Навоий вилояти адабий муҳити ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Бу ерда туғилиб, вояга етган, бугун самарали ижод қилаётганларнинг кўпчилиги рес­публика миқёсида танилган. Баҳриддин Садриддинов, Музаффар Жаҳон, Салима Умарова, Одил Ҳотамов, Ҳамдам Эшонқулов, Раҳим Қодир, Жалолиддин Юсупов, адабиётшунос олим профессор Абдуҳамид Холмуродов, ёшлардан Дилобар Аслиддин қизи, Дилноза Абдуҳамидова, Ифтихор Хонхўжаевларнинг номи адабиёт аҳлига яхши таниш. Буларнинг орасида таниқли шоир, адиб ва драматург Менглибой Муродовнинг алоҳида ўрни бор. Шеърлари, ҳикоялари, қиссаю романлари билан ўқувчилари меҳрини қозонган Менглибой ака бугун ҳам фаоллар қаторида.
Ўзи туғилиб-ўсган ҳудудда яшаб ижод қилаётган адиблар ўзбек адабиётида анчагина. Булар марказга интилмасдан, вилоятда яшаб ҳам яхши ижодкор бўлишни исботлаган адиблардир. Менглибой Муродовни ҳам шулар қаторига қўшиш мумкин. Менглибой Муродов 1942 йил 15 майда Навоий вилояти Конимех туманидаги Шодибек қишлоғида зиёли оилада таваллуд топди. У 1960 йилда туман марказидаги 1-ўрта мактабни битириб, Бухоро давлат педагогика институтига (ҳозирги БухДУ) ўқишга киради. Институтни имтиёзли диплом билан тамомлаган Менглибой қишлоғига қайтиб, тумандаги Алишер Навоий номидаги 9-ўрта мактабда иш бошлайди.
Шеърият кўнгилларни нафисликка ошно қилади. Айни пайтда шеърлари китобхонни гўзалликка эш қилиши учун шоирнинг дили тоза, кўнглида бир нур бўлиш керак. Менглибой Муродов илк ижодини шеърлар ёзишдан бошлаган. Унинг шеър­ларини ўқиган китобхон сатрлар қатида ана шундай нур борлигини ҳис қилади. Ҳар бир шоирнинг шеърий таъсир қуввати турлича бўлиши табиий, муҳими, унинг моҳиятидаги самимийлик, кўнглида борини бошқалар билан баҳам кўриш ҳиссидир. Шоирлик ҳақида, шоир қисмати ҳақида ҳар кимнинг ўзича қараши бор. Лекин буларнинг барчаси моҳиятида бир нарса – ўзини бошқаларга фидо қилиш ётади. Фидойиликни тор маънода тушуниш керак эмас. Кўнгил фидойилиги, туйғулар фидойилиги деган тушунча бор. Инсонда ўзгаларга яхшилик қилиш нияти, ўзидаги яхши нарсаларни бошқалар билан баҳам кўриш истаги бўлмаса ундан фидойилик кутиб бўлмайди. Зукко шеърхонни алдамаган, самимий сўзлаган одам ҳамиша ютади. Унинг энг катта ютуғи самимийлиги боис беғубор кўнгиллардан жой олишидир. Менглибой аканинг шеърини ўқиган китобхон аввало мана шу инжаликни ҳис қилади. Шоир қайси мавзуда ёзмасин самимий бўлишга интилади.
Менглибой Муродов она юрт мадҳига бағишланган шеърларида Ватан сиймосини тумтароқ сатрлардамас, самимий мисраларда чизади. Қиёсларни ҳам юрт табиатидан келиб чиқиб топади. “Она юртим Ўзбекистон” шеъридаги қуйидаги мисраларга эътибор қилинг:

Қарайвериб юлдузларнинг кўзи толар,
Тўлин ой ҳам сенга боқиб ором олар.
Қуёш эса маҳлиё бўп туриб қолар,
Бетакрорим, она юртим Ўзбекистон!

Бир банднинг уч мисраси табиат тасвири билан қиёслаш орқали юрт гўзаллигини мадҳ этишга бағишланган. Бу ерда бирорта ортиқча сўз йўқ. Шоир самимий қиёслар орқали юрт мадҳини кўнгилдан жой оладиган қилиб тасвирлаяпти. Ойнинг ором олиши ҳам, қуёшнинг тиккага келганда вақт тўхтаб қолгандек, сониялар юрмаётгандек бўлиши ҳам Ўзбекистон табиати билан боғлиқ. Ўқувчини ҳайрон қолдирмайди. Ёки ҳазрат Навоийга бағишланган “Навоий гулшани” шеърини ҳам табиат – гулшан, гул билан боғлайди:

Кириб қолдим бу гулшанга чиққим келмас,
Таровати ҳамда кўрки ақлим олди.
Ҳар гулининг ҳар япроғи, ҳар бир ранги,
Қалбларимни титратгудай туйғу солди.

Мана шу жиҳат унинг “Табиат ва ҳаёт манзаралари” туркумини яратишга туртки бўлди. Туркумдаги шеърлар табиат манзараларидан илҳом олиб янги-янги ҳаётий хулосалар чиқарилганининг яхши намунасидир.

Хазонрез япроқлар йўлимга тушди,
Биттаси мунғайиб қўлимга тушди.
Бир нечтаси ўнгу сўлимга тушди,
Бу ҳолдан шу тобда минг маъно туйдим.

Табиат тасвири билан боғлиқ ўхшатишларни қоғозга туширишда шоирнинг қалами яйраб кетади. “Кузда” шеъридаги мисраларга эътибор берайлик:

Ечинтириб қўйди дарахтларни куз,
Хаёлларга толди бу ҳолдан боғлар.
Барги хазонларга кўмилиб ҳовуз,
Бир хўрсиниб қўйди сокин ирмоқлар.

Энди унинг тескариси бўлган бир ҳол ифодаланган “Баҳорнинг аҳди” шеърини кўринг:

Ой солланиб юлдузларга чироқ илди,
Сарполарин сочди кўкнинг сандиқлари.
Ёғдуланган баҳоройнинг авжи келди,
Сурнай чалди дала-тузнинг чандиқлари.

Биринчи икки мисрага эътиборни қаратсак, табиат тасвири миллий руҳда тасвирланганини кўрамиз. Мана шу оҳанг кейинги мисраларда янада кучаяди.“Билиб-билмай тиралиб қолди, Қояларга увада булут”, “Хўмрайган ола булут қовоғин уйди, Ой эса ўйланиб туриб қолди жим” тасвирлари китобхонни ўйлантиради, табиатни теран кузатиб, гўзаллигини илғашга ундайди. Ой гўзал қизга менгзалган бу тасвирдан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ.

Авжи келиб қолди бу кеча ойнинг,
Сочларини тараб, қошларин керди.
Хаёлин қочирди дарёнинг, сойнинг,
Дала, қирга чиқиб чучмома терди.

Шоир бир шеърида ойни гўзал қизга ўхшатса, иккинчи шеърида эртакчи момога қиёслайди. Унинг маҳорати шундаки, ҳар иккисида ҳам китобхонни ишонтиради. “Оқшом аста ухлаб қолди” шеърида шу ҳолатни кўрамиз.

Тунга эртак айтавериб,
Ой салгина ҳориб, толди.
Сеҳрланган оқшом аста
Гўдак тахлит ухлаб қолди.

Тонг-ла турди турфа олам,
Йиғиб олиб ҳушларини.
Мароқ билан ҳамма шошиб,
Кунга айтди тушларини.

Менглибой Муродовнинг “Ҳолат”, “Шамол ва боғ”, “Баҳор соғинчи” каби яна кўпгина шеърларида янги ташбеҳларга, жонлантиришларга дуч келамизки, бу шоир иқтидоридан, руҳи тозалигидан далолат.
Низомий Арузий Самарқандий “Шеър илмининг моҳияти ва шоирнинг салоҳияти ҳақида” рисоласида шундай ёзганди: “Шоирнинг руҳи тоза, фикри кенг, таъби латиф, кўнгли тўғри ва зеҳни ўткир бўлмоғи лозим. У яна турли фанлардан хабардор бўлиши, ҳар хил одатлар билан таниш бўлмоғи керак. Чунки шеър ҳар бир илмда қўл келиши ва ҳар хил илм шеърда ифодаланиши мумкин”. Шу жиҳатларни Менглибой ака ижодида кузатиш мумкин.
Менглибой оғанинг шеърлари мавзу жиҳатдан ранг-баранг бўлганидек, мазмунан ҳам турфа хил. “Юрагимга”, “Ношудга”, “Тошда ҳам кўнгил бор” каби шеърлари шоирнинг фалсафий қарашларга ҳам мойиллигидан далолатдир.
Ижодкор асардан асарга ўтаркан, ўз-ўзини такомиллаштириб бориши керак. Изланишни тўхтатмай, янги кашфиётлар қилишга уриниши даркор. Менглибой Муродов ҳам вақт етиб, насрда қалам тебрата бошлади. Шеърга сиғдиролмаган фикрларини насрда тўкиб солди. “Гуноҳ” романини ёзди. Маиший мавзуда йирик асар ёзишнинг ўз масъулияти бор. Ёзувчининг “Гуноҳ” романида икки ёш – Шамсиддин ва Гулсаранинг бир болани тирик етим қилганлигининг гуноҳи ҳар иккаласинигина эмас, бутун бир оилани бир умр таъқиб қилгани ва бир гуноҳнинг касрига қанчадан-қанча бегуноҳлар қолиб кетгани ҳаётий тасвирланган. Асарда айниқса, қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати яхши очиб берилгани диққатни тортади. Гўдагини болалар уйига ташлаш учун олиб кетаётган Гулсаранинг руҳий ҳолати шундай тасвирланади: “Аёл шошилаётганига қарамай, боласининг митти қўлларидан ўпмоқчи бўлди, бироқ унинг уйғониб кетишидан қўрқдими, дарҳол фик­ридан қайтди. Аёл яна ва яна гўдагининг юз-кўзларига суқлана-суқлана термилди. Кўзларига ёш тўлиб-тўлиб термилди… Шу пайт гўдак кулимсираб қўйди. Бу ҳолат аёлнинг юрагини баттар хуружга келтирди. Ўзини йўқотаётган аёл шу онда гўдагини бағрига олиб тўйиб-тўйиб эркалагиси, муаттарлик ва мафтункорликда бу дунёда ўхшаши йўқ чақалоқ исидан маст бўлгиси келди”. Асарда мана шундай киши тийнатини кўрсатадиган тасвирларнинг кўплиги ёзувчининг қаҳрамонлари руҳиятини очишдаги маҳоратини қўрсатади.
Романда миллий қадриятларимиз билан боғлиқ кўплаб эпизодлар мавжуд. Ота­лар ва болалар ўртасидаги муносабат, қадриятларнинг қадрига етиш ва айни пайтда ўз қадрини ҳам билиш масалаларига алоҳида ёндашилган.
Шамсиддин келишган, ўзига ишонган йигит. Аммо унинг ишончи саёз. Шу маънодаки, ўйлаган ишини охиригача олиб бора олмайди. Унинг ўзига ишончи худбинлик, холос. Ўзига бино қўйишдан келиб чиқадиган худбинлик. Худбинлик бўлмаса болани етим қилмасди, Гулсаранинг бошига шунча ташвишларни солмасди. Демак, унинг севгиси ҳам маълум даражада худбинликнинг қурбони ўзининг шаъни учун бошқанинг шаънини ерга булғашнинг ҳосиласи бўлган. Шамсиддин гуноҳ устига гуноҳ қилади. Гулсарани алдаб бир гуноҳ қилса, Ойсарани алдаб икки гуноҳ қилади. Натижада гуноҳларнинг залвори ортавериб охири ўзига ҳам зарбаси қаттиқ бўлади. Ёзувчи бу гуноҳнинг оқибатини таъсирли кўрсатиш мақсадида, Шамсиддиннинг гуноҳлари болаларига урганини кўради. Бу гуноҳ ўзига урганда китобхон кўнглида “жазосини олди” – деган фикр уйғониши мумкин эди. Улар энди болаларга ачинади, Шамсиддинга нафрати ортади. Ёзувчи қаҳрамонига нафрат орттиришдан манфаатдор эмас. Асарнинг мантиқий тадрижи, қилинган гуноҳнинг залвори ниҳоятда оғирлигини ҳис қилдириш учун ҳам керак бу усул.
Гулсара ҳам четда қолгани йўқ. Ота-онасининг аҳволи, акасининг ногирон бўлиб қолиши, сиҳатини йўқотиши буларнинг барчаси бир нуқтага бориб тақалади. Яъни, қилинган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам беиз кетмаслиги. Сўнгги пушаймон ўзингга душман, демоқчи.
Романда сюжет тизимидаги узвий боғлиқлик, асарни ўқиганда китобхон воқеаларни чалкаштирмаслиги учун композицияни тўғри қуриш муҳим рол ўйнаган. Асарда воқеалар кетма-кетлиги тўғри белгиланса, китобхонни жалб қилиш баробарида таъсир кучи ҳам ортади. Ўқувчида нега бундай бўлди, аввал бошқача тасвирланган эди-ку деган фикр уйғониши керакмас. Аксинча, бир воқеадан иккинчисининг келиб чиқиши, мантиқий изчиллик муҳим аҳамиятга эга.
Менглибой Мурод номини танитган асарларидан бири болалик йилларидан олиб ёзилган “Менинг бола қалбим” қиссасидир. Қиссанинг ёзилиш тарихи ҳақида ёзувчининг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Гуноҳ” романим босмадан чиққач, жойларда китобхонлар билан кўплаб учрашувлар ўтказдик. Улар менга: “Сизнинг нима армонингиз бор?” – деган саволни беришганда, юрагимнинг туб-тубига муҳрланган армоним беихтиёр юзага қалқиб чиққандек бўлди. Менинг армоним унча-мунча армон эмасди. Мен учун отамни кўриш, унинг юз-кўзларига термилиб қараш бир умрлик армонга айланганди. Жажжигина бола қалбим билан мана шу улкан армонни кўтариб, улғайдим. Ёшим ўтгани сайин, армоним юрагимга чуқур ботиб бораверди… Ушбу асарни сизга тақдим этарканман, отасининг йўлида зор-интизор яшаётган болакайнинг юрагини қўлингизга тутқазаёгандекман”. Ёзувчи кўксини куйдирган армонларини, соғинчлари, кўрган-кечирганларини самимият билан қаламга олгани асарнинг ўқишли чиқишига замин бўлган. Асар бошланишидаги воқеа: отаси урушга кетгандан сўнг туғилган, ҳали падарини кўрмаган бўлса-да, унинг дийдорига интиқ боланинг бошқа болаларга қўшилиб эшак миниб келаётган бир тўда одамларга қараб ота деб югуриши, оталари эшакларига мингаштириб олган болалар олдида изза бўлиши жуда таъсирли берилган. Ёзувчи асар давомида мана шу таъсирчанликни ушлаб туришга ҳаракат қилади ва бунга эришади­ ҳам. Асар биринчи шахс – бола Менглибой тилидан ҳикоя қилиниши ҳам ички кечинмаларни теран ифодалашга хизмат қилган. Қиссада уруш йилларидаги оғир иқтисодий аҳвол, қишлоқдаги турмушнинг беадад қийинчиликлари таъсирчан ҳолатда берилади. Асарда нозик руҳий кечинмалар моҳирона акс эттирилган, чиройли табиат тасвирлари талайгина: “…Неча кундан буён осмонни қоплаб турган қора булутларни ёриб чиққан баркашдай офтоб нурлари ҳовлимиздаги уюм-уюм қорларнинг додини бериб йиғлатаётган ва башарасини хунуклаштириб, тупроққа қориштираётган эди”. Ёки: “Офтоб чиқиб турган бўлса-да, ҳовлининг ҳар ер-ҳар ерига уйилган қор ва музлар меҳмонга ўхшаб чўзилиб ётар, ўринларидан қўзғалай демасди”. Қорни йиғлатиш, узала тушиб ётган меҳмонга ўхшатиш жуда оригинал топилмалардир.
Бригадирнинг портретини шундай чизади: “Ўзиям сузағон ҳўкиздай важоҳатли, телбавор. Юзида озгина бўлса-да истараси йўқ, кўзлари ҳам илонники каби совуқ йилтираб туради”. Бундай тасвирлар асар бадиийлигини ошириши билан ўқувчига бадиий завқ беради, воқеалар зидлигини кучайтиради.
Асарда воқеалар асосан қиш фаслида кечганлиги, табиатдаги совуқликнинг таърифи, асардаги турмуш “совуқлигини” бўрттиришга хизмат қилган. Фаслларнинг инсон руҳиятига таъсири бўлганидек, ёзувчи ҳам таъсир кучини ошириш маъносида қиш фаслига кўпроқ урғу берган. Асарда ишлатилган халқ мақоллари: “Пухтанинг иши беш, шошманинг иши бўш”, “Ҳолини билган ҳоримас”, “Ота сўзи олмос, отгани ерда қолмас”, “Чақмайдиган бит йўқ, қопмайдиган ит йўқ”, “Давлатинг – ота-онанг, савлатинг – ўғил-қизинг”, “Ориқ отга қамчи оғир, йиртиқ томга томчи оғир”, “Тош тушган ерига оғир”, “Мушукка ўйин, сичқонга қийин”, “Дард – меҳмон, тана – қўрғон”, “Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ” каби ва яна бошқа кўпгина халқона ҳикматларнинг қаҳрамонлар тилидан ўз ўрнида қўлланиши асар тилининг жозибадорлигини ошириб, қисса тилининг янада ширали бўлишига хизмат қилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев қиссага битган “Интизор қалб армони” сўзбошисида шундай ёзади: “Менглибой Муродовнинг “Менинг бола қалбим ёхуд армонга айланган умид” асарини бир эмас, икки-уч бор ўқидим. Ўқиган сари яна ўқигим келаверди…
Айтишларича, бадиий асар деб аталадиган гўзал кошонани бир-биридан чиройли ишланган тўрт устун кўтариб турар экан. Бу – гўзал ғоя, бир-биридан чиройли сўзлар, бу – пухта ишланган образлар, бу – ихчам сюжет. Шулардан бири бўлмаса, ўша гўзал кошона сал қийшайиброқ қолади, дейдилар. “Менинг бола қалбим ёхуд армонга айланган умид” асарида шу тўрт ҳолатнинг бирмунча мукаммал ишланганини кўрдим”. Асарни ўқиган китобхон атоқли ёзувчининг фикрларига қўшилиши табиий.
“Савоб” романи худди “Гуноҳ” романининг давомидек. Аммо, бу романда аксинча, савоб ишнинг аҳамияти беқиёслиги Яхши бобо мисолида кўрсатилади. Ўсмир ёшдаги ўқувчилар учун мўлжаллаб ёзилган асар “Бир кўнгил иморати – минг Макка зиёрати” мантиқига асослангандек туюлади. Асар бошдан охиригача эзгулик тарғиботига бағишланган ва ўқувчида ҳам шундай эзгу туйғулар шаклланишига хизмат қилади.
Менглибой Муродовнинг асарларида ўқ томир – яхшиликка чорлов десак адашмаймиз. “Онамнинг ҳиммати”, “Жазо”, “Ирода”, “Аёл қисмати” ҳикоялари мағзини ҳам, “Уйғониш”, “Қайтар дунё”, “Интизор қалб армони” драмаларининг мазмунини ҳам, мантиқини ҳам эзгуликни улуғлаш ғояси тутиб туради ва бу ўқирманга завқ бағишлайди. Менглибой Муродов асарлари ҳақида таниқли адиб ва адабиётшунослар Хуршид Дўстмуҳаммад, Шуҳрат Ризаев каби ижодкорларнинг илиқ фикрлар билдиргани ҳам яхши асар ёзган ёзувчи меҳнати қадр топаётганидан далолатдир.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ

Саҳифа 35 марта ўқилган.