанимиз, Каъбатуллоҳни тавоф айлаб, Сафо ва Марва орасида саъйлар қилиб, Яратган зикридан, Пайғамбаримизга (с.а.в.)саловотлар йўллашдан, талбиялар айтишдан тўймаганимиз кечагидай ёдимда турибди.
Аммо Ҳаж амаллари тугаган кундан бошлаб бошқа бир ажиб туйғуни ҳис қила бошладик. Аниқроғи, қўналға топганимиз меҳмонхона деворида ва автошоҳбекатда йўл кўрсатувчи бўлиб турган араб йигити қўлида мамлакатимиз байроғини кўрдик дегунча соғинчли ва жумбушли йиғи руҳимизга бостириб келаётганини бот-бот ҳис қилавердик…
Бугун ўйлаб қарасак, буларнинг барчасини бир жумла билан аташ мумкин. Ватанга муҳаббат экан – уларнинг барчаси. Уй-остонамизда меҳр билан қиладиган юмушларимиз ҳам шу туйғу боис зерикарли эмас экан. Бизни ҳамиша оҳанрабодай тортиб тургувчи илоҳий куч ҳам, ўзга юртларда соғинчга айланиб, руҳу жонимизни жумбушга соладиган йиғи ҳам ана шу ноёб, улуғ ва мўътабар туйғунинг берадиган неъматлари экан.

* * *

Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) бекорга “Ватанни севмоқ имондандир!” деб марҳамат қилмаганлар.
Чиндан ҳам кўксида ватаний туйғуси бор ҳар бир имонли инсон ўз она Ватанини, она юртини ардоқлайверади. Қўлидан келгунча, унга яхшилик қилиш учун интилаверади. Шу аснода айтишимиз жоиз, ўз аҳли оиласига яхшилик қилган ҳам, қўшниси ё қариндошининг бир мушкулига елка тутган ҳам, бир хайрли тадбиру ҳаракати билан қишлоғу маҳалласининг ободончилигига ҳиссадор бўлган ҳам; бозорларни обод қилган-у эл болаларига таълим-тарбия бераётган ҳам, қўйингки, киши қайси соҳада фаолият кўрсатмасин, чин дилдан жон куйдирадиган бўлса, у ўз юртини ардоқлаган, жонажон Ватанига яхшилик қилганлардан бўлади.
Илло, бу дунёда ана шундай қадрдон, онамиздай мушфиқ ва мукаррам Ватанимизга, у туфайли Оллоҳ юрагимизга солган гўзал муҳаббатга вафодор бўлиб яшамоқдан ортиқ бахт йўқ.

Салима
Умарова

Саҳифа 236 марта ўқилган.