Ҳар сафар раҳматли устозим – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов ҳақида бирор нарса ёзмоқчи бўлиб, қўлимга қалам олишим билан фикрлар ўз-ўзидан тўлиб-тошиб келаверади. Лекин бир лаҳза тўхтаб, фикрлар тўлқинини жиловлашга уринаман. Кўз олдимда дастлаб устознинг кулиб турган самимий ва нурли чеҳралари намоён бўлади. Неъмат аканинг юриш-туришларида, гап-сўзларида, хатти-ҳаракатларида – ҳамма-ҳаммасида меҳр ва самимият мужассам эди. Тўғрилик, тўғри сўзнинг фидойиси ва шайдоси эди. Ўзида ҳам, сўзида ҳам ҳалоллик, адолат барқ уриб турарди. У киши асосан ёлғонни ва ёлғончини жуда ёмон кўрарди. Ноўрин ва қуруқ мақтовни асло хушламасди.
Ёлғон ва сохта мақтовдан анча вақт хижолат бўлиб юрарди. “Ҳамма иллат зиғирдек ёлғондан бошланади”, – дерди устоз.
Шу боис ёзганларим орасида бирор бир ёлғон сўз ўтиб кетмаслигига, адиб ҳақидаги мақтовлар ҳам меъёридан ошиб, ёлғонни аралаштирмасликка ҳаракат қилдим. Чунки умри ҳалоллик ва тўғрилик билан ўтган, адабиётга виждонан хизмат қилган бундай самимий инсоннинг руҳларини безовта қилишга асло ҳақимиз йўқ. Зеро, машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳор айтганидек: “Адабиёт ҳалоллик ва виждон ишидир”. Неъмат Аминов ёзувчи ва инсон сифатида улуғ устознинг юқоридаги ўгитларига қатъий амал қилиб ўтди.
Ўзбек ҳажвиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган улкан адиб Неъмат Аминов ўз асарларида маҳорат билан кўплаб бетакрор ва ажойиб образлар яратди. Ўқувчилар тилига тушган бундай образларни таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов “адабий тип” деб баҳолади. Адабиётда эса тип яратиш барча ёзувчиларга ҳам насиб этмаган.
Ёзувчининг “Икки пуллик обрў”, “Қирқ учинчи почча”, “Лабиҳовуз хандалари”, “Тилло табассумлар”, “Қитиғи ўлмаган қиз”, “Чинорлар қўшиғи”, “Қаҳқаҳа” сингари китобларига кирган ҳикоя ва ҳажвиялари аллақачон адабиётимизнинг сара асарлари қаторидан муносиб ўрин олган.
Айниқса, адибнинг “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи адабиётда чинакам адабий ҳодиса сифатида баҳоланди. Роман ҳақидаги йирик мақоласида Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад шундай деб ёзган: “Бизда Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сидан бошқа йирик ҳажвий асар йўқ эди. Шунақа асарни узоқ йиллардан бери кутардик. Неъмат Аминов шу орзумизни рўёбга чиқарди. “Ёлғончи фаришталар” ўзбек адабиётидаги маҳорат билан ёзилган тўнғич ҳажвий романдир. Бундай ажо­йиб ва ўлмас асарни ёзиш учун ёзувчидан фақат уйғоқ виждоннинг ўзигина эмас, балки катта жасорат, матонат ва маҳорат ҳам талаб қилинади”.
Неъмат Аминов 1937 йилда Бухоро вилояти, Ромитан тумани Питмон қишлоғида туғилди. Болалик ва ўсмирлик даври Бухоро шаҳрида ўтди. Бухоро давлат педагогика институтининг (ҳозирги университет) тарих-филология факультетини тугатиб, Бухоро вилоят радиосида иш бошлади. Оддий ходимликдан фаолият бошлаган Неъмат Аминов кейинчалик радионинг бош муҳаррири вазифасида узоқ йиллар ишлади. “Хандон” ҳажвий радио журналини бевосита ўзи тайёрлаб, ўзи ўқирди. Неъмат акада актёрларга хос бадиий ўқиш қобилияти ҳам бор эди. Муқаллидлик санъатини ҳам яхшигина ўрганганди. Шу боис анча-мунча ижодкорларнинг овозларини худди ўзлариникига ўхшатиб ўқий оларди. Айниқса, кекса боғбон шоир Шариф Нурхон “бўлиб”, шеър ўқиганларида уларнинг овозларини ажратиш қийин эди.
Айтишларича, республика радиосидан Шариф Нурхоннинг ижоди бўйича эшиттириш тайёрлаб, шеърларини ёзиб келиш учун Бухорога борганларида шоир Самарқандга меҳмонга кетган экан. Шунда Неъмат ака Шариф Нурхон “бўлиб”, шоирнинг шеърларидан намуналарни худди ўзидай ўқиган. Бу шеърларни радио­дан эшитган Шариф Нурхон ёқа ушлаб: “Ё тавба, замоннинг қудратини қаранг, овозни ясаса ҳам бўларкан-да”, деган экан…
Устоз кулги билан туғилиб, кулги билан яшаб, ижод қилиб ўтди. Умрбод кулгига, ҳажвга содиқ қолди. У киши айрим ижодкорларга ўхшаб, сюжет излаб юрмасди, қаҳрамонни тўқиб-бичиб ўтирмасди. Неъмат ака қаҳрамонлари билан бирга яшарди. Улар давраларда, тўй ва маъракаларда, суҳбатлар жараёнида ўзлари “мени ёзгин”, дея муаллифга рўбарў келишарди. У киши энг жонли, сара ва бебаҳо кулгиларни ҳаётдан оларди. Бухоро ва бухороликларнинг ўзига хос ва бетакрор кулгисини адабиётга муҳрлади, десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, бухороликлар шеваси ёзувчи асарларида ўзининг бутун жозибаси билан ёрқин намоён бўлди, қаҳрамонларининг бетакрорлиги ва умрбоқийлигини таъминлади. Масалан, “Ёлғончи фаришталар”нинг қаҳрамонларидан бири Вафо аттор ногирон хўтикчага шундай таъриф беради:
“Вафо аттор митти кўзларини йилтиратиб, қўлини пахса қилди:
– Сабур, бўтам, сабур! – деди дағ-дағ титроққа тушган эр-хотинга, – ўшал айёми баҳорда, мана бу келинпошша камина бобонгизнинг ҳомилали эшаги устидан ҳатлағон эрдилар. Ўшанда бул кишингизнинг вазминлик ва оғирликлари, яъни бори карохатлари эшак устига тўкилғон эркан. Шул боис бечора хари бадбахтнинг курраси нухсли туғилган, яъни кўр ва бир қулоғи шалпангдур…
Вафо аттор хўтикнинг ногирон туғилганлиги ҳақидаги хабарни ҳам қироат билан айтди…”
Парчада келтирилган шева сўзлари жозибаси орқали қаҳрамон характерини ёрқин очганлиги яққол кўриниб турибди. Бундай бетакрор мисолларни ёзувчининг кўплаб асарларидан истаганча келтириш мумкин. Масалан, машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳорни ҳайратга солган “Қоровул” ҳикоясини олайлик. Неъмат Аминов бу ҳикояни ўзи радиода ўқиганда Абдулла ака эшитиб, муаллифини Саид Аҳмад акадан сўрагани ва ҳикояга яхши баҳо бергани устоз адиб хотираларида батафсил ёзилган. Ҳикоянинг бир жойида қоровул бобо ҳисобчи йигитга ўз шевасида шундай дейди: “– Падарингизга раҳмат, писар! – деди қоровул бош эгиб, – энди манга қарангиз, бизди биласизми, ана шу валас учун қанча иш кўрсатиб эрдук. Бухоро инқилоби замонасида подполнийда красний партизан бўлиб… бисёр босмачи унсурларни конний кавалерия билан қиличдан ўтказибидик… Биз десангиз, враг народларни тутишда ҳам кўп-кўп гиройликлар кўрсатибидик…” Баъзан Саид Аҳмад ака: “Неъмат, анаву “красный партизан”ингни ўқиб бер”, деб сўраб қоларди. Тан бериб айтиш керакки, ушбу ҳикояни Неъмат Аминовдан бошқаси, ҳаттоки зўр актёрлар ҳам бу даражада мароқли қилиб ўқий олмайди.
“Касб-корим одамлар лабидан, одамлар тақдиридан табассум излаш бўлди. Ҳар бир кўрганим – табассумни гўё бир тилло топгандек ёндафтарчам варағига авайлаб тугиб, хотирам кавакларига яшириб қўйдим. Вақти келганида шу “тилло”ларни қимматли ўқувчиларим бошидан сочдим. Бундан кўпларнинг руҳи ойдинлашиб, кўпларнинг юзлари мунаввар бўлди… Битта-яримта жириллаганлар йўқ эмас. Начора…”, деб ёзган эди Неъмат Аминов ўзининг “Тилло табассумлар” китоби сўзбошисида.
Собиқ шўро даврида ҳажвчи бўлиш, танқидий мақола ёки фельетон ёзиш жуда қийин иш эди. Лекин танлаган ижод йўли қанчалар оғир ва мураккаб бўлмасин, Неъмат Аминов бу йўлга умрбод содиқ қолди ва мардона туриб, жасорат билан қалам теб­ратди. Уни порахўрларнинг дўқ-пўписаси, юлғич ва такаббурларнинг қитмирликлари, ғийбатчи ва туҳматчиларнинг миш-мишлари, мансабдор ва бюрократларнинг стол остидан кўрсатган йўғон муштлари асло чўчита олмади. Аксинча, устоз улар билан қаламни маҳкам тутиб курашди, жамиятдаги иллатларни аёвсиз фош қилди. Аслида иллатларни фош этиш, уларнинг туб сабабларини очиб ташлаш осон эмас. Иллат бирдан ёки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Уни пайдо қиладиган муҳит, ғаламис кимсаларнинг кирдикорларини очиб ташлаш учун ҳақиқий жасорат керак.
Неъмат Аминовнинг фельетонлари, ҳажвий ҳикоялари эълон қилиниши билан қўлма-қўл бўлиб кетиши, адабий жамоатчилик ва мухлислар даврасида шов-шув қўзғаши тўғри гапнинг рўйи рост ва дадиллик билан айтилганида, ёзилганида эди. Масалан, “Республиканский эшон”, “Қора юрак”, “Кўк чироқ, қизил чироқ”, “Айбдор сигир” сингари фельетонлари ўз даврида қатор иллатларни аёвсиз нишонга олгани билан ажралиб туради. Айрим фельетонлар бўйича тегишли идоралар махсус қарорлар қабул қилган. Айрим фельетонлар бўйича суд маҳкамаларида қонун йўли билан курашишга тўғри келган. Лекин Неъмат Аминов бу жараёнларда ҳам ҳақ бўлиб чиққан. Камина бу сўзларни шунчаки ёзаётганим йўқ. Бу воқеаларнинг кўпчилигига гувоҳ бўлганим учун, раҳматли устознинг ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун қанча-қанча соғлиқ, асаб ва умри кетганлигини афсус билан эсламоқчиман. Ҳамма замонда ҳам ҳақиқатни ёзиш, уни ҳимоя қилиш осон кечмаган…
Юқорида айтганимиздек, ёзувчига катта шуҳрат олиб келган асари “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи бўлди. Роман дастлаб “Елвизак”, сўнгра “Суварак” қиссалари номи билан эълон қилинди. Бу қиссалар Неъмат Аминов номини яшин тезлигида китобхонлар юрагига олиб кирди. Адабий жамоатчилик қизғин кутиб олди. Мутахассислар ҳар икки ҳажвий қиссани ҳам ижобий баҳоладилар. Ёзувчи ушбу қўшқисса устидаги ижодий ишни қизғин давом эттириб, уни “Ёлғончи фаришталар” деб номланган ҳажвий романга айлантирди.
“Ёлғончи фаришталар” қизил империя гуркираб, совет турмуш тарзи дунёга кўз-кўз қилинаётган, “социалистик реализм адабиёти”да мадҳиябозлик, “ура-ура”чилик авж олган бир даврда яратилгани билан ҳам қадрлидир”, – деб таъкидлаган эди устоз Саид Аҳмад романнинг илк нашрига ёзган сўзбошисида. Кейин таниқли олим Озод Шарафиддиновнинг Неъмат Аминов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Ҳажвиётга садоқат” ижодий портрети пайдо бўлди. Кетма-кет қатор тақризлар, мақолалар эълон қилинди. Хуллас, роман адабий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олиниши билан бирга, ўз ўқувчилари қалбида ва адабиётда ҳам муқим ўрнини топди.
Мустақиллик Неъмат Аминов ижодида янги бир даврни бошлаб берди. “Муштум” журналида бош муҳаррир вазифасида ишлаб юрган пайтларида “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонига сазовор бўлдилар. Сўнг узоқ йиллар республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари лавозимида ишладилар. Халқимиз маънавияти ва маърифати юксалишида муносиб ҳисса қўшдилар. Ўша йиллари Неъмат Аминовнинг яна бир машҳур асари дунёга келди. Бу адибнинг отаси – Усто Амин Нуриллобой ўғли ҳақидаги “Бир аср ҳикояти” (Темирчидан қолган тиллолар) китоби эди. Асар дастлаб “Тафаккур” журналида эълон қилинди. 1995 йилда алоҳида китоб ҳолида нашр этилди. Бу мўъжаз китоб ҳам ёзувчининг олдинги асарлари каби дарҳол тилга тушди, қўлма-қўл бўлиб кетди.
Бу асар қаҳрамони салкам юз ёшга кириб оламдан ўтган машҳур темирчининг бир аср давомида ҳаётда кўрган-кечирганлари, хулосалари, ўгитларидан иборат. Китобда ёзилганлар шунчаки панд-насиҳатлар ёки хотиралар эмас, балки донишманд одамнинг ўзи яшаган давр ҳақидаги, замондошларининг оғир қисмати, қувонч ва изтироблари, шўро тузумининг қайғули асоратлари, мустақиллик даври шукроналари тўғрисидаги фалсафа билан суғорилган аниқ хулосалари, лўнда фикр­лари ва ибратли ҳикояларидан иборат. Китоб ҳамон завқ-шавқ билан ўқилмоқда.
Бизда ҳали бирор бир адиб ўз отаси ҳақида бундай бебаҳо ва ажойиб асар ёзмаган эди. Бу мўътабар зот Усто Амин бобо – асар қаҳрамонини камина ҳам кўп марта кўрган ва дуоларини олганман.
Усто Амин бобо билан суҳбатлашиш жуда мароқли эди. Бобонинг истараси иссиқ, сўзларида сеҳр бор эди. У киши илк бор кўришган одамнинг бир-икки оғиз сўзидан кимлигини дарҳол билиб оларди. Лекин ҳеч қачон одам ажратиб ёки танламасди. У киши яхшини ҳам, ёмонни ҳам Худонинг бандаси, деб биларди. Жуда раҳмдил ва қалби дарё инсон эди, бобомиз.
Китобни ўқиш жараёнида бобомизнинг нурли сиймоси, донишманд қиёфаси кўз олдингизда улкан қоя янглиғ юксалиб, баҳайбат чинордай аста-секин салобат касб этиб бораверади. Сўнгги саҳифасигача китобни ўқиб бўлгач, сиз ҳам Усто бобони яхши кўриб қоласиз. Гарчи у кишининг мағзи бутун ҳаётий ҳикматларига тўймасангиз ҳам, маънавий, руҳий чанқоғингиз босилганидан таскин топгандай бўласиз. Беихтиёр бобомизнинг ҳамсуҳбати, ҳамфикри, ҳамдардига айланасиз. Усто Амин бободаги донишмандлик гўё сизнинг қалбингизга ҳам кўчади…
Бобомиз асли темирчи ўтган. Бир ўринда у киши шундай дейди: “Темирчи бўлиб пичоқ ясамадим. Ўроғу кашкорд ясадим – одамлар буғдой ўрсин деб. Кетмону бел пешладим – деҳқонлар ариқ қазиб, сув тарасин деб. Кў-ўп капкир ясадим. Яна-чи, асов отларни тақаладим – жониворларнинг туёққиналари оғримасин деб”.
Ёки: “Бу дунёга келиб уч нарсадан ҳазар қилдим: биринчиси – тилло, иккинчиси – милтиғу таппонча, учинчиси – қадаҳ. Шу учаласини қўлимга олмадим”.
Ёки: “Бу ёлғончи дунёда рост сўзлашнинг ўзи амри маҳол. Гоҳида шу рост сўзнинг масъулияти туфайли келиб чиқадиган навбатдаги ёлғонлар кишини бебурд қиларкан. Шунинг учун баъзида сўзламасдан, сукут сақлашга мажбур бўларкансан киши…”
Ёки: “Юзма-юз келганда сандан атайин салом кутган такаббур кишига албатта салом бер, бир еринг камайиб қолмайди”.
Ёки: “Тавба, тиш бўлганда гўшт бўлмаса, гўшт бўлганда – тиш”.
Ёки: “Эсингда бўлсин, кўпам “Э, Худо”, “Э, Оллоҳ” дейишга одатланма. “Э”да иддао бор. Парвардигорга нола қилмоқчи бўлсанг “Ё, Худо!” “Ё, Оллоҳ” де. Шуниси тузукроқ…”
Бобомизнинг яқин биродари, машҳур ёзувчимиз Саид Аҳмад бу китобга шундай баҳо берган эди: “Ҳар бир ҳикояси каттакон романга тенг бу китобчани одамлар севиб ўқимоқдалар. Бу бебаҳо хотиралар олимга ҳам, чўпонга ҳам, ёзувчию врачга ҳам таъсир қилмоқда. Юз йилни бағрига сингдирган бу кичкинагина-ихчамгина китобча улуғ ёзувчиларнинг том-том асарлари билан баҳслашгудек…”
Бундай юксак истеъдод билан ёзилган яхши китоблар аслида ёзувчининг катта бахти. Лекин ана шу ноёб бахт ҳамма ёзувчига ҳам насиб этавермайди. Улуғ устозимиз Неъмат Аминов яхши ва умрбоқий асарлар ёзган бахтли ёзувчилар сафида ҳамиша барҳаёт.

Ашурали ЖЎРАЕВ

Саҳифа 46 марта ўқилган.