Зулфнинг маъноси сочдир, у ўтмиш адабиётида гесу, турра ёки кокил деб ҳам аталган. Зулф тасаввуфнинг муҳим истилоҳларидан бири бўлгани учун тадқиқотларда анчагина кенг шарҳланган. Жумладан, “Миръоти ушшоқ” (“Ошиқлар кўзгуси”) номли сўфиёна истилоҳларнинг изоҳли луғатида зулфнинг тасаввуфий маъноси ҳақида шундай дейилади: “Зулф деб жалолий сифатлар ва жамолий тажаллиётга айтилурки, улар мутлақ жамол ваҳдати яширин қолишининг сабабчисидир”.
Мутлақ жамол Оллоҳ ҳуснидир. Ваҳдат сўзининг маъноси бирлик, ягоналик бўлиб, ваҳдат Ҳусни Мутлақнинг ўз-ўзи ёки ғайб оламидаги жилвасига ишорадир, чунки мутлақ жамол ғайб оламида ваҳдат ҳолатида бўлади. Ваҳдат – касратнинг зидди. Касрат кўплик, ваҳдат эса бирликдир. Ваҳдат деганда Ҳақнинг ўзи, унинг ягоналиги назарда тутилса, касрат деганда Ҳақнинг зоҳирий олам ашёларида, хилма-хил ва сон-саноқсиз нарсаларда тажаллий қилиши тушунилади. Жалолий сифат ва жамолий тажаллиётга келадиган бўлсак, Ҳақнинг лутф сифатлари ва қаҳр сифатлари бўлиб, сўфиёна фалсафада лутф сифатлари Оллоҳнинг ўз жамолини оламдаги нарсаларда намоён қилиши, қаҳр сифатлари эса уни оламдаги нарсаларнинг пардаси ортига яширишидир. Бинобарин, олам Оллоҳ жамолини ўзида намоён қилувчи кўзгу, айни чоғда, хилма-хил нарсаларнинг сон-саноқсиз суратлари ортига яширувчи пардадир. Айтилганлардан келиб чиқилса, сочнинг мазкур таърифини шундай тушуниш мумкин: Зулф Ҳақнинг лутф ва қаҳр сифатлари билан тажаллий қилишидирки, улар Ҳақнинг, Ҳақ жамоли бирлигининг яширин қолиш сабабчиларидир.
Бироқ машҳур шайх Маҳмуд Шабистарийнинг “Гулшани роз” (“Сирлар гулшани”) асарига Лоҳижий томонидан ёзилган шарҳда соч бироз бошқачароқ талқин қилинган: “Юздан мурод Оллоҳнинг лутф сифатларидир, – деб ёзади Лоҳижий, – зулфдан мурод эса қаҳр сифатларидир”. Демак, Лоҳижийга кўра, зулф ҳам жамолий, ҳам жалолий тажаллий эмас, фақат жалолий тажаллийдир: юз зотий ҳусн жилваси бўлса, соч олам ва унда хилма-хил ва сон-саноқсиз шакл ва сувратларда намоён бўлувчи нарсалардир.
Зулфнинг Алишер Навоий ижодидаги тасаввуфий талқини ҳам Лоҳижий фикр­ларига яқин. Улуғ шоир бир ғазалида шундай деб ёзади:

Зиҳий, тажаллийи ҳуснунг келиб жаҳонорой,
Жамиллар санга ойинаи жамолнамой.
Жамол бирла жалолиятингдин ўлди бу навъ,
Саҳар узори уза шоми зулфи анбарсой.

Улуғ шоирнинг тажаллий ҳақидаги ғазалидан олинган мазкур парчанинг биринчи байтида айтилишича, олам Оллоҳ гўзаллигини акс эттирувчи ойнадир: Қандай ажойибки, – дейди файласуф шоир, – ҳуснинг тажаллийси оламга чирой берди ва чиройли нарсалар жамолингни кўрсатувчи ойна бўлди. Кейинги байт ҳусн ойнасида акс этган жамолий ва жалолий тажаллий ҳақидаги фикрларнинг поэтик изҳоридан иборат: Жамол билан жалолиятингдан анбар суртилган зулфнинг шоми тонг чеҳрасининг устида (ёйилгандек) бўлди. Байт тамсил санъати асосига қурилган бўлиб, биринчи мисрадаги жамол иккинчи мисрадаги узор (юз) билан, жалол эса зулф (соч) билан таносуб ҳосил қилган: жамол – юз, жалол – зулф. Ташбеҳ ва истиора сингари сержило, айни чоғда, мураккаб шеърий санъатлар либосида намоён бўлган байтнинг маъносини соддароқ қилиб ифодаласак, шундай бўлади: Ойинаи жамолнамо бўлган олам кўзгусида жамол ва жалолиятинг жилва қилди. Жамолинг тонг сингари ёруғ юз, жалолинг эса анбар суртилган хушбўй зулф бўлди. Қоронғи шом ёруғ тонгни яширганидек, зулфинг юз узра тушиб, уни кўздан пинҳон қилди.
Улуғ шоирнинг фикрларидан шундай хулоса чиқариш мумкин: зулф жалолий тажаллий, яъни оламдир, олам эса, қоронғи шом ёруғ тонгни яширгандек ёки зулф юз узра тушиб уни кўздан пинҳон қилгандек, илоҳий жамол узра тортилиб, уни кўздан яшириб туради. Яъни: Эй Парвардигор, – деб хитоб қилади шоир Яратувчи Зотга, – чиройли нарсалар жамолинг жилваланиб турувчи бир кўзгу бўлди, аммо, шом саҳарни, зулф юзни яширгандек, олам ва ундаги нарсалар ҳам жамолинг жилвасини яширувчи парда бўлди.
Мавлоно Лутфий бир ғазалида юзнинг жамолий, зулфнинг эса жалолий тажаллий эканлигини жуда очиқ айтади:

Ўғонки, қудрат ичинда камол кўргузди,
Юзунгнунг ойинасинда жамол кўргузди.
Жаҳонни ўртади ул дамки юзу зулфунгдин,
Тажаллиёти жамолу жалол кўргузди.

Мазмуни: Эй ёр, Парвардигор улуғ қудрати билан юзингнинг ойнасида ўз жамолини зоҳир айлади. Юзу зулфинг билан жаҳонни ўртаган чоғда юзингда жамолий, зулфингда эса жалолий тажаллиёт намоён бўлди.
Шундай қилиб, соч Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий ва Лоҳижийларнинг ёзишича, жалолий тажаллий, “Миръоти ушшоқ” муаллифининг таъкидлашича эса, ҳам жалолий, ҳам жамолий тажаллийдир. Бироқ жалолий тажаллий бўладими ёки жамолий – бундан қатъи назар, соч зоҳирий олам ва ундаги нарсаларнинг рамзи бўлиб, маъшуқа сочи юз узра ёйилиб, уни кўздан пинҳон қилганидек, олам ва ундаги ҳар бир нарса парда, ниқоб янглиғ Оллоҳ жамолини кўздан яшириб туради.
Ҳофиз Хоразмийнинг қуйидаги байтида ҳам соч шу маънода талқин қилинган:
Зулфи шабрангини моҳ узра ниқоб айладилар,
Отини иккисининг мушку гулоб айладилар.

Яъни: Тунсифат зулфини ойдек юзи узра ниқоб қилгач, зулфини мушку юзини гулоб деб атадилар.
Алишер Навоийнинг қуйидаги байтида ҳам илоҳий ҳусн юз, олам пардаси эса зулфга нисбат берилганлиги сезилиб туради:

Ғам туни дедим булутнинг пардасидин чиқти ой,
Зулфдин чиққан жамолинг меҳри рахшони эмиш.

Шоир байтда фикрий аниқлик ва таъсирчанликни ошириш учун тамсил санъатини ишга солиб, биринчи ва иккинчи мисраларда бир-бирининг маъносини тўлдирувчи жуфт тимсоллар келтирган: булутнинг пардаси – зулф, ой – жамол қуёши. Ғам кечасининг зулматида булутнинг пардасидан ой чиқти деб ўйладим, – дейди лирик қаҳрамон тилидан шоир, – Аммо билсам, жамолингнинг порлоқ қуёши зулфинг остидан чиққан экан. Илоҳий жамолнинг зоҳир оламда тажаллий қилиши биринчи мисрада ойнинг булут пардаси ичидан чиқишига, иккинчи мисрада эса маъшуқа ҳусн қуёшининг зулф булути ортидан юз кўрсатишига ташбеҳ қилинган.
Агар мазкур байтда Оллоҳ жамолининг зоҳир оламда жилва қилиши маъшуқа рухсорининг зулф пардаси ортидан юз кўрсатишига ўхшатилган бўлса, шоирнинг бошқа байтида, аксинча, унинг олам пардаси ортида ниҳон бўлиши ёрнинг юзини зулфи билан беркитишига нисбат берилган:

Ҳамул кун меҳри иқболимни шоми ғам ниҳон қилди,
Ким ул гул қилди пинҳон сунбули сероб ила ораз.

Мисрада тилга олинган гул маъшуқага ишора бўлса, сунбули сероб (яшнаган сунбул) зулфнинг истиоравий ифодасидир. Меҳри иқбол – иқбол қуёши, шоми ғам ғам кечасидир. Ҳақ дийдорини кўришга интилган ва буни улуғ саодат деб билган ошиқ зорланиб дейдики: Ул гул оразини сунбули сероби билан беркитган кун иқболимнинг қуёши ғам кечаси ичра ниҳон бўлди. Дарҳақиқат, Ҳақ ошиқлари учун илоҳий жамолнинг олам пардаси ичра пинҳон бўлиши иқбол қуёшининг ғам зулмати ичра ғойиб бўлиши билан баробардир.
Қуйидаги байтда зулф пардаси яна ҳам қуюқлаштирилиб, бирданига икки нарсага ташбеҳ қилинган:

Ики рухсори икки зулф ёпқондин ниҳон эрмиш,
Нечукким шуъла дуд ичра, қуёш ёхуд ғубор ичра.

Юз олов бўлса, зулф – тутун, юз қуёш бўлса, зулф – чанг-тўзон: ўт тутун ичида қолгандек, қуёш чанг-тўзон ичра йўқолгандек, маҳбубнинг икки рухсори икки зулф остида пинҳон бўлган.
Шу ўринда сочнинг ранги билан боғлиқ бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим: мумтоз шеъриятда соч рангининг қоралиги билан тасвирга тортилган. Юқорида келтирилган байтларда зулф юз билан ёнма-ён келиб, юз ой, қуёш, ўт каби нурафшон нарсаларга ташбеҳ қилинган бўлса, юздан фарқли ўлароқ, зулф тун, шом, тутун, ғубор каби хира ва қоронғи нарсаларга ўхшатилган. Бу бежиз эмас, албатта. Бу, бир тарафдан, сочнинг ранги билан боғлиқ бўлса, иккинчи тарафдан, олам пардасининг ҳам қоралигига ишорадир. Чунки сўфиёна фалсафага кўра, Оллоҳ жамоли нур бўлса, олам зулматдир, бинобарин, қора зулф маъшуқа юзига тортилган қора парда бўлганидек, олам ҳам Оллоҳ жамолига тортилган қора пардадир. Байт, Навоий:
Ажаб йўқ ўлса қора зулф оразингға ниқоб,
Қуёшқа тонгмудурур бўлса шоми тийра ҳижоб.

Шоир дейдики, зулф олам пардаси бўлса, ораз Ҳақ нурининг тажаллийсидир, қора зулф маъшуқа оразига ниқоб бўлганидек, зулф сингари қоронғи оламнинг ҳам Ҳақ жамолининг жилвасига парда бўлиши ажабланарли эмас.
Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш лозимки, пардалик сочнинг ягона хусусияти эмас. Сочнинг бадиий тимсол сифатида ҳам, тасаввуфий рамз сифатида ҳам мазмуний мундарижаси ғоят кенг бўлиб, унинг хилма-хил тасвир қирралари бор: узунлиги, беқарорлиги, савдоси, паришонлиги, ҳалқаси, тугуни ва бошқалар. Шу билан бирга, соч мумтоз шеъриятда дом, каманд, қуллоб, куфр, илон, соя, йўл, ришта, зуннор каби хилма-хил нарсаларга ташбеҳ қилинган.
Анъанавий тасаввурга кўра, соч қанчалик узун бўлса, у шунчалик маҳбубдир. Шунинг учун ҳам мумтоз адабиётда соч мумкин қадар узунроқ қилиб тасвирланган ва узунроқ нарсаларга ташбеҳ қилинган. Масалан, Атоийнинг қуйидаги байтида айтилишича, маъшуқанинг узун сочлари оёқларининг остига тушиб туради:

Узун сочингдин узмасмен кўнгулни,
Аёғинг қанда бўлса, бошим анда.

Алишер Навоий “Наводир уш-шабоб”да тасвирлайдики, маъшуқа сочларини тугун-тугун қилиб тугиб қўйганда оёқларига етади, агар тугунларни ечиб юборса, қулоч-қулоч бўлиб кетади:

Гириҳ-гириҳ чу тугарсен, етар оёғинга соч,
Гириҳларин чу очарсен, тушар қулоч-қулоч.

Улуғ шоирнинг бошқа бир байтда муболағадор қилиб тасвирлашича эса, ерда судралиб, ошиқни банд этишга қасд қилган зулфнинг узунлиги юз қулоч:

Зулфи эгнига етар, гар сочи ерга судралур,
Тенгдурур қайдим учун гар бир қарич, гар юз қулоч.

Шунинг учун зулфни мухтасаргина васф этиш мушкул, агар зулфнинг таърифига бир киришиб кетилса, зулфнинг қиссаси унинг ўзидек узун бўлиши тайин:

Эй Навоий, зулфининг таърифиға туштунг магар
Ким, сўзунгнунг тори ҳам бўлди паришон, ҳам узун.

Шунинг учун ҳам зулфнинг фироқидан бир оғиз ҳам сўз деб бўлмайди, чунки зулф узун, айтган билан адо бўлмас қиссадир. Лутфий:

Зулфунг фироқидин битайин шаммае дедим,
Ақл айди: Бошламаки, узундур ҳикояти.

Қуйидаги байтда айтилишича, маъшуқа сочларининг васфини тунлар то саҳарга қадар айтган билан ҳам тугатиб бўлмайди, чунки унинг сочлари тундан ҳам узундир. Атоий:

Кўп узун тун то саҳаргаҳ сочларинг авсофида,
Мажлиси ошифта дилларни муаттар айладим.

Лутфий бир байтида маъшуқа юз ва сочини васф этиб, юзини ойга, сочини эса йилга ўхшатади. Ой юзию узун сочларининг фикрида умримни хуш кечирмоқдаман, – дейди у, – бу умрнинг ойларию йилларининг қандай эканлиги бир менгаю бир кўнглимга аён:

Ой юзию узун сочи фикрида умр хуш кечар,
Ман билурам доғи кўнгулким бу не моҳу сол эрур.

Агар соч таъриф ва тавсиф қилинган байтлар бир жойга тўпланса, сочнинг узунлиги ҳақида шундай хулосага келиш мумкин: соч ғоят узун – юз қулоч, юз қулоч эмас, тундек узун, йилдек узун, умрдек узун, ва ниҳоят, абаддек узун.
Сочнинг узунлиги сўфиёна истилоҳда Мутлақ Ҳусн тажаллиётининг чексиз-чегарасиз эканлигига ишорадир: Мутлақ Ҳусн азалдан абадга қадар бир лаҳза бўлсин тиним билмай, хилма-хил ва сон-саноқсиз нарсалар тарзида ўзини намоён этиб туради. Бадиий адабиётда соч беҳад узун қилиб тасвирланганда ана шу азалий ва абадий жараён назарда тутилади. “Зулфнинг узунлиги, – деб ёзади Лоҳижий “Шарҳи “Гулшани роз”да, – мавжудот (вужудга келиш), касрат (кўпайиш) ва тааййунот (аён бўлиб туриш)нинг чексиз-чегарасиз эканлигига ишорадир”. Соч абад қадар узун бўлганидек, тажаллий жараёни ҳам абад қадар муттасил ва давомийдир.
Зулфнинг илонга ташбеҳ қилиниши мумтоз адабиётда тез-тез учраб турадиган анъанадир. Лутфийнинг қуйидаги байтида маъшуқанинг юзи ганж – хазинага, юз узра ёйилган сочлари эса ганж устида ётган илонга ташбеҳ қилинган:

Юз уза зулфунг эрур ганж устида ётқон йилон,
Ваҳ, ўшул ганж орзусидур бизни вайрон айлаган.

Юз – ганж, зулф эса ганж устида ётган илон. Юз ва зулфнинг бундай талқини ганж ва илон ҳақидаги халқона тушунчаларга бориб тақалади. Ганж беҳисоб олтин-кумуш, дурру жавоҳирлардан иборат хазина бўлиб, афсоналарда айтилишича, у кўпроқ вайроналарга яширилган бўлади. Қаерда ганж бўлса, ўша ерда илон ҳам бўлади, чунки заҳарли илон ганж устида кулча бўлиб, кечаю кундуз уни қўриқлаб ётади. Шунинг учун ўтмиш адабиётида юз ганжга ўхшатилганда, зулф кўпинча ганжни қўриқлаб ётган илонга нисбат берилади. Ҳофиз Хоразмий:

Юзи устиндаги зулфиндин чекар жоним азоб,
Ганж устинда анингтак мор пинҳон бўлмасун.

Баъзан соч илон эмас, аждарга ўхшатилиши ҳам мумкин. Навоий:

Зулфу рухсоринг ғами не тонг бузуғ кўнглум аро,
Аждаҳо гар бўлса вайрон ичра, махзан ҳам бўлур.

Юз – ганж, зулф – аждар, кўнгил эса хазина яширинган вайрона. Зулфу рухсоринг ғами бузуқ кўнглимга тушган бўлса ажабланарли эмас, – дейди шоир, – ахир вайрона ичра аждар бўлгандан кейин, у ерда махзан – хазина ҳам бўлади-да!
Илоннинг сўфиёна талқинига келадиган бўлсак, илон сочнинг ўзига хос рамзи экан, унинг маъноси ҳам соч билан бир хил: олам ёки олам ҳаваси. Аммо илон тимсолида зулфга қараганда оламга нисбатан салбий муносабат кучлироқ: олам илоҳий ҳусн жилвасини яширган шунчаки парда эмас, балки ҳусн ганжи устида кулча бўлиб ётган илон, кимки унга яқинлашса, унинг заҳридан омонлик йўқ. Лутфий:

Бир тутуб зулфунгни юз минг заҳр топдим зулмидин,
Оре-ореким, йилон тутқанға самдин чора йўқ.

Зулфингни бир бор тутдим-у, унинг зулмидан минг бор заҳар топдим, – дейди оламнинг заҳарли илон эканлигини билмаган ошиқ, – ҳақиқатан ҳам, илон тутган кишининг заҳардан омон қолиши қийин экан. Оламга нафақат кўнгил бериш, балки унинг ёдини кўнгилга келтириш ҳам қўйнида заҳарли илон сақлаш билан баробар. Навоий:

Қўйнида афъий, не мумкин кўзга уйқу кирмаги,
Улки ҳар тун ёд этар бир зулфнинг печу хамин.

Қуйидаги байтда ҳам дунё молига бўлган салбий муносабат, уни кескин рад этиш жуда ёрқин акс этган. Навоий:

Дунё аруси зулфини тутқан не огаҳ фақрдин,
Ганж истамас улким, йилон тутмоқ била хурсанд эрур.

Байтда фақирлик дунёпарастликка қарама-қарши қўйилган бўлиб, фақр, гарчи айтилмаса ҳам, яширин тарзда юзга, юз ганжга; дунёпарастлик зулфга, зулф эса ўз навбатида илонга ташбеҳ қилинган. Шоирнинг таъкидлашича, юз ганж бўлса, соч – илон. Дунёга меҳр қўйиш ганж турганда, ундан юз ўгириб, илон тутиш билан овора бўлган кишининг ишига ўхшайди; ганжни қўйиб, илон тутиш билан хурсанд бўлиш нечоғлиқ гумроҳлик бўлса, Маҳбуби Ҳақиқийнинг висолига интилмай, дунё келинчагининг зулфидан тутиш ҳам шу қадар гумроҳликдир. Аммо, шоир чуқур таассуф билан қайд қиладики: дунё келинчагининг сочини ушлаганлар фақр нима эканлигини қаердан билсин, зеро, илон тутиш билан хурсанд бўлган кишига ганжу хазинанинг кераги йўқ.
Сочнинг ўзига хос, тасаввуфга доир китобларда эътибор берилмаган жиҳатлари­дан бири унинг йўл сифатида талқин қилинишидир. Лутфий ёзади:

Чиқмади зулфунг саводиндин кўнгул йўл бор учун,
Мунча умр этиб узун тунларда шабгир устина.

Кўнгил бутун умр узун тунлар зулф қоронғилигида йўл босган бўлса ҳам, зулф қоронғилигини тарк этгани йўқ, чунки зулф саводида (ёруғликка чиқадиган) йўл бор, – дейди шоир.
Ҳофиз Хоразмий девонидан олинган қуйидаги байтда ҳам зулф йўлга ўхшатилиб, зулфнинг саводида йўлини йўқотган кўнгил ҳолати тасвирланган:

Гумроҳ бўлса хаста кўнгул зулфина тушуб,
Эрмас ажаб, қоронғу кеча йўл бўлур ғалат.

Агар, – дейди шоир, – кўнгул ёр зулфининг йўлига тушиб адашиб қолса ажабланарли эмас, чунки қоронғи кечада йўл яхши кўринмайди-да!
Келтирилган ҳар икки байтнинг ҳам мазмунидан кўриниб турибдики, зулф – йўл, кўнгил эса йўлчи, зулф йўли – қоронғи йўл, унда кўнгил адашиб қолиши мумкин.
Қуйидаги байтда зулфнинг қоронғи йўлига кирган йўлчининг бу йўлга киришдан мақсадлари баён қилинган:

Ҳофиз каманди зулфида юзин тилар тамом,
Шабравда бор чун маҳи тобонға эҳтиёж.

Байтнинг мазмуний мундарижаси ҳам, тимсоллар талқини ҳам аввалги байтлар билан деярли бир хил: зулф – қоронғи йўл, Ҳофиз ёки унинг кўнгли – қоронғи кечада йўл босувчи шабрав. Ҳофиз (кўнгли) зулфининг камандида экан, унинг тилаги фақат ёрнинг юзидир, – деб ёзади шоир, – ахир шабрав, яъни қоронғи кечада йўл босадиган йўлчида (йўлини ёритиб турадиган) ой нурига эҳтиёж бўлади-да! Демак, қоронғи кечада йўл босаётган йўлчининг мақсади – ёрнинг тўлин ойдек юзи. У зулфнинг қоронғи йўлларига кирар экан, бу йўл орқали ёрнинг мунаввар юзига етишишни истайди.
Қуйидаги байтда ҳам роҳрав, яъни йўлчининг мақсадлари ўз ифодасини топган. Ҳофиз Хоразмий:

Иймонни талаб қилдим анинг зулфи йўлинда,
То куфри хами зулфида иймонға етишдим.

Бу байтда ҳам зулф – қоронғи йўл, Ҳофиз (кўнгли) эса қоронғи кечада йўл босувчи шабрав. Фақат аввалги байтдан фарқли ўлароқ, бу байтдаги шабравнинг мақсади ойдек юз эмас, балки иймон: Иймонни талаб қилдим анинг зулфи йўлинда. Иймон юзнинг ташбеҳларидан биридир. Шунинг учун айтиш мумкинки, зулфнинг қоронғи йўлига кирган ҳар икки ошиқнинг ҳам мақсадлари бир: ёрнинг юзи. Юзнинг сўфиёна маъноси: Ҳақнинг жамоли! Демак, ҳар икки байтда ҳам шундай сўфиёна мазмун ифодаланган: Зулфининг қоронғи йўлига киришдан мақсадим Ҳақ жамолидир. Маълум бўладики, зулф оддий йўл эмас, кўнгилларни Ҳақ жамолига етказадиган йўлдир.
Бундан зулфнинг сўфиёна маъноси ҳақида шундай бир хулосага келиш мумкин: зулф сўфиёна тариқатнинг ўзига хос ифодасидир! Бу жиҳатдан зулф ва тариқат ўртасида тўла ўхшашлик бор. Аввало, шакл жиҳатидан: сочнинг кўриниши йўлнинг кўринишига ўхшайди – иккаласи ҳам ингичка ва узун. Иккинчидан, мазмун жиҳатидан: Ҳақ даргоҳига элтадиган йўлнинг боши зулмат, охири нур бўлганидек, зулф йўлининг боши ҳам қоронғи, охири нурдир, шунингдек, тариқат бу йўлга кирган солик руҳини оқибат Ҳақ даргоҳига еткизганидек, соч ҳам унга боғланган кўнгилларни Ёр юзининг висолига еткизади. Қолаверса, тариқат сўзининг маъноси ҳам йўл, демак, зулф билан тариқат ўртасида мустаҳкам алоқадорлик бор.
Алишер Навоийнинг “Қаро кўзум…” деб бошланувчи машҳур ғазалидан олинган қуйидаги байтда зулф йўл сифатида талқин қилиниш билан бирга, муҳим бир тафсил билан тўлдирилган:

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,
Сочингни боштин аёқ чин ила шикан қилғил.

Аввалги байтларда ифодаланган маъно: соч – йўл, кўнгил йўлчи, юз эса мақсад, фақат бу сафар соч бошдин аёқ чин ила шикан билан тўла: Эй Ёр, – дейди висолга интилган ошиқ, – агар кўнгиллар юзинг висолига етсин, дейдиган бўлсанг, сочларингни бошдан аёқ чин ила шикан – ҳалқа-ҳалқа қилгил. Соч Ҳақ висолига етказувчи – йўл, шундай экан, сочнинг чин ила шиканлари ҳақида шундай дейиш мумкин: чин ила шикан йўлдаги манзил-бекат, яъни мақомлардир. Ҳақиқатан ҳам, солик тариқат манзил-мақомларидан бир-бир кўтарилиб, Ҳақ висолига етганидек, кўнгил ҳам соч йўлларидан ҳалқама-ҳалқа кўтарилиб, Ёр юзининг висолига етиши мумкин.
Зоҳиран қараганда, зулфнинг бундай талқини билан унинг парда сифатидаги талқини бир-бирини инкор қилаётганга ўхшайди: зулф Ҳақ жамолини яширувчи парда бўлса, қандай қилиб у яна кўнгилларни Ҳақнинг жамолига етказиши мумкин? Аммо моҳиятан улар ўртасида зиддият йўқ, чунки олам, бир тарафдан, Ҳақ жамолини яширувчи парда бўлса, иккинчи тарафдан, Ҳақ жамоли жилваланиб турувчи кўзгу ҳам. Ҳақ жамоли оламдаги ҳар бир нарсада худди кўзгуда жилвалангандек жилваланиб туради. Ҳофиз Хоразмий девонидан ўрин олган қуйидаги байтда зулф, яъни оламнинг ҳам парда, ҳам кўзгу эканлиги ёрқин акс этган:

Каманди зулфидаким, печу тоб кўрунадур,
Қаронғу кеча манга офтоб кўрунадур.

Байтнинг мазмунини сўфийлар тилида ифодаласак, шундай бўлади: Ёр зулфининг ҳалқаларида, яъни олам ашёларида илоҳий жамол жилваланиб туради, бу менга қоронғи кечада чиққан қуёшга ўхшаб кўринади. Демак, олам қоронғи кеча бўлса, Оллоҳ жамолининг жилваси қоронғи кечада таралаётган қуёш нурларидир.
Алишер Навоийнинг зулф силсилайи мақсуд – Ёрга етказувчи занжир деб таърифланган қуйидаги байтида ҳам силсила дейилганда, соч ва унинг чин ила шиканлари, яъни Ҳақ жамолининг олам ашёларидаги жилваси назарда тутилган:

Гесу санга бўлмишдур чун силсилайи мақсуд,
Мажнунунг эрур жонлар, қил силсила бирлан банд.

Эй Ёри азиз, – дейди шоир, – Сенинг сочларинг Сенга (Мақсуд)га етказувчи занжир бўлмиш, сочларинг иштиёқида жонлар мажнунга айланган, сен уларни сочларинг занжири билан банд қил, (токи улар бу силсила воситаси билан мақсадга етсинлар). Яъни: Соч Мақсуд (Оллоҳ)га етказувчи занжир, жонлар (кўнгиллар) мақсадга етмоқлари учун бу силсиланинг ҳалқаларига боғланишлари, яъни Оллоҳ жамолининг жилвасини олам ашёларида мушоҳада қилишлари лозим.
Ҳофиз Хоразмийнинг қуйидаги байтида гарчи зулф йўл эмас, шаби меърож деб талқин қилинса ҳам, зулфнинг Оллоҳ висолига етказувчи йўл эканлигини сезиш қийин эмас:

Анбар бики зулфиндин анинг жон кеча билмас,
Чун васл замонинда ўшулдур шаби меърож.

Анбар каби хушбўй зулфидан жон кеча олмайди, – дейди зулф савдосига тушган ошиқ, – чунки у висолга элтувчи шаби меърождир. Шаби меърожнинг маъноси меърож кечаси. Шоир ёр зулфини меърож кечаси деб таърифлар экан, меърож кечаси ҳақидаги машҳур ривоятга ишора қилади. Айтишларича, Муҳаммад (с.а.в.) на бирор инсон, на бирор пайғамбарга насиб этмаган улуғ саодатга мушарраф бўлганлар: бир кун кечаси Буроқ деган отга миниб, Қуддусдаги Ақсо номли масжиддан осмонга – Оллоҳ ҳузурига кўтарилганлар. Диний китобларда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Оллоҳ ҳузурига кўтарилишлари уруж ёки меърож, бу воқеа содир бўлган кеча эса меърож кечаси деб аталади. Байтда зулф меърож кечасига, жон эса Муҳаммад (с.а.в.) га ўхшатилган: Меърож кечасида Муҳаммад (с.а.в.) Оллоҳ висолига етганларидек, – деб ёзади шоир, – жон ҳам зулфнинг тунида ёрнинг висолига етишни истайди, чунки зулф жон учун меърож кечасидир, шунинг учун у зулфдан кеча олмайди.
Келтирилган байтлар таҳлилидан шундай хулосага келиш мумкин: зулф кўнгил­ларни Ёр висолига етказувчи ўзига хос йўл, ўзига хос тариқат, зулфнинг чин ила шиканлари эса йўлдаги манзил-мақомлардир. Зулф олам бўлса, унинг чин ила шиканлари оламдаги турли нарсалар. Илоҳий жамол олам ва унинг ашёларида жилва қилиб, бу жилва кўнгилларни юзнинг висолига – Ҳақ даргоҳига етказувчи ҳидоят нурларидир.
Шундай қилиб, зулф сўфиёна истилоҳда олам тимсоли бўлиб, унда оламга хос зиддиятлар ўз аксини топган: у гоҳ парда бўлиб, Ёр жамолини пинҳон қилса, гоҳ йўл ёки ришта бўлиб, кўнгилларни Ёр юзининг висолига етказади.

Абдулҳамид ҚУРБОНОВ

Саҳифа 229 марта ўқилган.