МАДАНИЙ АВЛОДЛАР СИЛСИЛАСИ

Шарқ юлдузи/ Yanvar 6, 2018/ Суҳбатлар

Атоқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров ва таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад суҳбати

Хуршид Дўстмуҳаммад: – Иброҳим ака! Суҳбатимиз аввалида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби фахрий унвонига сазовор бўлганингиз муносабати билан кўплаб мухлисларингиз, шогирдларингиз ва адабиёт ихлосмандлари номидан табрик этишга рухсат бергайсиз.
Иброҳим Ғафуров: – Раҳмат! Вақти-соати етиб бизнинг ҳаётга келиб озми-кўпми меҳнатимиз, бадиий адабиёт, адабий танқид, бадиий таржима соҳаларида узоқ йиллардан бери қилган хизматларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳукуматимиз томонидан юксак даражада тақдирланганидан бошимиз осмонга етади. Бу олий эътибор зиммамизга буюк бир масъулият ҳамда бурчдорлик юклаётганлигини теран ҳис қилиб турамиз. У бизни тинимсиз фаол ижодга ундамоқдаки, албатта бу бизга ғайрат ва куч-қувват бағишлайди. Режаларимиз бисёр, вақтимиз эса олға етаклаб боради.
– Иброҳим ака! Сиз қарийб 60 йилдан буён адабий жамоатчилигимиз майдонида фаоллик кўрсатиб келасиз. Миллий адабиётимиз, маърифатимиз, миллий бадиий тафаккуримиз тарихининг фаол яратувчиларидан бири сифатида ўз тажри­ба­н­­­­­гиз, ўз мактабингиз бор. Адабиётшунослик, танқидчилик, таржимашуносликка оид асарларингиз, Сизнинг таржималарингиз орқали ўзбек китобхонларининг маънавий меросига айланган жаҳон адабиётининг энг сара намуналари, мансуралар туркуми, қолаверса, маънавият ва маърифат йўналишидаги фалсафий кузатиш ва мушоҳадаларингиз жамланган китоблар юзасидан жуда кенг ва хилма-хил мавзуларда суҳбатлар қуришимиз мумкин. Ўрни келганда, “Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат” ва “Паривашлар мажлиси” деб номланган уч жилд китобингизни сўнгги йиллар маданий воқелигимизда алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш зарур. Бадиий,­ илмий-маърифий трилогия деб аташ мумкин бўлган мазкур учликда ҳозирги кунимизнинг бир-биридан долзарб мавзулари, муаммолари қаламга олинган. Зеро, халқнинг, миллатнинг ўзлигини англаши, миллий тафаккур, миллий дунёқараш ва миллий дид тарбиясига доир мавзулар ҳеч бир замонда ўз долзарблигини, муҳимлигини йўқотмайди.
– Сиз бирма-бир тилга олаётган нарсалар бизнинг халқ ҳамда миллат сифатида дунё саҳифасидан номимиз ўчиб, йўқолиб кетмаслигимиз учун керак. БМТнинг 72-сессиясида Давлатимиз раҳбари катта эътиборга сазовор маъруза қилди. Унда Ўзбекистон ва глобал дунёнинг бугунги картиналари билан бирга икки жуда ёрқин таклиф халқаро анжуман сессиясига киритилди. Президентимиз БМТ Ассамблеясига Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш, “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқди. У дунёни энг долзарб масалаларда тўла ҳамжиҳатликка чақирди. Ҳалокат ёқасида турган дунё учун бу кенг, мазмундор таклифлар, ҳеч қандай муболағасиз, халоскор ғоялар каби янгради. Шу билан бирга Президентимизнинг нутқидаги “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз” – деган сўзлари барча софдил, виждонли кишиларнинг юраги тўридан чуқур жой олди. Сиз айтаётган миллий тафаккурнинг моҳияти мана шундай фикрлаш ва мана шундай ғоялар булоқларидан чиқиб келаётганлигини сезмаслик, англамаслик мумкин эмас. Булар миллий тафаккур мавҳум бир нарсалар эмас, балки чин маънода тараққиёт тенденция­ларини акс эттирадиган аниқ-равшан жонли ҳодисалар эканлигини кўрсатади. Мана шундай ҳаётий асосларга эга бўлган Навоий, Улуғбек, Абулғози Баҳодирхон сингари аждодларимизнинг миллий яшовчан ғоялари бизга келажагимиз йўлларини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам бизнинг келажагимиз буюк деймиз. Аждодларимиз доимо ҳамжиҳатлик ва одамийликни ўлмас миллий ғоя сифатида халқнинг дунёқарашига сингдиришга интилиб келганлар. Бугун шу интилишлар янги самаралар бериб, янги мундарижа касб этиб жаҳон минбаридан жарангламоқда. Мен узоқ пайтлардан бери ҳаё халос­кор деб эътиқод қилиб келганман. Эътиқодимда ҳамон собитман. Жуда кўп одамлар ҳам шу эътиқодга хайрихоҳ эканликларини биламан. Чунки бу бизнинг яшовчан миллий ғояларимиздан бири ва энг муҳимларидан. Мана, ҳозир буюк халқаро анжуман залида ўзим ўтиргандай бўлиб, қулоғим остида янграётган сўзларга хаёлан шўнғирканман, янги мазмундор ғоялар теран миллий фикр қаърларидан етилиб чиқаётганлигини англайман. Қандай долзарб бу ғоялар ва қандай дунё миқёсларида истиқболли!
– “Мангу латофат” китобингиз “Миллатнинг биллурланиши” сарлавҳали мушоҳадалар билан очилади. Яширмайман, бу мақолани бир неча қайта мутолаа қилдим, уни ўқиган дўстлар билан фикрлашдим. Ва ҳар сафар “биллурланиш” сўзи ниҳоятда ноёб топилма эканлигига иқрор бўлар эканман, бу сўз айниқса миллатнинг вужудга келиши, такомили ва юксалиш жараёнларини ўзида мужассам этгани билан ҳайратга солади ўқувчини. Эҳтиросларни жунбушга келтиради, хаёлни, шуурни фаоллаштиради.
Ҳар қандай инсон олдида бир қатор азалий ва эскирмас савол кўндаланг туради. Мен кимман? Қандай яшаяпман? Ҳаётим давомида одамларга, халқимга, Ватанимга қандай наф келтирдим? Тўғри ва ҳалол яшаяпманми? Бундан кейинги умрим йўли ва мазмунини тўғри белгилаб олганманми? Амалларим ниятларимга вобастами?
Худди шу саволлар ҳар бир миллат олдида ҳам туради. Саволларга топилган жавоблар ўша инсоннинг, ўша миллатнинг номаъи аъмолини, қиёфасини белгилаб беради.
Янги ислоҳотлар бошланаётган жамиятда, илмий тилда айтганда, ўзига хос уйғониш даврига кирган халқ миллат тушунчаси тўғрисидаги қарашларини аниқлаштириб олмоғи зарур. Сиз бу савол жавобини турк алломаси Зиё Кўкалпдан топасиз ва “Миллат бу – тарбияси ва тили бир – умумий бўлган одамлардан иборат маданий-маънавий категория” дея таърифлайсиз. Фикрингизнинг илоҳий Қуръони карим ҳикматларидан келиб чиққан давоми эса китобхон тасаввурида янада чарақлаб, жаранглаб акс садо беради. Мен уни қуйидагича катта ҳарфлар билан алоҳида таъкидлаб ёзгим келади: МИЛЛАТ ДЕГАНДА ТЎҒРИ ЙЎЛНИ ТОПГАН ОДАМЛАР ТУШУНИЛГАН!
Мен эътиборингизни миллат, давр, жамият ва яшашдан мурод тўғри йўлни топа билиш эканлигига қаратмоқчи бўляпман. Шулар борасидаги ўйларингиз, қарашларингиз ва мезонларингиз билан ўртоқлашишингизни истаяпман.
– Дунёда аҳди паймони бир ва боши қовушган тирик ғоя атрофида бириккан, тил бирлиги, қолаверса, давлат бирлиги ва анъаналар бирлигига эга қавмларни миллат деб қарашга одатланилган.
Миллий тафаккур тарзи кенг маънода фикрлаш шаклларини яратади. Аммо ташқарига қаранг: ҳамма-ҳамма ёқларда глобализация… У инсоният яшаб ўтган барча асрлардан тамомила фарқли… У барча инсонларни умумийлаштиришга, маҳражини йўқотиш, фақат суратни қолдиришга зўр беради. Бундай шароитда миллий ўзига хослик фақат миллий тил ва унинг бойликларида, ифода имкониятларидагина сақланиб қолади.
Миллий характерларнинг турфа шакллари ҳам ҳали узоқ замонлар ўзига хослигини йўқотмайди. Миллий характерларнинг ўзаклари ўзгармайди. Йўлчи, Обид кетмон, Ўзбекойим… гарчи тарихий замонларнинг маҳсуллари бўлсалар-да, улар характерининг ўқ илдизи бўлган соддалик ва одамшавандалик талай замонларгача сақланиб боради.
Яшаш шароитлари, дунёқарашлар тадрижий ўзгаради. Аммо кўнгил… янгиланмайди. Нафс, нафсоният худди қадим-қадимлардай ўз ҳукмини ўтказаверади. Нафс тараққиёт стимули каби англанади. Динни, динларни англашга интилиш доим кучаяди, доим бу ўз кучини кўрсатиш пайида бўлади. Бу соҳаларда модернизация эҳтиёжлари тобора равшанлашиб боради. Мазҳаблар барча динларда замонлардан орқада қолиб кетиб анахронизм тусини олади. Динни соф ҳолда англаш ва қабул қилиш эҳтиёжлари ортади. Дин ақидаларига турли мазҳабларнинг тўқиб чиқарган фарқларисиз соф ҳолда риоя қилиш иштиёқлари тобора кучаяди. Бу инсониятнинг янги камолот босқичига кўтарилганидан дарак беради. Аммо кўнгил янгиланиши учун нима керак? Бунинг учун одам қайтадан туғилиши керакмикин. Умуман, ўзи кўнгил янгиланиши одамга керакми? Одам ўта консерватив ақидаларнинг занжирларига боғланиб яшайверса бўлмайдими? Бу унинг ўзига осон-ку! Аммо бошқа бир томондан кўнгил янгиланиб турмаса, миллат қоладими?
Ҳақиқий адабиёт, ҳақиқий шеър, ҳақиқий мусиқа, ҳақиқий рангтасвир асари, боя тилга олганимиз ҳақиқий яшовчан ғоялар ва улардан туғиладиган гўзал ишлар инсон ва миллат кўнглини янгилашга қодир. Кўнгил янгилангандагина сиз тилга олган тўрт маърифий мафкуравий ўзак ҳам янгиланади. Бу ижодкор, маданий ­авлодларнинг қандай тер тўкишларига боғлиқ. Бизнинг кейинги 26 йил давомидаги ҳаракатларимиз бу жаҳон саҳнасида тўғри йўлни топиш ҳаракатларидир. Тўғри йўл перспективаси Ўзбекистоннинг озодлик конституциясида мустаҳкамланган. Конс­титуциянинг мазмун-моҳияти ва ғояларининг қиммати унга ҳар бир фуқаронинг қай даражада тўлиқ риоя қилиши билан белгиланади. Ҳар бир мамлакатнинг реаллиги унинг конститутциясида ифодаланган реалликларга мос келгандагина қиммат ва буюк аҳамият касб этади. Бизнинг замонамизда тўғри йўллар давлатларнинг конститутцияларида қайд этилади ва фаолият учун замин яратади. Фақирлик фалсафаси донишмандлигининг отаси Диоген халқ билан муттасил ва кечаю кундуз савол-жавоб қиларкан. Унинг жавобларида ажойиб-ғаройиб тамойиллар мужассам. Чунончи, Диогендан “Ер юзидаги энг оғир нарса нима?” – деб сўрашибди. Диоген: “Энг оғир нарса – нодонлик”, деб жавоб берган экан. Ер юзида фақирлик фалсафасининг Антисфен, Кратет, Керкид, Дион каби улуғ оталари томонидан ҳам кўп гўзал фикрлар ва йўллар кўрсатилган, инсониятга эса, уларга риоя этиб яшашгина қолган. Тўғри йўл, бу йўл… жуда одми нарсага ўхшайди-ю, нон каби ҳаётнинг асоси. Дунё ҳакимлари тўғри йўл топиш учун тинмай жон койитганлар, одам боласини тарбиялашга уриниб не-не таълимотлар яратганлар, барча динлар асосида тўғри йўлдан юриш тарғиб қилинади. Аммо… риоя… ҳамон ўша Диоген замонларида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай.
Муҳаммад Ғаззолий “Мен ўзимни ва бошқаларни тузатишни истайман”, дейди. У одамзодга тўғри йўлни топаман деб, Дамашқнинг энг баланд минораси тепасига чиқиб ўтирар, ҳужрасини ичкаридан беркитиб узун кун узлатга шўнғирди. Саодат кимёси тўғри йўл бўлса керак, деб ўйларди. Шунинг учун “Хатолардан халос қилувчи” деган номда рисола ёзганди. XII асрнинг Ибн Рушд деган ҳакими эса тўғри йўл топиш учун фалсафани дин ақидаларига мутаносиб қилишга уринганди. Тўғри йўл топиш истаги ҳамон очиқ… ҳамон янгидан янги кашшофларни кутади. Бир куни буюк аждодимиз Абу Бакр Муҳаммад Хоразмийнинг “Ҳурмат эҳсон билан баробар”, “Яхши китоб ўқиш қайғу заҳарига қарши дору”, “Аҳамиятсизлик – таҳқирланиш”, “Ўтириш яроқсизлик” сингари ҳикматларини Саолибийнинг “Дунё ёқутлари” деган китобидан мутолаа қилиб ўтириб, беихтиёр ўзимга ўзим:
– Мен кимман? – деб савол бердим. Ўйлай-ўйлай:
– Мен муаллимман, ҳаёт ва адабиёт муаллими, – дедим.
– Дарс бердингизми?
– Дарс ҳам бердим. Кўпроқ ибрат учун ҳаёт мени нима қилганини айтганман.
– Ҳаёт йўлларида ўйинчоқ бўлдингизми, шамоллар учирдими, шамол чоғлари шам ёқмоқчи бўлдингизми? Куз япроғидек учиб кўчдингизми, шалола зарраларидек парланиб кетдингизми?
Мен ўзимга шафқатсизлик қилаётганимни сездим.
– Ҳаёт мени ўз кўйларига олиб кирди. Кўйларидан қандай чиқишни ўргатди. Бир куни ўқ тишимни суғуриб олган тиш дўхтиридан энди нима бўлади? – деб сўрадим. У: “Ҳаёт кўрсатади”, – деди. Бу менга жуда ёқди. Шундан сўнг орифлар кўйига кирдим. Ибодуллоҳ бўлмаса ҳам, ибодуллоҳдай бўлдим. Сизга бир одам ўз назарида тўғри йўлни қандай топганлигини бир жайдари мисол тариқасидагина келтирмоқчи бўлаётирман. Аммо тўғри йўлни топиш фақат озодлик мавжуд бўлгандагина мумкин ва муяссардир.
– Француз олими Э. Каррер Д’Анкос “Миллатларнинг зафари” китобида ёзган: “Ўрта Осиёда миллий туйғуларнинг биллурлашуви ҳодисаси кўзга ташланмоқда” деган сўзлари замиридаги маъно-мазмунни шарҳлай туриб, гарчи очиқ-ошкор тилга олмасангиз-да, мавзуни ХХ асрнинг бошларида кечган ижтимоий-маърифий жараёнларга бурасиз. “Миллат онги ва туйғуларининг биллурланиши жараёнга кирди” деган сўзларингиз ҳам бевосита бундан 100 йил бурунги жадидлар ҳаракатига бориб тақалади. Савол туғилади: не-не улкан алломаю даҳо зотларимиз яшаб ўтган олис давр ва замонларда миллатнинг биллурланиши ҳодисаси кузатилмаганми? Амир Темур, Алишер Навоий замонларида халқимиз миллат сифатида шаклланмаган эдими? Ёки Сиз китобхон эътиборини атайин ХХ аср аввалидаги воқеаларга қаратмоқчи бўлганмисиз?
– Милоддан аввалги III асрда Сирдарё ва Амударё оралиғида туркийларнинг Қанғ деб аталган давлати шаклланиб, Қовунчи маданияти деб номланган маданият майдонга келган. Шундан сўнг этномаданий жараёнлар шиддатли тус олиб, туркийзабон қавмлар барқарор мавқе касб этганлар. Икки дарё оралиғида ўзбек халқига хос шаклу шамойил (қиёфа) чизги топган. Албатта, ўзбеклар, Ўрта Осиёда ўтроқ яшаган турли қавмлар, Сибирь, Еттисув, Олтой, Чин-Мочин, Булға ва Ўролдан келган қардош қариндошлар (этник компонентлар) ўзбек халқи этногенезида иштирок этганлар. Милодий VII асрдан эътиборан, бу ўлка “Туркистон” деб номланган. IX–XI асрларда яхлит бутун туркий қатлам ва жонли туркий тил кенг миқёс олиб мустаҳкамланган. Бу маълумотлар Ўзбек миллий энциклопедиямизда чуқур илмий асосда қайд этилган. Қорахонийлар даврида эса миллий умумийлик, тил ва дин, давлат бирлиги қарор топди. Ўзбек халқининг биллурланиши, уюшиши, дунё­га интеграцияси жадал давом этди. Биллурланиш бу маданий-маънавий, руҳий, иқтисодий-сиёсий, мароқли тафаккурга эга бўлиш; дунё жавлонгоҳида ўз қиёфасига – ўзлигига эга бўлишдир. Одам боласи мен инсониятга нима бердим? – деб айтдими, демак, бу биллурланишнинг аниқ бошланиши ва бу бизнинг илк тошбитикларимизда жуда ёрқин ифодаланганлигини яхши биласиз. Мен бу савол жуда муқаддас бир нарса бўлса керак деб ўйлайман. Ҳар ким ҳам уни ўз-ўзига беришга ҳар доим ҳам журъат этолмайди. Ортиқча бошоғриғи деб ҳисоблайди. Элга наф келтиришни олдига мақсад қилиб қўйиш бу ахлоқий, маданий биллурланиш. У ҳар бир миллий салоҳиятда илғор умумжаҳон даражасига кўтарилиш. Ушбу мавқедан туриб ўз тарихини дадил жасорат билан яратиш. Миллатга қовушолмаганлар тарқалиб кетган. Биз ҳам шундай фожиаларни бир неча маротабалаб бошимиздан кечирганмиз. Тарихимизда айрим шахслар маданий, ахлоқий, эътиқодий, илмий-фанний биллурланишнинг энг эзгу намуналарини дунёга келтирганлар, устувор даражада қудратли кучга айлантирганлар Маҳмуд Кошғарий Девони, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”си, Қутбнинг “Хисрав ва Ширин”и, Навоий, Лутфий, Беруний, Ибн Сино, Замахшарий, Яссавий, Форобий – санаб тугатиш қийин: булар тарихий адабий маданий биллурланишлардирки, уларда миллат ўзини яратди ва намоён қилди. Бизнинг ўзбек – туркий цивилизациямиз шулар каби бирликлар биллурланишлар билан характерланади. Бизнинг цивилизациямиз эл-юрт манфаатларини биринчи даражали деб билишдан, юрт, тил бирлиги туйғусидан барқарор бўлди. IX асрдан бошлаб ўзбек цивилизацияси ислом цивилизацияси билан туташди ва ўз мундарижаси, уфқларини бойитди.
Мен Навоийни яхлит бир цивилизация деб биламан. Унда асрлар, цивилизация­лар мужассамланди.
Бир шахс цивилизация бўлолмайдими?
Навоийда бир бутун миллий ўзбек цивилизациясининг барча таркиблари ва хусусиятлари мавжуд. Буни алоҳида таҳлил қилишимиз керак.
Навоий цивилизацияси қанотларини кенг ёзиб бизнинг даврларгача етиб келмоқда ва ўтиб ҳам кетажак.
Навоий цивилизацияси… бу сўз менинг жонимга жуда ёқади.
Жадид аждодларимиз Навоий цивилизациясини давом эттирувчилари бўлдилар. Унинг маърифатини янги замонларга олиб кирдилар. Бу эзгу ишга бошларини тикдилар.
– “Бизда миллатни англаш миллий туйғуларнинг кучли танқидидан бошланди”. Ҳақиқатан ҳам шундай: янгилик истовчи, жамиятни, кундалик турмуш тарзини янги ўзанга солиш қайғусида ҳаловатидан воз кечган жадид оталаримиз аввалбошдан миллий урф-одатларимизни шиддатли тарзда танқид остига олишдан бошладилар. Парадоксни қаранг – урф-одатларимизни биллурлаштириш истагида… урф-одатларга қарши ўт очилди. Хабарсизлик, лоқайдлик, биқиқлик, янгиликка бефарқлик сингари иллатлар қораланди. Саволим қанчалик эриш туюлмасин, уни ўртага ташлашга эҳтиёж катта деб ўйлайман. Жадидлар жон олиб-жон бериб курашган, танқид ўтини қаратишлари оқибатида санаб ўтилган миллий тийнатимиздаги иллатлар камайдими? Яъни, жадид адабиёти, маданияти, матбуоти озмунча жон куйдирдими, озмунча курашдими, шу йўлда озмунча ўзлигидан кечдими? Натижа нима бўлди? Оқибат нима бўлди?
“Натижа” ва “оқибат” деганда мен икки ҳолатни назарда тутмоқдаман. Бири – миллатимиз феъл-атворидаги қусурлар йўқолдими, камайдими? Умуман миллатга хос урф-одатлар таркибидаги қолоқ туйғулардан батамом фориғ бўлиш мумкинми? Фикри ожизимча, миллатни конкрет одамга қиёслайдиган бўлсак, беайб – Парвардигор, банда камчиликлардан холи бўлолмайди деган ҳукм ёдга келади. Демак, ҳар қандай миллат муайян ижобий ва салбий (ёқимли ва ёқимсиз десак ҳам янглишмаймиз) хусусиятлар мажмуасидир десак хато бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, биз назарда тутаётган, истаётган “натижа” жуда оз бўлиши ёхуд бўлмаслиги аччиқ ҳақиқатга ўхшайди.
Мен назарда тутган иккинчи ҳолат эса кескинроқ. Инсоният, жамият, давлат, сиёсат, мафкура, миллат, миллий туйғу ва шу сингари тушунчалар ҳақида сўз борар экан халқнинг зиёли қатлами билан боғлиқ масалалар кўпчиб чиқади. Ҳар қандай жамиятда зиёли қатламнинг ўрни, аҳамияти ниҳоятда катталиги ҳаммага аён ҳақиқат. Шу билан бир вақтда ҳамиша зиёли қатлам вакилларининг пешонасига кўз кўриб-қулоқ эшитмаган захматлар, азоб-уқубатлар, аянчли қисматлар битилганига истаганча мисоллар келтириш қийин эмас. Масалан, жадид аждодларимиз тақдирини эслаш кифоя. Қаранг, миллат тақдири йўлида жонини тиккан, ҳар қандай қатағон қиличига қарши бош кўтарган энг жонкуяр, энг жонсарак Инсонлар охир-оқибат нима кўрдилар? Қанчаси ошини ошаб-ёшини яшади уларнинг?
Чинакам зиёлилик ва давр тўлғоқлари ўртасидаги муносабатлар наҳотки ҳар қандай даврларда ҳам фожиали якун топса?!
– Саволларингиз кишини ўй ва изтиробга солади: “Миллий тийнатимиздаги иллатлар камаймадими?”, “Оқибат нима бўлди?”, “Чинакам зиёлилик ҳар қандай даврда фожиали якунга олиб борадими?” …Шахс камолотининг маълум бир нуқтасига етгач, у ўз толеини эл-юрт, миллат тақдири билан чамбарчас боғлайди ва ўзгачасини тасаввурига келтиролмайди. Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулов Навоий асарларидаги “Мен” сиймосига тўхталиб, хаёлга келмаган бир фикрни айтади: “Навоийнинг фано тушунчаси “Мен” ва “Мен”дан кечиб, ҳеч қанақа нафсоний манфаат, таҳлика ҳамда таъсирга берилмайдиган мутлақо эркин бир “Мен”ни яратишдан иборатдир”, дейди. Эрксизлик ичида яшаган халқ ичидан озодлик учун курашчилар, фидокорлар чиқмаса, у халқ халқ деб аталишдан маҳрум бўлади. ­Зиёли бўлиш ўз гарданига эл дарду ғамини олиш ва уларни енгиллатишни тақозо қилади. Уларнинг йиллар давомида кечаю кундуз эрк учун курашлари Ватанни Ватан қилади. Ватанни турли хавфлардан сақлайди. Насллар уларнинг ишларини давом эттирадилар, улар амалга оширолмаган ғояларни ҳаёт самарасига айлантирадилар.
Қодирий, Фитрат, Чўлпон… – улар кўп: улуғ когорта. Улар гарчи кўз кўриб қулоқ эшитмаган азоб-уқубатлар тортиб малаклар диёрига кўчган бўлсалар-да, тарих ва инсоният рўбарўсида халқимизнинг мангу юз ёруғлиги: улар миллатнинг миллийлигини золимга зўравонлик кўрсатмасдан барқарор юзага чиқарганлар. Улар мангу йўлбошчилардир. Мангу тўғри йўлимиздир. Миллат учун бундан улуғроқ натижа бўлиши мумкинми? Ҳолбуки, улар ҳам жон деган нарса ширинлигини, наф­соният нималигини ва шиддатини билардилар. Аммо улар жондан, нафсониятдан ҳам ширинроқ нарсага – миллат озодлигига эътиқод қилдилар, Ватан ва Озодлик йўлида жон тикдилар. Мутлақ эркин ШАХСни орзу қилдилар. Мустабидликнинг ширинликлар ва нурли уфқларини қабул қилмадилар. Озодлик шароитида мустабидликнинг барча фожиалари барҳам топади, одамлар қулчиликларнинг мудҳиш иллатларидан тозаланадилар, аммо бу вақтни талаб қилади. Акс ҳолда мутеликдан озод бўлганда ҳам, қутулиб бўлмайди. Жамиятимизда ўрта табақа эндигина ҳаётга кириб келяпти. Ўрта табақа миллат ва халқ белининг қуввати, ғайрати, шижоати, алданиб қолмаслигининг асоси. Шу ўрта табақа бўлмаганлиги учун маърифатпарварларнинг ҳаракатлари зое кетаверди.
– Конкрет мавзу: халқимиз тийнатида ортиқча дабдабага мойиллик азал-азалдан сақланиб келмоқда. Амир Темур бобомиз фарзанд ё невара туғилиши муносабати билан ҳафталаб эл-юрт олдига дастурхон ёзгани манбаларда тасвирланган. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”ига мурожаат қилайлик: Худоёрхон “Ва ушбу йил ўғли Ўрмонхоннинг хатнаси учун бир юз йигирма кун ош бериб, тўрт ойлик тўй эълон қилди. Шундоғки, ҳар кун икки юз қозон ош дамланар, саккиз юз танур нон ёпилар, икки юзлаб улоқ берилар, мамлакатдан тўйга келувчи аъёнга ҳар кун минглаб тўн кийдирилар эди”. Бунга ўхшаш “шодумонлик”ларни оқлашга қаратилган важлар кўп, лекин ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган одатларимиз ўша “дарё”ларнинг оқаваси, жилғалари эмасмикан? Беҳбудий ва Мунаввар Қоридан тортиб Ҳамзаю Таваллогача, Фитрату Хуршидгача, Қодирий ва… шу кунларимизда бонг уриб пайдар-пай чиқишлар уюштираётган газетларимизгача ЎША дабдаба, ЎША асъаса илдизига болта уриш йўлида жон койитганлар, койитмоқдалар. Бу ҳолни қандай баҳолаш мумкин? Наҳотки тафаккурни, дунёқарашни ўзгартириш, соғломлаштириш шу қадар мушкул бўлса?! Ёки бу иллатнинг туб замирида, моҳиятида ўзимиз илғай олмаётган, илғасак ҳам кўрмасликка олаётган ўқ томир яширинмикан?
Масалани андак ўзгачароқ қўйсак. Инсон зотида бировнинг нафсини қондириш эвазига кўнглини, эътиборини қозониш майли мавжуд. Ер юзидаги халқлар ва миллатларда (ҳатто қабилаларда) бу майл нечоғлиқ чуқур томир отгани менга қоронғи албатта, лекин бизда у юксак маданий шакл-шамойилларга кирган, фахримизга, ҳатто миллий фазилатимиз даражасига кўтарилган. Бунинг тарихий келиб чиқиш сабаблари йўқ эмас, бироқ разм солинса, “шафқатсиз” даражада оммалашиб кетган ва оммалашувда давом этаётган меҳмондорчиликлар, гап-гаштаклар, тўй-ҳашамлар кишиларимиз ҳаётининг салкам бош мақсад-маслагига айланиб қолаётгани яна ўша – ўзганинг нафсини сара ва тансиқ таомлар билан қондиришга ва шу йўл билан ҳурматини, эътиборини қозонишга уриниш бўлиб кўринмайдими?
Мен масалани кескинлаштириб юбораётгандек туюлаётгандирман. Лекин Президентимиз Шавкат Мирзиёев янаям кескинроқ, янаям очиқроқ ва янаям кўндалангроқ қўйдилар бу муаммо ечимини топиш вазифасини. Ва айни мамлакатимиз зиёли ижодкорлари учрашуви минбаридан айтилгани бежиз эмас деб ўйлайман. Хўп, шундай экан, бадиий сўз, маърифатли сўз қачон ўз кучи-қудратини кўрсатади бу борада? Қачон амалий самарасини кўришимиз мумкин?
– Иллатнинг Сиз айтмоқчи “ўқ томири” ўтмиш тобеликнинг асоратлари ҳали жонларда, қўрқув-ҳадикларда сақланаётганида. Мустабидлик “жуда катта иш кўрсатган, ҳаммамизни абгор қилган” асоратлар ҳамон кўллаб ётибди. Асоратлар узоқ тузаладиган ёмон яра эканлигини сезяпмиз. Улар ҳатто баъзи соҳаларда “янгиланиб” туришга ҳам мойил. Аммо таянч нуқтасини топган халқ бу иллатни енгиб ўтади.
Китоб инсон яратувчилигининг мўъжизаси. Китоб одамнинг хаёл уфқларини кенгайтиради. Инсоният яратган маданий, маърифий, илмий хазиналардан соҳибкарамлик билан баҳрадор этади.
Мана, мен ҳозир Саъдий Шерозийнинг ҳикматлари ва германиялик адиб Томас Маннинг “Доктор Фаустус” романини ўқиб ўтирибман. Бирваракай бир неча китобни ўқишга одатланганман. Бўлмаса улгуриб бўлмайди ва чарчаб қоламан. Китоблардан таассуротларим доимо янгиланиб туришини истайман. Бу китобларни кўплар аллақачонлар ўқиб чиққанлар, мен энди ўқияпман. Қанча кўп ўқисам, шунча камга ўхшайди. Саъдийдан нима оламану Манн менга нима янгилик беради? Яна ўша нарса: барча эскирган нарсалар янгиликдай кўринади. Бироқ эскими-янгими, Саъдий, Ҳофиз, Атойисиз, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи муҳсиний”, Зайниддин Восифийнинг “Нодир воқеалар”, Бобурнинг “Вақое” каби асарларисиз Шарқни, ўзбеклар ахлоқини тасаввур қилиб бўлармикин? Яшириб нима қилдик: бу ноёб ҳикматларни қаерда қандай қўллашни билолмай қийналасиз. Ҳикмат замондан ўрнини топиши керак-ку дейсиз. Улуғ дарёлар мисоли Гангадек саёз тортиб қолдими, унинг бир замонлар шаффоф бўлган сувларидан эндиги замонларда асло ичиб бўлмайдими, дейсиз. Бу олтин панду насиҳатлар энди фақат китоблар саҳифаларидагина яшайдими дейсиз. Маннинг услубий бадиий кашфиётларига тасанно дейсиз, лекин бу боши кети йўқ баёнлар, кераксиз ортиқча нарсаларнинг юзлаб саҳифаларда давом этиши: баён, баён, баён! Аммо руҳият ва атроф-муҳит тасвирида чексиз маҳорат, нафосат ўйинлари! Шунчалар бўлса ҳам барибир қимматли вақтингиз кетганига ачинмайсиз, бир гўзаллик оролини ўзлаштирдим-ку дейсиз. Ёзувчи жуда кўп нарсалар ёзгандан сўнг тасаввури, фантазияси сийқалашиб… бора-бора косибга айланиб қолармикин дейсиз. Асл ёзувчиларнинг асл асарлари уч-тўрт китобдан ошмайди, гарчи 180 жилдга етган бўлса ҳам! Аммо ўтмишлар ибрати бизга тириклик билан баробар. Китоб­ларнинг юлдуздай чақнашларидан ҳузур қилдим.
Аммо бу ерда ўрни бор учун эслаб ўтайликки, миллий тафаккур тарзининг асл манбаи халқ ижодиёти. Халқ яратган барча достонлар, эртак-афсоналар, қўшиқлар, мақол-маталларда миллий тафаккур тарзи жуда ёрқин акс этади. Қодирий ва Чўлпон романларида миллий тафаккур тарзига Европа маданий-маиший тафаккури андак қўшилиб бораётганлигини сезамиз. Улардан кейин келган адабиётимизда Европа тафаккур тарзи етакчи ўринга чиқди. Тафаккур тарзи сўзлаш, муомала, муносабат, ёзма нутқда сезиларли тарзда намоён бўлади. Намоён бўлиш – оғзаки ва ёзма нутқ услублари орқали ўтади. Зеро, тафаккур фақат фикрлаш тарзигина эмас, у услуб тарзи ҳам!
– Иброҳим ака! Сизнинг узоқ йиллик ижодий фаолиятингизни мухлис ва шогирд қаламкаш сифатида кузатар эканман, ижодингизнинг туб моҳияти ўқувчининг дунёқарашини ўзгартириш, бойитиш, дидни, бадиий савияни муттасил шакллантириш, кенгайтириш ва ўстиришга бўлган уринишдан иборатлиги яққол кўзга ташланади. Бундай истак бизнинг халқимиз учун ҳамиша долзарб бўлиб келган ва шундай бўлиб турибди. Таъбир жоиз бўлса, ҳар қандай зиёли сўз битишдан кўзланган бош мақсад битта: кенг омманинг хабардорлигини таъминлаш, дунёқарашини кенгайтириш ва шу орқали миллий тафаккур тарзи сифатини ошириш! Бундай қутлуғ вазифани амалга оширишнинг бирдан-бир воситаси эса – мутолаа, мутолаа ва яна бир карра мутолаа.
Кўпгина ҳолларда кузатилганидек, мутолаадан сўз очилса ёд бўлиб кетган муаммоларни санашдан нарига ўтмаймиз. Ваҳоланки, даққи саноқлардан воз кечмай туриб эски муаммоларга янги ечимлар топиш мушкул. Одамларимизни китобхон-китобхон эмас, оқ китобхон, кўк китобхон, сариқ китобхон деб табақалашларимиз, тоифаларга ажратишимиз билан жиддий самарага эришолмайдиган кўринамиз. Чамамда бу борада ҳам ишни жиддий ўйланган, илмий асосда ташкил этмоқ зарурга ўхшайди. Мисол учун, тараққий этган давлатларда КИТОБХОНга фалсафий тушунча сифатида қаралади, шунга яраша чоралар мажмуаси ишлаб чиқилади, улар узлуксиз ҳаётга татбиқ этилади, ҳаёт тарзига айлантирилади. Шундагина ҳеч ким бошқанинг кетида “Китоб ўқи!” деб қамчин ўйнатиб юрмайди. Айтмоқчиманки, эмин-эркин мутолаа йўлга қўйилган шароитдагина чинакам мутолаа маданияти шаклланади, мутолаага бўлган муҳаббат, иштиёқ том маънодаги миллий туйғуга, миллий фазилатга айланади.
Биз жамиятда кўзга ташланаётган у ёки бу муаммо ва унинг ечими ҳақида суҳбатлашамиз, гурунглашамиз, баҳслашамиз-у барча соҳага бирдек тааллуқли бўлган муҳим чорани четлаб ўтамиз. Бу – ҳар бир касб-кор, керак бўлса, жамият миқёсидаги ШАХСларнинг аҳамияти. Исм-шарифи катта ҳарфлар билан ёзиладиган ШАХС олим ёки муаллим, шоир ёки ёзувчи, ишчи ёки деҳқон бўладими, қатъи назар, жамият аъзолари наздида ўзига хос йўлчи юлдуз – идеал вазифасини ўтайди. Хусусан, келгуси авлод вакиллари учун ибрат, намуна тимсолига айланади. Разм солинадиган бўлса, бу жуда оддий ва табиий жараён. Ҳатто стихияли тарзда кечадиган жараён. Чунки халқ кимларнинг мартабасини улуғлашни, кимларга эргашишни, кимларни қаҳрамонликка лойиқ-муносиблигини яхши билади. Бироқ ана шу стихия, табиийлик сунъийлашган, издан чиқарилган жойда мезонларга путур етади – муносиб ШАХСлар аниқланмайди, аниқланганлари эътиборга тушмайди – сохтагарчилик юз беради. Бунинг оқибати эса мутлақо тескари оқибатларга олиб келади.
Бошқа соҳаларни қўя турайлик-да, адабий жамоатчилигимиз майдонида чинакам маънодаги салоҳиятли, залворли, файзли – айтаётган сўзига соҳа вакилларигина эмас, кенг омма қулоқ тутадиган йирик ШАХСларимиз сафи анчагина сийрак­лашиб қолгандай туюлади-да. Ойбек, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, шунингдек, яқин ўтмишда яшаб ўтган Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари Устозлар МИЛЛАТ МИҚЁСИДАГИ ШАХСЛАР эдилар…
– “Шахснинг аҳамияти” десангиз, дафъатан ёдимга Бобурнинг халқимиз каттадан кичик ёд биладиган рубоийси тушди: “Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим, Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим, Жонимдан ўзга жони дилафгор кўрмадим, Кўнглум каби кўнгулни гирифтор топмадим…” Бу чинакам ўйловчи, ­гирифторликдан қўрқмовчи, ҳаёт денгизига бош-оёқ ғўта урган (шўнғиган) инсон; гирифтор – маҳкум, дилафгор – дили хаста, кўнгли вайрон; Сизнинг таърифингиз, ўлчовингиз, орзуингизга сиғувчи Шахс. Эслаб мунграниб ўтирасиз: Одам (ва шахс) шунчалар ҳам дунёда ўзини ёлғиз сезадими? Бу мумкинми?
Ана энди ушбу зиддиятли саволлар ичидан Шахс нима (ва қандай) бўлиши мумкинлигига жавоб топишга уриниб кўрайлик.
Вафодорлик, маҳрами асрорлик дилафгор, гирифтор сўзларида поэтик маъно концентрациялашади. Улар Шахснинг толе, характер, дунёқараш қирраларини очади.
Бобур ўта реалист одам бўлган. Императорлик реалист бўлишни кўтармаган, сиғдирмаган. Юқоридаги тўрт поэтик сўз мазмунни муболағага чулғаётгандек кўринади. Бироқ Бобур баёнида улар ўта реал маъноларни ифодалайди: Бобур чиндан шундай дилафгор ва айни чоғда гирифтор Шахс эди. Буларни Шахснинг ўзи ҳам, замонаси ҳам даволай олмади. Аслида, унга сўз ва китоб чин маҳрами асрор эди. Мен бу рубоийни дафтаримга ёзиб, тагига нима учундир: “Равшанлик, соддалик ва тозалик. Бу Афлотуннинг гўзаллик ғояси. Унинг эстетикаси асосида шу уч тушунча (категория) туради”, – деб ёзиб қўйган эканман.
Нега буларни Бобур рубоийси тагига қайд қилганимни ҳозир эслолмадим. Шу сўзлар тагига: “Энди улар эскирдими?” – деб эскартма қилган эканман. Балки рубоийдан Шахс олами қарама-қаршиликлари тўғрисида бирор эзгу хулоса чиқармоқчи бўлгандирман. Аффект (Бобур кўпроқ шундай аффект оламида нафас олган) гарчи хунук, лекин у ҳам юксак санъат яратувчи ҳодиса демоқчи бўлгандирман. Шахс аффект ва эффектларнинг тинимсиз шиддатли алмашиб туришлари ичида шаклланади. ХХI аср одамлари ҳам бундан мустасно эмас.
– “Энг яхши миллий тарбия – бу умуминсоний тарбия ҳамдир” деб ёзгансиз. Ахборот глобаллашуви шароитида миллий туйғулар барҳам топиб кетади деган башоратларни турфа “оҳанг”ларда айтишдан чарчамаётганларга Оллоҳнинг ўзи инсоф берсин, шу ўринда бунга ўхшаш қарашлар билан баҳслашиш ниятимиз йўқ. Аксинча, энг гўзал миллий манфаатлар ва туйғуларни ардоқлаган ҳолда умуминсоний тарбия, ахлоқ, урфлардан бенасиб қолмаслигимиз, “Ер шари” дея номланмиш улкан кеманинг барча йўловчилари қаторида қаддимизни адл тутмоқлик учун ҳам ХХI аср КИШИСИ мақомида яшамоғимиз, фикрламоғимиз кераклигини тобора чуқурроқ англаб етмоқдамиз. Маълум сабабларга кўра замонавий миграциянинг авж олиши шарофати билан бугунги ўзбекнинг қадами етмаган замин қолмади ҳисоб бу ёруғ очунда. Образли қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг дунёга чиқиши, дунё­нинг Ўзбекистонга кириб келиши оддий ҳол ҳисобланмоқда. Айтмоқчиманки, миллийлик ва умуминсонийлик янги поғоналарга шиддат билан кўтарилиб бормоқда, бу жараён буткул янгича қиёфа ҳосил қилмоқда. Шу борадаги қарашларингизни ўртоқлашсангиз.
– Бунда назаримда охиригача англаб етилмаган, аммо табиат қонунларига бўйсунадиган айланма ҳаракат мавжуд: умуминсонийлик кучайиб бориб ёрқин миллийликка айланади. Ислом маданияти соф араб миллий маданиятидан умуминсоний маданиятга айланди. Бир ярим минг йиллик вақт масофасини босиб ўтяпти. Ундан кўп замонлар илгари юнон миллий маданияти Шарққа, Ғарбга қараб ўсди ва тарқалди. Умуминсоний маданият мақомига кирди. Туркий халқларнинг маданиятлари эса умуминсоний маданиятнинг кучли таъсирида синкретик маданият тусини олди. Кўз билан илғаб бўлмайдиган ушбу маданий жараёнлар халқаро миқёсда ғоятда жозибалидир.
…Ва шу билан бирга савол туғилади: айтайлик, испан маданияти бағрида етилган Маркеснинг “Юз йил танҳоликда” романи соф фусункор реализм ҳодисаси. Бу бадиий кашфиёт – фусункор реализм бизгача етиб келдими? Адабиётимизнинг услубига таъсир кўрсатдими? Ёки “Ўлик жонлар” китоби рус маданияти қучоғида пайдо бўлиб, ўткир танқидий реализмга асос солиб дунё адабиётига кириб борди. Бу юксак танқидий реализм адабиётимизнинг тарҳи ва мундарижасида қандай акс этди? Айрим умуминсоний ғояларнинг миллий маданият заминига таъсири узоқ замонлар кечади…
– Инсоният тамаддуни ўзига хос жараён: тўхтамайди – гоҳ олдинга интилади, гоҳ ортга чекинади, гоҳо сукутга чўмади. Фикр, тафаккур, ақл-идрок бошқараётган ушбу саҳнада кейинги беш-олти йил бадалида юз берган ва бераётган айрим воқеалар сарҳисоб қилинадиган бўлса лол қоласан киши. Кўриб кўзингга, эшитиб қулоғингга ишонмайсан. Мен юз бераётган қирғинбаротларни, хунрезлик­ларни, қўпорувчиликларни назарда тутмоқдаман. АҚШ матбуотида Лотин Америкасидан келиб чиққан “МS-13” деб номланган (маъноси – мудҳиш қумурсқалар) каллакесарлар тўдаси ҳақида жуда ташвишли мақолалар чиқиб турар экан. Давлат миқёсида қарши кураш эълон қилинган бу тўда аъзоларининг ваҳшийликларига энг йиртқич махлуқларнинг ҳам “қўли” бормайди. Лекин араб давлатларида, Англия, Франция, Испания, Туркия ва ҳоказо мамлакатларда юз берган ёвузлик­лар “МS-13”чилар тап тортмайдиган қотилликлардан сира кам эмас. Адоғи кўринмаётган бундай қирғинларни амалга ошираётган қандайдир ташкилотлар, оқимлар ва ҳоказоларнинг ортида давлатлар миқёсидаги ҳарбий, илмий, молиявий куч-қудрат мавжуд. Ваҳоланки, қачон, қаерда давлат раҳбарлари учрашган, кенгашган йиғин борки, барчасида террорчилик, қўпорувчилик масаласи биринчи нав­батда муҳокамага қўйилади, аҳдлашувлар имзоланади ва… муҳташам курсиларда чекилган имзоларнинг сиёҳи қуримасидан қирғин олови осмонга ўрлайди!..
Оддий бир инсон сифатида ўйлайман-да, Устоз, хаёл қочади. Дунё тамаддуни бошини қовуштирадиган, “Ҳой, бандалар!” деб мурожаат қилса етти миллиард издиҳом (ирқидан, ватанидан, динидан, ҳоказосидан қатъи назар) қулоқ тутадиган қандайдир ХАЛОСКОР ОВОЗга эҳтиёж ортиб бораётгандек туюлади. Инсоният зерикиб қолаётганга ўхшайди, манфаат (шахсий, миллий ва давлатлар миқёсидаги) кўйида ҳеч нарсадан қайтмаслик билан ўзини чалғитаётганга, шуни ҳаловат деб билишга мажбур бўлаётганга ўхшайди. “Нажот – манфаатда!” деган ақида гоҳ ошкор-гоҳ пинҳона замоннинг шиорига айланиб улгураётгандек.
– Сиз орзу қилган “халоскор овоз” балки етиб келгандир, балки қулоғимиз остида янграётгандир. Фақат доимгидай консерватив, анахронизмга мойил кўнглимиз буни ҳамон англамаётган, сезмаётгандир. Қулоқ тутайлик-чи, минбарлардан таралаётган овозларга: инсоний манфаатлар орқасидан руҳоният қуёши кўтарилиб келаётгандир? Агар шундай бўлса, инсоният ва унинг узви бўлган миллиятлар янги замонга киради.